Menu
Categories
Ғаффор ҲОТАМОВ ”Бугун менинг туғилган куним!..” (6)
01/19/2014 Ғаффор ҲОТАМОВ: ”Бугун менинг туғилган куним!..”

Ғаффор  Хотам

VI.      

Биласиз, Бектемир деган ўктам шоир бор, яқинда у нега Асқад Мухтор Парфига меҳр қўйган, деб сўради, унга оқ йўл тилаб, кейин ҳам ижобий фикр айтган, деди. Унинг Асқад Мухтор ҳақида фикри яхши эди, шунинг учун таъбига кирлик инишини истамадим. Рауф Парфи “Шеърият” деган шеърини унга бағишлаган, шунинг учун яхши кўрса керак, деб қўя қолдим.

Аммо, бугун, мовий осмондай тиниқ бир қайд ёзишни ният қилган бўлсам-да, Парфининг умр йўли мени яна ўша ўрамага тортиб кетмоқда.

Уни четлаб ўтиб бўлмайди, гарчи Усмон Азим, музлар эриди, қўйинг, ўтмишни ковламанг,  деяётган бўлса-да…

Наҳот Дўрмон боғларидан қаҳратон чекилди?!

Унда, у кир музлоқ нима?

Мен шуни айтаяпман.

Ўшанда Асқад Мухтор шоирнинг йўлига чиройли банд солган. Ва уни Орипов “кесди”. Амал илми шундайки, тугун ечилса, Чарх тескари айланади. Ва чўтал, яъни, “долья” берилади.

Асқад Мухторнинг шоир ҳақидаги мақоласи шу тариқа юзага келган. Ва у Парфи шуҳратини таъминлаган эмас.

Асқад Мухторнинг шахсини билмайман, аммо, ёзганлари юқимсиз эди…

Ғалати бир воқеа бўлган, 1997 йил, Нукусда. Жўқорғи Кенгес сессияси. Унда Камолов раис этиб сайланди. Энди Тошкентга қайтиш лозим. Йўлга чиқаётганда, сиз қолар экансиз, дейишди менга, шу ер, ундаги ўзгаришлар ҳақида фильм қилар экансиз. Эл-улусда у ўзига ва эртанги кунга ишонч уйғотсин…

Ҳали одам қайнаган бино сув қуйгандай жимжит. Камолов билан ўтирипмиз, унинг хонасида. Мен ўлкани яхши билмайман, у киши эса, янги, марказдан келган. Ахийри, Камолов:

– Бизнинг ёш қаламлар ичида кимни биласиз? – деб қаради, менга. – Уни  қўшсам, ҳар қалай, йўл кўрсатади.

Шунда Ўрозбой ёдимга тушди. 1986 йил унинг “Бўсаға” романи қатағонга учраган. Ёш адиб воқеликни бузиб кўрсатишда айбланган. Ўлкада ёмон отли бўлгач, у бир мадад истаб уюшмага борган. Орипов раис ўринбосар эди ва бевосита ёшлар билан ишларди. Биз унинг тавсияси билан адибнинг “Чангалзор “пайғамбар”ининг ҳалокати” қиссасини журналда эълон қилдик. Ҳужжат асосида ёзилган бундай асар йўқ, ўзи! Шу боис, шов-шув бўлиб, унга шуҳрат олиб келган.

Шу хаёл билан:

– Ўрозбой Абдураҳмоновни биламан, – дедим, раисга.

– У яхши йигит, – деди Камолов, сўнг ёрдамчисига уни топинг деб кўрсатма берди.

Орадан бир оз вақт ўтгач, эшик очилиб, Ўрозбой эмас, Тулепберген Қаипбергенов кириб келди. Афтидан, ёрдамчи топшириқни унга етказган. У уюшма раиси эди.

Яна денг, думи гажак чаён ҳолида.

Салом йўқ, алик йўқ, у ияк чўзганча уч-тўрт одим юрди, кейин:

– Темир Камалович! – деди чертиб-чертиб. – Вуразбай “бирлик”ши! Ув-в нефармал! Политикан! Политический нетрезвый!

– Яхши-яхши, – деди Камолов ҳалимлик билан, аммо, силтаб, сўнг туриб у билан кўришди ва ҳол-аҳвол сўради, пича суҳбат қилгач: – Оға, сиз бориб ишингизга овунинг! – деди. – Биз бир масалани ечаётган эдик!

Шундан сўнг Қаипбергенов менга эътибор қилди ва индамай чиқиб кетди. Камолов эса, хавфсизлик хизмати раҳбарини чақирди.

Кўп ўтмай қирқ ёшлардаги хушбичим йигит, адашмасам, у полковник эди, хонага кириб келди. У биз билан сўрашгач, раис кўрсатган жойга ўтирди.

– Ўрозбой Абдураҳмонов ҳақида фикрингиз қандай? – деб сўради Темур Камолович.

– Яхши, – деди у киши.

– Менга аниқ маълумот керак!

– Унинг устидан кўп арз тушган. Ёзишмалар ўрганиб чиқилган, биттасиям тасдиғини топмаган. Ҳаммасини Қаипбергенов ёзган! Биз уларни йиғиб қўйганмиз! Абдураҳмонов ҳалол-покиза, жонкуяр шахс, талантли ёзувчи. Уй ичи, болалари яхши одамлар. Позицияси аниқ: Мустақиллик йўлида қаттиқ туради, Орол фожиасига куюнади, ўзи садоқатли дўст, ишончли ҳамроҳ ва ёшларга меҳрибон устоз…

– Раҳмат сизга!

Темур Камолович енгил тортиб, менга юзланди.

– Сиз Ўрозбой билан ишлайсиз, – деди у. – Мана, кўрдингиз-эшитдингиз, керак бўлса, уни ҳимоя қиламиз…

Шунақа.

Ва буни бежиз эсга олмадим, мен.

Сиз шошилманг, ундан ҳам аломат воқеа.

Абдулла Орипов ҳақида қайдлар “Гулистон” журналида чоп этилгач, Хемингуэйга ўхшаб, халфана ароқ ичиб, шоир Ислом Ҳамро билан пича гурунг қилдик. “Қайд”ларда Асқад Мухтор олтмишинчи йиллар “Эплаб юролмайди катта йўлда ҳам…” деб “Комсомолка”да Ориповни уриб чиққани ва унга сиёсий айб қўйгани айтиб ўтилган.

– У нега шундай қилган? – деб сўради Ислом Ҳамро. – Биласизми?

Мен, йўқ, дедим.

– Тўқсонинчи йил “Ёш ленинчи”да иш бошладим, – деди у. – Биринчи ишим – Орипов билан суҳбат бўлди. Устоз уни ўқиб чиқди, аммо, саҳифада ҳам бир кўрай, деди. Жаббор ака[1] уни номерга қўйди. Саҳифа чиқди. Мен Ориповга телефон қилдим. У келди. Материални ўқий бошлади. Ўша вақт таҳририятда бир опа бўлар эди, соҳага алоқадор, қаёқдан ҳам шу хонага кириб келди.

– Абдулламисан? – деди у дабдурустдан, заҳар сочиб. – Ўлмадингми, ҳали?!

Мен қотиб қолдим. Абдулла аканинг ҳоли ўзгарди, аммо бир нима демади.

Анави хотин жуда оғир гап айтди, устознинг дили сиёҳ бўлди. Аксига олиб, ҳаммаси кўз олдимда рўй берди. Буни юрагидан чиқармаса, бўлмайди.

Шу ўй билан корректурани ўқиб бўлгач, устозни хилват ошхонага бошладим.

Абдулла ака пича ўзига келгач, нега ундай дейди, бу хотин, деб сўрадим.

– Мен уюшмада консультант эдим, – деди у киши. – Асқад Мухтор – раис ўринбосари, бу – котиба. Бир кун бир иш билан қабулхонага кирдим. Қарасам, ҳеч ким йўқ. Ичкари эшикни очдим. Бу кишим менга орқа қилиб, ўринбосарнинг олдида ўтирган экан! Ура қайтиб чиқдим. Буни бировга айтган бўлсам, тилим кесилсин! Аммо, кун бермайди, сира!..

Ким ишонади, шунга?

Асқад Мухтор оғир-вазмин, маърифатли зиёли эди. Ва аёлга ўч бўлган эмас. Буни ҳамма билади.

Унда, нега бу ҳол рўй берди?!

Уни Орипов тўқиган эмас, Асқад Мухторнинг хоҳиш-иродаси, унга кўра шундай бўлган.

Бу, макр. Шундай қилиб, у хуржуннинг у кўзига кириб олган. Энди, Орипов елкасини қисиб, бир четни олиб юриши керак. Қимирласа, бўлмайди. Хуржун эски, Қобилдан қолган, титилиб кетган. Ўринбосар тушиб кетиши мумкин.

Шунинг учун ташланади унга, масалчининг бўрисидай!

– Нимага сувни лойқалатасан?! – деб.

Маҳкамага ёзиб беради, сиёсий айб қўяди, керак бўлса, “Комсомолка”да уриб чиқади. Синдиради.

Ўзини оқлаш учун “асос” етарли! Қаранг, бу ўз иши қолиб, менинг  қадамимни пойлаб юради!”

 

Сиз  ҳаммангиз бир бўласиз,

        Доим менга қасд қиласиз…

 

Кўргани кўзи йўқ, уни!

Сабаб шуки, Ориповда ризқ улуғ, унда эса, шимилдириқ ҳам йўқ! Яъни, ўлимга маҳкум!

Шу боис, тилсим солиб, “ўйин” қилади! “Осилади!” Ризқни талайди!

Ўша хотин, кейинчалик ўғлини рашк қилиб, келинини ҳайдаб юборган! Ва буни ўз тили билан айтган, менга![2]

Бу, нима дегани?..

Биз бошқа кўчадан айланиб келдик, Рауф Парфига! Чунки, бу борада у Орипов билан қисматдош…

 

Хиралашиб борар кундузнинг ранги,

        Ой ҳам кулар мендан беҳаё, беҳис,

        Кундузнинг рангини сўриб олган у, – деб ёзади Рауф Парфи. Ва бу амал ҳукм сурган ҳол. Уни бундан тиниқ чизиб бўлмайди. Афсун аҳли Ойга сиғинади. Ой эса беҳаё, беҳис. “Дунёнинг ишлари шунақа”, деб ундан кулади. Ўша сатрда “кундузнинг рангини” эмас, қонини” ёки “жонини”, деса, янада аниқ бўлади…

 

Мажнунтол уватда ҳорғин олар тин,

       Оппоқ сочларини ёйган паришон…

 

       Бу, энди, Асқад Мухтор.

Қарор чиқди. Умуман, Сталин ўлим топгач, вазият юмшаб кетди. Охири нима бўлар экан? “Энди нима қиламиз, хотин?..”

У паришон ўйга толгандир? Аммо, издошлари анойи эмас! Музлар эриди, қўйинг, ўтмишни ковламанг, деб ўдағайлаётган ёлғиз Усмон эмас!

Улар тинимсиз ҳамла қилади. Биласизми, шунда нима ёдимга тушади.

625 йилнинг 23 мартида Абу Суфён бош бўлган ғайридинлар Уҳудда Расули акрам билан жангга қилади. Унда Ислом фидойиси Ҳамза шаҳид бўлади. Шунда Суфённинг хотини келиб, унинг юрагини суғуриб олиб ейди.[3] Ҳолбуки, Ҳамза Расули акрамнинг ҳам, Абу Суфённинг ҳам амакиси бўлган!..

Тоғай Мурод, Анвар Жаббор, Ғулом Мирзонинг қизи нега шундай ўлим топди?

Ва уларнинг гуноҳи нима?

Қўйинг, ўтмишни ковламанг, дейишдан аввал, яхшиси, улар Хемингуэйнинг ўша сўзбошисини қунт билан бир ўқисин. Унда адиб уруш ҳақида гап очади. Уни “уруш” деб эмас, “жоду” деб ўқиса, вазият кундай равшан бўлади.

“Мен кўп урушда қатнашдим, – дейди Хемингуэй. – Шунинг учун бу масалада ғаразим қаттиқ, ҳатто жуда ҳам қаттиқ. Бу китобнинг муаллифи онгли суратда шу фикрга келдики, урушларда жанг қилаётган одамлар дунёдаги энг ажойиб одамлардир, фронтнинг қизғин қисмларига кириб борганинг сари бундай оқкўнгил кишиларга кўпроқ дуч келасан. Лекин, урушни бошлаган, унинг оловига ўтин қалаб турган тўнғизлар иқтисодий рақобат ва фойда ундиришдан бошқа нарсани ўйламайди.

        Мен уруш оловини ёққан ва урушда бойлик орттирганлар урушнинг биринчи кунларидаёқ мамлакат фуқароларининг мухтор вакиллари томонидан отиб ташланмоғи зарур, деб ўйлайман.

       Бу китобнинг муаллифи, агар, жангга кетаётганлар унга лутфан топширса ва, бунақа отиб ташлаш бўладиган бўлса, уни ташкил этишни жон-жон деб ўз зиммасига олган бўлур эди. Ва бу ишнинг ҳаммасини одамийлик ва одоб-ахлоқ доирасидан чиқмай адо этилишига, ахир, улар орасида ҳар хил одам бўлиши мумкин, уларнинг жасадлари, шубҳасиз, дафн этилишига риоя қилган бўлур эди. Ҳаттоки, улар целлофан ёки шунга ўхшаш бирон замонавий синтетик матоҳга ўраб кўмилишига ҳам қаршилик қилмасди. Мабодо, охирига бориб, бошланган урушда менинг ҳам ҳиссам борлиги аниқлангудек бўлса, қанчалик қайғули бўлмасин, майли, мени ҳам ўқчилар взводи отиб ташласин. Кейин урён танимни истасалар, целлофанга ўраб ёки ўрамасдан кўмсинлар ёхуд тоғ бағрига улоқтирсинлар.

       Розиман”.[4] 



            [1]Жаббор Раззоқов ўша вақт “Ёш ленинчи”газетаси бош муҳаррири бўлган.

            [2]1993 йил “Туркистон”газетасида бош муҳаррир эдим. Ўша опага оила ҳақида мақола ёзинг, дедим. У чўзиб юборди. Мен қаттиқ тургач, у мен оила ҳақида ёза олмайман, чунки ўғлимни рашк қилиб, келинимни ҳайдаб юборганман, деди ва, ахийри, ишдан кетди.

           [3]Вера Панова, Юрий Вахтин. “Жизнь Мухаммеда”, Москва, Издательство политической литературы, 1990 г., 356-стр. Муҳаммад Хузарий. “Нур-ул яқин”, Тошкент, Чўлпон нашриёти, 1992 йил, 125-бет. 

           [4]Эрнест Хемингуэй. “Алвидо, қурол!”, роман, Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1973 йил, 5-6-бет.

 

(давоми бор)

Leave a Reply
*