Menu
Categories
Ғаффор ҲОТАМОВ ”Бугун менинг туғилган куним!..” (7)
01/20/2014 Ғаффор ҲОТАМОВ: ”Бугун менинг туғилган куним!..”

Ғаффор  Хотам

VII.

       Рауф Парфи болага ўхшайди. У – маъсумлик инъикоси. Шоир ҳаёти у абадият сари судраб ўтган кўзгуда ўз ифодасини топган. Унда ҳаётнинг икир-чикири ҳам тугал акс этади. “Э-воҳ!” унинг ибораси, Эркин Воҳид дегани! “Омонаку Шайтонаку” Омон Матжон.Қулоғини жун босган…” Усмон Азим.

Бир майдон у “экс”, “экс”, “вий” деб юрди. Бу, нима деганингиз, десанг, кулади. Кейин билсам, “Ахборот”да бошловчи партиянинг XXV съезди ҳақида информацион билдиришни ўқиётиб, КПССнинг “экс”, “экс”, “вий” съезди деб юборган…

– Ҳалима ҳаммамиздан ўзиб кетди, сарловҳа қўйишда! – деди у бир кун ҳовлиқиб, сўнг “Ўзбекистон маданияти”ни дастурхондай ёзди ва яна маҳобат қилди. – Унга етиб бўлмайди, энди! Ўзиб кетди!

Қарасам, учинчи бетда Худойбердиеванинг бир даста шеъри берилган, сурати билан! Афтидан, туркум “Отам ҳақида” деб номланган, аммо, дастлабки икки ҳарф тушиб қолган…

Наврўз. Уюшма дастурхон ёзган. Кимдир қўшиқ айтади, кимдир шеър ўқийди. Бир вақт шоир Рустам Мусурмон даврага чиқиб, ўт-олов ўғлон ҳақида шеър  ўқиди, ҳар жой-ҳар жойда у “чўчоғидан” деб олқалган.

У “чўчоғидан” деганида, Ойдин Ҳожиева ўн олти яшар қиздай уялиб ерга қаради! Ер ёрилмади, ерга кириб кетмади, бечора!

– Нима гап, Ойдинхон? – деди безовта бўлиб Иброҳим “алайҳиссалом”.

– Беадаблик!

“Алайҳиссалом” ғазаб ўтида нафас қайтарди.

Зиёфатдан сўнг Рауф Парфи ёш шоирни койиди.

– Уйтманг! Ойдинхон музтар бўлдилар!

– Нимага музтар бўлади? – дедим мен. – Опа дунё кўрган! Нима у – Рустам айтган нарса?

– Иброҳим акам ранжидилар, – деди ўзига хос назокат билан Рауф Парфи. – Уриб чиқиши мумкин! Рустам, зинҳор образни катталаштириб юборманг!

Бир кун Матбуот уйи олдида турсак, Ҳожиева ял-ял ёниб ичкаридан чиқди. У қоматига ярашмаса-да, ўн олти яшар қиздай истиғно билан сўрашгач, хайрлашган бўлди. Ва: – Дилоромга салом айтинг, Рауф! – деди Парфига.

Ҳолбуки, шоир ўтган асрда у билан ажрашган.

Аммо, хафа бўлмади.

Уям Ҳожиевага ўхшаб таманно қилди, кейин ёйилиб илжайди. Ва:

– Ойдинхон, – деди назокат билан. – Сиз ҳам! Сиз ҳам Муҳаммад Алига салом айтинг! Рўмолингизнинг бир учини тугиб қўйинг, Ойдинхон! Бўлмаса, эсингиздан чиқиб кетади!

У, ишдан кетдим, деди, “Жаҳон адабиёти”дан.

– Нега? – дедим, ҳайрон бўлиб. – Бир жойда илиниб турган яхши-ку, эрмак!

– Тўғри, – деди у. – Ермак яхши, аммо, у нуқул оёқдан олади!

Шу тўполонда у халқ шоири бўлиб кетди. Султонов билан Шоғуломов[1] қанча уни ёмонламасин, қанча маълумот йиғиб кирмасин, давлат раҳбари бошлаган ишини охирига етказди.

Нима кўп, қутқучи кўп, бузмакор кўп. Улар одамни далвай қилиб чалғитади, бировни бировга қарши қўяди. Ва шундан ором олади. Улар шоирни кейин ҳам кўп айлантирди.

– Аммо, гувоҳномани ёнида олиб юрарди, – дейди Ўрол Содиқ. – “Менга ҳеч ким тега олмайди! Милисаям қўрқади, Имзосидан!”, дерди.

Шунақа одам эди, Рауф Парфи.

Ўзи ёзган-ку, “Арава тортаётган отга”:

 

– Уф, бунча уф тортасан бундай,

         Емишинг соз, ҳансирама, бас!

         – Ўзим шундай, одатим шундай,

          Мен шунақа оламан нафас.  



          [1]Хайриддин Султонов – Президентнинг давлат маслаҳатчиси, Рустам Шоғуломов ўша вақт Давлат матбуот қўмитаси раиси бўлган. 

(давоми бор)

Leave a Reply
*