Menu
Categories
Ғаффор ҲОТАМОВ ”Бугун менинг туғилган куним!..” (8)
01/23/2014 Ғаффор ҲОТАМОВ: ”Бугун менинг туғилган куним!..”

 Ғаффор  Хотам

       VIII.

Мен ҳали уни Есенинга ўхшатсак, камситган бўламиз, дедим. Есенин тоғ дарёсидай шиддат билан оқиб ўтди. Ва нимани юрагидан ўтказган бўлса, майин ва тотли оҳангда шуни шеърга солди. Парфининг дастлабки асарлари шунга яқин.

 

Тарғилланиб бормоқда осмон…

 

Ёки:

 

Кечки қуёш турмаклар сочин,

       Жозибали бўлар эртага!

 

Олам чиройининг беқиёс чизгиси. Буни кўра олмоқ учун одамнинг кўзи ҳам, сеза билмоқ учун кўнгли ҳам, бутун борлиғи, етмиш икки томири шоир бўлмоғи керак. У олам чиройига мажнун бўлмоғи лозим.

Парфи шундай.

Куюнчак, ҳатто севги бобида ҳам.

Ва унинг ишқи қуёшдай беминнат, кўламли.

  

      Қара, қандай порлоқ эрур кўк,

      Тингла, қўшиқ айтар юлдузлар.

      Бу – тўкилган шуъла эмас, йўқ,

      Бу – навога айланган сўзлар.

 

Бу – унинг олмишинчи йиллардаги ҳоли. Ва оламга муносабати. Синиқлик ва шикасталикдан холи, орзу-ҳавасли, некбин ва чанқоқ интилишга бой. Унда тимсол раққосадек нозланиб мақом қилади. Шунда беихтиёр, ҳа-а, бу Парфи-да, “Шашмақом”ни яратган, хонатласни ўйлаб топган, янтоқ илдизига уруғ қадаб, саҳрода тарвуз ундирган халқнинг шоири, деб ўйлайсан, киши.

 

Ўтга қўнган қор каби беҳол, – деб ёзади у бир шеърида.

 

       Ташқарида шовуллар шамол,

       Юзларини ювмоқда дарча.

       Ташқарида шовуллар шамол,

       У кунларнинг шакли кўзимда…

 

Рауф Парфи оламнинг шаклини кўради. Ва рамзи бир олам таассурот қўзғайди. “Юзларини ювмоқда дарча”, дейди у. Бирдан кеч куз хаёлда жонланади. Сандалда ёнбошлаб олиб, дейлик, унинг шеърини ўқияпсан.

 

Бу фалак бедодидин ўртонди дил,

       Ёри ағёр шевасига қонди дил,

       Не наво қилди вале Сайёд Наво,

       Ёнди Олам, ёнди Одам, ёнди Дил.

 

Ташқарида шамол увлайди. У ёмғирни ўйнаб, айлантириб келиб дарчани севалайди. Томчилар деразани қўлига олиб, тордай чертади. Ва яна бир нима чарсиллаб унга урилади. Бошингни кўтариб қарайсан, ёмғирда чайинган тилларанг япроқ…

 

Сени шамол, боқ, супурмоқда…

       Япроқ, япроқ, сўзлаб берсанг-чи,

       Ўз севгингдан бўзлаб берсанг-чи,

       Нечун тушдинг, нечун оёққа?..

 

Хаёл қаёқларга олиб учмайди, шунда?

У қандай ҳолатда ёзган экан, шеърни, деб ўйлайсан. Сени шамол, боқ, супурмоқда! Нега, эй япроқ? Нега оёқ остига тушдинг? Наҳот севгинг завол бўлди?

Бу жуда оғир ситам, севиб алданиш.

Яхши кўриб, хиёнатга учраш.

Меҳр кўрсатиб, ёмонлик кўриш…

Беихтиёр қон йиғлаётган қиз кўз олдингдан ўтади. У бор-йўғидан айрилган. Умр хазон бўлган. Аммо, оёқ остига тушган япроқ ёлғиз уми? Шунда эзилган шоир кўриниш беради. Ва у телбаваш ва савдойимижоз ўғли қатл этган ориф Мирзо Улуғбекни ёдга солади…

Бундай кулфат оз бўлган, дейсизми?!

Қаранг, бир тимсол барчасига йўл очади.

 

       Хайр сенга, кетар бўлдим ман,

       Кетар бўлдим шул қоп-қора кеч.

       Қайтмасам-да, муҳаббатимдан,

       Ҳузурингга мен қайтмасман ҳеч!

 

Рауф Парфи оламдан ўтганига анча бўлди. Аммо, бу шеърлар унинг кечинмалари каби тирик. Улар барқ урган ям-яшил дарахтга ўхшайди, жуда яшовчан ва ҳаётдан кучли. Шоирнинг ҳайратлари кўнгил кўзини очади. Биз илғамаган тароватни парфиёна кўз билан кўришга ундайди.

Дунёда уйғоқлик бор экан, бирон-бир қалб бедор экан, у меҳрга беланиб яшайди.

 

Йўқ, шоир деб қарама атай,

       Ҳукм этмоққа шошилма бир оз.

       Мен куюниб севаман, нетай?

       Мен куюниб сўзлайман, холос, – деб ёзади у 1965 йил.

Йиллар зарбаси бу қарашни ўзгартиб юборди. Ҳаммаси кунпоякун бўлди, бироқ, куйинчаклик сақланиб қолди, унда. У куйинчаклик билан даврни ғалвирдан ўтказди.

 

“Дарс: Алишер Навоийдан то Абдулла Ориф.

                    Александр Пушкиндан то Виктор Соснора.

        Кейин,

        мен билган шоирлар.

        Мен олган аччиқ-чучук сабоқ.

        Орзуим: Туркистон аталмиш тарқоқ Ватанни

        тирик эканимда бир бутун кўрмоқ.

        Қўлимдан келмайдиган иш:

                                                       шеър ёзмаслик…” [1]

 

Мана шу хоҳиш-ирода унинг теран ботиний оламини яратди. Ҳали айтгандай, унинг ёдимизда муҳрланиб қолган сиймоси ва у ҳақдаги тасаввур-тушунча бу оламни пардалаб туради.

У жуда чигал, мураккаб ва қаватма-қават. Шоирнинг ҳоли ва иқлимига мос ва мувофиқ. Бу даврда унинг умри ўзининг зидди бўлган қавм ичида кечди. Шуҳратга ўч ва олчоқ, ўзини сиёсатчи сиёқлаган товламачи ёшлар уни ўраб олди. Ва у ёзган шеърлар Низомулмулк хитобини ёдга солади: “Ё Холиқ, ё Раббим, бу дунёда нени кўрган бўлсам, шуни айтаман!”

Кирликдан ким ёл топади?

Одамнинг эслагиси келмайди, ҳатто! Аммо, шуни айтмаса, тасаввур ҳосил бўлмайди.

Қозоғистон телевидениеси бошловчиси, чиройли бир қиз, жуда хафа.

– Қозоқ бўлгани учун Собир Раҳимовнинг отини олиб ташлашди! Биздаям метро бўлар, ҳали! Унинг бир бекатига Раҳимовнинг отини қўярмиз, ҳали! – дейди у, йиғламоқдан бери бўлиб.

Ўша қизнинг ўксишини кўриб, рости, юрагим эзилди.

Қаранг, у масаланинг моҳиятини билмай, ўзича ҳукм чиқармоқда! Ўзи-ку, майли, яна қанча одамни чалғитмоқда, юрагига ғашлик солмоқда. Ақл юритса, ҳаммаси кундай равшан, қанча қозоқ номи, мактаби, ҳатто туманлари турипти, жойида! Хўш, нега Раҳимовнинг номи олинди? Чунки, Ўзбекистонда миллий озодлик ҳаракатини қон қақшатган, шу! Ҳатто, Афғонистонга қочиб ўтган Иброҳимбекни ҳам далвай қилиб чалғитиб, қиличдан ўтказган Раҳимов бўлади!

Аммо, бу ҳақиқатни қандай етказасан, ўша қизга? Унинг кўрсатуви таъсирида юрган қанча?

Шунга ўхшаб, тасаввур ойдин бўлмаса, воқеликка муносабат чалкашиб ётади.

Мадаминов учун яшил байроқ эди, Парфи! Керак бўлса, дарҳол уни ишга соларди. Бу устаси фаранг фаранг оғзиаки ижодининг ҳам билимдони бўлган.

Дилоромни-ку, билмайман, аммо, Шаҳодат билан шу илмда баҳс этган. Бўлмаса…

Кейин нуқул…

Сизга айтсам, улар қадриятни эъзозлаш, деб билади, буни.

Табаррук қилиб бериш!

Э-э, садқаи одам кет!

Тасаввур қилинг, Салой Мадаминов ўша кезлар, 1990 йил террорчи тайёрлай бошлаган. У чечен жангарилари етакчиси Яндарбиев билан тил бириктириб, 1990-92 йилларда, тижоратчи бўласан, деб алдаб, хоразмлик икки юз ёшни Чеченистонга, жангарилар лагерига, сабоқ олишга юборган!

Илдизи чуқур ишлар! Шеърий рўмол ўраган қабоҳат!

Хуллас…

 

Шабнамнинг соф қадаҳи синди…

         Кулимизни совурди фалак!

 

         Рауф Парфи ўша кезлар ёзган, бу шеърни.

 

Мен энди, мен энди шундай афтода,

         На сажда қилгайман, на дуойи бад.

         Қўлимда порлайди арғувон бода,

         Ёшлигим, ёшлигим, сен унда фақат…

 

“Ҳамлет”да шоир кўргуликни келтириб чиқарган Ягодан нафратини яширмайди. Ва очиқ ғазаб қилади:

 

Сен эй, сен хилқатнинг ёвуз бандаси,

         Не бало солгайсан маъсум бошларга?

 

– Сиз биринчи бўлиб ўз дўстларингизни ўлдирасиз! – дейди Иброҳим Ҳаққул, Мадаминовга.

– Кўрамиз, – дейди Мадаминов.

Тўқсонинчи йиллардаги ҳангома,бу!

Ва унинг маъноси шуки…

Биласиз, Россия қўзғолон уяси. Декабристлар ғалаёни ҳам чакана бўлмаган. У 1825 йил 14 декабр куни Сенат майдонида содир этилган. Ва императорга суиқасд қилинган. Унинг яширин жамиятлар ишини таъқиқлаш ҳақидаги кўрсатмаси шунга олиб келган. Ўша жамиятлар турлича аталган, аммо, илдизи бир бўлган. Яъни, масонлар ҳаракати. Ва улар норози бўлиб, ҳукмдорга бош кўтарган. Император ашаддий масонларни ўлимга маҳкум этган, қолганини эса, Сибирга сургун қилган. Пушкин ўшанда юз йигирма дўстидан жудо бўлганини ёзади…

Ҳолбуки, ўша императорнинг ўзиям масон эди![2]

 

Ўлдирур маҳрамни султон, ганжни пинҳон айлагач, – дегани шу.

Масонлар ҳам ўша қавм вакили. Умуман, Сталингача ўтган рус шоҳлари яғмогар бўлган…

      Тўқсонинчи йиллар Парфи шундай тоифа ичида қолади. Ва бу, табиийки,  кучли руҳий пўртана туғдиради.

 

Қонлар оқмоқдадир, сўнмоқдадир нур.

         Турибсан-ку, давр билан бетма-бет.

         Наҳот изтиробда доим тафаккур?!



        [1]Рауф Парфи. “Энг узоқ ёзилган таржимаи ҳолим”,  “Ўзбек адабиёти”, дарслик, Тошкент, “Ўқитувчи”, 1995 йил, 184-185-бет.

          [2]“Аргументы и факты”, 2012 г., №33., “Бей-спасай?”

(давоми бор)

"2" Comments
  1. Ахли Расул Мухаммад

    Агар Ѓаффор Хотамовнинг ёзганлари рост бўлса, 90-йиллардаги Мадаминов билан бугунги кунлардаги халќни бўйсунмаслик ва ќуролли ќўзѓолонга чорлаётган «Ўзхалќхаракати» лидерлари наќадар ўхшаш! Дахшат бу! Халќнинг кўз ёши ва ќони эвазига ќўлга киритиладиган обрў ва тожу тахтларга лаънатлар бўлсин!

  2. Ismat aka, meni kechiring, lekin bugun shu narsalarni o`qib siz yaqinda oldiga borib kelgan odamdan ko`nglim qoldi…

Leave a Reply
*