Menu
Categories
Ғаффор ҲОТАМОВ: ”Бугун менинг туғилган куним!..” (10)
01/27/2014 Ғаффор ҲОТАМОВ: ”Бугун менинг туғилган куним!..”

Ғаффор  Хотам

X.

Ўша йиллар оғир кечди. Тушунчалар остин-устун бўлиб, қонли йўқотишлар ҳаммани шошириб қўйди. Ўша тўлғама кунларда Парфи: – Агар барча ёвузликка қарши бир калима айтиши лозим бўлса, мен: “Эй, сиз, алдамчи идорабозлар, эй, сиз юлғич махфиябозлар! Паймонаси тўлган халқ билан ҳазиллашманг!”, деган бўлар эдим, – дейди…

 

Кўнглим қоронғидир, теварак тутун.

         Ёлғиз бошим узра увиллар шамол.

         Кўзларимни ғажир аллақандай тун,

         Сен кимсан, нимасан, сен кимнинг боши? –

         Ақлимни ғижимлар яланғоч савол –

         Ассалому алайкўм, дорнинг оғочи,деб ёзади шоир “Дорнинг оғочи”да.       

Бундай кайфият 1991 йил “Ёшлик”да чиққан “Она Туркистон”, Чўлпонга мухаммас, “Сайёд Наво”, Усмон Носирга мухаммас, “Ёнаётган аёл”, “Худбин”, “Ухлама, сен, Ҳақиқат…” каби шеърларга ҳам хос.

Уларда исён руҳи жуда кучли, шу билан бирга, алам ва задалик йўқ эмас. Бизни қулликка маҳкум этган бирлик йўқлиги, дейди шоир, “Дорнинг оғочи”да. Қисмати ҳақида ўйлаб кўрмайдиган башанг оломондан тўйиб кетган, у.                

        Рауф Парфи “Сиёвуш”да шунинг илдизига назар солади. У шеърни Иброҳим Ҳаққулга бағишлаган. Ва унга “Эй қора юракли бойқуш, сенга қолғон Вайронани қутламак учун келдим”, деган фикрни улаган, эпиграф…

 

Инсонлик фитрати уйғонгунча то

         Ич, ҳақнинг қонини юҳо жомида.

         Чорасиз Ҳақиқат, ул илоҳий Нур,

         Абад қолиб кетмас ваҳшат домида!

         Қачон уйғонадир халоскор Даҳо?

         Бир жаҳон қуёшга чулғаниб келур!.. 

 

Буни англамоқ, фикр қатламини ёриб, тугал ўзакка етиб бормоқ учун қувваи ҳофизага таянмаса бўлмайди. Биласиз, Абулфайз аштархонийларнинг сўнгги вакили, Бухорода ҳукм сурган. Унинг вазири маккор Раҳимбий дунё неъмати деб Нодиршоҳ билан тил бириктирган ва 1746 йил фитна солиб, ҳукмдорни ўлдирган, кейин унинг ўғли Абдулло ва Абдумўминни қатл этган, оила ичи билан тугал йўқ қилган.

Манғитлар шу йўл билан тахтга чиққан.

Туркистон ҳалокатида буям бир босқич, албатта.

Фитратнинг “Абулфайзхон” фожиаси шу ҳақда.

Энг даҳшатлиси, Абулфайз ҳам акаси Убайдулла II ни махфийлар орқали ўлдириб, салтанатни қўлга киритган.[1]

Кирлик устига кирлик, золимлик устига золимлик, қон устига қон…

Раҳимбий салтанат вориси Абдумўминга заҳар беради. У ўлим топгач, Хаёл унга: “Мен, сен каби бир золим қўлинда мана шу каби ҳеч нарсани билмайин, онгламайин, бўғизланган бир мазлум, Сиёвуш! – деб нидо қилади. – Эй, қора юракли бойқуш, бундан сенга қолғон Вайронани қутламак учун келдим. Инсонлиқ дунёси эсини бир жойга тўплаб, ўз ишига ўзи эга бўлмағунча, у сен ва сен кабилар ихтиёриндадир. Истаганингизча ҳукм сура оларсиз”.[2]

 

         Яна йироқларга чорлайди мозий,

         Ватан тушунчаси келар етаклаб,

         Айрилган, хўрланган улус овозин, – деб ёзади у “Туркистон ёди”да.

 

         О, сабр дарахти қутлуғ Туркистон.

         Нақадар узундир, оғирдир бу йўл.

 

         Рауф Парфи ота юртни сабр дарахтига қиёслайди. Ва бунда ҳеч бир муболаға йўқ. Туркистон халқи босиб ўтган тарих сабр дарахтидан улуғ ва шавкатли. Унинг илдизи теран, яшноқ шоҳлари эса, еттинчи қаватга етган.  Ва бу Соҳибқирон Амир Темур амри билан 1399 йил улуғлик ва қудрат тимсоли бўлган муаззам Оқсарой пештоқига муҳрлаб қўйилган:

“Мин шакка фи валоятино

                          ва кароматино

                          Фанзур ило иморатино!”

Яъниким,

“Кароматимиз ва қудратимизга шубҳа қилсанг,

                          Иморатимизга қара!”

 

Оллоҳ-Оллоҳ, йиғлаюрсан, булутдек бағри сўзонсан,

         Мунавварсан, мукаррамсан, рисолат туғида шонсан,

         Сен Каъбамсан – Туркистонсан, хунимсан, сен ахир қонсан,

         Тириксан, ўлмагансан, сен-да одам, сен-да Инсонсан,

         Бўйин эгма, кишан кийма, ки сен ҳам ҳур туғилғонсан.

 

Шоир она халқини эркли-мукаррам кўрмоқ истайди. Ва бу ҳам табиий. Тўғри, умум оқимдан гоҳо илгари кетади у, хаёл – учқур, яхши ният чегара билмайди, шунинг учун у шоир.

 

Майлига, ҳайқирай иймоним ҳаққи,

         Кўкларга ёлбориб солайин уввос.

         Мен фақат Туркистон аталган ёрқин

         Бир бутун юртимни истайман, холос.

 

         Ёки:

 

Ў, она Туркистон, куйлайман ёниб,

         Дунё журъатини бердинг қўлимга.

         Мен энди англадим Туркий Дунёни,

         Мана, мен тайёрман энди ўлимга.

 

Парфи Туркистон ва Инсон эрки бобида ҳаёт оқимидан илгарилаб кетгани, бу имконидан хорижда бўлгани учун Халоскор Руҳга юкинади.

Бу, унинг руҳий оламидаги оғиш белгиси.



             [1]Абдурауф Фитрат. “Амир Олимхоннинг ҳукмронлик даври”, Тошкент, “Минҳож”, 1992 йил, 6-бет.

             [2]Абдурауф Фитрат. “Танланган асарлар”, Биринчи жилд, Тошкент, “Маънавият”, 2000 йил, 219-бет.

 

(давоми бор)

Leave a Reply
*