Menu
Categories
Ғаффор ҲОТАМОВ: ”Бугун менинг туғилган куним!..” (12-13) Якуни
01/30/2014 Ғаффор ҲОТАМОВ: ”Бугун менинг туғилган куним!..”

 Ғаффор  Хотам

       XII.

    Эзилган, хўрланган баргман тубанда,

       Ёлғиз, ўзим – халқман, ўзим – оломон,

       Мен шоирман, ахир, шоҳман, эй банда.

Мана шу талқин шоирнинг борлиғини тугал ифода этади. У оёқ остида топталган барг, барча эзилган ва хўрланган яхшилар каби. Ва олам каби ёлғиз. Керак бўлса, оломон ҳам, халқ ҳам, шоҳ ҳам унинг ўзи. Яратганга жуда яқин ва қолганлар унинг учун банда…

Биз кўрган-билган, “шу-шу”, ёки қулоғини жун босган”, деб кулиб турган Рауф Парфи сиймоси унинг ички оламини англамоққа монелик қилади. Хассос шоир шу кечинмани қоғозга туширган долғали ҳолат бунинг тамомила акси. У Яратганга жуда яқин бўлган, ҳар икки маънода…

“Баргман”, дейди у, хазон эмас. Барг оламга яшноқлик бағишлайди, ҳавони мусаффо этади. Яъни, қадрга лойиқ, аммо, у эзилган ва хўрланган.

Нега?

“Тубанда”, дейди шоир. У “ерда” демоқчи эмас. Улуғ Тангри мени оламга яшноқлик бағш этсин деб яратган, аммо, эзиб хўрлашди ва оёқ ости қилишди, чунки олам тубанлашиб кетган, дейди у.

Рамз теран маънога эга. Ва ўша япроқни ёдга солади.

 

       Сени шамол, боқ, супурмоқда…

       Япроқ, япроқ, сўзлаб берсанг-чи,

       Ўз севгингдан бўзлаб берсанг-чи,

       Нечун тушдинг, нечун оёққа?..

     

       Парфининг шеърлари – Севгидан бўзлаш. Унинг Севгиси – Катта Севги. Бўзлашиям Катта Бўзлаш.

Бунинг бир мисоли сифатида Улуғбек фожиасини тилга олдик. Бутун умр оламларни яратган Зотнинг одамларга яхшилигини етказган Икки олам сарвари ва унинг зоту зурриёдини бир эсга олинг. Уларнинг бошига не кунларни солишмади?!

Ва нега?

Ийсо Масиҳ ҳам бу кулфатдан қочиб қутулган эмас!

Наҳот яхшиликнинг мукофоти ёмонлик?!

Шундай бўлиб келган. Ва бу Иблиснинг иши.

Биз бўлсак, кулфатнинг илдизига қарамай, фожиани бир қаттол номи билан боғлаймиз. “Ҳа, Язид шундай қилди!” “Ҳа, Каяфа!..” “Ҳа, Абдулатиф!..” “Ҳа, Дантес!..”

Ҳолбуки, Дантес ҳеч ким эмас. У бир “ўйинчи”, холос. Улуғ шоир умрига зомин бўлди. Ва Пушкиннинг ўлими унинг номи билан боғланди. Раҳнамо эса, сояда қолди. Гап император ҳақида бораётир. Ва ҳамон, у шоирнинг аёлига меҳр кўрсатган, деган сафсата юради.

Йўқ, ундай эмас. Улар ўзини шундай кўрсатади.

Ва ниятига жоду тус беради.

Товланиш…     

Рауф Парфи буни теран идрок этади. Тафаккури фазодай чексиз. Одамни ақл юритишга ундайди. Шунинг учун ҳам, бир тимсол сабаб, қанча тарихни варақлаб чиқдик.

 

Бир қудрат нашъаси тентир изимда,

       Хилқатни англаган зотдек хомушман, – дейди у “Қора девор”да. Ва тугал хулоса ясайди:

 

Осмон шу қадар тоза, раҳминг келади,

       Узоқ қараб туролмайман, бевафо,

       Сенинг суратингга тўлар қорайиб…

 

       Бунда сурат рамзийлик касб этган ва катта тушунчага айланган.

 

Кўрдим юзингизни, чатнади олам,

       Бузғунзор қўйнида унган софгулим.

       Мажруҳлар юртида хўрланган онам,

       Зўрланган қонсинглим, мангу севгилим.

 

       Кечмиш – фожиа. Ва у жуда чуқур. Бунинг нима эканини билмоқ-англамоқ учун у қўллаган оҳорли бир атамага мурожаат қилиш кифоя. Қонсинглим”.

Шоир “Ёзувчи” нашриёти 2000 йил чоп этган “Тавба” китобини “Менинг қонсинглим Фарида Афруз шаънига таъзим ила” деб унга бағишлайди. Нега энди, таъзим ила? Рауф Парфи қаёқда-ю, у – қаёқда?

Яна, қонсинглим” эмиш!

Адабиётчи Абдуғафур Расулов Афрузни толерант деб олқаган. “Фарида Афрўз шеъриятида толерантлик доимий изланиш, англаш, тушуниб етишдир”, дейди у.[1] Ва бу фикрга қўшилса, бўлади.

Чунки, Афрўз йигирма йилдан буён дунёнинг устунини ахтаради ва кўрган-билганини англашга ҳаракат қилади. Аммо, йўқ ўша, ўзи истаган неъмат…

Расулов айтган толерантлик қаёқда-ю, Парфига қонсингил бўлиш қаёқда!

Кўраяпсизми, у дунёнинг у қутбига кетиб қолган!

Нимага десангиз, одамларнинг қонини ичиб, яна гўзаллик ва ишқ-вафо ҳақида шеър ёзган ёсуманлар кўтар-кўтар бўлган тўлғама замон, бу! Унинг залпи ёмон, оламни остин-устун қилиб ўтаётир. Аммо, шуниси қимматлики, Рауф Парфининг шеърлари шу ёвуз ва қутурган жараён ичига олиб киради, инсоннинг кулфат ва фожиасини тугал англашга йўл очади.

 

         Ялонғоч осмонда бир инс кўринди.

         Сариқ алвастилар бўлди намоён,

         Сен-да чибин каби чирпандинг.

 

         Сен ёвуз бандасан кирдоринг аён,

         Сен ўлаксахўр, эй ирганч одам.

         Кўксимни эзғилаб босиб юрган ким?

 

         Кимдир? Ўликзордан излаган нажот?

 

         Мана шундай кечинмадан сўнг одамнинг ўзига келиши, кулфат ва кўргуликни теран англаган ҳолда, шунинг юкини кўтариб яшаши ва ўша – ёвуз банда билан ҳеч нима бўлмагандай муомала қилиши ва яна ўз йўлида собит қолиши осон эмас, албатта. Аммо, Рауф Парфи бу йўлни охиригача босиб ўтди ва яна изида яшноқ ва диловар шеърлар қолдирди…

 

Менинг отам – Одам, момам Ҳаводир,

         Менинг Туркистоним – ёрилган ерим.

         Менинг фароғатим улуғ жафодир,

         Менинг етим болам – севгили шеърим…

  

         Ажойиб исломшунос Ҳамидулла Кароматов: “Мифы народов Мира” қомусида “Одам” яҳудий тилидан келиб чиққан сўз деб, арабча ўзаги ҳақида ҳеч нарса айтилмаган”, дейди.[2]

         – Эй одам, – дегим келади унга. – Рауф Парфи нега отам – Одам дейди, унда? Ким олдин дунёга келган? Яҳудийми, арабми ё Одам Ота?

Ҳеч ўйлаб кўрганмисан?

Фикрим етиб бораётган бўлса, унутма, Одамнинг тили руҳлар ичида чиққан. У шу тил. Руҳлар тили. Оламлар тили.

Одам шу тилда Мома Ҳавони суйиб эркалаган, олқаб тотли сўзлар айтган, Зарафшон бўйларида! Ва ҳеч койиган эмас!

Ковакларда ётган аслликка зеҳн етиб бормоғи зарур. Чунки, китоб аҳли оламни “миф”га кўмиб ташлаган.

Яна бир гап. Ийсо Масиҳ Одам Отанинг Руҳи. У китоб аҳлини истаб эмас, адашган авлодимни Ҳақ йўлга бошлай, деб тушган.

Шуни била туриб, уни чормих қилган ўша қавм, унинг олий руҳонийси Каяфа.

Биби Марям Мома Ҳавонинг Руҳи.

Китоб аҳли Ҳақиқатни англаган ҳолда, уни тескари талқин қилди. Бундан бехабар қанча қавм шунга ишониб Ҳақ йўлдан озди.

Бу, жуда ачинарли, оғир кўргулик.

Аммо, шундай.

Ким учун бу ҳаётнинг зиғирча қадр-қиммати бўлса, кечмишга тик қараши шарт.

Кишилик тарихи шундай кечган.

Уни асл ҳолича қабул қилиш, илоҳий низомга риоя этиш лозим. Бўлмаса, кирликка қўшиб, Асллик униям оқизиб кетади.

Энди, одам деган сўзга келсак. Унинг ўзак маъноси – улуғ, яъни, улуғ, азиз, мукаррам дегани, одам. Албатта, у ҳар бир киши фитратига яраша мақом касб этади.

Чақалоғини оқ ювиб-оқ тараётган келинчак билан кўча – хандон, уй – зиндон ойимтилла, элчил ва одил одам билан ёвуз ва ҳароми тенг бўладими?!

Бу, Рауф Парфида шундай зуҳур бўлади:

 

Бас, эй маккор, ғайри иймон истамам,

          Бори фитна, бори ёлғон, истамам,

          Менга онсиз икки жаҳон истамам,

          Инсонманам, ўзга унвон истамам. 

 

XIII.

         У қоп-қора булутга ўхшаш ўрмонда узоқ йўл ахтарган, янтоқ ва юлғунлар юзини тилса-да, кундузлари асл чечаклар терган ва, бир кун келиб, бир қучоқ гул билан катта йўлга чиққан собитқадам йўлчига ўхшайди. Ўша йўл бошида, эҳтимол, Халоскор Руҳга рўбарў келгандир? Ва унга айтгандир:

 

– Нуқта қўйдим жавобсиз саволларга, – деб…

                                                                                                                                                                                 2012 йил                                                                                                   

 



            [1]Абдуғафур Расулов. “Толерантлик ва руҳий покланиш”, “Шарқ юлдузи”, 2011 йил, №3, 160-бет.

            [2]Ҳамидулла Кароматов. “Хўрланган пайғамбарлар ғалабаси”, Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1998 йил, 4-бет.  

Leave a Reply
*