Menu
Categories
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: СУРОНЛИ 1990-91 ЙИЛЛАР (8)
02/03/2014 Абулқосим Мамарасулов: Суронли 1990-1994 йиллар"

абулқосим чопон

8.

Шу тахлит уюшмада Абдураҳмон мени 20 сўм гонорарга сотиб юборган эди. Кейин Саттор билан курашга ҳам мени тезлаб туширди ва…  То Сатторни бўшатишганча, керак бўлса, ҳафтада икки марта уйимизга келар, бир дунё шикоят қиларди. Саттор билан ажрим қилиб, муҳрларни олиб, хонага эгалик қилганга қадар ҳам  яна Саттордан шикоят қилиб турди “муҳрни бермаяпти, хонани бўшатмаяпти”, деб. Ўшандан кейин эса… (ҳозир 2007 йил 8 март, 15 йилки, на сим қоқади, на уйимизга келади)

Мана энди, Келди Қодир воқеаси…

Мана, энди учинчи марта мени жанг майдонига тушириб,  ўзи яхши одам бўлиб, четга чиқиб олган эди.

Дунё ўзи шунақа шекилли

 

1991 йил 15 май.

    Алам устида Тошкентга бориб,  “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторов  номидан обком биринчи котиби Эркин Турсуновга  хат олиб келдим. Хатда вилоятдаги махсус мухбир Абулқосим Мамарасуловга битта енгил машина жуда зарурлиги айтилиб, бу борада ёрдам бериш сўралганди. Хатни ўзим Эркин Турсунов қўлига топширдим.

Бу пайтларда М.С. Горбачев сиёсати амалга ошаётган, яъни вилоят Коммунистик партияси  қўмитасининг биринчи  котиби – вилоят Советининг ҳам раиси бўлар, шу тахлит ҳокимият аста-секин партиядан советларга ўтади, деган ақида мавжуд эди. Эркин Турсунов ҳар икки лавозимни эгаллаб турса-да, ҳамон обком биносидаги кабинетида ўтирар, шу кунларда облисполком биносидан бир хонани вилоят совети раиси учун тайёрлашаётган эди.

Ва шу кунлари:  “Эркин Турсунов бўшар эмиш, Ўктам Олимов вилоятга раҳбар бўлар эмиш”, деган гап-сўзлар чиқиб қолган, бу гап шу қадар ишонарли тус олган эдики, Эркин Турсунов ҳузурига ҳеч ким бормай қўйган эди.

Советлар давридаги одатга кўра одатда раҳбарликни партия амалга оширса-да, ҳал қилувчи  фармойишлар ижроқўм томонидан чиқарилар ва ижро этиларди. Вилоят ижроқўми раиси Ўктам Олимов эса Тошкентга шифохонага ётиб олган эди.

Ўша кунлари ҳар хил масалалар билан Эркин Турсунов ҳузурига кўп борганман, ҳар сафар қабулхона бўм-бўш бўлар эди.

– Машина масаласини ҳал  қилиб  бераман, майли, Олимов касалхонадан келсин, – деди Эркин ака.

Йигирма кунлар кутишга тўғри келди. Ниҳоят Ўктам ака келиб, иш бошлади. (Айтишларича, шу кунлари барча вилоятларда ҳам совет раиси ва облисполком раиси ўртасида ҳокимият учун кураш бошланган эди. Шу сабабли кейинчалик ҳокимиятни бир қўлда тўплаш мақсадида ҳокимлик жорий этилди, шекилли).

 

 1991 йил 20 июн.

    Эркин Турсунов эрталаб оближроқўм раиси ўринбосари Норқул Нушаровга сим қоқиб: “Ҳозир Абулқосим боради, машина беринглар”, деди. Мен югуриб оближроқўмга, Норқул Нушаровга бордим. Ўктам Олимов илгари бозор фондидан махсус мухбирлар учун битта “Москвич”ни “Халқ сўзи” газетасига сотиш ҳақида фармойиш чиқарган, газета   бухгалтери: “Биз 12000 сўмга мухбир учун машина сотиб ололмаймиз, бизда бунақа пул йўқ” деган, шу сабабли ушбу масала очиқ қолиб кетган эди.

– Сизларга машина берган эдикку, – деди Норқул ака.

Мен воқеани тушунтирдим. Шундан сўнг Норқул ака Аҳмаджон Мухторовнинг хатини олиб, Ўктам Олимов ҳузурига кириб чиқди-да: “Ўша “Москвич”ни берадиган бўлдик”, деди. Биламан, Норқул ака бу фармойишни ўзгарта олмайди, Олимов эса мен билан гаплашишни лозим топмайди. Яна югуриб, Эркин Турсуновга бордим. Одатдагидай, навбат йўқ, қабулхона бўш.

– Эркин ака, битта яхшилик қилдингиз, яна қўллаб юборинг. “Москвич” бир йилда тамом бўлади, кейин яна машина деб келсам, бар бир бермайсиз. Биратўла “Жигули” қилиб беринг, илтимос.

Эркин Турсунов яна Норқул Нушаровга сим қоқди:

– Абулқосимга “Жигули” беринглар.

– …

– Қанақа қоғоз десаларинг мен совет раиси сифатида имзо чекиб бераман. Сизлар шу болага битта “Жигули” беринглар.

Мен оёғимни қўлимга олиб, яна Норқул аканинг хонасига етдим. Норқул ака  жиғибийрон бўлиб ўтирарди:

– Анча вақтдан бери иккови гаплашмайди. Ўртада мен балога қоляпман. Бўлди, бу масалада қайтиб Олимовга кирмайман. Мана хатинг, ол-да, керак бўлса, ўзинг кириб гаплаш.

“Бўпти” деб мен хатни олдим. Шу орада Норқул ака билан қандайдир масалалар устида гаплашиб қолдик. Суҳбат асносида Норқул ака жаҳлидан тушди. Қалин папкасига бир қанча ҳужжатларни солди. Хатимни ҳам қайтариб олиб, папкасига солди-да: “шошмай тур-чи, яна бир кўрай”, деб Олимов қабулига кетди. Анча вақтдан кейин қайтиб келди. Олимов рози бўлипти, фақат “фармойишга  совет раиси ҳам аралашгани тўғрисида жумла киритилсин”, депти. Шу тахлит  фармойишга: “масала совет раиси билан келишилган”, деган жумла қўшилди.

 

1991 йил 15 май.

   “Халқ сўзи”да вилоят мухбирлари иштирокида йиғин бўлди. Кўп масалалар кўрилди. Айрим мақолалар цензурадан қайтаётгани айтилди.

– Йўлини топиш керак, – деди Аҳмаджон ака, – мана, Абулқосим топди-ку, орден-медал, яъни қуруқ темирни кўкракка осиб, халқни алдашаётганини айтди-ку. Сизлар ҳам изланингизлар.

Ўша, март ойида чиққан  “Раҳмат деб ёзинг” номли биринчи мақолам ҳақида гапираётган эди Аҳмаджон ака. Менинг кўнглим тоғдек ўсди.

– Бизда “Турон” сўзини ишлатиш таъқиқланган, бу сўзни ҳам ишлатяпмиз, – давом этди Аҳмаджон ака.

“Турон” сўзини ҳам асосан мен ишлатгандим. “Қадимда Турон деҳқонлари…” дея бурунги ва ҳозирги деҳқончиликни солиштирган, бунда тарихий манбалардан фойдаланган эдим. Ўша мақолам ҳам гап-сўзсиз чиқиб кетган эди. Қўшним , эски журналист Абулфайз Баротов:  “Аҳмаджон аканинг бир феъли бор. Сени битта мақоланг туфайли яхши кўриб қолиши мумкин. Кейин сени доим қўллайверади. Ҳеч қандай таъмагирлик қилмайди”, деган эди. Демак, менинг биринчи мақолам кечикиб чиқса-да, Аҳмаджон акага маъқул бўлган, шу туфайли энди мени ҳамма жойда мақтаётган экан-да.

“Раҳмат деб ёзинг” қирқ йил Жиззах нон заводида ишлаб, 111 ва 11 даражали шуҳрат орденлари олган, энди 1 даражали шуҳрат орденига тавсия қилинган меҳнаткаш бир инсон билан суҳбат эди. Бу кишининг бир қанча “Мақтов ёрлиқлари” ҳам бор экан, қирқ йилдан бери нон заводига велосипедда қатнар экан.

– Сизга мукофотга машина беришмадими? – деб сўрадим мен.

– Йў-ўқ, бошқалар олди, – дедию, кейин ўз шикоятидан ўзи қўрқиб кетиб, – илтимос, бу гапларни ёзиб ўтирманг. Мен розиман. Велосипедда ҳам юравераман. Партия-ҳукуматимизга минг раҳмат, бизни шундай  яшатиб ўтирипти. Партия-ҳукуматимизга раҳмат деб ёзинг, – деган эди.

Майли, кўнгли учун таскин, шу кишига учинчи темирни ҳам беришса яхши бўларди, дея тугатган эдим мақоламни. Кейинчалик  “партия-ҳукуматимизга раҳмат!” деган иборам газетамизда латифа бўлиб кетди.

 

1991 йил 12 июл.

Газетанинг биринчи саҳифасини тўлдириб обкомнинг биринчи котиби, вилоят совети раиси Эркин Турсунов билан суҳбатим босилиб чиқди.

(Давоми бор)

 

 

"1" Comment
  1. Haqiqat bor ekanku, mana bu rasm boshqa gap…

Leave a Reply
*