Menu
Categories
Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (20)
03/14/2014 Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари...

 

Одил ака хотини биланМосквадан Тошкентга ёзилган мактуб

Хоним, қалайсиз? Тинч, соғ-омонмисизлар? Болалар яхшими? Хатингизни олдим. Топшириқни бажарганингизни эшитиб хурсанд бўлдим. Сиз менинг биринчи ўқувчим, маслаҳатчим, шахсий котибамсиз. Ҳаммага ҳам бундай бетакрор ёр насиб қилавермайди. Фақат хатларингиз бироз қуруқ, жуда сипо. Мен эса оташин сўзларни жуда соғиндим. Кейинги хатда кутаман. Мен янги қиссанинг сюжетларини салгина ўйлагандек бўлдим.

«Мастура»[1] қиссасини давлат имтиҳонларидан бошлаш мумкин экан. Мастура имтиҳонни «5»га топшириб, почтага югуриб кетган. ГДР[2]дан ёки Латиш[3]дан хат келмадимикин? Хат келган экан. Мазмуни ГДРда ҳам ажойиб қизлар кўп. Ҳар дам олиш куни денгизга чиқамиз. Қизлари тушмагур жуда шўх– ҳазиллашиб қўйишмайди. Сен ҳалиям бўлса Сирдарё[4]га кетма. Кетсанг… мен ҳам бу ердан мовий кўзли битта немис қизини топиб оламан…

Мастура билади  – ГДР рашк қўзғатиш учун шундай деяпти! Техникумга келса, дугоналари олдига чопиб келади: – Қаёқларда юрибсан! Сени имтиҳон комиссиясининг раиси чақираяпти! Имтиҳон комисиясининг раиси сочлари оппоқ, юзлари қип-қизил, келишган, ширинсухан одам Мастурани поликлиникага ишга таклиф қилади. Мастура областга кетишни бўйнига олиб қўйгани учун ҳам бу таклифдан эсанкирамайди, балки уни лоқайдлик билан қабул қилади, қилади-ю, ҳаётида кўп нарса ўзгариб кетади.

Қалай, маъқулми? Мастуранинг ҳаётидаги ўзга­ришларни ёритиш учун сизнинг маслаҳатингиз даркор. Хатингизни кутаман. Зориқтирманг.

Соғиниб,

Одилингиз.

1 сентябрь, 1966 йил.

 

72

 

Москвадан Тошкентга ёзилган мактуб

 

 

Мар, севгилим.

Бундан бир неча кун муқаддам «Новый мир»[5]да В.Панова[6]нинг «Қанча ёз, қанча қишлар» деган пьесасини ўқидим. Бу асар кишини жуда ўйлантириб қўядиган нодир асарлардан. Унда ҳеч бир дабдабали гап, юксак ҳис йўқ, лекин ҳаёт бор, жон бор, қон бор! Кишилар, уларнинг турмуши, дарди, ғам-ғуссалари шундоқ кўз олдингга келиб, сени ҳам титратади. Пьесани ўқиб чиққач, мен ўз асарим тўғрисида ярим кечагача ўйлаб қўйдим. Ҳар қандай яхши асар каби бу янги пьеса менинг асаримни ҳам яхши ҳис, яхши туйғулар билан бойитадиган бўлди.

Хоним, сизга кейинги вақтлар адабиёт ҳақида кўпроқ ёзишга ҳаракат қиляпман. Сабаби, биламан, сиз менинг хатларимни сақлайсиз. Қўлёзмалар эса йўқолиши мумкин. Фикрларим келажакда асқотиши мумкин. Хатларимизни бир-бир ўқиганимизда шу бугунги ижод, муҳаббатимиз кўз олдимизга келади, қолаверса фарзандларимизга муносиб эсдалик бўлиши мумкин. Ҳаммага салом айтинг. Мен сизни ўпаман, сиз болаларни бирма-бир ўпинг. Тез кунда кўришгунча хайр.

Одилингиз.

15 сентябрь, 1966 йил.

 

1969

 

73

 

Москвадан ёзилган мактуб

 

 

Салом, хоним!

Қалай, тинчмисизлар? Уйлар, кампир, болалар тузукми? Ўзингиз чарчамадингизми?

Ҳар иккала хатингизни олдим, раҳмат. Сиз ёзгандан кейин Тошкент яна совиб қолганга ўхшайди. Биз ҳар куни радиодан эшитиб, ташвиш чекамиз.

Бу ер ҳам жуда совуқ. Лозанна[7]да учиш мумкин бўлмади. Лекин ишимни битирдим, соғлиқ дуруст. Айтмоқчи, мен пулни телеграфга тўланг, десам (телефонга маъносида) ўзимга юборибсиз.

Ҳай, майли. Қўлёзмани почтадан юбораяпман. Олиш билан машинисткага (ё Олия опа, ё Собирага) элтиб беринг.

Менинг муддатим 25-да битади. Балки сал олдин-роқ, 20-да кетарман. Бир-икки кун редакцияда бўлиб, 27–28-ларга йўлга чиқсам, дейман.

Насиб бўлса, бориб қоларман. Ўзим ҳам бу йил кўп тургим йўқ бу ерда.

Сизга саломлар билан,

Одилингиз.

16 февраль, 1969 йил.

 

 

74

 

Москвадан Тошкентга мактуб

 

 

Мар, севгилим. Уйлар, болалар тинчми?

Мен бу газета[8]ни шунинг учун ҳам яхши кўраманки, унда ишлаётган одамлар биз билган адиб ва журналларга сира ўхшамайди. Қандайдир бошқача, жуда содда, дилкаш, самимий. Ўзларини ҳеч қачон сиздан катта тутмайди. Сиз ўз иззат-эътиборингизни уларнинг олдида қанчалик муҳофаза қилишингизни тушунишга ҳаракат қилишади. Бу нарса кеча бўлиб ўтган партия мажлисида ҳам жуда кўзга ташланиб турди. Гаплар, баъзи кишиларни эътиборга олмаганда, дангал ва айни замонда самимий бўлди. Энг муҳими, газетага шундай зўр жонкуярлик ва муҳаббат билан тўладики, ҳар бир нотиқни беихтиёр ҳурмат қилардингиз. Ҳар куни редакцияга келганимда дилимга нур туйгандек кўнглим ёришиб кетади. Одамларнинг муомала шундай илиқ, дўстона, самимийки, кишининг дилидаги ҳамма чигаллар ёзилиб, ҳамма оғир, дилсиёҳ ўйлар ёдидан чиқади. Ҳозиргина редакцияда ҳисобот бердим.

Мар, қизиқ. Мен жудаям ҳуркак йигитлардан эмас эдим, шекилли (нимага ҳам ҳуркар ва ҳайиқар эдим!), лекин редакция аъзолари олдида туриб гапира бошлаганим билан уч-тўрт кундан бери айтмоқчи бўлиб, кўнглимга тугиб юрган гапларимнинг ҳаммаси хаёлимдан кўтарилиб кетди. Жудаям довдираб ўзимни йўқотиб қўйганим йўқ, албатта, лекин нутқим хийла тўмтоқ бўлиб чиқди… Шунга қарамасдан, менинг ишимни Виля[9] шундай мақтадики, жуда ноқулай бир аҳволда қолдим. Ҳалиям бўлса Валерий Алексеевич бир-икки жойда луқма ташлаб, ҳазиллашиб, жонимга ора кирди.

Юмор деган нарса жуда ажойиб хислат-да. Умуман, бу хислат киши характеридаги энг катта ва ёқимтой фазилатлардан бири, деб ўйлайман. Мен шундай кишиларни биламанки, ўзлари хунук бўлишига қарамасдан, сўзга ўткир, ҳазилга уста бўлганлари учун ҳам хотин-қизлар ўртасида жуда катта ҳурматга сазовор бўлиб юрадилар. Бу қобилият уларни қандайдир безайди, чиройли қилиб кўрсатади. Мен уйда ўзимнинг тенгдошларим орасида унча-мунча ҳазиллаша оламан-у, катталар олдида довдираб, тилим келмай, ғудурлаб қоламан. Бемаъни одат! Тўғрими, хоним?

Мана, деярли йигирма кунлик сафар поёнига етиб бораяпти. Индинга Тошкентга ўз элимиз, ўз кулба, ўз хонадонимизга қараб учаман. Пиримқул билан Сафияхон[10] тўкин дастурхон ясаб, бир неча бор меҳмон қилишди.

Дўстлик қандай ажойиб нарса! Шу келишда биз айниқса иноқлашиб, отамлашиб кетдик, назаримда. Редакция ишларимга «5» баҳо қўйди. Одамлар катта ҳурмат ва самимийлик билан муомала қилишди. Умуман, «Лит. газета»,[11] унинг одамлари  – жуда ажойиб. Уларда қандайдир бир улуғворлик, тўғрироғи, зўр бир олижаноблик, маданий савияси юксак одамларда бўладиган бошқача бир меҳрибонлик, одамгарчилик бор. Айтдиларки, бурун, Симонов ишлаган газетанинг обрўйи ва мавқеи бундан ҳам юксак бўлган пайтларда, ҳозиргидан-да яхши одамлар ишлаган эмиш. Мен у одамларни (Симоновдан ташқари, албатта) танимайман. Лекин шу маҳалда ишлаган кишилар ҳам кўп муборак одамлар. Соат уч… Худо хоҳласа, яна икки кундан кейин уй, болалар, севимли, азиз, эрка Марям…

Биламан, менинг тинмай сафарда юришим сизни қийнайди. Хафа бўлаётганингиз хатингизда акс этиб турибди. Тез кунда етиб бориб хафагарчиликка чек қўямиз.

Оппоқ юзингиздан ўпиб қоламан,

Ўзингизнинг Одилингиз.

27 май, 1969 йил.



[1] «Мастура» – «Матлуба» қиссасининг дастлабки номи.

 

[2] ГДР – Германия Демократик Республикаси (собиқ).

 

[3] Латиш – Болтиқбўйи мамлакатида истиқомат қилувчи миллат. (Асар қаҳрамони Германия ёки Латвияда хизмат қилиши керак).

 

[4] Сирдарё – Мирзачўлда 1963 йилда ташкил этилган вилоят номи.

 

[5] «Новый мир» – Москвада чоп этиладиган журнал.

 

[6] В.Панова – рус ёзувчиси Вера Панова.

 

[7] Швейцариянинг жанубида, Женева кўли яқинида жойлашган шаҳар.

 

[8] Газета – Москвада чоп этиладиган «Литературная газета» назарда тутилган.

 

[9] Виля – Валерий Алексеевич – «Литературная газета»нинг бўлим бошлиғи.

 

[10] Сафияхон – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг рафиқаси. Аввалги изоҳга ҳам қаранг. (Муҳ.)

 

[11] Одил Ёқубов 1959–1970 йилларда «Литературная газета»нинг Ўрта Осиё бўйича ўз мухбири лавозимида фаолият юритган.

 

 (Давоми бор)

Leave a Reply
*