Menu
Categories
Абулқосим Мамарасулов: Суронли 1990-94 йиллар (11)
04/28/2014 Абулқосим Мамарасулов: Суронли 1990-1994 йиллар"

 

 

абулқосим 1

 

Абулқосим  МАМАРАСУЛОВ

 

1990-91 ЙИЛЛАР

                        (давоми)

11.

Оқсаройга, Президент  билан учрашувга бордим. Биз Азим Суюн иккимиз қаторнинг охирида ёнма-ён ўтирдик. Қаршимизда Шарифа Салимова, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева. Нариги столнинг охирида, қаршимизда кечикиб келган Номоз Саъдуллаев бизга қараб ўтирди.

– Бу муҳаррирликка арзимайди, сўз олиб танқид қиламан, – деди Азим Суюн.

Номоз Саъдуллаев иш бошлагандан сўнг таҳририятда анча ўзгаришлар бўлган, Аҳмаджон Мухторов  олган 225 штатнинг 100 таси қисқарган. Жумладан, Йўлдош Исмоилов ва бошқалар қатори Азим Суюн ҳам ишдан кетказилганди.

Йиғинни Одил Ёқубов бошқарди. Президент  йиғин бошида ташриф буюрганларга мурожаат қилиб:

– Хоҳлаган нарсаларингни гапиринглар, хоҳлаган саволларингни беринглар. Қўрқманглар, бунинг учун сизларни ҳеч ким қувғинга олмайди. Бу ерда фақат стенографисткалар ўтирипти, айрим таклифларингиз қолиб кетмаслиги учун улар сизларнинг сўзларингизни ёзиб олишади, холос, – деди.

Стенографисткалардан  бири – менинг курсдошим Гулчеҳра Парпиева экан. Йиғин бошланиши олдидан саломлашдик.

– Сиз катта ёзувчи бўлиб кетдингиз, асарларингизни ўқияпмиз, мени танимасангиз керак, деб ўйлагандим, – деди Гулчеҳра.

– Сиз ҳалиям ўша Гулчеҳрасиз. Қолаверса, сиз ҳам кичик одам эмассиз, Президент Девонида ишлаяпсиз, ахир!

– Бари бир бор-йўғи стенографисткаман.

Эл қатори мен ҳам сўз сўраб, Одил акага илтимоснома бердим. Аммо менга сўз тегмади. Азим Суюндан илдамлик қилиб, ўша кунлари Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган Усмон Азим деди:

– Мен  ҳар қандай фурсатда ҳузурингизга кириб, бу фикримни айтсам бўларди, Ислом ака, лекин унда гапим ғийбат сифатида тушунилиши мумкин эди. Бугун шунча одам гувоҳлигида, Мана Номознинг ўзи гувоҳлигида айтаман: Номоз яхши йигит, студентлигимизда ҳам аълочи эди. Яхшигина журналист. Аммо раҳбар сифатида ўзини кўрсата олмаяпти. “Халқ сўзи”нинг обрўсини тушириб юборяпти. Ҳолбуки, “Халқ сўзи” республиканинг энг зўр газетаси бўлиши керак.

Сўз олган Азим Суюн ҳам шу маънода гап қилди.

Йиғиндан чиқаётганда Номоз Саъдуллаев билан дучма-дуч келдик. У муҳаррир, мен ходими, бирга-бирга таҳририятга келдик. У киши менга ортиқча бир сўз  демади. Тушундимки… э, ниманиям тушунардим. Э, бу дунёнинг ўйинлари… Ким охирига етибдики ва мен кимманки… хуллас…

 

1991 йил ноябр.

Ногоҳ Аҳмаджон Мухторов яна ўз ўрнига тикланди. Номоз Саъдуллаев даврида   бор-йўғи 20.000 обунага тушиб қолган “Халқ сўзи” ноябрнинг охиридан 10 декабргача обуна миқдори яна 100.000 нусхадан ошиб кетди. Аҳмаджон Мухторов барча ҳайдалганларни аввалги ўрнига тиклади, оралиқдаги бекор юрган вақтлари учун тўлиқ иш ҳақини тўлаб берди Штатлар сони яна 225 тага етказилди.

Муҳаррир тикланган кунлари Республикада муқобиллик асосида Президент сайлови эълон қилинди. Ислом Каримов халқ демократик партияси (ХДП)дан, Муҳаммад Солиҳ эрк демократик партияси (ЭДП)дан  номзод бўлишди. Сайлов арафасида телевизорга чиққан ЭДП биринчи котиби Аҳмад Аъзам: “Биз бу сайловда ютқазишимиз  аниқ, буни биламиз,  аммо бу сайлов кейингилари учун бир мактаб бўлади, деган ниятда ўз номзодимизни қўйишни лозим топдик”, деган маънода гап қилди. Аммо: овқат келганда иштаҳа очилади,  деганларидек, менимча, кейинроқ Муҳаммад Солиҳнинг Президент бўлгиси келиб қолди. Сайловга яқин қолган кунлари  телевизорга чиқиб: “Менга таъқиб бўляпти. Агар аҳвол шундай давом этаверса, ўз номзодимни қайтариб олиш ҳақида ўйлаб кўраман”, дея пўписа қилди. Ҳолбуки, Номзодга, унинг ишончли вакилига республика телевидениесининг биринчи программасидан ўзлари истаган вақтда чиқиш қилишга имкон берилиши  – ҳеч қандай таъқиб йўқлигидан далолат эмасми? Қолаверса, Жиззахда ҳар икки номзодга вилоятнинг марказий мажлисхонаси  вилоят аҳли билан учрашув ўтказиш учун очиб берилди. Албатта, Ислом Каримов ҳаракатдаги Президент бўлгани учун учрашув анча тантанали суратда ўтди.

(Давоми бор)

Leave a Reply
*