Menu
Categories
Исмат ХУШЕВ: ЎЗБЕКИСТОНДА ЧОРВАЧИЛИК ХАВФ ОСТИДА!
05/25/2014 Бош мақола

 Ўзбекистон: Чорвачилик хавф остида!

Осмонга ишонган деҳқоннинг аҳволи вой

Уни осмонга ишонтириб турган ҳукуматнинг аҳволи эса ундан ҳам бадтарроқ

Лалмикор ерларда қурғоқчилик авжида.

Бу йилнинг нафаси чатоқ – чорва қириладиган кўринади…

Журналист шарҳи

 

 

1.

Ўзбекистондан келаётган энг сўнгги хабарларга қараганда бу йил мамлакатимизда чорвачилик борасида кескин инқироз юз берадиган кўринади.

Лекин бундан қатьий назар Ўзбекистон ҳукумати  қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги фоизларни ошириб кўрсатишдан  чарчамаётганлиги ажабланарли ҳолдир.

Бугун юртимизда қишлоқ хўжалигининг барча соҳалари каби – чорвачилик ҳам мафиянинг қўлида қолди.

Чунки мафиянинг ҳамма ҳатти ҳаракатини – бозор яққол кўрсатиб туради.

Сабаби – мафия қанчалик устамонлик билан ўз кирдикорлари ва қонли изини яширишга уринмасин, барибир бозор буни ошкор этиб туради.

Ўзбекистон бозорларидаги бугунги абгор ҳолат учун биринчи навбатда деҳқон эмас, батамом мафиялашган Ўзбекистон ҳукумати  жавобгар!

 

2.

Тошкент синоптикларининг энг сўнгги ахборотларига қараганда шу кеча кундуз – Тошкентда 30, Қашқадарё ва Сурхонда 35 даража иссиқ бўлиши кутилмоқда.

Бу эса ўз ўзидан қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик билан шуғулланувчи мутахассислар, деҳқон ва фермерлар  учун йилнинг қандай келишини белгиловчи мезон ёки барометр десак хато қилмасак керак.

Об ҳавонинг бу огоҳлантириши нималардан дарак бериши мумкин?

Шудгорга вақтида катта фосфор солиш керак.

Ерни чуқур ҳайдаш лозим.

Шу билан бирга  – унинг қатқалоқ бўлишининг олдини оладиган фосфор ва калий ўғитлари билан бойитиш керак.

Бу ўғитларнинг вазифасини ҳар бир фермер яхши тушунади.

Лекин биз “Дунё ўзбеклари” ўқувчилари учун айтиб ўтмоқчимиз  – бири ерни юмшоқ ушлаб туради, яна бири уруғни озиқлантиради.

Бу ўғитлар –  қоғозда бисёр.

Лекин Ўзбекистон ҳукуматининг маҳоратли “қишлоқ хўжалиги мутахассислари”  бундай ўғитларни  лалмикор ерларга  солиш хусусида ўйлаб ҳам кўришмайди.

Бу   органик ўғитлар бугунги кунга келиб  юз фоиз –  пиёзчилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган хусусий тадбиркорларга тўла тўкис бозор нархида сотиб юборилади.

Шу боис ҳар қандай қурғоқчилик йилларида ҳам хусусий табдиркор деярли панд емайди…

 

3.

Ўзбекистонда атайлаб ҳисоб китобдан чиқариб ташланган хадсиз ҳисобсиз ўн миллион гектар атрофидаги лалмикор ерларга деҳқончилик қилинади.

Улар ичида – Қашқадарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларидаги ерлар –  умумий лалмикор майдонларининг ярмидан кўпроғини ташкил этади.

Биргина Чироқчи тумани –  400 минг гектардан ортиқ , Ғаллаорол райони эса – 300 минг гектарга яқин майдонга лалмикор ғалла етиштиришга ихтисослашган.

Бироқ бу майдонлар ибтидоий жамоа даврида қандай ҳолатда бўлса, ҳозир ҳам шундай абгор шаротитда сақлаб келинади.

Шу боис ҳад ҳудуди бўлмаган ушбу чексиз ва бепоён майдонларда тез тез қурғоқчилик юз бериб туради.

Ҳаммамизга маълумки, ўтган икки йил (2012 – 2013 йиллар) лалмикор ерларда устма уст ҳосил мўл бўлди.

Бироқ ана шу миллион гектарлаб лалмикор ерда етиштирилган мўл ҳосил даромадидан шўрлик ўзбек халқи баҳраманд бўлолмади.

Бунинг даромад ва омади – мафияга насиб этди…

 

4.

Маълумки, лалмикор ерларда етиштирилган ғалла маҳсулотлари – хусусан буғдой   харид бозорида уч тўрт баробар юқори баҳоланиши керак.

Бироқ қишлоқ хўжалигини чуқур эгаллаган ўзбек мафияси Ўзбекистоннинг серҳосил лалмикор ерларида етиштирилган миллион тонналаб ҳосилни энг паст  (килосини  250-300 сўм атрофида)   қабул қилиб олишади.

Сўнг  уни юқори сортли унга айлантириб,  қопига  Қозоғистон муҳрини босиб, килосини 2000 сўмдан ошириб сотишади.

Ўзбекистон лалмикор ерларида етиштирилган буғдой уни асосан олий сортли булочкалар ва кандитор пишириқлари учун ишлатилади.

Пировард натижада бу уннинг ҳар бир килоси – нақ 5000 сўмдан фойда келтиради.

Кўриб турибсизки, унни етиштирган шўрлик деқонга бу фойданинг ўндан бири ҳам тегмайди.

Мана сизга мафиялашган Ўзбекистон ҳукуматининг иш услубларидан бири ва даромад манбаи…

 

5.

Шу тариқа арзон нархда қўлга киритилган лалмикор унларнинг асосий қисми – қимматбаҳо булочка маҳсулотлари учун ишлатилади.

Мафия хирмонига 300 сўмнинг нари берисига тушган буғдой  булочка нархига чаққанда – оз эмас, кўп эмас  – 3000 сўмга айланади!

50 граммлик булочка  – бугун Ўзбекистонда 1000 сўм.

Мафия қишлоқ хўжалиги учун – қўрғоқчиликдан кўра ҳам нақадар хавфли сиёсат олиб бораётганини биргина мана шу мисолдан ҳам яққол кўриш мумкин.

Лекин бу ажиб ҳолат –  Ўзбекистон ҳукуматини  заррача ҳам ташвишга солгани йўқ. Сололмайди ҳам.

Шу боис ҳукумат бир қадар хўжамкўрсинга бўлса-да, қурғоқчиликнинг олдини оладиган қишлоқ хўжалиги тадбирларини  ўтказишга шошилмайди.

Унинг мафиядан баҳрамандлиги – бунга имкон бермайди…

 

6.

Бу тадбирлар нималардан иборат бўлиши мумкин?

Биринчидан – лалмикор ерларни кузда чуқурроқ ҳайдаш, кўклам қирғоқчилик келганда уни қатқалоқ бўлмаслиги учун мунтазам ва бир неча маротаба бароналаш  ва дорилаш керак.

Дорилаганда ҳам, юқорида айтганимиздек – ернинг қатқалоқ бўлишининг олдини оладиган фосфор ва калий билан бойитилган ўғитдан фойдаланиш керак.

Барона тортиш дегани – бу дизель ёқилғиси билан боғлиқ.

Совет даврида кўчада қадрсиз ётадиган солярка (трактор ёқилғиси) солярканинг мавсум қизғин пайтида нархи ўн баробар ошиб кетади.

Деҳқон уни ёқилғи шохобчаларидан тополмай қўлдан – айтилган нархда сотиб олишга мажбур бўлади…

 

7.

Хуллас, ҳосил учун курашда бечора деҳқон (унинг бугунги номи фермер) кенг ва беҳудуд далада мафиянинг турли кўринишлари билан ёлғиз ва юзма юз қолади: Уни ёқилғи таъминотида шип шийдон қилиб талайдилар. Техника таъминотида эса – кредит ва лизинг кафи мафия ўчоғига айланган карчалонлар терисини шилиб олишади.

Ва ниҳоят деҳқоннинг  – тупроқни тимдалаб бармоқлари қонталаш бўлиб, не азоблар билан етиштирган олий навли ҳосилини  –  у хоҳ пахта бўлсин, хоҳ буғдой бўлсин, хоҳ чорва маҳсулотлари бўлсин – унинг харид нархини атайлаб, ўн маротабалаб ерга уришади.

Қишлоқ хўжалиги мафиясининг бугунги иш услуби бу.

Охир оқибат деҳқон ўзи ишлаб топган пулини банкдан ололмай, сарсон ва саргардон бўлади.

Яна бир қараса банк ҳисобидаги пули – ҳокимнинг ҳисобига ўтиб кетган бўлади.

Энди ҳокимнинг топшириғини бажаришдан ўзга иложи қолмайди.

Буни Ўзбекистондаги фермерлар юз фоиз тасдиқлашига аминман…

 

8.

Лекин бизда ҳукуматдагилар буни ё тушунишмайди ёки тушунишни атай исташмайди.

Шунинг учун ҳам қишлоқ хўжалигидаги барча офат ва кўргиликларни қурғоқчилик номига ёзиб  – “списать” қилиб, ўзлари сувдан қуруқ чиқиб кетаверишади…

 

9.

Бу йил Ўзбекистон лалмикор ерларининг асосий қисмида қирғоқчилик ҳукмрон.

Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги лалмикор ерларнинг аллақачон “чанги чиқиб” бўлди.

Фақатгина Жиззах ва Самарқанд вилоятларининг тоғ олди районларидаги лалмикор ерлардан умид сақлаш мумкин бўлиб турибди.

Бироқ ҳафта ё  ўн кун ичида бу вилоятларда ҳам етарли намгарчилик бўлмаса, Ўзбекистонда бу йилги лалмикор экинлар мутлақо бой берилади.

Бу эса – шундоғам оғир аҳволда бўлган Ўзбекистон чорвачилиги бундан ҳам оғирроқ аҳволга тушади деган гап…

 

10.

Ҳар йили ёз олдида чорвачилик маҳсулотларининг бир мунча арзонлашгани сезиларди.

Бу йил эса аксинча.

Чорвачилик маҳсулотларининг нархи тобора кўкка қараб бўй чўзмоқда.

Тошкент бозорларида гўшт – 25 000 сўм, сўпермаркетларда – 35 000 сўмга қадар ўсиб бормоқда.

Бироқ  ўзбек мафиясининг бош штаби бўлган – Ўзбекистон ҳукуматида хотиржамлик.

Шавкат Мирзиёевнинг кайфияти аъло, унинг тақдиридан миннатдор ва масрур чеҳрасига боқиб, ҳеч қандай ташвиш ва хавотир сезмайсиз…

 

11.

Яқинда  Ўзбекистон ҳукумати жорий йилнинг  биринчи чорагида “Республика ижтимоий иқтисодий ривожланиши якунлари ва унинг “юксалиш одимлари”га юксак баҳо берди.

Бош вазир маърўзасидан иқтибос:

“Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатда ялпи ички маҳсулот ўсиши 7,5 фоизга етди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6.2 фоизга кўпайди.”

Ажабо, кўкламда бутун қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши – “ўлган”, бозорлар эса – гуриллаб ёнган бир пайтда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6.2 фоизга кўпайишини қандай баҳолаш мумкин?

 

12.

Ўзбекистон ҳукумати ичидаги мафия омон бўлса – ҳар қандай “ўсишлар” ҳақидаги фоизларни ясаш ҳеч гап эмас экан.

Лекин ўзбек ҳукумати бир нарсага ожиз – ҳар кўкламда лалмикор ерлар устида ёмғир ёғдириш ёки қурғоқчиликнинг олдини оладиган агротехник чора тадбирлар ўтказишга йўл ва имкон тополмайди.

Оқибатда – нарх наволар ошаверади, бозорлар – ёнаверади…

 

13.

Ўзбекистон ҳукумати эса, Бош вазир маърўзасида келтирилгандек – ўсишлар ҳақида фоизлар ясашдан чарчамайди.

Бу эса – ўз йўлига ўзи чоҳ қазишдан бошқа нарса эмас.

Мафия омон бўлса – бу ҳукумат ўзи қазган чоҳга қулаши шубҳасиз.

Бунга менинг ишончим комил!

 

25 май, 2014 йил, 

Торонто шаҳри, Канада.

"3" Comments
  1. И.Хушевнинг чиқишларини доимо кузатаман.
    Бу мақоласи эса менда бошқачароқ таъсурот қолдирди.
    Ўзим 15 йилча лалми шароитда (Ғаллаорол ва Зоминда)чорванинг табий озуқа базасини яхшилаш борасида илмий иш қилганман. Баҳор камёмғир келиб, бунинг устига ҳарорат юқори келса, чорванинг баҳор ва ёзги озуқаси бўлган эфемер ва эфемероидлар куйиб кетади.
    Ўзим агрохимик (ўғитлар бўйича мутахасис) бўлганим учун унинг ўғитларни ишлатиш ва агротехника борасидаги тавсиялари мен учун кутилмаган ва қизиқ бўлди.

  2. Халкимиз жиддий узгаришларни йиллаб кутиб колишмокда. Ислом Абдуганиевич ушбу беъмани ишлардан хабари булмаган булса, ихоталаб ташланган булсалар, мана бугунги кунларда имкони илгариги даврлардагидан анча яхшиланди. МХХ рахбарияти хам халкига душман булмаса керак, шуларни хисобга олган холда, узигача етиб келаётган хабарларни текшириш имкони бор деб уйлайман. Президентликда колиш имкони бор, аммо лекин халк мехри ишончини, тарихдаги урнини белгилаш, уз номини оклаш учун бу энг сунгги имкон! МХХ учун хам!!!

  3. Офарин, Исмат ака! Битта маколада бутун Узбекистон хукуматининг бугунги башарасини аник-тиник килиб очиб ташлабсиз. Бизнинг жуда куп казоларимиз 2015 йил сайловида албатта Мирзиёев Президент булади деб, куплаб номакбул ишларни амалга оширишиб улгуришди шекилли. Менга келган хабарларга караганда, Буритош Мустафоев ва гурухи шунга катта умид боглашган, Лангар масаласида хам 2012 йил, Мирзиёев келади дейишиб, таъмирлаш ишларини бошлашган ва 4 ой утмасдан чала ташлашиб кетишган экан. Тилини топишган шекилли!!!

Leave a Reply
*