Menu
Categories
Ижодни кўнгил иши деб билган ёзувчи… (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
05/31/2014 Адабиёт

Ижодни кўнгил иши деб билган ёзувчи…

 

Камола БОЛТАБОЕВА

Навбатдаги суҳбатдошимиз, ардоқли ёзувчимизнинг рафиқалари – адабиёт фанидан сабоқ беришни менга ўргатган, заҳматкаш устозим, халқ таълими аълочиси Ўлмас опа Ҳошимова бўладилар.

Улар билан Ўткир Ҳошимовнинг биз билган ва билмаган қирралари ҳақида суҳбатлашдик.

Ўлмас опани ўн беш йилдан ортиқ биламан. Ҳар доим устознинг бўладиган дарсларини орзиқиб кутардик. Ўлмас опадан нафақат улар ерадиган сабоқни, балки нутқ маданияти, одамлар орасида ўзини тута билиш маданияти, муомала сирларини ўрганганмиз.

Биз- ўша пайтдаги бўлажак ўқитувчилар “Қани эди, Ўлмас опадек ҳар тарафлама бўлсак”,ғ деб орзу қилардик ва ҳаракат қилардик. Чунки Ўлмас опадек дилкаш, сирдош ўқитувчиларимиз биз учун ниҳоятда кам эди.

У киши урушсалар ҳам “Қизимжон…” дея лабларида ним табассум билан маслаҳат бериш оҳангида уришар ва ҳар доим , ҳа, ҳар доим якуний хулоса чиқариб беришни ўзимизга қўйиб берардилар.

Истеъдодли ёзувчи Ўткир Хошимов умр йўлдшлари Ўлмас опа билан…

Бизнинг Ўлмас опамиз мана шундай гўзал, дилбар аёллар.

– Ёзувчининг умр йўлдоши бўлиш осон эмас. Бу қисматни танлаган аёл ёзувчининг эгни-боши, ош-овқатига қарабгина қолмай, ижод изтироблари, қувончларига ҳам шерик бўлади. Ўткир ака билан биргаликда босиб ўтган ҳаёт йўлингиз ҳақида биз ёшларга сўзлаб берсангиз.
Ўлмас опа Ҳошимова:

– Улуғ ёзувчи Абдулла Қодирий ҳаётига оид бир воқеа ҳақида кўп ёзилган. Адиб одатда, ўз асарларини қиш палласида ёзар экан. Кунлардан бир кун ёзувчининг умр йўлдоши уйга кирса, Қодирий домла йиғлаб ўтирганмиш. Аёли: “Сизга нима бўлди?” – деса, Қодирий: “Кумуш ўлиб қолди!” – деган экан.

Адабиётдан узоқ одам учун бу – афсона бўлиб туюлиши мумкин. Лекин ижод жараёнидан озми-кўпми хабардор одам бу – айни ҳақиқат эканига шубҳа қилмайди…

Ўткир Ҳошимов билан турмуш қурганимизга қирқ йил бўлди. Худога шукур, ўғил-қизли, қўша-қўша набирали ҳам бўлдик… Турмушимиз байрамдан иборат бўлди, десам, рост гапирган бўл-майман. Ҳаёт қувончларини ҳам кўрдик, ташвишларини ҳам…

Мана қирқ йилдирки, ижодий меҳнат нақадар машаққатли ва масъулиятли жараён эканига гувоҳ бўлиб келаяпман…

Олтмишинчи йилларда адабиётга кириб келган Ўлмас Умарбеков, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Худойберди Тўхтабоев, Шукур Холмирзаев, Учқун Назаров, Неъмат Аминов каби истеъдодли шоир ва ёзувчилар ижод оламига янги ҳаво олиб киргандек бўлдилар, нуқул сиёсатни эмас, Инсонни тасвирлайди-ган асарлар дунёга кела бошлади.

Энди билсак, бунинг сабаби, бир томондан Хрушчёв замонида пайдо бўлган ҳийла эркин фикрлаш бўлса, иккинчи томондан бу ижодкорларнинг кўпчилиги Тошкент Давлат университетида таҳсил кўрган, улар чуқур билимли, ҳақгўй, талабчан устозларнинг сабоғини олган эканлар. Шундай шогирд-лар қаторида Ўткир Ҳошимов ҳам бор эди…

Биринчи китоби учин-чи курса ўқиётганида чоп этилган, биринчи йирик бадиий асари устоз адиблар таҳсинига сазовор бўлган талабалар унчалик кўп бўлмайди. Ўткир Ҳошимов эса шундай талаба эди. Унинг “Чўл ҳавоси” деган биринчи қиссаси талабалар орасида машҳур бўлиб кетди.

Ёзувчининг кейинги қирқ йил давомида яратган асарлари қандай туғилганига гувоҳман.

– Янги асар яратиш жараёни ардоқли адибимиз Ўткир Ҳошимовда қай тарзда юз беради?

Ўлмас опа Ҳошимова:

– Янги асар ёзиш пайтида адиб хаёлчан, бир қадар тажанг бўлиб қолади. Кечами-кундузми ҳамма нарсани унутиб, ёзади. Лекин асар битмагунча ҳеч кимга кўрсатмайди. Биз ҳам ёзувчи ишлаётган пайтда безовта қилмаймиз, нима ёзилаётганини ҳам сўрамаймиз (оилада шундай тартиб бор). Адиб ёзганидан ўзининг кўнгли тўлса, чеҳраси очилиб, бизга беради. Шу тариқа оила аъзолари – фар-зандлар ҳам қўлёзмани биринчи бўлиб ўқиймиз. Асар ҳақида ай-тилган фикрларни муаллиф оғринмай қабул қилади. Сўнг деярли барча асарлар Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Иброҳим Ғофуров, Абдуғофур Расулов, Носир Фозилов, Тўлқин Расулов (худо у кишини раҳмат қилсин) каби устоз ва дўстлари назаридан ўтказилган.

Башарти асар муаллифнинг ўзига ёқмаса-чи? Бундай ҳоллар бир неча марта бўлган. Адиб қўлёзмани йиртиб, ёқиб ташлаган (баъ-зан ҳатто матбуотда янги асардан парчалар босилгандан кейин ҳам).

Бадиий асар катта ҳаяжон билан, шавқ билан ёзилиши керак. Бу ҳақда ёзувчи бундай дейди: “Китоб ёзаётган қаламкаш ҳаяжони китоб ёқиётган ўқувчи ҳаяжонидан ўн карра кучлироқ бўлади. Ки-тоб ўқиётганингизда жиндай табассум қилсангиз, билингки, ўша саҳифаларни қаламкаш росмана кулиб ёзган. Китоб ўқиётганин-гизда кўзингизга бир қатра ёш келса, билингки, қаламкаш ўша са-ҳифаларни росмана йиғлаб ёзган”.

1982 йили Пицундага бордик. Ёзувчилар ижодий уйидан хона беришди. Мен болаларни денгизга олиб бораман. Адаси деярли хонадон чиқмай ишлайдилар… Орадан ўн кунлар ўтди. Бир гал хонага қайтсак, ёзган нарсаларини йиртиб ташлаяптилар. “Хай-ҳайлаб” бир қисмини олиб қолдим. Қўлёзма сарлавҳасини шунда кўрдим. “Эртага – куз”. Юз бетлар ёзилган экан, деярли ҳаммаси йиртилиб бўпти…

– Нега ундай қилдингиз? – десам, қўл силтадилар.

– Бўлмайди! Сиғмаяпти! Хом!

Қўлёзманинг омон қолган саҳифаларини ўқиб кўрсам, бино-йидек… Нима “бўлмагани”, нима “хом”лигини орадан икки йил ўтгач, “Икки эшик ораси” романи қоғозга тушганидан сўнг англа-дим. “Икки эшик ораси”дек салмоқли, фалсафий, психологик ро-ман аввалги услубга ҳам, қолип (композиция)га ҳам сиғиши мум-кин эмас экан…

“Икки эшик ораси” романи минглаб ўзбек хонадонларига ки-риб борди. Деярли уч юз минг нусхада ўн марта нашр этилди. Бошқа тилларга таржима қилинди.

Дарсликлар ва ўқув дастурларига киритилди…

“Тушда кечган умрлар” романининг дунёга келиш тарихи ҳам ўзига хос. 1991 йили Ў.Ҳошимов таваллудининг 50 ёши нишон-ланди. Ўша оқшом Президентимиз адибга табрик йўллаганлари биз учун унутилмас воқеа бўлди. Шу арафада адибнинг устозларидан бири – Умарали Норматов шогирдга жўяли маслаҳат бердилар:

– Одатда, ижодкорлар ўз тўйига янги асар билан келади. Сиз ҳам янги асар ёзинг!

Адиб Умарали аканинг шу таклифини айтганларида севиниб кетдим.

– Домла тўғри айтибдилар, – дедим. – Ҳамма ижодкорлар шун-дай қилади. Сиз бўлсангиз анчадан буён каттароқ асар ёзганингиз йўқ.
Гапим негадир ёзувчига ёқмади.

– Бошқалар нима қилса ўзининг иши. Мен кучаниб ёзмайман! Асар туғилгиси келса ўзи туғилади.

Орадан кўп ўтмай, адиб бетоб бўлиб қолди. Шифохонага ётдик. Дўхтирлар операцияни қиламиз, деб тиқилинч қилади, адаси кўнмайдилар… Кеч куз эди. Бир оқшом адаси балконга чиқиб, узоқ ҳаяллаб қолдилар. Изиллаб шамол эсиб турибди. Жоним ҳалак бўлиб, ичкари киринг, дегим келадию, ийманаман…

Бир маҳал ўзлари палатага кириб, “қоғоз борми?! деб сўра-дилар. Касалхонада қоғоз нима қилсин? Шу кеча шифохона пала-тасида тонг отгунга қадар чироқ ёниб чиқди. Эрталаб тутунга тў-либ кетган хонага кирган дўхтир койиди:

– Ўзингиз бу аҳволда бўлсангиз, устига-устак босиб чекавер-сангиз, нима, жонингизда қасдингиз борми?

Дўхтир чиқиб кетиши билан адиб ўз қарорини айтди.
– Уйга кетамиз.

Уйга қайтишга қайтдик, лекин асар ёзиш тағин орқага сурилди. Орада сафар чиқиб қолди. Иброҳим Ғафуров, Дадахон Нурий, Аҳмаджон Мелибоевни чет элга хизмат сафарига юборадиган бўлишибди. Ў.Ҳошимов сафарга боришни асло хоҳламас эди.

– Шу, сафарга мендан бошқа одам борса бўлмасмикан?!

Йўлдан қолишнинг иложи бўлмади. Орадан анча ўтиб, “Тушда кечган умрлар” романи эълон қилингач, китобхонлар билан учра-шувларнинг бирида Иброҳим ака чет эл сафари ёзувчига асло татимаганини айтиб бердилар: “Ўткиржон, сафарда юрдию, чамаси ҳеч нимани кўргани йўқ. Фикри-зикри бошқа ерда эди. Кейин бил-сам, роман ёзаётган экан…”
Сафардан қайтиши билан адиб деярли кеча-кундуз тўхтовсиз ишлаб, романнинг илк вариантини бир ойнинг нари-берисида ёзди. Асарда қандайдир мунгли руҳ сезилиб турар, унинг биринчи жумласи эса бундай бошланар эди: “Куз – ўлим тўшагида ётган беморга ўхшайди. Оёқ остида касалманд хазонлар инграйди”. Бу – ўша кеч куз оқшоми ёзувчи касалхона балконига чиқиб кузатган манзара бўлса ажаб эмас…

Бу романнинг қисмати ҳам ёруғ бўлди. Кўп марта нашр этилди, бошқа тилларга таржима қилинди… Агар Мустақиллик бўлмаса, бу асар дунё юзини кўрмаслиги аниқ эди. Негаки, унда мустабид тузум фош қилиб ташланган. Худо асрасин, собиқ шўро тузуми бўл-са, бу роман учун ёзувчи мислсиз балоларга қолиши мумкин эди.

– Устоз, боя ўзингиз таъкидлаб ўтдингиз. Абдулла Қодирий Кумушнинг ўлими тасвирлаш жараёнида кучли изтироб чекканлар. “Дунёнинг ишлари” қиссасини ўқиётган инсоннинг кўзида беихтиёр ёш қалқийди. “Дунёнинг ишлари” ўзбек оналари ҳақида яратилган гўзал асар ҳисобланади. Асарнинг ёзилиш жараёни ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

Ўлмас опа Ҳошимова:

– 1980 йили ойимлар (қайнонам) тўсатдан вафот этдилар (Худо раҳмат қилгур хоксор, меҳрибон ва доно аёл эдилар). “Дунёнинг ишлари” китобида Она қиёфаси айнан тасвирланган. Адиб бу жу-доликдан жуда қаттиқ изтиробга тушди. Шусиз ҳам ўта таъсирчан одам янада маъюс, ҳаёлчан бўлиб қолди. Охири Абдуғафур Расулов, Баҳодир Ғуломов (домланинг жойлари жаннатда бўлсин) билан маслаҳатлашиб, Сижжакка – Опоқ хўжа ака деган эски қадр-донлариникига чиқиб кетишди. “Дунёнинг ишлари” китобининг дастлабки боблари ўша ерда ёзилган. Адибнинг ўзи таъкидлашича, бунга Абдуғафур ака даъват қилганлар. “Бошқаларда йўқ имконият сизда бор-ку, ўзингиз ҳис этаётган шу изтиробларни қоғозга ту-ширсангиз, бир томондан, дардингиз енгиллашади, иккинчидан, холамларнинг руҳини шод қилган бўласиз”.

“Дунёнинг ишлари” бошқа асарларга ўхшаб тез ва шиддат билан ёзилгани йўқ. Ҳар бир ҳикоя мустақил асар сифатида ту-ғилган. Аммо уларнинг ҳаммасида Она образи бор. Бу китобнинг дунёга келишида атоқли шоира Зулфия опанинг катта ҳиссаси бор. Адиб бўлажак китобнинг биринчи бобларини “Саодат” журналига олиб борганида Зулфия опа бу жуда яхши асар бўлишини таъ-кидлаб, уни давом эттириш кераклигини, журнал эса китобни сонма-сон босиб боришини айтган эканлар. Бу ҳақда муаллиф ўз мақоласида ёзган… Шундай қилиб китоб бир йилдан ортиқ муд-датда дунёга келди. Унинг энг охирги саҳифаси қандай туғилгани ҳамон кўз ўнгимда турибди. Баҳор эди. Кечаси гумбирлаган товуш-дан уйғониб кетдим. Момақалдироқ бўлаётган экан. Қарасам, хо-нада адаси йўқлар. Айвонга чиқдим. Соат тўртдан ўтибди. Нариги хона эшигидан чироқ нури тушиб турибди. Киришга тортиндим. Чой қўйдим. Анча иккиланиб туриб, эшик олдига келдим. Секин ичкарига кириб яқин бордим. Қарасам, адиб унсиз йиғлаяпти… Қўрқиб кетдим. “Нима бўлди?” – десам, индамай чиқиб кетдилар… Кўз ёши томган саҳифаларни беихтиёр ўқидим. Ўқиб, йиғлаб юбордим. Бу – “Илтижо” деган боб эди. Мана ўша боб:
“Ойи мен келдим… Эшитяпсизми, ойи, мен яна келдим…

Қаранг, ойи, тағин кўклам кирди. Эсингиздами, ҳар йили баҳор кириши билан Сизни далага олиб чиқардим. Сиз чарақлаган офтобни, тиниқ осмонни, кўм-кўк майсаларни кўриб қувонардингиз. Эсингиздами, невараларингиз териб келган бойчечакларни кўзин-гизга суртиб, “омонлик-сомонлик” қилардингиз…

Бугун… ўзингизнинг устингиздан бойчечак ўсиб чиқибди… Йўқ, йўқ, ойижон… йиғлаётганим йўқ. Биламан, мен йиғласам, сиз безовта бўласиз… Ҳозир… ҳозир ўтиб кетади. Мана бўлди…

Эрталаб-чи, ойи, ёмғир ёғди. Қаттиқ ёмғир ёғди. Сиз баҳор ёмғирини яхши кўрардингиз… Кейин офтоб чиқиб кетди. Қаранг, офтоб чарақлаб ётибди… Эсингиздами, сиз менга офтоб ҳақида чўпчак айтиб берар эдингиз. Ўша офтоб чарақлаб ётибди… Кўраяпсизми…

Эсингиздами, ойи, сиз укамга алла айтардингиз. Мен алланинг оҳангига маст бўлиб ухлаб қолардим. Ўша бешикда мен ҳам ётганман. Аллангиздан мен ҳам ором олганман. Нима қилай, ойи, мен алла айтишни билмайман. Қабрингизни силаб қўйсам ором ола-сизми… Мана, ойижон, мана… Йўқ, йўқ, йиғлаётганим йўқ. Ҳозир, ҳозир ўтиб кетади…”

Балки бу парчани алоҳида ўқиган китобхон унчалик ҳаяжонга тушмас. Бироқ, “Дунёнинг ишлари”ини бир бошдан ўқиб, Онани қаттиқ севиб қолган китобхон бу сатрларни ўқиганда ларзага тушмай қолмайди. “Илтижо” бобини кўзда ёш билан ёддан ўқиб берган кўплаб талаба ва ўқувчиларни кўрдим. Дарвоқе, “Икки эшик ораси” романининг “Зилзила”, “Тушда кечган умрлар” романинг “Оппоқ-оппоқ қорлар ёғди” бобини ларзага тушиб, ёдаки ўқиган китобхонлар ҳам оз эмас. Балки муаллифнинг ўзи уларни росмана йиғлаб ёзгани учун ҳам шундайдир. Нима бўлганда ҳам адиблар йиғиси ўқувчининг қалбига нур олиб киради. Ёзувчилик қисмати шундай бўлса керак эҳтимол.

– Ҳурматли ёзувчимизнинг асардаги воқеаларни, улардаги персонажлар, деталларни тасвирлаб беришлари ниҳоятда ишонарли чиқади. Айниқса, аёллар психологиясини маҳорат билан очиб берадилар. Бунинг асосий сабаби нимада?

Ўлмас опа Ҳошимова:

– Адиб ҳар бир сўз, ҳар битта детал устида диққат билан ишлашни одат қилган. Бир воқеа эсимдан чиқмайди. “Дунёнинг ишлари”да Ача хола деган лўли тасвирланган. Бир куни ёзувчи Ача холани болалигида кўп кўргани, фол очганини ҳам томоша қилгани, аммо фол пайтида ишлатадиган, ҳозирги нарда ўйинидаги саккиз қиррали тошга ўхшайдиган нарсанинг номи нималигини билолмаётганлигини, асар тўхтаб қолганлигини айтди.

Тош қурғур нима деб аталишини билиш шарт! Ўйлаб-ўйлаб лўлига фол очтирадиган бўлдик. Чорсу бозорининг кираверишида лўлилар ўтирар эди. Албатта, ёзувчини кўплар танийди. Фалончи фол очтириб ўтирибди, деган гап унчалик чиройли эмас. Хуллас, бозорга икковлашиб борадиган бўлдик. Фол очира бошладик. Лўли бир балоларни айта бошлаган эди, адаси хуржунингда тош борми, ўша билан очасан, дедилар. Лўли кичкина, саккиз қиррали тош чиқарди. Ёзувчи, бунинг оти нима, деб сўраган эди, лўли фалон сўм берсанг айтаман, деди. Керакли пулни олгач, бунинг отини муҳра дейдилар, деди.

Шундай қилиб ёзувчи болалигида кўрган сеҳрли тошнинг номи муҳра эканини билиб олгач, “Менинг Ача холам” боби чала қолган жойидан давом этди. Тошнинг номини топиш шартмиди, деб сўрасам, бадиий асарда, айниқса, насрий асарда ҳамма нарса аниқ бўлиши шарт, мана энди китобни лўли хотинлар ўқиса, менинг устимдан кулмайди, деб гапни ҳазилга бурдилар.

Ҳар биримиз севган ижодкорларимизнинг ҳаётидаги номаълум бўлган, ой сингари ҳали кашф қилинмаган, инсоний қирралари ҳақида билгимиз келади. Ижодкор асарларини мутолаа қилар эканмиз, албатта олган таассуротларимизни ўша ижодкор руҳияти билан таққослашга ҳаракат қиламиз. Мана шу таассуротлар асар ижодкори ва ўқувчини бир-бирига боғлаб турувчи ришта вазифасини ўтаса не ажаб.

Эс севган адиб Ўткир Ҳошимов ўзининг 70 йиллик таваллуди муносабати билан “MUMTOZ SO’Z” нашриётида “Ўткир Ҳошимов замондошлар наздида” дея номланган китоб чоп этилди (нашрга тайёрловчи Ҳ.Болтабоев).

Ушбу китобда адиб ҳақида Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Примқул Қодиров, Матёқуб Қўшжонов, Эркин Воҳидов, Умарали Норматов каби ижод усталарининг фикрлари ўрин олган. Шунингдек, серқирра адиб ижодиий фаолиятининг турли жиҳатлар мунаққид ва адабиётшунослар томонидан ёритиб берилган. “Ўткир Ҳошимов ижодида майинлик, нафосат бор. Айниқса, муҳаббат мавзусидаги асарларида инсон туйғулари жуда мулойимлик, нафислик билан чизилади. Бу жиҳатдан адибни прозанинг шоири деса бўлади…” (Эркин Воҳидов)

Китобхонни тарбиялаш, унинг дидини ўстириш ва маънавиятини бойитиш ҳар бир ижодкорнинг вазифасидир. Ўткир Ҳошимов ўз ижоди ҳақида: “Китобдаги қувонч ва изтиробларни ўқувчи ўзиники деб қабул қилсагина, ўша ҳақиқий асардир” деб ёзган эди. Бу фикрни бевосита севикли адибимиз асарларига қарата ҳам айтиш мумкин.

Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида 70 ёшни қаршилаган Ўткир Ҳошимов ижодий фаолиятининг сарҳисоби, десак адашмаган бўламиз. Китоб адабиёт ихлосмандлари кўнгил жавонидан муносиб ўрин олишига ишонамиз.

Ўткир Хошимов қизи билан

Камола БОЛТАБОЕВА

Манба: http://uforum.uz

Leave a Reply
*