Menu
Categories
Аҳмад ҳожи Хоразмий: Олимнинг қисмати (Автобиографик қисса) XIV-Боб
06/15/2014 Аҳмад ҳожи Хоразмий: “Олимнинг қисмати” (автобиографик қисса)

Хоразмий шоҳдек турибди

XIV-Боб
Олимнинг спорт ва санъатдаги фаолияти

14.1. Спорт – ирсият билан ўтган

Муҳаммаднинг спортга қизиқиши ирсият билан боғлиқ бўлиб, отасидан ўтган бўлса ажаб эмас. Отаси Хасан бобо номдор полвон бўлмаган бўлсада, Хоразмда, Қорақалпоғистонда, Туркманистонда ва Тожикистонда кўп йиллар катта тўйу-тадбирларда кураш тушиб байроқ (қўй) ҳам олиб юрган.
Муҳаммад жуда ёшлигидан спортнинг кўпчилик турларига қизиққан. Ўрта мактабни битириш кезларида 173 см баландликка, 540 см узоқликка сакраб, район ўқувчилари орасида рекорд ўрнатган. Янглишмасам унинг ўрнатган рекордига ҳозиргача ҳам ҳеч ким етмади.
Ҳар хил масофага югуриш бўйича ҳам мактабида биринчи эди. Волейболда команда капитани, футболда эса – темир дарвозобон, деб ном чиқарган. Шахмат бўйича иккинчи, шашка бўйича биринчи разряд эгаси бўлиб район чемпиони бўлган. Боксда, айниқса, сузишда яхши натижалар кўрсатган.
Курашга, айниқса оғир атлетикага қизиқиши ниҳоятда кучли бўлган. Муҳаммаднинг ўзи, акаси Ўринбой, укаси Шокиржон, ўғиллари Ойбек ва Улуғбеклар ҳам кураш тушганда ўз тенгқурларидан бирон марта йиқилмаган.
Унинг тўнғич ўғли Ойбек талабалик даврида, Тошкентдаги сайилгоҳда жойлашган куч синайдиган қурулмаларда ўз кучини кўрсатиб ҳаммани қойил қолдирганининг гувоҳи бўлишган кўпчилик.
Ойбек билан Россияда мардикорлик қилганларнинг айтишича, Волгоградда ишлаган пайтларида, ўзидан анча гавдали ва оғир вазнли йигитларнида курашда ағдариб ташлар экан. Шу боис барчадан доля (ўлпон) йиғадиган маҳаллий (рус) рэкэтлар Ойбекдан доля (пул) олаолмас экан.
Кенжа ўғли Улуғбек ёшлигида каратэга қизиққан ва ҳалқаро мусобоқада чемпион бўлиб олтин медал олган (сурат-1). Ангиляда юқори синфда ўқиётганда безорилар билан муштлашиб, бирнеча дақиқа ичида 3-4 безорини ер тишлатган ва бу ҳақда “Стокпорт янгиликлари”, газетасида ҳам ёзишган. Хозирда Улуғбек оғир атлетика клубида шуғулланиб отасининг ўрнини босиш арафасида
Муҳаммаднинг паҳлавонликка қизиқиши, уларнинг қишлоғига машҳур ўзбек паҳлавони Тўланбой Қурбоновнинг келиб чиқишлар қилганидан бошланади. Ўшанда (1962 йилда) 14 ёшли Муҳаммад Тўланбой паҳлавонга шогирд тушиш истагини билдиради.
Ундаги паҳлавонликга бўлган иштиёқ ва қобилиятни кўрган Тўланбой Қурбонов унга ўзи ёзган “Паҳлавон бўлиш сирлари” номли китобчасини бериб, шу китоб асосида машқлар қилишни тайинлайди ва мактабни битиргандан кейин менинг олдимга Тошкентга боргин, деб адресинида беради.

У 1962 йил ёзидан, паҳлавонликдаги устозининг тавсияси асосида тинимсиз машқлар қилабошлайди. 1963 йилнинг кузига келиб 15 ёшли Муҳаммад 2 пуд(32 кг)лик тошни бир қўлида 4-5 марта кўтарадиган бўлади. Тўйлардаги курашларда нафақат тенқурлари, ҳатто катталар ҳам у билан беллаша олмай қолишади.
Афсуски, унинг бу борадаги муваффақиатлари узоққа чўзилмайди. 1963 йил 18- сентябрда, далада ишлаётганида йиқилиб, ўнг қўлининг суяги қаттиқ жароҳатланади ва ўша еридан суяк емирилиши (остеомелит) бошланади. Касалхонадан чиққан куниёқ оғир тошларни кўтариб машқ қилишга киришади ва ҳали тўла тузалмаган ўша қўли яна синади. Шу тариқа бу қўли 3 йилда 6 марта операция қилинади, лекин тузалмайди.

Қизиғи шундаки, у касалхонада ётганда ҳам жисмоний машқ қилишдан тўхтамайди. Врачлар ўша қўлида 5 кг дан ортиқ юк кўтармаслигини тайинлаб уни 3-чи гуруҳ ногиронлик нафақасига чиқаришади. Шундай бўлсада у оғир тошлар билан машқ қилишдан тўхтамайди. Бечора ногирон қўлининг эса унинг темир иродасига бўйсунишдан бошқа чораси қолмайди.
1967 йилга келиб ўша ногирон ўнг қўлида 2 эмас, 3 пуд(48кг)лик тошни кўтарадиган бўлади. Ўша йили ёзда тупроқшунослик ва агрохимия мутахассислиги бўйича Тошкент Давлат Университетига ўқишга кириш учун ҳужжат топширади. Лекин Университет тиббиёт комиссияси унинг 6 марта операция қилинавериб дабдалага ўхшаб кетган ўнг қўлини кўрган захотиёқ “бу ногирон” деб уни комиссиядан ўтказишмайди.

Тиббиёт комиссияси қароридан норози бўлган Муҳаммад, қабул комиссияси раиси, Университет ректори, академик Саъди Сирожиддиновга ариза билан мурожат қилади. Ректорнинг аризага кўзи тушибоқ, Ё.Насриддинова томонидан йўлланган «Ҳужжатларини зудлик билан қабул қилинг» деган хат эсига тушади.
Ректор Университет тиббий комиссиясига, Муҳаммадни тиббий кўрикдан, қабул комиссияси маъсул котиби иштирогида қайтадан ўтказиш бўйича кўрсатма беради. Қабул комиссияси маъсул котибига эса: -Эсингиздами, бу йигитчанинг таёрлов курсига ҳужжатларни қабул қилишни Ёдгора Насриддинованинг шахсан ўзи тайинлаганди – деб тиббий комиссияда диққатли бўлишни тайинлайди.
Тиббий комиссияси аъзоси, жаррох-травмотолог Галина Васильевна сўз олиб: -Унинг танлаган мутахассислигида тупроқ билан боғлиқ дала ишлари бор. Унинг ногирон ўнг қўли ундай ишларни қилишга ярамайди – деб унинг 6 марта операция қилинавериб тешилмаган ва кесилмаган жойи қолмаган ўнг қўлини ялонғачлаб барчага кўрсатади. Комиссия аъзолари бир овоздан “Вой бўй!” деганларича врачни маъқуллашади.

Шундоғ ҳам умидсизланиб қолган Муҳаммад сўз олиб: -Мен доктор опанинг фикрига рози эмасман, бу қўлим ногирон эмас, аксинча бу қўлим 3 пудлик тошнида кўтара олади – деб ҳамманинг кинояли кулгисига қолади. Ва: -Майли охирги илтимосим, доктор опа қўлини берсин, мен шу сизлар ногирон деган қўлим билан унинг қўлини қисай. Агар доктор менинг қисишимга чидаб берса мен сизларнинг қарорингизга розиман,-дейди.

Шунда Галина Васильевна беписандлик билан: -Фуф, пожалуйста – деб қўлини Муҳаммадга беради. У докторнинг нозиккина қўлини «ногирон» қўлининг кафтига жойлаштириб, комиссия аъзоларига: -Қисаверайми? – деган ишора билан юзланади. Комиссия аъзолари: -Бошланг – деган ишорани беради ва барча нафасини ютганича бу иккита қисадиган ва қисиладиган қўлларга тикилишади.

Бу дақиқаларда Муҳаммаднинг ҳаёт-мамоти ҳал бўлаётганидан бўлса керакки, унинг юрак уриши тезлашади, кўзлари хиёл каттайиб, чуқур нафас олаётиб: -Ё Полвон Пир! – (13-асрда Хоразмда яшаган афсонавий паҳлавон ва жувонмардия тариқати сўфийси) деганича докторнинг қўлини шундай қисадики, Галина Васильевна: -Ма-ма а а!!! – деб чинқирганича тик турган ҳолида, оғриққа чидай олмай сийиб юборди.
Кўришсаки, докторнинг кўрсаткич бармоғи жойидан чиқиб қийшайиб қолган, кичкина бармоғи эса икки жойидан синиб кетган. Бу ҳақда Университет газетасида “Майиб (ногирон) қўлнинг қудрати” сарлавҳаси остида каттагина мақола ҳам босилди.

Шундай қилиб, Муҳаммад Университет талабаси бўлади ва Тўланбой Қурбоновни Тошкентнинг “Чақар” маҳалласидан топиб олди. Ўзида шу маҳалладан уй (квартира) олиб устози раҳбарлигида машқларни давом қилдирди. Тўланбой Қурбоновнинг тўй ва тадбирлардаги чиқишларида иштирок қилди ва ўзи ҳам 2-3 та номерлар кўрсатиб ҳалқнинг олқишини олабошлайди.
Қорнининг пресси (мускули) ниҳоятда қаттиқ эканлиги боис, устози Тўланбой Қурбонов тавсияси билан қорнида бирнеча одамни кўтариш, қорнига мушт билан урдириш, ҳатто қорнига турли хил катта-кичик пичоқлар қадатиш каби номерларни ҳам кўрсатган.
Муҳаммаднинг қорнига урилган пичоқларнинг қийшайиб қолган, ҳатто синиб кетган ҳолатларида томошобинлар қўрқувдан додлаб юборган вақтлари ҳам кўп бўлган. Тошкентнинг “Чақар” маҳалласидаги бир тўйда, Муҳаммаднинг қорнига қадалган пўлат пичоқ “шарақ!” қилиб синиб кетганида, унга яқин ўтирган ҳомиладор битта аёл: “Вой дод!”, деганича тўйда туғиб қўйган.
Тўйда туғулган у чақалоққа Тўланбой Қурбонов бошлиқ полвонларнинг чиқишлари таъсирида туғулгани боис “Полвон” деб ном қўйишган. Бу ҳолатларни Тошкентнинг “Чақар” ва “Олмазор” маҳалласи аҳли ҳозиргачада яхши эслашади.
Томошобинлар ҳам анойи эмас, полвоннинг қорнига қадаладиган пичоқларни обдон текширишади. Ҳар бир спортда бўлгани каби, қоринга пичоқ қадатишнинг ҳам ўз сир асрорлари бор. Булардан воқиф бўлмаган одам бундай номерни кўрсатадиган бўлса қорни қанчалик пресс бўлсада пичоқ қорнига кириб кетиши турган гап.
Томошобинлар кўригидан ўтган пичоқни тўй ёки тадбирнинг истаган бир иштирокчиси полвоннинг қорнига қадайди. Полвон эса у одамнинг пичоқли қўли устидан икки қўли билан тутганича пичоқ қадаётган одам билан биргалашиб ўз қорнига пичоқни зарб билан тортади.
Анашу пайтда (пичоқни қорнига тортиш жараёнида) қорнига 90 градус бурчакда қадалган пичоқни полвон сал пастроққа босиб, пичоқнинг қадалиш бурчагини 100-110 градусга ўзгартиради. Натижада пичоқ қийшайиб ёки синиб кетади.
Бундай геометрик сирни билмаган айрим шухратпараст ёшлар, полвоннинг бундай чиқишини такрорлайман деб, қорнига пичоқ кириб кетиб оламдан кўз юмганлари ҳам бўлган. Шу боис ҳам полвоннинг бундай чиқишида: -Қўрқоқ ва юраги ожиз одамлар қарамасин. Бундай номерларни устоз (тренер) рухсатисиз, ўзбошимчалик билан қилиш маън этилади – деган эълонлар такрор-такрор айтилади.
Шуниси қизиқки, унинг айрим фарзандлари ва мухлислари, Муҳаммад ҳақидаги турли хил вақтда нашр қилинган спортдаги фаолиятини ўқиб: “Ноҳатки, шу тўғри бўлса?!” деган пайтларида, Пайғамбар (63) ёшдан ошган бўлсада, ёшлигида (бундан 40-50 йил олдин) қилган спорт чиқишларини амалда айнан такрорлаб бериши (сурат-3) одамни ҳайрон қолдиради.

хоразмий спорт

1969 йили Тўланбой Қурбонов вафот қилганидан кейин, Муҳаммад паҳлавон ўз фаолиятини Университетнинг оғир атлетика клубида давом қилдиради. 1971 йили Университет полвонлари терма командаси таркибида, разрядли спортчи сифатида Харков шаҳридаги мусобоқаларда иштирок қилиб, фахрли ўринларнида олади.

Ўнг қўлида 5 кг дан ортиқ юкни кўтариш мумкин эмас, акс ҳолда қўлини ампутация қилиш (кесиб ташлаш) керак бўлади, деб уни ногиронга чиқарган врачларга: -Шу қўлида 5 эмас, 60-70 кг юкни кўтараётганига нима дейсизлар? – деган саволлар кўп бўлган.
Шунда врачлар: -Бирнеча марта синган ва 6 марта операция қилинган, суяк остемелити(емирилиши) давом қилаётган қўли билан оғир атлетика бўйича разрядли спортчи, таниқли паҳлавон бўлиш, тиббиёт илмида назарий жиҳатдан мумкин бўлмаган нарса. Лекин буни Муҳаммаднинг темир иродаси ва тинимсиз меҳнати яратган ва фавқулотда кам учрайдиган мўъжиза дейишдан бошқа жавоб йўқ – дейишади.

Муҳаммад катта олим, турли хил даражадаги раҳбар бўлиб, набира ва эварали бўлганда ҳам машқ қилишдан тўхтамайди. Чет эл(Мозамбик ва Англия)да хизмат сафарида бўлган йилларида ҳам турли-туман полвонлик номерларини кўрсатиб (сурат-2) маҳаллий ҳалқларнингда олқишини кўп марта олган.
Ўзбекистон ва Мозамбик(Африка)да кўплаган шогирд(полвон)лар етиштирган. У 60 ёшдан ошган бўлсада спортни, жисмоний меҳнатни канда қилмаётгани диққатга сазавордир.
-Спортдан ортдирган куч ва қувватим жисмоний оғир меҳнатларни қилишга, кези келганда безориларнинг додини беришга ҳам қўл келган – дейди унинг ўзи.
1976 йили, янги қурилган иморатига (укаси Юсуплар яшаётган уйлар) ишлатиш учун синфдош ва партадош дўсти Қурбондурди Матёқубовдан 200 боғ якан сотиб олиш учун борди. Қурбондурди якан учун кутилмаган шарт қўяди: -Кураш тушамиз, агар йиқилсанг яканнинг нархини икки баробарида тўлайсан. Агар дуранг бўлса, яканни ўз баҳосида оласан. Йиқсанг уни текинга олиб кетасан – дейди.
Бу синфдош дўсти аввалдан ҳам бўйи, гавдаси оғирлиги унга нисбатан анчагина катта бўлиб, бунинг устига оғир меҳнатда пишиб кетган эди. Шундай бўлсада Муҳаммад унинг шартига рози бўлади. Уч марта кураш тушадилар, учаласида ҳам Муҳаммад уни ҳалол йиқитади. -Гавда дегани бўлаверар экан, қоилман сенга – дейди-да шарт (келишув) асосида 200 боғ яканни машинага дўстининг ўзи ортиб, текинга бериб юборади.
1989 йилнинг февраль ойида олдига барзангидай иккита Қорақолпоқ йигити келади ва ишга олишини (бу пайтда Муҳаммад “Боғот” совхози директори эди) талаб қилишади. У эса, 1-2 кундан кейин келинглар, қароримни айтаман, деб уларни қайтариб юборади.
Улар ҳақида суриштириб кўрса, аввалги директор Машариф Қувақов 1985 йилда уларни ишёқмас ва безорилиги учун совхоздан ҳайдаб юборган экан. Кейин уларга ҳозирда бўш иш ўрни йўқлигини рўкач қилиб ишга олмаслигини айтди.
Эртасига кечқурун кеч соат 12 ларга яқин иш кабинетида ишлаб ўтирса ҳалиги икки йигит рухсатсиз, салом-алейксиз кириб келишади. Вино ичиб келгани шундоққина сезилиб турарди уларнинг. Оғзига келган сўзлар билан директорни ҳақорат қилабошлашди. Ёнидаги катта пичоғини кўрсатиб “ўлдирамиз”, деб дўқ қилишди. Муҳаммад: -Йигитлар тинчланинглар, майли маслаҳатлашиб кўрайлик – дегани ҳам шу эди, биттаси тумшуғига тушириб қолди. Муҳаммаднинг оғзи қонаб кетди. Иккинчиси ёқасидан тортиб, кийимларини йиртиб юборди.
Бу тўполонга шофери Ярашбой ва навбатчи-телефончи Иброхим ака пастдан югуриб чиқиб директорни ҳимоя қиладиган бўлишди. Муҳаммад уларнинг ҳимоясидан воз кечиб: -Бизни ҳоли қолдиринглар – деб талаб қилди. Улар бўлса: -Ёшулли, сизнинг битта ўзингиз, булар эса иккита ва ном чиқарган безорилар, сизни ўлдириб қўйишлари мумкин – дейишди ва ноилож чиқиб кетишди.
Булар орасидаги муштлашиш узоққа бормади, икала безори ҳам ўрнидан тураолмайдиган аҳволда ерда ётишарди. Кўп ўтмай милиционер ва бирнеча одамлар кириб келишди (телефончи хабар берган экан). Бу пайтда вақт ярим кечадан ошган эди. Муҳаммад бу безориларнинг жавобгар бўлишига, уларни қаматиб юборишга ҳаракат қилмади, йигитликда бўлиб туради, деб кечириб қўяқолди.
Шундай мажбурий муштлашишлардан яна биттаси 2000 йил Рамазон (4-янврь) ойида бўлди. Бўйи салкам 2 м келадиган синфдоши (Ўрин Йўлдошев) 1999 йил кузда Муҳаммаднинг уйга келиб, унинг боғидаги меваларни Тошкентга обориб қимматроққа сотиб, фойдаланмоқчилигини айтди. Синфдошлиги ҳурмати, боғдаги меваларнинг бир қисмини сотиб келганидан кейин бериш шарти билан, жуда арзон нархда Ўринга бериб юборди.
Сотиб келганидан кейин, минг хил баҳоналарни рўкач қилиб, келишилган пулнинг ярмидан сал кўпроғини берди холос. Кўп ўтмай яна келиб, энди келишилган нархда қатъий туражаги ҳақида барча мўътабар нарсалардан қасам ичиб боғдаги қолган нарсалар(узум, лимон)ни ҳам янада арзонроқ нархда олиб кетди.
У олиб кетганидан кейин кўп ўтмай, унинг қўшниси ва элатқўми Мирза ака Муҳаммадни учратиб, Ўрин ёлғончи эканлигини, бу борада ҳар йили бирнеча одамларни чув тушираётганини, у бечоралар ундан ҳақини йиллаб олаолмай овора бўлиб юришганини айтиб, уни огоҳ бўлишга чақирди.
Ўринга Тошкентдан келганидан кейин ҳар галгидай, қўша-қўша ёлғонларни қаторлаштириб, келишилган нархнинг ярмини беражагини айтди. Муҳаммад дарҳол рози бўлади. Лекин уни ҳам бермасдан 2 ойча “бугун-эртага” қилиб алдаб юради.
Ва ниҳоят, 4-январь куни битта қийшиқ велосепед миниб, Муҳаммаднинг уйига келди. Бу пайтда Муҳаммаднинг уйида Туркманистонлик меҳмон, Қоқожон Худайбердиев ҳам бор эди. Бошқа хонага ўтиб ҳисоблашадиган бўлишди. У келишилган нархнинг ярмини ҳам эмас, тўртдан бир бўлагини келтирганини, шунга рози бўлмаса уни ҳам бермаслигини айтади.
Муҳаммад унинг бу даражада инсофсизлигидан беихтиёр асабийлашиб кетади ва икаласи жанжаллашабошлайдилар. Ўрин уни ҳақорат қилабошлайди, Муҳаммад рўзадор бўлганлиги сабабли қўпол ва ҳаёсиз сўзларни айтиб унинг билан тенг бўлаолмасди.
Муҳаммад: -Қолган пулни топганингда бериш ҳақида тилхат берсанг ҳам бўлади – деган захоти, “мана, сенга тилхат”, деганича Муҳаммаднинг тамоғига чанг солди. Муҳаммад ўзини ҳимоя қилатуриб, бир мушт билан уни ерга қулатди.
Ўрин ўрнидан турасолиб, бирнеча пиёлани бир олиб, зарб билан юзига урмоқчи бўлди. Муҳаммад унинг зарбасига чап бериб, бир мушт билан яна қулатди.
Унинг кейинги ҳамлаларига жавобан Муҳаммад қаратэ усулини қўллаб оёғи билан зарба берди. Бу гал у анча вақт ўзига келаолмай (ўрнидан тураолмай) ётди.
Ўзига келганидан кейин пулнинг қолган қисмини кейин бериши ҳақида тилхат ёзиб берди. Лекин Муҳаммад унинг бу қилмиши учун еган калтагидан қаноатлангани йўқ эди. Таслим бўлганидан кейин калтаклашни давом қилдириш эса мардликдан бўлмас эди. Унинг нафси ҳакалак отганлигини ҳисобга олиб: -Кураш тушамиз, агар 10 мартадан бир марта йиқита олсанг барча қарзингдан ўтаман. Агар икки марта йиқитсанг, манабу берган пулингнида қайтариб бераман – деб таклиф қилди Муҳаммад.
Кутганидай Ўриннинг кўзлари ола-кула бўлиб таклифига дарров рози бўлди. Кураш бошланди ва 6-7 секундга ҳам бормай уйнинг ичида Муҳаммад уни қаттиқ ташлади. Бутун уй сарсиб кетди. Ҳатто нариги туркман меҳмон ўтирган хонада турган сервантдаги чинни идишлар тушиб кетган.
Меҳмон: -Нима қулади? – деб югуриб кирди. Уларнинг кураш тушиб юрганини кўриб ҳайрон бўлди ва: -Мусобоқанинг давомини кўрсам бўладими – деб ижозат сўраб ўтирди.
Ўрин иккинчи мартадаги курашда ҳам йиқилган бўлсада, Муҳаммад жўрттага оёғи оғириб қолгандай, эндиги курашда йиқиладигандай қилиб кўрсатди ўзини. Акс ҳолда Муҳаммадни йиқита олмаслигига кўзи етган Ўрин бошқа кураш тушмаслиги мумкин эди.
Туркманистонлик меҳмон бўлса унга, кийимларингиз халақит бераётган кўринади, деганидан кейин, Ўрин ички иштонидан бошқа барча кийимларини ечиб ташлаб шитоб билан ёпишди Муҳаммадга. Ўриннинг ўз ҳамласини ўзига қўллаб, елкасидан ошириб шундай ташладики, унинг эси оғиб қолиб, 2-3 минутгача ўзига келаолмай қолди.
Ҳалиги Туркманистонлик меҳмон: -Баҳ, натдинг-ей буни? – деди-да югуриб бориб, унинг томирини ушлаб кўрди ва: -Дири экан, юраги уруп дур – деб тинчланди. Бир пастдан кейин Ўринни суяб ўрнидан турғазишди, у анча вақтгача гапираолмай ўтирди. Муҳаммад: -Ҳали яна 7 марта имконият бор, балки бир марта йиқитиб қолсанг ажаб эмас – деди. Ўрин бўлса бир хўмрайиб қарадида, гандраклаганича уйига кетди.
Бундан хабар топган синфдошлар, унинг қўшнию-танишлари унга кесатиб: -Ўрин полвон – дейдиган бўлишган. Ҳатто унинг ҳақиқий полвон эмаслигидан бехабар бўлган айрим одамлар уни полвонлар кураш тушадиган тўйларга таклиф қилиб ҳам боришган. Шунда у хўмрайиб, (Мен фрибгарлик бўйича полвонман, деяолмай): -Мен кураш тушадиган полвон эмасман – дер экан.
* *
Полвонлар тўғрисида гап кетганида Хоразмлик Сопо полвонни ҳам тилга олиш жоиз, деб ҳисобладик. Чунки у ҳақда тўғри-нотўғри ривоятлар юради ҳалқ орасида.
ХХ-асрда Хоразмда яшаб ўтган, Ўзбекистон булбули, деб танилган буюк хофиз Комилжон Отаниёзов, елкаси ерга тегмаган машҳур полвон Сапо Давлатов, меҳнат қаҳрамони, атоқли раис Искандар Досовларнинг фаолияти: -Хоразмликларнинг онаси бу (ХХ) асрда Комилжон каби хофизни, Сапо каби полвонни, Досов каби раисни бошқа туғмайди – деган мақолсифат сўзнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган. ХХI- асрга келиб бу мақолсифат сўз қанчалик ҳаётий эканлигини исботлади – ҳақиқатдан ҳам шулар каби хофиз, полвон ва раис туғилмади Хоразмда.
Энг қизиғи шундаки, буларнинг учаласи ҳам 1917 йилда туғилди ва 1975 йилда вафот топди. Тўғри, Сапо полвон ХХ1-асргача ҳаёт эди, бироқ у 1975 йилда полвон сифатида “ўлган” эди. Хоразмда, ҳозиргачада булар тўғрисида, бўлган-бўлмаган, турли хил ривоятлар юради.
К.Отаниёзов ва И.Досов ҳақида мақолалар, курсатувлар ҳатто китоблар ёзилган. Бироқ Сапо полвон ҳақида, ҳатто у ҳақдаги ривоятлар ҳақида ҳам бирон нарса ёзилмаган. Бу ҳол давр сиёсати ва Сапо полвоннинг носоғлом ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ менимча.
Мен Сапо полвон билан бир давр ва давранинг одами бўлмаганим боис, қуйида у ҳақда ўз кўрган-билганларим ва эшитганларимни тилга олмоқчиман.
Сапо полвон – Хоразмнинг Хонқа ва Боғот районларининг ҳозирги чегарасида туғилган ва шу ерда яшаган. Уруш(1941-1945)дан олдин ҳам тўйларда унча-мунча кураш тушган, бироқ бош полвон сифатида танилган эмас.
Сапо полвон урушда оёғидан яраланади ва оёғи ногирон(оқсоқ)лигича қолади. Шундай бўлсада ўқ теккан оёғини боғлаб тўйларда кураш тушабошлайди. Менинг ўзим ҳам 1960 йилларда унинг оёғини боғлаб кураш тушганларини кўрганман.
У 1950-1960 йилларда полвон сифатида катта шуҳрат қозонган. Хоразм воҳаси(Қорақалпоғистон, Дошўғиз, Хоразм вилоятлари)да унинг олдига тушадиган полвон бўлмаган. У кезларда кураш бўйича Ўзбекистон чемпионатларида ҳам уни ҳеч ким йиқита олмаган.
Полвонликдан ўзимнинг ҳам озми-кўпми хабарим борлиги, Сапо полвон билан кураш тушган полвонлар билан ва унинг ўзи билан ҳам бирнеча бор суҳбатлашганим, унинг курашларини кузатганим асосида, шундай хулосага келдимки, Сапо полвон бошқа кўпчилик полвонларга ўхшаб чапдаст ва чаққон эмасди. Курашдаги унинг асосий қуроли жисмоний бақувватлиги эди
Сапо полвон кураш тушганда ўқ теккан ногирон оёғини авайлаб-асрашга ҳаракат қиларди. Айрим рақиблари уни мағлуб қилиш учун боғланган ногирон оёғига тепишга тушганлар. Айрим шундай ғирром рақибларини ўз чекмонлари билан бўғиб, жағларини синдириб, майиб қилганларининг ҳам гувохи бўлган одамлар.
У кураш тушганида оёғини кам ишлатар, чилиш, ётиб отиш, каби усулларни умуман ишлата олмас эди. Унинг курашдаги қуроли – икки қўли бўлган. Унинг белидан юқори қисми, айниқса қўллари фавқулотда кучли эди. Гавдаси ўзидан анча оғир ва катта бўлган рақиблари ҳам ёқасидан тутиб сиққанида бардош бераолмай осонгина мағлуб бўлганлар. Кейинги йиллар катта тўйларда унга рақиб чиқа олмагани учун, бош байроқни курашсиз оларди. Натижада полвонсевар Хоразмликлар ичида унинг обрўйи ниҳоятда баланд эди.
Машҳур полвон, хонанда, спортчи, рассом, ёзувчи, шоир ва шулар кабиларнинг айримларида ичувчилик, безорилик, бангилик иллатлари ҳам бўлган. Шахматда гений, деб тан олинган Александр Алёхин, Роберт Фишер, академик шоир Ғофур Ғулом, машҳур хофиз Отажон Худашукуров, донгдор раҳбар Ахмаджон Одиловлар ичишни хуш кўришган. А.Одилов ва Сапо полвонлар ўзарига хос безори ҳам бўлишган. Сапо полвон кечки ўтириш(зиёфат)ларга келган одамларнинг эшакларини ип билан тортиб бировларнинг 6-8 метр баландликдаги томига чиқариб қўяр экан ва ҳеч нарса кўрмагандай уйига кетиб уйқуни урар экан.
Бу иш кимдан чиққанини яхши биладиган эшак эгалари уни ялиниб уйидан олиб келишар ва эшакларини томдан тушириб беришини илтимос қилишар экан. Сапо полвон ҳар биттасидан хизмат ҳақини олганидан кейингина томдаги эшакларни пастга тушириб берар экан.
Ўзи миниб келаётган, кичигроқ отдай келадиган эшагини каналдаги паяпул(1 дона узун думалоқ ёғоч)дан елкасига кўтариб ўтар экан-да, яна миниб кетаверар экан. Боши берк (тупик) йўлга кириб қолган ЗИМ машинасининг олдидан кўтариб, орқаси(180 градус)га айлантириб ҳайдаб кетаверар экан.
Сапо полвон, айрим полвонларга ўхшаб, ниҳоятда гавдали (девқомат) эмасди. Бўйи 2 метр атрофида, оғирлиги 120 кг атрофида бўлган. Ҳозирги (асосан 1950 йиллардан кейинги) полвонлар кўпчилигининг гавда тузилиши, кучи, чапдастлиги уларнинг йиллаб қилган махсус машқлари натижасида шаклланган. Шу боис ҳам уларнинг гавдаси Гераклга ўхшасада, табий (Худо берган) кучга ва гавда тузилишига эга бўлган полвонларга тенг келаолишмаган.
1950-60 йилларгача бутун бошли районда 2-3 тагина кўзга кўринган полвон бўлган. Ҳозирлар эса ҳар бир қишлоқда 10-15 талаб полвон топиш мумкин.
Сапо полвон Ўзбекистон чемпиони сифатида, СССР чемпионатида иштирок қилмоқчи бўлади. Бироқ унинг оёғи ногирон бўлганлиги боис, тиббий комиссия уни мусобоқага қўймайди. Бу ишга Ўзбекистон раҳбарлари аралашиб уни мусобоқага қўйдиришади. Москвадаги бу мусобоқани томоша қилишга, Сапо полвоннинг ўша даврлардаги мухлисларидан бири, Хоразм раҳбари, Шамсутдинов каби юқори мартабали мухлислари ҳам ташриф буюради.
Мусобоқа олдидан журналистларга интервью берган Сапо полвон: -Гавда туяда ҳам бор. Бироқ уни шер бир ҳамладаёқ яксон қилади – деб рақиб (рус) полвонларини ерга уради. Шу боис бўлса керак, мусобоқа ташкилотчилари Сапо полвонга рақиб сифатида, унга нисбатан анча оғир ва девқомат, бирнеча бор СССР чемпиони, жаҳон чемпионатининг кумуш совриндори бўлган машҳур полвон – Николай Калеткинни ўртага туширишади.
Кураш бошланмасданоқ (полвонлар қўл беришиб саломлашмасданоқ) Калеткин (ғирромлик қилиб), Сапо полвоннинг ногирон оёғига қаттиқ тепади. Бундан дарғазаб бўлган Сапо полвон, унинг бўйнидан тутганича, шиддат билан бураб, бўйнини синдириб юборади. Шу тариқа Сапо полвон мусобоқалардан четлаштирилган бўлсада, Ўзбекистонга қаҳрамон сифатида қайтади.
“Семизликни қўй кўтаради”, деганларидай, бунчалар шуҳрат, бойлик ва эътиборни айримларига ўхшаб, Сапо полвон ҳам кўтараолмайди. У ичимликка ва безориликка ружу қўябошлайди.
Катта ариқнинг бўйидаги йўлдан маст ҳолда, ЗИМ машинасини миниб келаётганида, йўлда эри билан келаётган чиройли аёлга дуч келади ва уни зўрлаб машинага солади. Унинг эри хотинини қутқариш учун жон ҳолатда Сапо полвонга ташланади. Ҳалиги одамни бир қўли ва бир оёғидан тутиб, боши узра гир айлантиради-да, эни 7-8 метр, чуқурлиги 2-2,5 метр келадиган ариқнинг нариёғига отиб юборади.
Агар йўлда ГАИ ходимлари учраб қолса, уларни ушлаб олиб, йўлнинг четидаги ариққами, зовургами улоқтиравераркан. Унинг бундай безорилиги учун жабрланганлар талаби асосида прократура ва милиция бирнеча бор қамаб юборишга ҳаракат қилишган. Бироқ ўша даврдаги Хоразм вилояти Обком секретари (Ҳокими) Шамсутдинов доим уни ҳимоя қилган.
Сапо полвоннинг мухлиси ва ҳимоячиси бўлган Шамсутдинов Сурхондарёга Обком (Ҳоким) бўлиб кетган зохатиёқ уни безорилиги учун тутиб қамашга бақувват милиционерлардан юборишади. Бироқ Сапо полвон буларнинг ҳар бирини ҳар томонган отиб юборади ва уларнинг кўплари майиб бўлиб қолади. Кейин уни тутишга бутун бошли махсус рота (30-40 милиционер) жалб қилинади ва ҳар томонидан арқон ташлаб зўрға босишади Сапо полвонни.
Ўша замонларда колония(турма)ларнинг норасмий (ички) хўжайинлари ворзакон(Босс)лар бўлиб, маҳбуслар колония бошлиғига бўйсунмасаларда ўша Боссдан қаттиқ қўрқишган. Чунки Босснинг биргина ишораси билан, унинг одамлари истаган бир маҳбусни (ҳатто турма ходимларини ҳам) майиб қилиб ташлашлари, ҳатто ўлдириб юборишлари ҳеч нарса бўлмаган.
Колония бошлиғи Боссдан Сапо полвонни “синдириб” (қўрқитиб) беришни илтимос қилади. Натижада Сапо полвон карантиндан чиқар-чиқмас, жуссаси кичигроқ вор закон (Босс) ўзининг 30-40 ёрдамчилари билан уни ўраб олишади ва “синдириш” учун турли томонидан тепиб, урабошлашади. Қорнига тепаётган Босснинг икки оёғидан тутади-да, у билан ўзини ураётган Босснинг ёрдамчиларини уракетади.
Шу тариқа босс билан нафақат унинг отрядини, ҳатто уларни ажратишга (тўғрироғи Босснинг отрядига ёрдам беришга) келган 5-6 турма офицерларинида уриб қулатади. Улардан айримлари мажрух бўлиб қолади, калтак сифатида ишлатилган Босс эса аллақачон ўлган бўлади.
Турмадаги бу тўполони учун Сапо полвонни зонада яна суд қилишади. Судга олиб борганда унинг икки қўлини олдинга қилиб, пўлат кишан (наручник) солишади. Суд залида соқчилардан кимдир унинг жиғига тегади. Шунда Сапо полвон қаттқ асабийлашиб, қўлларига солинган кишанни узиб юборади. Буни кўрган соқчилар эса 4 томонга қараб қочишади. Натижада Сапо полвонга яна бирнеча йил қўшиб беришади ва жисмоний ҳолсизлантирадиган ҳамда қўрқинч ҳосил қиладиган махсус уколлар қилишади.
Ўрни келганда айтай, қўлига солинган кишанни узиш ҳолати 2000 йилларда Боғот милициясида ҳам рўй берган. Боғотнинг Боссларидан бири ҳисобланмиш (Немми қора) Неъмат Жуманиёзовни безорилиги учун тутиб милицияга оборишади ва қўлини олдинга қилиб кишанлашади. Унинг қўли кишанли эканидан фойдаланиб жиноят қидирув ходимлари уни урабошлашади. Шунда Немми қора наъра тортганича қўлидаги кишанни узиб юборган.
Сапо полвон турмадан қўлтиқтаёқ билан юрадиган ҳолатда келади. Аввалги маишат ва эҳтиромлар йўқ. Ҳатто иқтисодий жиҳатдан ҳам кўп қийналади. Ўз вақтида қўшнилари ва бошқа кўпчиликка озор бергани учун у ҳалқ назаридан қолган бўлсада, полвон (спорт)севарларнинг кўпчилиги унга ҳайрхох сифатида қолади.
Шундай ҳайрхоҳлардан бири Муҳаммад ҳам эди. Унинг полвонларга нисбатан эътиборли эканидан хабар топган Сапо полвон, у Боғот совхозида директор бўлиб ишлаганда унинг олдига кўп келган. Ҳар келганида қуруқ қайтармасди – гуруч, мева, пул бериб юборарди.
Қамоқда рухий ва жисмоний ҳолсизлантирадиган уколлар урилгани, зонадаги шароитининг эса абгорлиги сабаб, қўлтиқтаёқда юрадиган ногирон бўлиб келган бўлсада, лекин қўлларининг ҳалиям кучли эканлиги билиниб турарди.
Бир куни: -Сапо ака, эшитган экансиз, мен ҳам кичигроқ полвон эдим ёшлигимда. Менинг қўлимни қисинг кўрай-чи, аввалги кучингиздан қанча қолган экан – дейди Муҳаммад. Шунда у: -Ёшулли, яхшиси биронта темир келтиринг, шуни қисиб кўрсатай. Худо сақласин, қўлингизни қаттиғроқ қисиб, синдириб қўймай деяпман-да – дейди.
Муҳаммад совхоз спорт клубидан қўлнинг қисиш кучини ўлчайдиган пўлат усканани олдириб: -Полвон ака, мана шуни охирги шкаласигача қиса олсангиз битта қўй бериб юбораман – деб унинг қўлига беради куч ўлчагични.
Сопо полвон уни забардаст кафтига жойлади-да: -Ё Полвон пир! – деб шундай қисдики, ҳалиги куч ўлчагич синиб кетиб, унинг қўлини кесиб юборди. Шунда Муҳаммад унга 1 та қўй ва бир қоп гуруч бериб юборганди.
1990 йил августда, катта ўғли Ойбекнинг хатна тўйи муносабати билан, Муҳаммад катта тўй берганди. Озроқ полвонсифат, кўпроқ полвонпараст (полвонлар хомийси) бўлгани боис, бу тўйга Хоразм воҳаси(Хоразм, Қорақолпоғистон, Туркманистон)да танилган 62 та полвон келган. Ўшанда бош байроққа катта ҳўкиз қўйилганди ва уни ўша даврдаги Хоразм воҳаси бош полвони – Роззоқ полвон ютганди.
Ўша тўйга, 70 ёшдан ошган Сапо полвон ҳам қўлтиқтаёқда ташриф буюрган. Полвонлар мусобоқаси охирига яқинлашганда, кутилмаганда Сапо полвон: -Курашга мен ҳам тушаман – деб тўполон қилиб қолди (сурат-7 да айнан ўша дақиқалар муҳирланган). Қўлтиқтаёқда юрадиган одам қандай курашга тушар экан, деб барча ҳайрон.
Сапо полвон қўлтиқтаёқда шиддат билан кураш майдонининг қоқ ўртасига бориб, таёқларини ҳар томонга улоқтирганича чўккалаб ўтирди-да: -Истаган полвон келсин, чўккалаб кураш тушишга, мен билан – деб ҳайқирди.
Полвонлар мусобоқасини бошқараётган ҳакам – Хоразмнинг собиқ бош полвони – Садулла полвон: -Иккинчи давра бош байроғи учун, Сапо полвон билан чўккалаб ўтирга ҳолда, кураш тушадиган талабгор кураш майдонига чиқсин! – деб эълон қилди.
Мингдан ортиқ тўй иштирокчиларинг нигохи “Ким чиқа олар экан?”, деган ҳаёлда майдонга қадалган эди. Сапо полвоннинг довруғи, айниқса қўлларининг ғоятда кучли эканлиги сабаб биронта полвоннинг юраги бетламади, майдонга тушишга. Шу тариқа қўлтиқтаёқда юрадиган (ногирон), 73 ёшли Сапо полвон, 1990 йилнинг бош полвони сифатида байроқдор бўлган эди ўшанда.

14.2. Шатранж (шахмат) ҳам спорт
Шахмат (шатранж) – ўйинлар шоҳи (ёки Шоҳлар ўйини) бўлиб, шахмат тахтасидаги кураш – ақиллилар (ёки ақллар) кураши ҳисобланади. Шахмат – фикрлашни, ақлни ривожлантирувчи (ўткирловчи) ўйин. Бироқ бу ўйин – мўъжизакор ва ўзига хос бир илм, ижод ва санъатдир.
Шахмат (шатранж) биринчи бор Ҳиндистонда пайдо бўлиб, Перцияга, ундан бутун Ислом оламига кириб борган. Шахмат сал кам 1400 йилдан буён изчил ўйналади. Бироқ у эрамиздан олдинги минг йилликларда ҳам бўлгани маълум.
Шахмат Ҳиндистонда пайдо бўлган бўлсада, унинг ривожи ва камолати ислом оламида юзага чиққан. 8–асрнинг буюк шахматчилари Муҳаммад бин Сирин, Саид бин Жудаир, Хишом бин Урвалар бўлиб, улар кўзи боғланган ҳолда, ўнлаган кучли шахматчилар билан бир пайтнинг ўзида ўйнаб (сеанс бериб) ғолиб бўлганлар ва мўъжиза деб тан олинганлар.
Хишом бин Урванинг набиралари – Сафия, Айша, Убаидалар ҳам ўз замонасининг етук шахматчиларидан бўлишган.
Шахмат тарихидаги биринчи катта мусобақа (чемпионат) 847 йилда, халифа ал-Мутаваккил иштирогида, буюк шахматчилар: ал-Адли ва ар-Розий ўртасида бўлиб ўтган. Буларнинг ҳар бири шахмат ҳақида китоб ёзиб қолдирганлар. Бу даврдаги шахмат доскаси ва доналари ҳозиргидан фарқ қилмаган. Бироқ айрим дона(фигура)ларнинг ҳаракат тарзи ва имконияти ҳозиргидан озроқ фарқ қилган.
8-9 асрларда, ислом оламида шахмат шу даражада оммалашганки, ҳатто халифаларнинг ўзлари ҳам яхши шахматчилар бўлишган. Сарой мулозимларини, ўлка ҳокимларини ишга тайинлашда ҳам уларнинг шахмат ўйнаш қобилияти ҳисобга олинган.
Мавзудан лирик чекиниб айтадиган бўлсак, у даврдан минг йилдан кўпроқ вақт ўтиб, (ХХ-аср охирида) теннесни хуш кўрадиган Ўзбекистон ҳукмдори ҳам ўз мулозимларига теннес ўйнашни шарт қилиб қўяди. Бечора вазиру-ҳокимлар турсичан, қоринларини осилтиришиб: -Бунгада шукур, агар футбол ўйнайсанлар деса, ҳолимиз нима кечарди – деганларича ўлиб-пишиб теннес ўйнадилар. Теннесни эплай олмаганлар, ўрни(мансаби)ни теннесчиларга бўшатиб беришди. Лекин: -Ҳукмдоримиз ҳам қизиқ-да. Агар халифаларга ўхшагиси келган бўлса, бизга шахмат, ҳеч бўлмаса шашка ўйнатмайдими. Буларнида эплай олмасак “Козёл!”, деб дамино ўйнашнику эплардик – деб нолиб юришади.
8-асрда, машҳур Аббосий халифалардан бўлмиш Хорун ар-Рашид, ҳар галгидай, ўзининг гўзал ва шаддод рафиқаси билан шатранж ўйнайди. Ўйин шарти бўйича, ғолиб мағлубга ўз шартини қўяди. Мағлуб буни сўзсиз бажариши лозим. Бу гал, халифа ютади ва рафиқасининг энг ёқтирмайдиган нарсаси – қуёш жазирамасида бир соат туришни шарт қилади.
Малика қуёш жазирамасида турганича, дақиқалар санай бошлайди… Шартдаги белгиланган вақтнинг ярми ҳам ўтмай, маликанинг аҳволига халифанинг раҳми келиб, шартдаги қолган муддатидан воз кечади ва маликани ичкарига таклиф қилади. Шаддод малика халифанинг ялинганигада қарамай, халифанинг мурувватидан воз кечиб, катта чидам билан шартдаги белгиланган муддатни туриб беради.
Навбатдаги ўйин бошланади ва ниҳоят бу гал омад маликага кулиб боқади. Халифа (Султон) бўлса қўл қовуштирганича, маликанинг шарти(жазоси)ни кутади.
Ошхонада идиш-товоқ юваётган ва ошхона иссиғидан бўрсиқдай бўлиб кетган, кўримсиз хизматкор(оқсоч)ни, халифанинг ёқтирмаслигини яхши биладиган малика, халифага унга ҳозироқ уйланишни амр қилади. Халифа қанча ялиниб-ёлвармасин, шаддод малика ўз сўзидан қайтмайди. Ва ниҳоят халифа бу хизматкорга уйланади.
Шундан бир йил ўтар-ўтмас, малика ўғил кўради, унга ал-Амин дея исм қўйишади. Кўп ўтмай халифа, ошхона хизматкори бўлган хотинидан ҳам ўғил кўради ва унга ал-Маъмун, деб исм қўйишади. Ал-Амин онаси – маликанинг олдида, тўкин-сочин ҳаётда, меҳнатсиз ўсади. Ал-Маъмун ҳам хизматкор онасининг олдида – меҳнатда, хизматкор ва ҳарбийлар ичида улғаяди.
Шахзодалар балоғат ёшларига етишганида, меҳнатсеварликда, ақиллиликда, ботирликда, ишбилармонликда ва раҳбарлик қобилиятида ҳам ал-Маъмун ал-Аминдан устун эканлиги кўзга ташланади. Шу боис халифа тахтга ворис қилиб ал-Маъмунни танлайди.
Бироқ шаддод малика ал-Маъмунни халифаликнинг узоқ бир вилояти – Мерв (ҳозирги Туркманистон республикасининг Мари шаҳри)га ҳоким қилиб юборилишига, ўз ўғли, ал-Аминни эса тахт вориси, деб эълон қилинишига эришади.
Ал-Маъмун Мервга келганидан кейин, бу ўлкада турли хил низоларга чек қўйилади. Қурилиш, илм-фан гуркираб ривожланади. Мервга Хоразм(Хива)дан ал-Хоразмий ва унинг шогирдларини, Фарғона водийсидан Ахмад ал-Фарғоний бошлиқ олимларни, қўйингки, ўзи ҳукмрон бўлган ўлка(Мавораннаҳр ва Хуросон)даги барча кўзга кўринган илм соҳибларини тўплайди. Бу ерда жаҳонга машҳур тадқиқот, кашфиёт ва ихтиролар қилинади. Шу тариқа, Мерв ал-Маъмун ҳомийлигида жаҳон илм-фан бешикларидан бирига айланади.
Хорун ар-Рашид тахтига ворислик қилган ал-Амин, қисқа вақт ичида халифаликни парокандаликка олиб келади. Натижада ал-Маъмун Бағдодга чақиртирилади ва тахтни эгаллайди.
Бағдод халифаси ал-Маъмун, Мервдан ал-Хоразмий бошлиқ кўпгина олимлар (Аҳмад Фағоний, Хабаш Хасиб Марвазий, Абул Аббос Жавхарий ва бошқалар)ни Бағдодга таклиф қилади. Ва шунингдек халифалик ҳудуди(ислом олами)даги кўпчилик олимларни ҳам Бағдодга тўплайди.
Бағдодда, ал-Хоразмий бошчилигида, шарқнинг биринчи Академияси – Байт ул-Ҳикма (донолар уйи) ташкил қилиниб, илм-фан ва инсоният цвилизациясига катта туртки бўлган тадқиқотлар амалга оширилади.
Ўзи шахмат сабаб дунёга келгани учунми, ал-Маъмун ислом оламида шахмат ривожига катта эътибор берган ва ўзи ҳам отаси Хорун ар-Рашидга ўхшаб кучли шахматчилардан бири бўлган. Ал-Хоразмий ва Байт ул-Ҳикманинг бошқа олимлари ҳам шахмат мусобақаларида иштирок этиб туришган.
Айрим маълумотлар бўйича, ал-Хоразмий шахматга программа (математик модель) ҳам ёзган. Афсуски, унинг кўпгина асарлари каби, у рисола ҳам бизгача етиб келмаган.
Эътибор берган бўлсангиз, аввало Аллоҳнинг иродаси, қолаверса шатранж (шахмат) ҳам сабаб, ал-Маъмуннинг дунёга келиб, унинг ҳомийлигида ва ал-Хоразмий раҳбарлигида илм-фан ривожланиб, жаҳон цвилизациясининг тезлашиши, шахматнинг мўъжизаси эмасмикан?!
* *
Қадим замонлардан шу бугунгача, бизга маълум бўлган буюк шахматчилардан: Муҳаммад бин Сирин, Саид бин Жудаир, Хишом бин Урва, Александр Алёхин, Бобби Фишер, Гарри Каспаров, Нигел Шортлар шахмат даҳолари сифатида эътироф этилган.
Александр Алехин ва унгача бўлган, юқорида номлари зикр қилинган араб (ислом) шахматчилари ўнлаган кучли шахматчилар билан бир вақтнинг ўзида, кўзларини боғлаб ўйнай билганлар ва шахмат генийлари, деб тан олинганлар.
Замонавий шахмат бўйича жаҳоннинг дастлабки чемпионлари: Вильгелм Стаиниц (1886-1894), Эмануел Ласкер (1894-1921), Лозе Раул Капабланка (1921-1927), Александр Алехин (1927-1935 ва 1937-1946) лар бўлишган.
Замонавий шахмат тарихида А.Алехиннинг ўрни алоҳидадир. У 1892 йил, Москвада, аристократлар оиласида дунёга келади ва 1946 йили, чемпионликни бермай оламдан ўтади (сурат-10). У ичимликни хуш кўрган. Ароқнинг касофати туфайли 1935 йилда чемпионликдан ажралган (ютқазган). Кўп ўтмай (1937 йилда) жаҳон чемпионлигини қайта қўлга киритиб, шахмат тарихида, ҳали ҳеч ким қилаолмаган ишни қилади
Шахмат бўйича (ичувчилик бўйичада) А.Алехиндан кейин турадиган гений, жаҳоннинг 11-чемпиони Бобби Фишердир (сурат-11). У 1943 йилда Американинг Чикаго штатида туғилади ва 2008 йилда Европада вафот этади.
У ўзининг хурмача қилиқлари билан ҳам танилган. 1985 йилги жаҳон чемпионатида, Анатолий Карповга қарши ўйнаши (ўз чемпионлик титулини ҳимоя қилиши) учун шахмат федерацисининг олдига 16 пунктдан иборат хурмача (ахмақона) шартларни қўяди.
Федерация ва А.Карпов унинг 15 та шартига рози бўлишади ва фақат ҳеч бир чегарага сиғмайдиган биргина шартини қубул қилиша олмайди. Бу эса Б.Фишернинг мусобақани рад этишига сабаб бўлади. Шу боис шахмат федерацияси чемпионликни Фишердан Карповга олиб беради.
А.Алехин ва Б.Фишернинг шахматдаги ва шахсий ҳаётидаги фаолияти улар тўғрисидаги: “А.Алехин – тўла маънодаги гений ва ярим маънодаги алкаш, Б.Фишер – ярим маънодаги гений ва тўла маънодаги жинни (хурмача қилиқли)”, деган мақолсифат сўз (баҳо)нинг пайдо бўлишига сабаб бўлган.
Шахмат даҳолари, деб эътироф этилган буюк шахматчилардан иккитаси: Жаҳоннинг 13-чемпиони Г.Каспаров ва бирнеча бор буюк Британия ва Европа чемпионлари Н.Шортлар бизнинг замондошларимиз ҳисобланади.
Гарри Каспаров (сурат-12), 1953 йилда, аввалги СССРнинг Боку шаҳрида туғилган. Онаси армани (Каспарян), отаси – яҳудий (Вайнштейн) бўлган. У 12 ёшгача Гарри Вайнштейн бўлиб яшаган. Отаси ўлганидан кейин, онаси уни ўз фамилияси(Каспарян)га, яна кейинроқ эса, ўғлининг шахматдаги каръерасини ўйлаб, унинг фамилиясини Каспаров (русча) қилиб ўзгартиради. Гарри Каспаров шахмат тарихидаги энг ёш (22 ёшда) жаҳон чемпиони бўлган. Кейинчалик сиёсий (мухолифатчи) фаолият билан шуғулланган.
Шахмат тарихидаги саноқли (Г.Каспаров, Н.Шорт, Ш.Ананд) кишиларгина ўспиринлик ёшидаёқ гроссмейстер бўла олганлар. Г.Каспаров бир вақтнинг ўзида ҳам ФИДЕ ҳам ПША (Жахон Профессионал Шахматчилар Ассоциасияси) чемпиони бўлган.
Замонамизнинг яна бир буюк шахматчиларидан бири – Нигел Шорт (Nigel Short) ҳисобланади. У 1965 йили Буюк Британиянинг Ланкашир (Lancashire) графлиги, Лей (Leigh ) шаҳрида дунёга келади. Жуда ёшлигидаёқ шахмат ўйнашни бошлайди. Ҳали 10-11 ёшлигидаёқ кўзга кўринган шахмат усталарини ютиб одамларни лол қолдиради. Ўспирин пайтида Виктор Корчной сингари дунёнинг энг кучли шахматчиларини ютиб гроссмейстер унвонига эга бўлади
Н.Шорт бирнеча бор буюк Британия ва Европа чемпионлигини қўлга киритади. Шахмат каръераси давомида 1500 яқин ўйин ўйнаб, мутлоқ кўпчилигида ғалабага эришган. Шахмат назарияси, стратегияси ва тактикаси бўйича қатор китоблар муаллифи.
Н.Шортнинг ташаббуси билан 1993 йилда, ФИДЕ (Жахон шахмат федерацияси)га мухолиф бўлган янги бир ташкилот – ПША (жахон профеционал шахматчилар ассоциацияси)га асос солинади. Бу ташкилотга Г.Каспаров, Н.Шорт, Ш.Ананд, А.Карпов, Я.Тимман, А.Белявский, М.Адамс, В.Корчной, В.Иванчук, А.Широв, Крамник, Топалов, Апонян, Леко каби жаҳоннинг энг кучли профнционал шахматчилари киритилади.
1993 йилда ПША бўйича дунё чемпионати ўтказилади. Жаҳоннинг ўнлаган шахматчилари иштирок қилаётган бу чемпионатда Н.Шорт, Я.Тиманни, собиқ жахон чемпиони А.Карповни, бўлғуси жахон чемпиони Ш.Анадни ютиб финалда, ўша пайтдаги жаҳон чемпиони Г.Каспаров билан учрашади (сурат-19).
Вильгелм Стаиниц, Акиба Рубенштейн, Раул Капабланка, Арон Нимсович, Тигран Пертосян, Анотолий Карпов, Нигел Шортлар жаҳоннинг энг кучли шахмат стратеглари, деб эътироф этилган.
Буларнинг таълимоти бўйича шахматчида чидамли(сабрли)лик, вақтинчалик муваффвқиятлардан эсанкирамаслик, муваффақиятсизлик олдида довдирамаслик, рақибга пеписанд қарамаслик, каби ҳислатлар юқори бўлиши лозим.
Шахмат ўйинида статик (доимий) ва динамик (тактик) имкониятни ва шохни яхши ҳимоялашни таъминлаш лозим. Шахмат доналари ҳаракати ва бир-бирининг ҳимоясига эътибор қаратиш керак.
Шахмат стратегиясининг роли қуйидаги бирнеча статик имкониятни ҳосил қилишдан иборат:
– Кўпроқ материал (куч) имкониятни ҳосил қилиш,
– Доналарнинг қулай ҳаракатини таъминлаш,
– Пиёдаларнинг оптимал жойланишини ҳосил қилиш,
– Доналар ҳаракати билан кўпроқ майдонни банд қилиш,
– Шохнинг (айниқса лакировкадан кейин) позициясини ҳимоя қилиш.
* *
Муҳаммад шахматчи эмас, лекин ман-ман, деган шахматчиларни ютиб доғда қолдирганига, ўзининг ҳам ишонгиси келмайди. Майли, бу ҳақда кейинроқ, ҳозир эса бир бошдан:
Эсимда йўқ, кимнингдир таъсирида, 1960 йиллардан кейин, Хоразмда шашка ўйини ривожланиб кетди. 1965-1970 йилларда районимизда математика ўқитувчиси Фарход Жобборов, Тўра сартарош, Азим сартарош Муҳаммаднинг синфдоши Отаназар Аминов, каби кучли шашкачилар пайдо бўлди. Муҳаммад шашка бўйича район чемпиони сифатида вилоят мусобоқаларида нуфузли ўринларни ҳам олиб, шашка бўйича 1-разряд соҳиби бўлган.
Шахмат мураккаб ва узоқ давом этгани учунми, районимизда шахматчилар йўқ даражада эди. Вилоятда эса, бир-иккита корейс шахматчилар бўларди, холос.
Талабалик йиллари(1967-1972)да пахта терими ва ўқув практикаларига чиққанларида, озроқ шахмат ҳам ўйнаб туришарди.
Муҳаммад 1972 йилдан, Ботаника институтида илмий ходим бўлиб иш бошлаган. Бу ердаги олимлар ичида шахмат ўйнайдиганлари кўп эди. Илмий экспедицияларга чиққанда, айниқса пахтада, ярим кечасигача шахмат ўйнардилар. Булар ичида энг ёмон ўйнайдигани Муҳаммад эди.
Ким ютқазиб кайфияти тушган бўлса, келиб уни ютиб, кайфиятини кўтариб оларди. “Қўрқоқни ураверсанг, ботир бўлар”, деганидай, 2-3 йил ичида, Муҳаммад институт шахматчилари ичида зўрларидан бирига айланди.
Ҳатто институт директори, академик Жўра Камолович Саидов ҳам (ўзи ўйнамасада) шахматга қизиқарди. Шунинг учун бўлса керак, 1976 йилда, Ўзбекистоннинг биринчи гроссмейстери Мухитдиновнинг шогирдларидан бирини ўзига хўжалик ишлари бўйича ўринбосар қилиб ишга олганди.
1976 йилда институт ходимлари Сирдарё вилоятининг “Боёвут” совхозида пахта теришди. Муҳаммад илмий экспедициядалиги боис, пахтага икки ҳафтача кейинроқ борди.
Муҳаммад келгунча шахмат бўйича роса кўп ўйинлар бўлган. Мухитдиновнинг шогирди бўлмиш директор ўринбосари – Мирза ака, шахмат бўйича СССР спорт мастери бўлиб, шахматни текинга ўйнамас экан.
Ҳар ўйинга рақиби 25 сўм тикса, ўзи 50 сўм тикиб, сал кучсизроқ шахматчилар билан эса, битта фигурасинида олиб қўйиб ўйнар экан. Бирнеча бор сеанс (бир варакайига 20-25 одам билан ўйнаш) ҳам ўтказган экан. Бундай номдор шахматчи билан ўйнашнинг ўзи шараф бўлганлигиданми, ҳатто Сирдарёлик кўп маҳаллий шахматчилар ҳам пул тўлаб у билан шахмат ўйнашган. Лекин бирон одам уни юта олмаган.
Муҳаммад пахтага борган захоти, институт ходимлари Мирза ака билан беллашиб кўришни даъват қилишди. У эса: -25 сўм пулим қичиб (ортиқча бўлиб) тургани йўқ – деб у билан ўйнашга рози бўлмайди. Муҳаммаднинг Мирза ака билан ўйнаши учун 4-5 сўмдан пул йиғишиб, 25 сўмни тўплашди. Ўйин бошланди, тепаларида ўнлаб одамлар мухлислик қилишарди. Қизиғи шунда эдики, кўпчилик Муҳаммадга мухлислик қилишарди.
Маълумки, яхши шахматчиларнинг барчаси ўйинни (оқ билан ўйнаганда) d7 даги пиёдани d5 га, ёки (қора билан ўйнаганда) d2 даги пиёдани d4 га суриш билан бошлайди. Муҳаммад эса кўпинча (оқ билан ўйнаганда) b7 даги пиёданиа b6 га, ёки (қора билан ўйнаганда) b2 даги пиёдани b3 га суриш билан бошлайди. Шу боис шахматчиларнинг кўпи уни: «Детский ход қилади», деб устидан кулишарди ва кўпинча ютқазишарди.
Мирза ака билан ҳам ўйинни Муҳаммад шу тариқа бошлади. Унинг юришига ишора қилиб: -Бу йигитча юришнида тузукроқ билмайди-ку – дея мухлисларга юзланди Мирза ака. Мухлислар эса: -Унинг юришини нима қиласиз, ютиб пулингизни олавермайсизми – дейишди.
Мирза ака Муҳаммад билан мутлоқа беписанд ўйнади. Бу ҳам етмаганидай: -Бобби Фишер манашунақа ўйнайди – дея чекаётган беломорканалининг тутунини атайлаб унинг юзига пуфларди (Б.Фишер ўзининг хурмача қилиқлари билан рақибини мазах қилиб, уларнинг асабига тегар экан).
Кўп ҳам ўтмай, эътиборсизлиги натижасида, Мирза ака битта фигура(фил)ни бой берди. Мухлисларга жон кириб қолди, Муҳаммад эса дадиллашди. Мирза ака кучсизроқ шахматчиларга ишора қилиб: -Манабулар билан ўйнаганимдаги битта фигурани олиб ташлаганимдай гап-да – деганича папиросининг тутунини унинг юзига қаттиғроқ пуфлаб юборди.
Яна бироздан кейин, битта пиёдасини бой берди. Мухлислар чапак чалиб юборишди. Директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари, Ғоффор Рахимов директор ётган хонага қараб чопди. Бу пайтда директор академик Ж.Саидов шамоллаб қолганлиги боис ва Мирза барибир ҳаммани ютади, деб шахмат ўйинига мухлислик қилмаётган эди.
Ғоффор ака борасолиб: -Домла юринг, Муҳаммад Мирза аканинг думини гажак қилаяпти – деган. Ўтган йилги пахтада, шахмат ўйнаётганларида, домла (директор) тепасига келиб: -Муҳаммаджон, ютқазаяпсизми? – деб қолди. Шунда у: -Ютқазиш қаерда, бунинг думини гажак қиламан ҳозир – деб юборади. Шу-шу, домла уни қаерда кўрса: -Қани, думини гажак қилаяпсизми? – деб ҳазиллашарди.
Домла ҳам келиб: -Бўш келманг! – дея унга мухлислик қилабошлади. Бундан Муҳаммаднинг кайфиятим янада кўтарилди, Мирза ака бўлса асабийлаша бошлади. Натижада яна битта пиёдасини бой берди. Мухлислар чапак чалиб, қийқириб юборишди. Мирза ака: -Жим бўлинг, галварслар! – деб уларга бақириб берди.
Мирза ака доналар орасидаги фарқни камайтириш (пиёда ёки фигура ютиш) мақсадида, турли томондан ҳужумга ўтиб, шохнинг ҳимоясини сусайтириб юборди. Муҳаммад бундан фойдаланиб от билан шох эълон қилди. Муҳаммаднинг бу юришидан у мот бўлмасада, оти шох билан ферзисига вилка бўлиб тушганди. Спорт мастери бўлиш тугул, гроссмейстер бўлганида ҳам, отга ферзи алмашганидан кейин, унинг юқазиши аниқ эди.
Мухлислар қий-чувлашиб Муҳаммадни қутлашарди. Домла эса: -Э, Мирзанинг думи гажак бўптию! – деб қарсак чалиб юборди. Нима қилишини билмай қолган Мирза акага: -Мен, шох дедим – деб эслатди Муҳаммад. Мирза ака юриш ўрнига, шиддат билан ўзининг шохи ва ферзисини қўлига олдида: -Мана, сенга шох! – деганича унинг оғзига туширди. Муҳаммаднинг лаблари ёрилиб, оғзидан қон оқа бошлади ва бу унинг ХХ-асрдаги охирги шахмат ўйини бўлиб қолди…
Тағдир тақозаси билан Мозамбик(Африка)да ва Хоразмда ишлаган кезлари(чорак асрдан кўпроқ вақт мабойни)да шахмат ўйнашга шароит ва имкони бўлмади Муҳаммаднинг.
Тошкнт Давлат Аграр Университетида ишлаган даврлари(2002-2004)да, яна шахмат ўйнаш насиб этди унга. Университет биринчилигида ҳам иштирок қилган.
Спортчи-талабалар ҳар йили ёзда Республика спорт-олимпиада ўйинларига кетар эдилар. Шу муносабат билан имтихон сессияси бошланмай, спортчи-талабалар имтихон топширишга рухсатнома кўтариб келар эдилар. Бундай талабалар кўпинча тегишли таёргарликсиз келишарди.
Ректоратдан бўлса: -Илтимос, шуларга ижобий баҳо қўйиб беринглар. Шунда Университетимиз шарафини яхши кайфият билан ҳимоя қилишади – деб илтимос қилишарди. Буларга кўпчилик домлалар сўкиниб-қарғаниб «3» қўйиб беришарди. Ўзи ҳам спортчи бўлгани учунми, Муҳаммад уларга «4» қўйиб берарди.
Шундай кунларнинг бирида битта ушоққина қиз имтихон топшириш учун домланинг олдига келди. Муҳаммад унга тикилиб: -Сен ҳам спортчимисан? – деди. У шахматчи эканлигини айтди. Муҳаммад унга: -Мен билан шахмат ўйнайсанми? Мени ютаолсанг «5», агар ютқазсанг «3» қўйиб бераман – деди. -Агар дуранг бўлсачи – деди талаба.
-Агар дуранг қилаолсангда «5» қўяман – деди Муҳаммад. У қиз дарров рози бўлди. -Ўзи муштдай бўлсада, довюрак экан бу қиз – деган фикр ўтди профессорнинг миясидан.
Ўйиннинг ярмига борганда унинг кучли шахматчи эканлигини сезабошлади ва кўпроқ доналарни алмаштириб шахмат доскасини сийраклашга тушди. Ўйиннинг охирига бориб сон ва сифатда тенг бўлсаларда, талабанинг позицияси анча яхши эди. Шу боис охиригача ўйнаш Муҳаммад учун нохушлик келтиришида мумкин эди.
Муҳаммад унга: -Сон ва сифат бўйича теппа-тенгмиз, майли, дуранга розиман – деди, худдий ўзини унга мурувват қилаётгандай кўрсатиб (сурат-14). Рақиби муғомбирона илжайиб: -Домла, охиригача ўйнайверайлик – деди. Муҳаммад «шошаётгани»ни рўкач қилганидан кейин дуранга келишдилар ва у «5»ини олиб кетди.
Кейин эшитса у қизча Университетнинг олд шахматчиларидан бири бўлган ректор (Х.Ч.Бўриев)нида ютиб, ундан ҳам бир нарсалар ундирган экан. Аёллар ичида Республикада танилган шахматчилардан бири ҳам экан.
2005 йилда Муҳаммад Тошкент Агро-тижорат коллежида декан бўлиб ишлаган. Қисқа вақт ичида коллежда шахматга қизиқувчилар сони 3 марта кўпайди. Бир сўз билан айтганда коллеж раҳбариятидан қоравулигача, барчаси шахматчи бўлиб кетишди. Тонг саҳаргача шахмат ўйнаб қолган вақтлари ҳам кўп бўларди.
Тағдир тақозаси билан, Муҳаммад 2005 йил ноябридан буюк Британиянинг Стокпорт шаҳрида яшай бошлади. Инглиз тилини ўрганиш учун бу шаҳардаги энг катта ўқув даргохи бўлмиш, Стокпорт коллежида ўқийбошлади.
2006 йилнинг охирда, шахмат бўйича, коллеж ва шаҳар биринчилиги учун мусобақа ўтказилди. Бунга Муҳаммад ҳам қатнашди ва финалга етиб борди. Финалда коллеж ва Стокпорт шаҳрининг кўп йиллик чемпиони, шу коллеж директорининг ўринбосари, (John Wilkinson) Жон Вилкинсон билан беллашадиган бўлди.
Финал учрашувини бутун коллеж аҳли томоша қиларди. Мухлисларнинг деярли барчаси рақибига мухлислик қилишарди. Муҳаммадга эса, фақат у билан бирга ўқийдиган курсдошлари ва ESOL курсининг айрим ўқитувчилари (15-20 тача одам) мухлислик қилишарди. Шунда биринчи бор, мухлислар қўллови рақибига катта далда бўлганини сезганди.
Бироқ, Аллоҳнинг қўллови устун келиб, финал учрашувида Муҳаммад ғолиб бўлди. Коллеж директори Петер Робертс (Peter Roberts) унга чемпионлик призи – шахмат программаси киритилган бутун бошли компутерни қарсаклар остида топширган (сурат-15). Коллеж ва шаҳар газетасида: «Коллеж ва Стокпортнинг янги чемпиони», сарлавҳали мақола ҳам босилганди.
Оилада катталар қизиққан фаолият(спорт, санъат)га, кўпинча, кичиклардан ҳам айримлари қизиқар экан. Муҳаммаднинг спортга қизиқиши унинг ўғилларига ҳам ўтган. Ўртанчи ўғли Улуғбек, отасига эргашиб, полвонлик ва шахматга қизиқди. Шахмат бўйича Буюк Британиянинг энг катта мактабларидан бири бўлмиш Авлиё Анне мактаби чемпиони бўлди. Муҳаммаднинг уйида шахмат ва спортнинг бошқа турлари бўйича оилавий чемпионатлар (сурат-16) ҳам бўлиб туради.
2008 йил 21-мартда, Туркийларнинг Навроз байрами тантаналарида иштирок қилиш учун, автобусда Муҳаммад Лондонга отланди. Ҳамрохи 25-26 ёшлардаги Мартин Поп исмли инглиз йигити эди. Унингда шахматга қизиқиши, рус тилида ҳам бинойидай гаплаши, унинг билан янада яқинроқ бўлиб қолишига сабаб бўлди.
Лондондан қайтгандан кейин кўп ўтмай Мартин Муҳаммадникига меҳмон бўлиб келди. Тонг отгунча шахмат ўйнаб чиқишди. Шу тариқа у Муҳаммадникига тез-тез келадиган бўлди. Уларнингнинг асосий машғулоти шахмат ўйнаш эди (сурат-17). Тўғрисини айтганда, у шахматда Муҳаммаддан анча устунроқ эди.
Кейин билса Мартин салкам профессионал шахматчи экан. Бирнеча бор ўз шаҳри(Пендал)нинг чемпиони ҳам бўлган экан. Шахматнинг назариясини ва стратегиясини яхши билар экан. 13-чи жахон чемпиони Гарри Каспаров ўз китоббига, Мартинга шахматда муваффақият тилаб, ўз қўли билан дастхат ҳам ёзиб берган экан.
Унинг айтишича, Муҳаммаднинг шахматдаги асосий камчилиги, шахмат назариясини яхши билмаслиги, ситуацияларни таҳлил қилишда сабрсизлиги, кичкина йўқотиш олдида ҳам умидсизликка тушиши кабилар экан. Шундай бўлсада Мартинни 2:0 ҳатто 3:0 ҳисобида ютган кунлари ҳам оз бўлмаган. Шу боис бўлса керак, Мартин уни: -Башорат қилиб бўлмайдиган шахматист – деб атарди.
* *
Тўғрисини айтганда, Муҳаммад аввал гроссмейстерларнинг нафақат ўйинини, ҳатто ўзларинида кўрмаган. А.Алёхин, Р.Фишер, Н.Шорт каби гроссмейстерлар ҳақида ўқиб, уларни шахмат борасидаги Худонинг бир мўъжизаси, деб биларди.
Гроссмейстер бўлмаган одамларнинг сеансларда уларга қарши дона суришга юраклари қандай бетлаганини ҳеч ҳаёлига сиғдира олмасди.
Муҳаммад яшайдиган шаҳарда, ҳар шанба куни соат 12 дан 2 гача, дунёнинг турли мамлакатларидан келган мухожирлар учрашиб, овқат еб, суҳбатлашиб, турли ўйинлар ўйнайдиган клуб (марказ) бўлиб, Муҳаммад ҳам у ерга тез-тез бориб турарди.
2007 йил ноябрь ойида, бу клубга бир соатча кечроқ борди. Залда 40 ёшларидан ошган битта негр олдига шахматни қўйиб олиб: -Яна талабгор борми? – деганича рақиб кутарди. Муҳаммад кўпдан биладиган ва шахмат ўйнаб юрадиганларга: -Ўйнамайсизларми? – деса улар: -Биз ўйнадик, ҳаммамизни бир пастда ютди у. Балки сиз ютарсиз, ҳар қалай, сиз бизга қараганда анча кучлисиз-ку – дейишди.
Ўйин бошланди. Муҳаммад шахматчиларга хос бўлмаган юришини қилган захоти у Муҳаммадга тикилиб турди-да: -Аввал ҳам шахмат ўйнармидинг? – деди ва от бунақа юради, фил бунақа юради, деб тушинтира кетди. Бундан Муҳаммаднинг бироз жаҳли чиққан бўлсада, ўзини босиб, индамади.
У Муҳаммад билан мутлоқа беписанд ўйнарди. Фақат юриш гали келганидагина шахмат доскасига қарарди, бошқа пайтда газета ўқиб ўтирарди. Натижада кўп ҳам ўтмай, битта тўрасини бой берди. Бироқ бу йўқотишга у: -Юришнида тузикроқ билмайдиган одамга битта-иккита фигура берганда нима қилибди – деб жидий эътибор бермади. Бироз ўтганидан кейин отини битта пиёда билан алмашишга мажбур бўлди.
Барча одамлар келиб Муҳаммадга мухлислик қилабошлашди. Энди у газета ўқишни йиғиштириб, нигохини шахмат доскасидан узмайдиган бўлди.
Муҳаммад позиция зарарига бўлсада, тўхтовсиз доналарни алмаштира бошлади. Шахмат доскасидаги доналар сийраклашган сари Муҳаммаднинг ғалабаси ойдинлашаборди ва ўйин тугамасданоқ у ютқазганини тан олди.
Ҳамма Муҳаммадни табрикларди. Лекин рақиби шоша-пиша ўзининг ҳам, унинг ҳам доналаримни доскага териб: -Мана, мен юрдим, гал сизники, юринг – деди. Муҳаммад ҳам унинг ўзига ўхшаб: -Шахмат деган нарсани аввал ҳам ўйнаб кўрганмидинг? – демоқчи бўлди-ю, андиша қилди.
Муҳаммад шошиб турганини айтиб кетишга шайланди. У бўлса: -Ҳеч бўлмаса шу партияни ўйнайлик – деб ялиниб-ёлворишга тушди. Муҳаммад унга соат 2 да урашуви борлиги ҳақидаги қоғозини кўрсатиб ва келаси шанба куни албатта ўйнашга ваъда қилиб, хайрлашди.
Эртаси тушдан кейин Муҳаммаднинг эшиги тақиллади. Қўшнилардир, деган ҳаёлда эшикни очса, остонада кеча у билан шахмат ўйнаган одам турибди. Муҳаммад бу одамни биринчи марта фақат кеча кўрганди. Муҳаммаднинг уй адресини қаердан олиб, уйини қандай топиб келганига жуда ажабланган бўлсада, -Қандай шамол учирди? – дея уни уйга таклиф қилди.
У, кечаси билан ухлай олмай чиққанини, Муҳаммаднинг адресини ҳалқаро муҳожирлар марказидан олганини, уйини қидиравериб, зўрға топиб келганини айтиб, шахмат ўйнашини ўтиниб илтимос қилди.
Муҳаммад унинг шахматга бунчалар шинаванда эканига ҳаваси ҳам келди ва: -Э биродар, кўнглингиз тўқ бўлсин. Керак бўлса эртагача шахмат ўйнаймиз сиз билан. Бемалол ёзилиб ўтиринг – деб дастурхон ёзди.
Овқатланиб олганларидан кейин, унинг илтимоси бўйича, шахмат ўйнайдиган столни расмий ҳолатга келтиришди (сурат-18). Кечаги ғолиб сифатида, биринчи ўйинни Муҳаммад оқ доналарда ўйнади. Ҳар галдагидай, b7 катакдаги пиёдани b6 катакка суриб, ўйинни бошлади.
У Муҳаммаднинг юришига ва унга қайта-қайта тикилабошлади. Муҳаммад унга: -Ҳа, доналарнинг қанақа юришини ўргатмоқчимисиз? – деди кулиб. У бўлса: -Йўқ, манашу юришингиз кеча менинг бошимга етганди – деди ва биринчи (жавоб) юришни қилиш учун 10 минутдан кўпроқ ўйлаб ўтирди.
Гапнинг қисқаси, тушдан бошлаб, эртаси кун чиққунча шахмат ўйнашди. Очиғини айтганда, мутлоқ кўпчилик ўйинда у ғолиб бўлди. Муҳаммад шунча йил, турли даражадаги шахматчилар билан ўйнаган бўлса, бундай кучли шахматчини кўрмаганди.
Муҳаммад уни кузатаётиб: -Шахматда СССР спорт мастеридан кам эмас экансиз – деди. У эса кулиб: -Мастер эмас, гроссмейстерман – деди. Кейин билса, бу йигит бирнеча бор ўз мамлакати ва Африка қитқаси чемпиони сифатида, жаҳон чемпионатида Анотолий Карпов билан ҳам дона сурган, халқаро гроссмейстер экан.
2010 йил, ноябрда шахмат даҳоларидан ҳисобланмиш, ҳалқаро гроссмейстер Нигел Шорт, ўзи туғилиб ўсган Лей шаҳрида шахмат сеанси (бир варакайига бирнеча одамлар билан ўйнаш) ўтказиши ҳақидаги эълонни Мартин кўтариб келиб қолди.
Муҳаммад Мартинга: -Аввал (2007 йилда) ҳам битта гроссмейстер билан ўйнаб, роса ютқазганман – деб унинг таклифини рад қилди. Мартин эса: -Н.Шортдай одам билан ўйнаш имкониятини одамлар бир умр кутишади. Легендага айланган бундай одам билан ўйнаб ютқазишнинг ўзи шараф эмасми?! – деб уни рози қилди. Сиз башорат қилиб бўлмайдиган шахматчисиз-ку, дея унинг кўнглинида кўтариб қўйди.
Белгиланган куни, Лей шаҳридаги марказий клубга етиб боришди. Ҳар бир иштирокчи 25 фунт стерлинг тўлаб, барча (30 дан ошиқ шахматчилар) ўз жойини эгаллади. Муҳаммаднинг жойи 8-доскада экан. Томошобинларнинг эса сон-саноғи йўқ эди. Теле ва фотожурналистлар ҳам тўла эди.
Бугунги иштирокчилар буюк Британиянинг шимолий қисмидаги Чешир, Манчестер, Ланкашир, Ливерпул, Йокша каби графликлар(вилоятлар)дан келган шаҳар ва вилоят чемпионлари, таниқли шахматчилар экан. Бу учрашувга Мартин Пендал шаҳри, Муҳаммад эса Стокпорт шаҳри чемпиони сифатида иштирок қилаётган эдилар.
А.Алёхин, Б.Фишер, Н Шортларнинг номинигина эшитганда ҳаяжондан 2 кун ухлай олмай чиқадиган – Муҳаммад, бугун нимагадир мутлоқа хотиржам эди.

хоразмий шахмат
Бироқ катта кўпчилик шахматчиларнинг Нигел Шортни кўришганидаёқ асабийлашаётганлари сезилиб турарди. Ҳатто айримлари ўйин давомида, асабийлашиб, ўзларини тутаолмай, қалтирай бошлаганларининг ҳам гувохи бўлдик.
Барча доскалардаги биринчи юришни, d7 катакдаги пиёдани d5 катакка суриб, оқ доналар соҳиби сифатида Н.Шорт қилди. Бунга жавобан, қора доналар билан ўйнаётган барча иштирокчилар d2 катакдаги пиёдани d4 катакка суришди. Фақат биргина Муҳаммад b2 катакдаги пиёдани b3 катакка сурди.
Иккинчи юришни қилиш учун Муҳаммаднинг олдига келган Шорт, бир шахмат доскасига, бир мусобақа ташкилотчиларига, бир Муҳаммадга тикилиб, анча туриб қолди. Бунга мусобақа ташкилотчилари, судьялару, барча томошобинлар ҳайрон эди.
Муҳаммад эса Н.Шорт бугунги мусобақа ташкилотчиларига: -Тузукроқ юришнида билмайдиган бу одамни мусобақага ким киритди – деб мени ҳайдаб юборишадими, деб хавотирда эди. Ҳар қалай Н.Шорт нафақат буюк шахматчи ва шунингдек юксак маданиятли ва фаросатли инсон ҳам экан. Бир оғиз ҳам гапирмай, ўз юришини қилди-да, ўтиб кетди.
Кейинги сафар Н.Шорт Муҳаммаднинг олдига келмасиданоқ, мусобақа ташкилотчилари, судьялар, журналистлар унинг олдига келиб туришди. Залдаги барча томошабинларнинг диққати буларга қаратилган эди.
Муҳаммад иккинчи юришда g2 катакдаги пиёдани g3 катакка сурди. Н Шорт бир унинг шахмат доскасидаги юришига, бир унинг юзига қарадида: -Эссизгига бу одамга шахматчи деган ном – дегандай бошини сарак-сарак қилиб, ўз юришини қилди-да, ўтиб кетди.
Шу тариқа, Н.Шорт Муҳаммаднинг олдига келганида вазиятга эътибор ҳам бермай, ўз юришини қилиб, ўтиб кетаверарди. Ўйин ярмидан ошганида, 10 дан ортиқ одам ютқазганларини тан олиб, мусобақани тарк қилишди. Қолган барча шахмат доскаларида доналар сони ва сифати бўйичада, вазият бўйичада, Шортнинг қўли баланд экани кўриниб турарди. Фақат Муҳаммад дона сураётган шахмат доскасида доналар ҳам, вазият ҳам теппа-тенг эди (сурат-20).
Энди, Шорт Муҳаммад биланги ўйинига эътибор қилабошлади. Бу эса айниқса журналистларнинг ва томошобинларнинг диққатини ўзига тортарди. Ҳарчанд ҳаракат қилсада, на доналар сони ва сифатида, нада вазиятда устунликка эга бўлаолмаётганига Н.Шорт озроқ асабийлаша бошлади. Натижада кичигроқ хатоларга ҳам йўл қўйди.
Муҳаммад унинг йўл қўйган хатоларини журналистларга ишора билан кўрсатарди. Теле ва фотожурналистлар бўлса тинмай буларнинг ўйинларини тасвирга олиб, суратга туширишарди.
Ўйиннинг охирига қараб, битта-яримта доскада дона сураётганлар қолганди. Буларнинг ҳам ютқазишаётгани кўриниб турарди. Буларда доналар сони теппа-тенг эди. Вазият бўйича Муҳаммаднинг қўли сал баландроқдай эди. Барчанинг диққат-эътибори фақат буларнинг ўйинига қаратилган эди.
Юриш гали Муҳаммадга келганида, шохни с2 катакдан d2 катакка сурди (сурат-21). Кўпчилик енгил чапак чалиб юборишди. Н.Шорт эса галдаги юришини қилмай: -Дуранга розиман – деб унга қўлини чўзди. Муҳаммад эса бунга хурсанд бўлиб, унинг таклифини дарҳол қабул қилди. Шу тариқа ўйин тугади. Кўпчилик Муҳаммадни табриклаётиб: -Дуранга бекор рози бўлдингиз, сизнинг қўлингиз баланд эди – дейишарди.
Н.Шорт бошқа доскадаги ўйинларини тугатиб, унинг олдига келди ва: -Балли, сиз кучли шахматчи, муносиб рақиб экансиз. Бугунги мусобақада, битта сиз дуранг қилаолдингиз, табриклайман! – дея унинг қўлини қисиб қутлади (сурат-22).
Журналистлар, шахматчилар, томошобинлар буларни ўраб олишди ва савол-жавоб бошланди:
– Журналист: -Сизнинг бу қилган дурангингиз ғалабадан кам эмас, сиз бунга қандай эришдингиз?
– Муҳаммад: Мен бу натижага кучли шахматчи бўлганим учун эмас, рақибимнинг йўл қўйган хатолари эвазига эришдим.
– Журналист: Дунёнинг энг буюк шахматчиларидан бири бўлган Н.Шорт қандай хато қилдики, сиз ундан фойдаланган бўлинг?
– Муҳаммад: Жаноб Шортнинг биринчи ва асосий қилган хатоси рақиби(мен)га нисбатан менсимаслик қилгани бўлди. Иккинчи хатоси эса, асабийлашгани боис хатоларга йўл қўйди.
– Шунда Шорт гапга аралашиб: -Жаноблар, у тўғри айтди. Менинг бу хатойим нафақат ўзимга, менинг шогирдларимгада сабоқ бўлиши керак – деди.
– Н.Шорт Муҳаммадга юзланиб: -Мен сизни ҳеч эслай олмаётирман, қайси мамлакатдан бўласиз? – деб сўради. Муҳаммад Ўзбекистонлик эканини айтгач: -Ноҳатки сиз Рустам Қосимжонов (сурат-13) бўлсангиз. У ёшроқ эди чамамда. Мен дунё бўйича 2-ўриндаги ўйинчи пайтим, ФИДЕ бўйича (2004) жахон чемпиони Рустам Қосимжонов шахматдаги рейтинги бўйича 25-ўриндаги ўйинчи эди – деди уни камситгандай қилиб.
– Йўқ, мен Р.Қосимжонов эмас, Муҳаммад Хоразмийман – деди. Шунда бирнечалари бир варакайига қўл телефон-компутерига унинг исми-шарифини киритиб: -Дунёдаги бирон мамлакат чемпиони йўқ, бу исм-шарифда – дейишди. Яна бирлари: -Бунақа исм-шарифли гроссмейстер ҳам йўқ дунёнинг бирон жойида – дейишди.
– Шунда журналистлар: -Қандай унвондаги шахматчисиз, ўзи? Ҳалқаро мусобоқалардаги зафарларингиз ҳақида гапириб беринг – дейишди.
– Муҳаммад: Халқаро мусобоқалар тугул, район мусобақаларигада қатнашмаганман. Шахмат бўйича бирон айтишга арзигулик разряд ҳам йўқ менда. Тўғрисини айтсам, мен умуман шахматчи эмасман, шахматсеварман холос.
– Шунда Мартин олдинроққа чиқиб: -У тўғри айтаяпти. У Шорт ва бизга ўхшаган расмий шахматчи эмас. У норасмий ва башорат қилиб бўлмайдиган шахматчи – деди кулиб.
Эртасига қатор нашрларда: -Башорат қилиб бўлмайдиган шахматсеварнинг зафари – сарлавҳаси билан мақолалар босилди. Қизиғи шундаки, «Башорат қилиб бўлмайдиган шахматсевар», дегани бирон унвон деган ҳаёлга боришганми, бу мақолаларда: -Башорат қилиб бўлмайдиган шахматсевар унвонидаги шахматчи (Муҳаммад), халқаро гроссмейстер унвонидаги шахматчи(Н.Шорт)ни ютишига сал қолди – деган жумлалар ҳам бор эди.
Муҳаммад шахматчи бўлмасада, шахмат билан боғлиқ бўлган ҳаётига назар солса, нималари биландир саргузашт ва ҳангома (сатирик) ҳикояларга ўхшаб кетадигандай туюлади. Шахмат билан боғлиқ ҳаёти асосида, шундай хулосага келдики, шахмат фақат гўзал ва қизиқарли ўйингина эмас, шахмат – спорт, саргузашт, ижод, илм, тирикчилик (ҳаёт) ва санъат ҳам экан.

хоразмий тор
14.3. Санъатга ихлос
Муҳаммаднинг санъатга, мусиқага бўлган қизиқиши 8-10 ёшларидан (1958 йилдан) раҳматлик отаси тасирида бошланган. У пайтларда туш вақтида экишда қатнашаётган меҳнаткашларнинг маданий хордиғини чиқариш учун тез-тез радио айткизиб бериларди.
Бу радио бир неча катта–катта батериаларга тиркалиб, томга узун-узун ходалар тикиб, уларга сим (антенна) тортиб, кўп машаққатлар билан айттириларди. Радиода Комилжон Отаниёзов куйлаганда отаси айниқса берилиб тинглар эдилар ва фарзандларига ҳам: -Тингла, Комилжон куйлаяапти – дер эдилар. Шу-шу, Муҳаммад ҳам Комилжон Отаниёзов санъатининг ихлосманди бўлиб қолди.
У пайтлар мусиқа асбоблари(қашқар рубоби, тор)нинг камлиги учунми, ёки уларни сотиб олиш имкониятиларининг камлиги учунми, рубоб ёки тор олишнинг имконияти бўлмади Муҳаммадда.
Муҳаммад уйида ўтин учун кесиб қўйилган йўғон оқ толдан тор ясашга киришди. Кўп машаққатлар билан оғирлиги сал кам 10 кг келадиган анча бесўнақай, лекин торга ўхшаш нарса ясашга эришди.
Унинг тери қопланадиган жойига “Рус халқ эртаклари” китобининг муқовасини қўйиб, алюмин симдан пардалар боғлаб, қўлига тушган майда симлардан тортиб чалабошлади. Ҳар қалай, Комилжон аканинг торига ўхшаб сайрамасада, шуларга ўхшаброқ овозлар чиқарарди. Уни кундан кунга такомиллаштира борди. Ва бир неча йил ичида гулноз, андижон полкаси каби музикаларни чаладиган бўлди.
Ўрта мактабнинг 7-8 снифларида ўқиган кезларида райондаги таниқли санъаткорлардан бири – Галди Ортиқов мусиқа ўқитувчиси бўлиб келди. Ўшанда биринчи марта Муҳаммад ҳақиқий торни қўлига олиб кўрди.
Мусиқа ўқитувчиси ундаги мусиқага бўлган қизиқишни ва қобилиятни дарров пайқади ва: -Бу соҳада устозинг ким? – деб сўради. Муҳаммад ўзига хос бир фахр билан: – Устозим Комилжон Отаниёзов – деди. Мусиқа ўқитувчиси ҳавас билан анойи бир қаради-да: -Ноҳатки, Комилжон акани кўрганмисан? – деб сўради. -Кўрганман, лекин гаплашмаганман – деди, Муҳаммад.
Аввал музика ўқитувчиси, кейин барча ўқувчилар кулиб юборишди, Муҳаммад эса қип-қизариб кетди. -Бунга уялмагин, ҳозир бунақа (увайсий) шогирдлар кўп. Комилжон ака билан мен ҳам гаплашмаганман, лекин ўзимга устоз деб хисоблайман. Мана энди бу мактабда Комилжон аканинг шогирдлари иккита бўлдик – деди.
Мусиқа ўқитувчиси ҳар ашула дарсида Комилжон аканинг мусиқасини чалиб ашулаларини айтарди. Муҳаммаднинг торни чалиши, овози Комилжон аканикига ўхшамасада, унга тақлид қиларди.
Талабалик йиллари ўтиришларда, дўстларнинг тўйларида , тор чалиб ашула айтиб олқишларга сазавор бўлган пайтлари ҳам бўлган. Комилжон аканинг консерти қаерда бўлмасин, албатта борарди. Магнитофонидаги кассеталарнинг деярли барчаси Комилжон аканинг ашулалари эди.
Муҳаммад Комилжон Отаниёзов билан учрашиш ва унинг билан суҳбатлашиш бахтига Тошкентда аспирантлик йиллари(1973-1975)да муяссар бўлган. Биринчи марта уни Дошўғизлик иқтисодчи олим, Абдулла Сафаевнинг дала ҳовлисида учратган.
Шу кундан бошлаб Комилжон ака иштирок қиладиган кўпчилик ерларда унинг қўлини ювдириш, чой, овқат қўйиш ишлари билан асосан Муҳаммад шуғулланарди. Ёши катта ва мўътабар одамлар билан мулоқатда бўлиш , уларга хизмат қилиш одобини Муҳаммадга раҳматлик отаси ўргатган эдилар.
1973 йилда филолог олим, Аҳмаджон Сафоевнинг ишчилар шаҳарчаси массивидаги ҳовлисида бўлган бир маракада, Комилжон ака ўтирган уйга хизмат қилиш учун бошқа бир йигитни қўйишган. Унинг хизматларидан, айниқаса одобидан Комилжон аканинг кўнгли тўлмаган ва Муҳаммадни топишларини буюрган.
Бир кун Комилжон ака ундан: -Ўғлим бу одобни ким ўргатган сенга? – деб сўрайдилар, у: -Отам ўргатганлар – дейди. У киши Муҳаммаднинг отаси тўғрисида батафсил эшитганларидан кейин: -Ҳа, эсимга тушди, мен ёш пайтларимда Боғотлик Абдулла қори билан бизникига тез-тез келиб, отам билан гаплашиб ўтирар эдилар. Мен уларга хизмат қилардим – деб эслади. -Дунёнинг ишларини қаранг, бугун сен бизга хизмат қилаяпсан”, дедилар. Шундан куйин Комилжон аканинг унга бўлган муносабати янада самимийлашди.
1974 йилда А. Сафаев Ўзбекистон Фанлар Академияси мухбир аъзолигига ўз номзодини қўйиши муносабаит билан Фанлар Академияси президенти бошлиқ бир неча академикларни уйига (зиёфатга) таклиф қилди.
У пайтлари Комилжон аканинг ўнг қўли ва оёғи касал эди, шунинг учун Ортиқ Отажонв кўпинча унинг ёнида тор чалиб ўтирарди. Таклиф қилинган меҳмонларнинг деярли барчаси етиб келган эди. Фақат президент Обид Содиқов Марказқўмга чақирилгани учун кечикаётган эди. У келгунча озроқ ашула, озроқ суҳбат бўлиб турди. Мен ўшанда ҳатто академиклар ҳам Комилжон акани ниҳоятда ҳурмат қилишларининг гувоҳи бўлганман.
О.Содиқов ҳали эшикдан кирмасданоқ Комилжон ака: -Туринг ҳаммангиз, илм подшоси келди – дея ўзи ҳам ўрнидан қўзғалди (лекин биров кўмаклашмаса ўзлари ўрнидан туришга қийналар эдилар). Барчалар тикка туришди.
Обид ака югириб келиб: -Комилжон ака сиз турманг, илм подшоси ким бўлибди, санъат султонининг олдида – деди-да уни ўрнидан туришга қўймади, ўзи унинг ёнига ўтирди. Мен ўшанда улуғ инсонларнинг ҳазиллари ҳам улуғ бўлишининг гувоҳи бўлганман.
Шундан кейин ҳамманинг кайфияти янада кўтарилиб кетди, базм тонг саҳаргача давом қилди.
Комилжон Отаниёзов гоҳо яширин, гоҳида очиқчасига Ислом буюрган ибодатлар(намоз, рўза, закот)ни қилар эдилар. Концерт бўлиб турган пайтда шом ёки хуфтон намозининг вақти кирса, бошқа биттасига номерни бериб, ўзи бориб ибодатини қилиб келарди.
Тўғри, «Хурсандман партиямдан…», «Ленин номи бўлсин бошимнинг тожи», каби қўшиқларни ҳам онда-сонда айтган. Бу билан уни Ленинпараст, ёки атеистга чиқариб бўлмайди. Боиси шуки, Ленин, партия калималарини айтмаган санъаткор саҳнага чиқа олмас эди у пайтлари. Комилжон ака тилида Ленин, партия, дегани билан унинг дилида доим Аллоҳ зикри бўлган. Ислом масаласида у отасининг васиятига доим содиқ қолган.
То мустақилликка эришгунича, Ўзбекистон телевидениеси ўз кўрсатувларини эфирга узатганида Марказий Телевидениенинг “Время” дастурини олиб кўрсатишга мажбур эди.“Время” дастури бошланган онда барча ўзбек дастурлари тўхтатилиши лозим эди.

Тошкентнинг “Бошлиқ» маҳалласидаги теледастурларни эфирга узатиш республика идорасининг 1967 йилги “ТВ-зона 4” деган дафтарида бир ЧП (Фавқуллода ҳодиса) қайд қилинган. Бу дафтарда ëзилишича, ўша йилнинг ноябрь ойи кунларидан бирида “Время” программаси эфирга узатилмасдан унинг ўрнига Комилжон Отаниëзов концерти берилган. Бу ҳол эса қуйидагича содир бўлганди.

Времянинг вақти кирган пайтда Комилжон Отаниëзов ашула айтиб турган эди. Бирдан Комилжон Отаниëзов ашуласини тугатмасдан Время бошлаворди. Икки минут ўтар ўтмас Времяни тўхтатди-да, яна Комилжон ака ашула айтиб юборди. Тўрт минут ўтар ўтмас яна Время кўрсатиб юборди. Ундан кейин яна Комилжон ака ашула айтди. Ашулани телевизор тугагунча айтди ўзиям.
Совет Иттифоқининг энг асосий теледастурини тўхтатиш ўша пайтдаги мафкурага қарши бориш билан тенг эди. Шу воқеа сабаб вилоят ва республика раҳбариятидаги мутасаддилар партиявий чора олдилар. Бу воқеадан сал ўтмай, юқорининг топшириғи асосида, Муштум журналида Комилжон Отаниëзов танқид қилинган карикатура пайдо бўлди. Ана шундан кейин ҳофиз республикани тарк қилиб, бир муддат Туркманистонда ижод қилишга мажбур бўлганди.
Комилжон Отаниёзовга бир неча маротаба, Коммунистик партия(КПСС)га кириш таклиф (ҳатто илтимос) қилинган. Комилжон Отаниëзов турли сабаблар билан ўзини компартиядан олиб қочганини ҳам озчилик билади. Ана шундан кейин, Комилжон Отаниëзовга унинг 50 йиллик юбилейи муносабати билан берилиши керак бўлган Социалистик меҳнат қаҳрамони унвони бериш масаласи кун тартибидан олиб ташланган.

Комилжон ака ўзининг шогирдларига нисбатан қаттиққўл ва талабчан одам эдилар. Шогирдларининг ҳар бир ҳаракати ва сўзларига эътибор берар эдилар. Улар хеч қачон Комилжон ака олдида ҳазиллашмас, одоб билан ўтириб, одоб билан туришарди.
Ортиқ Отажонов, Гавҳар Матяқубова каби шогирдлари унинг олдидан чиққанларида: -Узтознинг салобати одамни босиб, эзиб юборай дейдия – дейишарди. У киши доим таҳоратли юрар, беш вақт номозини канда қилмас эди. Кўпчилик саъаткорларга ўхшаб унвонлар орқасидан қувмас, мансабдорларга суйканмас эди.
Бир куни меҳмонлар келишдан олдинроқ Муҳаммаднинг музикага бўлган қизиқиши тарихи, ҳозирги олиб бораётган илмий тадқиқотлари ҳақида сўраб ўтириб: -Муҳаммаджон, майли номзодлик ҳимоянгни ҳозирги ишларинг билан қилавергин-у, лекин пахта билан ҳам ишлагин. Чунки пахта Ўзбекистон ҳалқининг нонни бу – деганлар.
Таҳорат олишга чиқиб кетганларда унинг торини олиб (унинг торини олишга унақа-бунақа одамнинг юраги дов бермасди) Комилжон ака 1963 йилда ёзиб музикага солган “Юртим Хоразм” ашуласини завқ билан ҳиргойи қилиб турганида беҳосдан қайтиб келдиларда, кулиб:
-Анча мунча пишиб қолибсан – дедилар. Муҳаммад унинг кафияти яхшилигидан фойдаланиб: -Комилжон ака , ундай бўлса менга ҳам бир фатоҳа бериб юборинг – деди. Ўз қўлларини дуога очиб: -Кўтар қўлларингни – дедилар. Муҳаммад ва бу ердагиларнинг барчаси ўринларидан туриб қўлларини дуога очдилар.
-Илмингдан барака топ, Омин Оллоҳу акбар! – дедилар, булар ҳам беихтиёр қўлларини юзларига тортишди ва ҳайрон бўлиб унга қарадилар. У кулиб жойига ўтирди, ва ҳозир тушинтираман, деди.
-Яхши санъаткор, олим, мусаввир, актёр, ёзувчи, шоир, бастакор ва шу кабиларга истак ва меҳнат билангина эришиб бўлмайди. У нарсалар истеъдод дейилади ва камдан-кам одамларга бериладиган Аллоҳнинг неъмати ҳисобланади.
Сенга Парвардигор катта истеъдодни илм борасида берган кўринади, шуни маҳкам тут! Майли, бир ёнингда санъат, адабиёт ҳам ҳамроҳинг бўлсин, улар ҳеч қачон зарар қилмайди – дедилар.
Муҳаммад унинг маслаҳати билан иш кўриб, илмни маҳкам тутди. Нафақат санъат, адабиёт ҳам ҳамрохи бўлди. Илмий-адабий, илмий-сатирик китоблар ёзди, битта, иккита шерлар ёзиб айримларига куй ҳам басталади.
Муҳаммад аллақачон Пайғамбар ёшдан ошган бўлсада, қўшиқчилик санъатининг Комилжон ака асос солган йўналиши бўйича, устози ёзиб куйга солган ашулаларни, қўлида тор билан ҳиргойи қилишдан тўхтамаган (сурат-24). Ҳатто Комилжон ака ижод қилган “Юртим Хоразм” ашуласини 2012 йилда, “Озодлик” радиосида ҳам куйлаган.
Муҳаммаднинг бундай қобилияти ва унинг насли ҳақида, машҳур ёзувчи ва шоир, адабиёт соҳасидаги ҳалқаро Махтимқули мукофоти лауреати Аннақули Нурмаммедов ўзининг “Пайғамбар ёш қутлуғ бўлсин”, шерида шундай ёзган:
Наслини олибдир, ул Ўғизхондан,
Ал-Хоразмийдан, Махтимқули уммондан.
Хофизлик сирини, устози Комилжондан,
Минг ҳунар қўлинда, сайрон Хоразмий.
Муҳаммаднинг қуйидаги “Хоразм бўлмаса нетардинг, дунё?!” шеъри, у басталаган куй асосида, тўйларда, тадбирларда, радио ва телевиденияда, 1994 йилдан буён, хонанда ва тингловчиларнинг севимли ашуласи сифатида куйланаяпти.
Ва шунингдек, бу шеърнинг тўй ва тадбирларда, ҳатто ҳалқаро илмий-амалий конференцияларда ҳам янграб туриши, нафақат унинг муаллифига ва шунингдек барча Хоразмликлар учун ҳам ғурур саналаяпти.
Хоразм бўлмаса нетардинг, дунё?!
Муҳаммад мустафо назари тушган,
Шул сабаб бул юртда олимлар бисёр.
Хоразм тарихин очсангиз агар,
Ал-Хоразмий, Берунийдек сиймолари бор.

Хоразм бўлмаса нетардинг, дунё?!
Авесто ҳам Зардўштсиз ўтардинг дунё.
Хоразм бўлмаса нетардинг, дунё?!
Пайғамбарлар ватанисиз ўтардинг дунё.

Хоразм Жайхундан сув ичган ул кун,
Хоразм буюк деб, тан олинган кун.
Бунда ҳам тоғлар бор, армонли тоғлар,
Шул юртдан чиққандир Жалолиддинлар.

Хоразм бўлмаса нетардинг, дунё?!
Жалолиддин, Сиёвушсиз ўтардинг дунё.
Хоразм бўлмаса нетардинг, дунё?!
Комилжону Ҳожихонсиз ўтардинг дунё.

Хоразм Полвон пир кўз очган диёр,
Ғавсул Аъзам, Султон Увайс сўфилари бор.
Аз-Замахшар, Кубролардек валийлар бисёр,
Мадҳингни куйлаган Комилжонинг ҳам,
Ахмад ҳожи Хоразмийдек олимлринг бор.

Хоразм бўлмаса нетардинг, дунё?!
Огоҳий, Маъмунсиз ўтардинг дунё.
Хоразм бўлмаса нетардинг, дунё?!
Феруз соний, Ахмадларсиз ўтардинг дунё.
Буюк Хоразмийларсиз ўтардинг дунё.
Ашула бўлиб куйланаётган бу шеър, бир неча хонандаларнинг элга танилишига ҳам сабаб бўлди. Муҳаммад бу шеъри ва у асосида айтилаётган ашулаларни, санаътдаги (санаткор бўлмасада) устози, улуғ санаткор, Комилжон Отаниёзов хотирасига бағишлаган.
1997 йилда Комилжон Отаниёзовнинг 80 йиллик юбилейи кенг нишонланди. Унинг сиймоси акс этирилган кўплаб портретлари ишланди. Булар ичида Муҳаммаднинг меъморчилиги асосида ишланган, унинг мана сиз кўриб турган (сурат-25) портерети энг яхшиси бўлиб, бундан, Ўзбекистон булбули деб тан олинган, Ўзбекистон, Туркманистон, Қорақалпоғистон ва Татаристон республикалари ҳалқ артисти, буюк хофиз, Комилжон Отаниёзовнинг руҳи поклари шод бўлган бўлса ажаб эмас.
* *
Муҳаммад Буюк Британиядаги Стокпорт коллежи(сурат-26)да, турли хил миллат вакиллари билан ўқиган даври(2006-2008)да, инглиз, араб, рус, урду (ҳинд), испан, форс тилларида (ўзи шу тилларни мукаммал билмасада) шеърлар ёзиб, уларга мусиқа басталаб, тадбир ва вечерларда куйлаб, олқиш олган пайтлари ҳам бўлган.Рус тилидаги:
Те местами рус прошёл, я цветами засыплю,
Буду любит русских, пока вечно не сплю.
Вес Азия ученик, Сергей Рыжов учитель,
Благодарья вот таким, Ахмад стал учёным.
Шеъри русча гапирувчилар ичида шу даражада оммалашиб кетдики, буни нафақат руслар, барча русча гапирувчилар ҳам ҳиргойи қиладиган бўлишди.
Бу шеърни Муҳаммад ўз миллатдоши, Россия Президенти В.Путиннинг биринчи ёрдамчиси, Жаҳон Поллиевга юборади. У эса бу шеърни Путингада ўқитган.
Муҳаммаднинг урду (ҳинд) тилида ёзиб, ҳиндча мотивда куйлаган қуйидаги шеъри ҳам урду ва ҳинду гапирувчилар орасида ҳиргойи қилинарди:
Е урду болне вале пяре лого,
Ҳиндустани, Пакистани гим боҳат а чеҳе.
Раж Капур нур жахан карта ху,
Ахмад ҳожи инсо сари дунё китаре.
Муҳаммаднинг форс тилида ёзган қуйидаги шеъри ҳам диққатга сазавор бўлди:
Форси забон бузруг мардум,
Авлиёлари муаллимими ман.
Духтар, ханум анва хуш гел,
Ахмад ҳожи неваш насти аст.
Муҳаммадга испан тилидаги қуйидаги шеърни ижод қилиш унча мураккаб кечмади. Боиси у 1983-1984 йилларда Мозамбикдаги Эдуардо Мондлана Университетида талабаларга сабоқ берганда бу тилни яхшигина ўзлаштирганди.
Españolas, Portugueses mis amigos,
Sus lenguas tambem los amo.
America Latina, toda Africa,
Akhmad hoji tambem sus amigos.
Муҳаммад томонидан араб тилида ёзилиб куйланган қуйидаги шеър турли миллатга мансуб кўпчилик мусулмонлар учун ҳиргойи қилинадиган мавзу бўлди:
Ла Илаҳа илаллаҳ ва Муҳаммад расул Аллаҳ,
Ислам ал-хаир, лианна ҳува дин Аллаҳ.
Кулли муслим садиқ ианна алим Валлаҳ,
Ахмад ҳожи казалик мин умма Расул Аллаҳ.
Муҳаммад томонидан ижод қилиниб, унга куй басталаб, инглиз тилида куйланган (сурат-30) қуйидаги (охирги тўрт куплети келтирилган) “Goodbye Barbara Bingley” шеъри Муҳаммадга Стокпорт коллежида ўзига хос шуҳрат келтирди:
Akhmad loved her as an easy game to play,
Now I need a place, to hide away.
Never visit me, without Barbara Bingley,
Goodbye now, beautiful Barbara Bingley.
Тўрт куплетдан иборат бу шеър, бирнеча йиллар Стокпорт коллежи талабаларидан тортиб, коллеж раҳбариятигача севиб ҳиргойи қилинадиган шеър бўлиб қолди.

Хоразмийга қойил

(Давоми бор)

"1" Comment
  1. Асар қаҳрамони – Муҳаммадга ҳам қоил қолиш керак. Бир вақтнинг ўзида спортчи, санъаткор, шоир.
    “Хоразм бўлмаса нетардинг дунё?!” шеъри телевиденияда, тўй ва тадбирларда ҳозир ҳам айтилаяпти.
    Бу бобни ўқисангиз унда 20 дан ортиқ суратлар берилганига гувох бўласиз. Афсуски улардан 4-5 таси берилган холос.
    Нима бўлганидаям А.Хоразмийнинг бу асари бош кўтармай ўқиладиган экан.

Leave a Reply
*