Menu
Categories
“Дунё ўзбеклари”га Моҳира Ортиқовадан мактуб ва унга Бош муҳаррир жавоби
06/27/2014 Бош мақола

 Моҳира Ортиқ

 

НООДАТИЙ ЯНГИЛИК.

                          Ассалому алайкум, ҳурматли Исмат ака!

      2014 йилнинг 26 март куни “Дунё ўзбеклари” сайтида  Ортиқов Қаюм ҳақида эълон қилинган “Обмани меня или история одного психа” сарлавҳали, фақатгина фисқу-фасоддан иборат мақола эълон қилинган эди. Ўшанда бу фисқу-фасодга жавоб ёзишни, очиғи лозим топмаган эдим. Чунки худди ўзингиз ёзганингиздек “ дунё минбарларидан туриб, ҳалол ва покиза инсонлар бошига мағзава ағдаришдек мунофиқлик ва шармандаликка шерик” бўлаётган эдингиз.  Аммо  сайтингизда эълон қилинган “Ака-ука оқпадарлар” номли мақолани,  журналистик шуурингиз “тиниқлашиб”, ҳушёр юрагингиз сеза бошлаганидан хурсанд бўлдим ва жавоб ёзишга киришдим.

      Шуни эслатиб ўтишни хохлар эдимки, Ўзбек аҳолисининг  зиёлилар ёки мулозимлар қатламлари каби мазлумлар, яъни ноҳақ қамалиб, ҳуқуқлари поймол қилинган, таҳқирланган, шунингдек ваҳшиёна қийноқларни бошидан кечирганлар қатлами ҳам мавжуд бўлиб, минг афсуслар бўлсинки бу қатлам кўлами кундан-кунга ортиб бормоқда.

      Шулардан бири менинг турмуш ўртоғим Ортиқов Қаюм бўлиб, унинг тақдири ҳақида 2009 йилдан бери интернет сайтларида тинимсиз мақолалар бериб келиняпти. Ҳаттоки Лондондаги дунёга машҳур  “The independent”http://independent.co.uk/news/uk/politics/family-in-limbo-after-uk-leaves-uzbek-embassy-man-in-the-cold-8919218.html.  ва “Daily mail” газеталари http://www.dailymail.co.uk/news/article-2486114/British-embassy-worker-Kayum-Ortikov-abandoned-Uzbek-torture.html. , шунингдек Америка Қўшма штатларидаги “Buzfeed” http://t.co/IvflplF0k3.  интернет нашрлари унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишган.

       “Америка овози” радиосининг масъулиятли журналисти Навбаҳор Имомова ҳам Ортиқов Қаюм тақдирига бефарқ бўла олмади:http://www.amerikaovozi.com/media/video/1936814.html.

      Тажрибали журналист сифатида бунга эътибор бермаслигингиз мумкин эмас эди. Шунга қарамасдан айнан сизнинг сайтингизда берилган ҳақоратомуз мақола нафақат Қаюм акам учун, балки бутун оиламиз учун берилган зарба бўлди. Беш йилдан бери таҳқирлаш ва қийноқларнинг руҳий азобларидан қутила олмаётган инсон учун бу қанчалик оғир эканлигини тушуниш ва ҳис қилишда “мўъжаз ҳаётингиз давомидаги муҳаррирликнинг аччиқ тажрибалари” ҳам жуда-жуда камлик қилади.

       Бугун “Дунё ўзбеклари” сайти таваллуд кунингизни нишонлаётган экан, ҳар бир ўзбек тақдирига ёндошишда  касбий ва шахсий имкониятларингиздан холисона фойдаланишингизни, ЖУРНАЛИСТИК ШУУР ВА ҲУШЁР ЮРАГИНГИЗ ҳамиша уйғоқ қолишини тилаб қоламан. Шахсий байрамингиз муборак бўлсин!

     Моҳира Ортиқова

“Қийноқларсиз ҳаёт учун ” ташаббус гуруҳи раҳбари.

 

“Дунё ўзбеклари”дан:

Ижодий гуруҳ аъзолари бу мактубни менга кўрсатганларида: “Ҳозирча уни эълон қилаверинглар, кейинроқ бафуржа жавоб ёзилар” деб айтган эдим.

Мана энди, таваллуд кун ҳаяжонлари бир оз босилиб,  Моҳирага жавоб берадиган вақт ҳам келди.

Яширмайман, Моҳира синглимизнинг ўз турмуш ўртоғини ҳимоя қилиб чиққани мени хурсанд қилди.

Мени ҳам бир пайтлар ишдан олиб, ҳибс этганларида оилам Наргиз худди Моҳирага ўхшаб Ўзбекистон раҳбарларига тинимсиз хат ёзганини кейин менга айтишган эди.

Бу хатларда Наргиз мени ноҳақ ҳибсдан озод этишларини сўраб ёлворган бўлса, Моҳира ўз турмуш ўртоғининг “Дунё ўзбеклари”да ноҳақ танқид қилинганидан зорланган.

Шундай бир пайтда бу хатни эътиборсиз қолдириш адолатдан бўлмас.

Моҳиранинг мактуби эълон қилинганидан сўнг, унга муносабат билдириб ёзилган хатлар кўп келди.

Нашримизда эълон қилиниши лозим бўлган мақола ва матнлар жуда кўплиги боис биз уларни эълон қилолмадик.

Фурсатдан фойдаланиб, улардан айримларини қуйида келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлса керак:

 

Моҳира, раҳмат Сизга!

Шунча ҳақорат ва қийинчиликларга қарамай, тўртта бола билан эрига садоқат сақлаб қолиш фақат жасоратли ва ориятли аёлларгагина хос.

Мен Сизни ҳурмат қиламан ва олдингизда бош эгаман.

Хуршида Ниёзова,

Қорақалпоқ Автоном республикаси, ҳамшира.

 

“Дунё ўзбеклари” ҳукумат ва махсус хизматлар нашри, унга ишонманг!

Моҳира, сиз эрингизни ҳимоя қилиб “Дунё ўзбеклари”га хат ёзманг, бу бефойда, чунки бу нашр ҳукуматнинг нашри бўлиб, у махсус хизматлар назоратида.

Исмат Хушев СНБнинг агенти. У ҳали Москва университетида ўқигандаёқ КГБга ёлланган. Ўшандан бўён уларнинг хизматини қилиб келади.

Д. Т.

собиқ ички ишлар полковниги, нафақахўр.

Тошкент шаҳри.

 

Юқорида биз “Дунё ўзбекларига келган ўн еттита хатнинг атиги иккитасинигина қисқартирилган ҳолда эълон қилишни лозим топдик.

“Дунё ўзбеклари” пенсиядаги фантастика устаси бўлган полковник жаноблари айтаётгани каби ҳукуматнинг ҳам, махсус хизматларнинг ҳам нашри эмас.

Агар шундай бўлганида биз ҳеч қачон ҳукумат ва махсус хизматлар фаолиятини танқид қилиб мақола ва шикоятлар беролмаган бўлардик.

Қолаверса, юқоридаги фикрларни ҳам, Моҳиранинг мактубини ҳам эълон қиломаган бўлардик.

“Дунё ўзбеклари” – на ҳукумат ва на мухолифат тарафида. У адолат  ва ҳуррият тарафида.

Ҳур фикр ва тўғри сўз, ошкоралик ва ротгўйлик тарафида.

Албатта, биз мутлақ ва абсолют адолат тарафида туролмаётгандирмиз. Зотан, бунинг иложи ҳам йўқ.

Ҳар бир давлат ва жамият ҳаётида адолат ва ошкоралик нисбий бўлгани каби, биз ҳам бу борада тўла ҳақиқат ва адолатни ҳали вери тўлиқ намоён қилолмаётган бўлишимиз ҳам мумкин.

Лекин энг муҳими биз шунга интилаяпмиз. Шу йўлда яхшими, ёмонми, дадил ва мустақил қадам ташлаётирмиз.

Шу маънода Моҳира бизга йўллаган мактубга иккинчи бора қайтишимиз ҳам бежиз эмас.

Марҳамат, биз Моҳира ва унинг турмуш ўртоғидан “Дунё ўзбеклари”да улар ҳақида эълон қилинган мақолага нисбатан аниқ ва тўлиқ, далил ва исботли раддия ёки тушунтириш кутиб қоламиз.

Шу ўринда бизнинг чиқишларимиздан ранжиган ва бизни адолатсизлик ва бир ёқламаликда айблаётган бошқа “қаҳрамон”ларимиздан ҳам айни мазмундаги мақола ва матнлар кутиб қоламиз.

“Дунё ўзбеклари” ҳукумат ва махсус хизматлар, хусумат ва бахтсиз қисматлар нашри эмас балки ўз тақдири ва келажагига ишонган, орзи умидлари порлоқ, эртанги кунидан умидвор, фикри уйғоқ бўлган бахтли ва саодатли, табиий ва самимий бўлган яхши ва ёруғ ниятли кишилар нашри.

Она Ватани Ўзбекистонни – дунёнинг энг гуллаб яшнаган, иқтисоди ривожланган, мустақил ва ҳур фикрли инсонлар яшайдиган жаннат бир мамлакатга айлантиришни орзу қилганлар нашри.

Шу билан бирга биз бу нашрни –  ўз Президентига ишонган ва унга астойдил меҳр қўйган чин маънодаги бахтиёр инсонлар ўқийдиган нашрга айлантиришни ҳам орзу қиламиз.

ИншоОллоҳ, бир кун бу олий мақсадимизга ҳам эришгайдурмиз!

Барчага камоли эҳтиром ила,

 

Исмат Хушев,

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири.

26 июнь, 2014 йил, Торонто шаҳри, Канада.

 

 

 

 

 

"1" Comment
  1. Ismatjon aka, xammani bir savol uylantiradi. Siz ilgari Prezident Karimov bilan birga bulgansiz va uni doimo kullab-kuvvatlagansiz, siz xozir xam Karimov bilan birgamisiz ? yoki unga karshimisiz ? Siz Uzbekistonga bemolol borib keldingiz, nega sizni xukumat organlari kamamadi ?

Leave a Reply
*