Menu
Categories
“Дунё ўзбеклари” тақдим этади – Ҳабибулло Саид Ғани
07/07/2014 Адабиёт

 18

Ҳабибулло Саид Ғани
***
Боғлар тўлғонади нотинч, энтикиб,
Рангпар хазонларга тўладир хилқат.
Тинчини йўқотган қалбим қимтиниб,
Сокин йўлларингдан топармиди бахт?

Руҳимда адашган шамоллар расми,
Руҳимда гулларнинг синиқ чиройи.
Руҳимда тўкилган япроқлар акси,
Баҳор деб талпиниб топар оройиш.

Мен энди гулларга ўқиб достонлар
Юрурман қалбимга қўндирмай ғубор,
Сарғайган хазонлар аро мастона
Мен сени куйлайман, мунаввар баҳор!

Мен энди юлдузга боқиб азонлар
Муҳаббат макрига тушмоғим душвор.
Сарғайган хазонлар аро мастона
Мен сени куйлайман, мунаввар баҳор!
Мен энди, мен энди…

Боғлар тўлғонади нотинч, энтикиб…

1970.

***
«Азал котиблари ушшоқ бахтин қора ёзмишлар»
Фузулий.

Эсмеральда!
Не қиларди севиб қўя қолсанг Квазимодони.
Ахир,
Ойнинг нурларидан момиқроқ эди унинг севгиси.
Эсмеральда!
У-ку билар эди хунуклигини тошбақадан ҳам,
Шунинг учун
У тайёр эди
Дунёдаги жамики кўзгуларни
Чил-чил синдирмоққа бирма-бир,
У тасаввур эта олмас эди башарасини
Сенинг мукаммал ҳусну жамолинг олдида.
Эсмеральда!
Агар сен сева олганингда Квазимодони.
Сенинг бир гул умридек
Муборак ўлиминг арафасида,
Биби Марьям ибодатхонасининг
тош деворлари ортида
Зулайҳонинг хаёлларин ром этган
Юсуф бўлиб уйғонар эди Квазимодо,
Агар сен уни сева олганингда,
Эсмеральда!

Чунки сен унга
Туғма кўр
Умрида бир марта
Тушида йиғлаб топган ёруғлик каби
Мўъжиза эдинг!

1971.

***
Илинжим бағримдан кетди узилиб,
Дарахтдан узилган сўнгги барг каби.
Кафтимда негадир кўзсиз узугинг,
Кафтимда узугинг сўнгги дард каби.

Дарахтлар турарлар яланғоч, ҳорғин,
Заъфарон барглардан узмайин кўзин.
Табиат, сен уни бағрингга олгин,
Табиат, дарахтга бера қол тўзим…

1971.

***
Қизғиш титрамоқда ойнангдан чироқ,
Кечанинг кўзида сурмаранг соғинч.
Гўзалим, осмондир йироқ, ер йироқ,
Мовий юлдуз бўлиб боқурман, жоним.

Балким, хаёлингга юлдузлар бўлиб
Бесабаб тўкилдим, ёдингга олдинг.
Деразанг очдингу хаёлчан кулиб
Шаррос нурларимни лабингга босдинг.

Мен-ку бу оламда йўқ эдим, аммо,
Самога сочилдим. Асов эҳтирос!
Ахир, кўз ўнгингда куйгандим тамом,
Энди-чи нур бўлиб келурман холос…

1972.

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Leave a Reply
*