Menu
Categories
Элбек Раҳмат: Т Ў Л А (Айрим ноинсоф солиқчилар таърифида)
07/16/2014 Бош мақола

Элбек Раҳмат

 

Т Ў Л А

 

Айрим ноинсоф

солиқчилар таърифида

 

Сенга бердик Ҳурриятни

истиқлол пулини тўла,

Келажагинг порлоқ дедик

истиқбол пулини тўла.

 

Елканга қоп орқалабсан

юкнинг пулини тўла,

Соч-соқолинг ўсиб кетган

тукнинг пулини тўла.

 

Аланглайсан ўнгу-сўлга

сўлнинг пулини тўла,

Товонларинг ўйдитешди

йўлнинг пулини тўла.

 

Ювинасан, таранасан,

сувнинг пулини тўла,

Эшак ҳанграр, итинг увлар –

увнинг пулини тўла.

 

Жуда қалин кийингансан

қишнинг пулини тўла.

Қара, сўйлоқ тишинг кўп

тишнинг пулини тўла.

 

Яна болан – чақанг кўпдир

бола пулини тўла.

Тунлар тинмай оҳ чекасан

нола пулини тўла.

 

Кечалари кўп термулдинг

ойнинг пулини тўла.

Шовуллашин эшитдингку,

сойнинг пулини тўла.

 

Яшайдирсан соат санаб

соат пулини тўла.

Ибодатга берилибсан

тоат пулини тўла.

 

Уйингда ўт ёниб турар

қозон пулини тўла.

Тонг саҳарлар эшитдинг-ку,

азон пулини тўла.

 

Манглайингдан кўп оқадир

тернинг пулини тўла.

Ана, қизинг эрга тегди

эрнинг пулини тўла.

 

Кўзинг сузиб гап отасан

чеча пулини тўла.

Шаҳар эмас бедарвоза,

кўча пулини тўла.

 

Уканг, синглинг аймоғинг кўп

аймоқ пулини тўла.

катта бовонг маймоқ ўтган

маймоқ пулини тўла.

 

Тўрт томонинг боғу чаман

атроф пулини тўла.

Бойибсанку эшак миниб

бадраф пулини тўла.

 

Кўзларинг ҳам жуда катта

кўзнинг пулини тўла.

Тилинг узун, гапинг бурро

сўзнинг пулини тўла.

 

Бизлар давлат қураяпмиз

қуриш пулини тўла.

Балки, эртан уруш бўлар

қириш пулини тўла.

 

Кунинг ўтар бозор кезиб

бозор пулини тўла.

Элга келган тўйдир бу –

мозор пулини тўла.

 

Гуноҳинг кўп  биладирсан

гуноҳ пулини тўла.

Қилмишингни тасдиқловчи

гувоҳ пулини тўла.

 

Единг, ичдинг ўлчаш қийин

тамоқ пулини тўла.

Эрта-индин борар жойинг

қамоқ пулини тўла.

 

Бизлар давлат тузаяпмиз

тузиш пулини тўла,

Қуриб яна бузаяпмиз,

бузиш пулини тўла.

 

Уйинг тўла амманг, бўланг

бўла пулини тўла.

Тўла деса, ўла дебсан

ўла пулини тўла.

 

1999 йил.

солиқ хизмати

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

"1" Comment
  1. Satirachi aka! rasa meni o’zbek cha kuldirdingiz.Qayırda yuribsiz aka,buningiz ni davlat organlariga ,har bıriga mabodo, nüsha yubara olsangiz zur ish bulardi-.da!

Leave a Reply
*