Menu
Categories
Абулқосим Мамарасулов: Суронли 1990-94 йиллар (12)
07/17/2014 Абулқосим Мамарасулов: Суронли 1990-1994 йиллар"

 

абулқосим 1Абулқосим  МАМАРАСУЛОВ

 

1990-91 ЙИЛЛАР

                        (давоми)

12.

 

Номзод билан учрашув бўладиган куни эрталаб бемалол оближроқўм биносига борган эдим, вилоят совети раисининг масъул котиби Олломурод Исоқулов унинг хонасида менга тегишли меҳмон борлигини айтди. Борсам, “Халқ сўзи”нинг Самарқанд вилояти бўйича махсус мухбири  Ҳабиб Темир: “Кеча Самарқандда  шундай учрашув бўлиб, бу ҳақда ЎзА  мухбири ахборот берар  деб юрсам, мени Аҳмаджон ака чақиртирди. Президент Ислом Каримов билан бирга учрашувга борган экан. Ҳозир бирга Жиззахга келишди. Катта материал қилиб беришимиз керак. Президентнинг шахсан ўзи Аҳмаджон акани олиб юрган экан. Буюрмайману, лекин илтимос, мени ҳам тарғиб этинглар, деган эмиш. Ҳабиб Темир билан бирга мажлисхонага ўтдик. Учрашув бошланган, лекин Президиумда Аҳмаджон ака кўринмасди. Излаб юргандик, масъул ходимлардан бири айлантириб, бизни саҳна ортидаги дам олиш хонасига етаклаб борди. Аҳмаджон ака шу ерда бўлғуси репортаж лойиҳасини тайёрлаётган экан. Бизни кўриб хурсанд бўлиб кетди. Учрашув Жиззахда қандай ўтгани ҳақидаги материални у киши ҳам бошлаб, бир ярим бет ёзган экан, бизга кўрсатди, бўладими, деб маслаҳат сўради. Иложи бўлса, мени ҳам соавтор қилиб қўшинглар, деб илтимос қилди. Биз яна масъул котиб хонасига қайтдик. Аҳмаджон ака менга ишонмагани учун Ҳабиб Темирни олиб келганми, деб ўйлаган эдим. Аммо Аҳмаджон аканинг менга муносабати жуда самимий, ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмасди.  Ҳабиб Темирнинг айтишича: Жиззахга сен ҳам юр, Абулқосим ҳам сенга ўхшаб, бу ЎзАнинг иши деб ўтиргандир, кўмаклашамиз, деб етаклаб келибди. Мен етиб келганда Ҳабиб Темир мақолани бошлаб улгурганди, кейин Аҳмаджон аканикини қўшиб, ўзи тайёрлаб, тугаллаб, учовмизнинг имзомиз остида Тошкентга, таҳририятга телефон орқали ўқиб турди, улар ёзиб олиб, беш бетли мақолани шу куниёқ саҳифага тушириб юборишди.

Тушдан кейин Президент аркону-асҳоби билан Гулистонга – Сирдарё вилояти меҳнаткашлари билан учрашувга кетди. Аҳмаджон ака улардан ажраб, бизнинг олдимизга келди.

– Президентдан рухсат олдим, – деди Аҳмаджон ака.  –  29-30 ноябр кунлари  Минскда давлат бошлиқларининг учрашуви бўлади, ўшанга мени ҳам олиб кетмоқчи. Ишқилиб, кўз тегмасин, менга муносабати яхши. Ўктам (оближроқўм раиси Олимов) билан икки оғиз гаплашиб, кейин Тошкентга кетаман. Невараларга этикчалар керак бўляпти, – деди.

Мен ерга қарадим. Бунақа нарсаларни ҳал қилаверадиган даражага етганим йўқ эди ҳали. Олимов эса Президентни кузатгани вилоят чегарасига кетипти. Бир оз фурсат  кутиб ўтирдик. Аҳмаджон ака безовта бўлаверди. “Шофёрга бориб айтинг, машинани бу ёққа ўнгласин”, деди. Мен пастга тушиб, атрофни айландим, лекин Аҳмаджон аканинг машинаси кўринмасди. Битта Тошкент “Волга”си турарди. Шу бўлса керак, деб ўйлаб келиб, айтгандим, Аҳмаджон ака: “меники 11-25 ТНВ”, деди. 11-25 ТНВ ҳеч қаерда йўқ эди. Гаражга  сим қоқсак, у ҳам Президент машиналари қаторида Гулистонга кетганини айтишди. Аҳмаджон Мухторов  бошқа машинада бўлса керак, деб ўйлаб, кортеж сафида кетаверган бўлса керак, деган қарорга келдик.

– Гулистондаги мухбир Темур Абдураҳмонов ҳам ўйнаб юрган бўлса керак, бир киши бориб, репортаж тайёрлаш керак эди, – деди Аҳмаджон ака.

Мен яна ерга қарадим. Чунки ҳамма кетиб бўлган, мен эса пиёда эдим.

– Мен Тошкентга кетишим керак, Ўктам ҳали-вери қайтмайдиганга ўхшайди, – деди Аҳмаджон ака безовталаниб.

– Аҳмаджон ака, сиз менга машина олиб бердингиз, лекин бензин тополмаганим учун бугун пиёда келганман, – дедим хижолат бўлиб.

Шу алфозда Ўктам Олимов қайтишини кутишга мажбур бўлдик. Ўктам ака қайтиб келгандан сўнг ўз кабинетида бизни меҳмон қилди. Мен олманинг пўстлоғини арчмасдан  майдалаб дастурхонга қўйган эдим, Аҳмаджон ака:

– Нега бундай қилдингиз? – деб сўради.

– Айтишларича, витаминнинг асосий қисми пўчоқда бўлар экан, – дедим мен.

– Пўчоқ ошқозонга етмай, ичаккка ёпишиб қолиши мумкин, – деди Аҳмаджон ака.

Мен бадтар хижолат бўлиб, майдаланган олманинг пўчоқларини тозаладим. Энди буни Аҳмаджон ака емаса керак, деб ўйлагандим, йўқ, еди. Бугуннинг ўзида бир неча марта Аҳмаджон аканинг раъйига қарай олмадим. Шунинг эвазига энди мени ёмон кўриб қолса керак, деб  ўйлагандим. Аммо Аҳмаджон ака Ўктам акага:

– Абулқосим қийналиб қолипти, бир жойдан гарантияли бензин тўғрилаб беринг, – деди.

– Машина бердим-ку, энди бензинини ҳам менга осадими, кунини кўрсин, – деди Ўктам ака.

Ўктам Олимовнинг ёрдамчиси Равшан Абдусатторов  11-25 ТНВ Гулистонга борганини аниқлади. Бетонкага чиқаверсин, деди Аҳмаджон ака. Кейин Ўктам ака билан четга чиқиб, бир нималарни маслаҳатлашди. Пастга тушдик. Ҳабиб Темир учун Самарқандга, Аҳмаджон Мухторов учун Тошкент тарафга  машиналар ўнгланди. Қоронғи тушиб қолган эди. Мен йўловчи машиналарда амаллаб уйга етиб олдим.

Уч-тўрт кундан сўнг Тошкентга ўтиб, Аҳмаджон Мухторовдан вилоят совети раиси Эркин Турсунов номига: “вилоят мухбирини ҳар ойда 200 литр  бензин билан таъминлаш илтимос қилинган хат олиб келдим.  Бу пайтлар: бугун эрта совет раиси и ижроқўм раиси лавозимлари тугаб, ягона ҳокимлик жорий этилади. Эркин Турсунов кетиб, Ўктам Олимов вилоят ҳокими бўлади, деган миш-миш тарқаб, яна Эркин Турсуновга ҳеч ким кирмай қўйган, қачон борсам, қабулхона бўш бўларди. Эркин ака хатни вилоят нефтбазаси бошлиғига жўнатди. Нефтбаза бошлиғи Огай: “мен тонналаб бензин бераман, литрлаб сотиш имконим йўқ”, деб хатни қайтарди. Мен Огайнинг хонасидаги тўғридан-тўғри телефонни кўтариб, Эркин Турсуновга уландим-да, вазиятни тушунтирдим. Кейин Огай титраб-қақшаб, ўзини оқлади. Кейин менга: “майли, талон бераман, бизнинг бензоколонкалардан олаверасан”, деди. Аммо бу пайтлари бензоколонкалар аксарият ёпиқ турарди. Талон олмай, Эркин Турсуновга қайтиб бордим. Эркин Турсунов масъул котиби Олломурод Исоқуловга: “ҳал қилинг” деб, хатимга иккинчи бор виза қўйиб берди. Олломурод Исоқулов хатни оближроқўмга ўткизган  экан, Ўктам Олимов кўриб қолиб, отиб юборипти. Мен бу мухбирга ўз жавобимни айтганман, депти. Хат яна Олломурод акага қайтиб келди. Мен учинчи марта Эркин Турсуновга кирмоқчи бўлган эдим, Олломурод ака тўхтатиб, автотрест бошлиғи Думлерга телефон қилди. Шу тахлит мен шаҳар автобус паркидан бир йил давомида ойига 200 литр бензин олиб турдим. Анвар Жўрабоев муҳаррир бўлган даврда, 1993 йил мартида  бу насибам қирқилди. Аввалига Аҳмаджон ака давридаги бош ҳисобчи  Анвар акага айтмай, мен олган бензин учун автопаркка ойма –ой пул  ўтказиб турди. Кейин  бош ҳисобчи  алмашди. У:  “бош муҳаррирга кир, рухсат берса, кейин пул ўткизаман”, деб туриб олди. Анвар ака рухсат бермаслиги аниқ эди. Сўрамай қўя қолдим.

 

 

1992 йил   2 март.

   Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биносида Ўзбекистон байроғи ҳилпирай бошлади. Мазкур ташкилот томонидан Ўзбекистон мустақил мамлакат сифатида тан олинди.

(Давоми бор)

 

 

Leave a Reply
*