Menu
Categories
Одил Ёқубов ва Марям Ёқубова: МАКТУБЛАРДА АКС ЭТГАН КЎНГИЛ (22)
07/18/2014 Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари...

Одил ака хотини билан79

Тошкентдан Қарноққа мактуб

 

Мар, ақллигим.

Қисса[1]нинг муҳокамаси 27-да бўлмоқчи эди, бироқ Ҳамид Ғулом[2] душанбага қолдирилганини айтди. Иш чўзилаётганидан киши қандайдир совуб қолаяпти. Асарни қайта ишлаш учун автор ундан совугани ҳам яхши. Лекин кўп вақт ўтиб кетаётгани ранжитаяпти кишини. 30-куни муҳокама бўлди. Муҳокама жараёнида тиззаларим қалтиради. Киши бошда бирорта асарни тугатганда уни энг шафқатсиз танқидчига бериб ўқитиши керак экан. Унинг фикрлари қанчалик кескин бўлмасин, бир йўла оғринасан-у, кейин ҳовлиқмасдан тинч юрасан. Аксинча, бошда оддий китобхонга бериб, унинг мақтовларига ўрганиб қолсанг, кейин танқидий мулоҳазаларни «ҳазм» қилиш қийин бўларкан. Уйга бир аҳволда қайтдим. Аксига олиб, ҳувуллаган уйда ёлғизман. Сизлар тез қайтишларингиз керак.

Кеча кечаси билан ёмғир шивалаб ёғди, мен дам уйғониб, дам яна кўрпага яхшироқ ўраниб ухлаб қолардим. Негадир болалик чоғларим, қишда қор ёки ёмғир шивалаб ёғган пайтларида оёқларимни иссиқ танчага суқиб, кўрпага ўраниб, писта чақиб, катталарнинг ҳикояларини жон қулоғим билан эшитиб ётган маҳалларим эсимга тушиб, ғалати бўлиб кетдим. Эртага декабрь… Бугун эса офтоб чарақлаб турибди. Осмонда битта ҳам булут йўқ. Кун илиқ, худди илк баҳор кунларини эслатади, буюм халтага бир-иккита нон, бир хурмача қатиқ ва майда-чуйдаларни олиб, далаларга, олис-олисларга чиқиб кетгиси келади, киши.

Сизлар ҳам кунлар совуб кетмасидан қайтган­ларингиз маъқул. Агар кампирнинг соғлиғи кўтарса, олиб келинглар. Шу ерда даволатамиз. Сизларни соғиниб, ёлғизликдан сиқилиб қолдим. Сочларингизни силаб, юзингиздан ўпиб қолдим, сиз болаларни ўпиб қўйинг.

Одил.

30 ноябрь, 1970 йил.

 

 

1972

 

80

 

Қарноқдан Тошкентга мактуб

 

 

Мар, азизим.

Числони аниқ билмайман. Ё йигирма олтинчи, ё йигирма еттинчи июль бўлса керак, чамамда. Бугун биринчи марта қўлимга қалам олдим, лекин нима ёзишимни яхши тасаввур этолмайман. Қишлоққа келганимдан бери олган тассуротларим ниҳоятда тарқоқ. Қишлоқ бурунги файзини йўқотган. Сувсизлик ажойиб боғларни, таниш манзараларни худди саратон гармселидек қуритиб-қовжиратиб қўйган. Бир маҳаллардаги яшил майсазорлар ҳозир кул тепага айланган  – чанги бурқсиб ётибди. Манноп[3] бир маҳмадана йигитнинг гапини айтиб қолди. У шундай деганмиш:

– Қишлоқ худди хазон бўлаётган қовун пайкалига ўхшайди.

У боланинг маҳмаданалигини мен ҳам биламан, лекин шу сафар у жуда қойил ўхшатиш топибди! Қишлоқ кўрки қандай кетган бўлса, назаримда, одамлар ҳам майдалашиб, бачканалашиб қолгандай туюлди менга. Тўй кўп, ҳар куни деярли бир жойда тўй бор, лекин бу тўйлар ҳам руҳсиз, файзсиз ўтади.

Башарти, қишлоқларимиз ҳаёти шу йўналишда, шу йўсинда бораверса, бунинг оқибати нима бўлади? Халқимизнинг келажаги нима бўлади? Бу нарсаларни ўйлаган пайтда хаёлингиздан бир фикр айланиб чиқмайди: Баъзилар айтганидек, турмуш ҳақиқатан ҳам шу даража ёмонми? Халқ оч-яланғочми? Агар бу саволга Қарноқни олиб гапирадиган бўлсак, жавоб фақат битта бўлиши мумкин  – йўқ! Бу ерда ҳаёт, айниқса, бундан беш-ўн йил олдингига нисбатан хийла яхшиланиб қолган. Ҳар ҳолда одамларнинг турмуши ёмон эмас. Лекин кишиларнинг онгида қандайдир бир ўзгариш рўй берган. Бу ўзгаришни бойлик орттиришга шошилиш, ўз мансабидан, ўз мавқеидан фойдаланиб бир нарсани юлиб қолиш истаги деб аташ мумкин. Лекин азалдан маълумки, бу истакни ҳеч қачон қондириб бўлмайди. Киши қанчалик бойимасин, бойлик кўзига оз кўринаверади, дунё орттириш истаги шунчалик ортиб бораверади. Борга барака берсин, дейдиган, шукур қиладиган одамлар, ҳаётда кам учрайди, ундай одамлар, одатда камбағал, меҳнаткаш кишилар орасидан, турмушга катта талаб қўймайдиган одамлар орасидан топилади.

Даставвалги учрашувлардан туғилган бу таассуротлар мени жуда эзиб ташлади, руҳимни тушириб юборди. Лекин аста-секин далада, кўчада, меҳмондўстлик пайтларида бошқа тоифа одамлар ҳам учрай бошладики, улар ўзларининг софдиллиги, самимийлиги, характерларидаги юқорида айтган хислатларга қарама-қарши хислатлари билан кўнгилимни чарақлатиб юборди, бутун ғуборни ювиб ташлагандай бўлди.

Шулардан бири Ҳусан ҳожиака[4], ўзимнинг холаваччам. Мен уни эсимни таниганимдан бери танийман. Ўшандан бери бу одам жисмоний оғир меҳнат билан шуғулланиб келади. Илгари колхозда сувчи эди, энди совхозда сувчи. Айни пайтда жуда яхши миришкор боғбон. Боғига бир кирсангиз чиққингиз келмайди. Турмушдан ундан ортиқ заҳмат чеккан киши кам бўлса керак. Бутун умри меҳнат билан ўтиб бораётибди, лекин ҳануз бақувват, юзидан анор суви томиб турибди. Суҳбати дилкаш, гапи ширин. Эскилик билан қанчалик қизиқса, янгилик билан ҳам шунчалик қизиқади, қўлидан газета тушмайди. Кеча унинг суҳбатида бўлиб дилим ёришди.

Мени қойил қолдирган яна бир одам – уста Мажид[5]. Ўзи элликлардан ошган бу одам жуда ёш кўринади. Чўтир, қип-қизил юзидан муғомбирона табассум аримайди. Сийрак мўйлаби ҳали қоп-қора сақичдай. Чап қўлидаги бармоқлари урушда кесилиб, тўқмоққа ўхшаб қолган, лекин ўзи бақувват, ўз сўзи билан айтганда ҳалиям икки кишининг ишини қилиб, тўрт кишининг ошини ейди. У кечаги суҳбатда ўз саргузаштларини, раис билан уришиб, Тошкентга кетиб қолганида бошидан кечирган воқеаларни (1936йил) гапириб, ҳаммамизни тоза кулдирди.

Ажойиб одамларимиз бор-да!

Мар, азизам. Ҳозирча қишлоқ таассуротлари шулардан иборат. Сен қийналмаяпсанми? Бир неча кун шу ерда бўламан. Хатга жавоб ёзмасанг ҳам майли. Ҳафтанинг охирида ўзим етиб бораман.

5 август, 1972 йил.

 

1978

 

81

 

Тошкентдан Туркистонга мактуб

 

 

Мар., севгилим!

Яхши етиб олдингизми, йўлда болалар қий­нал­мадими? Қишлоқдагилар, ойижонингиз[6] соғ-саломат юришибдимикин? Бугун негадир хаёлим паришон. Бу балки сизларнинг Туркистонга кетиб, ёлғиз уйда бир ўзим ҳувуллаб қолганимдандир.

Беруний ва Ибн Сино тўғрисида роман[7] ёзиш фикридан ноилож бўлса ҳам ҳозирча қайтмоқ даркор, деб ўйлаяпман. Чунки бир-икки ой, ҳаттоким беш-олти ойлик «ўрганиш» билан бу улуғ алломалар ва улар яшаган давр ҳақида чуқур асар ёзиш мушкул. Улар ҳаётига доир маълумотларга ишда (гарчи улар жуда оз бўлса ҳам) жуда мураккаб, сермазмун ва китобхонни етаклаб кетадиган сюжет яратмоқ керак. Бу ишда фақат учта нарса ёрдам бериши мумкин.

  1. Бу икки алломанинг ўз асарлари. Ёзувчи бу асарларни, ҳар қалай уларнинг илмий ва фалсафий қарашларини тўла ифода этувчи энг муҳим асарларини яхши билмоғи зарур. Бу ҳам осон эмас, чунки бунинг учун ўша давр шарқ ва араб фалсафаси ва бу фалсафалардаги беҳисоб оқимларни ўрганиб чиқмоқ, улар ҳақида мукаммал бўлмаса ҳам, ҳар нечук аниқ тасаввурга эга бўлмоқ керак.
  2. Ёзувчи жуда зўр хаёллар кучига эга бўлиши, тўғрироғи, унинг хаёллари чексиз-чегарасиз юксакликларга парвоз эта олмоғи даркор. Шу боисдан кўпдан бери қийнаб келаётган иккиланиш ва тараддудларга чек қўйиб, бугунги кун тўғрисида янги бир асар ҳақида – бу асар ҳам бирдан туғилгани йўқ, албатта, – кўпроқ ўйлай бошладим. Бу асарнинг бош қаҳрамонлари – иккита ўрта ёшлардаги тарихчилар ва уларнинг фарзандлари бўлмоғи керак. Бош қаҳрамонларни тарихчилар қилиб олишимга сабаб, асарда тарих, хусусан, улуғ тарихий шахслар, шоҳлар, лашкарбошилар (масалан, Жалолиддин Мангуберди[8]) ҳаёти ва фаолиятини тўғри яратиш муаммоларидан ташқари, китоб умуман тарихий воқеалар, ривоятлар, ҳикоятларга «тўлиб кетмоғи» лозим.
  3. Энг асосийси эса, олдимга мақсад қилиб қўйган улкан режаларимнинг бажарилишига сизнинг мададингиз керак. Сиз ёнимдами ёки узоқда бўлса ҳам ижодий руҳ, илҳом бағишлаб турмасангиз, бари бефойда бўлиши мумкин. Бирозгина мен ва менинг инжиқликларимдан дам олгани кетган бўлсангиз ҳам барибир ортингиздан кабутарларимни юбораяпман. Қишлоқдагиларга салом айтинг.

Сизларни соғиниб,

Одил.

12 апрель, 1978 йил.

1979

 

[1]Қисса – Одил Ёқубовнинг «Излайман» қиссаси ҳақида.

 

[2]Ҳамид Ғулом – Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

 

[3] Манноп  – Одил Ёқубовнинг жияни.

 

[4] Ҳусан ҳожиака – Одил Ёқубовнинг холаваччаси, қори.

 

[5]Мажид – Қарноқдаги машҳур уста.

 

[6] Ойижонингиз – Одил Ёқубов ўз онасини назарда тутаяпти.

 

[7]Роман – 1983 йилда буюк алломалар ҳаёти ҳақидаги «Кўҳна дунё» романи ёзилган.

 

[8]Жалолиддин Мангуберди – машҳур саркарда, миллий қаҳрамон.

 

 (Давоми бор)

Leave a Reply
*