Menu
Categories
Абулқосим Мамарасулов: Суронли 1990-94 йиллар (14)
07/23/2014 Абулқосим Мамарасулов: Суронли 1990-1994 йиллар"

абулқосим чопонАбулқосим  МАМАРАСУЛОВ

 

1990-91 ЙИЛЛАР

                        (давоми)

14.

 

Муаллиф айтишга айтолмаётган, балки андиша қилаётган, лекин мудом тилининг учида турган асосий фикр, менимча шуки, у кўрик баҳонасида қизларимиз очилишидан, яъни бузилишидан (ёки бузиб юборишларидан) хавфсираяпти. Кўрик ана шундай бузилишларга замин яратади, асос бўлади, демоқчи. Бунинг олдини олиш мумкин: кўрикларда қаттиқ назорат  ўрнатилса, имкони топилганда Гулҳаёнинг онасидек, ота-оналар қизлари билан юришса… Ва умуман, бузуқ қизлар ҳамиша ҳамма ҳамонларда ҳамма миллатларда бўлган ва яна бўлади. Унақалар шу кўриксиз ҳам ўз майлига йўл топаверади. Қолаверса, чумчуқдан кўрққан тариқ экмайди. Энг асосийси, кўрик қай тахлит ташкиллаштирилишига боғлиқ.

Муаллиф ўтмишдаги ўзбек қизига хос ҳаё, ибо ҳақида гапирар экан, аввало бизнинг 1989 йилда яшаётганимизни унутади. Модомики, ўзбек  қизининг қонида ҳаё, ибо бор экан, у қонда тураверади, ҳар қандай шароитда сақланади. Ва муаллиф истаса-истамаса, ҳаё-ибо ўтмишдаги паранжи билан узвий боғланиб кетади. Аввало паранжининг ўзи қаердан чиққан? Қайси миллат аёллари уни ёпинган? (бунинг ўзи катта илмий ишларга асос бўлса керак).  Менимча, Турон ўлкасининг шаҳарларидагина паранжи урф бўлган. Шунга қарамай, инқилобдан кейин ўлкамизнинг барча ерларида паранжи ташлаш маросимлари ўткизилган. Бахмал туманидаги Барлос қишлоғига менинг Жўрабой катта отам биринчи колхоз раиси бўлган эканлар ва фаол сифатида  Ғаллаоролдаги (ораси 40 км)  паранжи ташлаш маросимига хотинини олиб бориши ва паранжи ташлатиши шарт бўлган. Қишлоғимиздан, хўжакўрсинга бўлсин, биронта паранжи топилмаган. Ва ниҳоят Булунғурнинг Оқтепа бозоридан битта паранжи сотиб олишган. Бобомиз хотинини, яъни катта онамизни, ҳомиладор бўлишига қарамай, сиёсат талаби бўйича, отининг орқасига мингаштириб (фаол-да!), Ғаллаоролга борган. (Аслида, паранжи ташлаш – аёллар кўриги!). Ва не азоблар билан сотиб олган паранжиларини тантана билан оловга отганлар. Оқибат, узоқ йўл туфайли бугун-эрта кўзи ёрадиган жувон бола ташлаган. Бир йил беланги бўлиб ётган.

Шунингдек, халқ оғзаки ижодига назар солсак, эртакларда, достонларда подшо қизлари йигитларни кўрикдан ўтказишлари урф бўлган. Подшо қизи ўзига маъқул йигитга олма отган.

Азал-азалдан бизга хос кўриклардан яна бири – қулбозор. Марҳум Хосият катта онамнинг айтишича, катта қимматчилик йиллари (1914 йиллар атрофи бўлса керак) Бахмал туманининг  маркази – Ўсмат қишлоғи  атрофидаги лалмикор қишлоқларда очлик, очарчиликдан сўнг ўлат бошланган. Ва эрлар хотинларини, қизларини Оқтепа бозорига олиб бориб (нечтаси етолмай, йўлга йиқилиб ўлган), ярим халта маккажўхори эвазига сотган. Фақат тирик қолиш, очликдан ўлмаслик учун! Бозорда аёлларни қатор териб қўйишган ва сувликор  Жомбойнинг бўқоқли эркаклари ҳар бир қизнинг рўмолини (паранжисини эмас!)  кўтариб кўриб, маъқулини танлашган. Бу ҳам ҳақоратли бўлса-да, аёллар кўригининг ўзбекларга хос бир кўриниши эди.

С. Аҳмедов “опаларимиз, сингилларимизнинг моддий ва маънавий камолоти хусусида ғамхўрлик қилайлик”, дейди. Тўғри айтади. Лекин  “фақат  бу йўл билан эмас”, дейдию, бошқа йўлни ҳам кўрсатмайди. Кўрсата олмайди!! Ё  кўрмаган!  Ё кўра олмаган!

Ҳаммани ҳамма қаторига қўйишга минг уринмайлик, ҳеч бир замонда, ҳатто социализмда ҳам, бу нарса мумкин эмаслигини тарихнинг ўзи исботлади. Генерал бўлишни орзу қилмаган солдат  –  ёмон солдат! Ҳар бир инсон ҳаётда ўз имкониятлари даражасидаги чўққига интилади. Спортда мингларнинг орасидан битта чемпион чиқади (масалан Руфат Рисқиев) Юзлаб санъаткорлар орасидан биттаси  кўпроқ севимли бўлади (масалан, Шерали Жўраев). Ўзини фан заҳматига бағишлаганлар (масалан, Суннатилла Аҳмедов)  бугун фан кандидати бўлса, эртага доктор, индин академик бўлиш учун интилади ва бу ҳар бир инсон учун табиий хусусият. Худди шундай, қизларимизда гўзалликка табиий интилиш учун имконият бор экан (инсонда ҳамма нарса гўзал бўлмоғи лозим!), зинҳор ва зинҳор бу имкониятнинг томирини қирқмайлик.

 

Абулқосим МАМАРАСУЛОВ

(Давоми бор)

Leave a Reply
*