Menu
Categories
Абулқосим Мамарасулов: Суронли 1990-94 йиллар (16 – якуний қисм)
08/01/2014 Абулқосим Мамарасулов: Суронли 1990-1994 йиллар"

абулқосим 2Абулқосим  МАМАРАСУЛОВ

 

1990-91 ЙИЛЛАР

                        (давоми)

 

16.

 

Аҳмаджон ака сўзсиз, мийиғида қулимсираб, менга тикилди. Кейин бирга пастга тушдик. Аҳмаджон ака  уйига кетмоқчи бўлди, аммо  пиёда келган экан.  Мен у кишини “Жигули”м тарафга бошлаб бориб, эшикни очдим: “Ўзингиз олиб берган машина, бир минсангиз минибсиз-да, Аҳмаджон ака!”  Аҳмаджон ака хижолат тортиб, ўтирди. Аҳмаджон акани уйига олиб бордим. У киши мени қўярда  қўймай учинчими, иккинчими қаватдаги хонадонига олиб чиқди. Ичкарида янга ширингина карам шўрва пишириб  ўтирган  экан. Овқатландик. Чой ичдик. Шу аснода Аҳмаджон ака дардларини тўкди:

–       Мен ҳеч қачон Президентдан хафа бўлмаганман. Бўлмайман ҳам!  Осон эмас унга! Мени майда одамлар енгди. Майда одамларнинг майда гаплари енгди. Худо хоҳласа, мен бари бир ўз ўрнимга  қайтаман, аммо… бир нарсадан қўрқаман, Абулқосим, ёшим кетиб қолди. Улгурмайманми, деб қўрқаман…  Мен Гдлян билан олишдим, Иванов билан олишдим. Мен қўрқмаганман улардан. Улар мени енга олмаган,аммо…  майда одамлар, қумурсқалар чатоқ… чатоқ…

Мен имконим даражасида Аҳмаджон акани юпатдим, кўпларга қилган яхшиликларини эслатдим. Масалан, “Ленин учқуни” газетаси бош муҳаррири  Абдусаид Кўчимовни  1989 йили сайлов олди кунларида  Ўзбекистон Ленин комсомоли Марказий Комитети биринчи котиби Азиз Носиров тазйиқидан асраб қолганини, қийналиб юрган кунларим  мажлисларда менинг мақолаларимни мақтаб, менинг кўнглимни  тоғдай кўтарганини ва ҳоказоларни… Мен бу воқеаларни хотира сифатида қоғозга туширганимни, улар албатта сақланажагини айтдим…

Не бир алфозда уйга қайтдим ўша куни. Эртасига эса редакциядан менга телефон бўлди: Анвар Жўрабоев менинг қувғинга учраган собиқ редактор Аҳмаджон Мухторов билан етаклашиб юрганим ҳақида хабар топиб, ғазаб отига минганмиш, Абулқосимни тез топиб, аризасини олинглар, менга бунақа мухбир керак эмас”, деганмиш, ҳалигача ўзини босиб ололмаётган эмиш. Мен яна аввалги гапимни такрорладим: “Мен розиман, бемалол мени ишдан ҳайдаш тўғрисида буйруқ чиқараверсин”. Шундан сўнг менинг бошимда айланган қора булутлар қуюқлашди. Ҳайитбой Набираев орага бир вақтлар бирга “Бўстон” газетасида ишлашган  Платон Дюгайни қўйди. Бу корейс йигити кейинчалик “Народное слово”да  ҳам ишлади, шекилли. Яна ким бировлар элчи бўлди. Ниҳоят мени вилоят ҳокимининг нодавлат ташкилотлар ва матбуот ишлари бўйича  ўринбосари, Умида Турсунова билан Ҳайитбой Набираевнинг ҳамюрти, форишлик Байрам Узоқов (у кейин Фориш тумани хокими бўлди, ҳозир нафақада)  чақириб, менга Анвар Жўрабоевнинг ултиматумини, ва  унга қўшиб, ўзиникини ҳам топширди. Мен ҳардамхаёл бўлиб, вилоят ҳокимлигидан мухбирлар учун ажратилган хонага келдим. Бу ерда мени “Ўзбекистон овози”нинг вилоятдаги мухбири Бахтиёр Ризаев кутиб ўтирарди. Анвар Жўрабоев бош муҳаррир бўлгандан бери  жойни бўшатишим кераклигини минг одам айтган, шундай қилиш лозимлигини минг одамдан-да теранроқ англаб юрган бўлса-да, Бахтиёр Ризаев бирон марта бу тўғрида менга бир оғиз гап айтмаган эди. Арзи ҳолимни тинглади-да, деди: “Бўлди энди, беринг аризани. Бошқа иложингиз қолмади. Булар энди фаоллашди, биргалашди. Қўйинг, тинчлик керак”. Шу далда билан  Анвар Жўрабоев номига “ўз ихтиёримга биноан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёздим-да, олтинчи қаватга чиқиб, Байрам Узоқов қўлига топширдим.

Айтишларича, Ҳайитбой Набираев ўша атрофда экан. Аризамни Байрам Узоқовдан олибдию, Тошкентга учибди…

Бу воқеа 1994 йил 21 февралда бўлиб ўтди. 22 февралда мени ишдан бўшатишди.

Аммо мен кўчада қолмадим. 23 феврал куни  мен “Туркистон” газетасининг Жиззах вилояти бўйича махсус мухбири бўлиб ишга ўтдим. Газета  ўзининг 1994 йил 30 март сонидан менинг мақолаларим учун учинчи саҳифани тўлиқ ажратди. “Ҳамқишлоқлар” номли бу саҳифада мен таништирилдим, “Халқ сўзи”дан қайтган мақолаларим саҳифага жойлаштирилди. Суратим, таржимаи ҳолим берилди. Газета бош муҳаррири Ғаффор Ҳотамов “Халқ сўзи”даги можароларимдан хабардор бўлгани учун аввалдан мени  ишга таклиф қилиб юрарди. Ҳатто мен учун устозим Одил Ёқубов ҳам бир сафар “Халқ сўзи”га келиб, Анвар Жўрабоевга бетма- бет бўлган, мени  ишда сақлаб қолишни илтимос қилган эди, аммо…

… эрлар ҳамиша ўзларига ўзлари хўжайин бўла олмас эканлар-да. Уларни хотинлари бошқараркан.

Албатта, мен ҳам Анвар акани тушунаман: ҳар қандай эркакка биринчи навбатда оила тинчлиги керак. Бу масала кўндаланг турганда мингта  Абулқосим ўтиб кетмайдими?

Айтишларича, Анвар Жўрабоев от устида турганда  унинг икки ўғли, Умида янганинг опа сингиллари, яна бир қанча қариндошлари Америкага, Канадага бориб жойлашишган, айримлари ҳатто ўша мамлакатларнинг фуқаролигини ҳам қабул қилган. Бир сўз билан айтганда, Анвар аканинг лавозимидан Умида янга жуда катта фойда топган, аммо Анвар ака ишдан  бўшаб, ҳеч кимга керак бўлмай қолган кейинги йилларда Умида янга ҳам унинг бир ўзини Тошкентга ташлаб, Америкага:  фарзандлари, қариндошлари олдига кетиб юборган. Анвар аканинг   олдида, Тошкентда  фақат катта ўғли Одил қолган эмиш. Анвар ака ҳозир касалманд эмиш. Аҳволи яхши эмасмиш. Умида янганинг кўплаб қариндошлари Америкага боришига бош қош бўлса-да, ўзи ҳали бирон марта Америкага бормаган эмиш…

Нима ҳам дердик. Бу  –  ҳаёт. Ҳаётда нималар бўлмайди.

Мен бари бир Анвар  акадан ҳамиша миннатдор бўлиб қоламан, чунки мен у киши сабаб ҳаёт сабоғини олдим. Кўп нарсаларни ўргандим, вилоятдаги биринчи даражали раҳбарларнинг эркатойи бўлиб юрдим, мухбир бўлиб юрганим сабабли вилоятнинг биринчи фермерларидан бирига айландим. “Халқ сўзи” мухбири сифатида Зарбдор  тумани ҳокими Ўрозбоқ Эркаев ҳузурига кириб, турмуш ўртоғим Зулайҳо Сатторова бригадирлик қилаётган 73 га ер ва бригада  моддий-техника  базасида  фермер хўжалик очиш тўғрисидаги туман ҳокими қарорини  чиқартириб олдим. 1994 – 1999 йиллардаги фермерликнинг ўзи яна бир жуда катта мактаб бўлган. (Насиб қилса, бу ҳали алохида мавзу бўлади ). Фақат…

“Янгидунё” сайтида қандай мақола чиқармайин, икки уч киши тинмай комментарий ёзади, мени мазах қилади, ҳақорат қилади. Биттаси “Одил” номи билан, иккинчиси “Анвар Америкадан”, учинчиси “Мусофир”. Ўзининг айтишига қараганда  исми Жавоҳирбек эмиш. Мен Америкалик Анварни  Анвар Жўрабоев деб ўйладим. Одил у кишининг катта ўғли. Жавоҳирбек ҳам фарзандларидан бири бўлса керак, дедик.  Кейин унча- мунча вазият ойдинлашгач, шундай тахминга келдик:  Ана шу номлар остида бир киши – Умида Турсунова комментарий ёзяпти. Қачонки, мен ёзган нарсалар ичида Анвар Жўрабоевга, Умида Турсуновага алоқадор бирон нарса  бўлса, бу номлар остида комментарийлар қалашиб кетяпти.  Дастлаб, мен уларнинг ҳар бирига бирма бир жавоб бермоқчи бўлдим. Аммо дўстлар: “Сен ўйлаган, билганингни, кимлигингни, яшаш жойингни  очиқ ёзяпсан, булар эса  ҳатто исмини ҳам яширишади. Шу қадар қўрқоқ, шу қадар ифлос булар. Булар билан тенг бўлма! Буларга жавоб берма!  Карвон ўтар экан, ит ҳураверади. Жавоб бераман десанг, чалғийсан”, дейишди. Шу сабабли бунақаларга жавоб бермасликка қарор қилдим.

Албатта, мен хато қилаётган, Умида янгани ноҳақ айблаётгандирман, Умида янганинг бунақа комментарийларга мутлақо алоқаси йўқдир. Америкалик Анвар балки мутлақо бошқа одамдир. Агар ҳақиқатан шундай бўлса, Умида янгадан минг бора узр! Мен айбдорман, Умида янга!

 

Хуллас, “Халқ сўзи”дан кетказилганим  Аҳмаджон Мухторовгача етиб борибди. У киши мени 1994 йил 24 феврал куни, ишдан бўшаганимдан сўнг дарҳол,  телефонда излаб топди. Овозидан жуда қаттиқ изтироб чекаётгани билиниб турарди.

–        Ўша куни мени уйимга олиб келиб қўйганингиз учун ишдан бўшатилибсиз, – деди Аҳмаджон ака.

–       Ундай эмас, Аҳмаджон ака,  – дедим мен, у кишини юпатишга уриниб, –  Анвар ака  бош муҳаррир бўлгандан бери  мени бўшатишга уринарди. Сиз билан уйингизга борганим бор йўғи энг сўнгги баҳона бўлди. Мени бари бир бўшатарди…

Аҳмаджон ака юпанмади. Ишсиз қолган бўлсам энди бола чақамни қандай боқишим мумкинлигига қизиқди. Мен кўчада қолмаганимни, “Туркистон”га мухбир бўлиб ўтганимни айтдим.  Қолаверса, мен учун Одил Ёқубовдек одам ҳам шахсан “Халқ сўзи” идорасига келиб, Анвар акадан илтимос қилганини, аммо у кишининг ҳам илтимосини Анвар ака инобатга ололмаганини, шу сабабли Аҳмаджон аканинг виждони қийналмаса ҳам бўлаверишини билдирдим.

Аҳмаджон ака бари бир юпана олмади. Телефондан  ўзини тутишга уринаётгани, аммо тута олмай, минг бир изтиробга тушаётгани билиниб турарди.

Мен эса…

Мен нима ҳам қила олардим…

Катта Шахсларнинг қувончлари ҳам, дардлари ҳам КАТТА бўлади.

 

 

 

 

 

Х                                          х                                       х

 

 

Қувғин бўлиб юрган кунларим  ушбу хатни ёзиб жўнатганман, аммо хатим Анвар акага бориб етганми, йўқми, билмайман. Ҳойнаҳой, энди етиб қолар:

 

 

(Шахсан Анвар Жўрабоев ўқисин)

 

САЪДИЙ ШЕРОЗИЙ

 

“ГУЛИСТОН”

Тошкент, Абдулла Қодирий номли халқ мероси нашриёти. 1993 йил. 29-30-бетлар.

 

 

Ҳикоят: Айтурларким, бир мардумозор киши бир солиҳ дарвешнинг бошига бир тош билан урди.  Дарвешнинг интиқом олурга қудрати йўқ эрди, ҳамул тошни олиб сақлади, то бир кун подшоҳ ҳамул кишига қаҳр этиб, зиндонга буюрди. Ул чоғда  дарвеш ҳамул тошни қўлига олиб келиб, онинг бошига урди.

Ул киши деди: “Сен кимсен ва бу тошни менинг бошимга нечун урурсен?”

Ул деди: “Мен фалон дарвешман ва бу тош ул тошдурким, фалон филда менинг бошимга урмиш  эрдинг”.

У киши деди:  “Мунча вақтдин бери қайда эрдинг?”

Дарвеш деди:  “Бу вақтгача сенинг давлату жоҳингдин андиша қилдим ва ҳоло сени некбату чоҳ ичинда кўруб, фурсатни ғанимат билдим, нединким дебдурлар, маснавий:

 

Кўрсалар гар бир ямонни бахтиёр,

Оқил эл таслим этарлар ихтиёр.

Санда чун йўқ зўр дасту, тийғи тез,

Айлама ҳаргиз ямон била ситез.

Сабр қил, то илкин онинг  рўзғор

Боғласун, сўнгра сен эт кўксин фигор.

 

 

Х У Л О С А

 

 

Бу нарсалар анча аввал ёзилган. Бугун бу нарсаларни “дунё ўзбеклари”га қайтадан  топшириш ниятида яна варақларканман, имон келтирдим: Бугун

Одил ЁҚУБОВ,

Аҳмаджон МУХТОРОВ,

Эркин ТУРСУНОВ,

Анвар ЖЎРАБОЕВ

Ва яна бир қанча муҳтарам зотлар  боқий дунёга рихлат қилганлар.

Уларнинг охиратлари обод бўлган бўлсин.

 

 (Тамом)

“Дунё ўзбеклари”дан: Ушбу асар “Дунё ўзбеклари”да эълон қилиш учун муаллиф томонидан шахсан тақдим этилган эди. Мана уни ниҳоят эълон қилиб ҳам бўлдик. Бетакрор ўзбек журналисти Аҳмаджон Мухторовнинг ўлмас образини яратган биринчи эссе сифатида Абулқосимнинг бу асари узоқ йиллар яшаб қолишига шубҳа йўқ. “Дунё ўзбеклари” асар ҳақида ўқувчилардан фикр ва мулоҳазалар кутиб қолади.

Leave a Reply
*