Menu
Categories
ДИЛДАН ДИЛГА КЎЧГАН САТРЛАР (Ҳамроқул Асқар ижодига чизгилар)
11/12/2014 Адабиёт

 

хамроқул асқарХХI АСР ЎЗБЕК ШЕЪРИЯТИ

 


Кенжабий

 

                                               ДИЛДАН ДИЛГА КЎЧГАН САТРЛАР

 

Ҳамроқул Асқар ижодига чизгилар

 

Шоирлар – эл дардига даво изловчи ҳакимлар, бамисоли хавфу –хатардан огоҳ этгувчу карвон қўнғироқлари. Шоир ҳаётнинг қай бир  манзарасини тасвирламасин уни мантиқ дошқозонида қайнатиб, обдон маромига етганидан сўнг тақдим этади.Шеър ўз-ўзидан ёзилавермайди. Шеър туйғулар қалб қирғоғига сиғмай қолгандагина қоғозга тўкилади. Туйғу ва фикрлар талошидан ажиб санъат асари – шеър юзага келади.

 

Икки тоифа шоирлар бўлади. Бири шеъриятни қисмат деб билувчи, эл-юрт дардини, миллат манфаатини ўз дарди ва манфаатидан устин қўювчи тўғрисўз шоирлар бўлса, яна бири шеъриятни тириклик бозорига айлантириб, амал-мансаб пиллапояларидан кўтарилувчи тиргак, деб билувчи шоирлар тоифаси.

Ҳамроқул Асқар оз сонли – бармоқ билан саналувчи биринчи тоифа шоирлари қаторига киради. У сўзнинг жамият ҳаётидаги ўрнини теран англаган, эл-улус дардига сўздан малҳам излаб ижод қилиб келаётган шоирларимиздан

 

Ҳар даврнинг адабиёти ўша давр шиор ва ёзувчиларининг иқтидорлари дарожоти, асарлар салмоғи ва кўлами эса бадиий тафаккурлар даражаси билан баҳоланади. Ўз даврига нисбатан одилона муносабатли, миллат ва халқини қийнаётган оғриқларни ўз қалби призмасидан ўтказа олган ва уни майдонга дадил кўтариб чиқа олган шоирларгина ўз халқи қалбидан жой ола билади.

Адабиётимизга ўтган асрнинг саксонинчи йилларида кириб келган бир қатор тенгдошлари орасида Ҳамроқул Асқарнинг ўз ўрни бор. У аллақачон ўз услубига эга бўлган шоирлар тоифасига киради.Унинг ижодининг салмоқли қисми баъзи халқ шоирларимиз ёзиш тугул, ҳатто ўйлашга ҳам юраги дов бермайдиган мавзуларни кўтариб чиқаётганлигида. У баъзи жуъратсиз шоир ва ёзувчиларимиздек ўзгалар ёққан гулханда исинишни истамайди.

Ҳамроқул Асқар замон билан ҳамнафас шоир.У қайси жанрда, хоҳ публистика, хоҳ илмий-бадиий мақолалар, хоҳ шеъриятда бўлсин муаммони кундаланг қўяди ва бунга бадиий ечим топа олади. Ёзганлари кўнгилда узоқ сақланиб қолади. Унинг ижодида шоҳ байтлар, қайрилма             образлар кўп. Ҳаёт қозонида қайнаб, муаммолардан кўз юммай яшаб келмоқда. Бирон марта бўлса-да  унинг халқни қийнаб келаётган муаммолардан ўзини  четга олганини эслай олмайман.

Кўпгина “халқпарвар” шоирларимиз жимгина, атрофга ола-зарак, ҳадик ва қўрқув нигоҳи билан қараб, нафасини ичига ютиб юрганда Ҳ.Асқар  адабиёт майдонига ўз туғини кўтарган бир чавандоз янглиғ кириб келди ва ҳамон том маънода бу туғнинг яловбардори бўлиб қолмоқда. Ҳақиқат кўзига тик қарай олган шоирнинг сатрлари табиий ва кескир чиқади.

 

Сабот ва иқтидор шоирликнинг бирламчи белгиси бўлса, олчоқликдан юқори туриш унинг иккинчи белгисидир. Шоир битиклари жамият дарди ва ташвишларига уйғун ва ҳамоҳанг бўлмоғи керак. Ростгўйлик ва журъат. Ростгўйлик бўлган билан уни айтарга журъат бўлмаса, ундай ростгўйликдан давлатга, эл-юртга не наф?! Чет мамлакатларга бола-чақасини боқиш, одамдай яшаш мақсадида иш излаб тариқдай сочилиб кетган ўзбекларимизни ҳолатини Ҳамроқул каби ҳеч ким чизиб беролмади. Чизиб бермоқлик учун юрак керак. Журъат керак. Минбарларда халқим деб кўкракка урувчи халқ шоир ва ёзувчиларимиз жим. Олимларимиз сукутда. Публицистларимиз пинакка кетган. Бу тоифа ижодкорлар ёв қочса ботир кўпаяди қабилида иш тутишади. Мустақиллик арафасида ҳам кўксида ўти борлар ўз сўзларини баралла айтишди. Лекин бу тоифалар ўшанда ҳам жим эди. Мустақилликка эришгач қаҳрамонга айландилар. Мансаб пиллапояларидан кўтарилдилар.Унвондор бўлдилар…

 

У доим изланди. Муттасил ижод қилди. Мукаммал шеърлар битди. Баъзи шеърларида публицистика бўртиб турса-да, лекин унинг назми бадиийлик, ҳаётийлик ва фалсафийликка қоришиб кетган шеъриятдир. Ҳар бир қатор фикр билан тугалланади. Унинг шеърларида фикр, мантиқ салмоғи яққол кўриниб туради. Кўнгилни безовта қилаётган туйғулар силсиласи, фикрлар қуюни манзарани, ҳолатни янада теранроқ ифодалаш имконини беради. Илҳом шоирга тафаккури даражасида келади.

 

Ҳамроқул Асқар кейинги чорак аср – мустақиллик даври адабиётида эл – юрт дардини ошкора, ҳеч бир ҳадикларсиз кўтариб чиққан шоирлар сардоридир, десак хато қилмаган бўламиз.

Бундан ўттиз муқаддам “Сергей Есенинга” шеърида:

 

..Шеър ёзаман тупроқ кўчага,

Танқидчимдир ул дайди шамол.

Ёқса ўқи, маза қил жўра,

Ёқтирмасанг тўзғит бемалол.

 

Бир қарчанғи бияни топиб,

Тулпорим деб олға қистарман.

Неки жиддий бўлса дунёда,

Қаҳ-қаҳ отиб кулмоқ истарман.

 

Нарсанг тошга ёнбошлаб олиб,

Кучукларга сафсата сўқсам.

Тўғри ишлар не бўлди охир-

Хато қилиб қўйишдан қўрқсам.

 

Дардлашурман тошбақа билан,

Лаб босгунча ёнтоқ гулига.

Иссиқ кунга муштим дўлайтиб.

Сўнг қайтаман келган йўлимга.

 

Ёшлигида тошбақа билан дардлашиб, қарчанғи бияни тулпор қилиб миниш  истагидаги ўспириннинг кўнглидан кечган туйғуларини  ёнтоқ гулига лаб босиб, шеърларини тупроқ кўчага ёзган шоир бугун юракларга ёзмоқда. Шеърлари том маънода қалбларга муҳр бўлиб босилмоқда.

 

Шоирнинг илм сандиғи тўлиқ бўлгандагина кўзланган манзилга етиб бориши мумкин. Акс ҳолда, адабиёт осмонида чақмоқдай бир ялт этади-ю, изсиз йўқолади. Шоир худди бозорлик қилаётган харидордай илм сандиғини доим тўлдириб бормоғи шарт. Илми саёз ижодкорнинг фикри тош босмайди.

 

Шеър ўз-ўзидан ёзилавермайди. У қалб қирғоғидан ошиб тушгандагина қоғозга тушади. Туйғу ва фикрлар талошидан ажиб санъат асари –шеър юзага келади. Ҳамроқул Асқар ижодида дунёнинг забардаст шоирлари  шеърлари қаторида туришга ҳақли  бадиий ва фикран бақувват шеърлар талайгина:

 

Бир бола

Сочлари, кўзлари тим қора,

Ортимдан югурар, чақирар,

Жажжи қўлчаларин силкиб ҳавода.

 

Мен қулоқ солмайман болага,

Бола чақиради, югурар,

Гупиллаб йиқилар тупроқ кўчага.

 

Мен парво қилмайман болага,

Ортга қайтмайман.

 

Телбадай еламан асабий

Сочлари пахтадай оқариб кетган,

Юзлари тут пўстлоғидай бужур

Чолнинг ортидан…

 

Шоир ушбу шеърида умрнинг фалсафий талқинини сўз бўёқларида ишончли тасвирлайди. Ўтган умримизга назар ташлаш мумкин бўлса-да, лекин уни ортга қайтариб бўлмаслигини кеча ва бугун оралиғида туриб изоҳлайди. Зотан, умримиз худди шундай йўсинда кечмадими? Кеча кўчаларни чангитиб чопиб юрган беғубор бола эдик. Ўсмирлик, ёшлик, йигитлик фаслини бошдан кечирамиз. Умримиз йиллари кечган сайин  болалик билан “Юзлари тут пўстлоғидай бужур чолнинг” орасидаги масофа қисқарган сари қисқариб бораверади. Кечирган ҳар кунимиз қарилик сари ташланган қадамдир:

 

Кексалик бостириб келди беомон,

Ёшликнинг бетакрор бўстонларига.

Мен сени ҳамиша ошно этасман –

Умримнинг энг гўзал достонларига!

 

Сўзни илоҳий, шеърни тилсим, шоирликни қисмат деб билувчи шоирларгина замонасозлик кўчасига қадам босмайдилар.Улар қай замонда яшаб, қай даврда яшаб ижод қилмасинлар воқеа ва ҳодисаларга объектив ёндашадилар. Оқни оқ, қорани қора дейишга ўзида журъат топа олганлар замонасозлик қилганларида Рудакийнинг кўзига мил тортилмас, Машраб дорга тортилмас, Насимийнинг териси шилинмас, Аваз Ўтар жинни деб эълон қилиниб калтакланмас, Чўлпону Фитратлар отилмас хонлар саройида роҳату – фароғат топар, лекин бу қадар халқлар қалбидан жой ололмасдилар. Улар эътиқодларига садоқатлари, собитликлари боис келажак авлодларга ўрнак – пир мақоматига кўтарилдилар.

 

Шундай буюкларимиздан бири, сўзи билан амали бир, умри бўйи ўз эътиқодига содиқ қолган севимли адибимиз Одил Ёқубовга аталган “Дарё” шеърида ёзади:

 

…У Туркистон тоғларидан Шош томонга оқиб келди,

Йўл йўлакай майсаларни суви билан боқиб келди.

 

Уммонларга талпинди у ҳеч билмайин хаёлларни,

Гоҳо йиғлаб ўчирди у ёнаётган аёлларни…

 

Гоҳо эса шерик бўлди пахтакорнинг ёшларига,

Ғазаб билан човут солди Кремлнинг тошларига.

 

Ҳурматини бажо айлар кўҳна қадим чинорлар,

Ҳасад ила термулади мева бермас чинорлар.

 

Бахтимизга шу дарё бор, тургай бизни тозалаб,

Баъзан ундан сув ичмоққа тополмаймиз тоза лаб.

 

Афсус ва надоматлар бўлғайким, ҳозирги кунда Одил Ёқубовдек довюрак ва ҳақиқатгўй адибнинг ўрнини босувчи ижодкорлар етишмаяпти. Одил Ёқубов дарёсидан “сув ичмоққа тоза лаб”лар топилмаяпти.

 

Маъруф Жалилга бағишланган шеърида:

 

Олтмишни ҳам уриб қўйган,
лекин, ҳали бола- ку,
Кўзларига қара унинг –
кўкси тўла нола-ку..,

Маъруф ака билан Ёзувчилар билан бирга ишлаганмиз. Унинг феълини билган яқинлари юқоридаги шеърнинг самимийлигига шубҳа қилмайди. Унинг кўзларидаги мунгни, феълидаги ҳалимлик остидаги журъат, хокисорликка қорилган шиддатни  жуда аниқ кўрсатиб беролган.

 

Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ дегувчи каслар анча. Ҳамроқул Асқар замонни ўзига қаратиб ижод қилиб келаётган шоирлардандир. Ўз фикрини ифодалашнинг ўзига хос йўлини топганлиги билан ўз тенгдошларидан ажралиб туради. Ҳозир янги фикр айтишнинг ўзи қийин бўлиб бораётган бир давр. Янги фикр бўлмаса қоғоз қоралаш бемаъни машғулотга айланади. Салмоқдор ва гўзал байтлар яратиш шоирнинг иқтидори даражасида кечади.

 

Мен сизни

Осмонга улоқтириб

Кутиб ўтирмайман

Қачон тушаркан дея.

Ё чўқмор билан уриб

Киритиб юбормайман

Тиззангизгача ерга…

Мен шунчаки

Қулоғингизга секин шивирлайман:

Таништириб қўяман ўзингиз билан.

 

Ҳамон ўзига маҳлиёларнинг қулоғига ўз сўзини айтиб, ўзларига ўзларини таништиришда давом этмоқда.

 

Ҳ.Асқар кўнгил кечинмаларини нозик ифодалайди. “Нилуфар” шеърида:

 

Ногоҳ сени кўриб ўртанди жоним,

Исмингда гулларнинг атри бор нафис.

Лола яноғингда акс этар қоним,

Умримнинг чечаги кетмагил олис!

 

Дилда кечган туйғулар талошини исми жисмига ярашиқ кўзга яқин сулувни тасвирлайди.

 

Фалакка термулиб илтижо қилай,

Азиз бошинг узра порласин қуёш.

Ранжу маломатда сочларинг силай,

Хоҳ ёндир, эркала, бўлма бағритош!

 

Сочларин силашга журъати, қўли етмаётган ошиқнинг ўтли нидоси. Кўнгил кечинмаларнинг нозик ифодаси. Поэтик ҳолат кўнгилга ўрнашиб қолади.

 

Аёлларимиз, опа-сингилларимиз ҳақида ёзилган битиклари таъсирчан, кўнгил туб-тубида мудраб ётган туйғуларни уйғотиб юборади. Инсоний кечинмаларнинг самимийлиги, юракка яқинлиги билан ўқувчи диққатини тортади. “Аёлни ардоқла” шеърида эса ана шу поэтик ҳолат ниҳоятда гўзал тасвирланган.

 

Аёлни ардоқла, кўзларингга сурт,

Унинг ул покиза бармоқларини.

Аёлни ардоқла, кўз ёшдан арит,

Худо ёрлақаган яноқларини.

 

Аёлни ардоқла, кўнглига қара,

Аяма,  ер юзин гавҳарларини.

Ҳофиздай танти бўл, холига бахш эт,

Дунёнинг энг гўзал шаҳарларини...

 

Бу сатрлар ҳайрат фарзанди. Ҳайрат бўлмаса шеър туғилмайди. Ҳайрат – кўнгил қаърида кечаётган туйғулар инъикосидир.

 

Ҳамроқул Асқарнинг ижод йўлига назар ташлайдиган бўлсак, миллат ва ватанни шарафловчи, чўккан кўнгилларни тоғ қадар кўтарувчи, эртанги кунга ишонч билан суғорилган шеърлари анча:

 

Ҳали, Офтоб келар зар сочин ёйиб,

Ҳали, Ой келади қиздай жилмайиб.

Тонгги шабнамларга юзларин чайиб,

Бир бола олдимдан чиқар бир куни!

 

Сен каби бағри кенг, сендай меҳрли,

Сен каби бир сўзли, сендай сабрли!

Мендан иродали, мендан ғурурли –

Бир бола олдимдан чиқар бир куни.

 

Дилга мусаллам мисралар, нафис қочиримлар. Бу сатрлар катта меҳнат ва заҳматлар эвазига дунёга келган фикр ва туйғулар ҳосиласи. Катта билим, фалсафий мушоҳада, соддалик ва лўндалик акс этган бу бетакрор сатрларда ҳақиқатнинг бир парчаси акс этиб турибди.

 

Цензура йўқолди, дейдилар. Лекин одам ўз ичидаги цензурадан қутилиши кераклигини қуйидаги тўртликда яққол ифодаланаган:.

 

Булбулмас, бир шўрлик қоравулинг бор,

Ош есанг, тепангда баковулинг бор.

Сени қўриқлашнинг ҳеч кераги йўқ-

Ўзингнинг ичингда қоравулинг бор.

 

“Пиёдадан чиққан фарзин” ҳақида шеъри кечаги куни, кимлигини унутиб қўйганларга аталгандек:

 

Маррага етдию, боқди бир нафас,

Ёзди дилидаги ҳазинлигини.

Албатта енгар у, унутмаса бас –

Пиёдадан чиққан фарзинлигини.

 

“Марҳум дўстга мактублар” шеърини ўқиган сари ҳақиқатнинг ўткир тиғи кўксингга ботиб боради. Юрагингда оғриқ пайдо қилади.

 

Устозлар ҳам кетдилар саф-саф,
Шошган каби саҳарлик ошга.
Лекин,зулм бўлмадику даф,
Не кунларни солмади бошга.

 

Сайловлар ҳам эскича эмас,
Мақтанамиз, кўкрак керамиз.
Юқоридан буйруқ бўлса бас,
Ит бўлса ҳам овоз берамиз.

 

Балки, руҳинг шавққа тўлгандир,
Ҳурлар билан сирлашиб бир дам…
Бир ҳисобдан яхши бўлгандир,
Бу кунларни кўрмаганинг ҳам!

 

Бу шеърни жамият юзига тутилган кўзгу, дегим келади. Кеча ва бугун бўлаётган воқеа ва ҳодисалар кино лентасидай кўз олдингдан ўтади. ”Ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқаман” деганди буюк шоиримиз Чўлпон ҳазратлари. Шоир бу ерда ҳақиқатнинг кўзларига боқиб, бизнинг кимлигимизни, савиямиз қай даражада эканлигини кўрсатаяпти. Марҳум дўстига биз каби тирик бўлиб бу кунларни кўрганингда биздан-да баттар эзилардинг, тушкин бир ҳолга тушардинг, қанчалар аччиқ ва аламли бўлмасин, биз кўраётган бу кунларни кўрмаганинг яхшироқ бўлди, демоқчи…

 

Ҳамроқул Асқар тўртликларининг ўз ўрни бор. Тўртликлар… Бир шеърга сингдирилиш керак бўлган мазмунни тўрт қаторда кўрсата олиш санъати. Оҳанг ва мазмуннинг бир бутунлиги, бир зарб билан тугалланиши тўртликнинг асосий унсурларидир. Бунга иқтидорсиз, ҳаёт ҳодисаларини чуқур илмий-фалсафий қарашлар талқинисиз эришиб бўлмайди. Бунинг учун   сўзни ҳис қилиш, турфа қирраларини очиш керак бўлади. Унинг тўртликларида бадиий Сўз, фикр теранлиги бўй кўрсатиб туради. Сатрлар дилга яқин. Ифода усули  ўзгалардан айрича:

 

Жарга етакловчи равон йўллардан,

Чўққига элтувчи сўқмоқ яхшироқ.

Сохта даҳолару, лўттивозлардан-

Нодон қўлидаги тўқмоқ яхшироқ.

 

Дунё машмашаларини озгина англаган кишининг хавотири бу сатрлар.

 

Даврлар, замонлар ўзгармоқда. Совет Иттифоқидек қудратли давлат даврнинг шунчаки бир йўталидан парчаланиб кетди. Ижтимоий муносабатлар ўзгарди. Лекин ҳануз ҳақиқатнинг ранги сариқ, касалванд. Мададга муҳтож.

 

Ҳануз, Мажнун саҳрода дайдир.

Ҳануз, Фарҳод тоғ тешар бунда.

Ҳануз, ёвузларнинг пичоғи мойдир,

Ҳануз, баҳодирнинг қисмати кунда.

 

Ҳар инсоннинг туғилиб ўсган жойига нисбатан руҳий кечинмаси ўзгача бўлади. Уватларда ўсиб ётган ёвшани, юлғуни, ҳатто тиконли янтоғи қалбига яқин. Тупроққа қоришиб ётган хаси ҳам яширин туйғуларига таъсир кўрсатади.

 

Кўзимга шувоқлар чинор кўринар,

Лойсувоқ кулбалар минор кўринар.

Киндик қоним томган овулим жаннат,

Янтоқнинг шохида анор кўринар.

 

Янтоқ гулининг қизғиш, пуштиранги шоир назаридан четда қолмайди.

 

Офтоб қон йиғлатиб кетар кундузни,

Қандай куч портлатар шунча юлдузни?

Бобом саволига топмадим жавоб –

Туз айниса қандоқ сақлаймиз тузни?!

 

Ошнинг таъми туз билан, дейдилар. Бу ерда туз жамият тарзида ифодаланмоқда. Туз – бу йиллар давомида сайқалланган, эътиқодимиз даражасига кўтарилган қадриятларимиз. Бугунликда ўша қадриятларимизга дарз кетмаяптими? Даврнинг шунчаки бир силкинишидан порани фазилат, деб билувчилар аҳли пайдо бўлди. Зино қилишдан фахрланиш, бировнинг бахтсизлигидан қувониш, йиқилганни янчиб хўрлашдан ҳузурланиш жаҳолат! Бу кетишда эртамиз, миллатнинг тақдири не кечади? Давлатимиз мустақиллигини қўлдан чиқариб қўймаймизми? Шоирни қийнаган саволларнинг охири кўринмайди. Дарҳақиқат, Туз айниса уни қандай сақлаймиз? Айниган тузни сақлаш усули топилганми? Уни сақлаш йўллари қандай? Шоирни тайёр жавоблардан кўра, жавобсиз саволлар кўпроқ қийнайди:

Қасос қон сурмоғи азалдан аён,

Шул ярим дунёни қилдилар вайрон.

Қани, Искандарнинг набиралари –

Чингиз авлодлари йитдилар қаён?!

 

Жамиятда юз содир бўлаётган тизгинсиз жараёнлар, сунъий муаммолар адиб қалбини ларзага солгани боис у ўз ватандошларини мозий сабоқларини унутмаслик, дўсту душманни таниб, янада огоҳ бўлишга чорлайди:

 

Бу халқни ҳеч қачон енгиб бўлмайди,

Кўп ташқи душманлар бўлдилар гувоҳ.

Бу халқ ғурурига тениб бўлмайди –

Ички душманлар ҳам бўлсинлар огоҳ!

 

Бу омонат дунёда ҳасрат чеккан ҳар зот ўз дардини турфа усулда баён этади. Зеро, ҳақиқатни англашда поэзиянинг ўрни бўлакча. Ундаги руҳонийлик бевосида илоҳият ва динга мусаллам. Ҳақийқий шоир учун ижод лаҳзалари илоҳий ибодат каби муқаддас:

 

Қон билан ёзсанг-да қоғозқоғоздир,

Қанча бақирсанг ҳам овозовоздир.

Юракдан чиқмаган сўзлар кўп совуқ,

Қайда ўқисанг ҳам намознамоздир.

 

Ҳамроқул Асқар шеърлари юракдан чиққанлиги боис тиллардан тилларга, диллардан дилларга, эллардан элларга кўчиб башар мулкига айланиб бормоқда. Унга бу машаққатли, лекин шарафли йўлда  адабиётимизнинг севимли сиймоларидан бири бўлиш бахти насиб этмоғини тилаб қоламан.

кенжабийнинг яхши расми

Кенжабий,

2014 йил. 06-октябр,

Тошкент

 

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

"1" Comment
  1. Ikkovlaring ham ajoyib shoirsizlar. Ikkovaringga ham hurmatimiz bisyor.

Leave a Reply
*