Menu
Categories
Мақсуд Бекжоннинг “Туркийзабонлар ким?” мақоласини ўқиб
11/18/2014 Муносабат

кенжабийнинг яхши расми

Кенжабий

                             ТУРКЛИК ТУЙҒУСИ

(Мақсуд Бекжоннинг “Туркийзабонлар” ким? мақоласини ўқиб)

Бугунликда турк сўзини эшитса уйқуси қочадиган этник қатлам вужудга келган. Турк сўзидан жазавага тушадилар. Бир жойда ўтиролмай қолишади. Ёзганларидан эса, айирмачиликнинг ҳиди анқийди. Кўнглингизни беҳузур қилади. Беихтиёр боболар тарихи кўз ўнгингизда гавдалана боради.

Амир Темурнинг: “Бизким, мулки Турон, амири Туркистон, миллатларнинг энг қадими ва улуғи, туркнинг бош бўғини… ” деб бошланувчи фармонлари ёхуд Алишер Навоий ҳазратларининг:

“Турк назмида чу мен тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни яккалам”, –

деган ажойиб сатрлари уларнинг турк эканлигини тасдиқловчи  ҳужжатидир. Ҳозирги тил билан айтадиган бўлсак, паспортидир.  Улар бу сўзларни ўз қўллари билан битишган. Турклик туйғуси уларнинг қалбига ёшлик чоғларидан сингдириб борилган. Турклик илоҳий эътиқод даражасига кўтарилган. Шу сабабдан бўлса керак, бу икки улуғ сиймо бизларнинг нодонлигимизни олдиндан сезгандай: “Биз турклармиз”  деб ўзларининг ҳам, халқининг ҳам  туркий қавмга мансублигини ҳужжатлаштириб кетишган. Йўқса, олимларимиз бундан-да қабиҳ ишларга қўл уришармиди? Бу ёғини ўйласангиз баданингиз жимирлаб кетади…

Тарихни бир-иккита олчоқнинг райига, хоҳиш – истагига қараб  ўзгартираверишлик ақллилик белгиси эмас. Бу ўнглаб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин.

ТУРКЛИК ТУЙҒУСИ ҳар бир миллатдошимизнинг эътиқоди даражасига кўтарилмас экан, турк бирлигини кўролмовчи касларнинг найрангларига учиб яшайверамиз.

Минглаб чақиримга чўзилган “Буюк Хитой Девори” турклар босқинининг олдини олиш мақсадида йиллар мабойнида қурилгани сир эмас. Бу аждодларимизнинг қай даражада ҳарбий, иқтисодий, сиёсий куч-қудратга эга бўлганликларини кўрсатиб турибди.

Сақламоқ мақсадда номусин, орин,

Чиндек салтанат ҳам бериб не борин,

Тегмасин деб турклар отин туёғи,

Сен сабаб қургандир “Буюк Деворин”.

Аслида, Хитой ўз тарихий чегарасини шу девори билан белгилаб қўйган. Шу девордан шимолда муз океанигача, ғарбда қора денгизгача бўлган  барча ҳудудлар аждодларимиз – туркларнинг ерлари бўлган. Бу ҳудудларнинг қонуний меъросхўри биз – туркий қавмлармиз. Мақолада шу қонуний меъросни даъво қилолмасликларимиз учун ҳам бизни яқин 15-16 асрлар нари-берисида пайдо бўлган халқ, турклар эмас, “туркийзабонлар” деб чалғитишга уринаётганликларини дўстимиз Мақсудбек жуда тўғри таъкидлаб ўтган. Бу эронпараст, улуғ рус давлатчилиги шовинизми ва яқин кедажакда дунёни эгаллашга интилаётган хитой давлатининг манфаатларига хизмат қилишга йўналтирилган айёрона сиёсатдир. Бу сиёсат ички душманларимизга йўл очиб, ишларини хамирдан қил суғургандек осонлаштирмоқда.

Бизнинг тарихимиз “Буюк Хитой Девори” қурилган даврлардан ҳам нарироққа бориб тақалишини мактаб дарсликларига киритишимиз зарур. Биргина Амир Темур давлати эмас, боболаримиз йигирмадан ортиқ буюк империялар қурганликларини ва бу империялар қундоқда теккан касаллигимиз –  “айирмачилик” сабабли ҳам парчаланиб кетганлигини фарзандларимиз онгига ёшлигидан сингдириб бормоғимиз керак. Тарих тарих бўлиб яралгандан бери ҳали бирорта миллат инсоният давлатчилиги тарихига, маданиятига биз – турклар даражасида ҳисса қўшган эмас. Бу империяларнинг яратилиши, тараққий топиши, парчаланиб кетиши сабабларини холисона ўргансак, тўғри хулосалар чиқаролсак, келажак авлодларимиз бирлигига, уларнинг қалбида турклик туйғуси илоҳий эътиқод даражасига кўтарилишига замин ҳозирлаган бўламиз.

Биз қадим туркнинг асл авлоди,

Кўксида муқаддас ота юрт ёди.

Битта уринишдан жиловлаб отин,

Эгарнинг устида чиққан саводи.

 

Дўстим Исматжон!

“Дунё ўзбеклари” нашриёти қошида давлатга боғлиқ бўлмаган  турк дунёсининг беғараз билимдонларидан иборат илмий ҳайъат тузилса. Бу олимларимиз ўзбеклар азалдан турк қавмининг бир бўлаги эканлигини илмий далиллар асосида исботлаб берсалар. Бу ҳайъат аъзоларининг бошини қовуштиришдек масъулиятли ишни ўз зиммангизга олсангиз. Сиз буни уддалайсиз. Уларнинг ёзган мақолаларини нашрингиз орқали бериб борсангиз. Ўқувчилар ўз фикрларини билдиришса. Мақолалар тўпланиб, ихчамлаштирилиб, тартиб берилса 600-700 бетлик ажойиб бир китоб шаклини олар. Вақти соати келса, бу китобни чиқаришга бирор ҳомий ҳам топилиб қолар.  

Бу  КИТОБ турк халқларининг бирлигига раҳна солувчи кучларга зарба бўлибгина қолмасдан, балки, келажак авлодларимиз ким нима деса шунга ишонавермайдиган, қай томонга етакласа шу томонга кетавермайдиган авлодлар бўлиб улғайишларига замин ҳозирласин. Уларга  миллий ўзликларини англаш йўлида дастуруламал бўлиб хизмат қилсин.

Авлодларимизнинг эртаси, дунё халқлари даврасида тутган ўрни  уларнинг турклик туйғусига қай даражада эътиқод қўйганликларига боғлиқ ҳолда кечишини унутмайлик.

Йиллар ўз ҳуштагини чалиб ўтаверади. Бу ишларни ҳозирдан амалга оширишга киришмас эканмиз, турк дунёси фарзандлари бир-бирларидан узоқлашиб, бегоналашиб бораверади. Оқибатда, қондошлик ришталари узилиб, етти ёт миллатга айланишади. Бу эса, туркий қавмлар дунёси душманлари учун айни муддаодир.

Кенжабий,

2014 йилнинг 15 ноябри, Тошкент ш.

“Дунё ўзбеклари” дан:

Кенжабийнинг мақоласида кўтарилган таклиф ва мулоҳазаларни ҳисобга олиб, бугундан эътиборан Мақсуд Бекжон ва Кенжабийлар ўзлари бош бўлиб, шундай бир гуруҳ яратиш борасида иш бошлашлари мумкинлигини маълум қилмоқчимиз.

 “Дунё ўзбеклари” бу борада гуруҳ ҳайътига ёрдамчи ва камарабаста бўлиб, қўлидан келган барча ишни қилади деб ишонч билдиришга ижозат этгайсизлар.

15 ноябрь, 2014 йил.

Торонто шаҳри, Канада

Мақсуд БЕКЖОН: ТУРКИЙЗАБОНЛАР КИМ?


Мақолани босиб чиқариш ва юклаб олиш
М.Бекжон

“ТУРКИЙЗАБОНЛАР” КИМ?

Сўзбоши

Бу мақола бундан 18 йил муқаддам, яъний, 1994 йилда ёзилган эди. Бу вақт ичида мақолада тилга олинган муаммо бартараф бўлгани йўқ, аксинча, янада чуқурлашди. Бугун Ўзбекистондаги аксилмиллий режим ҳатто Навоийни ҳам “турк халқларининг шоири” деб аталишини истамайдиган даражага келди. Бу билан бизнинг бутун тарихимизга даҳл қилиб, уни йўқ қилишга, халқимизни келгинди бир унсур, Ўрта Осиёнинг бир неча минг йиллик маданий ва давлатчилик тарихига алоқаси бўлмаган бир тўда сифатида, кимлардир билан “қоришиб-чатишиб” кетган, насл ва насаби номалум бир оломон сифатида тақдим этишга ҳаракат қилмоқдалар. “Биз турк эмас, фақат туркийзабонмиз”, деган иғво мана шу мақсадга қаратилгандир. Бугун “Самарқанд ва Бухорони ўзбеклар қурган, бу шаҳарлар ўзбек шаҳарлари” десангиз, кулгига қоласиз. Тожикларнинг:”сизлар бу ерга бор-йўғи 16 асрда кириб келдинглар, сизлар бир беватан кўчманчисизлар”, дейиши ҳамма томонида кўникиб, ўрганиб қолинган гапларга айланди. Юқорида номи зикр қилинган шаҳарларда ўзбеклар ўзбекча гапиришдан уяладиган даражагача келди. Бундай сиёсат юргизаётган ва бу сиёсатни қўллаб-қувватлаётганларнинг турк наслидан эканлигига ишониш қийиндир.

МУАЛЛИФ

2012 йил.

1994 йилнинг январ ойида “Ўзбекистон овози” газетасида (4.01.94 ва 20.01.94 кунги сонларида) ўзбекларнинг турк эмас, “туркийзабон”лиги исботлашга урунилган иккита мақола кетма-кет чоп этилди. “Турк”ми ёки ўзбек?” деб номланган биринчи мақола муаллифи филология фанлари доктори, профессор Насимхон Рахмонов бўлса, иккинчи мақола муаллифлари академиклар Аҳмадали Асқаров ва Бўрибой Ахмедовлар бўлиб, мақола “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” деб номланган. Турк халқларининг бир-бири билан яқинлашиш, бирлашиш ва ўзлигини англаш жараёни кетаётган бир пайтда бундай мақолаларнинг “Ўзбекистон овози” (собиқ “Совет Ўзбекистони”) газетида кетма-кет чоп этилиши кишини сергаклантиради. Гўё “социалистик нуқтаи назардан туриб, илмий асослашлар”, “пантуркизмга қарши ўт очишлар” даври яна қайтаётгандай…

Н. Раҳмонов ўзининг “Турк”ми ўки “ўзбек?” номли мақоласини шундай бошлайди: “Ҳозирги Туркия давлатининг асосий аҳолиси турклар, нафақат ўзбеклар, балки, туркийзабон аҳолининг ҳам қардоши эканлиги икки карра икки – тўртдай гап. Улар Ўзбекистонни ота-юрт дейдилар. Чунки, улар минг йиллар нарида шу ердан кетганлар.” Жумлани илмий жиҳатдан тўғри бўлган ана шундай фикр билан якунлаган муаллиф бир абзацдан сўнг бирданига ўз фикридан қайтади ва шундай ёза бошлайди: “Марказий Осиё аҳолиси қадимдан туркийзабон эди. Турклар эса, хунларнинг авлоди эдилар.”

Муаллиф ўз мақоласининг давомини “турк” сўзининг нақадар нисбий эканлигини исботлашга қаратиб, шундай ёзади: “…турк ҳеч қачон бир қабиланинг номини ифодаламаган”. Шундай дер экан, муаллиф “ўзбек”деган сўз ҳеч қачон бугун ўзларини ўзбек деб атаётган халқларнинг бир қабиласини ифодаламаслигини, “турк”ларда қанча кўп қабила бор бўлган бўлса, “ўзбек”ларда ҳам шунча кўп қабила борлигини (ўзбекнинг бутун турк халқлари ва қабилалари номларини ўз ичига олган 92 уруғини эсланг), ҳатто бу қабилаларнинг маданий-маиший турмуши ҳам бир-биридан фарқли эканини эсламайди. Биз Бухоро, Самарқанд, Хивадаги тарихий ёдгорликларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида, бу ҳудудларда яшайдиган уруғларнинг мусиқий санъатларидаги, урф-одатлардаги, “миллий” (бу сўз шартли равишда – том маънода эмас, нисбий маънода ишлатиляпти) либослардаги, тилдаги ўзига хосликлар ҳақида гапиришни яхши кўрамиз. Хўш, бу қабилаларнинг қайси бири ҳақиқий “ўзбек”? Яъний, уларнинг энг “ўзбекроғи” қайси?

Мақоланинг давомига назар ташлайлик: “Назаримда “турк” номи ўзбек тили луғати таркибига шу даражада сингиб бораяпти-ки, бунда “ўзбек” номи маънисиз, руҳсиздай. Агар шундай жараён давом этаверса, Ватан деган муқаддас тушунчага, миллий туйғуларга путур етиши мумкин”. Аввало, шуни айтиш лозим-ки, “турк” номи ўзбек тили луғатига “шу даражада” сингиб бораётгани йўқ, мабодо, шундай бўлаётган бўлса, буни фақат олқишлаш лозим, чунки, бу – тарихий ҳақиқатнинг ғалабаси бўлади. Колаверса, бу иқрор ўзбеклар ичидаги маҳаллийчилик иллатини йўқ қилади. Энди нима учун турк номи қошида ўзбекнинг “маънисиз, руҳсиздай” кўриниши масаласига келсак, буни ҳатто муаллифнинг ўзи ҳам тушунтириб беролмаса керак. Ўз номи қошида, ўзлиги олдида миллат ҳеч “маънисиз, руҳсиздай” кўринадими? Ватан деган муқаддас тушунчага келсак, биз ўз ватанимизни Сталин белгилаб берган ҳудудлардан анча кенгроқ деб биламиз ва бу нарса бизнинг “миллий туйғуларга путур” етказмайди, аксинча, уни яна ҳам ўстиради, кенгайтиради. Қолаверса, кўчманчи Шайбонийхон уруғлари билан боғлиқ бўлган ва ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларига илк бор Шайбонийхон истилоси билан кириб келган “ўзбек” деган ном тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам бирон бир шонли, улуғ ишлар билан боғлиқ ҳолда айтилмайди. Биз ўзимизнинг боболаримиз деб ғурурланадиган соҳибқирон Амир Темур ҳам, унинг ворислари, Бобур ҳам, ўзбекларга қарши курашиб, ўзларини “турк” деб атаган. Cоветлар даврид эса, ўзбекларни дунёдаги энг қонхўр халқ сифатида кўрсатишга урунишди – нега энди профессорларимизнинг миллий ғурурига бундай ҳақоратлар путур етказмайди-ю, ўзбекнинг турк эканлиги ҳақидаги фикр путур етказади? Бизнинг ғуруримиз турклигимизда эмасми? Умуман, “ўзбек”калимасини 1924 йилда коммунистларнинг доҳийси Владимир Ленин расмийлаштирди. Туркистон номи йўқ қилиниб, унинг ўрнига бир қанча янги, ясама жумҳуриятлар, шу жумладан, “Ўзбекия” ҳам ташкил этилди. Бир муддатдан сўнг эса, “миллийлик принципи”га амал қилинган бўлиб, “Ўзбекия” номи “Ўзбекистон”га алмаштирилди. Агар биз ўзимизни бизга бошқа халқлар (масалан, руслар ёки овруполиклар) берган номлар билан аташни тўғри деб топсак, у ҳолда, биз ўзбек деб ҳисоблаётган Темур, Улуғбек, Бобур каби улуғларимизнинг ҳам рус ва Оврупо олимлари томонидан “мўғуллар”деб аталишига кўникишимиз лозим: Ҳиндистонда узоқ давр мобайнида ҳукмронлик қилган бобурийлар ҳам “буюк мўғуллар” бўлиб чиқади. Худди шундай муваффақият билан “дойч”ларни русча қилиб, “немис”, “хунгар” ёки “мажор”ларни – “венгер”, “ўзбек”ларни – Чор империяси пайтида кенг қўлланилган “сарт” номлари билан атайвериш мумкин. Умуман, агар ўзбеклар Ўзбекистондаги аксилмиллий режим пропагандасига учадиган бўлса, ўзининг бутун тарихидан маҳрум бўлади. Чунки, 16 асргача булган тарихимизда “ўзбек” номи билан боғланган бирон бир давлатчилик мероси йўқ. Бизни турклигимиздан маҳрум қилмоқчи бўлаётганлар айнан мана шуни яхши билганлари ҳолда, режали равишда пропаганда олиб бормоқдалар. Уларнинг Самарқанд ва Бухоро ўзбекларники эмас, деган иддаоларини бутун ўзбеклар яхши билади-ку! Бизнинг турк эмас, фақат ўзбек бўлишимизни исташларидан кўзлаган мақсадлари ҳам мана шунда – бизни ўз тарихимиз ва маданиятимиздан маҳрум қилишга урунишдадир…
Бу ўринда 18 – асрда яшаб ўтган буюк франсуз мутафаккири Монтескёнинг турклар ҳақидаги фикрларини келтириш жоиз бўлади, деб ўйлаймиз. Монтескё турклар ҳақида гапирар экан, уларни ҳамма жойда “татарлар” деб атайди. У хунлар, турк хоқонликлари, салжуқийлар, хоразмшохлар, усмонли турклари, темурийлар, бобурийлар ва чингизийлар империялари ўртасида ҳеч қандай фарқ кўрмайди, уларга бир халқ – татарлар деб қарайди. Франсуз мутафаккирининг бу фикри, унинг, юқорида номи зикр этилган ўзбек академиклари ва профессорларидан кўра, ўзбеклар тарихини яхшироқ билишидан далолат беради. Матнни тўлалигича келтирамиз, зеро, у жуда ибратлидир:

“Шон-шуҳрат ва буюк истилолар бобида дунё халқларининг биронтаси ҳам татарларга тенг келолмаган. Бу халқ – жаҳоннинг ҳақиқий ҳукмдоридир: бошқа барча халқлар гўё унга хизмат қилиш учун яратилгандай. Бу халқ империялар яратгувчи ва империяларни маҳв этгувчидир: у барча замонларда жаҳонга ўзининг қудратини намоён қилиб келган, у доимо халқлар бошига ёғилган офат бўлган. Татарлар икки марта Хитойни истило қилдилар ва ҳозиргача уни ўз ҳукми остида сақламоқдалар. Улар Буюк Мўғул империяси деб аталган чексиз-чегарасиз ҳудудларда ҳукмронлик қилишмоқда. Улар Эроннинг ҳукмдорларидир, улар Кир ва Гистаспнинг тахтларида ўтиришмоқда. Улар Московияни босиб олишди. Улар турк номи остида, Европа, Осиё ва Африкадаги бепоён ҳудудларни ишғол қилишди, улар дунёнинг учта қитъасида ҳукмрондирлар. Агар узоқроқ даврлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Рим империясини маҳв этган халқлардан бирининг ҳам айнан татарлар эканига гувоҳ бўламиз. Чингизхоннинг истилолари олдида Александрнинг ғалабалари ҳеч нима эмас. Афсуски, бу музаффар халқнинг ажойиб қаҳрамонликларини улуғлайдиган солномачилари кам бўлган. Қанчадан-қанча ўлмас қаҳрамонликлар вақт шамоллари остида унут бўлди! Татарлар асос солган қанчадан-қанча давлатлар тарихини биз ҳали билмаймиз! Бу жанговор халқ фақат ўзининг бугунги шон-шуҳрати билан банд бўлиб, ўзининг келажакда ҳам енгилмаслигига чуқур ишонгани ҳолда, тарихдаги буюк ғалабаларини мангулаштириш ҳақида заррача ҳам қайғурмади”. (Нашр: Монтескё. “Форс мактублари”. 198- бет. Москва, 1956.)

Энди академиклар А. Асқаров ва Б. Аҳмедовларнинг “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” номли мақоласини кўриб чиқайлик. Муаллифлар мақолани шундай бошлайдилар: “Маълумки, миллат капиталистик жамият маҳсули”… Албатта, қизил алмисоқдан (яъни, коммунистлардан) мерос қолган бундай кулгули гапга диққатни қаратиб ўтирмай, тезроқ масаланинг моҳиятига ўтишни истаймиз, аммо бундай “цитата”лар олимларимизнинг тафаккур томирларини суғориб турган булоқлар эканини эслатиб ўтмасак, масалага ойдинлик киритиш нуқтаи назаридан янглишлик бўлган бўларди. Коммунистик назария бўйича, капиталистик жамият тарафидан яратилган миллатлар, шу жамиятнинг антиподи бўлган коммунистик жамият тарафидан йўқ қилинади ва охир-оқибат дунёда бир халқ ва бир тил қолади. (Бу қайси халқ ва қайси тил бўлишини эса, ҳар ким ўз хаёл кучи даражасида белгилаши мумкин.) Аммо афтидан, олимларимиз, миллатнинг пайдо бўлиш сабаби ҳақдаги ўзларига қадрдон бўлган назарияни шунча-ки, ўзлари айтмоқчи бўлган фикрга унчалик тўғри келмаса ҳам, “ўрганган кўнгил” қабилида айтворишган, шекилли. Чунки, улар баҳс қилаётган 10, 11 ёки 14 асрларда ҳали ер юзида капитализм йўқ эди. Умуман, Туркистон ерларида ҳеч қачон капитализм бўлмаган. Балки, энди пайдо бўлиб қолар… Зора, ўшанда биз ҳам миллат бўлиб шаклланиш бахтига муяссар бўлсак…

Мақола таҳлилида давом этайлик: академикларимиз ўз мақолаларини шундай давом эттирадилар: “Ўзбеклар халқ сифатида 10 асрга келиб шаклланди: ҳудудий, иқтисодий, маданий, тил ва тип бирлигига эга бўлди… Ўзбеклар, баъзи бировларнинг ноилмий фикр юритишига қарши ўлароқ, турк эмас, балки, туркийзабондир. Тўғри, тилимиз туркий, лекин турк тили билан ўзбек тили ўртасида фарқ катта. ҳозирги ўзбек адабий тилини соф турк тили, деб бўлмайди. Ўзбекнинг тили, тарихи ва маданияти ҳам соф туркники эмас. Унинг жисмоний – биологик қиёфаси, неча минг асрлик тарихи ва маданиятининг шаклланишида четдан келган (қайси четдан – ўнгданми ё чапдан? ғарбданми ё шарқдан? М.Б.) этник қатлам билан ерли туб аҳоли қони, тили, руҳияти, тарихи ва маданияти чатишиб, қоришиб кетган”. Бу матндаги халқнинг шаклланганини исботлаш учун келтирилаётган далилларга эътибор беринг: ҳудудий, иқтисодий, маданий, тил ва тип бирлиги… Бу “принцип”ларни бир кўздан кечириб чиқайлик:

1. Ҳудудий бирлик. Бундай бирлик Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қачон барқарор бўлмаган: ҳудуд доимо гоҳ кичрайиб, гоҳ каттайиб, гоҳ майда бўлакларга бўлиниб турган.

2. Иқтисодий бирлик. Бу бирлик ҳам ҳудудий бирликка бевосита боғлиқдир, яъний, иқтисодий яхлитлик сиёсий ўзгариш ва янги давлат субъектларининг ёки хонликларнинг пайдо бўлиши билан ўзгариб турган.

3. Маданий бирлик. Бундай бирлик ҳам то бугунга қадар амалга ошмаган вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу хусусда биз юқорида гапириб ўтдик (миллий либослардаги – бу ерда “миллий” сўзи шартли равишда айтиляпти – урф-одатлардаги ўзига хосликлар).

4. Тип (антропологик) хусусиятлар. Ўзбекистонда бундай хусусиятлар ҳам ҳар хил. Бугунги ўзбеклар бир қарашдаёқ бир-бирининг қайси “тип”га мансублигини ажрата оладилар. Айниқса, барча турк қавмларини ўзига қоришитириб юборган ўзбекларда “тип бирлиги” бўлиши мумкин эмас. Шу маънода, агар ўзбеклар, олимларимиз айтганидек, кимлардир билан “қоришиб-чатишган” бўлса, бу “қоришиб-чатишганлари”нинг барчаси турк уруғларидир.

5. Тил бирлиги. Ҳали бугунгача “ўзбек тили” деб аталаётган Хоразм “ўзбекча”си билан Фарғона ёки Тошкент ўзбекчаси ўртасида катта тафовут бор. Ҳатто агар Хоразм ўзбеги ўз лаҳжасини расмий қабул қилинган ўзбек адабий тилига мосламай гапирса, тошкентлик ёки водийлик ўзбек ҳеч нарсани тушунмаслиги мумкин. Чунки, хоразмлик ўғуз-қарлуқ лаҳжасида гапириб, ҳозирги ўзбек адабий тилида бўлмаган, аммо Навоий давридаги турк(ўзбек) адабиётида кенг қўлланилган “ошоқ” (паст), “оё”(кафт), “ал”(қўл) каби нотаниш сўзларни ишлатади. Навоий ижодида эса, юқоридаги каби сўзлар кенг кўламда ишлатилган. Чунки, Навоий “ўзбек” тилида эмас, турк тилида ёзган. Балки, шунинг учун ҳам ҳозир гоҳ у ер, гоҳ бу ерда Навоий асарларини ҳозирги замон ўзбек адабий тилига “таржима” қилиш ҳақидаги кинояли гаплар туғилаётгандир? (Иброҳим Ҳаққуловнинг ”Занжирбанд шер қошида” номли китобига Эркин Воҳидов томонидан ёзилган сўзбошига қаранг). Бугунги ўзбек адабий тилининг нақадар сунъий тил эканлигини олим бўлмаган одамлар ҳам яхши билади. Ҳар хил вилоятдан келган иккита ўзбекнинг бир-бирларини тушунмай, анграйиб туришларининг сабаби ҳам тил ислоҳотидаги мана шу зўравонликда, сохта илмийликдадир. Бугун Ўзбекистон ҳудуларида яшаётган ва паспортларига “ўзбек” деб ёзилган уруғлар турк тилининг барча лаҳжаларида гапирадиган қавмлардир. Бугунги ўзбеклар қипчоқ лаҳжасида ҳам, ўғуз лаҳжасида ҳам, қарлуқ лаҳжасида ҳам гапирадилар. Бу ҳол, бобомиз Амир Темурнинг: “Биз туркларнинг бош бўғинимиз” деган гапини тасдиқламайдими? Академикларимизнинг “ҳозирги замон ўзбек адабий тилини соф турк тили деб бўлмайди”, деган гаплари тўғри. Чунки, бу адабий тил, юқорида айтганимиздек, сунъий равишда яратилган тилдир, яъний, лаҳжаларимиздаги унга кириши мумкин, асрлар бўйи Туркистон адабиётида ишлатилиб келинган туркий сўзлар киритилмай, уларнинг ўрни форс ва араб сўзлари билан тўлдирилган. Яъний, советлар ўзбек алифбоси устида ўтказган “эксперимент”ларини (тинимсиз, ўзгартириш ва “тозалаш”дан иборат ) тил сиёсатига ҳам тадбиқ қилдилар. Ўзбек имло луғати (Тошкент, “ФАН” нашриёти, 1976 й.) ўта даражада қашшоқ ва ғариб. Унинг ярмидан кўпроғини бегона тиллардан кириб келган сўз ва терминлар ташкил этади. Ўзбек изоҳли луғати (Москва, “Рус тили” нашриёти, 1981 й.) эса, ундан ҳам баттар. Гўё олимларимиз ўзбек (турк) тилидан кўра, бегона тилларни яхшироқ биладигандай, яна ҳам аниқроғи, яхшироқ кўрадигандай. Ўзбек тилининг имло, изоҳли, синоним (агар шундай луғат тузилса) луғатлари Ўзбекистондаги барча лаҳжаларни ўзига жамламоғи керак. Қолаверса, бошқа турк халқлари луғатларидаги биз унутиб юборган туркча сўзларни ҳам луғатимизга қайтадан киритиш масалаларини кўриб чиқсак, фойдадан ҳоли бўлмасди. Айниқса, чуваш, ёқут, гагауз каби умумтурк маданияти таъсири доирасидан чиқиб қолган турк халқларининг луғатлари диққат билан ўрганиб чиқилса, ёмон бўлмасди. Биз “тил сунъий равишда яратилмаслиги керак”, дея оғиз кўпиртирамиз-у, ўзимиз турк тилимиздаги лаҳжаларнинг ўзбек адабий тилига кириб келишига сунъий тўсиқлар қўямиз.

Ўзбек адабий тилининг “соф турк тили эмас”лиги ҳақидаги иддаолар борасида ўз мулоҳазаларимизни айтдик. Аммо “ўзбекнинг тарихи ва маданияти ҳам соф туркники эмас”, деганда нимани кўзда тутган ҳурматли академикларимиз? Умуман, “соф маданият”, “соф тарих” дегани нима ўзи? Биронта халқ ўз маданияти ва тарихини бошқа халқлар билан алоқада бўлмай, ярата оладими? Француз маданияти, италиён маданияти, испан маданияти бор, аммо “соф француз маданияти”, “соф италиён маданияти”, “соф испан маданияти” деган маданият йўқ. Маданиятлар доимо бир-бирига таъсир ўтказади ва бу табиий ҳолдир.

Академикларимиз яна шундай ёзадилар: “ҳозир Ўрта Осиёда турк эмас, балки, туркий тиллар асосида ташкил топган ўзбек, қирғиз, қозоқ, туркман ва қорақалпоқ деган халқлар бор”. Тўғри, аммо бир муддат академикларимиз айтганлари сингари “ягона ҳудудий бирлик”ни ташкил этган Ўзбекистон ҳудудида ҳам Бухоро ва Хоразм республикалари ташкил этилган эди. Яъний, академикларимиз олға сураётган “халқнинг шаклланишидаги асосий фактор – ҳудудий бирлик” принципи бўйича мушоҳада юритадиган бўлсак, ўшанда худди туркман ва ўзбек халқлари сингари бухорий ва хоразмий халқлари вужудга келишига сал қолганди. Агар бу иш “муваффақиятли” амалга оширилганида, балки, фарғоний ёки қўқоний халқлари ҳам вужудга келармиди, ким билади дейсиз… Бизнинг олимларимиз зўр бериб исботламоқчи бўлаётган – ўзбекнинг турк эмас, бор-йўғи “туркийзабон” эканлиги, аслида, ўзбекнинг “қоришиб-чатишиб”(ким билан?) кетган бутунлай бошқа бир миллат (қандай миллат?) эканлиги ҳақидаги тўқима, қадимги Хитой донолари айтиб кетган бир афоризмни эсга солади: “Қоронғи уйда қора мушукни излаб топиш қийин, айниқса, бу уйда ҳеч қанақа мушук йўқ бўлса”… Биз ҳам бу ташбеҳга ҳамоҳанг килиб, шундай дейишимиз мумкин: “Қоронғи тарих ҳам қоронғи уй кабидир, бу қоронғиликда ҳам қора халқни (келиб чиқиши қоронғи бўлган халқни) излаб топиш қийин…”

Мақсуд Бекжон

1994, феврал.

Тошкент

  1. Дустимиз Кенжабекнинг ташаббусини тула куллаб-кувватлайман, шундай бир хайъат аллакачон тузилиши керак эди. Минтакадаги жамоатчилик фикрининг бундай йуналиши халкларимиз учун факат тарихий-маданий эмас, балки, истикболда сиёсий, геополитик, стратегик нуктаи назардан хам жуда ахамиятлидир.

  2. Ozod

    Turkiylar (turk emas) dunyosi haqida Kenjabiyning taklifini eshtib juda hursand bo’ldim. Men ham ushbu hayrli ishga o’z hissamni qo’shishga tayyorman.

    Ismat aka iltimos Turkiy ajdodlarimiz tarixi haqidagi maqolalarni bitta ruknga jamlab borsangiz juda katta xizmat qilgan bo’lar ediz.

    Turkiy ajdodlarimizning ruhi shod bo’ladigan kunlar yaqin! Yaratgan Tangrimga sharaflar bo’lsin.

    Sizlarga hurmat bilan,
    Ozod Nazarov

"5" Comments
  1. Abdulla Abduqodir

    YIGIRMA YIL AVVAL YOZILMAGAN IZOH

    Bu maqola bilan 1994- yili, IIV erto´lasidan endigina chiqqan vaqtimda tanishgan edim. U vaqlarda ko´ngildan kechgan gaplarni izoh sifatida yozish rusum bo´lmagandi, menimcha. O´sha vaqtda ko´nglimdan ( izoh sifatida yozilmay qolgan) bunday fikrlar kechgandi: ” Mana shu odamga ( ya´ni Maqsud Bekjonga) akademiklik unvonini berish kerak. Yo´q… yo´q!!! Adashdim! Bu uni kamsitish bo´ladi. Uni anovi Ahmadali bilan Bo´rivoylarga tenglashtirish bo´ladi. U –Maqsud Bekjon bo´lib, anovi akademiklardan ancha yuqoridagi Maqsud Bekjon bo´lib qolgani ma´qul.

  2. Бу академик А. Асқаров ва Б. Аҳмедовлар туркчиликни илдизларини мавхум тушинадиган, маҳаллий даражада қолиб кетган “совет академиклари” дир. Агарда биз коммунестик мафкура асосида яратилган, ёлғон тарих ва хозир ҳам давом этаётган унинг асоратларидан воз кечмасак ҳеч қачон чинакам миллий тарихимизни тиклай олмаймиз.

    “Шон-шуҳрат ва буюк истилолар бобида дунё халқларининг биронтаси ҳам татарларга тенг келолмаган. Бу халқ – жаҳоннинг ҳақиқий ҳукмдоридир: бошқа барча халқлар гўё унга хизмат қилиш учун яратилгандай. Бу халқ империялар яратгувчи ва империяларни маҳв этгувчидир: у барча замонларда жаҳонга ўзининг қудратини намоён қилиб келган, у доимо халқлар бошига ёғилган офат бўлган. Татарлар икки марта Хитойни истило қилдилар ва ҳозиргача уни ўз ҳукми остида сақламоқдалар. Улар Буюк Мўғул империяси деб аталган чексиз-чегарасиз ҳудудларда ҳукмронлик қилишмоқда. Улар Эроннинг ҳукмдорларидир, улар Кир ва Гистаспнинг тахтларида ўтиришмоқда. Улар Московияни босиб олишди. Улар турк номи остида, Европа, Осиё ва Африкадаги бепоён ҳудудларни ишғол қилишди, улар дунёнинг учта қитъасида ҳукмрондирлар. Агар узоқроқ даврлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Рим империясини маҳв этган халқлардан бирининг ҳам айнан татарлар эканига гувоҳ бўламиз. Чингизхоннинг истилолари олдида Александрнинг ғалабалари ҳеч нима эмас. Афсуски, бу музаффар халқнинг ажойиб қаҳрамонликларини улуғлайдиган солномачилари кам бўлган. Қанчадан-қанча ўлмас қаҳрамонликлар вақт шамоллари остида унут бўлди! Татарлар асос солган қанчадан-қанча давлатлар тарихини биз ҳали билмаймиз! Бу жанговор халқ фақат ўзининг бугунги шон-шуҳрати билан банд бўлиб, ўзининг келажакда ҳам енгилмаслигига чуқур ишонгани ҳолда, тарихдаги буюк ғалабаларини мангулаштириш ҳақида заррача ҳам қайғурмади”. (Нашр: Монтескё. “Форс мактублари”. 198- бет. Москва, 1956.)

    • Turkiylar tarixini o’rganishimizda birinchi o’rinda Islom dini qarshilik qilgan va qilib kelmoqda.Islom dini turkiylarning arablarga bir umrga qul bo’lishini ta’minlab ham kelishgan. Sovet tarixchilari ham o’z xissalarini qo’shsihgan lekin ular bizning Islom dini ta’siridan qutilishimizga yordam berishgan va ma’lumotli qilishgan.

  3. Kenjabiy,
    Turkiylar deganda siz faqat Amir Temur va Navoiy bilan chegaralanib qolayapsiz. Turkiylar deganda Islom dini kelmasidan avvalgi Turkiy ajdodlarimiz tushunilishi kerak. Mana shu Turkiy ajdodlarimizning vatani Xitoy devoridan tortib muz okeanigacha hamda Tinch okeanidan tortib Evropagacha (Atlantika okeanigacha) bo’lgan.
    Avstiyada tugilgan ismi familyasi nemischa bo’lgan kishi bilan tanishib qoldim. Ko’rganlar bizni aka-ukamisizlar deydi. Uning aytishicha uning qonida 1500 yillik Turkiylar qoni bor ekan. Buni uni oilaviy tarixi aytar ekan. U yashagan Lints shahrida hamma odamlar Turkiylarga o’xshar ekan. Lekin hammaning ismi nemischa ekan. Bu nimaning dalolati bu bizning Turkiy ajdodlarimizning buyukligi alomati. Amir Temir qilgan ish bizning Turkiy ajdodlarimiz qilgan ish oldida bir tiyin. Amir Temur Islom diniga va arablarga xizmat qilgan. Shuning uchun barcha obidalar arabcha ko’rinishga ega va ularga arabcha yozilgan.

Leave a Reply
*