Menu
Categories
Исмат Хушев: Отишма бўлган Оттавага сафар (8-якуний қисм)
11/22/2014 Муҳаррир минбари

Канада байроғи

 

1.

“Дунё ўзбеклари” таҳририятидан:

“Дунё ўзбеклари” бош муҳаррири Исмат Хушев 12-13 ноябрь кунлари икки кунлик ташриф билан яқингинада террорчи томонидан ўққа тутилиб, бутун дунёни ларзага солган Канада пойтахти – Оттавага оилавий сафар қилди.

Торонтодан салкам 500 километр узоқликда бўлган қадимий шаҳарга қилинган ташриф давомида машинада ўқилган шеърлар ва бу матнларнинг ёзилиш тарихи ҳақида Исмат Хушев армон ва ҳаяжон билан гапириб берган воқеа ва ҳодисалар талқини акс этган видео лавҳаларни яқин соатларда эътиборингизга ҳавола эта бошлаймиз.

Абдулла Орипов, Муҳаммад Раҳмон, Сирожиддин Саййид ва Мирзо Кенжабоевлар томонидан ёзилган бу дилбар ва бетакрор сатрлар бугун ҳам ўз қадри ва шукуҳини йўқотмаган.

Исмат Хушев Торонтодан Оттавага қадар бўлган олис манзил бўйлаб рулда туриб, машина ҳайдаш баробарида ёд ўқиган шеърларни тинглаб, Сиз ҳам “Дунё ўзбеклари” муҳаррири билан бирга беихтиёр олис болалик йилларига, талабаликнинг олтин даврига қайтсангиз, не тонг.

Нашримизни кузатиб боринг.

 

2.

Жами минг километрлик узоқ масофани босиб, Торонтага қайтиб келдик. “Дунё ўзбеклари” яна ўз фаолиятини давом эттира бошлади.

Икки кун давомида 43 дона хат, хабар ва мақолалар келибди. Уларни ўқирканман, мухлис ва ўқувчиларимиз бизга ишонишини, бизни соғиниб қолганларини ҳис этдим.

Бу менга, табиийки, ажиб бир ишонч ва илҳом бахш этади.

Кенжа ўғлим Камронбек эса йўлма йўл олинган видеоларни бир бошдан тартибга келтириб, “Дунё ўзбеклари”да эълон қилиш учун тахлай бошлади.

Демак, сафар хотираларига ўтамиз…

 

3.

Торонтадан чиқиб, Оттава йўлига тушарканмиз, машинада Шерали Жўраевнинг дилбар ашуласи янграй бошлади.

Назаримда нафақат бизнинг оила, дунё ўзбекларининг деярли ҳаммаси ҳам Шерали Жўраевнинг мухлиси бўлса керак.

Лекин шундай қудратли ва бетакрор овоз соҳиби учун, мана неча йилки, Ўзбекистон телевидения ва радио эшиклари ёпиб қўйилган.

Ҳукумат ва давлат йиғинларида, байрам тантаналарида биз уни кўрмаганимизга, эшитмаганимзга ҳам яқинда чорак аср бўлади.

Шерали Жўраевнинг Президент иштирок этадиган йиғинларда ҳам қўшиқ ижро этадиган доруломон кунлар яқин эканига ишонгим келади…

Мен ҳар гал Шерали Жўраевнинг бу қўшиғини эшитсам, бетакрор ёшлигим ёдимга тушади:

 

4.

Торонтодан Оттавага бора боргунча Канадада олтин куз ҳукмронлик қилаётгани яққол кўриниб турарди.

Шул боис мен ҳам беихтиёр Абдулла Ориповнинг “Юзма юз” шеъридаги куз манзараларига оид ажойиб ва бетакрор сатрларни ўқигим келди.

Мен болаликдан шеър ўқишни яхши кўрардим. Студентлик йилларимизда эса “ВУЗ городок”даги журналистлар яшайдиган 2-ётоқхонадаги шеърият кечаларида курсдош дўстларим, хусусан фарғоналик Алишер Ибодинов менинг айнан ана шу шеърни ёд ўқишимни яхши кўрарди. Бу шеърни ҳеч ким Исматчалик таъсирли ўқий олмайди дерди у доим.

Алишер ака ҳали журналистика факультетида ўқиб юргандаёқ Одил Ёқубовнинг “Оқ йўли”ни олишдек камёб бир бахтга сазовор бўлган эди. Унинг “Бир томчи ёш”, “Гулсафсарнинг ҳиди”  ва “Денгизчи” ҳикоялари, Одил аканинг “Оқ йўли” билан “Гулистон”да чиққанида биз ҳаммамиз баб баравар қувонган эдик.

Одил Ёқубовдек улуғ ёзувчининг “Оқ йўли”ни олиш бахтига муяссар бўлган яна бир бахтли йигит – жиззахлик Абулқосим Мамарасулов эди.

Кейинчалик уларнинг иккалови ҳам катта ёзувчи бўлиб кетишди. Лекин негадир улар Тошкентда яшаб қолишмади. Алишер ака –  Олтиариқ районидаги Эски Араб қишлоғида, Абулқосим эса – Бахмалнинг Барлосида тўғилган эдилар. Шолоховдек улар ҳам ўз қишлоғида яшаб қолишди…

Майли, мавзуга қайтсак.

Нима учунлигини билмадим, лекин Алишер Ибодинов Абдулла Ориповнинг бошқа шеърларини эмас, айнан “Юзма юз”нинг ана шу кузга бағишланган қисмини жуда яхши кўрарди…

Канадада ҳам шеър ўқиш одатимни канда қилмадим. Айниқса болаларим менинг шеър ўқишимни жуда яхши кўришади.  Шунинг учун ҳар гал оилавий узоқ сафарга отланар эканмиз, улар мендан шеър ўқишни такрор ва такрор илтимос қилишади.

Бугун муҳтарам ўқувчиларимиз эътиборига мазкур видеони ҳавола этиб, Шерали Жўраевнинг дилбар ашуласидан кейин Торонто – Оттава сафарини шеърият билан давом эттирамиз…

 

5.

Етмишинчи йилларнинг ўрталарида мактабни битириб, Тошкент Давлат университетига ўқишга кирганимда, шеър ўқишни билган, шеъриятга ошно бўлган йигит – қизларнинг олд назарида турарди. Шеърият кечаларисиз ўтмасди талабаларнинг бирорта туғилган кун ва ё базми.

Бугунги ёшлар –  шеъриятдан бир қадар узоқ. Тижоратга, саёҳатга, таъбир жоиз бўлса – қабоҳатга, бир сўз билан айтганда – сунъий ва ясама ҳаётга яқинроқ…

Лекин худога шукур, менинг болаларим азалдан шеърият ва адабиёт шайдоси.

Мен йўл йўлакай завқ, шавқ билан шеър ўқишдан, улар эса меҳр ва муҳаббат билан тинглашдан зерикишмади…

Студентлик йилларимда курсдошларим  Абдулла Ориповнинг “Мактуб” номли шеърини ифодали ўқишимни яхши кўришарди.

Хазонли боғларда сарғайган баргларга термулиб, суюкли ёр ҳажрида  ўтган муҳаббатини қўмсаб, ўзига атаб битилган маҳзун байтларни такрорлашдан юпанч оларкан маҳбубаси.

Лирик қаҳрамон кузги боғлар қўйнида ҳижрон ва айрилиқ азобларини юрак юрагидан қанчалик аниқ ва равшан ҳис этса, биз – уни тинглаган мухлис ва муҳиблар ҳам шоирнинг ҳақиқий шоирлигига шунчалик қойил қолиб, тан бермасдан ўзга иложимиз қолмайди…

Абдулла Ориповнинг “Мактуб”и – бу ҳаммамизнинг – севги ва муҳаббатни бошидан кечирган ҳар бир мухлис ва мухлисанинг мактубидир…

“Мактуб” шеъридан сўнг, ўша маҳзун ва шикаста дил билан шоирнинг бевақт вафот этган Наргиза исмли қизига атаб ёзган марсияси – дил нидоси билан танишасиз…

 

6.

Торонтадан Оттавага бора боргунча кенг ва равон йўлни иккига ажратиб турувчи оқ ва қизил рангли чизиқлар, машина тезлиги ва босиб ўтилаётган манзиллар номи акс этган лавҳа ва паннолар тез тез кўзга ташланиб туради.

Манзилга етгунча бирор жайда Ўзбекистондаги каби ГАИ пости, йўл патрул хизмати ёки полиция машинасини кўрмайсиз.

Лекин, худо кўрсатмасин, мабодо, машина тезлигини рухсат берилган нормадан оширган заҳотингиз, тап тақир саҳро ва ё чўлда бўлсангиз ҳам, улар худди ер остидан чиққандек, ортингизда пайдо бўлишади. Сиреналарини ёқиб, машинани ўнгга олиб, тўхташингиз шарт ва лозимлиги ҳақида белги (“сигнал”) бериб, Сизни тўхташга мажбур қилишади.

Тўхтаганингиздан сўнг, машинадан тушишга ҳаққингиз йўқ. Машина эшигини очган заҳотиёқ – улар Сизни қаршилик кўрсатди ёки ҳужум қилмоқчи бўлди деб  отиб ташлашлари ҳам мумкин.

Тўхтаб, машинанинг олд ойнасидан уларни кузатишдан ўзга иложингиз йўқ.

Улар эса Сизни тўхтатиб, энг асосий вазифани бажарганларидан сўнг, машинангиз рақами (номери) орқали беш олти дақиқа, бемалол ва бамайлихотир ўз компьютерлари орқали Сизнинг шахсингизни текшириб олишади.

Сўнг икки полициячи қўлларини пистолет кабурига қўйган ҳолда, гўё ашаддий жиноятчини ушлагандай, машинанинг икки томонидан ўта эҳтиётлик билан Сизга яқинлашиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси билан машина страховкасини сўрашади.

Ҳужжатларингизни олиб, яна орқага қайтиб, машиналарига ўтиришади. Сизга ҳеч қандай савол беришмайди. Нима учун тўхтатишганларини ҳам айтишмайди.

Кейин, ҳужжатларингизни текшириб, компьютердаги маълумотлар билан солиштиришганларидан сўнг, жарима варақасини тўлдириб, Сиз тўлашингиз лозим бўлган жазо “нархи”ни ёзиб, қўлингизга тутқазишади.

Ва шундан кейингина Сизнинг саволларингизга жавоб беришлари мумкин.

Агар улар айтган қоидабузарликни тан олмасангиз, улар видео ва аудио ёзилган исботлар борлигини айтиб, бемалол судга мурожаат этишингизни маълум қилишади.

Уларга пора бераман ёки илтимос қиламан деб ўйламанг.

Агар шундай ҳаракат қилсангиз, кутилмаганда, қўлингизга кишан солинганини билмай қолишингиз ҳам мумкин…

 

7.

Майли, хаёлларингизни паришон қилмай, яна асосий мавзумизга – шеъриятга қайтсак.

Абдулла Ориповнинг ёмғир ёғишига бағишланган шеърлари жуда кўп.

Бу, агар таъбир жоиз бўлса, шоир аксар ҳолларда ёмғирни – бебахт ошиқларнинг кўз ёшларига ўхшатишидан далолат ҳам.

Шу билан бирга, ёмғирли кўчаларда ошиқ билан бирга ёяёв кезиб, унинг севгидан мажруҳ бўлган ўксикли қалб кечинмаларидан ҳам баҳраманд бўласиз:

 

Ёмғир тинмай ёғди кун бўйи,

Ёмғирли кун каби эзилди дардим.

Яйдоқ кўчаларда жим юрган куйи,

Сенинг изларингни ахтардим…

 

Мен Абдулла Ориповнинг шу каби шеърларини ўқиганимда ҳар гал Тошкент ва Москвадаги сирли ва сукунатли, ёмғирли оқшомлар ёдимга тушади…

 

8.

Торонтодан Оттавага қадар бўлган 500 километрлик олис масофанинг ярмига етганда, тахминан 250 километрлар юргач, йўл четидаги шоҳбекатларнинг бирида дам олиш учун тўхтадик.

Умуман, Канада ва Америка қитьасидаги кенг ва равон йўллар ва бу йўлларда йўловчилар учун яратилган қулайликлар дунёнинг ҳеч бир бурчида бўлмаса керак.

Ҳар беш – ўн километрда дам олиш ва тамадди қилиш учун барча қулайликларга эга бўлган шоҳ бекатлар бор. Бу ердаги магазинларда сафар учун Сизга ва машинангизга нима даркор бўлса, бари муҳайё.

“Ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт саодати учун!” деган совет даврида машҳур бўлган шиорнинг ҳаётий исбот ва ифодасини Сиз Америка қитъсидаги ҳар бир қадамингизда бемалол  кўриб, гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Ўтган йили Ўзбекистонга борганимда, Тошкентдан Китобга қилган сафарим ёдимга тушди.

Тошкентдан Китобгача бўлган масофа – 364 километр. Агар Китобга Жом ва Қарши орқали айланиб бормоқчи бўлсангиз – у ҳам салкам 500 километрни ташкил қилади.

Эрталаб яп янги машинада йўлга чиққан бўлсак, кечга қадар аранг Китобга етиб борган эдик. “Катта Ўзбек Тракти” деб аталувчи ўйдим чуқур йўллардан иборат бўлган бу  хароб манзил – то ҳануз тушларимга кириб чиқади.

Йўллардаги сон саноқсиз ГАИ постларини айтиб ўтирмасам ҳам бўлади. Бу постларнинг асосий мақсади – йўловчилардан турли баҳонаи сабаблар билан пул йиғиб, юлғичлик қилишдан иборат экани бугун Ўзбекистонда ҳамма маълум.

Торонтодан Оттавага қадар бўлган масофада эса бирорта ҳам полиция машинаси ва ё постини учратмадик. Бу масофани эса атиги 4-5 соатда босиб ўтиш мумкин.

Торонтадан Оттавага борадиган кенг ва равон йўлларда юриб, Тошкентдан Китобга элтадиган тор ва вайрон йўллар беихтиёр кўз ўнгимда гавдаланади.

Мен Ўзбекистонда ҳам эрта бир кун Америка қитъасидаги каби оромижон йўллар ва осмонўпар кўприклар қурилишини, ўзбеклар ҳам бу дунёда америкаликлар каби ҳур ва озод, бахтиёр яшашларини орзу қиламан…

Ярим соат дам олиб, яна йўлга тушдик. Бу гал болаларим мендан Абдулла Ориповнинг “Онажон” номли шеърини ўқиб беришимни илтимос қилишди…

 

9.

Ниҳоят сал кам беш юз километр йўлни босиб, Оттавага етиб келдик.

Кун кеч бўлиб, Канаданинг пойтахти ҳам қоронғулик қўйнига чўккан, кўчаларда машиналар сийраклашиб, одамлар умуман кўринмасди.

Оттава – Канада давлатининг пойтахти ҳисобланса-да, лекин биз яшайдиган Торонтодан ниҳоятда кичик ва кўримсиз шаҳар бўлиб, бу ерда атиги 800 минг – бир миллион атрофидаги аҳоли истиқомат қиларкан, холос.

Олдиндан буюртма бериб қўйган “Бест Вестон” (Best Weston) меҳмонхонасига бориб жойлашдик. Беш қаватли кўркам ва салобатли бу меҳмонхона Оттава марказида жойлашган бўлиб, биз борганда бу ерда асосан Япониядан халқаро савдо ярмаркасига келган меҳмонлар жойлашган экан.

Умаман Оттавада аксар бинолар осмонўпар эмас, аксинча, беш олти қаватдан иборат эканлиги эътиборимни тортди. Торонтода эса осмонўпар бинолар шунчалик кўпки, уни баъзан Нью Йорк билан ҳам адаштириб юборишлари мумкин. Торонтанинг аҳолиси ҳам Оттавадагидан анча кўп – беш ярим миллиондан иборат.

Меҳмонхонага жойлашиб, кечки овқат ўрнида тамадди (ужин) қилиш учун шаҳар марказидаги ресторанларнинг бирига бордик. Машинамизни меҳмонхонанинг ер ости гаражига қўйиб, тунги Оттавани яёв айландик.

Кеча-ю кундуз ҳаёт қайнаб турган шўх ва жўшқин Торонто менга Тошкентни эслатса, ўйчан ва сокин Оттава – Самарқандни ёдга солади.

Бир соатнинг нари берисида Самарқанднинг марказини кўриб улгурганингиз каби, худди шу вақт ичида Оттавани ҳам бемалол кезиб чиқиш мумкин…

 

10.

Эртаси куни эрталаб меҳмонхонада нонушта қилиб, яна шаҳарга чиқдик.

Барча жойда бўлгани каби, эрталабки нонушта ҳақи ҳам – меҳмонхонанинг умумий нархига киритилган.

Чой, кофе, турли шарбатлар билан бирга асал ва сут маҳсулотлари, тухум қуймоғи ва турли сосискалар, котлет ва гамбургерлар, суюқ овқат ва ширинликлар, мева чева ва йогуртлар стол устида Сизга мунтазир туради.

Ўзингиз ўзингизга хизмат кўрсатиб, иштаҳангизга қараб, нимани истасангиз, қанча таомга кўнглингиз тортса, бемалол тамадди қилишингиз мумкин.

Ҳеч ким Сизни чекламайди…

 

11.

Кечаги тун қоронғулигида биз унча пайқамаган сокин ва улуғвор шаҳар тонгда бизни тамомила ўзгача шукуҳ ва малоҳат билан қарши олди.

Канаданинг пойтахти ҳақида олдин ҳам ўқиган ва эшитган эдим.

Оттава илгарилари фақат Онтарио провинциасининг, кейинчалик эса Канададанинг ҳам пойтахти бўлган.

Канада — Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибидаги федератив давлат. Амалдаги Конституцияси 1982-йил 17-апрелда кучга кирган. Давлат бошлиғи — Буюк Британия Қироличаси ҳисобланади.

Унинг номидан  генерал-губернатор давлатни бошқаради. Қиролича генерал-губернаторни Канада бош вазирининг тавсияси билан, одатда, 5 йил муддатга тайинлайди. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни эса қиролича номидан генерал-губернатор ва 2 палатали (сенат ва жамоалар палатаси) амалга оширади.

Ижроия ҳокимиятни қиролича номидан генерал-губернатор ҳамда бош вазир ва вазирлардан иборат ҳукумат амалга оширади.

Биз Оттавага баъзи оилавий ишларимиздан ташқари, асосан – яқинда ўққа тутилган Парламент биносини кўриш, амалга оширилган хавфсизлик чоралари билан танишиш учун келгандик.

Ҳеч қанақанги хавфсизлик чораларини кўрмадик. Илгари келганимиздаги Оттава қандай бўлса, бу гал ҳам у бизни ўшандай сокинлик ва сипойилик билан кутиб олди.

Шунинг учун ҳам энг яхшиси ўзингиз кўриб, хулоса қилишингиз учун, Оттава ва Парламенти атрофини айланиб, сайр қилгандаги видео лавҳаларни намойиш этиб, сафаримизни давом эттирамиз.

Отава шаҳри манзараларини Юлдуз Усмонованинг Ўзбекистон ҳақидаги дилбар қўшиқлари билан томошо қилсангиз, инсон қаерда бўлишидан қатьий назар Ватан ва юрт меҳри ҳамиша унга ҳамроҳ бўлишини, қайси юртда бўлмасин у энг аввало Ватан меҳри ва дийдорини қўмсаб яшашини яна бир бор англаб етасиз…

12.

Оттава ҳукумат идораларидаги ишларимиз тезда битиб, шаҳарни яна бир айланиб, ортга қайтдик. Оттавада кўп тура олмадик. Кўнгил қурғур уйга – Торонтога талпинар эди.

Мен азалдан оилавий сафарларга чиқишни яхши кўраман. Умр йўлдошингиз ва фарзандларингиз билан уйда, дастурхон атрофида доим бирга бўлиш яхши, албатта.

Лекин шу билан бирга у ёки бу баҳонаи сабаб билан, имкон топиб, мана шунақанги сафарларга ҳам тез тез чиқиб туриш керак.

Оилавий сафар – ҳаётимдаги барча сафарларнинг энг ёқимлиси ва энг мароқлиси бўлиб, хотирамда доим нурланиб туради.

Қайтишда ҳам яна шеър ўқиб қайтдик…

13.

Абдулла Ориповнинг мана бу тўртлиги эса ишқ дардида куйиб, ҳижрон азобларида ёнган ҳар бир инсон учун армонли муҳаббатнинг алвидосидек ҳеч қачон ўчмайдиган, унутилмайдиган дил нидоси бўлиб қолса, ажабланмаслик керак…

Алвидо деб қўлларимга бойладинг бир тола соч,

Ошиқ аҳли ичра кимни сайладинг, бир тола соч,

Қолди умри доми ишқда, соч каби ҳолим забун,

Толеимни тола тола айладинг, бир тола соч…

14.

Кеча меҳмонхонада болаларим билан гурунглашиб ўтирганда, кенжатойим Камронбек сўраб қолди: “Дада, Сизга атаб шунча шоирлар шеър ёзган, қандай бунга эришгансиз?” – деб…

Ўғлимнинг гапи сабаб бўлиб, менга атаб ёзилган шеърлар тарихи ҳақида ўйга толдим. Абдулла, Орипов, Муҳаммад Раҳмон, Сирожиддин Саййид, Мирзо Кенжабоев ва бошқа таниқли ижодкорларнинг турли даврларда менга  ёзган шеър ва ғазаллари то ҳануз ўзбек адабиётининг энг мумтоз ва бетакрор шеърий намунаси бўлиб мухлис юракларда  яшаб қолди.

Ҳали йиллар ўтиб, эрта бир кун бу ажойиб ижод намуналари адабиётшунослар олимлар томонидан таҳлил ва тадқиқ қилинишига мен шубҳа қилмайман…

15.

Торонтадан Оттавага қилган бир кеча-ю, икки кунлик сафар ҳам ниҳоя топди. Мен бу гал олдинги сафар таассуротларидан фарқли ўлароқ, ўз хотираларимни видео лавҳалар билан безадим.

Эҳтимол мен ўқиган шеърлар бадиий ифода ва ўқилиши бўйича у қадар мукаммал чиқмагандир. Қаердадир оҳангга, қаердадир овозга ва яна қаердадир ортиқча ифодага зўр берган бўлишим мумкин. Бу табиий, албатта. Мен шеър ўқиш санъатини мукаммал эгаллаган сўз устаси ва ёки ЎзТВ диктори эмасман. Мен муҳожиротдаги оддий бир шеърият мухлисиман, холос.

Энг муҳими менинг юрагимда шеъриятга бўлган ўлмас меҳр ва муҳаббат бор. Бу муҳаббат болаларимга ҳам, атрофимдаги дўстларимга ҳам, ёру биродарларимга ҳам юқишини истайман.

Шеъриятга ошно диллар эса ҳамиша гўзаллик ва эзгуликка ошно бўлади.

Мен бутун Ўзбекистон аҳлининг, бутун дунё ўзбекларининг, бутун ер юзи аҳолисининг адабиётга ва  шеъриятга ошно бўлишини орзу қиламан.

Исмат Хушев,

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири

Торонто – Оттава – Торонто

12-13 ноябрь, 2014 йил

 

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

"1" Comment
  1. Канада йўлларининг текислиги уйларининг кўриниши Норвегияни ислатади. Бизни мамлакатимиз ҳам мана шундай ривожланган фаровон бўлиши учун унга муносиб бўлишимиз керак.

Leave a Reply
*