Menu
Categories
Муғаннийни алдаш осон – унутмоқ мушкул! (“Ўтганлар ёди” туркмидан)
12/07/2014 Адабиёт

Муғанний Дадажон

Муғаннийни алдаш осон…

Ёр, кўкдаги ой бўлсанг ҳам қайтиб тушасан,
Муғаннийни алдаш осон – унутмоқ мушкул!..
Юлдузларга юз баҳона айтиб тушасан,
Муғаннийни алдаш осон – унутмоқ мушкул!..

Оқ буранинг бўйларида изларим қийнар,
Кўзларингда қотиб қолган юзларим қийнар,
Қулоғингда ётиб қолган сўзларим қийнар,
Муғаннийни алдаш осон – унутмоқ мушкул!..

Хаёлларим ўйларингни қирқиб қочади,
Руҳим таниб, бевафо деб, қўрқиб қочади,
Кўзларингдан бир томчи ёш қалқиб қочади,
Муғаннийни алдаш осон – унутмоқ мушкул!..

Ким ҳам сени юпатарди мунгли чоғларда,
Мен тураман мужгонларинг мунчоқларида,
Ёт сирайсан ёргинангнинг қучоқларида,
Муғаннийни алдаш осон – унутмоқ мушкул!..

Тушларимда исмим айтиб алаҳсирайсан,
Ёнингдаги ёринг ётиб, ёстиқ силайсан,
Тонг отгунча рўмолингни сувга чилайсан,
Муғаннийни алдаш осон – унутмоқ мушкул!..

Севмайман деб ўз-ўзингни алдаб ўтарсан,
Алдаб ўтган кунларингни қарғаб ўтарсан,
Хатларимни ҳилватларда сақлаб ўтарсан,
Муғаннийни алдаш осон – унутмоқ мушкул!..

 

Кечиролмадим

Боқсанг, юрагимда тирноқ излари,
Йилларки, исмингни ўчиролмадим.
Сўнса-да севгининг қайноқ ҳислари,
Хотира тошларин кўчиролмадим.

Хиёнат тиғидан тоймади кўнгул,
Ўзининг қонига тўймади кўнгул,
Ўрганган корини қўймади кўнгул,
Хаёл қушларини учиролмадим.

Мен сендан кечдиму, кўнгил кечмади,
Шаҳид кетса, кетди – сиринг очмади,
Қисмат мозорида бир шам ўчмади.
Қонталаш кўйлагин ечиролмадим.

Мозорим бошидан бир ўтолмаган,
Ёлғончи гўзални унутолмаган,
Ўзининг ёшларин қуритолмаган,
Бетайин кўнглимни кечиролмадим.

 

Қўлимда тутганим…

Қўлимда тутганим гул эмас, олов,
Душман тутса, тутсин – дўстим тутмасин.
Қалбимни оловга қўйганман гаров,
Душман ютса, ютсин – дўстим ютмасин.
Ҳаётим мазмунин ишққа кўчирдим,
Севгисиз тунлардан номим ўчирдим,
Кўнглим қушларини кўкка учирдим,
Душман отса, отсин-дўстим отмасин.
Булбулнинг сайрашин кўрдим қафасда,
Дунёга келмадим бундай ҳавасда,
Армоним айтарман сўнгги нафасда,
Душман кутса, кутсин-дўстим кутмасин.
Муғанний ишқ аро ғавғода қолдинг,
Мажнундек Лайлосиз саҳросиз қолдинг,
Иймон бозорида савдода қолдинг,
Душман сотса, сотсин-дўстим сотмасин.

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Leave a Reply
*