Menu
Categories
Юсуф Жумадан Ислом Каримовга: Пойгакдагининг тахтдагига мактуби
01/31/2015 Бош мақола

Ю.Жума расми

Пойгакдагининг тахтдагига мактуби

Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари оламдан ўтгач Амирзода Шохрух Жаҳонгирнинг махфий хазиналарига кирадилар.  Сандиқлар бўм-бўш,  фақат оёқ остидан бир кумуш танга топилади,  холос.  Шохрух Мирзо тангани кўзларига суртиб,  “Отамиз хазинасини қабул қилиб олдик, ”  дейдилар.

Ҳиндистон олингач,  Соҳибқиронга яқинлари сув бўйидан жой ҳозирлашиб,  “Сиз ҳордиқ олинг,  йўлдаги қароқчи тўдаларни ўзимиз даф қиламиз, ”  дейишадилар.  Жаҳонгир ҳазратлари:

— Биринчидан,  инсон оламда яхши ном қолдириши лозим,  қароқчилардан элни қутқаришнинг у дунё учун савоби беҳад,  қолаверса бу дунё манфаатлари ҳам бор,  отсиз навкарлару,  муҳтож одамлар учун ўлжа олишим керак,  Сизлар эса ўз манфаатларингизни кўпроқ ўйлайсизлар,  — деганлар.  Амир Темур ҳазратлари ўлжаларни муҳтожларга тарқатганлар.

Тангри,  улуғ Соҳибқирон ва авлодларининг боқий дунёсини раҳматларидан қурган бўлсин!

Темур ҳазратларининг чинордек-чинордек ўғиллари,  неваралари 27-37 ёшларида Туркистон учун шаҳид кетганлар,  бари жасур тенгсиз баҳодирлар бўлганлар.

Хитой сори йўлга чиқишдан бурун,  умрининг сўнгги ойларида Самарқандни йигирма кун ичида қайта қурдирганлар. Оғир касал бўлиб,  тахтиравонда кўтариб юришган,  қурилиш тепасида туриб,  элга пулни,  ҳатто гўштни ўз қўллари билан тарқатганлар.

 

 Жаноб Президент!

Бугун туғилган кунингиз!  31 миллионлик халқ ўлимингизни кутмоқда.

Мен номард эмасман,  эр киши душманнинг ўлимини кутмайди,  курашади.

Онам раҳматлик,  ё эр бўлгин,  ё қора ер бўлгин деб ўстирганлар.

 

 Номардларга сўзим будир:

 

Зўр бўлсанг зўр дейман,  нозўрсан,  нетай. 

Қўр бўлсанг қўр дейман,  ноқўрсан,  нетай.

 

Бор тешигинг мўри,  ичинг дудхона, 

Нур бўлсанг нур дейман,  нонурсан нетай.

 

Норни нор дейдилар,  тўнғизни тўнғиз,

Нор бўлсанг нор дейман,  нонорсан,  нетай.

 

Йўқдирсан бирор бир шонли рўйхатда,

Бор бўлсанг бор дейман,  ноборсан нетай.

 

Шерлигимдан шерлик берайми,  номард,

Шер бўлсанг шер дейман,  ношерсан,  нетай.

 

Эрлигимдан эрлик берайми сенга,

Эр бўлсанг эр дейман,  ноерсан,  нетай.

 

Мен Сизни душман санамайман,  тахтинггизга ҳам кўз тиккан жойим йўқ.

Онам раҳматлик болалагимда қулоғимга қуяр эдилар:

— Бир ерга борсанг,  оёқ кийимингни остонанинг тўрига ечма,  охирига еч,  ҳамманинг оёқ кийимидан кейинга еч,  ҳокисор бўл.  Уйга киргач тўрга чопма,  пойгакда ўтир.  Бу деганим ўзингни хор қилгин деганим эмас,  сен шундай одам бўлгинки,  сен ўлтирган пойгак тўрга айлансин.

Мен нодон дердим:

— Она,  пойгакда ўтирсам,  пойгак қандай тўрга айланади?!

Онам оталари Қўчқорбекни эслаб,  аввало чуқур уҳ тортардилар,  бобомни ўрислар қамоқда ўлдиришган.  Бобом Амир Олимхон қочиб кетгач ҳам ўрисларга қарши курашганлар.  Ўрис ҳокимиятини тан олмаганлар.  Узоқ хўрсингач онам дердилар:  “Бек бобонг кураш майдонида ўлимдан қўрқмаган.  У от солганда майдонда отлиқ қолмаган,  лекин ҳокисор бўлганлар.  Қайга борсалар,  пойгакдан жой олганлар.  Бухоро Амири келадиган зиёфатга бобонгни ҳам айтишган.  Бобонг одатдагидек пойгакда ўлтирганлар.  Амир кечикиброқ келган.   Амир-Амир!  Барча уни тўрга ўтқазишга уринган.  Амир эса пойгакда бобонгдан пастда ўтирган.  Ҳамма ҳайрон,  Амир деган:

— Уйнинг тўри тўр эмас,  Қўчқорбек ўтирган жой тўр!

Бобонгдек эр бўл,

Эр бўлмасанг қора ер бўл,  сендек ўғлим йўқ! ”

 

  Жаноб Президент!

Элга қаранг дунё бўйлаб хору зор,  қул мардикор,

Юртга қаранг,  хонавайрон,  элданда абгор.

Тилло,  уран,  газ ўрисга,  хитойга сув текин,  талон.

Сизда ҳали ҳам бор имкон.

Истасанггиз бир йилга қолмай Марказий Осиё бирлигини тузасиз.

31 миллионлик элни боқмадингиз,  энди дунё яккалаган 150 миллионлик ўрисни боқасиз.  Элни йиғинг,  элу юрт деган эрларни юртга қайтаринг,  ошхўрлари четда юраверсин.  Туркистонни тикланг!  Мен Сизни қўллайман.  Ё мен эслатган эрлардек эр бўлиш керак,  ё қора ер бўлиш керак.

2007 йил 23 декабр Отбозорда — турмада қовурғаларимни синдириб,  қонга беланган ҳолимда,  икки ўғлим беҳуш бўлгунча қийноқ ўтказиб сайловга олиб боришса ҳам Сизга қарши ошкоро овоз бердим.  Қоғозни яшикка ташламадим,  жаллодларнинг қўлига бердим.  Улар даҳшатга тушдилар.  Юртнинг тахтини бир умр эгаллаб,  элнинг қарғишида хор бўлгунча,  мендек пойгакда ўтириб эр бўлиш афзалдир.

Туғилган кун тантана этадиган кун эмас,  ўйлайдиган,  ўтган хатолардан пушаймон этадиган кун. . .

 

Юсуф Жума,

30 январь, 2015 йил,

Америка Қўшма Штатлари

 

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

"2" Comments
  1. Уз манфаатини, ВАТАН ва ХАЛКИ манфаатидан бир неча баробар устун курган орган рахбарлари, давлат ПРЕЗИДЕНТИГА шунча маъломат олиб беришди. Каримов учун деб тилида гапириб халкини талаётган орган ва казолар, албатта жазоларини олажак. Мен бир нарсага каттик ишонаман, агарда мана шу сафарги сайловдан кейин халкимизга омонлик тегиб, катта узгаришлар булса, ваъдалар амалда бажарилиб халкимиз душманлари мансабларидан кетишса, Латвияларига етишса! Юсуф Жума ВАТАН ва ХАЛКИ бахти учун хаммасидан воз кечадилар!!!

  2. “31 миллионлик элни боқмадингиз, энди дунё яккалаган 150 миллионлик ўрисни боқасиз. Элни йиғинг, элу юрт деган эрларни юртга қайтаринг, ошхўрлари четда юраверсин. Туркистонни тикланг! Мен Сизни қўллайман. Ё мен эслатган эрлардек эр бўлиш керак, ё қора ер бўлиш керак”. Бу сўзларни ватанпарвар кўрашчи Жума Юсуф айтган. Ўзбек халқи бор экан Жумадек миллионлар ичидан битта иккита шер юрак қаҳромонлар чиқовради. Бундай саноқли ўз эрларини хор қилган подшо ва халқ ўзи хам охиратда хор бўлиб шармандаи шармисорликка юз тутади. Бутун ўзбек мухолифати бир тарап, Юсуф Жума бир тарап. Маколада келтирилган шеър бугунги узбек мухолифатининг хакикий башарасини аниқ тиниқ қилиб очиб берган. Ман Юсуф Жумага хам, у тан олган яккаю ягона сайт деб билган дунё узбекларига хам тан бераман. Қойил қоламан.

Leave a Reply
*