Menu
Categories
Муҳаммаджон Раҳмонов: Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар…
02/21/2015 Адабиёт
Муҳаммад Раҳмон - акажоним

“МЕН СЕВГАН ШЕЪРЛАР” ТУРКУМИДАН

МУҲАММАД РАҲМОН
(1949-2010)

* * *
Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар,
Бўғзимга тиқилган ҳаяжонимни.
Қутулардим айтиб бир йўла,
Қийнамасдим бунча жонимни.

Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар,
Турналар ўтганда бошимдан сузиб,
Югурмас эдим, йўқ, телба-девона-
Мен улар ортидан қўлимни чўзиб.

Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар,
Кўзимни узолмай лол қотган чоғлар,
Титрамасди кўксимни ҳайқириқ бўлиб
Шу пурвиқор тоғлар, шу баланд тоғлар.

Армондай ич-ичдан келар хўрсиниқ:
Бунчалар юксаксиз, бунча мунаввар.
Юлдузлар, мен сизга бир сўз айтардим
Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар.

Тўлғанар ўзанда жоду бир оҳанг,
Оқар мангуликдай, бўлмас ҳеч тамом.
Ҳофиз дарёларим, мени қийнаманг,
Кезмай соҳилларда бесўз, бекалом.

Оймисан, тун аро бокира, латиф,
Кунмисан, қаролмай қамашар кўзим.
Гулим, на тараф бор сенга, на таъриф,
Топиб айтар эдим уни мен ўзим,
Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар.

Малулман, борурман сиғиниб такрор,
Билмас бу гўзаллик ҳеч интиҳони.
Ва мен бахтиёрман: ҳар кунимда бор
Ўртаниш, завқланиш, севиш имкони!

“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*