Menu
Categories
МУҒАННИЙ: ҲАЁТ ҲИҚИЧОҚЛАРИ (Ўтганлар ёди” туркумидан)
02/23/2015 Адабиёт

getImage (15)

ХАЁТ ҲИҚИЧОҚЛАРИ

Дарича

Бу дунёнинг ишлари хўб қизиқ – қизиқ ,
Ёҳуларим кундан – кунга чўзиқ – чўзиқ.
Адашганми, синашганми мирзоларинг
Қисматимнинг кунгайлари чизиқ – чизиқ?..

РАББИМ!

Балким оппоқ эдим бошланишидан,
Нафсим деб, айрилиб ақлу ҳушидан,
Одамнинг қонида қорайиб қолдим,
Момомнинг Жаннатда қилган ишидан…

РАББИМ!

Алпомиш зим кетди Ултонгга ташлаб,
Пиру авлиёлар чилтонга ташлаб.
Тарк этди бизларни, ҳаттоки, Иблис,
Қолган амалларин султонга ташлаб…

РАББИМ!
Дунё кўзин юмиб юмалар экан,
Зулмат Оқ уйларга қамалар экан.
Қучоқлаб кўришса “Дўст”, деб юрардим –
Қанча қолганимни чамалар экан…

РАББИМ!

Дўстим суҳбатимдан тўйганмикин – а?
Дунёнинг коридан куйганмикин – а?
Юзлари паришон, либоси юпун –
Мени арзон сотиб қўйганмикин – а?

РАББИМ!

Қисматимни ўйлаб кўриб, ман,
Ҳайрат қозонида қайнаб турибман.
Оғзимда айланган оқсақич эмас,
Дўстим отган ўқин чайнаб юрибман.

РАББИМ!

Рафиқу рақиблар ичида ўсдим,
Дўстим душманларин кўксимда тўстим.
Ёрдам бериб қўйгин, сотишга – сотиб,
Пулин ундиролмай юрибди дўстим…

РАББИМ!

Ўзимдан ортиқроқ суйган ҳам ўзим,
Дўстимнинг коридан куйган ҳам ўзим.
Ўқлари кўксимга тегиши аниқ –
Отишга ўргатиб қўйган ҳам ўзим…

РАББИМ!

Дунёдан май сўрсам қон берди,
Қон тутган бандангга шон берди.
Дўстимга таъзиям еткизгин –
Ўқлари кўксимда жон берди…

РАББИМ!

Киллеримнинг кўнгли ярим тўқ,
Бошим узра айланмоқда ўқ.
Ортга қайтиш ўқларга номус,
Қўнай деса, бутун жойим йўқ…

РАББИМ!

Кушандам умрида хато қилмаган,
Қўйнида зерикиб, зўриққан наган.
Ўқлари мен учун аталган, фақат,
Отишга арзирли шеър ёзилмаган…

РАББИМ!

Тухмат бўлди бозорим,
Кўз ёшларим – хапдорим.
Ёвларимни чарчатма –
Тошдан бўлгай мозорим…

РАББИМ!

Ўзим гадоману нон танлаб қолдим,
Тўкин дастурхону шон танлаб қолдим.
Оқибат, юртиму уйим тўрида,
Шайтонни кўрдиму шайтонлаб қолдим…

РАББИМ!

Таомнинг лаззати толқонда қолди,
Ҳақиқат қисмати ёлғонда қолди.
Дунё ташвишидан қутилмоқ душвор,
Озодлик дастхати зимдонда қолди…

РАББИМ!

Тулпор сафоларин тойларга бердинг,
Хуршид жилоларин ойларга бердинг.
Мискин бандаларинг шукрини қилсин,
Дунё балоларин бойларга бердинг…

РАББИМ!

Яхшига яхшини унаштиролмай,
Омонлик оловин қалаштиролмай,
Бандалар бир – бирин итдек талашар,
Итлар қараб турар, яраштиролмай…

РАББИМ!

“У кетсин!” “Бу кетсин!” Талаблар шунча,
Намойиш муддати пул тугагунча…
Замона мазмуни ўзгармас асло,
“Юртдан Иблис кетсин!” дейилмагунча…

РАББИМ!

“Фалон фалончилар ўғлиман” – десам,
Юртимдан қувдилар “Тўғриман” – десам.
Ўйланиб, айланиб ортимга қайтдим,
Мансаб ҳам беришди, “Ўғриман!” –десам…

РАББИМ!

Хотинлар йўлсираб эрга айланар,
Эрлари пул сўраб, ерга айланар…
Чегара ҳудудлар сеҳрли диёр,
Божхона итлари шерга айланар…

РАББИМ!

Гадонинг ҳимматин хонга тенг қилдинг,
Хонларнинг неъматин қонга тенг қилдинг,
Улуғлар хизмати ғассолга етгач,
Гўрковлар меҳнатин шонга тенг қилдинг…

РАББИМ!

“Момом ўтганида келмадинг” – дейди.
“Ота-онам кетди, билмадинг” – дейди
Банданг узилмасдан кўргани борсам –
“ Мендан сал эртароқ ўлмадинг” – дейди.

РАББИМ!

Кун пора, ой пора, йил пора…
Жаранглар тобора, тобора…
Азонлар адашсам, кечиргил,
Зиндонлар –ер ютган минора…

РАББИМ!

Юлдузлар, ойлару кун – меҳмон,
Вақтида солинмас дастурхон…
Кўринмас чақирган мезбони,
Зиндонлар энг ёмон хонадон…

РАББИМ!

Иймонлар сабрдан жарангроқ,
Армонлар жабрдан ҳам мунгроқ
Ҳар икки дунёинг – божхона,
Зиндонлар қабрдан сал кенгроқ…

РАББИМ!

Хирмонлар ўрнида армонлар
Юкланган манзилсиз карвонлар
Тизгиним харларга тутишиб,
Ортидан боришар сарбонлар…

РАББИМ!

Пулсиз битмас, ҳатто, хасталик, мотам,
Табибу, ғассолу, гўрков, жанозам.
Қандай тушунтирай Мункарнакирга
“Кўк” идан чигсалар кафанимга ҳам?..

РАББИМ!

Фариштанг жонимни ушатсин,
Сор қушга жисмимни ошатсин.
Мустабид тахтига тупирдим –
Машрабинг доримни бўшатсин…

РАББИМ!

Очга той қазидир, тўққа той-тойдир,
Камбағал умрида бир тўйса бойдир…
Таомдан салом айт, калом етгунча,
Абу Хурайранинг қорнини тўйдир…

РАББИМ!

Жазо бор нафсини бўшатганларга,
Зинога имонин ушатганларга.
Фаҳш ҳалок бўлди тошлар остида,
Ким айтар – не бўлар тош отганларга?

РАББИМ!

Юрак қучиб қўймайди,
Ёмон ўйлар туймайди.
Дўстим отган ўқларнинг
Дийдорига тўймайди…

РАББИМ!

Савдога солишяпти,
Пул санаб қолишяпти.
Сотди, деб нолимайман –
Ҳар ҳолда олишяпти…

РАББИМ!

Раста қаторидаман,
Энг баланд доридаман.
Харидорлар бўлса, айт –
Одам бозоридаман…

РАББИМ!

Авжим кўкка туташди,
Нархим шохин буташди.
Пештахтада Муғанний –
“15 танга” – ким ошди?

РАББИМ!

Ов қилиб отгандан,
Нолимам сотгандан.
Сотилмоқ яхшидир,
Сотилмай ётгандан…

РАББИМ!

Нафас қайтар – томоқ бўғилмас,
Жон гавҳари қўлда йиғилмас.
Пардаларнинг ичига боқсам –
Тобуд ўлмас, бешик туғилмас…

РАББИМ!

Айтганларинг қилмадик тамом,
Тишларимни ғажир интиқом.
Томирларда шаҳидлар қони –
Уҳуд жангги этмоқда давом!..

РАББИМ!

Жинлар юрган йўлга юриб қўйдим,мен,
Қумлоққа иморат қуриб қўйдим, мен.
Йўлимда турганлар ўзларин олсин,
Пичоқни ўзимга уриб қўйдим, мен…

РАББИМ!

Кўз очиб бошимнинг ёриғин кўрдим.
Бахтимнинг қонимга қориғин кўрдим.
Баланд-баланд дорлар топдим деганда
Пойимда Машрабнинг чориғин кўрдим…

РАББИМ!

Бу дунё чоклари сўкилар,
Юрагим бурчакка тиқилар…
Кўзимнинг гавҳари ўрнига
Музлаган шеърларим тўкилар…

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Leave a Reply
*