Ассалому алайкум!
“Дунё Ўзбеклари” ўқувчиларига!
Биз анчадан бўён дунё ўзбеклари ҳақида кўнгил қўйиб ўқийдиган, уларнинг орзу — ўй, қувонч ва қайғусини баҳам кўрадиган бир сайт – мустақил интернет газета очишни ният қилиб юрган эдик.
Не бахтки, бугун бизнинг бу азалий орзу-умидимиз ушалди!
Биз ўзбек халқининг дунёга сочилиб кетган турли қатламларини сайтимиз билан ҳамкорлик қилишга чорларканмиз, улар фисқу-фасод ва ҳақоратдан иборат – “кўча”нинг гапини эмас, балки одамлар қалбини ўртаётган – миллатнинг дардини бизга йўллайдилар деб умид қиламиз.
Ўзини Ўзбекистон режимига мухолиф деб билган ватандошларимизнинг соғлом фикр ва мулоҳазаларидан иборат танқидий қарашлари баён этилган мақола ва суҳбатларга ҳам сайтимизда кенг ўрин берилади.
(Ўзбекистон ҳақида ижобий ва афсонавий гап сўзларни ўқишни истаганлар мамлакатда чиқаётган газета-журналларга бемалол мурожаат қилишлари мумкин)…
Лекин бу мақолалар диний радикализм ва қуролли қўзғолонга чорлаш йўлидаги гоҳ ошкор, гоҳ яширин ҳатти-ҳаракатлардан холи бўлиши шарт!
Эшигимиз ҳаммага очиқ. Холис ният билан миллат учун қайғурадиган, унинг қувонч ва ташвишини баҳам кўрадиган, ўзбек халқининг дарди билан ёнадиган бутун дунё учун — кенг очиқ.
Биз ўз саҳифамизга улуғ бобомиз Амир Темур ўгитларини бош шиор қилиб олишга қарор бердик.
Дунёнинг учдан бир қисмини эгаллаган буюк жаҳонгир ҳар бир қадамини мана шу шиорига амал қилган ҳолда, адолатни ҳамма жойда устивор қилиб қўйганлигини жаҳон билади.
Амир Темурнинг зурриёдларига қолдирган васиятномасидаги энг сўнгги насиҳати: “Болаларим, иттифоқ бўлсангиз – бутун дунё Сизники, агар ноиттифоқ бўлсангиз – биз қурган салтанатни ҳам барбод қиласиз” деган сўзлардан иборат бўлган экан.
Ота-онамиз кўчага илк қадам қўйганимизда ҳам, “Болаларим, маҳалла-кўй билан иттифоқ бўлинглар” дейишарди.
Дарҳақиқат, биз иттифоқ бўлишимиз керак. Нафақат маҳалла куй билан, балки бутун дунё билан иттифоқ бўлишимиз керак.
Дунё ўзбеклари бугун ўзбек салтанатини кимнинг қўлидан кимга олиб беришни эмас, балки ўзъаро аҳил ва иттифоқ бўлиб Ватан ва юрт, миллат тақдири ҳақида бош қотиришни ўзининг асосий мақсади деб билади.
Ана ўшандагина биз ўз подшоҳимиздан Амур Темур тузукларида ёзилганидек — бизни АДОЛАТ меъзонларига амал қилиб бошқаришни талаб қилишга ҳақли бўламиз.
Агар у бизни эшитмаса, улуғ бобомизнинг “Куч адолатда!” деган ақидасини амалда исбот қилиб, уни эшитишга мажбур қила оламиз.
Афсуски, биз ҳали бундай қудратга эга эмасмиз. Бунинг сабаби эса оддий – биз тарқоқ ва ноиттифоқмиз!
Амур Темур бобомизнинг олтин васиятларига амал қилмаганимиз учун ҳам биз ўзбеклар бугун бутун дунёга тариқдек сочилиб кетдик…
Бобомиз ўз тузукларида: ”Давлат ишларининг тўққиз улушини – кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини – қилич билан амалга оширдим” деган эдилар.
Бу – Амир Темур адолатининг устивор чўққиси эди!
Афсуски, бугун Ўзбекистонда давлат ишларининг бир улуши – кенгаш, тадбир ва машварат билан, қолган тўққиз улуши – қилич (куч) билан амалга оширилмоқда…
“Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига юз кўчат эктирдим” деганлар Амур Темур.
Бугун Ўзбекистонда бобомизнинг бу сўзларига амал қилинмаганлиги учун ҳам, шаҳар ва қишлоқларимиз ўрта асрлардагидай хароб, унинг ўрмон ва дарахтлари кесилиб, ўтинга – “кўмир”га айланди.
Бир пайтлар ям-яшил яйлов ва водийдан иборат бўлган мамлакат бугун қуриб тамом бўлиш арафасида…
Амир Темур ўз тузук ва насиҳатларини ҳар сафар “Фарзандларим” деб бошлаганида у албатта бизни – келажак авлодни хам назарда тутганлигига шубҳа йўқ.
Бобомизнинг адолат ва иттифоқлик ҳақидаги бу ўгитларини Қашқадарё фарзанди бўлганим учун ҳам юрагимга бир карра яқинроқ оламан.
Негаки, Китобдаги менинг қишлоғимдан бор йўғи бир неча чақирим нарида – Шаҳрисабзнинг Хўжа Илғорида туғилган Амир Темур бобомнинг бу сўзлари унинг фарзандлари қаторида мен учун ҳам бирдай тааллуқли деб биламан.
Қолаверса, унинг бу насиҳат ва ўғитлари бутун дунё ўзбекларига ҳам баб- баравар алоқадор.
Биз – унинг набиралари улуғ бобомиз васиятларига амал қилиб, бирлашишимиз, ўзъаро аҳил ва иттифоқ бўлишимиз керак!
“Дунё ўзбеклари” сайти ана шу эзгу-мақсад йўлидаги хайрли ва савобли ишларимизда бизга камарбаста бўлади деб умид қиламиз.
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири.