• Пн. Янв 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов-шув бўлаётган асаридан боблар (3-4)

Июн 12, 2012
Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов-шув бўлаётган асаридан боблар (3-4)
Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов-шув бўлаётган асаридан боблар (3-4)

3. Ўзбекчилик

Етмиш олтинчи йилнинг кеч кузи эди. Одил Ёқубовнинг таваллуд айёми. Шу муносабат билан «Литературная газета» Чингиз Айтматовнинг мақоласини эълон қилди.

Улуғ адиб Одил Ёқубов ижоди, хусусан, «Улуғбек хазинаси» ҳақида сўз юритиб, сен яратган Улуғбек сиймоси туркий халқлар кишилик жамиятига зоти ва насл-насаби ҳақида тушунча берувчи шаҳодатнома, деган, шундан келиб чиқиб, мазкур асар мислсиз аждодларимиз, зотимиз ва насабимизни дунёга кўз-кўз этади, бу эса, менда ғурур ва мамнуният уйғотди, деб ёзган эди.

Ўша мақолада Чингиз Айтматов «Улуғбек хазинаси»ни ўқиб чиққач, ҳаяжон билан муаллифга хат ёзганини ҳам айтиб ўтган.

Мен ҳали мақолани ўқиб улгурмай, телефон жиринглади, олсам, Одил Ёқубов.

– Шу газетадан уч-тўрт дона топиб келсангиз, – деб илтимос қилди у.

У вақтлар «Литературная газета» анқонинг уруғи эди.

Мен таниш-билишлардан сўраб-суриштириб, учта газета топдим ва кечқурун адибнинг уйига ўтдим.

Одил аканинг кайфияти баланд эди, у жангда ғолиб чиққан шердай ўктам ва мағрур боқарди.

– Қутловларнинг кети кўринмайди-ку! – деди адиб, ички бир ифтихор билан ва худди шу маҳал яна телефон жиринглади.
– Ало-о, яхшимисиз, оқсоқол? Раҳмат, раҳмат… – Кейин у жимиб қолди. Дастакни жойига қўйгач, ўриндиққа оғир чўкди.
Кўзлари намланган эди.
– Ҳа, тинчликми, Одил ака?
– Иззат Отахоновичдай катта бир адабиётшунос, нима дейди денг! – деди у, надоматли бир таъкид билан. – Ахир, «Улуғбек хазинаси» Масковда чиққач, Айтматов сизга хат ёзган экан, асарингизни кўкларга кўтариб мақтаган экан! Нега шуни яшириб юрасиз? Айб – ўзингизда, Одил! Шуни бир оғиз айтсангиз, биз романни танқид қилиб юрмас эдик, дейди. Қурсин бу – ўзбекчилик!..

Ануширвон:
– Модомики, кеча ва кундуз алмашиниб келар ва кетар экан, ҳоллар ўзгариб, алмашиб туришидан ҳайратга тушма.
– Кишининг илми бўлса-ю, фитрати шунга яраша бўлмаса, бу унга зиён етказгай ва ортиқча юк бўлгай.

Тўра Мирзо:
– Қидирди Одил Ёқуб
Тунлар гир чироқ ёқиб,
Улуғбек хазинаси
Қайда қолди улоқиб?
Хилватлар кўп маконда,
Фол очиш-ку осон-да,
Тарағайлар қарағай,
Шиддат шарақлар қонда.
Тоғу тошдан изларлар,
Кўзни қошдан гизларлар.
Чақмоқ ёнғоқ чаққанда
Нур пойида тизларлар.
Икки дарё ораси,
Ўғлон оҳи, наъраси,
Шоҳ Улуғбек тоқ эди,
Жуфт дунё овораси.
Йўлларнинг азоби кўп,
Уст-остда тоши тўп-тўп.
Тўрт томон қибла экан,
Бешинчи қибла-чи, Кўк.
Одил Ёқуб сарсон-да,
Кўз “Зижи Кўрагон”да,
Улуғбек хазинасин
Топар – порлар осмонда.

4. Коинот сирлари

– «Улуғбек хазинаси»ни қандай ёзгансиз, дейсизми? – Одил ака атрофга бир қараб олади, кейин ички бир ғурур билан майин жилмаяди. – Қандай ёзилиши керак бўлса, шундай ёзилган-да!
У ялт этиб менга қарайди, романни худди мен ёзгандек, ҳаваси келаётгандек, мулойим кулимсираб узоқ тикилади.
Руҳан ўзлатга чекиниш, бу! Мана шу ҳолатда унинг ички олами тубсиз осмон каби намоён бўлади. Гарчи бу олам ҳарир парда билан тўсиб қўйилган бўлса-да, сўнгсиз мунг, адоқсиз дард ва ҳасрат силқиб туради, унда.
Адиб лолу ҳайрон бўлиб қоладиган бундай сирли лаҳзада нима хаёлини олиб қочади?
Йўқ, бу хаёл суриш эмас, паришонлик ҳам эмас, бу – руҳий ошуфталик.
Яратганнинг тажаллисига маҳлиёлик, бу!
Адиб сесканиб менга қарайди, кейин ўзини йиғиб олади.
– Ўша кезлар “Диёнат” устида ишлаётган эдим, – дейди у, жиддий овозда. – Етмиш бет ёзгач, иш юришмай қолди. Қарасам, асар чиқмайдиган. Боши берк кўчага кириб қолганман.
Дилим сиёҳ бўлди. Юрагимга қил ҳам сиғмайди. Худди шундай кунларнинг бирида, кечаси туш кўриб, босинқираб уйғондим. Тушимда жаҳонгир Амир Темур, оқ тулпорда, қилич ялонғочлаб, устимга бостириб келди!
– Қачонгача ғафлат босиб ётасан? Ўтган салафларинг ҳақида сен ёзмасанг, ким ёзади, дея ғазаб қилди!
Эҳтимол, “Улуғбек хазинаси”нинг ёзилишига шу сабаб бўлгандир?!
Нимага десангиз, туш кўргач, ҳолим ўзгариб, бир бошқача бўлиб юрдим. Худди шу кунларда «Неделя» газетасида Ираклий Андронниковнинг қимматли бир мақоласи чоп этилди, унда олим Мирзо Улуғбек ҳақида ҳикоя қилган, улуғ бобомизнинг мислсиз кашфиётлари билан бирга, унинг ноёб кутубхонаси, алломага хиёнат содир этилган тангу тор дамларда ўша кутубхонадаги нодир китоблар қайсидир ғорга яшириб улгурилгани ҳақида фикр юритган эди.
Шуни ўқигач, буткул тинчимни йўқотдим. Нур билан зулмат ўртасидаги кураш ғоят кескин тус олган ўша оғир ва мураккаб давр, тарихнинг чигал бурилиш нуқтаси, қоп-қоронғи иқлимни ёритиб турган Улуғбек сиймоси хаёлимни банд этди. Кўпдан-кўп қўлёзма ва тарихий асарларни, хусусан, Шайх аканинг «Мирзо Улуғбек» фожиасини қайта-қайта ўқиб чиқдим.
Хуллас, қисмати чигалдан-чигал мутафаккир ва тождор ҳақида бир асар ёзмоққа чоғландим. Мени шунга ундаган армону ҳасрат жуда кўп эди…
Менинг бир ҳамюртим, туркистонлик олим бўлар эди, тарихчи, бу даврни у миридан-сиригача биларди. Унинг йўриғига таяниб йўл тутдим. Улуғ бобомиз ҳаётидан хабардор бўлган яна қанча олимлар, мунажжимлар билан суҳбатлашдим. Кейин Самарқандга бориб, Улуғбекнинг изи қолган жойларни зиёрат қилдим. Кечалари қадим расадхонада юлдузларга термилиб ётиб, ҳасратли ўйларга ғарқ бўлдим. Ўз вақтида Амир Темур, Бибихоним, Султон Улуғбек каби қудратли сиймолар шарофати билан тилларда достон бўлиб, Машриқу Мағрибда афсонага айланган бу муаззам шаҳарнинг шавкатли ўтмишини хаёлан тиклашга уриндим, унинг таназзули, тушкун ва мотамсаро кунлари ва бунинг замирида ётган сир-синоатни англаб етишга ҳаракат қилдим.
Кечмиш тарихни ўрганган сари шуни англаб етдимки, ҳаммаси биз ўйлагандек эмас. Тангри улуғ тақдирларни бежиз яратмайди! Қуръонда айтилганки, “Ер сизларни чайқалтириб юбормасин деб (Яратган) унда собит тоғлар барпо этди”. Улуғбекка ўхшаш сиймолар шу тоғлар янглиғ дунё ҳаётининг мустаҳкам таянчларидир.
У бобоси Амир Темур каби миллат шаънини кўтариб, униб-ўсган шаҳрини маърифат ва тараққиёт ўчоғига айлантирди.
Қаранг, Британия қироллигининг биринчи мунажжими “Улуғбек зижи”га асосан тадқиқот олиб борган.
Демоқчиманки, беназир султоннинг ҳукмронлик даври, у очган Байтул ҳикма , расадхона, кўркам меъморий иншоотлар, айниқса, коинот сирларига оид кашфиётлари Европани ҳайратга солган.
Мовароуннаҳр обод бўлсин, эл-улус хотиржам яшасин деб, у ҳаловат – нима, билган эмас. Шунинг учун ҳам Навоий бобомиз: “Темурхон наслидин Султон Улуғбек, Ки олам кўрмади султон анингдек”, деб уни олқишлаган.
Бутун ҳаётини нурли ишларга, олам сирларини ўрганишга бағишлаган мутафаккирнинг аянчли ўлимга, яна ўз ўғли томонидан гирифтор этилиши одамни даҳшатга солади.
Мени лолу ҳайрон қолдирган, сўзсиз таслим этган – бошқа бир масала.
Нима, қисмати шундай якун топишини Улуғбек билмаган, деб ўйлайсизми?!
Ахир, у ўткир мунажжим, коинот илмининг тенгсиз билимдони бўлган-ку?! Юлдузлар олам сирларини ундан яширган эмас!..
Лекин, бу ҳаётда айтиш мумкин бўлган ва айтиб бўлмайдиган сир-синоат бор, ҳар бир сир ўз вақти-соатида ечим топади.
Бу фақат салтанат учун кураш эмас!..
Хуллас, Улуғбекнинг дарди мени ўз комига тортиб кетди.
Ниҳоят, асарга қўл урдим. У яхлит ҳолда қуюлиб келди.
Ёзувчи тўғри йўл танлаганини ҳис этса, иши унумли бўлади.
Ҳар куни тонг саҳар ёза бошлайман, баъзан уч, ҳатто тўрт саҳифа қоралайман ва яна нимани ёзишни билган, уни тўкиб солгим келиб турган ҳолда ишни тўхтатаман. Ишонсангиз, касалхонада ётган вақтда ҳам тиним билганим йўқ. Ёзганда ҳам ҳузур қилиб, яратиш гаштини туйиб, қаноатланиб ёзаман. Бу менга куч ва ҳаловат бағш этади.
Бир ярим йил ичида романни ёзиб тугатдим. Кейин бир кўздан кечириб, ўша олимга ўқишга бердим. У қўлёзма билан танишиб чиққач: – Умуман, тузук бир нима қипсан, – деди ҳеч кўнгли тўлмай. – Аммо даврнинг ичига кира олмабсан, Ўрта асрга хос тилни бера олмабсан!
Жуда хафа бўлдим. Қўлёзмани ташлаб қўйдим. Қайтиб қайрилиб қарамадим, унга. Кўнглим совиб кетган эди. “Фарзандлар бурчи” устида ишлай бошладим. Лекин яна Улуғбек хаёли тинчимни олди. Тағин Самарқандий, Мирхонд, Навоий, Вамбери, Бартольд асарларини мутолаа қилдим.
Шундан сўнг Қуръони Каримни қайта-қайта хатм этдим. Ва янгича бир руҳ, буткул бошқа куч-қувват билан яна “Хазина”га қайтдим. Гарчи асарнинг тузилиши унча ўзгармаган бўлса-да, мазмун-моҳияти, шунга яраша воқеалар оқими янада кескин тус олди, нимага десангиз, киши бир балога учраса, бир лаҳзада бутун ҳаёти лоп этиб кўз олдидан ўтади, мен воқеалар оқимини шу нуқтага йиғдим, шу руҳда уни бошдан-оёқ қайта ёздим, кейин бир кўриб чиққач, қўлёзмани яна ўша олимга бердим.
У романни ўқиб чиққач, ички бир ризолик билан: – Бу китоб худди мана шундай ёзилиши керак эди! – деди. – Катта асар бўпти! Бугунги кун учун хос бўлган кўргуликлар ҳам сингиб кетибди!..
Одамлар китобни ҳарислик билан кутиб олди. Бу – халқимиз кечмиш тарихига, улуғ аждодларига ва уларнинг қисматига ниҳоятда чанқоқ, меҳр-муҳаббати чексиз эканини кўрсатади.
Улуғбек – тенгсиз сиймо, унинг фожиаси ҳам шунга яраша. Бу – ота-боболаримиз ўз юрагидан ўтказган чийратма мусибатдир. Бундай ногаҳоний йўқотишлар, бундай зиддият қайси замонда бўлмаган, дейсиз!
Мен Улуғбекка ҳамдард, ҳамнафас бўлиб тўрт йил унинг ҳаётини яшадим. Унинг даҳоси жонимга қанот берди.
Шундай ёзилар экан-да, асар!..
– Одил ака, айрим адабиётчилар роман ҳақида бошқача фикр айтишаётир. Мен яқинда ғалати нуқтаи назарга дуч келдим. Озод Шарафиддиновнинг талқинича, асарда “илм чўққилари сари парвоз этган инсон тафаккури ҳукмрон дунёқарашнинг, ислом фалсафасининг чирик ва заиф жойларини англай бошлайди” .
– Ҳали айтганимдек, Қуръони Каримни хатм этиб, шундан куч олиб, бу асарни ёзганман. “Ислом фалсафасининг чирик ва заиф жойлари”, деган талқинга асос йўқ, унда. Улуғбек даҳрий бўлган эмас. Шу боис, ўлимидан аввал Ҳаж зиёратига отланган…
– Одил ака, мен унинг яна бир талқинини сизга ҳавола этсам. “Улуғбек инсон ҳаётининг асл маъноси, мақсади ҳақида ўйлайди. Лекин ўйларининг тагига етолмайди. Унинг иродасидан зўрроқ куч илм билан шуғулланишига халақит беради. Тахт ва салтанат учун кураш гирдобига улоқтиради. Улуғбек бу кучга бўйин эгади ва шу кучнинг қурбони бўлади. Бу куч Улуғбек давридан олдин ҳам, Улуғбек замонасида ҳам, ундан кейин яна неча асрлар давомида ҳукмрон бўлган дин, хурофот ва бидъат эди”.
– Бу ўринда, аввало, бидъатни хурофотдан, хурофотни диндан ажратиб олиш зарур. Уларнинг ҳар бири моҳиятан алоҳида тушунчадир. Жаҳолатга берилган киши ўз амалига бидъатни киритиши ёки хурофотга мук кетиши мумкин. Лекин мўътабар динимиз асли қандай бўлса, шу ҳолича яшайверади.
Расулуллоҳ айтадики, динимнинг асоси ақлдур. Ишимнинг асоси муҳаббатдур, муҳаббатсиз ҳеч иш вужудга келмас. Қуролим илмдур, илмсиз амални Ҳақ қабул қилмас…
Улуғбек мана шу суннатга амал қилган.
– Яна бир талқин. Адабиётчи: “Улуғбек кўз олдимизда ҳам шиддатли, ҳам ожиз бир шахс сифатида намоён бўлади”, деб ёзади. Ва бунга асос сифатида сизнинг қуйидаги таърифингизни келтиради: “Нигоҳида ҳам темурийларга хос кишини ўзига ром этувчи шиддат, ҳам қандайдир пинҳоний мажруҳлик бор эди”.
– Шахсан мен Улуғбекни илмли, муҳаббатли, қудратли шахс деб биламан. У яратган “Улуғбек зижи” шунча замон ўтса-да, ҳамон қимматини йўқотган эмас. Бу алломанинг нечоғлик зийрак ва ўткир кўзлар соҳиби эканидан далолат. Қолаверса, “Улуғбек зижи”нинг якуний китоби коинот илмига бағишланган, юлдузлар жойлашуви ва унинг инсон қисматига таъсири, шундан келиб чиқиб, толеънома яратиш ҳақида.
Сиз Улуғбекни айтасиз! Навоийнинг “Садди Искандарий” достонини бир ўқинг! Юлдузлар илмини қандай муфассал баён этган! Ҳайратдан ёқа ушлайсиз!
Оллоҳ таоло Улуғбекка огоҳлик фазилатини берганки, у шундай мумтоз ўйлик-фикрлик аллома бўлган. Ҳали айтганимдек, у коинот сирларини, демак, қисматини ҳам олдиндан билган. Ўз ҳаётига, жамият ҳаётига таҳдид солиб келаётган хавфни олдиндан кўрган. Буни чидам ва илм-маърифат билан енгиб ўтиш мумкин деган ишонч билан яшаган ва шу йўлда собит турган. У темирчининг сандонидай саботли ва матонатли бўлган.
Улуғбек шахсига шундай кўз билан қараш лозим. Унинг нигоҳида акс этган ва ҳар қандай одамни ўзига маҳлиё қилган шикасталик шунинг ифодасидир.
У Сароймулкхонимнинг тарбиясини олиб, томирида улуғ Соҳибқироннинг қони жўш урган, қирқ йил давомида салтанатни бошқарган зот! Али Қушчи айтадики, “Ул Алломаи воҳид Мовароуннаҳр осмонида порлаб турган бир шамс эди” .
Қандайдир пинҳоний мажруҳлик эса, мудом тинчини ўғирлаб, янада куч олаётган хавфу хатар ҳасрати!
Улуғбекнинг бошига кулфат ёғдирган мўътабар динимиз эмас, балки унинг зидди бўлган қора кучдир!
Шу боис, асарда Соҳибқирон унга ғазаб қилади: “Ё бу бадхоҳларни сарҳадимдан даф этасан, ё тожимни қайтариб берасан!”
Улуғбекнинг ўзи яратган ва қўл остида жам этган бебаҳо китоблар эса, зое бўлиш хавфидан омонлик топган хазинадир…
Хуллас, шундан кейин яна “Фарзандлар бурчи”га қайтдим. Уни Абдулла “Шарқ юлдузи”да ишлаб юрган кезларда ниҳоясига етказдим. Бу орада “Хазина” “Дружба народов” журналида босилиб чиқди. Ва жуда қисқа вақт ичида рус тилида бир неча қайта чоп этилди, кейин қардош халқлар тилларига, ундан сўнг немис, чех, словак, хитой, ҳинд, уйғур, болгар, югослав ва араб тилларига таржима қилинди…
Кейин мен “Диёнат”ни қайта ёза бошладим.
Аввал асар ҳозирги иккинчи қисмидан бошлаган. Ва ўша тарихчи олим бошидан ўтказган кўргулик унга асос бўлган.
У бир жувозчи бойнинг ёлғиз ўғли бўлган. Учқур хаёллар билан яшаган. Не-не орзу-ҳавас билан Тошкентга келиб, мадрасада таълим олган. Лекин бу орада отасининг бошига оғир кунлар тушган. Қишлоққа борса, оқбадан тераклари чопилган, тегирмонлари бузиб ташланган, севимли опасини қозоқлар олиб қочган…
Ўша, ўттизинчи йиллардаги ур-сур, қама-қама…
Хуллас, униб-ўсган қадрдон уйи вайрон этилган, жондан азиз жигарлари тўзғиб кетган. Кулфат, йўқотиш ва жудолик ситами…
Аввал бошда шуни бир қисса қиламан деган ўйда эдим. Лекин “Улуғбек хазинаси”ни ёзган маҳали йиғилган малака менга асқотди. Шу боис, инсон матлабига зид бўлган, одамлар тақдирини издан чиқариб юборган қарама-қаршилик ва зиддиятлар тўфонини кўламли миқёсда кўрсатишга жазм этдим.
Биз бу даврда энг олижаноб фазилатларни бой бердик, ўзгалар тақдирига совуқ ва шафқатсиз муносабатда бўлишга кўникдик. Мендан кейин қиёмат қойим бўлмайдими, деган кайфиятга мойил бўлиб қолдик…
Буни мен Отақўзи мисолида кўрсатишга уриндим. Шундай бир босар-тусарини билмай қолган раис бўлар эди, ўша тарихчи олимнинг жияни…
Ҳали айтганимдек, ХХ аср уруш ва босқинларга, жудолик ва қирғинларга бой бўлди. Бутун бир халқларнинг ғурури ерга урилди, камситилди, қадр-қиммати топталди. Зулм чегара билган эмас. Қон дарё бўлиб оқди. Майиб-мажруҳ сиёсат эллар-элатлар устига чиқиб олди. Ва тегирмон тоши янглиғ айланди…
Ҳеч бир замонда шундай бўлганми, ахир?!
Қаранг, ҳатто дарсликларда Хоразмий ёки Беруний бўладими, Ибн Сино ёки Улуғбек бўладими, оёғи остидан нарини кўра олмаган, дунёқараши чекланган, деб уқтиради. Бу қандай бедодлик?
Ахир, бутун олам шуларни ўқиб-ўрганади ва улар минг йиллар муқаддам яратган кашфиётлар ҳамон инсоннинг кунига яраб келади.
Нима дейсиз? Нима қиласиз?
Сурбетлик чегара билмайди.
Нимасини айтасиз?
Бизнинг фожиамиз оғир фожиа.
”Диёнат”да ҳам, “Улуғбек хазинаси”да ҳам шуни, мислсиз инсоний дардни ва фожиани кўрсатишга ҳаракат қилдим.

Чингиз Айтматов:
– Бугун мен чуқур мамнуният билан, виждон амрига бўйсунган ҳолда, сенга аллақачон йўллашим лозим бўлган мактубни ёзмоқдаман.
«Улуғбек хазинаси»ни, гарчи бир оз кечикиб бўлса-да, зўр қизиқиш ва мароқ билан ўқиб чиқдим.
Яхши китоб ҳақида завқ билан ёзиш мумкин. Сенинг асаринг юксак проза намунасидир. Бадиий жиҳатдан баркамол бўлган бу тарихий роман чиндан мени ларзага солди. Ўқувчини тўлқинлантира олиш мумтоз санъат асарига хос бирламчи аломатидир. Яна мен бу сафар туркий халқлар вакили сифатида чуқур мамнуният ва ғурур-ифтихор ҳиссини туйдим.
Улуғбек бизнинг бебаҳо ўтмишимиз бўлиб қолмай, мана шу табаррук заминда эгаллаган ўрнимизни оқловчи сиймодир. Улуғбек бизга дунёни муҳокама этиб, ҳукм чиқариш учун ҳуқуқ ва ваколат берадиган, дарду ҳасратимиз, алам ва изтиробларимиз тимсоли бўлган унутилмас зот, десам, ҳеч муболаға бўлмайди.
Улуғбек қисмати башарият қисматининг муштарак жиҳати, аслида. У одам авлодининг орзу-ҳавасли интилиши ва аламли фожиасини ўзида намоён этади.
Бу муштараклик Улуғбекнинг илмий кашфиётларида эмас, гарчи бу кашфиётлар оламшумул аҳамиятга молик бўлса-да! Бундай кашфиёт яратган буюк алломалар озмунча ўтган дейсанми?!
Бу муштараклик, ҳаёт бор экан, беқиёс ақл-заковатнинг ўз даврига хос зулм ва жаҳолат билан узликсиз курашидан келиб чиқадиган, доимий равишда такрорланиб турадиган кулфат ва йўқотишда намоён бўлади. Ва бу фожиа асарда, Улуғбек қисматида ҳар қандай кишини ларзага солувчи беқиёс бир куч билан ифода этилган.
Улуғбек, мен учун, фақат Ўрта асрда яшаб ўтган тенгсиз аллома сифатида эмас, балки бизнинг тарихимизда, улуғ туркий аждодларимиз орасида фавқулодда мураккаб ва жуда оғир кулфатни ўз юрагидан ўтказган энг нурли сиймо сифатида ҳам буюкдир. Ҳар қандай даврнинг, ҳатто энг маърифатли замонларнинг ҳам ўз Улуғбеклари бўлган ва бўлади.
Шу маънода, музаффарият билан довруқ қозонган Амир Темур каби олиймақом фотиҳлар эмас, балки Улуғбеклар қисмати одам авлоди ва унинг шаън-шарафини башариятнинг кўз олдида баланд мақомга кўтаради…
Агар, шоҳ ва мутафаккир сифатида Улуғбекнинг бошидан ўтган оғир кулфат ва шунга яраша сабот ва матонат тарихни нурлантириб турмаса, у аллома сифатида бундай эътибор топмас ва уни муайян соҳа мутахассисларидан ўзга ҳеч ким билмасди. Агар, шундай бўлса, жаҳон адабиётида бундай даҳоларнинг тирик сиймоси яратилмас, демакки, Шекспир, Гёте, Томас Манн ва ҳатто Толстой ҳам бундай юксакликка кўтарила олмасди.
Инсон руҳининг олиймақомлиги буюк шахслар тақдири билан бевосита боғлиқ. Ва бундай нурли сиймолар Ҳақнинг, ҳақиқатнинг кўзига ҳамиша тик боқади ва ҳар қандай жаҳолатга муросасиз бўлади.
Сенинг китобинг ана шу жиҳати билан ғоятда қимматли ва ҳар бир кўнгилга яқиндир.
Мен учун энг муҳими шу!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *