Қуёш уфқдан бош кўтарган онда Ботир лўққиллаб оғриётган бошини ёстиқдан зўрға кўтарди. Сўнг кўнгли беҳузур бўлаётгани боис бир зум чўккалаганча туриб қолди.
«Жин урсин, — ўйларди у, — кеча ошириб юбордим чоғи. Анови суюқоёқлар ҳам қолишмади-я. Қойил, аёл бошлари билан бизларга пешлик қилишди-я… Аммо ҳалиги Сабина дегани зўр нарса экан-да…»
Ботир шу жойда хаёлига келган ўша аёлни кўз олдига келтираркан, юзига табассум ўрлади. Аммо шу он бўғзига тиқилган ароқ ҳиди димоғига анқиб, қусгиси келганидан афти бужмайиб кетди. У чайқалиб қадам ташлаганча ташқарига отилди, остонанинг ўзидаёқ мук тушиб қайт қилиб юборди.
Ботир оғзи тўлиб бор овози билан ўқчиркан, ора-сирада тин олган ҳамоноқ ароқни лаънатларди. Аслида у ароқдан ҳам кўра ўз нафсини лаънатласа тўғрироқ бўлармиди?
Эрининг ёнига югуриб келган Ҳабиба сидқидилдан куюниб деди:
— Дадаси, шу ҳаром ичимликни ичмасангиз нима бўларди? Ахир бу жисмингизга ҳам, охиратингизга ҳам…
— Э ўчир! Яна бошладингми? — деди жеркиб Ботир. — Сен чаланамозхоннинг панд-насиҳатларинг мана бу еримга келди. Ундан кўра бор, қатиқ олиб кел!
Ҳабиба ортиқ сўз айтишга журъати етмади. Эрининг амрини адо этгач, ҳовли супуришга уринди. Аммо ҳовли супураркан, эри ҳар бўғилиб қайт қилганида у томонга ўғринча кўз югуртириб қўярди. Шу топда қўли ишда-ю, кўнгли яратганга муножотда бўлган ушбу ожизанинг онгида сўнгсиз илтижолар чарх урарди.
«Эй Қодир Эгам! Мен бир ожиза бандангман. Ўзинг эримга инсоф бер! Ўзинг уни ҳидоят йўлингга сол. Эй, Парвардигоро, менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Илтижо қилиб сўрайман, умр йўлдошимни ҳам иймон нашидасини сурмоғини насиби рўз айла!»
Ҳабиба шундай дея пичирларкан, Ботирнинг кўпинча маст ҳолда машинасини бошқариши хаёлига келиб, нидо қилди. «Раббим, ўзинг уни офату балолардан асра. Ҳеч бўлмаса, мана шу бегуноҳ гўдаклар ҳақи, сўрайман, уни ўзинг асра!»
Ҳабиба илтижо қилар экан, лекин эрининг зино йўлига ҳам кирганидан бутунлай бехабар эди. Хабардор бўлганида ҳам бу муслима, ҳокисор аёл нима ҳам қила оларди?
Кези келганда шуни айтишимиз лозимки, Ҳабиба баъзи бошқа аёллардан фарқли ўлароқ, эрининг салбий хатти-ҳаракатларидан фиғони чиқиб жанжал кўтармас, ўз аҳволидан норизо бўлиб қўни-қўшниларга шикоят қилмас, ҳатто яқинларига ҳам оилавий сирларини ошкор қилишдан ўзини тиярди.
Бу эса ҳамиша Ботирга қўл келиб, ҳушига келганини қиларди. Бу нобакор эркак пешонасига юлдуз янглиғ битилган фариштамисол аёлининг қадрига етмасди…
* * *
Таранг юбка ва кўкси очиқ кофта кийиб олиб, сочини сариққа бўяган, оппоққина жувон Ботирнинг машинасини олд ўриндиғига ўтирди.
— Кўп куттириб қўймадимми? — ноз-ишва билан жилмайди аёл.
— Сабинахон, сизни бутун умр кутишга ҳам тайёрман, — деди Ботир хушторининг қоматига суқли боқаркан.
Сабина қаҳ-қаҳ уриб кулди.
— Жа гапниям оласиз-а! Бутун умр кутсангиз қариб қоламан-ку!
Ботир бироз чайналаркан, кулимсираб муддаога ўтди.
— Хўш… Унақада… Келинг бўлмаса айни дамларда ёшлик гаштини суриб қолайлик. Айтинг, қай томонга ҳайдай?
— Хоҳиш ўзингизда. Бугунги кунимни тўлалигича сизга инъом этдим.— Сабина ишва билан кўзини сузаркан, қўшимча қилди. — Энди бу ёғи сизга ҳавола.
— Гапга балосиз-а, Сабинахон.. Ҳа, майли, учрашувимизнинг биринчи босқич «Жаннат» ресторанида бошлана қолсин.
— Оҳо! «Жаннат»! Бунақа ресторанга бормаган эканман.
— У жой бу дунёдаги жаннатнинг бир бўлаги. Борсангиз,ўзингиз кўрасиз.
Фақат залолатга ботгани кимсаларгина бу дунёдан жаннат излашини Ботир қайдан ҳам фикр қилсин? Зеро, ўзи ҳам бу тоифа кимсаларнинг бири эди.
Ботир ҳозир машинасидамас, нафсу, ҳирс тўлқинида елиб бораётгандек эди, гўё.
Ботир билан Сабина рестораннинг парда орти хоначаларидан бирига кириб жойлашишаркан, официант қиз таомномага ишора қилиб сўради:
— Марҳамат, нима буюрасизлар?
Ботир бу хусусда Сабинага лутф қилди. Сабина бажонидил буюртмаларни маржондек тизиб ташларкан, ичимликларга алоҳида тўхталди ва бу масалада бениҳоя суяги йўғлигини Ботирга яна бир карра исбот қилди. Зум ўтмай стол узра нозу неъматлар ёйилди. Қадаҳларга олий сифатли конъяклар қуйилди. Тилаклар билдирилди. Жиғилдонлар қизиган сари суҳбат ҳам қизий бошлади. Бу ошиқ-маъшуқлар бир-бирларининг дийдорларига тўймоқни афзал кўришди, чоғи, таомлар яккам-дуккам тотинган ҳолатича бузилмай турарди.
— Мен сизни севиб қоляпман, шекилли, — деди мияси ичкиликдан қизиб ақлу ҳушини йўқота бошлаган Ботир.
Ваҳоланки у етти йил бирга яшаб, бир ёстиққа бош қўйган жуфти ҳалолига ҳам бу сўзларни бирор марта айтмаганди.
Ҳозир эса етти ёт бегона бўлган бу енгилтак аёлнинг пойига тиз чўкишга тайёр эди. Биргина ҳайвоний нафс уни шу даражага солмоқда эди.
Сабина хушторининг гапига кулди:
— Эҳтиёт бўлинг, яна уйланаманга ҳам тушиб қолманг.
— Хўш, нима бўпти?
— Эсингизни ебсиз. Кечагина танишиб, бугун севаман дейишингиз жуда кулгули… — Сабина шундай дер экан, нозли кўз сузди.
Ботир қадаҳларга иккинчи шишани очиб қуйди.
— Қани, олдик.
Қадаҳлар акс этган нигоҳларда шаҳвоний туйғулар ифодаси ҳам жилоланди Ботирнинг хаёлида бесабр истаклар ғужғон ўйнарди. Тезроқ ушбу зиёфат якун топса-ю, ҳуфя жой топиб мана шу рўпарасидаги номаҳрамни бағрига босса.
Сабина унинг хаёлини уққандек:
— Хўш, сиз мени қарздор қилиб қўйдингиз, — деди дафъатан кўзларини мастона сузиб.
— Энди сизни ўз уйимда меҳмон қилиб қарзимни узмасам бўлмас.
Бу таклифдан Ботирнинг кўзлари чақнади. У маст бўлиб қолганди. Fўлдираб сўради:
— Уйингизда ҳеч ким йўқми?
— Афсуски, менинг ҳеч кимим йўқ.
Сабинанинг ушбу сўзлари ўкинчдан кўра ўзини озодман, дея ҳис қилишини ифодалашга ўхшаб кетарди.
Ботир билан Сабина бир-бирларини қўлтиқлашганча чайқала-чайқала ташқарига чиқишди.
Ботирнинг бадмастликдан хира тортган нигоҳи автоуловлар орасидан ўзининг тим қора «Нексия»сини зўрға топди.
Зум ўтмай қора машина катта йўлдан елиб борарди.
— Сабина, нима учун сизни олдинроқ учратмаганман-а, — деди Сабинага ўгириларкан.
— Олдинроқ учратмаганингиз яхши бўлган, чунки ҳозиргача мени ташлаб кетишга улгурган бўлардингиз. Ҳар қалай бундай ҳолатлар мени ҳаёт тажрибамдан ўтган, — деркан, Сабина айёрона кулимсиради.
Ботир йўлдан нигоҳини узиб Сабинага қаради.
— Сиз мени ҳам ўшандайлар тоифасидан деб ўйлаяпсизми?
— Билмадим. — Сабина шундай деркан, унинг кулиб турган чеҳраси илк бор жиддий тортиб, кўзларига қўрқув ифодаси балқиб чиқди.
— Эҳтиёт бўлинг!
Унинг чинқириғидан Ботир сергак тортаркан кескин йўл томон ўгирилди. Таассуфки, кеч бўлганди.
Автоулов шиддат билан елиб, йўлдан чиқиб кетди ва бориб ўнг томони билан йўл четидаги катта дарахтга қарсиллаб урилди…
Ботир бир зум карахт бўлиб қолди. Сўнг ачишиб турган пешонасини сийпалаб кафтларида қонни ҳис қилди.
Шундан сўнг кўкраги ва оёқларини қимирлатиб кўрди. Ҳаммаси жойида. Фақат пешонасининг зирқираганини ҳисобга олмаганда тўрт мучаси соғ эди. Шу пайт ўз қайғусидан халос бўлган Ботирнинг хаёлига Сабина келди-ю, кескин ўнг томонига ўгирилди. Ва даҳшатдан қотиб қолди. Бу не ҳолки, машина ўнг томони билан урилгани боис салон торпедоси жувоннинг кўкрагига қадар ботиб турарди.
Даҳшатдан кўзлари олайиб кетган Ботир беҳуш Сабинанинг елкасидан тутиб силтай бошлади.
— Сабина, кўзингни оч!
* * *
Атрофга тун ўрлаган паллада ҳам Ботир касалхонанинг жарроҳлик бўлими йўлаги ўриндиғида ўтирарди. Унинг юраги безовта эди. Айниқса, ички ишлар ходими билан кечган суҳбат уни адои тамом қилди.
«Сиз автомобилни маст ҳолатда, бунинг устига катта тезликда бошқаргансиз. Бу хатти-ҳаракатларингиз билан жиноят содир этгансиз. Агар бу аёл тирик қолмаса…»
Ботир милиция ходимининг охирги жумлаларини ўйлаб, юраги орқага тортиб кетди. Жарроҳлик бўлимининг эшиги очилиб, ҳамшира қиз пайдо бўлди. Ботирнинг умидвор нигоҳлари унга қадаларкан, ирғиб ўрнидан турди.
— Синглим, у ўзига келдими?
— Оббо акажоним-ей, сиз ҳалиям шу ердамисиз? — унга ачиниб боқди қиз. — Сизга шифокор ҳам «эртага келинг» деди-ку. Ҳозир бемор кучли наркоз таъсирида. Ахир операциядан кейин дарҳол ўзига келиб қўймайди-ку!
— Шунақами? — бошини хам қилди Ботир, сўнг яна қизга боқди, — бўлмаса эрталаб келарман.
Ботир бўшашганча кўчага чиқди. Такси тўхтатиб, уйига жўнади.
Дарвозанинг очиқлиги хотини уни кутаётганлигидан дарак бериб турарди. Ботир ҳорғин қадам ташлаб зинадан кўтарилди. У даҳлизда ухлаб ётган фарзандларига бир зум алланечук бўлиб боқиб тургач, сўнг ичкари хона томон йўналди.
Ботир хона эшигига яқинлашганди ҳамки, хотинининг илтижоли сўзлари қулоғига чалиниб, жойида таққа тўхтади. Хуфтон намозини адо қилган Ҳабиба илтижо қиларди.
— Эй Қодир эгам, ўзинг оиламизни паноҳингда асра. Ҳидоят нуринг ила турмуш ўртоғимнинг қалбини мунаввар эт, уни ҳар қандай офат-у фалокатлардан ўзинг асра!
Ботир бу сўзлардан ниҳоятда таъсирланиб, деворга суяниб қолди ва карахт аҳволда елкаси девор узра сидирилиб чўккалади. Ботирни шу топда ҳўнграб йиғлагиси келарди. Бу не ҳолки, у хиёнат кўчаларида санҚиб юрган бўлса-да, уйида бу нарсалардан бехабар жуфту халоли унинг дуои жонини қилиб ўтирса.
Шу топда Ботирнинг кўнглида иймон маҳсули бўлмиш ушбу сўзлар чарх урди:
— Эй, Яратган эгам, мени кечир, гуноҳларимдан ўт!
Жаҳонгир АЙЮБ.