![Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов шув бўлаётган асаридан боблар (5) Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов шув бўлаётган асаридан боблар (5)](https://i0.wp.com/dunyouzbeklari.files.wordpress.com/2012/06/262.jpg?w=1200&resize=1200,0)
5. “Аввал Сўз бор эди…”
«Улуғбек хазинаси» ёруғлик кўргач, чинакам шов-шувга сабаб бўлди. “Дружба народов” журнали адибни шошира бошлади. У Дўрмонда, ижод уйида романнинг русча матни устида ишлашга киришди.
Бир куни таржимон Кибриё Қаҳҳорова унинг хонасига кириб келди ва янги асари билан қутлади. Вақт зиқ бўлгани учун адиб суҳбатни қисқа қилиб, ишини давом эттирмоқчи эди, лекин опа гапни узоқдан бошлади.
Умуман олганда, дуруст ёзгансан, деди опа, аммо адабий тил ва унинг меъёрлари бор. Устоз Қаҳҳор тилга жуда талабчан эди. Шундан келиб чиқсак, «Хазина»да жиддий қусурларга йўл қўйгансан, вақтида кўрсатиб олсанг бўлар экан, шуни бартараф этар эдик…
– Сен “валломат” деган сўзни ноўрин қўллагансан! – деди опа эътирозга ўрин қолдирмай ва яна қатор мисоллар келтирди.
Одил Ёқубовни юк босди.
Ҳар қандай асарда савҳу хато бўлиши мумкин, лекин у ҳар бир сўзни минг ўйлаб ишлатган, меъёрга амал қилган ва билимдонлар назаридан ўтган. Шу боис энсаси қотди, аммо шуни айтишга журъати етмади, эшига ўралиб қолган боладек ноилож сукут сақлади.
Опа эса, қасдлашгандек “ошдаги кўрмак”, “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ!”, “Қаҳҳор тирик бўлганида!..” деб баттар зуғум қила бошлади. Ҳолбуки, у Қаҳҳорнинг ким эканини яхши билади!
Мустабид сиёсатга корандалик қилиб, ўтмишнинг юзига қора чаплаган, “фирқа”ни “партия”, “аскар”ни эса, “солдат” деб, Шолоховнинг фикрини ўзиники қилиб, уялмай-нетмай минбардан айтган ўша эмасми?!
Чамаси, бу хотин ўзидан бошқани кўр-басир деб ўйлайди! Юзингда кўзинг борми демай, талаб солади, қуюшқондан чиқаради!
Ёқубовнинг қони қайнай бошлади, лекин юз амри иссиқ, яна ғазабини ичига ютди ва одоб юзасидан сукут сақлади.
Опага бемаврид келганини, ишдан қолдираётганини англатмоқчи бўлди. Лекин унинг сезгиси ўлиб қолган эди, шу боис, адибнинг тоқати тоқ бўлганини фаҳмлай олмади.
– Архаик сўзлардан иложи борича қочиш керак! – деб давом этди у, устозларча қаттиққўллик билан. – Сен эса, “шаъбон ойи” дейсан, “фарзи айн” дейсан, шунга мук кетгансан! Ҳолбуки, буни биров билса, бошқа биров тушунмайди!
– Ахир, бу тарихий роман-ку! – деди Ёқубов, зўрға ўзини ҳимоя қилиб. – Асарнинг руҳи шуни талаб қилгач…
– Ундай эмас! – деди опа уни чўрт кесиб. – Бундай сўзларни меъёрида қўллаш керак! Тилнинг ўз табиати, қонунияти бор!
Ёқубовнинг бошига биров чўқмор билан ургандек бўлди, кўз олди қоронғилашиб кетди. Кечмиш бир воқеа хаёлида жонланди.
Ўшанда ҳам шундай бўлган!
Қаҳҳорнинг олтмиш йиллиги. Тўйбоши тантанани якунловчи сўзини уч-тўрт одам назаридан ўтказиб олмоқчи экан, шуни айтиб, дала-ҳовлига чақирди. Бу нима амал эканини у, ҳар ҳолда, билар эди, шу боис пайсалга солиб борди.
Борса, Матёқуб Қўшжонов, Абдулла Орипов, Шуҳрат жамулжам, Озод Шарафиддинов эса, ичкари хонада экан, ўша хона эшиги қия очиқ, элас-элас опанинг ширали овози қулоққа чалинади, у шивирлаб, эҳтиросга тўлиб, форсийда шеър ўқийди…
Абдулла Қаҳҳор бир неча қайдларни ирод этгач, ниҳоят, ўша машҳур иборага навбат етиб келди.
– Мен партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман!
– Бу гапни Шолохов айтган-ку! – деди Матёқуб Қўшжонов, дабдурустдан.
– Қачон айтган? – деди Қаҳҳор бўғиқ зарда билан, кейин унга яшин тезлигида тиғдор тикилди.
Бу пайтга келиб, ичкарида ивир-сивир жуда кучайиб кетди. Каровотнинг ғичирлаши шиддатли тус олди. Қаҳҳор жунбушга келиб, зарб билан столни муштлади. Ва:
– Озод! – дея ўшқирди. – Уч кун сабр қил, юбилей ўтсин! Сеники-ку шу!
Кейин яна вазминлик билан навбатдаги фикрини баён этди:
– Ҳаммадан бир айб топиб оттириб юборса-ю, мўридай бўлиб битта ўзи сўппайиб қолса!
Шунда Одил Ёқубов: – Қандай бўлар экан, Абдулла ака? – деди унга саволчан боқиб. – Ғафур акага тегиб кетмасмикан?
Қаҳҳор унга найзадек кўз тикди. Кейин:
– Ҳақиқатни мен айтмасам, ким айтади?! – деди жаҳондор каби юкли овозда. Унинг қарашлари сирли ва залворли эди. Одил Ёқубов сесканиб кетди, юрагида бир ҳаросат ўрмалади, кўзи тиниб, боши айланди. Анчагача ўзига кела олмади у.
Қайдлар якунига етгач, Қаҳҳор хўш дея уларнинг фикрини сўради. Шуҳрат бошлаб, Қўшжонов маъқуллаган таклифни у ҳам тасдиқлади.
– Абдулла ака – деди ҳаяжон ва суст босиб. – Ҳақиқатан ҳам, катта билан орангиз яхши, қўша-қўша мукофот олдингиз, бугун шу гапни айтиш шартмикан?!
Қаҳҳор силтаб ташлади.
– Буни мен ҳал қиламан!
Қандайдир берч ва ғайритабиий саъйи ҳаракат эди, барчаси!
Фикрингни инобатга олмас экан, назарингдан ўтказиб нима қилади?
Ўшанда у шундай деб ўйлаган, ҳозир эса, ҳаммасини яхши билади-тушунади…
Шу ўй хаёлидан ўтди-ю, оёқларининг учига довур музлаб кетди.
У бошини кўтариб, Кибриё Қаҳҳоровага тагдор назар солди. Опа қандайдир бир қоғозни қўлида тутганча, ундаги қайдларга қарай-қарай, ҳамон гапида давом этарди.
– Қаҳҳор тирик бўлганида!..
– Жон опа! – деди Ёқубов асаблари қақшаб, қалтираб. – Сиз кўп куюнманг! Ўзбек тилининг куни менга ўхшаган бир қозоқ билан сизга ўхшаган бир тожикка қолган эмас! Сиз билан менгачаям бу тил ўз кунини кўрган, бундан кейин ҳам кўради!
Опа қотиб қолди, кейин шафтолиқоқидай қорайиб кетди…
Одамлар нега она тилини бунча яхши кўради? Ҳатто юз-хотир демай, уни ҳимоя қилади.
Чунки тил инсоннинг борлиғи, хотира кўзгуси, идрок ва кўнгил тилмочи, одам ва олам билан боғловчи кўприк. Шу боис, бедор дилларда у меҳрга беланиб яшайди.
Аввал Сўз бор эди, Сўз Илоҳда эди, Сўз Илоҳ эди!
Бу калом бесар айтилган эмас.
Ўша оғир замонда Расул Ҳамзатов она тилини улуғлаб, шеър ёзган эди. Бу – бежиз эмас. Саксонинчи йилларга келиб, рус тили ўзга тилларни ямламай ютиб юборди. Ёдимда, ўша кунлар Пойариққа йўлим тушди, шунда бир йирик автопарк ҳайдовчилари зорланиб қолган. Ҳаммаси ўзбек, кўпи қишлоқ йигити. Аммо кадрлар шўъбаси мудири – рус аёл. Таътилга аризани ҳам рус тилида ёзиш керак. “Қийналиб кетдик!” – деган улар. Бироқ ҳеч ким у аёлни ўрнидан силжита олмайди…
“Рус” деган тушунча шундай кескин сиёсий тус олди. Шунда Расул Ҳамзатов: “Эртага она тилим йўқолса агар, Мен бугун тайёрман бўлишга қурбон”, дея нидо қилди. Агар, ёдингизда бўлса, унинг таъсирида ҳар бир туман ва ҳар бир вилоятнинг Расул Ҳамзатови қанот ёзиб, она тили ҳақида шеър ёза бошлади.
Фарғоналик бир ёш шоир ҳатто устозидан ҳам ўзиб кетган ва, оқибат, вилоят газетасида чиққан шеъри учун обкомнинг бюросида муҳокама қилинган.
Тил сиёсий масала эди, сиёсат эса, жодунинг ўзгинаси! Ямламай ютади…
Хуллас, шўрлик шоир ўтирибди қалтираб, бюрода!
Аксига олиб, мажлис чўзилган, носнинг хумори тутиб, обком бобо тоза хит бўлган, муҳокамани “юмалоқ-ёстиқ” қилгиси келади, шу боис, столни ўхшатиб бир муштлайди, кейин:
– Партиядан ўчирилсин! – дейди.
Шоир титраб-қалтираб ўрнидан туради. Бир нима деб чулдирайди.
– Нима деяпти, бу? – дейди обком бобо, у бир деҳқон одам, бу нарсани унча тушунмайди, лекин кўрсатма олган, столни муштлаб туриши керак!..
– Мен партияга аъзо эмасман, деяпти!
– Унда партияга ўтказинглар, – дейди обком бобо, иккинчи секретарга қараб. – Кейин ўчиринглар!
Ёш шоирни муздай тер босади, у яна бир нима деб ғудранади, кейин пилдираб келиб, икки варақ қоғоз узатади.
Обком бобо уни олиб, у ёқ-бу ёғига қарайди. Қараса, шу боланикига ўхшаган бир нима, тепасига “Расул Ҳамзатов, Она тилим” деб ёзилган.
Ёш шоир бу билан нима демоқчи? У шуни англай олмайди, тумтайиб, унга саволчан қарайди. Кейин чўнтагини пайпаслаб қўяди, йўқ, турибди носқовоқ!..
– Мен Расул Ҳамзатовдан таъсирланиб ёздим! – дейди ёш шоир, шу жонимга ора кирадими, деган умидда. Гап бу ёқда экан-да! Мана, ким бузғунчи! Обком бобонинг баттар кайфияти бузилади, носнинг хумори шундай забтига олганки, у ёқ-бу ёғи йўқ. Кўзига ҳеч нима кўринмайди, бу бола бўлса, калаванинг учини чувалатгани-чувалатган.
У тартиб бўйича, яна столни мушлайди, кейин:
– Чақиринглар, ўша бузуқбошни ҳам! – деб кўрсатма беради. – Униям ўчиринглар, партиядан!
Ўшанда Расул Ҳамзатовнинг “учиб кетиши”га сал қолган! Яхшиям, иккинчи секретар…
Бюродан сўнг, обком бобо хуморбости қилиб кабинетда ўтирса, иккинчи секретар кириб келади.
– Фалончи Пистончиевич, – дейди у яйраб. – Аниқладик, унинг исми Цадаси экан, чечен, ёки бўлмаса, ўзимизнинг турклардан. Аммо кўчиб кетганга ўхшайди, Кавказда, дейишди!
– Кўчиб кетгани рост бўлсин! – дейди обком бобо енгил тортиб, у бир ғалвадан қутулганига хурсанд. – Қувасойда шунақалар урчиб кетди, кавказлар ҳам тоза жонга тегди, ука! Шеърингни ёзиб юравермайсанми, сиёсатга аралашиб нима қиласан?!.
Расул Ҳамзатов:
Ҳамиша тушимга кирар ҳар бало,
Бу тун ўлган куним кўрибман аён.
Доғистон жазира водийси аро,
Кўксимни ўқ тешиб, ётибман бежон.
Ёнгинамда жилға оқар жўш уриб,
Ҳеч кимни ўртамас менинг фироғим.
Ўйлабман, тупроққа айланмай туриб,
Маҳкамроқ қучайин она тупроғим.
Жоним узиляпти, билмайди ҳеч зот,
Ҳеч зоғ жасадимга келмайди яқин.
Қайдадир бургутлар чекади фарёд,
Қайдадир кийиклар инграйди хазин.
Тепамда ҳеч киши йиғламайди зор,
Ёш кетди деб мени эсга олмайди.
Қошимда на онам, на дўст-ёрим бор,
Ҳаттоки йиғичи чуввос солмайди.
Ётибман, зўр-базўр оламан нафас,
Шунда қулоғимга чалинади сас.
Кимлардир келмоқда водий йўлида,
Гурунгга ўт қалаб авар тилида.
Доғистон жазира водийси аро,
Мен жон бераяпман, одамлар бўлса,
Сўзлашар: – Али қув, гапга жа бало,
Ҳасан ҳам аямас ким тўғри келса.
Она тилимдаги сўзларни элас,
Эшитган дам кирди бу жисмимга жон.
Ва билдимки, менга табиблар эмас,
Фақат она тилим бағишлар дармон.
Кимгадир ўзга тил азиз-мўътабар,
Мен у тилда қўшиқ куйлашим гумон.
Эртан она тилим йўқолса агар,
Мен бугун тайёрман бўлишга қурбон.
Айтсалар ҳам авар тили камбағал,
Менга она тилим суюкдан суюк.
БМТ минбарида тегмаса ҳам гал,
Менга она тилим буюкдан буюк…
(Изоҳ) Озод Шарафиддиновнинг ёзишича, Қаҳҳор олтмиш йиллик юбилейида: «Мен партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман!» — дейди. Ва бу гап бир зумда Москвага етиб боради, катта идорада ўтирган масъулларни зир титратади. Чунки бу ҳукмрон мафкура илдизига урилган зарба эди, дейди у. (О. Шарафиддинов, «Ижодни англаш бахти», Тошкент, НМАК, 2004). Ҳолбуки, Михаил Шолохов бундан ўн бир йил олдин, КПССнинг ХХ съездида: «Мен партиянинг оддий аъзоси эмас, балки онгли аъзосиман!» — деб айтган. Мана шу ибора орадан шунча вақт ўтгач, Тўйтепадан берида ўзлаштириб айтилиши ва бунинг ўттиз саккиз йил давомида қаҳрамонлик тимсоли сифатида ёш авлод онгига қуйиб келиниши ҳар қандай кишини ҳайрон қолдиради.
Абдулла Каххор «мен партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман» демокчи булса, нега уни О.Ёкубов бундан кайтармокчи булади? Рашидовга яхши куриниш учунми? Агар шундай булса, бунинг нимаси мактовга сазовор, жаноб Гаффор? А.Каххор Шолоховнинг гапини айтса хам тугри гапни айтган экан.
О.Ёкубов сизнинг тасвирингизда куркок ва кичик нарсадан хам «ларзага» тушаверадиган заиф характерли бир кимсага ухшаб колган, буни сиз устозингизга кнадай раво курвопсиз?
Абдулла Каххорнинг оиласидаги вокеаларни (бунинг тугрилиги шубхали булган холда)гийбат, фиску фасод услубида баён килиб,улган одамларнинг рухини чиркиратишдан куркмайсизми?
Сиз хар жумлада ахлокдан гапириб, узингиз ахлоксизликнинг кок марказида турганингизни биламяпсизми?
Аклингизни туплаб олинг, хеч бир ёзувчи бошка бир ёзувчига лой чаплаб дунёда мащурликка эришмаган, бундай килганлар узлари алал-окибат шармандаю шармисор булган, сиз хам шу йулдан кетяпсиз.