• Пн. Янв 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Менга она тилим буюкдан буюк…

Июн 14, 2012
Менга она тилим буюкдан буюк…
Менга она тилим буюкдан буюк…

Расул Ҳамзатов:

Ҳамиша тушимга кирар ҳар бало,
Бу тун ўлган куним кўрибман аён.
Доғистон жазира водийси аро,
Кўксимни ўқ тешиб, ётибман бежон.

Ёнгинамда жилға оқар жўш уриб,
Ҳеч кимни ўртамас менинг фироғим.
Ўйлабман, тупроққа айланмай туриб,
Маҳкамроқ қучайин она тупроғим.

Жоним узиляпти, билмайди ҳеч зот,
Ҳеч зоғ жасадимга келмайди яқин.
Қайдадир бургутлар чекади фарёд,
Қайдадир кийиклар инграйди хазин.

Тепамда ҳеч киши йиғламайди зор,
Ёш кетди деб мени эсга олмайди.
Қошимда на онам, на дўст-ёрим бор,
Ҳаттоки йиғичи чуввос солмайди.

Ётибман, зўр-базўр оламан нафас,
Шунда қулоғимга чалинади сас.
Кимлардир келмоқда водий йўлида,
Гурунгга ўт қалаб авар тилида.

Доғистон жазира водийси аро,
Мен жон бераяпман, одамлар бўлса,
Сўзлашар: – Али қув, гапга жа бало,
Ҳасан ҳам аямас ким тўғри келса.

Она тилимдаги сўзларни элас,
Эшитган дам кирди бу жисмимга жон.
Ва билдимки, менга табиблар эмас,
Фақат она тилим бағишлар дармон.

Кимгадир ўзга тил азиз-мўътабар,
Мен у тилда қўшиқ куйлашим гумон.
Эртан она тилим йўқолса агар,
Мен бугун тайёрман бўлишга қурбон.

Айтсалар ҳам авар тили камбағал,
Менга она тилим суюкдан суюк.
БМТ минбарида тегмаса ҳам гал,
Менга она тилим буюкдан буюк…

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *