Ўзбек адабиётининг Ғарб (Лондон) даги элчиси
Исмат Хушев
(Истеъдодли ёзувчи Ҳамид Исмоил ижодига бир назар)
1.
…Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Бир пайтлар мен ишдан бўш вақтларимда ёки кўпинча ишдан кейин кабинетимни ичидан бекитиб олиб, хориждаги ўзбек ижодкорлари асарларини яширинча ўқиш учун интернетга кирардим.
Ўзим Бош муҳаррир эдим, ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмасдим. У пайтларда хориж сайтлари ҳам биз – мулозимлар учун бемалол очилаверар, бугунгидек турли тўсиқ ва чекловлар деярли йўқ эди.
Муҳаммад Солиҳ, Жаҳонгир Маматовларнинг Ўзбекистондаги сиёсатнинг қатағон, тузумнинг тоталитар эканлиги ҳақидаги сайтлари ва даҳшатли асарларини ўқиб, хаёлларим паришон бўлиб уйга қайтардим.
Мен ишонган ва яхши кўрган Ислом Каримовнинг ишончсиз ва ёмон Президент эканлиги ҳақидаги гаплардан асабим бузилар, уларга ишонгим келмасди…
Орадан йиллар ўтди. Не тонгки, бугун ўзим ҳам муҳожирликка юз тутдим ва Канада давлатидан сиёсий бошпана олишга мажбур бўлдим.
Ўзим бир пайтлар яширинча ўқиб юрган ўша – хориждаги исёнкор ижодкорлар сафига келиб қўшилдим….
2.
Ажаб, бугун Ўзбекистонда кимдир худди менга ўхшаб, ишдан бўш вақтида юрак ютиб интернетга кирса, хориждаги ўзбек ижодкорларидан кимларнинг асарларини ўқир экан деб ўйлаб қоламан, баъзан.
Биз ҳали Ватанда эканимизда Ўзбекистонни тарк этган мухолифатчилар орасидаги ижодкорлар юқорида тилга олганларимиз каби бармоқ билан саноқли эди. Кейинги йилларда, хусусан 2005-йилги Андижон қирғинидан кейин уларнинг сафи бир неча баробар ўсди.
Хўш, мана шундай бир шароитда тақдир тақозоси билан ўз она Ватанини тарк этган хориждаги ўзбек ижодкорларининг бугунги кайфияти қандай?
Уларнинг ҳозир яшаётган давлатлар матбуоти ва адабиётида ўз ўрни ва ўқувчилари борми? Агар бор бўлса, уларнинг бу ижодий ютуқ ва зафарлари омили, манбаи нималардан иборат?
Бугун ана шулар ҳақида маълум бир адиб ижоди асносида мушоҳада юритишга ҳаракат қиламиз.
3.
Бугун тақдир тақозоси биоан хорижда яшаб, ижод қилаётган муҳожирлар талайгина.
Ижод аҳли учун муҳожиротдаги ҳаёт имкониятлари кенг бўлгани билан, бунинг ҳам яхши, ҳам ёмон томонлари бор экан.
Яхши томони шуки, бу ерда нимани истасанг, шуни ёзишинг мумкин.
Ижод имкониятлари Ватандаги каби чегараланмаган. Ёзганларингни истаган нашр ва ё интернет тармоғида эълон қилишинг, ҳатто китоб ҳолида чоп этишинг ҳам мумкин. Бунинг учун истак ва маблағинг бўлса, кифоя. Бировни уруш ва террорга, миллатлараро низога чорламасанг, бас.
Ёмон томони шуки, бу ерда ёзганларингни ўз Ватанингда эълон қилиш имкониятидан маҳрумсан…
4.
Кейинги пайтларда негадир хориждаги ўзбек адабиёти ҳақида гап кетганида фақат ўзбек тилида ёзадиган кишилардан кўра, кўпроқ икки тилда ижод қиладиган ёзувчилар ёдга тушади.
Буни бошқача қилиб айтганда, хорижда ўзбек тилида ижод қиладиган ёзувчилардан кўра кўпроқ икки ва ёки ундан ортиқ тилда ижод қиладиган истеъдодлар кўпроқ маълум ва машҳур бўлади десак тўғрироқ бўлар.
Яширишнинг ҳожати йўқ, юқорида биз номини келтирган ижодкорларнинг аксарияти ўзбек тилидаги асарларини фақат ўз сайтлари ва интернет нашрларидагина эълон қилишлари мумкин.
Ана шундай бир пайтда икки тилда ижод қилишнинг устун томонлари беихтиёр кўзга ташланиб қолади.
Бугунги ўзбек адабиётида икки тилда ижод қилувчи ёзувчилар сирасига Темур Пўлатов, Маҳкам Маҳмудов, Собит Мадалиев, Исфандиёр, Лутфилла Кабиров, Абулқосим Мамарасулов, Карим Баҳриевларни киритиш мумкин. Улар ўз Ватанларида яшаб, ижод қилаётган адиблар.
Хўш, бугун хориждаги ўзбек адабиётида икки тилда ким ижод қилаяпти?
Ким ўз асарларини фақатгина бир тил қобиғида яшириниб қолмай, бошқа тилларда ҳам ёзиб, эълон қилишга ҳаракат қилмоқда?
Мен бу ерда ижодкорларнинг нафақат ўзбек тилида, балки жаҳоннинг бошқа тилларида ҳам пайдо бўлган асарларини назарда тутяпман.
Биз бугун ана шундай таниқли ёзувчилардан бири Абдулҳамид Исмоил ва унинг бетакрор ижоди ҳақида икки оғиз сўз айтишни ихтиёр этдик.
5.
…Москва университетининг журналистика факультетида ўқиб юрган кезларим дарсдан бўш пайтларимда СССР Ёзувчилар уюшмасига бориб, Ўзбекистон адабиётининг Москвадаги вакили Собит Мадалиевнинг шинам ва сокин кабинетида пойтахтга меҳмон бўлиб келган ўзбек ёзувчи ва шоирлари билан учрашиб, ҳамсуҳбат бўлишни яхши кўрардим.
Кўпинча у ерга Москвага ижодий сафар билан келган Абдулла Орипов ва Нормурод Нарзуллаевлар билан бирга борардик.
Саксонинчи йилларда ҳали СССР тарқаши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин бўлмаган ажойиб ва ғаройиб кунларнинг бирида Собит ака ўз кабинетида мени ўзимга ўхшаш жуссаси кичик, озғин бир йигит билан таништирдилар.
Мендан фарқли ўлароқ, қорачадан келган, истараси иссиқ бу йигит Абдулҳамид Исмоилов экан. У пайтларда ҳали у кишининг деярли ҳеч нарсаси эълон қилинмаган, ўзлари ҳам ҳали у қадар кўзга ташланмаган ёшгина бир йигитча эдилар.
Кейин шиддат билан шовқин солиб, тўполон қилиб, худди ўзанига сиғмай ҳайқириб оққан дарёдек ваҳима билан йиллар бир-бирини қувиб ўтдилар. Бедард ва беташвиш студентлик йиллари ҳам ортда қолди.
Ҳаётимнинг энг нурли ва ёруғ саҳифаларидан иборат бўлган ўша тинч ва осуда йилларим ниҳоятда тез ўтиб кетганини ажиб бир ҳайрат билан эслайман бугун…
6.
…Тошкентда яшаган пайтимда Би-Би-Си жаҳон хизматининг Тошкентдаги офисига тез-тез бориб турардим. У пойтахтнинг энг сўлим гўшасида – Президентнинг ёзги резиденцияси ёнидаги Ракатбоши кўчасида жойлашган эди.
Биз у ерни гоҳида “Би-Би-Си резиденцияси” деб ҳам атардик.
Бу ерда Паҳлавон, Сирожиддин, Хайрулло, Бахтиёр, Феруза ва Рустам Қобиллар ишлашар эди. Кейинчалик уларнинг сафига ёш ва тортинчоқ, ҳали тажрибасиз журналист йигит Алишер Сиддиқов ҳам келиб қўшилди.
Биз деярли ҳар ҳафтада улар билан кўришиб, суҳбатлашиб турардик.
Бир гал офисга борсам Англиядан уларнинг Ҳамид Исмоил деган раҳбарлари келганини айтишди. Шундагина мен кейинги йилларда кўрмай ва эшитмай қолганим – Ҳамид аканинг анчадан бўён Лондонда истиқомат қилаётганидан воқиф бўлдим.
Би-Би-Си офисида яхши бир одат бор эди. Яъни, бу ерда бир хона емакхона учун махсус ажратилиб, маҳалладаги пазанда аёллардан бирига ойлик маош тайинланиб, ошпазликка ишга олинган эди. Бу ерда вақти-вақти билан гўзал ва тўкин дастурхон атрофида ҳамкасб ва ҳамфикр дўстлар, ижодкорлар билан тез-тез суҳбат ва гурунглар бўлиб турарди.
Ўша куни Рауф Парпи ҳам шу ерда эди. У киши билан Ҳамид Исмоил жуда яқин ва қадрдон эканлар. Рауф ака одатдагидек ширкайф, лекин бу гал анча хушнуд эди. Ўтириш тугагач, мен ҳам ҳамма қатори кетишга чоғланарканман, Ҳамид ака машинамни бир икки соатга Рауф Парпига бериб туришимни илтимос қилиб қолдилар.
Би-Би-Си нинг ўз хизмат машинаси қаёққадир кетиб, ҳали офисга етиб келмаган экан.
Шоир узоқ вақтдан сўнг ниҳоят фарзандлик бўлиб, оиласи билан янги чақалоғини бугун туғруқхонадан олиб чиқиши керак экан. Рауф Парпи ўша куни “бир икки соатга” деб олиб кетган шофёрим эртаси куни кечгача ҳам қайтиб келмади.
Кейин маълум бўлишича, Рауф ака “Ҳамид Исмоил менга ўз хизмат машинасини икки кунга берди” деб, янги фарзанд туғилганини “ювиб”, базми жамшид қилиб, машинага жавоб беришни ҳам унутган экан.
Кейин бундан хабар топган Ҳамиджон ака Би-Би-Си даги йигитлар орқали шоир учун мендан узр сўраганларини айтишди…
7.
Бир гал Ўзбекистон ёзувчиларининг Дўрмондаги ижод боғи атрофида жойлашган – Эркин Аъзамнинг уйига меҳмонга бордим.
Мен у кишиникига тез-тез бориб турардим. Асли Сурхондарёнинг Бойсунидан бўлган Эркин ака менинг суюкли ёзувчим ва меҳрли акахонларимдан бири эди.
Беғубор талабалик йилларимизда биз ўзимизни гоҳ Абдулла Орипов шеърларидаги биринчи муҳаббати рад этилган омадсиз ошиқ образида кўрсак, гоҳ Эркин Аъзамовнинг қисса ва ҳикояларидаги чўрткесар ва ўжар, бутун дунёга эгалик қилишни орзу қилган хаёлпараст қишлоқ йигити тимсолида кўришни орзу қилардик.
Эркин Аъзамовнинг уйида ўша куни мен хориждан меҳмон бўлиб келган ўта жиддий ва латофатли, шу билан бирга дилкаш ва самимий бир аёл билан танишдим. Эркин ака, у кишининг меҳмондўст рафиқаси, ўша хорижлик хоним ва мен анчагача суҳбат қуриб, гурунглашдик.
Фикр доираси кенг, худди адабиёт муаллимидек билимдон, сўзларни бурро-бурро талаффуз қиладиган, оғир ва босиқ бу билимдон аёл ўшанда ўзбек классик санъати ва унинг тарихи ҳақидаги дилбар хотиралари билан менда жуда яхши таассурот қолдирди.
Суҳбат давомида Эркин ака: “Бу киши Абдулҳамид акангизнинг оиласи” – деб янгани менга таништирдилар.
Кейин орадан йиллар ўтди. Юқорида айтганимдек, тақдир тақозоси билан мен ҳам Ўзбекистонни тарк этиб, хориж юртлар сари йўл олдим…
8.
Хорижга келиб ўзимнинг ўша “пошшолик”ка аралаш бўлган ҳам фараҳли, ҳам шарафли, ҳам фожеали ўтган кунларим ҳақида ҳикоя қилувчи “Оқланмаган ишонч қиссаси” номли хотиралар тўпламимни эълон қила бошладим.
Ҳали ўзбекистондалик пайтимдаёқ деярли ёзиб тугатган китобим қўлёзмасини қайта ишлаш ва нашрга тайёрлаш жараёнида хориждаги ўзбек адабиёти ва унинг истеъдодли вакиллари ижоди билан ҳам баҳоли қудрат танишиб бордим.
Уларнинг энг илғор вакили сифатида Абдулҳамид Исмоил ижоди мени ўзига мафтун этганини бугун очиқ-ойдин айтгим келади.
Унинг ҳар бир янги ютуғи, ҳар бир янги асари ҳақида эшитганимда беихтиёр, ўша – Эркин аканинг уйида кўрган у кишининг оиласи – янгамни эслайман.
Бунга алоҳида урғу бераётганимнинг сабаби шуки, одатда ижод аҳли табиатан инжиқ, боладек кўнгли нозик бўлади. Меҳрга, икки оғиз яхши сўз ва доимий далдага зор бўлиб яшайди.
Мен Эркин аканинг уйида янгани кўриб, ҳамсуҳбат бўлганимдан сўнг “Адбулҳамид ака бахтли одам экан, бундай фикри доираси кенг, замонавий ва билимдон хотин билан ҳали ижодда ҳам катта ютуқларга эришади у киши” деб ўйлаган эдим.
Чунки, ижодкорнинг кўнгли тинч, оиласи ва болаларидан хотири жам бўлсагина яхши ва баракали ижод қила олишини яхши билардим.
Мана, адашмаган эканман, бугун Абдулҳамид аканинг нафақат Ўзбекистон, балки ғарб адабиётининг ҳам кўзга кўринган вакилларидан бири бўлиб шаклланишида унинг оиласи ва рафиқасининг роли беқиёс эканини алоҳида таъкидлашни истардим.
9.
Абдулҳамид аканинг ижоди ҳақида ўйларканман, унинг асарларидаги тўпорилик ва самимийликни тилга олгим келади. Ёзувчининг воқеаларни ҳаётнинг бир парчаси каби китобхоннинг кўз ўнгида қандай бўлса шундайлигича “ҳаётдан юлиб олиб” намоён қила олиш қобилиятини эътироф этгим келади.
У ҳам шоирлик, ҳам ёзувчилик, ҳам таржимонликни уддалай олган истеъдодли замондошларимиздан биридир.
Абдулҳамид Исмоил таниқли инглиз ёзувчиси ва драматурги, буюк Шекспернинг замондоши Кристафор Марлонинг “Буюк Темурхон” деган асарини биринчи бўлиб ўзбек тилига ўгирган адиб.
1564-йил Англияда туғилган таниқли инглиз ёзувчисининг, шоир айтганидек, “икки аср ярим дунёни зир титратган” Темур бобомиз ҳақида ёзган шундай ажойиб асари борлигини биз яхши билардик. Лекин уни ўз она тилимизда ўқиш шарафидан маҳрум эдик.
Мана энди ватандошимиз Абдулҳамид аканинг жасоратли ва маҳоратли ижодий меҳнати боис бу шараф ҳам бизга насибдир.
Шу билан бирга Абдулҳамид Исмоил Абдулҳамид Чўлпондек улкан истеъдод соҳиби шеърларини ҳам бошқа тилларга таржима қилишдек катта бир жасоратга қўл урган. Ва буни қойил мақом қилиб уддасидан чиқаолган.
10.
Яқинда унинг “Муртад” номли романи босмадан чиқди.
Номи бир қарашда этни жўнжиктириб юборувчи бу асарда тилга олинган ҳофиз йигитнинг ўта мураккаб ва чалкаш ҳаёти Сизни бир зумдаёқ ўзига мафтун қилиб олади. Сиз воқеалар ривожига ишониб ва эргашиб кетганингизни аввалига сезмай қоласиз.
“Муртад” ҳақида берилган саволга жавоб бераркан, Абдулҳамид Исмоил жаноблари “Фергана.ру”даги суҳбатларида бу асарни қайсидир маънода бутун умрини ўзбек санъати таҳлили ва тадқиғига бағишлаган умр йўлдошлари шарафига атаганларини эътироф этадилар:
“Моя жена – музыковед, и всю жизнь занимается, наряду с прочими вещами, Шашмакомом. Она ввела меня в круг певцов и музыкантов, и эта вещь во многом написана благодаря ее интересам и исследованиям. Этот роман – как песня, посвященная ей”.
Абдулҳамид аканинг ўз суюкли оиласи ҳақида меҳр билан айтган бу гапларида жон бор. Роза опа ростдан ҳам маданиятимизнинг ҳақиқий жонкуяри ва тарғиботчисидир.
Ўзбек классик санъатининг ёрқин юлдузлари Муножот Йўлчиева ҳамда Шерали Жўраевлар учун биринчи бўлиб Буюк Британия эшикларини очган, ғарб санъати ва маданияти бешиги бўлмиш бу давлатнинг дунёга маълум ва машҳур саҳналари зарпардаларини кўтарган киши ҳам янгадир.
У кишининг беминнат ёрдамлари ва фидойиликлари боис шуҳратли ва мақтанчоқ Ғарб ҳайратли ва тортинчоқ Шарқнинг икки забардаст ҳофизи ва бетакрор овоз соҳиблари билан танишиш шарафига муяссар бўлди.
Ажаб, бир-бирига меҳр қўйиб, турмуш қурган бу ажойиб оиланинг соҳиби ўз асар ва таржималари билан ғарбликларни ўзбек адабиёти сирларидан воқиф этаётган бўлса, соҳибаси уларни классик санъатимизнинг сирли ва оҳанграбо дунёсига олиб киряпти.
Қандай улуғ, савобли ва хайрли иш бу!
11.
Абдулҳамид Исмоил ўтган йили Би-би-Си Жаҳон Хизматининг “Маликул каломи’ деб топилган эди. Ўз вақтида жаҳоннинг мана-ман деган таниқли ёзучилари, ҳатто баъзи Нобель мукофоти соҳибларининг ҳам бу юксак номга муносиб бўлганларини ҳисобга олсак, бу жуда баланд ва шарафли ижодий мақом экани маълум бўлади.
Би-би-Си Жаҳон Хизматининг “Маликул каломи’ бўлган одам инглиз тилида дунё сиёсати ва адабиёти ҳақида вақти вақти билан Би-Би-Си тингловчиларига ўз сўзи ва фикрини муқим айтиб туриши, мақомидан келиб чиқиб ўз блогини юритиши керак экан.
Буларнинг бари инглиз тилида бўлишини ҳисобга олсак, ҳамюртимизга нечоғлик катта ишонч билдирилганидан қалбимизда ажиб бир фахр туямиз.
Дарвоқе, инглиз тили ҳақида. Абдулҳамид Исмоил нафақат ўзбек ва рус тилини, балки инглиз тилини ҳам ўз она тилидек ўрганган хотираси кучли ва истеъдодли йигит.
“Би-Би-Си”нинг “Инглиз тилини ўрганамиз” дастурини олиб борган пайтдан бўён у кишининг муборак овозини эшитишга ўрганиб қолганмиз. Мен бу овозни инглиз тилини тезроқ ўрганиш илинжида ҳали Ўзбекистонда яшаб юрган пайтларимдаёқ соғиниб, интиқлик билан кутардим.
Мана, орадан шунча йиллар ўтиб кетди. Бу орада ўзим ҳам тўрт-беш йилдан бўён, не тонгки, инглиз тилли давлатга келиб яшаяпман. Лекин ҳануз мен бу гўзал ва машҳур тилни Абдулҳамид ака даражасида ўрганаолмадим…
Бир неча юз миллион мухлис ва муштарийларига эга бўлган Би-Би-Си Жаҳон хизматининг “Маликул каломи” деган шарафли номга шу вақтга қадар собиқ Советлар Иттифоқи ижодкорлари орасидан ҳали ҳеч ким муяссар бўлолмаганини эътиборга олсак, ҳамюртимиз Ҳамид Исмоилнинг нечоғлик юксак ва бетакрор истеъдод ва иқтидор соҳиби эканлиги янада яққолроқ намоён бўлади бизга.
Ҳамид Исмоил шу қутлуғ унвонга эга бўлганидан кўп ўтмай Африкада ўтиши мўлжалланган жаҳон футбол мусобақасига Би-Би-Си ташкил қилган махсус автобусда ижодий сафарга отланган эди.
Унинг кўп ўтмай бирин- кетин эълон қилинган сафар тассуротлари ҳақидаги дилбар хотираларини ўқиб, мен ҳам худди Абдулҳамид ака билан бирга мусобақа ўтаётган ўша сирли ва сеҳрли мамлакатга бориб келгандай бўлган эдим…
12.
Ажаб, Абдулҳамид Исмоилнинг Ўзбекистондаги ижодига назар ташласак, у ўз Ватанида саксонинчи йилдан тўқсонинчи йилга қадар атиги икки донагина шеърий тўплам чиқара олган, холос. Тўқсонинчи йилларда Москвада бир нечта китоблар чиқаришга муваффақ бўлади.
Унинг асосий асарлари чет элга чиқиб кетганидан сўнггина дунё юзини кўради. Бугун Абдулҳамид Исмоил ўз сўзи ва қаламига, ўз мухлиси ва ҳакамига эга бўлган, ўзбек, турк, рус, немис ва франсуз каби қатор тилларда чоп этилган ўнлаб ажойиб асарлар муаллифидир.
Унинг “Темир йўл”, “Ҳай-ибн-Якзан” каби насрий, “Пост Фаустум” ва “Книга Отсутствий” каби назмий асарлари фалсафий фикрловчи инсон ва унинг тафаккурини улуғловчи адабиёт дурдоналарининг гўзал намунаси сифатида китобхонлар шуурида узоқ йиллар яшаб қолишига ишонгим келади…
13.
… Қирғизистоннинг Навқотида туғилиб, Ўзбекистонда олий маълумот олган Абдулҳамид аканинг камтарин ижодини Ғарб билан Шарқ адабиётини бир-бири билан боғлаб турувчи мустаҳкам адабий кўприкка қиёслаш мумкин.
Абдулҳамид Исмоил яхши ижодкор, тақдиридан мамнун оила бошлиғи ва меҳрибон ота (у кишининг Раъно ва Дониёр исмли фарзандлари бор) бўлиш билан бирга катта лавозим эгаси ҳам. Мана неча йилдирки, у киши Би-Би-Си Жаҳон хизматининг Марказий Осиё ва Қавқоз бўлимига раҳбарлик қилади.
Лекин у кишини кўрган ва ҳамсуҳбат бўлган одам, бутун дунёга донғи кетган алоқа тармоғининг Лондондаги катта бир мулозими рўпарамда турибди деб ўйламайди.
Абдулҳамид аканинг содда ва камтарлиги, самимийлиги шу қадар.
Одатда катта лавозимга чиққан ижодкорлар адабий ҳаёт ва ижодий жараёндан секин-аста узоқлашиб борадилар. Тарихда мисоллар жуда кўп бунга. Лекин Абдулҳамид ака улар тоифасидан эмас.
Абдулҳамид Исмоил жанобларининг интернетдаги ижодий саҳифасига сафар қилган адабиёт мухлислари менинг нечоғлик ҳақ эканимга ўзлари ҳам бевосита гувоҳ бўлишлари мумкин.
Биз бу мақола билан Абдулҳамид Исмоил ижодини таҳлил қилиш, унинг адабиётдаги ютуқ ва камчиликларини тадқиқ этишни мақсад қилганимиз йўқ.
Мен бугун турли баҳона-и, сабаб билан дунёга сочилиб кетган ўзбек ижодкорлари орасида мана шундай сермаҳсул ва серзавқ бир ижодкор йигит борлигини хориждаги ўзбек адабиёти мухлисларига яна бир бор эслатиб, шул боис қачонлардир менинг қалбимда пайдо бўлган фахр, уларнинг ҳам қалбида илдиз отишини, уларнинг ҳам қалбида ифтихор уйғонишини истадим, холос.
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» бош муҳаррири,