Исмат ХУШЕВ: АЙРИЛИҚДАГИ ЖУДОЛИК
Отанг вафот этса — қиблагоҳингдан, устозинг вафот этса — ойи моҳингдан айрилар экансан…
Зўр карвон йўлида етим бўтадек,
Интизор кўзларда халқа халқа ёш…
Сарбоним, қўлингдан кетдимикан эрк,
Сарбоним, не учун кўтармайсан бош…
Абдулла Ориповдан
(Мени ўрта мактабда ўқитган биринчи ўқитувчим, адабиёт ва журналистика дунёсига олиб кирган устозим вафот этди)
1.
Ватанингдан узоқларда юрганингда бошингга жудолик тушмасин экан.
Бундай жудоликда — сенга елка тутадиган, юпатадиган одам бўлмаскан. Дардингни тўкай десанг – дардкашинг, елкангни қўяй десанг — елкадошинг йўқ бу ерларда.
Ўзинг ёниб, ўзинг туташингга тўғри келаркан.
Ҳаёт айрилиқларини озмунча кўрмадим мен ҳам. Кўп ҳаёт гурзилари тушди бошимга.
Аввал авария бўлиб жон таслим қилган акамдан, сўнг унинг ҳажрида куйиб кул бўлган онамдан ва ниҳоят ҳаёт ташвишлари инсульт қилган отамдан айрилган эдим.
Энди устозимдан айрилдим…
2.
Бу дунёда ўлим ҳақ. Яқинларинг бир бир сени ташлаб кетавераркан.
Лекин бу ўлим ҳақидаги совуқ мужда, энг яқин одамингдан жудо бўлганинг тўғрисидаги шум хабар сенга, худо кўрсатмасин, мабодо, ёт элларда — хорижларда, муҳожирликда юрганингда етиб борса, бунинг жароҳати икки карра зиёдроқ ва ваҳмлироқ, заҳарли ва заҳмлироқ бўларкан.
Айрилиқдаги жудолик жуда оғир экан…
3.
Акам, онам ва отам вафот этганида атрофимда ёру дўстларим, қариндош уруғларим елка тутиб, даркаш бўлиб туришган эди.
Қабристонга борганда ва қайтганда юзлаб сон саноқсиз таниш ва нотаниш кишиларнинг ҳамдардлиги, ҳассакашлиги, тобуткашлиги бир дам бўлса-да менга малҳам бериб, ёлғиз эмаслигимни, ён-атрофимда суянишим мумкин бўлган одамларим, таъзиядошларим борлигини эслатиб турарди.
Тобутни кўтариб, марҳумни энг сўнгги манзилга кузатишда ҳам аслида катта бир ҳикмат бор экан. Қабр тепасидаги дарддошлик, яқин кишиларнинг ҳамдардлик билан айтган сўзлари, айрилиқдан ўксиб- ўксиб йиғлаганингда бағрига босиб, юпатишлари – буларнинг ҳаммаси дардингни олар экан. Юрагингга озми кўпми, малҳам бўлар экан…
4.
Боболаримиздан қолган бу удумларда ҳам аслида катта ҳикмат бор экан.
Айрилиқ ҳажрида куйиб ёниб, адойи тамом бўлган инсонга яқинлари елка тутганида, етим бошини силаганида ҳам гап кўп экан. Ҳатто, қабристондан қайтгандаги — аёлларнинг уввос солиб йиғлаши ҳам сенга қайсидир маънода таскин ва тасалли бериши мумкин.
Айрилиқдаги жудолик жуда оғир экан.
Бу ерларда юпатишлар йўқ. Бу оловда ўзинг ёниб, ўзинг ўчишингга тўғри келаркан…
5.
Бир ҳафтадирки, устозим Маҳмуд акани эслаб, бу ногаҳоний жудоликдан то ҳануз ўзимга келолганим йўқ.
Орқамда бир тоғ тургандай эди.
Афсус, кутилмаганда бу тоғ ҳам қулаб, суянчиқсиз қолгандай сезаман ўзимни.
Бунинг устига — устозимни энг сўнгги манзилга кузатолмадим. Бир дардимга ўн дард қўшилди.
Устозинг тобутини кўтариб, уни энг сўнгги йўлга кузатишда ҳам аслида ҳикмат кўп экан…
6.
Айрилиқдаги жудолик жуда ҳам оғир экан.
“Ўтган кунлар”даги Отабек карвон сарой ҳофизига “Ҳайдалиш” куйини чалинг деган эди. “Айрилиқ” куйи бўлганида шу менинг дардимни олармиди.
Ватандан узоқларда Маҳмуд акамдан айрилиш доғи ҳам бор экан бу шўр пешонамда. Устоз айрилиғидек – ҳаётнинг энг оғир синови ҳам кутиб турган экан мен шўрлик ва бахтсиз кимсани.
Айрилиқда — сарсон ва саргардонликда ота-онасини кўмишга боролмаган, энг сўнгги манзилга кузата олмаган дўстларим учун йиғлаган эдим.
Лекин барибир ҳар бир одам ўзининг бошидан ўтганини – ёлғиз ўзи билар экан.
Мен устозим тобути бошида туролмадим.
Ватандан узоқда юрганингда, ғариб ва ноилож пайтингда — бошингга бундай мусибатлар тушмасин экан.
Мендан рози бўлинг, Маҳмуд ака!
ЮРАГИМДА АБАДИЙ ЯШАБ ҚОЛГАН УСТОЗИМ!!!
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири.
5 май, 2015 йил, Торонто шаҳри, Канада.
Қулимиздан нима ҳам келар эди, ўлим олдида ҳаммамиз ҳам ожиз бандалармиз. Кўпчилик ичида билинмайди, бошга оғир қайғулик тушса. Ёлғизликнинг тоши муҳожирликда янада оғир, буни билган билади, билмаган билмайди. Исмат ака, Сизни шу даражада таниқли бўлишингизда устозингизнинг ҳам маълум даражада хизмати бўлса керак. Эслаганингиз яхши, руҳи шод бўлади. Биз сиздан ҳали кўп нарсаларни ўрганишимиз керак…