• Пн. Янв 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Бухоро шаҳар ҳокими ҳибсга олинди

Июн 14, 2012

Бор йўғи бир йилу уч ой Бухоро шаҳар ҳокими вазифасида ишлаган Ҳайит Комиловнинг бундан икки ҳафта олдин ҳибсга олингани ҳақидаги хабар Озодликка 14 июн куни етиб келди

Бухоро шаҳар ҳокими бўлиб ишлаган Ҳайит Комилов иқтисодий жиноятларда айбланиб ҳибсга олинган, дейди Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи Озодлик манбаси:

— Аниқ хабар шуки, бир ҳафтадан кўпроқ бўлди ҳибсга олинганига. Айтишларича, собиқ ҳоким ер тақсимланиши бўйича айбланяпти. Шаҳар ҳокими ер тақсимланиш бўйича корхона бўладими, жисмоний шахс бўладими қарор чиқариб беради. Мана шу ер тақсимланишида қандайдир жиноятлар қилган¸ деган хабарлар бор. Ўзи бир йил олдин у ҳоким вазифасини ижро этувчи этиб тайинланган эди, дейди Озодлик манбаси.

Бухоро шаҳар ҳокимиятининг ўзини таништирмаган ходими ҳам Ҳайит Комиловнинг икки ҳафта олдин ҳибсга олинганини тасдиқлади. Бироқ ҳокимият ходими собиқ ҳокимга қандай айблар қўйилаётганидан хабари йўқлигини айтди.

Бухоро шаҳрида истиқомат қиладиган инсон ҳуқуқи фаоли Шуҳрат Ғаниевнинг айтишича, собиқ ҳоким илгари газ таъминоти соҳасида ишлаган пайтда содир қилган иқтисодий жиноятлари бўйича айбланаяпти:

— Ҳокимиятдаги бир танишимдан эшитдим. Бу одам илгари Газпром соҳасида ишлаган экан. Ўша пайтда қандайдир ноқонуний молиявий ишларга қўшилиб қолган экан, дейди Шуҳрат Ғаниев.

Бухоро шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникация, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш ишлари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган Ҳайит Комилов ўтган йилнинг март ойида ҳоким вазифасига тайинланган эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *