(2 китоб, 36 боб).
Суратда: Ислом Каримовнинг орқа планида – чапдан биринчи: Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Шаҳобиддин Зиёмов, Ташқи Ишлар вазири Шало Маҳмудова, Олий Кенгаш раиси Шавкат Йўлдошев ва Бош вазир Шукрилла Мирсаидовлар Москвада. Кремль, 1992 йил.
БИРИНЧИ НОМЕРЛИ ДАВЛАТ МАСЛАҲАТЧИСИ
1990 йилнинг март ойида чақирилган Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари сессияси — Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи секретари Ислом Каримовни мамлакат Президенти этиб сайлагани ҳақида Қарор қабул қилади.
Ислом Каримов Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши баробарида мамлакатда Компартия раҳбарлигидан секин аста Президентлик бошқарувига ўтиш жараёни бошланади.
1991 йилги август Путчидан сўнг эса бу жараён ниҳоятда тезлашиб кетади.
Москвадаги давлат тўнтаришидан роппа роса ўн кун ўтиб – Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритди. СССР да биринчи бўлиб Ислом Каримовни Президент этиб сайлаган Ўзбекистон Олий Кенгаши яна биринчилардан бўлиб давлат мустақиллигини эълон қилди.
Шу пайтга қадар Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида идеология бўлими бошлиғи бўлиб ишлаб келган тарихчи олим, ажойиб инсон Шаҳобиддин Сирожевич Зиёмов республика тарихида биринчи бўлиб – Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси деган янги лавозимга тайинланди.
Мен Шаҳобиддин ака билан яхши таниш эдим. “Саодат” журналидаги “ҳангомалар” боис Москвадаги “Советская культура” газетаси мени “Чужой среди своих” номли мақоласи билан оқлаб чиққанидан сўнг Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ҳам менга нисбатан ўз муносабатини бир қадар ўзгартиради.
Лекин барибир ишга тиклаш ва номимни оқлаш масаласида ҳали анча курашиш керак эди.
1989 йилнинг 23 июнь кунги Пленумда Ислом Каримов Ўзбекистоннинг янги биринчи раҳбари этиб тайинланганидан сўнг мени Олий Раҳбариятга – Ислом Каримов ҳузурига таклиф этган биринчи мулозим ҳам айнан Шаҳобиддин Зиёмов эди.
Бу ҳақда “Президент эркатойининг саргузаштлари” номли иккинчи китоб муқаддимасида батафсил ёзилган.
Шаҳобиддин Зиёмов мен шу пайтга қадар учратган Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги кам сонли иймон эътиқодли, тажрибали ва билимли мулозимлардан бири эди.
У киши оғир, босиқ, кўнгилчан ва ажойиб бир инсон эдилар. Ниҳоятда
Самимий ва меҳрибон бу одамдан яхшилик кўриб Ўзбекистон раҳбарияти ҳақида яхши ва илиқ тасаввурга эга бўлган одамлар ватанимизда жуда кўп…
2.
Шу ўриндаўқувчиларда бугунги қаҳрамонимиз ҳақида маълум биртаассурот пайдо бўлиши учун “Президент эркатойининг саргузаштлари” номли китобидаги Шаҳобиддин Зиёмовга бағишланган қисмини кўчириб босишга қарор қилдим:
Иккинчи китобнинг 7 боби
МИРСАИДОВ БИЛАН ТАНИШУВ
2.
Назаримда ўша кунлари ҳеч ким Ислом Каримовни менчалик яхши билмасди. Ўз-ўзидан равшанки, ҳеч ким Ислом Каримовга менчалик ишонмасди ҳам.
Мен бу инсонга қаттиқ ишонардим. Шунинг учун ҳам у кишининг номига телеграмма жўнатган эдим.
Ўша пайтда Шаҳобиддин Зиёмов Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасида мафкура бўлимининг мудири эди.
Ишонасизми-йўқми, эртаси куниёқ, мени ишхонамдан сўраб-суриштирибди. Бош муҳаррир Аҳмаджон Мелибоевга: «Шошилинч равишда Исматжонни топиб, Марказқўмга жўнатинглар. Катта шундай топшириқ берди», дебди.
Дарҳол мени топдилар. Ш.Зиёмовнинг қабулига бордим.
Илгари ҳам Марказқўмга уч-тўрт марта чақиртирилган бўлсам, у ёқдан фақат дашном эшитиб қайтардим. Нуқул жанжалларга сабаб бўладиган маколалар ёзганим учун Марказқўмдагилар ҳам мендан безор бўлганди: «Бу боладан қачон қутулар эканмиз?» деб юришарди.
Лекин, бу сафар мени бошқача мулозамат билан кутиб олишди.
Э-э, Исматжон, бормисиз?! Бола-чақалар омонми? – деб қуюқ сўрашди Зиёмов.
Гўё мен бир думалаб ўзгариб қолгандай эдим.
Лекин сир бой бермадим, қани, яна нима деркин деб сабр қилдим.
— Исматжон, Катта сиз ҳақингизда яхши фикрда экан. Чақириб гаплашинг, яхшироқ бир иш топиб беринг, деб топшириқ бердилар, – деди у. – Қолаверса Ислом акани биринчи секретарь бўлганидан кейин табриклаб юборилган энг биринчи телеграмма ҳам Сиздан келди…
Рости, шу тобда Катта мени қабул қилармикан деб ҳовлиқиб тургандим.
— Сизга муносиб бир иш топиб беришимиз керак, – деб яна такрорлади Зиёмов.
— Бўпти, мен обкомга биринчи секретар бўламан, – дедим пинак бузмай.
Зиёмовнинг капалаги учиб кетди. Билмадим, у нима деб ўйлади. Чамамда, бирорта область партия ташкилотининг биринчи секретарлигини сўраяпти, деб ўйлади, шекилли.
Лекин мен Қарши пединститутининг комсомол ташкилотидан мажбурий равишда ишдан кетган эмасманми, шу боис ҳамон Қашқадарё область комсомол комитетининг биринчи секретари бўлиб бориш орзусида юрардим.
— Қашкадарё область комсомол комитетининг биринчи секретарлиги лавозимини сўраяпман, – деб изоҳ бердим.
— Э, ука, шунака демайсанми! Мен партия комитетини сўраяпсан деб ўйлапман! – деди Зиёмов енгил тин олиб. -Бўлмаса, сен шошмай тур, – деди-ю, ҳайҳотдек кабинетда мени ёлгиз колдириб, ўзи ташқарига чиқиб кетди.
Бир-икки пиёла чой ичиб кутиб ўтирдим. Зиёмов бошқа хонадан Каттага телефон қилдими ёки олдиларига кириб чиқдими, билмайман, аммо кабинетига қайтиб киргач:
— Бўпти, Қашқадарёга янги раҳбар тайинланганидан сўнг, Қаршига бораверсин, – дедилар, – Бориб, Ҳаққуловга учрар экансиз, – деб Зиёмов мени қабулхонасигача кузатиб қўйди…
3.
Орадан кўп ўтмай Қашқадарёда – Ислом аканинг ўрнига янги раҳбар тайинланганидан сўнг Зиёмов менга телефон қилиб, Қаршига боришим мумкинлигини айтди.
Ўша пайтлари Қаюм Жалилович Ҳаққулов Қарши шаҳар партия қўмитасининг биринчи секретари эди.
(Кейинчалик у киши Ўзбекистон xукуматида Бош вазир ўринбосари бўлиб, республикадаги нефт ва ёғ мой маҳсулотларини назорат қилади).
Зиёмов Марказқўмдан самолётга чипта «брон» қилдириб берди. Мен Қаршига учиб кетдим.
Бир пайтлар ўзим ҳайдалган шаҳарга энди жуда катта орзу-умидлар билан кириб бордим. Аэропортдан тўппа-тўғри горкомнинг биринчи секретари Қаюм Ҳаққуловга бориб учрашдим.
Қаюм ака қора қош, қора соч, оғир-босиқ, келишган одам экан. У кишига Тошкентдан қўнғирок килишибди. Шундай бўлса-да: «Ислом ака юбордилар» деб эслатиб кўйишни лозим топдим…
— Обкомга секретарь бўлишим керак, – дедим дадил у кишига ҳам.
Қаюм ака кулимсираб кўйди. Сўнг:
— Агар сен, Исматжон, горком комсомолининг биринчи секретари бўламан десанг, эртагаёк фавқулодда Пленум чақиртириб, ўша вазифани олиб беришим мумкин. Чунки горком комсомол менинг қарамоғимда, аммо обком комсомолнинг хўжайини бошқа киши. Агар обком комсомолга биринчи секретарь бўламан десанг, уни обкомнинг биринчи секретари Алихон Раҳматович Отажонов ҳал қилади, – деди.
Бир пайтлар Лозицкий эгалик килган ва менинг партиявий масалам бир неча маротаба муҳокама этилган бу машҳур кабинетда биз Қаюм Жалилович билан қандай қилиб биринчи секретарь бўлишим тўғрисидаги долзарб масалани узоқ муҳокама қилдик.
Айтмоқчи, Ислом ака Кашкадарёга биринчи секретарь бўлиб боргандан сўнг, орадан кўп ўтмасдан, Лозицкийни Каршидан кувиб юборади. Кайтар дунё, дейдилар. Лозицкий ҳам менинг ортимдан Тошкентга келади, лекин бу ерда ҳам қўним топмасдан қайси гўргадир гумдон бўлади…
Кечга якин биз Қаюм ака билан обкомнинг дачасига бордик. Алихон Раҳматович мажнунтоллар билан ўралган ана шу сўлим гўшада бизни кутаётган экан.
Хабарингиз бор, биз у киши билан Москвадаги «Россия» меҳмонхонасида бир дастурхон теварагида ўтириб улфатчилик қилган эдик. У киши ўшанда Госпланнинг раиси эди. Ислом ака Марказкўмнинг биринчи секретари бўлгач, кўп ўтмай Алихон Раxматовични Қашқадарёга «биринчи» этиб тайинлайди.
Демак, бизнинг обком дачасидаги учрашувимиз, тахминан, 1989 йилнинг июль ойида рўй беради.
Алихон Раxматович бизни очиқ чеҳра билан кутиб олади, ўтган-кетган гапларни эслайди. Суҳбат маромига етгач, муддаога кўчади.
— Исматжон, обком комсомолнинг биринчи секретари Муҳаббат Саидмуродова бўлади. Эҳтимол, у қизимиз Москвадаги Ижтимоий фанлар академиясида ўқиётгани учун, сизга шу вазифа таклиф этилгандир, лекин мавжуд тартиб бўйича, М. Саидмуродованинг ўрни сақланиши керак. Сизни вақтинча ишга олиш мумкин, холос. Агар Саидмуродовага бошқа иш топиб берсин десалар, майли, мен маслаҳатлашиб кўраман. Унгача сизларҳам яна бир кенгашиб олинглар, – деди Алихон Раҳматович.
Қарши горкоми талаби билан шаҳар комсомол қўмитаси мени партиядан ўчиришда жонбозлик кўрсатганида айнан Муҳаббат Саидмуродова обкомнинг хайрихоҳлиги билан мени ҳимоя қилиб чиққан эди.
Ана шу қилган яхшилиги учун ҳам аёл киши билан жой талашиб ўтиришни ўзимга эп кўрмадим ва эртаси куниёқ Тошкентга қайтиб кетдим.
Тошкентга келиб яна Зиёмовга учрашдим. Зиёмов яна Каттанинг олдига чиқиб кетди. Қайтиб тушиб:
— Бўлмасам, Тошкентда қолақолсин дедилар. – Мирсаидовга учрашар экансиз…- деди.
У пайтларда Шукрулла Раҳматович Мирсаидов Марказкўмда Ижтимоий-иктисодий бўлим мудири эди.
Аслида, Қашкадарёда обком комсомолнинг биринчи секретари бўлишга иштиёқим жуда баланд эди. Аммо Ислом ака иккинчи марта яна А.Р.Отажоновдан илтимос килишни истамадилар, шекилли.
«Мен айтгандан кейин кўявермайдими!» деб жаҳллари чиққан бўлса ҳам ажаб эмас…
5.
Хуллас, мен Шукрулла Раxматовичга учрашадиган бўлдим.
Зиёмов рухсатнома (пропуск) ёздириб берди. Марказқўм биносининг тўртинчи қаватига чиқдим. Мирсаидовнинг қабулхонасида қирк минутча кутиб ўтирдим.
Одамлар киряпти, чиқяпти. Мен бўлсам, қачон чақирар экан деб, ўтирибман.
Бир пайт қўш қаватли эшик очилиб, ичкаридан аввал паға-паға сигарет тутуни кўринди, сўнг кашанданинг ўзи қабулхонага чиқиб келди.
Сигаретни бу қадар жон-жаҳди билан чекадиган одамни биринчи кўришим эди.
— Мана, қирқ беш минут бўлди, – деди у котибасига, – Исмат Хушев деган одам шу пайтгача келмадими?
У ниҳоятда чарчаган, юзлари бўғриқиб кетган, бўйинбоғи бўшатилган бир алфозда эди.
— Исмат Хушев мен бўламан, – дедим ўрнимдан сапчиб туриб.
Ажабки, айнан шу киши боядан бери икки-уч марта қабулхонага чиқиб, кабинетига қайтиб кириб кетган эди. Мен уни «Мирсаидовнинг югурдакларидан бўлса керак» деб ўйлаган эдим.
Номини кўп эшитган эдим-у, аммо ўзини кўрмагандим.
— Э-э,! – деди Шукрулла Раҳматович сигарет тутган қўлини баланд кўтариб. – Сенмисан?! Сани боя кўрган эдим-ку! Лекин Ислом акам юборадиган одамга сира ўхшамайсан-да! – деб худди эски танишлардек қўлимни маҳкам сиқиб сўрашди. – Қани, юр! – Шукрулла Раҳматович мени баҳайбат кабинетига бошлаб кирди.
У самимий инсон экан. Мен ҳали унинг олдида ёш бола эдим, қотмагина эдим.
Кабинетга киришимиз билан:
— Мани танийсанми? – деб сўрадилар.
Албатта, мен ҳам анойи эмас эдим. У кишининг олдига келишдан олдин жиддий тайёргарлик кўрган эдим:
— Таърифингизни кўп эшитганман, Шукрулла ака! Тошкент горкомининг секретари Сатинга қарши курашганингизни ҳамма билади, «Алгоритм» кварталига Россиядан кўчириб келтирилаётган «меҳмонлар»ни аэропортдан орқасига қайтариб юборганингизни ҳам, янги уйларни ўзбекларга, шу жумладан, Нурулла Отахонов деган қўқонлик ёзувчига ажратиб берганингизни ҳам биламан! Раҳмат, ака! – дедим қўлларимни кўксимга қўйиб.
Шукрулла Раҳматович хурсанд бўлиб кетди.
— Яхши, яхши, хабардор экансан!
— Сиздек миллатпарвар инсон билан учрашиб турганимдан ниҳоятда хурсандман, Шукрулла ака!
Раҳбарларга ёқадиган гаплар айтиб, хушомад қилишни яхши ўрганган эдим…
Қолаверса, Мирсаидовнинг ўзбекпарварлиги ўша пайтларда достон бўлиб кетганди. Ислом ака ҳам бекорга бу инсон билан дастлабки кунлардан эътиборан ҳамкорликни йўлга қўймаган эди.
Шукрилла Мирсаидов ўзим ва оилам ҳақида суриштирди, отамнинг касби ва нима иш қилишини сўради.
— Бўлмасам, гап бундай ука. Ислом ака манга сан тўғрингда яхши гапларни айтди. Биз сани одам қилишимиз керак экан. Шундай қиламиз ҳам. Лекин мен ҳозир шошиб турибман. Ука, сан бир xафта дамингни оласан; аниқроғи, беш кун кутасан. Жума куни кечқурун «Ахборот»дан Марказкўм Бюросининг қарорини ўқиб эшиттиришади… – Шукрулла Раxматович шундай деб мени деразанинг ёнига бошлаб борди-да, ҳозирги Мустақиллик майдонидаги «Министрлар уйи»ни ва бериги тарафдаги етти қаватли “Ҳукумат биноси” ни кўрсатди.
— Биламан, – дедим.
— Бериги бинонинг ярмида «Госплан» идораси жойлашган. Ман яқинда ўша жойга Раис бўлиб ўтаман. Фармонни эшитган кунинг ёки эртасига ҳузуримга келаверасан! – деб қўлимни маҳкам сиқиб қўйди-да, сўнг қабулхонагача кузатиб чиқди.
Мен у кишининг ҳузуридан қушдай учиб чиқиб кетдим…
(Мирсаидов билан танишув” номли 7 бобдан парча тугади)
2.
Шаҳобиддин акадаги одамлар билан яхши муомила қилиш одоби ва юксак маданият – мени ҳамиша ўзига мафтун этарди.
Кейин билсам, у кишининг оталари ҳам ўз даврида юксак мартабаларда ишлаган, Ўзбекистоннинг таниқли ва фидойи фарзандларидан бўлган эканлар.
Шаҳобиддин Зиёмовнинг оталари ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида Ишлар Бошқарувчиси (Управделами) бўлиб ишлаганлар. Сўнг республика коммунал хўжалиги вазири лавозимида фаолият юритганлар.
Узоқ йиллар республика миқёсидаги масъул вазифаларда ишлаган таниқли давлат ва жамоат арбобининг ўғли бўлган Шаҳобиддин Зиёмовнинг ҳаётида кўпларга сабоқ бўларли яна бир воқеа борки, биз бугун уни ҳам четлаб ўтолмаймиз.
Гап шундаки, ёш ва истиқболли тарихчи олим Шаҳобиддин Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Нуриддин Акромович Муҳиддиновнинг қизига уйланган, Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарига куёв бўлган.
Лекин ҳаёт ҳамиша турли туман тасодифларга, зиддият ва маломатларга тўла бўларкан. Айниқса, Сиз катта ва довруғли оиланинг фарзанди ва ё куёви бўлсангиз.
Бешафқат ҳаётнинг ана шундай нохуш ва кутилмаган “сюпризи” не кулфатки, Шаҳобиддиннинг бошига тушди. У қурган оила кўпга чўзилмади. Ўзбекистон раҳбарининг эрка ва тантиқ қизига кўнгил қўйган содда ва ишонувчан ёш олимнинг ишқ ва муҳаббати, ойдин ва беғубор орзулари чилпарчин бўлиб, саробга айланди…
У катта матонат билан ўзини қўлга олиб, оиласи билан ажралишга қарор қилди. Ажабки, бу пайтда Шаҳобиддининг қудратли қайнотаси, не тонгки КПСС Марказий Комитети секретари, Полит Бюро аъзоси бўлиб Москвага кўтарилиб кетган эди.
Лекин Нуриддин Акромовичнинг бу шон-шуҳрат ва қудрати ҳам ор-номусли, диёнатли йигитни бу қалтис қароридан қайтаролмади…
Унинг шахсий ҳаётидаги мана шу бахтсизлик ва омадсизлик асоратидан яхши хабардор бўлган Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти имкон қадар уни қўллаб қувватлашга, ўксиган ва ҳақоратланган дилига малҳам бўлишга ҳаракат қилди.
Кейин албатта Шаҳобиддин Зиёмов қайта уйланиб, бахтли саодатли умр кечирди. Бири биридан ширин фарзандларга ота бўлди.
Мен ҳар сафар Марказий Комитет котиби Холмуҳамедов Мўтал Ҳошимовчи бош бўлган идеология бўлими мудири, тарих фанлари доктори Шаҳобиддин Зиёмов ҳузурига борарканман, унинг ўйчан қарашларида зуҳурланиб қолган мунгни кўриб: “Нега бунча ғамгин бу одам?” деб ўз ўзимга кўп бор савол берганман.
Унинг таҳқирланган ва ҳақоратланган ўксик дилидан, биринчи оиласи томонидан юрагида муҳрланиб қолган жароҳат тиғидан, у пайтларда тамомила бехабар эдим…
3.
Юқорида айтганимиздек, Ўзбекистонда Президентлик бошқаруви жорий этилгач, Шаҳобиддин Зиёмов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг идеология бўлми мудирлигидан Ўзбекистон Президентининг биринчи рақамли Давлат масалаҳтчиси этиб тайинланади.
“Биринчи рақамли” деганимиз том маънодаги биринчиликни англатади. Шаҳобиддин ака Ислом Каримов имзоси билан Ўзбекистон Президентлиги бошқаруви тарихида биринчи рақамли Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган бўлса, уни таниган ва билган, у билан бирга ишлаган кишилар назарида ҳам у ўз одамийлиги, ҳалол ва камтарлиги, фидойилиги билан ҳамиша тўғри ва яхши маънодаги “биринчи” шахс бўлиб қолди.
Лекин афсуски, ўз халқи ва Ватани учун беминнат хизмат қилган, бетакрор истеъдод соҳиби, моҳир ташкилотчи ва тадқиқотчи бўлган шундай фидойи ва ажойиб бир инсон умрининг сўнги йилларини хорлик ва ночорликда ўтказиб, вафот этди…
4.
Ҳали шундай даврлар келадики, Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритган, янги ўзбек давлатчилиги шаклланган пайтда унинг тамал тошини қўйишда Ислом Каримов билан ёнма ён туриб, иштирок этган Шаҳобиддин Зиёмов каби фидойи ва табаррук инсонлар номи қайта тикланади ва яна эл юрт муҳаббатига сазовор бўлади!
Шаҳобиддин Зиёмовдан сўнг секин аста бошқалар ҳам Президентнинг Давлат маслаҳатчилари этиб тайинланади.
Бахтиёр Назаров, Мавлон Умрзоқов, Вясечлав Голышев, Алишер Азизхўжаев, Бахтиёр Ғуломов, Тимур Алимов, Тўхтапулат Рисқиев, ва бошқалар Ўзбекистон тарихида биринчилардан бўлиб Президентнинг Давлат маслаҳатчилари этиб тайинланган эдилар.
Лекин Ислом Каримовнинг ўзига маслаҳатчи қилиб тайинлаган энг биринчи ёрдамчиси сифатида Сирожиддин Зиёмовнинг номи барибир тарих саҳифаларида, уни яхши ва яқиндан билган дўстлари ва сафдошлари хотирасида абадул абад яшаб қолишига менда шубҳа йўқ…