• Пн. Янв 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов шув бўлаётган асаридан боблар (6)

Июн 15, 2012
Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов шув бўлаётган асаридан боблар (6)
Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов шув бўлаётган асаридан боблар (6)

6. Лев Толстой

– Достоевский айтадики, юракнинг туб-тубига чўккан, эт-тирноқ яқининггаям айтиб бўлмайдиган, ҳатто эслашга ўзинг ботинмайдиган хотиралар бўлади. Ёзувчи шуниям ёзиши керак, шекилли?

– Йўқ! Йўқ! Йилт этган ёруғлик бўлмаса, адаб ва маърифат бўлмаса, уни ёзмоқдан Худо асрасин! Қаранг, Гоголнинг “Ўлик жонлар”ида ҳам машҳур уч отли извош бор! Ҳатто ўша, “Ревизор”да ҳам, ревизор келаяпти, энди ҳамма сирлар очилади, золимлар фош бўлади, деган умидбахш нидо бор!

Катта ёзувчи ҳар бир воқеа-ҳодисанинг ёзса арзийдиган таъсирчан нуқтасини илғай олиши, ёзгани дилларни чайиб ўтиб, Ҳақ таоло назарини ёдга солиши ва бедорликка ундаб туриши керак!

Дастлаб мен кўп адашганман. Бир тўғри йўл очиб олишга, оқ билан қоранинг, яхши билан ёмоннинг фарқига боришга замон йўл бермаган. Буткул ҳаётимиз сиёсатга айланиб кетган эди. “Совет тузумида қийинчилик бўлмайди!”, деган бир ақида ҳукмрон, шунга қараб, тўн бичасан, воқеликни бўяб-бежаб кўрсатасан ва уйдирмага асосланган мана шу асар, минг афсуски, яна олқиш ва мукофот олади. Наинки адабиёт, ҳатто илм-фан, санъат ва маданият, туриш-турмушимиз шундан иборат бўлган. Бу, метин-мустаҳкам исканжани парчалаб-ёриб чиқиш осон эмас эди, албатта.

Умумадабиётдаги ясамаликдан қутула олмай, ёзганим ўзимга ёқмай, эзилиб-қийналиб юрган вақтда Толстой тушимга кирган.
У буюклар тождори, менга лом-мим деган эмас, фақат қўлимдан тутиб-етаклаб ўша, тоғ этагида ўсган, боссалар-да, янчсалар-да, юлиб-юлқилаб ташласа-да, бари бир, умид билан яна қуёшга талпиниб, кўкка бўй чўзган “қариқиз”ни кўрсатган, холос. Улуғ адиб уни “Ҳожимурод”да чексиз бир меҳр билан тасвирлайди.
Чамаси, бу бир ишора эди.
Қаранг, шунда илгариям уни туш кўрганим ёдимга тушди. Ўша куни мен “Ҳожимурод”ни мутолаа қилганман, биринчи марта. Асарнинг муқаддимаси, айнан ўша, “қариқиз” ҳақидаги тафсилот менга ортиқчадек бўлиб туюлган ва уни ташлаб ўтиб, асосий оқим ичига шўнғиб кетганман.
Худдики, Толстой чечен овулини эмас, бизнинг қишлоқни қаламга олган. Аввал қишлоқ масжити, сўнг унинг ёнидан сойга бурилган тор кўча кўз олдимда жонланди. Кўчанинг икки томонида пастқам уйлар, уларнинг томида бекорчи чоллар, қачон қараманг, боғига кўз-қулоқ бўлиб, чой ичиб ётади. Кечқурун қирдан пода қайтади, қўй-қўзилар маъраши оламни тутиб кетади, мўрилардан тутун ўрлаб, ҳавода тезак ҳиди бурқсийди.
Толстой тасвирлаган манзаранинг ўзгинаси!..
Назаримда, Ҳожимурод шу масжит томондан келиб, бизнинг тор кўчага бурилган ва муюлишдаги гувала уйнинг томида ётган чолни уйғотган. Буни қарангки, чечен овулида бўлгани каби, бизнинг қишлоқда худди шундай ғарибона бир кулба бўлиб, унинг томида бир баджаҳл чол ёнғоқ қўриб ётар эди.
Айниқса, “тезакнинг қўланса ҳиди” деган ибора мени ҳайратга солган, шунда ўзим кўриб-билиб юрган воқеа-ходисалар лоп этиб кўз олдимга келган ва яна олам-жаҳон таассурот хаёлимни банд этган! Ва булар барчаси азиз ва қадрдон эканини юрак-юракдан ҳис этганман!
Мана, ёзувчилик нима!
Мана шу табиий сўзлар, азон айтган муаззин қироати, мўрилардан кўтарилган тутун ва тезакнинг қўланса ҳиди қанчалик оддий туюлмасин, унда буюк бир ҳикмат яширин. У сизни сеҳрлаб қўяди ва ўзингиз кўрган-билган, болаликдан қадрдон бўлган ҳаёт кўз олдингизда жонланади.
Қиссани бир ўтиришда ўқиб тугатдим.
Ҳожимуроднинг ўлимидан дилим вайрон бўлиб, итларнинг улишига қулоқ солиб, китобнинг очилишидаги Толстой суратига тикилганча узоқ хаёл суриб ётдим. Жуда улуғвор эди у. Ўткир кўзларини найзадек қадаган.
Қандай кўзим илинганини билмайман. Бир маҳал туш кўрибман, тушимда ўша, чеҳрасидан, бутун борлиғидан қудрат ёғилиб турган Лев Николаевич!..
Эгнида узун кўйлак, икки қўлини ингичка камарига суқиб, уйимизга кириб келган эмиш!
Ўшанда у менга бир нима деган эмас, иккинчи сафар эса, ўша “қариқиз”га ишора қилган, холос…
Бунда чуқур маъно бор. Мен шуни ўйлай-ўйлай, аста-секин ҳаётнинг ва адабиётнинг ўзгармас қонуниятларини англай бошладим.
Граф Толстой айтадики, Илоҳни танимоқ ва яшамоқ – айнан бир нарса. Илоҳ – ҳаётдир.
Шундан келиб чиқсак, ўзимиз йўл қўйган ва руҳий изтироб туғдирган хатони англаш қийин эмас. Биз Қодир Эгамни йўққа чиқариб, тақдирни ўз қўли билан яратувчи ҳазрати Инсонга айландик. Умримиз, бутун онгли ҳаётимиз Раббимни рад этиш билан ўтди.
Аслида, Толстой айтганидек, биз олаётган нафас, биз яшаётган ҳаёт, биз билган моддий олам, бутун борлиқ яхлит ва бир бутун Илоҳ демак. Ўзимиз ҳам шунинг бир зарраси, холос. Ва бу – ҳақиқат. Унга асосланган, ҳаётни борича ифода этган ва ахлоқий-маърифий қимматга эга адабиёт чинакам адабиёт бўлади. Сўз ҳам санъат, у кўнгилга зиё улашиб, одамлар йўлини ёритиб турмоғи лозим.
Ҳаммаси ўтиб кетади, фақат ҳақиқат қолади, дейди даҳо адиб.
Шу маънода, биринчи жиддий асарим “Муқаддас”, десам, хато бўлмайди. Унда мен талабалик даврида кўрган-кечирганимни қандай бўлса, шундай тўкиб-солганман.
Лекин Толстойнинг ишораси жуда теран…
Қиссада у Ҳожимуроднинг руҳий оламини бир ёқлама тадқиқ этган эмас, балки ўша ўсимлик янглиғ, бошдан-охир, мислсиз саховат ва улуғ инсоний муҳаббат билан тасвирлаган. Мард ўғлоннинг эркинлик ва озодлик, Ватан ва иймон-эътиқод йўлидаги матонатли курашини нурга белаб ифода этган. Бунинг асоси шуки, у ҳаётга жуда баландда туриб, ҳа, ҳа, миллат деган тушунчадан баландда туриб, юксак самовий назар билан қараган. Ва ҳар бир нарсани иймон тарозиси билан ўлчаган.
Дини, тили, миллатидан қатъий назар, ким ҳақ ўзи ва ким ноҳақ деб воқеликка ёндошган. Шу боис у ҳақ йўлида жон фидо этган Ҳожимуродни меҳр билан улуғлаган.
Жаҳон адабиётида бундай мумтоз асар, афсуски, камдан-кам.
Ўзингиз ўйланг, агар шу асар бўлмаганида, Ҳожимуродни ўз халқидан бўлак яна ким билар эди? Толстойнинг шарофати билан бугун бутун жаҳон чечен ўғлонини зулмга қарши ёвқур курашчи деб билади, Жалолиддин Мангуберди каби унинг баҳодирлиги юракларга олов солиб, инсон шаънини шарафга буркаб туради. Ва худди сиз билан биз каби, Озодликни қадрлаган инсонки бор, мудом уни эсга олиб, юрагида эъзозлаб-ардоқлаб яшайди.
Адабиётнинг қудрати мана шунда!
Толстой қандай қилиб бунга муваффақ бўлди?
У одам авлодини, унинг эрки ва иймон-эътиқодини чекли миллий манфаатдан баланд эканини унутган эмас. Унинг мумтоз асарларини, айниқса, император билан рус проваслав черкови патриархига ёзган хатларини бир эсга олинг. Адиб чор ҳукумати Волга ортида яшаётган ва жуда қадим маданиятга эга бўлган халқларни қилич билан бўйсундираётгани, уларга зулм қилаётгани яхшиликка олиб келмаслигини очиқ айтади. Қоралайди. Одамларни Ҳақ йўлидан тўсиш, ёвузликдан эзгулик ва зулматдан зиё сари интилишга монелик қилиш Яратганнинг ғазабига учрайди ва қимматга тушади, дейди.
У, Улуғ Мавло бизни бева-бечораларга ва бир-биримизга зулм-ситам қилиш учун эмас, балки ҳиммат ва мурувват кўрсатиш учун бино этганини қайта-қайта уқтирган.
Шунинг учун бу беқиёс зотни насроний динидан четлатишган! Ва ўша, нодир хатлари юз йил давомида сир сақланган. Гарчи граф бўлса-да, қабри ҳам оддий, бир бева-бечора, бир камбағал деҳқонники каби…
Кўрдингизми, бу мислсиз даҳо эзгулик ва адолатга нечоғлик чанқоқ бўлган. Ҳақни, ҳақиқатни дунё ҳаётидан устун қўйган. Ўткинчи сиёсатга, ҳою ҳавасга маҳлиё бўлиб эмас, балки Ҳақ таоло буюрганича яшаб ўтган. Ва, албатта, ҳаммамизни шунга даъват этган…
Адабиётнинг вазифаси шу!
Улуғлик шунда…

Қайд:
– Она алласи гўдакни ором оғушига олиб, ҳузур-ҳаловат бағишлаб, қандай элитса, Яратганни ёд этмоқ ҳам унинг йўлида сафарбар бўлган мўминни шундай аллалайди. Ва сув юзидаги хас-хашакни тўлқинлар қандай ювиб кетса, худди шундай – унинг дил уммонини чайиб тозалайди.

Фаридуддин Аттор:
– Сув, ҳавони қўй, бутун борлиқ – Худо.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *