• Вт. Фев 11th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат ХУШЕВ: ДАВЛАТ МАСЛАҲАТЧИСИ БЎЛГАН БИРИНЧИ АКАДЕМИК (2)

Май 14, 2015

ДАВЛАТ МАСЛАҲАТЧИСИ БЎЛГАН БИРИНЧИ АКАДЕМИК 

1. 

академик назарШаҳобиддин Зиёмовдан сўнг унинг ўрнига адабиётшунос олим, академик Бахтиёр Назаров (суратда) Президентнинг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди. Унинг Девонга келиши – Ислом Каримов раҳбарлигидаги  янги ҳукуматнинг ўзбек адабиёти вакиллари билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш орзуси билан боғлиқ эди.

Бир пайтлар Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг идеология котиби бўлиб ишлаган Оқил Умрзоқович Салимов, Раъно Ҳабибовна Абдуллаева, Мўтал Ҳошимович Холмуҳамедов, Комил Юсупович Юсуповлар ўтирган  МарказҚўмнинг бешинчи қаватидаги -деразалари Анҳорга қараган кенг ва мўҳташам кабинетда энди сарой вазирлари – Ўзбекистон Президентининг мафкура ишлари бўйича Давлат масалаҳтчиси  этиб тайинланган мустақил давлат мулозимлари    ўтирардилар.

Раҳматли Шаҳобиддин Зиёмов Давлат маслаҳатчиси бўлганида биз каби – кабинет кўрки ва дабдабаларига, мансаб шон шуҳрати ва ас-асаларига унчалик қизиқмасди. Олим одам-да. Ўз касби ва вазифасига муносиб одамлар одатда шундай – камтар ва камсуқум бўлишади.

Бахтиёр Назаров ҳам худди Шаҳобиддин Зиёмов каби инсоф ва диёнатли, ҳалол ва фидойи, истеъдодли ва заҳкаткаш олим. Асли тошкентлик бўлган Бахтиёр Назаровнинг Давлат маслаҳатчиси бўлиб келиш тарихи ҳам жуда қизиқ…

2. 

Михаил Горбачевнинг КПСС Марказий Комитети Бош секретари бўлиб тайинланиши асносида  мамлакатда бошланган қайта қуриш ва ошкоралик  шабадалари Ўзбекистонга ҳам етиб келган муборак кунларнинг бирида Бахтиёр Назаров Тошкентдаги Адабиёт институтига биринчи бор сайлов йўли билан директор этиб тайинланади.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўша – Адабиёт институтига янги директор сайлаш масаласи катта шов шув ва мунозарага сабаб бўлганди. Бунинг сабаби шуки, институтга йигирма йилдан бўён фақат бир одам – академик Матёқуб Қўшжонов раҳбарлик қилиб келди. Агар Москвада бошланган ошкоралик шабадалари ўзбекларга ҳам етиб келмаганида, у киши ҳали вери ўрнини бировга бўшатиб берадиган анойилардан эмас эди.

Институт директорлиги сайловига номзоди қўйилган олимлар ва ёзувчилар сони юзга яқин эди десам, муболаға бўлмас. Бошқалар қаторида – таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафуддинов, профессор Лазиз Қаюмов каби машҳур кишилар ҳам  ўз номзодларини илгари суришган эди.

Йиғилишни Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Вице Президенти, академик Эркин Юсупов олиб борганди. Ўшанда нима бўлди-ю, ошкоралик шарофати билан “Сайла сайла” сиёсати натижасида – олимлар орасида ўзига яраша таниқли бўлса-да, лекин ҳеч кимнинг хаёлида бўлмаган Бахтиёр Назаров  номзоди олдинга сурилди ва ғалаба қилди…

3. 

Ростини айтиш керак, Бахтиёр Назаровнинг Ўзбекистон зиёлилари орасида биринчи маротаба сайлов йўли билан Адабиёт институти директори этиб сайланишида Фанлар Академиясининг, хусусан йиғилишга раислик қилган академик Эркин Юсуповнинг хизмати катта эди.

Истеъдодли шоиримиз Абдулла Ориповнинг: “Омад деганлари дунёда бор гап, Бу ерда ҳар қандай хурофот бекор”, – деб бошланувчи  яхши бир шеъри бор.  Бахтиёр Назаров ҳам омадли олимлардан экан. Ошкоралик боис – Адабиёт институтига директор этиб сайланган бўлса, Мустақиллик шарофати билан – Президентнинг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди. Ўрнига яна бир омадли олим, академик Тўра Мирзони директор этиб қолдириб, ўзи Президент Девонига ишга ўтади.

Бахтиёр Назаровнинг – Президентнинг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланишида ҳам, ажабки, академик Эркин Юсуповнинг бевосита алоқаси бор…

4. 

Мен “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг махсус мухбири сифатида 1989 йилнинг май ойи охирларида  – СССР халқ депутатларининг 1-сеъздини ёритиш учун Москвага сафарбар этилганимда Эркин Юсупов билан биринчи маротаба танишиб, бир неча бор суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган эдим.

СССР халқ депутатлари яшайдиган Кремлнинг шундоққина рўпарасидаги “Россия” меҳмонхонасида академик Эркин Юсуповни – Қашқадарё обкомининг биринчи секретари Ислом Каримов ва Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Аҳмаджон Мухторовлар даврасида  тез тез кўриб турардим.

30 май куни бошланган анжуман 12 июнда якунланди.

Орадан бир ой ўтар ўтмас 1989 йилнинг 23 июнь куни Ислом Каримов Ўзбекистоннинг янги биринчи раҳбари этиб тайинланади. Мен – ҳаётимнинг энг ёруғ ва ўчмас хотирасига айланиб қолган ўша унутилмас тарихий кунлар  ҳақида  иккинчи китобнинг дастлабки бобларида баҳоли қудрат ҳикоя қилганман.

Демоқчи бўлганим шуки, академик Эркин Юсупов Ислом Каримов билан аввалдан яхши ва дўстона муносабатда бўлган. Шунинг учун ҳам Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келганидан кейин академик дўстининг кадрлар бобидаги таклиф ва тавсияларига алоҳида эътибор билан қараган.

Бахтиёр Назаровнинг Давлат масалаҳтчиси этиб тайинланишини  —  Президент Ислом Каримов билан академик Эркин Юсупов орасидаги ана шундай яқин ва дўстона муносабатнинг энг яхши ва самарали ютуқларидан бири деб баҳолашни истардим…

5. 

Шу ўринда икки оғиз сўз академик Эркин Юсуповнинг ўзи ҳақида.

Эркин Юсупов – Ўзбекистон Фанлар Академиясининг биринчи Вице Президенти ва СССР Олий Советининг депутати эди. Бахтиёр Назаровни Адабиёт институтига директор қилиб тайинлаганидан сўнг, у кишининг ўзлари ҳам ТошДУ га ректор бўлиб ишга ўтдилар.

Эркин Юсупов ҳалол ва адолатли инсон сифатида Ўзбекистон зиёлилари ва илм фан аҳли орасида академик Иброҳим Мўминовдан кейин алоҳида ўрин тутган, юксак мавқе ва нуфузга эга бўлган бетакрор олим эди.

Яна шуни таъкидлашни истардимки, Эркин Юсупов Ўзбекистондан -академик Обид Содиқовдан кейин иккинчи бўлиб СССР Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган эдилар…

6.

Ана шундай таниқли  академик тавсияси билан Бахтиёр Назаров  адабиёт ва маънавият бўйича Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланади. Бахтиёр Назаров юқорида айтганимиздек собиқ Марказқўмнинг бешинчи қаватида – Шаҳобиддин Зиёмов ўтирган машҳур кабинетда ўз фаолиятини олиб борди.

Лекин унинг бу лавозимдаги фаолияти узоқ давом этмади. У бошқарган соҳаларни Президентнинг кадрлар сиёсати билан шуғулланувчи Мавлон Умрзоқов ўзига қўшиб олганидан сўнг, Бахтиёр Назаров 1992 йилдан эътиборан – Олий таълим вазирининг биринчи ўринбосари этиб Девондан четлатилади. Сўнг бу ердан ўзи бир пайтлар директорлик қилган Адабиёт институтининг секторига мудир бўлиб ишга ўтади…

Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.

Кечагина Ўзбекистон Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлган академик, энди Фанлар Академияси қошидаги Адабиёт институтининг   оддий бир институтига сектор мудири бўлиб ишлай бошлайди…

7. 

Бахтиёр Назаров ва бошқаларнинг академиклиги  ва умуман Фанлар Академияси ҳақида гап кетганида яна бир мулоҳаза борки, фурсатдан фойдаланиб уни ҳам айтиб ўтишим керак.

Ислом Каримов раҳбарлиги даврида Ўзбекистонда жуда кўп тарихий воқеалар бўлди, буни инкор этолмаймиз. Лекин шу билан бирга,  баъзан тарихда бўлмаган шундай воқеалар ҳам бўлдики, булар ҳақида ҳам гапирмай ўтолмаймиз.

Ана шундай воқеалардан бири – Ўзбекистондаги барча академикликка номзодларнинг бира тўла Академик этиб сайлангани бўлди. Ўзбекистон янги раҳбарининг истак ва хоҳиши билан барча аъзо ва аъзоликка номзодлар бир юмалаб – Академик фахрий унвонига сазовор бўлишди.

Шу шу – Ўзбекистон Фанлар Академияси билан ҳеч ким ҳисоблашмай қўйди. Унинг олдинги обрў эътибори ва нуфузига кўз тегди, ундан путур кетди. 1994 йилдан бўён Фанлар Академиясининг умумий йиғилиши чақирилмайди, сайлов ўтказилмайди. Бу дегани – бирорта ҳам ёш олим, мана салкам йигирма йилдирки – илмий унвон олиш имкониятидан маҳрум, Академиклар сафига кириб боролмайди…

8.

Шуҳрат Эгамбердиев деган истеъдодли олим йигирма йилдан бўён Тошкентдаги Астрономия илмий-текшириш институти директори. Ломоносов номидаги Москва Давлат университетини имтиёзли диплом билан битирган бу қобилиятли ва салоҳиятли олим шу давр мобайнида институтни  жаҳон миқёсига олиб чиқди.

Дунё олимлари Тошкент Астрономия институти билан ҳисоблашадиган бўлишди.

Кейинги йилларда кашф этилган дунёдаги бир нечта янги юлдуз ва планеталар Улуғбек, Самарқанд деган – биз учун азиз ва қадрдон бўлган номлар билан аталди. Жаҳон миқёсидаги бу илмий изланиш ва кашфиётларда институт директори Шуҳрат Эгамбердиевнинг хизмати чексиз.

Лекин ажабки, юқорида келтирилган – “тарихда бўлмаган” сабаблар боис шундай довруғли олим ҳам Ўзбекистон Фанлар Академияснинг илмий ҳайъатида то ҳануз ўз муносиб ўрнига эга эмас…

9. 

Майли, яна ўз мавзуимизга – Давлат маслаҳатчиси бўлган биринчи академик Бахтиёр Назаровнинг кейинги тақдирига қайтсак.

Бахтиёр ака юқорида айтганимиздек, очиқ кўнгил ва самимий, дилкаш одам. Шу билан бирга – атоқли ва эл суйган адабиётшунос олим, академик бўлишига қарамай ниҳоятда камтар ва камсуқум инсон.

Лекин таниқли ва машҳур кишилар учун ўта камтарлик ҳам баъзан ортиқчалик қиларкан.  Олим одамда, хусусан адабиёт оламидаги зукко ва теран таҳлилчига эътиқод ва принцип ҳам керак экан.

Адабиёт институтида сектор мудири бўлиб қолган собиқ давлат мулозими кейинги йилларда ўзбек адабиёти ҳақидаги бир қатор йирик тадқиқотлари билан бирга баъзи принципсизликларга ҳам йўл қўйди.

Масалан, Бахтиёр ака кейинги пайтда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Алининг муаллифга ҳалитдан жуда кўп эътироз ва маломатлар олиб келиши кутилаётган Темур ҳақидаги трилогиясини кўкларга кўтариб мақташ билан овора.

Ўзбек адабиётининг теран таҳлилчиси, истеъдодли академикнинг бу принципсизлиги уни яхши билган шогирдлари, мухлис ва муштарийлари, сон-саноқсиз ўқувчилари томонидан ажиб бир ҳайрат ва ҳасратлар билан кутиб олинди.   

Бир пайтлар буюк Ойбек ижодини ғоят мукаммал таҳлил қилиб, юксак эътиқод ва принципиаллиги билан танилган Бахтиёр ака бугун ўзлари бир томон, бошқалар бир томон –  Муҳаммад Али трилогияси тарғиботчиси бўлиб қолдилар.

Ўз адабий салоҳияти билан  адабиёт майдонидаги фидокорона “жанг”да яхши танилган академик Назаров кун ора радио ё телевизорга чиқиб, Амир Темур трилогиясини – дунёдаги энг буюк трилогиялар сафида дебган даъво билан овора.

Биз бу тарғиботга қарши эмасмиз – фақат арзиса майли эди…

10. 

Адолат билан айтганда, биз рости, мустақиллик йилларида  адабиётимиз гуриллайди – гуллаб яшнайди деб ўйлаган эдик.

Лекин ажабки, раҳматли Барот Бойқобилов Навоий мукофотини олиб, Навоий ижодини йўқ қилгани каби, энди Муҳаммад Али ҳам унинг йўлидан бориб, Амир Темур ҳақидаги трилогиясини тан олдириш билан овора.

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ва сурхондарёлик ижодкор Жовли Хушбоқдан бошқа ҳеч ким бу ҳақда рост гапни айтишга журъат этолмади.  Рост гапни айтишгани учун эса бу икки ижодкорни Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг ҳозирча “қудратли” раиси  Муҳаммад Али аллақачон ўз “қора рўйхати”га тиркаб улгурди.

Майли, Муҳаммад Алининг бу қасоскорлиги ўз йўлига. Ўзига ва ўз кучига ишонмаган, ожиз ва истеъдодсиз кишилар  ҳамиша қасос олишга ўч бўлишади. Лекин ўзбек адабиётининг зукко билимдони, бетакрор мунаққид Бахтиёр Назаровни нима жин урди, бу енгил обрў у кишига нима учун керак бўлди?

Истеъдодли олим учун бу – ғоятда ножоиз, илмий қуёшининг ботаётган пайтидаги энг ғариб ва аянчли ҳолатидир.

Ҳолбуки, яна бир бор такрорлашни истардим: Бахтиёр Назаровнинг илмий салоҳияти ниҳоятда баланд. Лекин ҳақиқий олим учун булар камлик қиларкан. Унда эътиқод ва принцип ҳам бўлиши лозим экан.

Ўзбек адабиёти мухлислари академик олим, ажойиб инсон Бахтиёр Назаровдан ўзбек адабиёти равнақи йўлида ҳали кўп нарсалар кутишга ҳақлидирлар…

бахти назар ва исмоил

Суратда: Академик Бахтиёр Назаров (ўртада) бир гуруҳ ижодкорлар билан

3 комментария к «Исмат ХУШЕВ: ДАВЛАТ МАСЛАҲАТЧИСИ БЎЛГАН БИРИНЧИ АКАДЕМИК (2)»
  1. Б. Назаров хакидаги маколангдан: «Майли, яна ўз мавзуимизга – Биринчи рақамли Давлат маслаҳатчиси бўлган академик Бахтиёр Назаровнинг кейинги тақдирига қайтсак.» Савол тугилади: «Хуш, биринчи ракамли Давлат маслахатчиси Зиемовми йоки Назаровми?»

  2. Men Baxtiyor akani yaxshi taniyman.
    Men Uzbekiston Fanlar Akademiyasi mukofotini olganimda (1978) bu komissiyaning raisi O.Sodiqov, sekretari B.Nazarov edi. U kishi u paytlar UzFA prezidiumida ishlardi.
    Bizning laureatlik unvonini UzFA birinchi vise-presidenti (mening ilmiy rahbarim) akademik S,Rijov, fan nomzodi B.Nazarov va aspirant kamina birgalashib YUVGANMIZ.

  3. Ижодкорлар???? Ун томондан биринчи биринчи С.Х. Сирожиддинов, таникли математик. м.з.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *