• Пн. Янв 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

МЕНГА АҚЛ ЎРГАТМАНГ…

Июн 16, 2012
МЕНГА АҚЛ ЎРГАТМАНГ…
МЕНГА АҚЛ ЎРГАТМАНГ…

Баҳром Рўзимуҳаммад

Шоир Хуршид Даврон қаламига мансуб панд-насиҳатларга, тушунтиришларга тўла, охири “… аввал ўйла, кейин сўйла!” деган донишмандона жумлалар билан якунланган мақолани веб-сайтда ўқиб чиқдим.

Мен ва дўстларим бу авлод вакилларининг такаббурлигига, одамни калака қилишларига кўникиб қолганмиз. Бир замонларда уларга боплаб жавоб қайтарганмиз ҳам.

Хуршид Даврон шу кунгача сукут сақлаб, жимгина юриб келди. Жимгина юрганида донишманддек бўлиб кўринаркан. Ва ниҳоят у ҳам ўзини фош қилиб қўйди.

Мана у Европа ҳақида нима деб ёзади: “… Аммо, уларнинг айрим фикр ва мулоҳазалари мени ташвишга солади ва мен, албатта, бу ҳақда ёзишни жуда зарур деб ҳисоблайман.

Мана, сизга “Ўқиб кўринг” деб унинг мақоласидан келтирган иқтибосда ҳам Саломат Вафо ҳақидаги ҳимояномасидаги иддаони бир учи чиқиб турибди, яъни “Европада шундай қилишади”.

Яна ўша дунёни ҳам маънавий, ҳам иқтисодий жиҳатдан жар томон бошлаб бораётган, қанчадан-қанча мусулмон давлатлари бошига бало ёғдираётган, кеча-ю кундуз болалару аёллар қонини тўкаётган ғарбдан ўрганишга даъват. Мен унинг мана шундай “фикр” ларига қарши ёзмоқчиман ўз мақоламни”.
Мусулмончилик хусусидаги гапларни ўқиб ажабландим. Тўғри, мусулмонларни масхаралайдиган гуруҳлар ғарбда топилиб туради. Аммо, ҳозирги вақтда Европа ва АҚШда яшайдиган кўп зиёлилар Ислом динини қабул қилганидан воқифман. Умуман олганда адабиётга динни аралаштирмаган маъқул. Мусулмонларнинг ўзлари қирпичоқ бўлиб ётгани реал факт. Ҳаттоки, Ҳазрати Али халифалик қилган олтин даврларда ҳам булар қон тўкишдан тийилмаганлар.
Ғарб бугунги кунда цивилизация ўчоғига айланган. Жаҳондаги барча миллат зиёлилари шу боис ғарбга интиладилар. Ғарбни четлаб туриб дунё миқёсига чиқаман деб ўйлаган ёзувчи — калтабин ёзувчи. Чингиз Айтматовни жаҳонга кимлар танитди? Французлар эмасми? Ўлжас Сулаймонов ҳам айнан ғарбда довруқ қозонган. Бинобарин, биз ғарбликларга эргашсак жарликларга қуламаймиз, балки чўққиларга чиқамиз.
Ҳа, дарвоқе, бу авлоднинг ғарбдан хавфсирашига совет тарбияси сабабчи бўлган. Улар доимо ўз соясидан чўчиб яшаганлар ва юрагининг тубидаги дардларни тўкиб солишга қийналишган. Эҳтимол шунинг учундир бу авлоднинг бирор вакили ҳаттоки Ҳамид Исмоил билан ҳам тил топиша олган эмас.
“Баҳромнинг баъзан ўйламай, сўйлаши бу мақоласидаям ‘мана ман” деб кўзга ташланиб турибди. Рости гап, унинг Марица Бодрожич ҳақидаги гапларини ўқиб кулиб юбордим. Кулганимга унинг Марица Бодрожич билан танишман деб, шунча нотаниш гапларни ёзгани сабаб бўлди. Энг аввало, Марица Бодрожич хорват шоираси эмас, у бор-йўғи Хорватияда туғилган (1973 йилда) холос. Марица Бодрожич — этник хорват бўлгани билан, у немис адибаси сифатида тан олинган…” деб ёзади Х.Даврон.
Менимча, матндаги “кулиб юбордим” ибораси ноўрин қўлланилган. “Энсам қотди” ёки “ғашим келди” дейилса матнга мос тушарди. Сабаби, оддий нарсага куладиганларни ўзбеклар “жинни” дейишади. Қолаверса, Марица Бодрожичнинг таржимаи ҳолини Хуршид акадан яхшироқ биламан. Мирзаали Акбаров иккаламиз унинг шеърларини ҳамкорликда аслиятдан ўзбек тилига ўгирганмиз. Таржималар вақтли нашрларда босилган. “ХХ аср жаҳон шеърияти” антологиясига киритилган.
Ҳақиқатан, М.Бодрожич — чин маънодаги хорват адибаси ( У асосан насрнавис сифатида танилган). Ўлжас Сулаймоновни рус шоири, деб кўринг-чи, бу таърифингизга қозоқ биродарларимиз қандай жавоб қайтаришаркан?
Х.Давроннинг ғашини келтирган мақоламни мен қизларга ёқиш учун ёзмаганман. Аёлларга ёқишни ўйлаган кишининг мақола ёзиши ҳам шарт эмас. Умуман, адабиёт олами ахлатхонасидан ўрин оладиган бу хилдаги қочиримларни мен хуш кўрмайман.
Хўш, мен нима демоқчиман? Ҳозирги даврда аёл ёзувчиларимиз, дейлик, Зулфияхоним даражасида қадрланмаяпти. Уларнинг икки нафарини Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига номзод сифатида тавсия қилган эдик, рўйхатга олишмади. Худди шу каби аёл ёзувчиларимизнинг асарларини инглиз тилига таржима қилиш масаласида ҳам ҳаракат бўлди. “Гулистон” журнали қошида ташкил этилган Таржимонлар клубида бир қатор ишларни амалга оширганмиз. Аммо, клуб ҳеч қандай изоҳларсиз ёпиб қўйилди.
Тожиклар Гулрухсорни қандай қадрлашяпти? Биз эса майда-чуйда гаплар, қочиримлар билан машғулмиз. Адабиёт тақдири тўғрисида ўйлашга шу боис вақтимиз камлик қиляпти. Мана келаси йилда устоз Рауф Парфи таваллудига етмиш йил тўлади. Ўзини Р.Парфининг хос шогирди ҳисоблайдиган Хуршид Даврон бу хусусда ўйлаб ҳам кўрмагандир?
Хуллас, менга ақл ўргатманг. Нимани ёзиш кераклигини ўзим биламан. Истеҳзо аралаш муносабатлар яна давом этаверса, калака қилиш ҳам қўлимдан келади. Яхшиси жанжалдан нари юрайлик. Кўнгил кирларини ювишга чоғланган Сўз кишиларимиз-ку ахир?!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *