Баҳром Рўзимуҳаммад
Қўрқмайман. Бу фалак чархласа чархин,
Дунё жим ортимдан тушганида ҳам.
Фақат шеър ёзаман.
Яна бир айбим —
Одамларни яхши кўраман!
Хосият Рустамова
Яқинда ёзувчи Ғаффор Ҳотам қаламига мансуб “Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон” номли асарни ўқиб чиқдим. Кўп қинғирликларни фош этибди. Билмадим, нима дейиш мумкин? Хўп, майли. Мен Ўзбекистонда кичкинагина бир одамман. Бинобарин, қозилик қилмоқчи эмасман.
Назаримда Ғаффор ака гўзал шоира Хосият Рустамова шаънига ножоиз таърифларни билдираётгандек. Бунинг асл сабабини ҳеч тушуна олмадим.
Хосият — тез ўсиб бораётган шоира. Унинг шеърларини биринчи бор 2001 йилда ўқиганман. Мазмунан бўшроқ эди. Бирданига кучайди. “Ишғол”,”40-О” номли китобларини ўқидим. Лол қолдим! Бетакрор услуб. Шеърлари қаватларидан булоқ суви тиниқлиги уфуриб турибди. Битикларни ўқиганинг сайин шодланасан. Муаллиф шахсиятига ҳурматинг ошади.
Шундай кучли шоирани Ғаффор Ҳотам ҳайвонга менгзабди: “Эр-хотин ( Қўчқор Норқобил ва Хосият Рустамова. Муаллиф изоҳи) , уч-тўрт қадам нарида, икки оёқда турган юмронқозиқдай кулиб турипти…” ( Ғаффор Ҳотам. “ Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон”, 14- бет).
Мени ҳам кўп ҳақоратлашган, таҳқирлашган. Шахсиятим хусусида инсон зоти бардош бера олмайдиган даражадаги миш-мишларни тарқатишган. Қандайдир тушунмовчиликлар учун ўч олишмоқчи эди. Ҳукм Худодан, деб ўйлаганман. ( Суд бўлган вақтларимда). Эркак одам чидайди ёки муштини ишга солади. Бироқ, аёл — ожиза. У фақат йиғлаб билади, холос. Бинобарин, ҳақиқий эркак аёл кишини ҳақорат қилмайди. Мен шундай деб ўйлайман.
Биз Саломат Вафо, Ҳалима Аҳмедова, Хосият Рустамова, Гўзал Бегим, Ойдиннисо каби ёзувчи ва шоираларимизнинг қадрига етмаяпмиз. Буларга Давлат мукофотини бериш керак. Буларни халқаро Нобель мукофотига тавсия қилмоқ лозим.
Европада шундай қилишади. Бир мисол. Хорват шоираси Марица Бодрожичнинг илк китоби 2002 йилда чиққан. У беш йил ичида жаҳон миқёсида танилди. 2007 йил эрта кўкламида Тошкентга келган. Танишганмиз.
Ўндан зиёд мукофотлар билан тақдирланибди. Германияда! Немислар бутунлай бошқа миллатга мансуб ёзувчини ардоқлашган. Саломат, Ҳалима, Хосият, Гўзал, Ойдиннисо — булар топ-тоза ўзбеклар. Уларнинг қадрига етишимиз даркор.
Ҳозирги кунда Марица Австралияда ялло қилиб юрибди. Кенгуруларни томоша қиляпти. Бизнинг шоиралар эса ўз китобларини орқалаб вилоятларга зўрға бориб келишади.
Хосиятни кўринг. У тўғрисида минг истиҳола билан “Ранг орқали ичкарига” сарлавҳали мақола ёзиб, “Гулистон” журналида эълон қилдирдим. “Нимага Хосиятни кўкларга чиқардингиз ?!” — деб юзимга айтишди.
Ана энди ғийбат қозони қайнайди, деб турганимда Қўчқор рўпара бўлди. “Ўқидим келинингиз ҳақидаги мақолани. Раҳмат, ака!” деди Қўчқор Норқобил.
Адабиёт осмонида янги юлдуз порлаши — оламшумул ҳодиса. Ҳар доим ҳам шундай бўлавермайди. Бинобарин, Хосият Рустамова каби ўз дунёсини кашф этишга чоғланган ижодкорлар ташрифини қутлашимиз жоиз.
У ўзбек назмига шаффоф нафас олиб кирди. Худди шунингдек, замонавий насримиз истеҳзо аралаш талқинлардан холи бўлмоқда. Ана ўша қалам соҳиблари адабиётни тозартиради. Булар билан гаплашмоқ керак.
Олифтагарчиликлар, аллақачон тарихга айланган, ланж, бурунлари осмонга кўтарилган ёзувчилар суҳбати, хусусан, ёшлар журналида чоп этилса ўқувчини ранжитади, дилини сиёҳ қилади.
Бунинг ўрнига,дейлик, Аҳмад Аъзам, Олим Отахон сингари айни жараёнда иштирок этаётган, янги йўналишларга хайрихоҳ адиблар гурунгги чоп этилса миллий адабиётимиз ривожига ҳисса сифатида қўшилиши тайин.
Ахир биз йигирма биринчи асрда яшаяпмиз-ку? Ҳадеб ортга қарайвериш шартмикан? Бугунги кун ва келажак ҳақида ҳам ўйлайлик, қайғурайлик! Бадиий нашрларимизнинг даражасини кўтарайлик. Мана, кейинги пайтларда “Китоб дунёси” газетаси жонланди. Авваллари мавжудлиги ҳам билинмасди.
Таҳририят жаҳон миқёсида довруқ қозонган Евгений Евтушенко, Ўлжас Сулаймон каби шоирлар билан янги аср муаммолари мавзусида мулоқот уюштиришди. Ойда бир чиқадиган ушбу газета мамлакатимизнинг ҳар мактабига, лицей, коллежига биттадан бўлса-да етиб борса қандай яхши бўларди?
Мактаб болалари, лицей, коллеж талабалари бугунги кун адабиётидан қарийб бехабардирлар. Айниқса, пойтахтдан олисдаги туманларда.
Шу газетани Қўчқор Норқобил, Хосият Рустамова, Дилором Маткаримова каби фидойи ижодкорлар жонлантиришмоқда.
Хуллас, Хосият — юмронқозиқ эмас, адабиётимиз қасри чўққисига қўниб турган Бахт Қуши!
Баҳром РЎЗИМУҲАММАД
2 июнь, соат 11.00. 2012 йил.