7. Сирдарё бўйида
Бир гал, Сирдарё бўйида Одил Ёқубовни зимдан кузатганман.
У дарёдан чиқиб келиб, қумлоқ соҳилда ўтирган ва шунда хамир қориётган кампир каби букчайиб қолган.
Умр бўйи ўмганини столга бериб, ёзиш-чизишдан ортмаган одам шундай ҳолатга киради.
Гегел:
– Ақлга мувофиқ нарса воқе бўлади, воқе нарса ақлга мувофиқдир.
8. Энг кўркам таъриф
– Биз ёзувчиларни авлодларга бўламиз, – деган эди Назир Сафаров адиб таваллудининг эллик йиллигида. – Куни кеча эди, Одилнинг аскар гимнастёркасида Уюшмага кириб келгани. У биздан ҳам, Асқадлардан ҳам кичик, лекин сафимизни ёриб, ҳаммадан олдинга ўтиб кетди.
Мен яқинда унинг «Диёнат» романини ўқидим. Ё тавба, шуни ўзимизнинг Одил ёздими, дейман, ўша қорачадан келган аскар бола-я?
Ҳа, Одил ёзди, шу – ўзимизнинг Одил!..
Ўша кезлар шаҳар газетасида Ўткир Ҳошимов билан бирга ишлардик, эртаси куни у айтган биринчи гап шу бўлдики: – Кеча чол қовун туширди!
Кечаси билан шуни ўйлаб, ухламай чиққан, шекилли, деб ўйладим мен, лекин индамадим.
Одил Ёқубов, қудратли асар балқиб чиқса, ҳатто ёшларнинг ҳам ғайирлиги келади, деган эди, шу фикр хаёлимдан ўтди. Афтидан, Ўткир Ҳошимов буни фаҳмлади.
– “Улуғбек хазинаси” билан “Уфқ”ни синчиклаб ўқиб чиқдим, – деди у, хиёл сергак тортиб. – “Хазина” жуда чуқур асар, “Уфқ”да ёзувчи олиб қочган ўринлар анча!
Ўша йили бу икки асар республика давлат мукофотига қўйилган эди, Ўткир Ҳошимов шу муносабат билан уларни мутолаа қилган ва бир нима ёзган, чоғи.
Қаранг, шундан буён қанча сувлар оқиб ўтди, замон ўзгарди, ҳатто ўша мукофотнинг номи ўчиб кетди.
Саид Аҳмад эса, орқа-олдига қарамай, ҳамон опқочади, аввалига ўша, гувала кулбаси устида яна икки қават бино тиклади, кейин унга европача пардоз берди ва кўзларни шамғалат қилиб, осмондаги юлдузни ҳам бенарвон урди. Лекин мен бир нарсадан қўрқаман, Қодир Эгам кўрсатмасин, зилзила қўпса ёки қаттиқ жала қуйса, нима бўлади? Унинг кулбасини сел ювиб, расвойи жаҳон қилмайдими?!
Шундай бўлади, ҳали, кўрасиз!..
Менинг билишимча, Одил Ёқубовга нисбат бериб, энг кўркам таърифни Абдулла Орипов айтган.
Мумтоз шоир катта бир анжуманда:
– Одил Ёқубов шундоқ бизнинг кўз олдимизда муҳташам чинорга айланди! – деган…
Мустай Карим:
– Одил, сиз ғоятда теран ва салмоқли асар яратибсиз. Унда, вақт нуқтаи назаридан, тарихнинг бурилиш нуқтаси олинган ва бу – бутун бир даврни чуқур очиб беришга замин яратган.
Мен китобингизни мароқ билан ўқидим. У ақлдан нур эмган қудратли роман. Ва мени қаттиқ ларзага солди.
Тарихий асарнинг вазифаси – ўтмишни ҳаққоний ёритган ҳолда, одамларни шундан сабоқ чиқаришга, ҳақ йўлда оқилона яшашга ундашдан иборат.
«Улуғбек хазинаси» ана шу фазилати билан қадр-қимматга эга асарлар сирасига киради.
Усмон Қўчқор:
– Бошингни кўтарсанг, минорга етар…