• Пн. Янв 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов шув бўлаётган асаридан боблар (9)

Июн 17, 2012
Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов шув бўлаётган асаридан боблар (9)
Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов шув бўлаётган асаридан боблар (9)

9. «Жаноби Олийлари, филингиз!..»

1.
Ўтганларни яхши сифатлар билан эсламоқ керак дейдилар. Лекин ўша сифатнинг ўзи бўлмаса-чи?

Агар, малол келмаса, кечаси чиқиб, юлдузлар ғужғон ўйнаган фалакка бир разм солинг. Дубъи Акбар билан қорачироқ тенг бўладими? Сассиқ алаф билан новвот-узум солган ҳусайни баробар бўладими?

Яратганнинг марҳаматини оламга ёйган Расули акрам билан унинг авлоду зурриёдини қиличдан ўтказган лаънати Язид тенг бўладими, баробар бўладими?!

Қочган ҳам: “Ё Рабб!” – дейди, қувган ҳам.

Ва яна, ҳаммаси Оллоҳдан, деб қўяди. Ҳолбуки, Қуръони Каримда оламларни яратган Зот айтадики, (Эй одамзод,) сенга қандай яхшилик етган бўлса, Оллоҳдандир, қандай ёмонлик етган бўлса, қилмишингдандир.

Қишнинг ёғин-сочин кунлари. Қўққисдан Пирмат Шермуҳамедов телефон қилиб, Уюшмада йиғин бўлганини, унда Одил Ёқубов Лазиз Пўлатович билан ёмон “ташлашиб” қолганини айтди.

– Ҳамма бало шундаки, Одил ака вазиятни билмайди, – деди мунаққид. – Домла Уюшмага Ўлмасни олиб келмоқчи. Менимча, у Азимовга тикка ташлай олмади, шунинг учун адабиёт газетасини “тепиб” ўтди. Одил ака эса, коса тагидаги нимкосадан бехабар, сен кимсан ўзи, йигирма йил бадалида газетага “ўтирдинг”, яна бугун қозилик қиласан, деб тикка ташлади. Домла ёниб кетди. Кўчага чиққач, мен буни партиядан ўчиртириб, ишдан ҳайдатаман, деди. Бу, қуруқ замзама эмас, Усмонхўжаев билан у жуда яқин! Шунинг учун ўдағайлаяпти! Ўзининг «пешка»ларини олдинга сураяпти! Қандай бўлмасин, Одил акага шуни сездириб қўйиш керак! Эҳтиёт бўлсин! Ҳа, айтмоқчи, ҳали ўзингиз ҳам домла билан ишлаб қоласизми!..
Ақлни шоширадиган хабар эди, бу.
Саксон биринчи йилнинг апрелида «Ўзбекистон маданияти» деган сийқа газета барҳам топди, адабиёт ва санъат ҳафталиги чиқа бошлади, шу бир баҳона бўлди-ю, Қаюмов четга суриб қўйилди.
Ўшанда у кўч-кўронини «Волга»га юклаб бўлгач, таҳририят биноси олдида, гезариб-бўзариб, чидолмасдан муштини осмонга дўлайтирган ва, ҳали шошмай тур, мен сенларга кўрсатиб қўяман, деб ўшқирган, шунда унинг заҳил юзи қўрқинчли буришиб кетган.
Буни мен ўз кўзим билан кўрганман.
Шундан сўнг домла сувга тушган тошдай изсиз йўқолди, ишонсангиз, буткул унутилди. Аммо кеча, кечқурун, ҳеч кутилмаганда у телевизор экранида, яна Эркин Воҳидов билан Омон Матжон қуршовида ҳозир бўлди. Икки шоир уни оқ ювиб, оқ таради.
Демак, бу тақдимот маросими экан!..
Географияда
бундай
янгилик!..
Кечқурун, Аҳмад Отабоев билан адибнинг уйига ўтдик. Гапнинг оёғи бор. «Қанотли» янгилик биздан олдин етиб келган, шекилли, Одил ака жуда хомуш ва асабий эди. У биз билан, одатдагидек, ҳазил-мутойиба қилиб, чақчақлашиб ўтирди, аммо ич-ичидан зил кетгани шундоқ сезилиб турар эди. Шу боис, сиёсий вазиятдаги ўзгаришдан гап очмай қўя қолдик.
Қайтишда мен, боя кўзим тушган, пешайвон токчасида турган китобларни варақлаб кўрдим. Улар «Улуғбек хазинаси»нинг хорижда чиққан янги нашрлари эди. Улар орасида Олмониянинг «Янги олам» журнали бўлиб, ўша сони тўлиқ Одил Ёқубов ва унинг романи, Мирзо Улуғбек ва оқсоч Самарқанд ҳақида эди, яна кўркам суратлар беришган.
– Мен шуларни бир кўрсам, майлими, Одил ака? Эртага қайтариб олиб келаман!
– Олинг, олинг, – деди адиб, қандайдир синиқ ва шикаста овозда. – Ҳали ўзим ҳам тузук-қуруқ кўрганим йўқ. Шуям юракка сиғмади.
Мана шунинг ўзи ҳам вазият тангу тор эканини англатиб турарди.
Биз хайрлашиб кўчага чиқдик.
Ҳаво юмшаган, майдалаб ёмғир ёғар эди.
Аҳмад журнални қўлига олди.
– Менинг бир танишим бор, – деди у. – Олмон тили бўйича мутахассис. Ҳеч бўлмаса, энг керакли жойини таржима қилиб берсин!
Унинг фикри жўяли эди. Таржимани тайёрлаб, ҳатто газетада чиқариш мумкин.
Шундай қилиб, ўша материалнинг бир қисми таржима қилинди. Шунинг ўзи ҳам газетанинг ярим саҳифасини олди.
Олмон адиби Ҳелмут Цемки «Улуғбек хазинаси»ни ўқиб чиққач, Ўзбекистонга келгани, афсонавий Самарқандни айланиб, Улуғбекнинг хоки покини зиёрат қилгани ҳақида ёниқ бир самимият билан ҳикоя қилган эди .
Мен зудлик билан уни кўчиртирдим. Мақсуд Қориев ҳам уни қучоқ очиб кутиб олди. Чамаси, балони билади, амалини сақлаб қолиши учун бу сув билан ҳаводек зарур. Шу боис мақола ярим саҳифа бўлиб, партиянинг “отахон” газетасида ловуллаб чиқиб кетди!
Ҳали бунинг шов-шуви босилмай туриб, «Улуғбек хазина»си кейинги йилларда ўн беш тилда чиққани ҳақида, ўша китоблар расми билан яна бир неча хабар бердик.
Шу билан олам сув қуйгандек тинчиди-қолди.
Манфаатлар кесишуви дегани шу!
Лекин, орадан ўн бир ой ўтгач, йил оёқлаган вақтда, муҳаррир ўзгарар эмиш, деган миш-миш ивирсиди. Худди ўша кунлар қандайдир бир бош мақола чоп этилди. Унда ЦэКа ишдан олмоқчи бўлган бир академик мақталган экан. Шу баҳона бўлди-ю, кўпдан таҳдид солиб келган ташкилий масала қалқиб юзага чиқди ва умуммажлис чақирилди.
Мана, ҳайъатда ЦэКанинг секретари, яна ЦэКанинг бўлим мудири ва чап қанотда Лазиз Пўлатович ўтирибди. Ғалати. Кутасан-кутасан, ҳеч вақо бўлмайди. Бирдан ҳал қилувчи сония етиб келади ва у кўз юмиб-очгунча ҳамма ёқни остин-устин қилиб ташлайди…
Одамларни оғир юк босган. Ҳатто “темир хотин” Раъно Ҳабибовна ҳам, чуқур ҳаяжон ва саросима билан гапни жуда узоқдан бошлади.
Катта бир газета, йирик жамоа. Қолаверса, Мақсуд Қориев «мусичаю беозор», айби шуки, шу лавозимда ўтирибди, яна у жамоага йигирма йил раҳбарлик қилган, мендан бошқа бегона йўқ! Кимдир-биров ўрнидан туриб, ахир, домла яқинда ишдан четлатилган эди-ку, унинг кимлигини ҳамма яхши билади ёки ХVI пленум оқизган кўз ёшларга чўмилиб, фаришта бўлиб олдими, дейиши ҳеч гап эмас!
Бу дунёда нималар бўлмайди, ахир!
Ким ўйлабди, кеча «урилган-сурилган» одам, бугун илгаргидан юз чандон баланд жойга, “отахон” газетага раҳбар бўлиб келади, деб!..
Раъно Ҳабибовна чайналиб, узоқ гапирди. Ниҳоят, мақсадга ўтиб, «Мана, сизларга янги раҳбар…» деди, худди шу маҳал, бўғилиб кетган эканми, домла ирғиб ўрнидан турди ва опанинг гапини бўлиб, мен бу жамоанинг ярмини ўзи ўқитганман, деди, кейин:
– Жиринг-жиринг-жиринг! – деб беписанд жеркинди. – Қўнғироқ чалинди! Қани, болалар, ҳамма дарсга! Хона-хонангга бориб, ишинг билан шуғуллан!
Қойилмисиз?
Ишонсангиз, дунёга келиб, бунақасини кўрган эмасман!
Рост, орадан кўп сувлар оқиб ўтгач, 2011 йилнинг 15 февралида ливияликлар полковник Каддафийга қарши қўзғалди. Ва “Евроньюс”: – Истеъфо берасизми? – деб ундан сўради. Шунда у айтган гапга, очиғи, қойил қолганман. Қонхўр нима деди денг. Аввалига ҳайрон бўлиб, расамадини келтириб қанотини ёйди, сўнг: – Мен Қондош Доҳий бўлсам, – деди кифтини келтириб. – Доҳий қандай қилиб истеъфо беради?!
Чиндан ҳам шундай эмасми?
У доҳий бўлса!
Доҳий қандай қилиб истеъфо беради?!
Бу – мумкин эмас!
Қойилмисиз?!
Кейин у ҳали инқилоб давом этаётганини таъкидлади ва: – Бундай вазиятда ҳокимиятни ташлаб кетиш хиёнат бўлади! – деди.
Кўраяпсизми, амалпараст нималарни ўйлаб топмайди!
У ўзини “Қондош Доҳий ва Инқилоб Раҳнамоси” деб эълон қилган! 1969 йилнинг 1 сентябрида. Шундан буён инқилоб давом этаётир. Шундан буён мамлакатда ҳарбий ҳолат. Шундан буён халқ тишининг кирини сўриб яшайди. Унинг бўлса, биргина Европа банкларида 200 миллиард доллар жамғармаси бор!..
Муаммар Каддафий деган золим қирқ икки йил ўз қавмининг қонини ичди. Ахийри, пичоқ бориб суякка тақалгач, мазлум бош кўтарди. Шунда у қутуриб, ёлланма каллакесарни ўз эли-улусига қарши ташлади. Етти ой беаёв қирғин қилди. Етти ой қутуриб дунёни бузди. Худдики Ливия онасининг маҳрига тушган, уни хатлаб олган ва хусусийлаштирган!..
Қарангки, халқ узликсиз курашди, кўп қурбон бериб 20 октябрда енгиб чиқди. Қонхўр “доҳий” итдай ўлим топди, барча “доҳий”лар каби!
Бу ёқда одамлар унинг турқига тупурмоқда, у ёқда ўғли, қочқин Соҳиб ал-Ислом талаб солиб баёнот бераётир. Нима эмиш, жангу жадални у давом эттирар эмиш!..
Ҳой, барака топгур, отанг шоҳ эмас, “доҳий” эди, “доҳий”да валиаҳд бўлмайди, дейдиган бир одам йўқ!

2.
Майли, ўтган ишга саловат. Воқеалар ривожидан узилиб кетмайлик. Яна СССРга, ўтган асрнинг 84-йилига, “Совет Ўзбекистони”га қайтайлик! Ўзимизда ҳам Каддафий оз эмас! Улар: “Бизнинг қаеримиз кам?” – деб ўксимасин!
Аслида, бу ёқда ҳам шу гап!
XVI пленум!
Еру осмон ўт ичида! Абдуллаева чопон кийган талабаларни олдига солиб қувиб юрибди! Ит эгасини танимайди! Мана шундай вазиятда домла жиловни маҳкам қўлга олди. Ва шу кундан бошланди тавозеъ ва қутлов, хушомад ва тантанали қабул маросимлари! Қани энди, юриб бўлса ва на ишлаб…
Вей, бу қавм нималарни ўйлаб топмайди, а?!
Ма-а қвотсан, дейдиган бир ўктам йўқ.
1918 йили Ленин шўравийлар иттифоқини яхлит бир ҳарбий лагер деб эълон қилади, қизил террор жорий этиб, оқ интервентлар ва шубҳа остига олинган кимсалар аяб ўтирилмасин, шартта манглайидан отиб ташлансин деб буйруқ беради. Худди шунга ўхшаб, домла ҳам, орадан қарийб етмиш йил ўтгач, бу идора – ярим ҳарбий идора, деди ва темир интизом жорий қилди. Кимда-ким бирон жойга борар бўлса, ҳатто ишдан кейин, дейлик, ярим кечаси, албатта ўша манзил ва унинг телефонини «Қайд» дафтарига ёзиб кетиши шарт. Қулоғингни қимирлатсанг, шубҳа остига олинасан! Ва яна, хотин-қизларнинг жисмоний тарбияси қатъий йўлга қўйилди. Улар соат ўнда, фойеда йиғилади ва спорт бўлими мудири бошчилигида энкайиб-тўнқайишни бошлайди. Эътибор Охунова дейсизми, Дилбар Маҳмудова дейсизми…
Ҳар бир хотин, уйида қўлини совуқ сувга урмайди, лекин…
… илож йўқ. Шубҳа остига олинади!
Фойенинг у четида эса, ўриндиқда – қутловчилар, улар қўл қовуштириб, зимдан жувонларнинг бўлиқ сонига кўз югуртиради.
Нима қилсин? Зерикиб кетган.
Эрталабдан буён сарғайиб ўтирибди. Бир кўриниб қўймаса, бўлмайди. Ҳаётнинг ёзилмаган қонунияти шундай. Каттанинг яқини Каттадан ёмон. Ўзини кўрсатиб қўйиш учун ҳам қовуриб ташлайди. Бундай қилвирликка Каттанинг ҳам суяги йўқ. Нима қилсин? Қолиб кетаётган иши бўлмаса!
Эрмак-дэ!
Хуллас, домла банд!
У шундан нашъа қилади. «Шогирдка»си билан эзилишиб-ҳиринглашиб ўтиради, одамлар ўзини учига чиққан хотинбоз дейишини истайди, вақти-вақти билан хуфялар кириб, ташқаридаги сиёсий вазиятдан огоҳ этиб туради.
Бутун бир империя!
Кутади-да, керак бўлса, қани кетиб кўрсин-чи! Уйини топиб бора олармикан, кейин!
Нимасини айтасиз? Нималар бўлмаган, ўшанда!
Партия турмуши бўлимининг ходими Абдукарим Раҳимбердиев домла иш бошлаган куни тоғли туманда, хизмат сафарида бўлган. Қориевнинг эркаси эди, шунга орқа қилиб ўзбошимчалик билан сафарга Янги йилни улаб юборган. Бир кун келди, яллама-ёримни варанг қўйиб, қараса, дунё тескари айланиб ётибди, ҳали жойига келган эмас…
Сиёсий аҳволни унга тушунтирдик.
Қориев капут, хайл Қаюмов!
У шоша-пиша қабулга кирди, табриклаш учун! Аммо Қаюмов оғиз очгани қўймади.
Тўғри-да, бир одам гапиради, ҳамма валдирайверадими?
У тик оёқда, домла – креслода, бошлаган…
– Тата-тата-тат, тата-тат, тата-тат!..
Булбулигўё!
Унинг бир манаги очилса, бас, кечгача сайрайди! Ҳеч ўзини йиғиб ола олмайди. Эҳтимол, нима деяётганини англаш қийиндир, лекин жағи тинмайди. Шундан завқ олади, қувват олади, майнадай маст бўлиб сайрайди.
Цицерон!
Лекин Цицероннинг гапида туз бўлган, чунки Одам авлодидан, Оллоҳнинг бир бандаси эди, икки оёқда юрган.
Домла-чи?
У «даҳрий», «профессор», «член ЦэКа», лекин одам эмас!
Горилла!
«Қадимги дунё тарихи»ни ўқиган бўлсангиз, биласиз, маймун қандай қилиб одамга айланган, бу жараён ҳатто сурати билан берилган!
Нимага ҳайрон бўласиз?
«Горилла эмас»?! Унда орангутан …
Йўғ-э, ҳатто шимпанзе ҳам эмасми? Унда гиббон бўлади!
Э-э-э, мен турлашда хато қилибман! Сиз ҳақсиз, супрақоқдилар шундай яроқсиз бўлади, ўзи! Яна денг, зоти паст бир нарса!
Вей хароб-э! Бир ҳароми дунёни тескари айлантириб юборди-я! Йўқ, мен домлани эмас, Чарлз Дарвинни айтаяпман!
Ўшанда у ўн ёшда бўлган, онаси Шимолий Африкадаги ўрмонда илмий изланиш олиб бориб, бир йил деганда унга жимитдай бир маймунча олиб келади. Чарлз қараса, одам бўладиган! Уни тарбиялаб, вояга етказади. Бу орада онаси тадқиқотни давом эттириб, унга бит босган иккинчи ва ундан кейин учинчи маймунваччани ҳадя этади! Жужуқларга афсун ва жодуни, ёзиб-чизишни ўргатади. Меҳнат қилсанг, одам бўласан, деб иш қуроли ясаб беради. «Карл», «Фридрих», «Володя» деб исм қўяди, худди «Белка» ва «Стрелка» деган каби!
Қаранг, ўша маймунваччаларнинг ғайритабиий “таълимот”и ҳатто итваччани коинотга олиб чиқди!
Қойилмисиз?
Чарлзнинг тарбиясини олган Горилла шундай ўткир бўлган!
Айтмоқчи, аслида улар ака-ука, она бир, ота бошқа, халос! Буни мен яширган билан эртага очилади! Ака-укалар бир бўлиб, дарёни тескари оқизган!
Улардан кейинги табақа, муҳтарам Политбюро аъзолари, эҳтимол, орангутан авлодидир?
Шунда Усмонхўжаев тахминан шимпанзе, домла эса, шубҳасиз, гиббоннинг зурриёди бўлиб чиқади.
Илмда гиббонлар унча ўрганилмаган. Маймуншунослар уларни зоти паст одамсимон маймун деб билади.
Лекин, учувчининг орзуси битта – баландлик! Бунинг замирида ҳеч қандай мақсад йўқ, амалдан бошқа! Аммо олға! Бошқаларни босиб-янчиб бўлса-да, олға!
Нега? Нима учун?
Бунинг аҳамияти йўқ.
Одамларнинг устига чиқиб олиб, ҳукмингни ўтказсанг, эзиб қонини ичсанг, мулки-давлат орттирсанг, бас-да…
Домла, юзларини тук босган жужуқ маймунча, Чарлзнинг мурувватини кутиб ўтирмай, секин ўзи инидан чиқади, эмаклаб довонга, ҳа, ҳа, ўша ўзимиз билган Қамчиқ довонига кўтарилишни орзу қилади. Қўлига асо олиб, орқа оёғида юра бошлайди. Бу эса, тезроқ одамга айланишига кўмак беради. Кейин қаддини кўтариб, партияга аъзо бўлади, сўнг ўша довонга ўрмалаб чиқиб, дунёнинг тубига етдим, деб ўйлайди.
Шу ўйда дунёдан ўтиб кетганлар қанча!
Мана, у, дунёнинг тубига етган одам, нотиқлик санъатини намойиш этмоқда, домла Абдукаримнинг ўзи билан ўралашиб қолмайди, таҳририят доирасидан чиқиб, республиканинг ички ишларини XVI пленум талаблари асосида жой-жойига қўяди, кейин бепоён советлар мамлакатининг бешигини тебратади, ундан сўнг яна пича ҳавога ўрлайди ва океан ортидаги мухолифлари, империализм малайларининг бошига ўхшатиб бир чертади.
Нима деб ўйлаяпсиз, сиз?
Одамсимон бир маймун, бўлса, шунчалик бўлар-да!
Самоларда парвоз этади, у!
Сира ерга тушгиси келмайди.
Шоир айтганидек:
Лабларида камтарона бир мамнуният,
Дерди: – Олам гултожимиз биз – маймуният!..
Яна бу гапларни у кимга айтаяпти, Абдукаримга! Ахир, унга, бор, ишингни қил, деса, кифоя-ку!
Лекин у тошиб келаётган ҳавойи фикрини, гарчи тузи бўлмаса-да, зиғирча увол қилмайди. Фикри эса, жуда баландпарвоз…
Кўринг,
ҳавас қилинг,
гражданиман
Мен
буюк советлар
мамлакатининг!
Агар, ҳозир Чарлз Дарвин тирилиб келса, унинг нуктадонлик санъатини кўриб, ҳайрат бармоғини тишлаб, ўз вақтида гиббонларга паст назар билан қарагани учун қаттиқ пушаймон бўлар эди.
Алал-оқибат, дунё шуларга қолди-ку, ахир!
Ҳозир Дарвиннинг ўзи қандай аҳволда экан, у ёқда?!.
Қаранг, у вақтда Худо йўқ эди, бирдан яна ҳозир бўлди. Ҳеч тушуниб бўлмайди, дунёнинг ишига!..
Ўқидим, кеча бир “билимдон” ёзибди, нима эмиш, табиатнинг тириги ва нотириги бўлар эмиш! Қаранг, шу “ўлик”, яъни, “табиатнинг нотириги” – Қиём Назаров катта бир академияга бош бўлиб ўтирибди, “табиатнинг тириги” қуриб қолгандай! Аммо калласида алиф йўқ!..
Хўш, ўша “нотирик” нима демоқчи, ўзи?
Илоҳ бор, лекин Малъун ҳам бор, окоси, демоқчи у.
Бироқ, биз – малъунмиз, дейишга журъат этмайди. Биз тирик табиатга уйғун ҳолда, шунинг ҳисобидан яшаймиз, нотирик, аммо кучли табиатмиз, демоқчи у.
Хоҳланг, уни қобулий денг, хоҳланг, хорижий ёки ҳаромий…
Улар инсониятнинг ўтмиш аждоди одамсимон маймун бўлган деб далвай қилиб чалғитади, аслини яширади, келинг, яхшиси, халифаликни тиклайлик, дейди ва жоду билан одамларни қириб ташлайди.
Нега?
Чунки улар “тирик табиат”га ёпишиб олган кана, унинг қонини ичиш ҳисобига яшайди…
Хуллас, домла ҳолдан тойиб, ахийри овози чиқмай қолади.
Абдукарим бир балодан қутулади, судралиб ичкаридан чиқади.
Аллақачон кун ботган.
Боёқиш қийшайиб келаяпти. Қарасам, сочлари оқариб кетган!
Ишонасизми, сочи ҳали қундузнинг тукидек қоп-қора эди, сиёсий ҳушёрликни бой бергани, вақтида ҳозир бўлмагани учун кўз юмиб-очгунча шу кўйга тушди!
Ҳамма домлага ёқишни истайди. Унинг назаридан қолиш, «Совет Ўзбекистони»дан кетиш Худонинг, айтмоқчи, у вақтда Худо бўлмаган, дейлик, Генсекнинг ғазабига учрашдан ёмон!
Ҳар қалай, Генсек бир қадам бўлса-да, узоқда, қолаверса, одамлар ундан аввалгидек ҳайиқмайди, Москва ўзининг ёғига қовурилиб ётибди, мана бу эса, қўймайди, бошингга чиқиб олган, қани, кўзингни очиб кўр-чи!
Ҳам шохингга уради, ҳам туёғингга!
Қиладиган бошқа иши йўқ!
Эрмак-дэ!
Ҳар куни, ҳозир Иномжон Бузрукович билан бир лаган парғонача ошни паққос тушириб келдик, ва-ҳа-ҳа-ҳа, деб мажлис қилади, тергайди, тепкилайди. Ўша, Усмонхўжаев «чест» бермагани учун бир милисанинг погонини юлиб олган вақтлар…
Бу ёқда, ХVI пленум, очофотлар ўчоқнинг бошига чиққан, хоҳласа, бир қошиқ обиёвғон беради, хоҳламаса, қайнаб турган қозонга тириклай тиқиб юборади.
Хуллас, бир куни муҳаррирнинг тўғридан-тўғри телефони ваҳима солиб жиринглади. Юрагим увишиб кетди. Шуни кутиб юрган эдим, ўзи!
Титраб-қалтираб дастакни олдим.
– Кел, бу ёққа! – деган қаҳрли хитоб янгради.
Елиб-югуриб борсам, қабулхонада одам тирбанд.
Мен муҳаррир ёрдамчисига домланинг шахсан ўзлари чақирганини маълум қилдим. Ичкарида ҳурматли меҳмон бор, деди у, домлага хос беписандлик билан. Худди шу пайт эшик очилиб, Ўлмас Умарбеков чиқиб келди. Кейин ёрдамчи муҳаррирнинг ҳузурига кириб, сирли тарзда анча вақт ушланиб қолди, сўнг чиқиб, киринг, деди менга, иддао билан.
Ҳали бўсаға ҳатламай туриб, кўз қирим билан домланинг авзойига қараб олдим. Буддага ўхшаб ўтирибди. Яқин йўлаб бўлмайди. Куйдиради. ғажиб ташлаши мумкин. Шу боис, пойгакда туриб, қўлимни кўксимга қўйиб, тавозе билан салом бердим.
У алик олмади. Ҳатто Иномжон Бузрукович билан парғонача ош еб келганига ҳам тўхталмай, бирдан асосий масалага ўтди.
– Бу газетада чиқиши керак бўлган кўп нарса чиқмай қолди! Чиқмаслиги керак бўлган кўп нарса чиқиб кетди! Шунинг ҳаммасини сен қилдинг! – деди у, ўша важоҳатда.
Гарчи домла қаҳр-ғазаб билан ҳамла қилган бўлса-да, нафаси қиличнинг дамидек кескир эмас эди. Шу боис, мен:
– Домла, биз солдатмиз! – дедим, хотиржам.
– Сен солдат эмассан! – деди у. – Мен ҳаммасини биламан!
– Домла, биз солдатмиз!
– Мен сени партиядан ўчириб, йўқ қилиб юбораман!
У жуда қаттиқ ўшқирди, важоҳати ўша, осмонга қўлини дўлайтириб, дағдаға қилганидаги каби, қўрқинчли тус олди.
Бундай вазиятда ундан ҳамма нарсани кутиш мумкин.
– Домла, биз солдатмиз!
– Йўқо-о-ол!..
Шу билан масала ҳал бўлди-қўйди. Мен индамай хонадан чиқдим.
Ҳақиқатан ҳам, аввалги раҳбар ХVI пленум руҳида ёзилган ва зиёлиларга сиёсий айб қўйилган беш-олти мақолани қўлимга бериб, одатича, ўнг кўзини юмиб: «Шуни ўзинг!..» – деб инжилган, шу боис, мен уларни йўқ қилганман. Кейин билсам, адабий муҳитни «тозалаш» учун кўзи тешилиб, уларни домла ёзган экан!
Шундай адабий танқидлардан бири ҳатто чиқиб кетган. Унда Шукрулло, Рауф Парфи, Тоғай Мурод ва Шароф Бошбековга сиёсий таълим берилган, қаламни қандай тутиб, қандай ёзиш лозимлиги уқтирилган!..
Хуллас, домла Одил Ёқубовга талаб солиб, мажлисларда уни калака қиладиган, мени эса зимдан таъқиб этадиган қилиқ чиқарди. «Мана, ёнимизда бир деворий газета бор, дейди у, хашаки нарса келса, ўша ёққа ўтказиб юборинглар! Биз уларга кўрсатиб қўямиз, ҳали! Ва-ҳа-ҳа-ҳа!» Биламан, Одил Ёқубовга этак силкисам, бизнинг кўчадаям байрам бўлади, лекин, унда Саъдулла Ванноснинг филбонидан нима фарқим қолади?..

3.
Саъдулла Ванноснинг «Жаноби Олийлари, филингиз!..» деган ажойиб асари бор. Миразиз Аъзам домланинг «шарафи»га уни таржима қилган, биз эса, катта мамнуният билан «Ёшлик» журналида чоп этганмиз…
Усмонхўжаевга ўхшаган бир ҳукмдорнинг сут эмизувчилар синфига мансуб зотдор фили бўлади. У қутуриб, ҳамма ёқни оёқости қилади, шусиз ҳам қийналган одамларнинг уйини бузади, болаларини эзиб-мажақлаб ўлдиради.
Шундан ҳаловат топади у. Филга қўл кўтаришга ҳеч кимнинг журъати етмайди.
Ҳукмдорнинг тантиғи, ахир!
Ахийри, одамларнинг сабр косаси тўлади. Улар саройга бормоқчи, шоҳга филинг дастидан дод, демоқчи бўлади. Шунда Закариё деган бир жабрдийда отилиб майдонга чиқади, бу шунчаки арз бўлиб қолмасин, унга жиддий ҳозирлик кўрайлик, дейди.
Шундай қилиб, у: – Жаноби Олийлари, филингиз!..– дея хитоб қилади. Оломон эса, жўровоз бўлиб: – Уйларимизни бузмоқда! – дея аюҳаннос солади.
– Жаноби Олийлари, филингиз!..
– Болаларимизни ўлдирмоқда!
– Жаноби Олийлари, филингиз!..
– Мамлакатни вайрон қилмоқда!
Хуллас, орзиқиб кутилган кун етиб келади. Улар шоҳ саройига боради. Ҳукмдорнинг ваҳимали қабулига киради. Ҳаммани суст босган, кимдир ҳовлиққан, кимдир ҳаяжондан энтиккан.
Ниҳоят, ҳукмдор: – Нима сизни безовта қилди, халойиқ, арз билан келишга нима мажбур этди? – деб сўрайди.
Шунда Закариё виқор билан олдинга чиқади ва жамоатга юзланиб, жуда баланд мақомда: – Жаноби Олийлари, филингиз!..– дея хитоб қилади.
Лекин бунга жавобан ҳеч бир садо чиқмайди.
Закариё ҳайрон бўлади, имо-ишора қилади, кейин яна, аммо хиёл пастга тушиб: – Жаноби Олийлари, филингиз!..– дея нидо қилади.
Лекин одамлар тош қотган.
Закариё безовта бўлиб, кифтини учиради, сизларга нима бўлди, ўзи, деб шерикларига жовдирайди, уларни руҳлантирмоқчи бўлади. Худди шу пайт: – Нима гап?! – дея ўдағайлайди шоҳ.
– Жаноби Олийлари, филингиз!..
Қарангки, оламни сув босган, ўлик сукунат!
Закариё саросимага туша бошлайди. Худди шу маҳал:
– Нима демоқчисан, ўзи?! – дея ғазаб қилади ҳукмдор. – Тўтига ўхшаб, филингиз, филингиз, деб чулдирайсан?!
Закариёга ҳам жон керак, унинг ҳам калласи иккита эмас!
– Жаноби Олийлари! – дейди у, дунё тескари айланиб кетганини сезиб. – Сиз билмайсиз, бечора филингиз қийналиб кетди! Ёлғизлик ёмон! Унинг ёнига модасидан қўшиш лозим, агар зерикмасин десангиз, яна кўпайтириш керак!
Ҳукмдорнинг чиройи очилади.
– Ўзинг филбон бўласан! – дейди у Закариёга ва уни астойдил сийлайди, кейин филни кўпайтиради.
Мен ҳам, филнинг оёғи остида қолиб кетмай, деб зиқланиб юрган ўша кунларда бир нима сабаб бўлиб, қишлоққа бордим. Аҳволу руҳиямни кўриб:
– Ҳа, тинчликми? – деди отам.
Мен лўнда қилиб, икки оёқ бир этикка сиғмаётганини айтдим.
– Сиқилма, қушлар учиб келиб-кетади, лекин дарахт жойида қолади. Ҳар неки офат бўлса, унинг ўз кушандаси бор. Ўтиб кетади, бу кунлар!
Орадан уч ой ўтгач, шанба куни ишхонадан йўқлаб қолишди. Тез етиб бордим. Сизни домла сўраяпти, дейишди.
Кирдим.
У ҳамон ўша, будда ҳолича тош қотиб ўтирар, фақат қордан ясалганга ўхшар эди, юзлари кўпчиб, пахтадек оқариб кетган.
Домла менинг исмимни тутиб: – Мана бу саҳифаларни ол, – деди. – Мен учун ўқиб бер!
Саҳифалар иш столи устида ётарди. Энди билсам, шуни олиб узатишга ҳоли келмаган экан. Нимага десангиз, мен саҳифаларни унинг чап қўли остидан суғуриб олдим. Шунда илғадимки, қўли пахтадек кўпчиб кетган, яна ел тўзғитган баргдай титрайди.
Нима, қиёмат қойим бўлдими, деган ўйга бордим. Чунки мен, у шундай ҳолатга тушар, деб ҳеч ўйламаган эдим.
Хонага келиб, табиийки, саҳифаларни кўздан кечирдим, шунда тўртинчи бетда турган ғарибона таъзияга кўзим тушди. Ҳайрон бўлдим. Унда газетанинг бошланғич партия ташкилоти котиби Ўткир Абдуазимов бевақт вафот этгани айтилиб, оила аъзоларига ҳамдардлик билдирилган эди.
Куни кеча мажлисда Лазиз Пўлатович уни ХVI пленум руҳида ғажиб-еб ташлаган. Кейин ундан ҳамма ўзини олиб қоча бошлади, Ўткир ака эса, кун бўйи фойеда эзилиб сигарет чекди. Унга ичим ачиб, ахийри, бориб кўнгил бердим, кўп сиқилманг, Ўткир ака, менинг аҳволим сизникидан яхши эмас, дедим.
Тавба!
Бугун хунук бу хабар газета саҳифасига чиқибди. Ўзи ҳамма ёқда хосиятси бир шарпа кезиб юрганга ўхшайди.
Нима бўлди экан?
Ҳали ёш эди-ку?!..
Хаёлимни йиғиб улгурмай, хонага Намоз Саъдуллаев кириб келди.
– Кўрдингизми? – деди у, маъноли ишора қилиб.
Мен кўз учида, нима гап ўзи, деб сўрадим.
– Нима десам экан? – У чўчиб, бир оз чайналди, лекин ёмоннинг иснодини айтиш майли қўрқувдан баланд келди. – Кечқурун соат ўн билан ўн бир орасида, партбилетни кўкрак чўнтакга солиб, устидан пичоқ урган!..
Домла дафн маросимига бормади.
Ўшанда митинг бўлган. Муҳаррир ўринбосари Абдукарим Набихўжаев шогирди бўлмиш марҳумнинг тобути устида кўз ёш қилган:
– Шу золим зулм қилмаса, бизга ўхшаб омон-эсон юрган бўлар эдинг! – деган.
Раҳматли кўп яхши одам эди. Чингиз Айтматовга ўхшаб кетарди. Мен унинг кўз ёшлари дарё бўлиб оққанига гувоҳман. Эллик ёшларда эди, чамаси.
Йўқ, мен Ўткир Абдуазимовни эмас, Абдукарим Набихўжаевни айтаяпман.
Шу воқеадан сўнг олти ой ўтиб, у ҳам оламдан ўтди. Совет идеологи Қаюмов уни еб-ичиб ташлади…
Гап шундаки, Абдукарим Набихўжаев видолашув маросимида ҳали фикрни якунлаб улгурмай, «ана кетди-мана кетди» бўлиб ётган «Ёш ленинчи» газетаси муҳаррири Рустам Шоғуломов унинг олдига ўқдек отилиб киради!
– Мавлоно, хиёнат!
– Фитнами, хиёнат?
Шоғуломов фитна билан хиёнатнинг фарқига бормас эди, у гаранг бўлиб, девордаги плакатга қарайди. Унда инқилоб жарчиси Владимир Маяковский дароз оёқлари ва бароқ қошини кериб, маст айиққа ўхшаб наъра тортади:
Партия ва Ленин
қондош, эгизак,
Она тарих учун
қай бири қиммат?
Ленинни англаймиз
партия десак,
Партия деганимиз
бу – Ленин демак!
Табиийки, Ленин бобоси унинг хаёлидан ўтади ва у суиқасд қурбони бўлгани эсига тушади! Шу боис:
– Суиқасд! – дейди, кейин ўйлаб қараса, ўхшамайди, ҳар ҳолда, Ленинни отишган, Қаюмов эса, кабинетда ўтирибди. Аммо бунинг нима аҳамияти бор?! Ташаббусни бой бермаслик керак! Бундай имконият ҳар куни туғилмайди, ҳар куни бир одам жонига қасд қилмайди-ку! – Устоз! – дейди у очиқчасига кўчиб. – Мен сиздай доно сиёсатчи эмасман! Итингиз бўлай, ишда қолсам, бас! Ўзингиз кўриб турибсиз, фитна ҳам, хиёнат ҳам, суиқасд ҳам аралаш! Она тарих учун қай бири қиммат?..
Домла, улкан давлат арбобига хос виқор ва дабдаба билан ўрнидан қўзғалади, қўлини орқага қилиб, бир-икки залворли одим ташлайди, кейин ҳайбат билан юқоридан, жуда баланддан, ҳойнаҳой, Аъло Аршдан унга назар ташлайди.
– Мени бошқа бир нарса ўйлантиради! – дейди у, оламшумул ташвишини ошкор этиб. – Сен нима учун «Шо»сан? Мен ҳозир тепада ўтирганларга кўрсатма бердимки, улар Ботирхон Акрамовни ўрганишаяпти, у чиндан ҳам «Ботирхон»ми, ёки «Ботир» бўлиб, «хон»ни ўзи қўшиб олганми? Жами ҳужжатини кўтаришди! Мен бир нарсадан хафаман, нима бу, ўзи? Нега сенлар феодал ўтмишни қумсайсанлар?!
Қаранг, қандай оламшумул масала! Домла шуниси билан зўр-дэ! Шунда қаёқдан ҳам Биринчи секретар, унинг исми-фамилияси Шоғуломовнинг хаёлидан ўтади. Ахир, Каттанинг ўзи «хўжа»-ку! Усмонхўжа, отаси –Бузрукхўжа! Аммо бу жуда қалтис масала! Ҳатто айтиб бўлмайди! Ўйлаган ўйидан унинг ўзи чўчиб кетади. Шу боис, гапни айлантириб юборади, мозорбошидаги ўша сиёсий хуруж, унда ҳозир бўлган кимсалар, Набихўжаевнинг фикрини кўз учида, ёки бўлмаса, бош ирғаб маъқуллаган бўлғуси «халқ душманлар»и ҳақида қўшиб-чатиб маълумот беради…
Хуллас, Абдукарим ака фитна ва хиёнат содир этишда айбланди. Мазкур қўпорувчилик шахсан Лазиз Пўлатовичга қаратилгани учун сиёсий тус олди ва давлат аҳамиятига молик ижтимоий салмоқ ва ўткирлик касб этди.
Шавкатли совет қўшинлари ҳужумга ўтди. Ҳаво ҳужумлари уюштирилди. Партизанлар ҳам қараб турган эмас, цехларда, бўлимларда қўпорувчилик ишлари содир этилди, душманга қақшатгич зарба берилди. Ахийри, бўлмади, Набихўжаев ўзини тўрт томонга уриб, ЎзТАГ-пўстакда (Совминнинг қарори билан!) бош муҳаррирлик ўрни очилишига муваффақ бўлди. Кейин уни расман шу лавозимга таклиф этишди. Ниҳоят, у расмий хат билан ариза кўтариб, Қаюмовнинг қабулига кирди.
Домла қараса, қўпорувчи ёт унсур чангалидан чиқиб кетаяпти. Ҳолбуки, батамом яксон қилинган эмас!
У ишдан озод этиши сўралган аризага ва ЎзТАГнинг расмий мурожаатига кўз югуртиргач, ранжиган бўлиб ўринбосарига юзланди.
– Мен сенга таълим бердимми?
– Шундай, домла!
– Устоз отангдан улуғ!
– Биламан!
– Мен сенларга ишониб келдимми, шу ерга?
– Раҳмат, домла, минг раҳмат!
– Нима, сенга бир оғиз қаттиқ гап айтиб бўлмайдими? Уят эмасми, шундай қилиб юришинг? Бор, кўнгилни бўлмай, ишла!
Орадан бир ҳафта ўтгач, пастдан, кадрлар бўлимидан телефон бўлади.
– Ҳа, Абдукарим ака, қаёққа кетаяпсиз?
– Ахборот агентлигига ўтаман, десам, домла қўймадилар!
– И-я! Агентликка домла ҳамшаҳрини ўтказди-ку, Ҳайдар Иброҳимовни! Нима, хабарингиз йўқми, ҳали? Лекин сизнинг аризангизга ҳам қўл қўйипти! Буйруқ берипти, уни расмийлаштираяпмиз…
У лолу ҳайрон, яна муҳаррирнинг қабулига киради.
Домла нафратини яширмай, жуда ёмон ўқраяди ва қўлини бигиз қилиб: – Ҳали бу – бошланиши! – дейди. – Мен шундай қиламанки, туғилганингга пушаймон бўласан! Менинг совунимга кир ювмапсан, тирмизак!
Йўлакда турсам, бир одам, ўнг қўли билан юзини тўсиб, икки букилиб келаяпти, зўрға, кўзларидан оққан ёш тарновдан қуюлаётган ақовами, дейсиз.
Ё Раббим!
Бандангнинг кўзидан шундай ёш оқиши мумкин экан-да!..
Мана шундай ғалати ишлар бўлган, ўшанда. Бир-биридан яхши инсонлар хор бўлиб ўлиб кетган.
«Ёшлик» журналига ишга ўтишдан аввал, бир куни домла мени йўқлаб қолди.
Бу сафар у жуда мулойим муомала қилди.
– Анави ёшлар билан муносабатинг қандай? – деб сўради у, сирли ва ҳалим овозда.
– Қайси ёшлар? – дедим, ҳайрон бўлиб.
– Рауф Парпи, Усмон Азим, Мирза Кенжа…
– Улар билан яқин эмасман.
Домла менинг кўзимга тикилиб қаради, айтган гапим тўғри эканига ишонч ҳосил қилгач, алам билан хўрсиниб:
– Булар фашистдан ҳам баттар экан! – деди.
Ажабланиб, билмасам, деб кифт учирдим. Издошларини у шундай оғриқ билан тан олган. Бир кун келиб, шундай бўлиб чиқади, деб ўйламаган эдим. Ҳайрон бўлиб қолдим, домла эса, оғир ўрнидан қўзғалди.
– Мени ЦэКага чақиришган, – деди у синиқ жилмайиб. – Қичийдиган жойларни қашиб қўймасак, бўлмайди!
Кейин мен ёшлар журналига ишга ўтиб кетдим. Домлани қайтиб кўрмадим…
Усмонхўжаев қамалгач, униям бир четга суриб қўйишди.
Орадан йигирма йил ўтгач, домла оламдан ўтди. Ўзбекчилик, таъзияга бордик. Домла билан ишлашган одам, бир яхши сифатини эслаб, шуни айтгиш бурчим, аммо мана шу кечинмадан бўлак ҳеч нима келмади, хаёлга! Ундан ҳам ёмони, таъзияхонада ҳеч ким йўқ, ҳатто ит ҳам! Тавба деб ёқа ушладим, нима бу – ҳаётми ёки Иблис васвасаси?! Қани у – асъасаю дабдаба?! Қани у – тантанали қабуллар? Қани у – қиличидан қон томган золим сиёсат? Шундай баланд мартабали саёсат бир кун келиб наҳот шундай шўриш ва хорликка юз тутса?!.
Кимга керак бу?
Ва нима учун?!
Кейин билсам, домла ўшанда йўлни очиб беришга мажбур бўлган экан, у кўтарган ялов аллақачон тўзғиб кетган, издошлари эса, ислому адолат ялови остида майдонга чиққан!
Хуллас, элликка яқин ёш зиёли уни кўчирмакашликда айблаб, Москвага, ЦэКа КПССга хат ёзган…
Уларнинг даъвосича, домла ўзи бир-икки бет матн ёзиб, яна фалончи бу ҳақда шундай деган, деб уч-тўрт бет кўчирмани улаб юборарди, лекин уни қўштирноқ ичига олмай ўзлаштиради!..
Ўша ёшларга ҳам ҳайронман, замонамиз қаҳрамони бўламан деб туппа-тузук одамсимон маймунни ва унинг гулдай «ҳунар»ини расво қилишди!
Хуллас, бу кўп синовдан ўтган усул, менинг эмас, ўша домланинг қўли. Кўчирмачи деманг, окоси, просто китобни тўлдирвомман…

Ҳелмут Цемки:
¬– Қарноқ икки қир орасида жойлашган кичкина қишлоқ. Қир-адирлар оралаб, солланиб дарё оқади. Олис уфқларга туташ пахтазор ва бош устингда мовий ранг осмон. У Самарқанддаги қадимий кошоналарнинг маҳобатли гумбазига ўхшайди. Қарноқ шу гумбаз остидаги бир чимдим ўлаат.
Одил Ёқубов мана шу жойда, Чимкент вилоятининг Туркистон туманида туғилиб-ўсган. Ҳаёт дарёси қаёққа уни олиб учмасин, жондан азиз қишлоғидан ҳеч узилган эмас.
Мана, шунга ҳам эллик йилдан ошди. Оғир ва уқубатли қаҳатчилик йиллари. Шундай мушкул замонда у пушти-паноҳидан айрилиб, бир этак бола – укалари билан етим қолади. Ўшанда Одил ўн бир ёшда эди. Лекин яшаш, оилани тебратиш керак.
Ўша кезлар пахта ҳаёт рамзига айланган. Одил ҳам пайкалда тер тўкди, иродаси меҳнатда тобланди. У 1944 йилнинг охиригача қишлоқ хўжалигида ишлади. 1945 йилнинг январида эса, эр етдим деб, ўзини оқлаб олиш учун ҳарбий хизматга отланди, Порт-Артурдаги жангларда иштирок этди. Киндик қони томган ерга ёруғ юз билан қайтди.
Қарноқ ўзига хос мўъжаз бир дунё эди, унинг учун. Бироқ учқур хаёллар Одилни улкан шаҳарга етаклади. Тошкентга келгач, унинг азалий орзуси рўёбга чиқди, университетга кириб, тил ва адабиёт бўйича таълим олди…
Ва орадан кўп йиллар ўтгач, биз Одил Ёқубов билан мана шу азим шаҳарда дийдор кўришдик. Бу вақтда у жаҳон миқёсида донгдор ёзувчи эди, бизнинг учрашувга ҳам «Улуғбек хазинаси» сабаб бўлган.
Одил Ёқубов Шарқнинг улуғ алломалари Абу Али ибн Сино ва Абу Райҳон Беруний ҳақида роман ёзган, бу асар ҳикматли ривоятлар ва тарихий далиллар асосига қурилган. Ва жуда қимматли.
У замонавий мавзуда ҳам қатор асарлар яратган, шулардан бири «Диёнат»дир. Бу роман жуда кўп тилга таржима қилинган ва нуфузли мукофотларга сазовор бўлган. Шундай бўлса-да, адиб улуғ аждодлари қисматига қайта-қайта мурожаат қилади.
Ўтмишини унутганнинг келажаги бўлмайди…
Анҳор бўйида, сўлим хиёбонда Одил Ёқубов билан суҳбатлашиб ўтирибмиз. Адиб буни «бир пиёла чой устида гурунг» дейди. У менга ўйчан тикилади, кейин вазмин оҳангда: «Мана, Самарқандни ҳам айланиб келдингиз, – дейди. – Қўҳак тепага чиққандирсиз? Мен ўша жойда Улуғбек хаёли билан неча тонгни бедор оттирганман!»
Адибнинг ҳикояси хаёлингни мозийга етаклайди.
Гўзал Самарқанд…
Афсонавий, улуғвор шаҳар. Шарқнинг ноёб жавоҳири. Уни Гёте бежиз улуғлаган эмас. Бу шаҳарни кўрмапсиз, дунёга келмапсиз.
Афросиёбдан Қўҳак тепагача икки қадам. Дафъатан бу ерда рус археологи Вяткин мармардан ишланган эллик беш метрлик секстантнинг қолдиғини топади. Кейинчалик антрополог Герасимов Улуғбекнинг бош чаноғига асосланиб, унинг сиймосини яратади.
Суратда ўйчан ва сирли боқиб турган мана шу зот 1449 йилнинг 27 октябрида суиқасд қурбони бўлади.
Тун чўкиб қолган. У Маккага, Ҳаж зиёратига бораётган эди.
Зулм ва жаҳолат офтоб тиғида тумандай тарқаб, салтанат ва султонлар юз тубан кетади, улар завол топади, аммо мумтоз сиймолар, улар кўрсатган сабот ва матонат, улар яратган асарлар мангу яшайди, дейди Улуғбек эзгулик элчиси каби!..
Ҳақиқатнинг кўзига тик боққан, Ҳаққа ташна ўтган мутафаккир кир ва қонли хуружни писанд этмайди. Қуёшнинг юзини тўсаман деган қора кучга зид интилиш унинг бошига кулфат ва мусибат олиб олиб келади. Расадхона вайрон этилади, маърифат ўчоғи “Қирқ жин мозори” деб эълон қилинади. Шундай доно шоҳ, замонанинг пешқадам фозили ўлимга маҳкум этилади. Яна ўз ўғли томонидан!..
Нега? Нима учун?
Нур ва зулмат ўртасидаги кураш шафқат ва омонлик билмайди. Шу боис, мазлумнинг йўлини ёритиб турган чироқни ўчирадилар.
Хўш, бу зот умрини қандай кечирди? У қандай яшади? Аслида, у ким ва қандай шахс эди?!
Ўша оғир ва мураккаб замон, Мирзо Улуғбек шахси адибни бежиз ўйлантирган эмас. Бу мумтоз аллома шахси ва фаолияти ўз даврида қизғин баҳсларга сабаб бўлган.
Улуғбек тузган юлдузлар жадвали ва астрономик жадвал Тихо де Брахени даврига қадар ягона ва мукаммал тадқиқот ҳисобланган. Француз олими Пьер Симон Лаплас шу ҳақда фикр юритиб, Улуғбекнинг «Зижи Кўрагоний» асари ҳозир ҳам асл қимматини йўқотган эмас, дейди. Шундай кашфиёт яратган ва мамлакатни обод этган тождор нега бундай кўргуликка гирифтор бўлди? Унинг юрагида нималар бор эди?
Одил Ёқубов шунга жавоб излайди, маълумки, «Улуғбек хазинаси»га қадар аллома яшаган давр ва унинг шахс сифатидаги фаолияти қатор асарларга манба бўлган. Одил Ёқубов эса, бетакрор тадқиқ йўлидан бориб, Улуғбекнинг маънавий олами, қалб туғёнларини ўзига хос йўсинда очиб беради. Ва мен асардан олган таассурот тасдиғини ҳар қадамда ўз кўзим билан кўраман.
Мана, биз ёзувчи билан яна бир тепалик устида турибмиз. Бу ер 1966 йилнинг 26 апрелида бошланган Тошкент зилзиласининг қоқ марказидир.
Одил Ёқубов талабалик кезлари мана шу ерда, Эски шаҳарнинг бир мавзесида истиқомат қилган. Бу ерни у Қарноқдан кейинги қадрдон жойим, деб билади. Ва ўша дамларни эслаб: «Одамлар кечқурун пешайвонга қувача осиб қўйишарди, – деб ҳикоя қилади. – Қувачада сут бўларди. Йўқ, улар азонгача сут муздай бўлиб турсин деб бундай қилмас эди, ўша қувачалар эгалари тирик эканидан ва ҳамон шу ерда яшаётганидан белги бериб турарди!»
Бу гапда рамзий маъно бор. Улуғбек замонини ўша, еру осмон жунбушга келган, оғир зилзила қўпган машъум кунларга қиёслаш мумкин.
Ер ёрилиб кетган. Қасрлар вайрон бўлган. Соатлар тўхтаб қолган.
Бундай вақтда одам ўзининг тириклигини билдиришни истайди.
Катта маънода!
Еру осмон туғён қилганида, Улуғбек минглаб кўзачаларда сут осиб қўйган! Бу – унинг маърифати, мислсиз кашфиётлари, қилган хайрли ишлари, шогирдлари ва йиққан нодир китоблари…
Ҳар бир нарса теран маъно-мазмунга эга, жумладан, адиб айтган «икир-чикир»лар ҳам! Мадомики, улар бизнинг ёдимизда экан, ўтмишимиз ҳам яшаётган бўлади.
Одил Ёқубов романида шунга таянади, ўзи тадқиқ этаётган ҳар бир кечинмадан ибратли хулоса чиқаради. У муайян тўда фожиасини, исломиятга зид амалларни ва бунинг аянчли оқибатларини кўрсатиш асноси, одам авлодининг ҳақлик ва ҳаққоният йўлидаги курашини қатъий ишонч билан теран очиб беради.
Инсоний саодатни, поклик ва ҳалолликни, оқиллик ва маърифатни ардоқлаб яшашга ундов «Улуғбек хазинаси»нинг қон-қонига сингиб кетган. Асарда Улуғбек ва унинг тақдирига таъсир кўрсатган воқеалар, тарихий шахслар қисмати ўз вақтида қандай рўй берган бўлса, худди шундай, бутун чигаллиги билан рўй-рост ифода этилган.
Биргина Улуғбекнинг ички туғёнини олиб кўрайлик. У буюк тождор ва тенгсиз аллома. Мана шу икки қутб ўртасидаги кураш доимий равишда давом этади. Ва бу зотнинг тизгинсиз инсоний кечинмаларини тасвирлаш орқали адиб бизга унинг ички оламини очиб кўрсатади.
У илоҳий салоҳият соҳиби эмасми, табиийки, ижтимоий табақада тутган мавқеи ҳақида, салтанат ва маърифат ҳақида кўп ўйлайди, алал-оқибат, ўша замоннинг қатор улуғ сиймолари каби, кўнгил кўзи кўр бўлган амиру уламоларга қарши туриб қолади. Агар, у тождор ёки улуғ аллома бўлмаган тақдирда ҳам, бир ҳалол инсон сифатида бу йўлдан қайтмас эди, тутган йўли эса, ҳалокатга олиб бориши муқаррар.
Бу кундай равшан ҳақиқат.
Улуғбек фожиасининг теранлиги шундаки, у мана шу ҳақиқатни кўриб-билгани, англагани ҳолда курашиб яшайди.
Қани, ўзингиз айтинг, бу нурли сиймони маҳв этиш билан мудом ҳаракатда бўлган ва олға интилаётган тараққиётни, абадият қонунини тўхтатиб бўладими? Одам авлодини ўзи собит бўлган ойдинлик йўлидан орқага қайтариш мумкинми?
Асарда Улуғбек интилиб яшаган келажак вакиллари ҳам кўзга яққол ташланиб туради.
Айниқса, Али Қушчи! Унинг фозил инсон сифатидаги олижаноб хислатлари, балоғату фасоҳати ўқувчини маҳлиё этади. Назаримда, бу сиймо теран рамзий маънога эга. Улуғбек бошлаб берган йўлда у мудом собит. Мушкул ва мураккаб вазиятда, ҳатто ўлимни писанд этмай, бир фидойи сифатида ўзининг инсоний бурчини виждонан адо этади.
Золимлар Улуғбекнинг бебаҳо хазинасини, унинг нодир китобларини ёқиб юборишга амру фармон берганида, бу ноёб жавоҳирлар Али Қушчининг жасоратга тўла ҳаракати билан сақлаб қолинади.
Бу бир афсонами ёки шундай воқеа бўлиб ўтганми?
«Биласизми, нима, – дейди адиб, – бу саволингизга, ҳа деб ҳам, йўқ деб ҳам жавоб бериш мумкин. Устозининг ўлимидан сўнг Али Қушчи ўша нодир китобларни Самарқанддан олиб чиқиб кетган. Мен шу ҳақда ўқигач, бунинг тарихи билан қизиқа бошладим. Тарихни ўргандим, сизга ўхшаб, Самарқандга бордим, аста-секин бу улуғ зот руҳий-маънавий ҳурлик ва ёруғ тилаклар йўлида курашиб, машъум кирдикор қурбони бўлганини ва бу оддий фожиа эмаслигини англаб етдим. Бундай олиб қараганда, Али Қушчи устозининг нафақат бебаҳо меросини, ўша, олтиндан қиммат китобларни, балки инсоний комиллик ва илмий-маънавий тараққиёт руҳини ҳам асраб қолган!»
Одил Ёқубов яна бир улуғ аждоди, мумтоз шоир Алишер Навоий сиймосига ҳавас ва ҳайрат кўзи билан қарайди. «Алишер Навоий ҳам Улуғбек кабидир, маънавий-руҳий оламининг поёни йўқ! Ва дунёдаги энг табаррук мутафаккирлар сирасига киради. Улуғ бобомиз доим бизга раҳнамо бўлиб, ҳар бир қадамимизни кузатиб, азизларим, мана бу ишингиз яхши бўлаяпти, мана бу ишингиз эса, унча ўринли эмас, деб йўл кўрсатиб тургандек туюлади, менга».
Улуғбек салтанат соҳиби эди. У тожу тахтдан ҳам, илм-маърифатдан ҳам кўнгил узмай, икки азим дарёни бир бутун ҳолга келтиришга интилиб яшади. Аниқроғи, унинг жисмида иккита Улуғбек ўзаро баҳс этиб, курашиб келди. У мислсиз аллома сифатида ўз замонидан ўзиб кетгани ва нурга, зиёга талпингани қанчалик ҳаётий бўлса, буни кўра олмайдиган разил кучнинг унга қарши чиқиши ва зид йўл тутиши ҳам шунчалик табиийдир. Мана шу қарама-қаршилик унинг фожиасини келтириб чиқарди.
Улуғ шахснинг фожиаси ҳам улуғ бўлади.
Ва бу фожиа «Улуғбек хазинаси»да бор бўйи билан теран очиб берилган. Шу боис, у кишини ларзага солади. Инсон умри, ҳаётнинг маъно-мазмуни, нур ва зулмат ўртасидаги азалий кураш ҳақида ўйлашга даъват этади.

Рауф Парфи:
– Ваҳший дунё, қонхўр дунё қутурди,
Инсон фарёдига тўлди Коинот.
Набийлар, расуллар, шоирлар турди:
– Чора, чора! – дея сўради нажот…

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *