• Пн. Янв 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат ХУШЕВ: ДАВЛАТ МАСЛАҲАТЧИСИ БЎЛГАН БИРИНЧИ РУСИЙЗАБОН

Май 31, 2015
голышДАВЛАТ МАСЛАҲАТЧИСИ БЎЛГАН БИРИНЧИ РУСИЙЗАБОН  
(Вячеслав  Голышевнинг сиёсий портрети баҳонасида Ўзбекистон  Олий раҳбариятидаги мулозимлар – Татьяна Гуськова ва Галина Саидовалар ҳақида)
1. 
Ўзбекистон ҳукумати ва давлатида  шундай мулозимлар борки, уларнинг кимлигини, қандай қилиб раҳбариятга келиб қолганини, Президент билан бўлган яқин муносабатини ҳамма ҳам билавермайди. Ислом Каримов командасида салкам чорак асрдан бўён ишлаб келаётган ана шундай мулозимлардан бири — Вячеслав Голышев.
У бир пайтлар Госпланда Ислом Каримовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган дейишади.  Мен 1989 йилнинг августидан эътиборан “Госплан” қошидаги “Экономика и жизнь” журналига Бош муҳаррири этиб тайинланганимда Вячеслав Голышев Госпланда Раис ўринбосари эди…
2. 
Голышев билан бирга  Госпланда Галина Каримовна Саидова ҳам ўринбосар эди. Георгий Корнеев деган яна бир ўринбосар бўларди. Бу учаласи ҳам Госпланда Ислом Каримов давридан бўён ишлаб келаётган, Президентга шахсан яқин бўлган мулозимлар эди.
Буни ҳамма биларди ва шунга яраша муомила қиларди. Лекин уларнинг учаласи ҳам оғир, босиқ, мулоҳазали, ўз касбини яхши билган малакали   мулозимлар эди.
Улар асосан  Президент маърўзаларини тайёрлаш билан шуғулланишар, Ислом Каримовнинг халқаро учрашув ва музокараларида қатнашиб, парда ортида туриб, маърўза матнларини ёзиб беришарди…
3. 
Ислом Каримов ҳокимиятга келганидан кейин ўзи билан бирга ишлаган, ўзи яхши билган одамларни бирин кетин раҳбариятга олиб кела бошлади. Уларнинг аксарияти маҳаллий миллат вакиллари бўлмаса-да, лекин улар ўз билим ва тажрибаси, малакаси билан маҳаллий кадрлардан мутлақо қолишмасди.
Вячеслав Голишев ана шундай истеъдодли мулозимлардан бири. Шунинг учун ҳам у узоқ йиллардан бўён  Ўзбекистон Президентнининг иқтисодий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келаяпти…
4.
Вячеслав Аркадьевич Голышевнинг таржима ҳоли жуда оддий.
У Тошкент халқ хўжалиги институти (Нархоз) ни битирган. Касби –  иқтисодчи (экономист). Аввал “Госплан”да Ислом Каримов қўл остида турли вазифаларда ишлаб, чиниққан. Ёрдамчилик  ҳавосини олган. Кейин юқорига парвоз қилган – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида социал иқтисод бўлими мудири ўринбосари бўлган. Айни пайтда Стратегия ва тадқиқотлар институтида ҳам фаолият олиб борган.
 1994 йилдан аввал  “Госкомпрогнозстат”да, сўнг    Макроиқтисод ва статистика Давлат Қўмитасида биринчи ўринбосар бўлиб ишлаган.
1996 йилдан эътиборан Ўзбекистон Президентининг социал иқтисодий соҳалар бўйича Давлат маслаҳатчиси.
2005-2006 йилларда бир муддат Бош вазир ўринбосари – иқтисод вазири, Вазирлар маҳкамаси қошидаги Иқтисод ва Ташқи иқтисодий алоқалар Департаменти бошлиғи бўлган.
Вячеслав Аркадьевич Голышев бир неча бор Тошкент шаҳридан Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат этиб сайланган…

 

5. 
Вячеслав Голышев ҳақида ёзарканман, беихтиёр, тўқсонинчи йилларнинг бошида – Оқсаройда рўй берган воқеалар ёдимга тушади.
1991 йил Ўзбекистон Президентлигига бўлган  муқобил сайловлар  шафқатсиз кураш билан ўтганини кўпчилик эсласа керак. Ислом Каримов номзоди муқобил сайловда Муҳаммад Солиҳ билан бирга Президентликка кўрсатилганда Президентнинг мукаммал таржимаи ҳолини яратиб, матбуотда туркум мақолалар эълон қилиш кўзда тутилади.
Шунда ўз ҳузурида топшириқ кутиб ўтирган Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабековларга Ислом ака ўзи ҳақидаги жуда кўп нарсаларни уларга Голышев айтиб бериши мумкинлигини айтадилар. “Менинг номимдан айтинглар унга, Госпландаги дафтар ва кундаликларини кўтарсин. У жуда кўп нарсаларни билади”, — деб қўшимча қиладилар.
Президент ҳузуридан чиққан Умрзоқов  Девонда матбуот масалалари билан шуғулланувчи ўзининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаевга зудлик билан Голышевни топишни буюради.
Ўша пайт Девондаги Зелемхон Ҳайдаров бош бўлган Ишлар Бошқармасида Голышев деган кичкинагина бир йигит ишларди. У       Девонда  мулозимларга хизмат кўрсатадиган хизмат машиналари ва гаражлар билан шуғулланар эди.
Ислом ака айтаётган одам шу бўлса керак деб, сўраб суриштирмай, Умрзоқов билан Жўрабеков унга қуллуқ қилиб муомила қила бошлашади.  Ҳатто ўзлари билан бир неча маротаба тушликка ҳам олиб тушишади.
 Лекин уч кундан кейин Ислом ака айтган Голышев бу эмаслиги ойдинлашади. Ислом ака билан Госплан”да бирга ишлаган, унга ёрдамчи бўлган Вячеслав Аркадьевич Голышев бу пайтда Госплан қошидаги Стратегик тадқиқотлар институтида ишлаши маълум бўлади.
 Мен бу билан Вячеслав Аркадьевичнинг ўта камтар ва камсуқумлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим…
 6.
Ўзбекистон Олий раҳбариятида яна бир русийзабон мулозим ҳам   анчадан бўён Президент назарида эди. Мен кейинги ўн тўққиз йил давомида Молия  вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келган Татьяна Гуськовани назарда тутяпман.
Татьяна Николаевна 1950 йили Тошкентда туғилган. 1971 йил Тошкент халқ хўжалиги институтининг “Финанс ва кредит” бўлимини тугатган ва шу йилдан эътиборан у бутун умр Молия вазирлигида ишлаб келаётган эди. Дастлаб у вазирликнинг енгил саноат ва ишлаб чиқаришни молиялаш Бошқармасида оддий экономист, катта экономист, бўлим мудирининг ўринбосари ва  ниҳоят бўлим мудири бўлиб ишлаган.
1979 йилдан 1986 йилгача вазирлик қошидаги Ишлаб чиқаришни молиялаш Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 1986 йилдан 1990 йилгача Молия вазирининг ўринбосари, 1990 йилдан эътиборан — биринчи ўринбосар бўлган.
25 йилдан бўён  Татьяна Николаевна сурункали бўлмаса-да, Молия вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаяпти. 2009 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Президенти Фармони билан Татьяна Николаевна Гуськова Ўзбекистон республикаси Молия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод қилинган эди. Лекин бугунга қадар Молия вазирлиги сайтида у негадир ҳануз Вазирнинг биринчи ўринбосари деган ёзув ўзгармай турибди…
Уни яхши билганлар Гуськова молия ва иқтисодни сув қилиб ичиб юборган дейишади. Лекин Ўзбекистонда кейинги йиллар давомида содир бўлаётган иқтисодий инқирозлар бунинг тамомила аксини кўрсатиб турибди…
7. 
Ўзбекистоннинг Президент назаридаги яна бир русийзабон мулозими борки, у киши ҳақида ҳам бу бўлимда гапириб ўтмасак,  бўлмайди.  Бу соҳибжамол аёл – Ўзбекистоннинг хотин қизлар орасидаги бугунги ягона министри,    Иқтисод вазири – Галина  Каримовна Саидовадир.
Иқтисод фанлари доктори, профессор Галина Саидова 1956 йилда Самарқандда туғилган.   Самарқанд Давлат университетининг машҳур профессори К.С.Саидовнинг қизи. Самарқанд Давлат Кооператив иститутини 1977 йилда тугатган, касби – иқтисодчи (экономист).
1987 йилдан эътиборан “Госплан”да ишлаб келган Галина Каримовна мен “Ҳаёт ва иқтисод” журнали Бош муҳаррири бўлган йилларда   “Госкомпрогнозстат”да раис ўринбосари эди.  Расмий ҳужжатларда миллати “ўзбечка” деб ёзилган бўлса-да, мен Галина Каримовнанинг бирор марта бўлса ҳам ўзбекча гапирганини эшитмаганман. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, у ўзбекча гапиришдан ор қиларди…
Совет даврида, ҳатто мустақиллик йилларининг бошларида ҳам Ўзбекистонда расмий мулозимларнинг ўзбекча гапириши одат тусига кирмаган эди. Кейинчалик билмадим, лекин менинг назаримда юқори давлат  поғоналарида ҳали ҳануз раҳбарларнинг ўзбекча гапириши маломатли бўлиб қолаётганга ўхшайди…
 8.
Майли, мавзудан чалғимай яна Галина Саидовага қайтсак.
Бу жиддий ва жозабали аёл то 2005 йилга қадар ўз соҳасида фақат раҳбар ўринбосари лавозимларида ишлаб келди.
2008 йилдан 2010 йилга қадар Иқтисод вазирининг биринчи ўринбосари бўлиш билан бирга Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Макроқтисодни мувофиқлаштириш ва тадқиқотлар олиб бориш институтига директорлик ҳам қилди.
Ва ниҳоят 2010 йилдан 2011 йилгача Ўзбекистон Ташқи Иқтисодий Алоқалар, савдо ва инвестиция вазири лавозимига тайинланди. Бу орада собиқ вазир Элёр Ғаниев бир муддат Ташқи Ишлар вазири бўлиб яна ўз ўрнига қайтиб келди.
2011 йилнинг августидан эътиборан Галина Саидова – Ўзбекистон Республикасининг Иқтисод вазири  лавозимига тайинланди.
Уни яхши билганлар Галинани – “Ўзбекистон иқтисодининг булбули” деб аташаркан. Бу қанчалик ҳақиқатга яқинлигини эса, вақт кўрсатади…
9.
Узоқ йиллардан бўён ижтимоий ва иқтисодий масалалар бўйича  Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси бўлиб келаётган Вячеслав Аркадьевич Голышев ҳақидаги ҳикоямизни якунлашдан олдин яна бир гапни айтиб ўтишни истардик.
Вячеслав Аркадьевич Президент орбитасида Ислом акага энг яқин мулозим бўлиб, у ўзининг иқтисод ҳақидаги ҳар қандай фикри ва башоратини  Давлат раҳбарига бемалол ўтказа олиш қудрати ва қобилиятига эга.
Ислом Каримовнинг 25 йиллик ҳукмдорлиги даврида  иқтисод мавзуидаги деярли барча маърўза ва матнлари, мақола ва асарлари муаллифи, сўзсиз, Вячеслав Аркадьевич Голышев. Бунга заррача ҳам шубҳа бўлиши мумкин эмас.
Лекин айни пайтда, Ўзбекистоннинг бугунги ижтимоий ва  иқтисодий ҳаётидаги кўплаб муаммо ва инқирозларни кузатарканман, Ислом ака ўзи тахтда қолганига яраша, энди ўз атрофидаги Голышевга ўхшаган 25 йиллик маслаҳатчи мулозимларини секин аста ўзгартириб, янгилай бошласа ёмон бўлмасди.
Нега бундай фикрга келганимни эса қуйидаги сабаблари бор…
10. 
Бугун Ўзбекистон Олий раҳбариятида узоқ йиллардан бўён ўз ўрнида муқим қолиб келаётган мулозимлар ўз даври ва ўз ғояси билан бирга қариди.
Янаям аниқроқ қилиб, гапнинг тўғрисини  айтганда Ислом ака  — ўзининг кўп йиллик муқим туриб қолиши билан ўз атрофидагиларни қаритди.  Том маънода айтганда Олий раҳбариятдагиларнинг ғояси ҳам тугаб битди. Бир ғояни қайта қайта чайнашдан фойда йўқ энди.
Ҳатто бир бирига тескари ва қарама қарши ғоялар ҳам пайдо бўлди.
Чунончи, Ўзбекистонда ҳеч қачон ўта бой ҳам, ўта камбағал ҳам бўлмайди деган сўз энг олий минбарлардан қайта қайта таъкидланса ҳам, Ўзбекистон барибир ўта бойлар ва ўта камбағаллар ватанига айланиб улгурди. Давлат раҳбарининг сўзига – жамиятдаги асл  воқелик тўғри келмай қолди.
 Қайсики мамлакатда ўта бойлар сони авж олган сари, биз истаймизми, йўқ – ўта қашшоқлар сафи ҳам шитоб билан кенгайиб боради. Бу аксиома – Ўзбекистон тажрибасидан ҳам маълум бўлди.
Бутун дунё олигархларидан Ўзбекистон бойларининг фарқи шундаки,   улар дунёнинг энг илғор ғоялари ва технологиялари асосида ниманидир  ишлаб чиқарган бўлиши мумкин. Улар дунёни нима биландир таъминлашган. Ниманидир кашф қилишган ва одамлар фойдаланиши ва манфаат кўриши учун ишлаб чиқаришган.
Ўзбекистон бойлари эса  бу борада бугунга қадар том маънодаги жумбоқ. Салимбой, Мираброрбой ва  Зафарбойлар нимани ишлаб  чиқарганини уларнинг на Ватандошлари  ва на сафдошлари  билишади…
11. 
Бироқ қўлини қўлига урмай, мамлакатнинг 95 фоиз бойлигини ўз тасарруфига олган бугунги замонавий ўзбек бойларининг – мустақиллик давридаги  бойлик тарихи қай даражада сир бўлса, айни пайтда Президентнинг Ўзбекистонда ўта бойлар бўлмайди деган ақидаси ҳам ўз мазмун моҳиятига кўра, шу даражада сирли ва синоатлидир…
Биз истаймизми, йўқми Ўзбекистонда қашшоқлар ва қашшоқлик даражаси аслида кун сари ортиб бораяпти. Ҳаттоки, бугун “Дунё ўзбеклари”да эълон қилинган мақолада Исфандиёр тўғри таъкидлаганидек, Совет даврида таъминоти жиҳатидан мамлакатнинг энг пешқадам қисми бўлган халқ ёзувчилари Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш, Маъруф Жалил, Зоҳир Аълам, Мамадали Маҳмудов ва ҳокозалар очлик қурбонига айланган бир пайтда қолган бошқа ёзувчилар ҳақида нима ҳам дейиш мумкин!?
Бир сўз билан айтганда зиёли  ва ёзувчилар  ҳозир мутлақо таъминотсиз…
Буларнинг ҳаммаси –  бугунги қаҳрамонимиз Вячеслав Аркадьевич Голышев ва бошқа “Голышевчилар”  Ўзбекистонда олиб борган 25 йиллик иқтисодий ислоҳотларининг бизга насиб этган аччиқ ва тахир меваларидир…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари”Бош муҳаррири,
31 май. 2015 йил, Торонто шаҳри, Канада
Голышев В.А.
(Давоми бор)
Навбатдаги қисм – Президентнинг ўнг ва чап қўли бўлмиш – бош ёрдамчиси Георгий Алексеевич Крайнов ва биринчи концелярия мудири Равиль Ваҳобович Абдуқодировлар ҳақида
Один комментарий к “Исмат ХУШЕВ: ДАВЛАТ МАСЛАҲАТЧИСИ БЎЛГАН БИРИНЧИ РУСИЙЗАБОН”
  1. Офарин Исмат ака! Гапнинг пуст калласини когозга ураб, очик ойдин ёзибсиз. Буларнинг барчаси БУЛБУЛ урнига келган ЗОFЛАР! давлатимизнинг РАК касали, ОЧОФОТ термитлар, ИУАДАЛАР! Буларни Булгаков жуда зур таърифини берган, Достоевский эса жамиятни карийиб 200й ил бурун бу офатдан эъхтиёт булиши шартлиги билан огохлантириб кетган эди. Булар узимизнинг ичимиздан хоинларни топишиб уларнинг 8 тасини миллонер килишиб, узлари миллардер булишди. Каримов булардан воз кечмас экан, тарихдаги номи кора холида колаверади!!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *