10. Иблис салтанати
ХVI пленумни ҳар ким ўзича талқин қилган. Биз, ёшлар аввалбошда жуда мамнун бўлганмиз, чунки зилзила қўпиб, қоялар титраб кетган, чақмоқ чақиб, зулмат ёришган эди, гўё. Ва айтиб бўлмайдиган аччиқ ҳақиқатлар юзага чиқа бошлаганди.
У замон шундай эди, йиллар давомида ҳеч бир ўзгариш бўлмасди. Дим ҳаво нафасингни бўғиб, зарра шамол эсмаган саратоннинг жазирама кунларига ўхшарди, кўнгилсиз, бир хил ранг, бир хил оҳанг ва муттасил навбатда туришлар…
Юракка тўкилиб кетган эди, бу!
Шундан зиқланганда, бошимизга чиқиб олган нопок ва жирканчни нега ишдан четлатмайди деб ҳайрон бўлар эдик, кейин, ҳойнаҳой, шундай идора борлиги Каттанинг эсидан чиқиб кетган бўлса керак, деб қўярдик…
Мана шундай кайфиятда, қандайдир юмуш билан Одил Ёқубовнинг уйига бордим, ғира-шира меҳмонхонада ёлғиз бир ўзи ўтирган экан, у жуда хомуш эди. Қўлида – газета, ундан бош кўтарай демайди. Одатига хилоф равишда ортиқча илтифот қилмади, кўзойнак устидан чимирилиб бир қараб қўйди, холос.
Анчадан сўнг:
– Пленум ҳақида ёшларнинг фикри қандай? – деб сўради бўғиқ овозда.
– Яхши, – дедим мен.
– Нимаси яхши?
– Шунча ҳақиқатлар очиб ташланди. Аввал уларнинг кўзбўямачи эканини айтиб бўлармиди? Биринчи секретарнинг ўзи, олдинги раҳбар менинг кўзимни боғлаб қўйган, деяпти-ку, ахир?!
– Ёшлар шундан хурсандми, ҳали? – деди адиб истеҳзо билан, сўнг яна кўзойнак устидан, худди ҳаммасига мен айбдордек, норози бўлиб зардали тикилди. Ва ниҳоят: – Бу – жуда ёмон аломат! – деди у бошини кўтариб.
– Бу – катта мусибатнинг бошланиши! Ўттиз еттинчи йили худди шундай бўлган! Эллик учда ҳам!..
Мен ноқулай аҳволда қолдим, чунки ҳали ёш эдик, ҳаётнинг паст-баландини билмасдик. Шу боис, масалага бошқача кўз билан қарардик. Ҳали айтганимдек, ҳаётдаги бу ўзгаришлар тозариш ва яшаришдан дарак беради, деб умид қилганмиз. Шу сабаб, тошқотган биқиқ муҳитга мусаффо ҳаво сизиб киргандай хушҳол ва нажотбахш кайфият уйғотган. Шунинг учун Одил Ёқубовнинг фикрига қўшилгим келмади. Ва шундай ёзувчининг биз истаб турган ўзгаришга қарши чиқиши жуда нохуш туюлди.
Мен нигоҳимни олиб қочдим ва ҳамон қўлида тутиб турган газетага кўз қиримни ташладим ва кўрдимки, нутқнинг ҳар бир банди қизил қалам билан чизиб ўқилган.
Одил ака менинг кайфиятимни сезмасдан қолмади. Шунинг учун бўлса керак, жуда асабий ва ҳасратли овозда:
– Сиз ҳали ёшсиз! – деди. – Мен ҳам бир вақтлар бу масалага шундай қараганман! Отам қамоқда ётибди, мен бўлсам, душман қидирганман! “Халқ душманлари” қораланиб, уларнинг “дум”лари фош этишга ундалган митингларда жавлон урганман!
Ўша издиҳомга мени нима етаклаб борган? Буни энди англаяпман. Ўшанда эса, карнай-сурнай ва ноғора садоси, оташин маршлар қулоғимга чалиниши билан юрагим ўйнаб, оёғимни қўлимга олиб, қизил байроғу алвон шиорлар билан безалган шаҳар боғига қараб чопганман…
Бу жуда ғалати ҳодиса ва унга ҳушёрлик билан ёндошиш зарур. Нимага десангиз, у саробга ўхшайди, одамнинг кўзини боғлаб қўяди. Шундай акс ва сирли жараён.
У бир зум тин олди. Кейин бўғиқ ва ҳаяжонли овозда давом этди.
– Раҳматли отам қип-қизил коммунист бўлган. Униб-ўсган шаҳримизда раҳбар эди. Тузумга шу қадар собит эдики, ҳатто бобом намоз ўқийман деса қўймасди. Лекин, бари бир, ўттиз еттинчи йили уни ҳибсга олиб, «халқ душмани» сифатида отиб ташлашди.
Мен уни охирги марта турмада кўрганман.
Ўшанда ўн бир яшар бола эдим, лекин отамнинг адолат ҳали қарор топади, бу кирдикорни ички душманлар қилаяпти, афсуски, ўртоқ Сталин билмайди, деб ёниб-куйгани, шуни онамга уқтиргани ҳамон ёдимда.
Раҳматли шу ҳасратда ўлиб кетди.
Тасаввур қилинг, миллион-миллион беайб ва бегуноҳ, насл-насаби тоза одамлар мана шундай ўйдирма билан қатл этилди.
Хўш, бу кимга керак? Ва нима учун?
Ўн еттинчи йили ва ундан кейин қирғин тузум ўзини тозалаб олиши учун қилинган, дейлик. Лекин, ундан кейинги қатағонлар-чи? Эллик учинчи йили яна қанча одамнинг ёстиғи қуриб кетди. Мана, ҳозир яна…
Тўғри, мустабид сиёсат шундай бўлади, ўзи. Вақти-вақти билан қирғин қилиб, одамларнинг кўзини қўрқитиб туради, бўлмаса, пичоқ бориб, суякка қадалгач, мазлум кўтарилиб кетиши мумкин. Лекин бу офат ёлғиз бизнинг бошимизга тушгани йўқ-ку! У бошқа халқларни ҳам четлаб ўтган эмас!
Мен ҳаётнинг паст-баландини кўриб, бошим кўп деворга урилиб, шуни англаб етдимки, бу фақат золимлик эмас, бу бир сир-синоат, бу бир тилсим. Ўша манфур сиёсат худди ёнма-ён айланаётган иккита даҳшатли гирдобга ўхшайди, одамни ўз комига тортиб кетади, жамиятни иккига бўлиб ташлайди. Нимага десангиз, ўша замонда одамлар отамга ўхшаган жабрдийдаларга зиғирча ачинган эмас! Балки «халқ душмани» сифатида нафратланган! Ҳатто борди-келди қилиб юрганлар ҳам!
Қани, айтинг-чи, бу тасаввур, бундай қараш қаёқдан пайдо бўлди?
Нега одамлар ўзи кўриб-билиб юрган ҳамкасбига, қўни-қўшнисига, дўсту биродарига эмас, балки мана шу бўҳтон ва ўйдирмага астойдил ишонди? Чунки улар буни муҳокама қилиб ўтиргани йўқ. Қирғин даҳшати, ваҳм-саросима бунга йўл берган эмас. Камдан-кам покиза, иймонли ва иродали одамлар бу ҳақда ўйлаб кўрган, холос. Шу боис, кўпчилик ҳатто биз, болаларга ҳам нафрат кўзи билан қараган. Ва мана шу оғир юкни кўтариб улғайганмиз.
Кечалари қон йиғлаб чиққанмиз, ёстиқларимиз жиққа ҳўл бўлган, лекин ўша, ноғора садоси қулоғимизга чалиниши билан юрак ҳаприғиб кетаверган.
Нега шундай бўлган? Нима, Сталин зормиди шунга? Ахир, у қатағонсиз ҳам жамиятни бошқара олар эди-ку?
Нимагадир бу ҳақдаги қарашлар юзаки. Биз одамлар ноҳақ айблангани, ўлимга маҳкум этилгани ва уларнинг авлоду зурриёди кун кўрмай ўтиб кетгани ҳақида кўп сўзлаймиз, лекин юрак ютиб, қабоҳатнинг чиркин илдизига тикилиб қарамаймиз, журъатимиз етмайди, шунга!
Одатда, қатағон маҳали жамият иккига бўлинади ва халқнинг асл қатламини унинг зидди бўлган куч қириб ташлайди. Бундай вақтда одамнинг қадр-қиммати сариқ чақага арзимай қолади. Йиқилганни босиб-янчиб ўтиш кишига ҳузур бағишлайди ва душман қидириш ёмон бир касалга айланади.
Одам боласини шунчалик хор этадиган, хўрлаб-ҳақоратлайдиган қандай куч, ўзи?
Қаранг, кап-катта раҳбар, олдинги «Биринчи» менинг кўзимни боғлаб қўйган, деяпти?
Ҳолбуки, масаланинг моҳиятига ўттиз еттинчи йилдан келиб чиқиб қарасак, одамларнинг кўзини боғлаётган, аслида, унинг ўзи!
Тушунаяпсизми, бу сиёсат кўз боғлашдан бошқа ҳеч нарса эмас!
Нима эмиш, «тозалаш» ўтказар эмиш!
Бир қарашда, бу – яхши, эзгу мақсад билан қилинаётир, лекин, аслида-чи? Ахир, бу жамиятни бўлиб ташлаш ва одамларни бир-бирига едириш-ку?!
Сиртдан қарасанг, аччиқ ҳақиқат баралла айтилаётир, тараққиётга тўсиқ бўлган нопоклар синдириб ташланаётир, адолат рўёбга чиқаётир. Лекин, аслида-чи? Жамиятдаги иллатлар мисол тариқасида айримларга тўнкалади, кўрдингизми, ким яхши яшашимизга тўсқинлик қилган, ким ҳаётимизни бузиб ташлаган, ким ички душман, деб улар рўкач қилинади. Кейин мисол учун “айбдор”лар хўрлаб-ҳақоратланади, қамалади ва отилади.
Халқнинг етакчи қисми душманга чиқади, уларни қиличдан ўтказаётган адолатпарварга айланади. Яъни, оқ қора бўлади, қора эса, оқ.
Бу – нима дегани?
Ўша, “халқ душманлари” ҳам аслида ижрочи, марказнинг кўрсатмасини қилган, партиявий бурчини бажарган. Вақт ўтиши билан бу ҳақиқат юзага чиқади ва улар оқланади. Ўша кирдикорни содир этганлар эса қора бўлади. Лекин, мудҳиш хатони тузатиб бўлмайди. Ўлган ўлиб кетади, уйи куйиб қолади. Аммо уларнинг қонини ичган отдан тушсаям, эгардан тушмайди. Қолганларгаям кун бермайди. Бу шундай чийратма жараён…
Мана, кеча пленумда жуда кўп одам қораланди, ҳаётда қандай ноҳақлик содир этилган бўлса, барчасига гўё улар айбдор. Халқнинг қаҳру ғазаби уларга қаратилди.
Ҳолбуки, бу одамлар марказ чизиб берган чизиқдан чиқиб кета олмасди. Ўз майлича кўзбўямачилик қилиб, нима, боши иккитами?! Аммо ҳукумат уларни юзиқора қилди.
Хўш, энди нима бўлади?
Бечоралар бирин-кетин ишдан олинади, партиядан ўчирилади ва жиноий жавобгарликка тортилади. Тергов жараёнида эса, истайсизми-йўқми, яна кимларгадир кўрсатма берилади. Бермаса, ташкил этилади. Шу тариқа, “халқ душманлари”нинг «дум»лари, «яқин»лари ва «қариндош-уруғ»лари ҳам бадном этилади, керак бўлса, жавобгарликка тортилади. Қолганлар хурсанд, томошабин бўлиб туради. «Дунёда адолат бор экан-ку!» – дейди.
Лекин гал ўзига келганида, саросимага тушиб, бошини қаёққа уришни билмай қолади. Ҳатто ўзини ҳимоя қила олмайди. Хавфсизлик хизмати, суд-тергов нима эканини сиз қаёқдан билар эдингиз?!.
Уларнинг таҳдиди кучайиб, одамлар майдалашиб кетади, ҳатто бировнинг бошига тушган бахтсизликдан севинади. Парокандалик, хўрлик ва ҳақоратлар, жудолик ситами халқнинг ваҳмини қўзғайди ва иродасини синдириб ташлайди.
Аввал ҳам шундай бўлган, ҳозир ҳам шундай.
Тарих такрорланаяпти, холос.
Лекин бир нарса мени ҳайрон қолдиради.
Нега одамзод бир-бирига шундай аянчли қисматни раво кўради, учовлон бир бўлиб, тўртинчи одамни қатл этади? Ва яна ўзининг қаттоллигини ҳақпарварлик деб билади?
Шундай бўлиши мумкинми, ахир?!
Чуқурроқ ўйлаб қарасак, бунда ўша, ноғора садосига ўхшаш сеҳр ва жоду бор…
Шахсан мен Ҳақ таоло шундай зулмга йўл очиб, ижросини совет ҳукуматига топшириб қўйганига ишонмайман. Бундай бўлиши мумкин эмас! Нимага десангиз, қатағонда асосан палаги тоза, иймон-эътиқоди мустаҳкам, нурли ва покиза инсонлар қурбон бўлган.
Азоб-уқубатга дучор этилган, қийнаб ўлдирилган руҳоний ва уламоларнинг ҳисоби йўқ…
Демак, оламда Яратганнинг хоҳиш-иродасига зид ҳаракат қиладиган, дунёни тескари айлантириб юборадиган яна қандайдир куч бор! Эҳтимол, бу Оллоҳнинг қаҳрига учраган Иблиснинг кирдикоридир?!
Лекин, у абадий эмас! Шунинг учун бир вақт қораланган шахслар яна оқланади, золимликни содир этган қонхўрлар эса, қораланади…
Одил Ёқубовнинг даъвоси ўшанда менга ғалати туюлган. Лекин орадан йиллар ўтгач, кўп нарса ойдинлашди…
Бир куни, кечқурун, хиёбонда айланиб юриб, Одил Ёқубов Бухородан келган бир машъум хат ҳақида гап очди.
«Одил ака, деб ёзибди ўша хат муаллифи, узоқ йиллар хўжаликка раҳбар бўлиб ишладим, эл ичида обрўйим ёмон эмас. Лекин бошимга мушкул ташвиш тушди. Мениям «пахта иши» бўйича айблашаяпти. Қамамасдан қўйишмайди. Ўзингиздан қолар гап йўқ. Қамалдингми, тамом, бадном бўласан. Менинг эса, битта ўғлим, иккита қизим бор. Эртага бу қизларни ким келин қилади?
Ҳеч ким! «Фалончининг боласи-да», дейишади. Ўғлим эса, жамиятдаги ўз ўрнини йўқотиб қўяди. Ишга кираман деб қаерга бормасин, ҳужжат тўлдириши керак, унда эса, «қариндошлардан биронтаси олдин ёки айни кунда жиноий жавобгарликка тортилганми» деган банд бор…
Мана шуни ўйлаб, тоза бошим қотди, ахийри бир йўлини топдим.
Болаларимнинг келажагига зомин бўлмаслик учун, қариндош-уруғ, эл-юрт обрўйига тегмаслик учун биратўла этак силкимоқчиман, фақат сиздан бир ўтинчим бор, Одил ака!
Бу менинг сўнгги ўтинчим!
Бу қора кунлар ўтар, ёруғ кунлар келар ҳали, шунда бир бизникига келсангиз, фарзандларимни ўртага олиб тушунтирсангиз, отанг яхши одам бўлган, ҳалол-покиза инсон эди, фақат ҳақсизликка чидай олмай, азбаройи сизларнинг келажагингизни ўйлаб, ўз жонига қасд қилган, десангиз!
Илтимос!
Биламан, улар сизга ишонишади…»
Хатни ўқигач, юрагим орқага тортиб кетди. «Бундай қилманг! Ўз жонига қасд этганни Қодир Эгам кечирмайди!» – деб унга жавоб ёздим ва шу заҳоти Бухорога одам жўнатдим, лекин, афсуски, кеч бўлган экан…
Одил ака оғир сукутга толди, кейин қайрилиб, шиддат билан уйига қараб юрди. Учинчи қаватга кўтарилгач, у музлатгичдан ароқ олиб очди ва пиёлани тўлдириб сипқорди.
– Ҳаммаёқ ёниб, тутаб ётибди! – деди қаҳр-ғазаб билан. – Халқни қовуриб ташлади, булар! Вазият ниҳоятда чигаллашиб кетди. Кўчага чиқсанг, қамоқдан қочган каллакесарга дуч келгандай ўқраяди, анавилар!
У қўлидаги пиёлани тўлдириб яна ичди, сўнг бўғиқ ва зада овозда: – «Литературная газата»да уч-тўртта терилган мақолам ётибди, – деди. – Биронтаси чиқса, жиндай фикр ўзгарармиди? Йўқ, бермайди, беришмайди!..
Ҳақиқатан ҳам, ўша даврда марказий матбуот ўзбеклар уюшган жиноий қавм, золим ва қароқчи, кўзбўямачи ва қонхўр, бир сўз билан айтганда, совет халқларининг ашаддий душмани деган тушунча бериб улгурган эди.
Улар ажабтовур уйдирма ёярди. Нима эмиш, хавфли-хатарли жиноятчини қўлга олиш учун гдлянчилар ярим кечаси бтэрларда бостириб борар эмиш! Нима эмиш, ёвуз жиноятчилар заҳарли илондек ҳамла қилар эмиш!..
Совет замонида наҳот шундай қилиш мумкин бўлса?!
Аммо совет халқи ана шу уйдирмага ишонди!
Кўраяпсизми?!
Ҳолбуки, айбдор деб топилган инсонлар аллақачон хавфсизлик хизмати ертўласидан жой олган эди. Уларни кўриш илинжида йўл босиб келган шўрлик онаси ёки муштипар аёли, қўлида ғарибона тугун, уззу-кун ўша идора олдида, офтоб тиғида эзилиб-сарғайиб ўтирарди.
Ўша бечораларнинг тутдай тўкилиб, қон ютиб ўтирганини, адолат истаб ҳар эшикка бош урганини, хору хазон бўлганини биз ўз кўзимиз билан кўрганмиз. Ҳақиқатан ҳам, инсоннинг қадр-қиммати сариқ чақага арзимай қолганини ва ҳар биримиз шундай аянчли аҳволга тушишимиз мумкин ҳеч гап эмаслигини юрак-юракдан ҳис қилганмиз.
Одил Ёқубов пиёлани бир четга қўйди-да, телефонга узалди, кейин жаҳл билан рақам тера бошлади. Ва, ниҳоят, «Литературная газета»нинг Бош муҳаррири ўринбосари билан боғланди.
–…Ахир, сиз зиёлисиз-ку! Нима, бунинг сиёсий қатағон эканини билмайсизми? Қатағонни кўрмаганмисиз, ё? Бундай оғир дамда одам бир-бирига суянчиқ бўлиши, жабрдийдадан меҳрини аямаслиги керак! Йўқ, сизнинг назарингизда, Ўзбекистонда ҳамма ўғри, ҳамма жиноятчи! Қани, айтинг-чи, қандай қилиб, бир жамиятнинг ярми пок, ярми нопок бўлиши мумкин? Қандай қилиб, шундай сиёсий назорат остида тобелар, яъни бир республика қоп-қора, унга ҳукмини ўтказиб келганлар эса, оқ-оппоқ бўлиши мумкин?! Ҳэ-э, ўргилдим сиздан ҳам, «Литгазета»дан ҳам!..
Орадан бир ҳафта ўтгач, «Литературная газета» Одил Ёқубовнинг «Қишлоқдаги фожиа» бадиасини эълон қилди. Унда жафокаш халқимиз қора меҳнат остида эзилиб кетгани, бу уқубатга чидай олмай, шўрлик аёллар ўз жонига қасд қилаётгани, лекин буни ўйлаб-куюнадиган, мазлумнинг дардига малҳам бўладиган бир меҳрибон йўқ экани очиқ айтилган эди…
Одил Ёқубов:
– Ҳаётнинг ўйинини қарангки, отам қамалгач, бир ҳафта ўтар-ўтмас, синф раҳбарининг, – у яраланиб, яқинда урушдан қайтган эди, – поччаси ҳибсга олинди ва «халқ душмани» деб эълон қилинди. Шу-шу, у мунғайиб, аввалгидан баттар оқсоқланиб қолди, менга ачиниб қарайдиган, бир ўзим юрган бўлсам, бошимни силайдиган бўлди.
«Пушкин суратида қабиҳ аксилинқилобий даъват ёзилган эмиш!» – деган миш-миш тарқалган куни ўқитувчимиз синфга жуда хомуш бир аҳволда кириб келди, у ғамга ботиб, бизга узоқ тикилиб тургач:
– Болалар! – деди ялиниб-ёлвориб. – Кеча тарқатган дафтарларни олинглар, ҳалиги, жилдига Пушкиннинг сурати солинган дафтарни айтаяпман! Олдингларми? Эҳтимол, эшитгандирсиз, ашаддий душманларимиз маккорона чизилган ҳарфлар билан СССРга қарши сўзлар ёзипти!
Бу мудҳиш хитобни топган пионерлар бор! Уларнинг расмлари эртага «Фахрий доска»га илинади. Наҳот бизнинг синфдан бирон-бир ҳушёр пионер чиқмаса? Қани, суратга яхшилаб қаранглар-чи! Шояд, сизлар ҳам душманларимизнинг қабиҳ ҳийласини топиб, уларни фош этсангиз!
У шундай деб менга умид билан қараб қўйди. Ҳар қалай, менга шундай туюлди ва дафтар жилдидаги суратга жон-жаҳдим билан тикилганча маккорона чизилган ҳарфларни қидира бошладим…
Асабларим таранг тортилган, миям лахча чўққа айланган. «Наҳот жонажон ватанимизга қарши ёзилган бу мудҳиш сўзни топиб, душман кирдикорини фош эта олмасам? Йўқ, топаман! Топганда ҳам, биринчи бўлиб топаман! Иккинчи бўлишнинг кераги йўқ!..
Тўхта, мана бу гажак нимани эслатади? «С» ҳарфининг ўзгинаси-ку! Унинг ёнидаги соч толаси-чи? У ҳам «С»! Унинг ёнидагиси ҳам! Мана буниси «Р»!
Ё, тавба! Бу баттоллар «СССР» деб ёзиб қўйипти-ку, боядан бери шуни ҳам кўрмапман-а!
Мана бу тола қуйиб қўйгандек «Д»! Ундан кейинги гажак-чи? «О»! «О» бўлган жойда, «л» ҳам бўлиши табиий! Мана, «л»! Ёнида эса, «ой»га ўхшаш яна икки гажак!
«Долой СССР! – СССР даф бўлсин!» деган хитоб, бу!»
Мен ҳаяжондан нафасим бўғилиб:
–Топдим, муаллим, топдим! – деб бақириб юбордим.
Мажруҳ ўқитувчи текис полда қоқилиб-суриниб, оқсоқлана-оқсоқлана ёнимга келди. Бир синф ўқувчи ҳам «гурр» этиб ўрнидан турди ва ҳовлиқиб устимга ёпирилди.
Мен худди безгак тутгандек дир-дир титраб, улуғ шоирнинг жингалак сочлари орасидан топган мудҳиш ёзувни кўрсата бошладим. Ниҳоят, кўрсатиб бўлиб, тенгдошларимга мағрур қарадим. Кейин муаллимнинг: – Маладес! – деган хитоби янгради. – Ҳушёр пионер деб шуни айтадилар!
Ҳамма менга ҳасад билан қарар, мен ўзимни чинакам қаҳрамон ҳис қилар эдим.
– Қани, дафтарларни йиғиб беринглар! Бир соатдан кейин спорт майдонига бутун мактаб йиғилади. Ҳаммамиз бирга, бу мудҳиш дафтарни ёқиш маросимида иштирок этамиз!..
Баҳром Рўзимуҳаммад:
–…Парвойи палак эди Сулаймоннинг
тўғрироғи асо башқарарди девларни
асо теваракни гулга айлантирмоқда эди
асо ҳукмронлиги бошланган эди
Девлар қимматбаҳо тошлардан
нур тарқатадиган қуббалар ясашди
ҳақиқат ясашди эртакни ушлаб
силлалари сил бўлиб
Оллоҳ қуртга амр этди
асо ичига ўрнашиб олди қурт
ярмини еб битиргач
Сулаймон қия қаради
Девлар ваҳимага тушдилар
чиннидай артишди қалъани
чангни ташқарига ташишди
қолмади заррача ғубор
Қурт асо тутқичига етди
чирт этиб синди асо
жасад қулади
девлар қутулди.