• Пт. Окт 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат ХУШЕВ: АДОЛАТ АРБОБЛАРИ ТАХТДАН ТУШАДИЛАРМИ?

Сен 4, 2015
Исмат ХУШЕВ:
АДОЛАТ АРБОБЛАРИ ТАХТДАН ТУШАДИЛАРМИ?

Бош про билан

Суратда: Ўзбекистон Бош прокурори Бўритош Мустафоев (чапдан биринчи), Адлия вазири Алишер Мардиев, “Ҳаёт ва иқтисод – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев Ўзбекистон Олий мажлиси сессиясида.
Исмат ХУШЕВ: АДОЛАТ АРБОБЛАРИ ТАХТДАН ТУШАДИЛАРМИ?
Мен меҳр қўйган “Сангам” фильми қаҳрамони Гўпалнинг қиёфадоши – Бўритош Мустафоев  энди қайси ролни бажарар экан? 
Ўзбек юристларининг онахони маълум эди. Отахони ким бўлди?
36 ёшида махсус хизмат генерали бўлган Бахтиёр Ғуломов бугун қаерда?
Ҳайдар Яҳёев, Мамлакат Восиқова, Нўъмон Бўрихўжев, Муҳаммад Бобир Маликов ва бошқалар ҳаётига бир назар…
Янги ўзбек бойлари бугун кимнинг этагида намоз ўқишмоқда?
Ўзбек ва Қозоққа бирдек фарзанд бўлган генерал…
Адолат арбоблари ҳукумат тахтидан тушсалар-да, халқ тахтидан тушмайдилар…
Ўзбекистондаги адолат тизими мулозимлари  тақдири муҳожиротдаги ўзбек  журналисти нигоҳида
1. 
Яқинда Ўзбекистон Олий сенати мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Бош прокурори бўлиб узоқ йиллар ишлаган Бўритош Мустафоевни  Олий суд раиси лавозимидан озод қилиш ҳақида қарор қабул қилди.
Бир қараганда бу – Ўзбекистондаги раҳбар кадрларнинг навбатдаги  ротацияси сифатида   одатдаги ва нормал қарорлардан бири бўлиб туюлиши мумкин.
Лекин аслида-чи?
Аслида бу  синчков кузатувчилар назарида – Бўритош Мустафоевнинг  Президент  орбитасида  сал кам йигирма беш йил порлаган қуёшининг ботиши сифатида қабул қилинди…
 2.
Бўритош Мустафоев – 1949 йилнинг 2 январида  Самарқанднинг Хатирчи районида  туғилган. Тошкент Давлат университетининг юридик факультетини тугатган.
1971 йилдан Самарқанд вилоят прокуратураси терговчиси, Нарпай район прокуратура терговчиси, Оқтош шаҳар суди судяси, Жомбой район прокурори, Самарқанд вилоят прокурорининг ўринбосари, биринчи ўринбосари, Андижон вилоят прокурори ва ниҳоят 1989 йилдан эътиборан – Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари этиб тайинланган.
1990 йилнинг 23 декабридан – Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Бош прокурори бўлган.
Мен у кишини биринчи маротаба 1990 йилларнинг бошида – Ўзбекистон Олий Мажлиси сессиясида кўриб, таниган эдим.
Ўшанда Ислом ака яқингинада тайинланган Бош прокурор депутатлар ҳузурида қайсидир муҳим масалада чиқиш қилишини талаб қилган, Бўритош ака эса бундай катта анжуманда биринчи маротаба иштирок этаётгани боис, анча ҳаяжонланиб, гапини бир мунча йўқотиб қўйган эди.
Янги прокурор формаси ўзига жуда ярашган, лекин янги бўлгани учун ҳам Бўритош ака унга ҳали кўникмагани шундоққина кўриниб турарди. Анча ҳажонланган, терлаб кетган Бўритош ака ниҳоят ўзини бир қадар босиб олиб, момоқалдироқдек гулдуроқ ва ваҳимали овоз билан сўз бошлаганида, Ислом ака бир оғиз кутилмаган танбеҳи билан у кишини яна довдиратиб қўйди: “Сал ўпкангизни босиб олиб, гапиринг!”…
Давлат раҳбарининг бу танбеҳи – кечагина юксак лавозимга тайинланган Бўритош акани энди тамомила ганггитиб қўйди. Лекин барибир у киши ўзини қўлга олиб, нималардир деган, аммо одамлар назарида Бўритош Мустафоев  бу лавозимда узоқ ишлай олмаса керак деган тахминларни ҳам келтириб  чиқарган эди…
3. 
Кейин у киши ростдан ҳам ўзини ўзини босиб олиб, аввал Бош прокурорлик қиёфасига, кейинчалик эса бу довруғли вазифага ҳам  бир қадар мослашди.
Бу орада каттанинг жуда кўп баҳсли  қарашларини қонуний ифода этиб келди.  Ўзбек мухолифатининг таъқиб ва тазйиққа олинишида, унинг фаол аъзоларини ҳибс этиш ва озодликдан маҳрум қилишда Бўритош ака ҳамиша Президентнинг ёнида турди. Унинг айтган ҳар бир тўғри ва нотўғри, қонуний ва қонунсиз топшириқларини қулоқ қоқмай бажаришига тўғри келди.
Ўзбекистоннинг биринчи ва сўнгги Вице Президенти, ҳукумат раиси Шукрилла Мирсаидов “дело”сига ҳам у киши Ўзбекистон МХХ раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Ғуломов билан биргаликда, Бош прокурор сифатида “Тасдиқлайман!” деб қўл қўйган. Бундай “Дело”ларнинг яна қанчасига қўл қўйган, Оллоҳ билади.
(Қолаверса, ушбу сатрлар муаллифи Исмат Хушевнинг  Бош муҳаррирликдан бир эмас, уч маротаба Ўзбекистон зиндонларига жўнатилишга ҳам, афсус надоматлар  бўлсинки, бизнинг бугунги – адолат посбони деб талқин қилинаётган қаҳрамон – Бўритош оғамизнинг муборак имзолари бор.
Лекин у кишининг фаолияти хусусида адолатли фикр юритишимизга бу соя сололмайди).
Ўзбекистон халқ депутати Шовруқ Рўзимуродовнинг  ноқонуний ҳибсга олиниши ва алал оқибат Ички Ишлар вазирлиги ертўласидаги фожеали  ўлими, Олий Кенгаш депутатлари Иномжон Турсунов ва Тойиба Тўлагановаларнинг  ҳаётдан жуда эрта кўз юмиб кетиши сирлари, 1999-йилги  Тошкент портлашлари ва 2005 йилги Андижон фожеаси, ўзбек мухолифати фаолларининг ҳибс ва хорижга сургун қилиниши, биз истаймизми, йўқми – Бўритош Мустафоевнинг  Бош прокурор, Адлия вазири Конституцион суд ва икки муддат Олий Суд раиси бўлган ҳам қонли, ҳам шонли даврлар билан  боғлиқ.
4. 
Вақти келиб Президент уни Бош прокурорликдан кўчага отиб юборди, индамади. Сўнг адлия вазирига “зам” қилиб қўйди, тишини тишига қўйиб чидади. Кечагина тухумдан чиққан шогирдлари қўлида ўринбосар бўлиб, уларнинг фармойишига бўйин эгиб туриш ҳам унинг чекида бор экан.   Ислом акага унинг ана шу мутелиги, давлат раҳбарининг қарорига сўзсиз ва итоакорлик билан бўйсуниши  ёқди.
Синовлардан яхши ўтди, шекилли,  яна “биринчи” бўлди.
Кейин урилмади. Кейин у фақат биринчи раҳбар бўлиб ишлади – Президент командасида жами 25 йил Олий тоифа мулозими бўлиб юрди: Бош прокурор, Адлия вазири, Конституцион суд раиси, Марказий Сайлов комиссияси раиси, икки муддат Олий суд раиси…
Ажаб, каттакон бир давлатнинг адолат ва ҳуқуққа алоқадор бўлган  шундай масъулиятли ва муҳим соҳаларида  муттассил йигирма йил фақат бир одам раҳбарлик қилди. Биридан олиб, бошқасига қўйилаверди. Нима бу, Ўзбекистонда бошқа мутахассис ва муносиб одам йўқлигидан далолатми ё давлат раҳбарига синашта бўлиб қолган одамнинг Олий раҳбарият саҳнасида доим ошиғи олчилигидан муждамиди, билмадим.
Ва ниҳоят 2014 йилнинг 29 август кунидан эътиборан, 25 йиллик Президент орбитасидаги баланд парвоздан сўнг,  яна ўринбосарликка туширилди…
5. 
Олий суд раиси лавозими жуда оғир ва қалтис вазифа. Бу ерда ҳамманинг кўнглини олиш қийин.
Кейинги пайтларда йигирма йил давомида “сувда чўкмас – ўтда ёнмас” бўлиб келган МХХ раиси Рустам Иноятовнинг ҳам креслоси чайқалиб қолди – бу идоранинг бир қатор қудратли генераллари билан ўнлаб масъул ходимлари бир кунда ишдан олиниб, ҳибс этилди.
Бунга қадар бу хуфия идора ходимларининг ёппасига  ишдан олиниши ва ҳибс этилиб, терговга тортилиши мамлакат сиёсий саҳнида мутлақо содир бўлмаган, содир бўлганида ҳам элга ошкор этилмаган эди.
Шу масалада Бўритош Мустафоев билан Рустам Иноятов орасида қора мушук ўтган бўлиши мумкин.
Президентнинг топшириғи билан Рустам Расуловичнинг энг яқин  ходимларини маҳкамага тортган ва  суд қилган Бўритош ака энди креслоси бир мунча лиққиллаб қолган Иноятовнинг йўриғига юрмаган, унинг хоҳиш иродасига бўйсунмай, у билан аввалги мавқеда ҳисоблашмаган кўринади.
Лекин Ислом ака уришиб сўккани ва элликдан зиёд махсус хизмат ходимларини қамагани билан, Иноятовни ишдан олишни истамаслиги ёки ололмаслиги ҳам мумкин.
Кейинги йигирма йил ичида улар бир биридан ажралмайдиган даражада сирли ва синоатли иттифоқ  бўлиб кетган бўлсалар не ажаб.
Алал-оқибат Президент билан МХХ раиси орасидаги бу сирли “садоқат ва вафо иттифоқи” – сиёсий синчилар томонидан – Бўритош Мустафоевни Олий суд раислигидаги умрига завол бўлган бўлиши ҳам мумкин деб  тахмин қилинмоқда…
 6.
Буларнинг бари – Бўритош ака ҳақида менинг журналист сифатидаги кузатув ва қайдларим.  Лекин оддий бир инсон сифатида мен ҳамиша Бўритош акага нисбатан хайрихоҳ ва самимий туйғуларга эга бўлганимни яширмайман.
Мен Бўритош акани биринчи маротаба ўша сессия залида учратганимда, беихтиёр, болалигимда қайта қайта кўравериб, ёд бўлиб кетган “Сангам” номли ҳинд кинофильмидаги Гўпални эслаганман. Ўшандай қорачадан келган,  қадди қомати келишган, дилбар йигит сифатида у киши менда илк учрашувдаёқ  мунис ва ёқимли бир таассурот қолдирган эди. Лекин у кишининг оиласи – “Радҳа”ни кўриш ва уларни бир бири билан ўзъаро таққослаш имкони менда бўлмаган.
Кейин ҳам Бўритош ака билан Олий Мажлис сессиялари ва Президент ўтказган турли йиғинларда, учрашув ва анжуманларда тез тез учрашиб турдик. Мен у кишини ҳар кўрганда – гўё ўзим кўнгил қўйган севимли кино актёримни кўргандай ажиб ва хушнуд бир кайфиятга ёр бўлардим. У киши ниҳоятда мулозаматли, юксак маданиятли арбоб эди.
Бир гал Бўритош Мустафоев бошчилигида бир гуруҳ прокуратура ходимлари билан биз бир гуруҳ – Тошкент обкоми аъзолари Бош вазир ўринбосари етакчилигида Тошкент вилоятининг Қозоғистонга чегарадош бўлган районларига чиқиб, байрам тадбирларида иштирок этгандик.
Ўша ҳаяжонли учрашувларда Бўритош ака ўзини ҳеч қачон Ўзбекистон Бош прокуроридай димоқ – фироғ ва такаббурлик билан тутмасди, аксинча, жуда оддий ва самимий инсон сифатида одамларда яхши таассурот қолдирарди. Умуман, одоб ва муомилада ҳам у киши ажиб бир назокат ва нафосатга эга. Бош прокурор бўлса ҳам, икки қўли доим кўксида эди. Оғир, камгап, камтар ва мулоҳазали одам эди.
Одатда бундай лавозим соҳиблари каттамсираган ва ғўдайган бўларди. Лекин Бўритош акада бундай бемаъни одат сира бўлмаган. Шунинг учун  у кишининг қўлида ишлаганлар ҳам, таниган ва билганлар ҳам  Бўритош Мустафоев ҳақида доим илиқ ва иссиқ фикрдалар.
Ва энг муҳими адолат арбоблари орасидаги аксар мулозимлардан фарқли ўлароқ, Бўритош Мустафоев нисбатан – қўли ва кўнгли тоза, адолатпарвар раҳбар эди деган фикрлар мавжуд.
Бу ҳақиқатга яқин мулоҳаза…
7. 
Мен Бўритош ака билан нафақат сафар ва тадбирларда, балки тор доирадаги  турли давра ва зиёфатларда ҳам иштирок этганман. Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир гал Нурали Қобулнинг уйида зиёфат бўлди.
Бўритош Мустафоев ишдан кейин Девонга – Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов ҳузурига келган эди. Мен ҳам ўша ерда эдим. Учаламиз Мавлон аканинг кабинетидан чиқиб, тўппа тўғри Нурали Қобулнинг уйига келдик.
Столнинг устида анқонинг уруғидан бўлак ҳамма нарса муҳайё, ичимликлар мўл эди.  Бўритош аканинг ичганини ҳам биров билмади.  Даврада ўзини жуда камтарона тутиб ўтирди. Кейин билсам, ҳамма жойда ҳам у киши ўзини шундай камтар ва камсуқум тутаркан.
Мавлон ака бўлган даврада одатда мен косагуллик қилардим. Бу гал ҳам шундай бўлди. Даврада худди у киши эмас, балки мен Бош прокурордай, ҳаммани оғзимга қаратиб, ўтирғизиб турғизардим, ўзимни жуда эркин тутардим.
Ўша куни ҳам шундай бўлди. Кўп ичилди.
Шунда нима бўлди-ю, Мавлон ака кўпроқ ичиб қўйгани учун навбатдаги қадаҳларни тўлдираётиб, у кишига қарата: “Сизга бу гал қўймайман, кўп ичдингиз, – дедим дадил.
Бошқа пайтлар, менинг бу танбеҳимга у қадар эътибор бермайдиган Мавлон ака негадир ўша куни ёниб кетдилар:
–          Менга танбеҳ беришга ёшлик қиласиз, ука – дедилар жаҳл билан.
Мен ҳам бўш келмадим. Хуллас, Ўзбекистон Бош прокурорининг олдида ҳукумат журналининг Бош муҳаррири билан Президент маҳкамасининг Бош  маслаҳатчиси ростакамига чўқишиб қолдик.
Бўритош ака шунда ҳам жанжалимизга аралашишга қўрқиб, Нурали Қобулдан мадад излаб у кишига “Буларни тинчлантиринг” дегандай мунғайиб боққанлари ҳануз кўз ўнгимда турибди. Ажаб,  Бош прокурор уй соҳибидан нажот кутарди…
8. 
Прокурор зоти асли шундай экан. Кейин ҳам бу соҳа мулозимлари билан кўп давралар қурдим. Жуда кўп базми жамшидларда бирга иштирок этишга тўғри келди. Бундай давраларда жимгина сўзингизни тинглаб, ичидагини билдирмай, еб ичиб ўтираверишаркан. Шеър ўқиб, ғазхалхонлик қилсангиз, кўнглингиз учун кўп қатори чапак ҳам чалиб қўйишлари мумкин.
Лекин,  худо кўрсатмасин, мабодо,  бирор  сабаб ва бесабаб  уларнинг  зиндонига тушиб қолсангиз,  ана ўшанда уларнинг асл башарасини кўра оласиз. Унга қадар уларнинг кимлигини билиш қийин экан.
Лекин Бўритош Мустафоев улардан фарқли ўлароқ, яхши ҳамсуҳбат, улфатижон даврадош эди.
Мабодо, у киши эмас, балки мен Бош прокурор бўлганимда, авваламбор  аллақандай журналист    мен ўтирган даврада косагуллик қилолмаган бўларди. Бу аниқ. Қолаверса, менинг олдимда ҳеч ким ўзъаро одобсизлик қилиб, бир бири билан уришиб кетишига йўл қўймасдим. У Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўладими, оддий одам бўладими, бундан қатьий назар.
Эҳтимол шунинг учун ҳам Исмат Хушев бугун Ўзбекистонда эмас, балки хориж элларда, муҳожирликда туриб Президент орбитасида 25 йил адолат соҳаларига ҳукмронлик қилган Бўритош Мустафоев ҳақида ўзининг маҳзун хотираларини ёзаётган бўлса, не ажаб…
 9.
Бу соҳанинг арбоблари ишдан кетганда, қувончидан чапак чалувчилар ва бу қарорни олқишловчилар одатда кўп бўлади.
Чунончи, Ички Ишлар вазири Зокиржон  Алматов ишдан кетганида шундай бўлганди. У янги ўзбек бойлари – яъни, олигархлар –  мафиоз ва уюшган жиноятчиликнинг кўзга кўринмас лидерлари билан яхши алоқада эди.
Ҳозир ҳам бу алоқалар узилганига мен ишонмайман. Улар ҳалиям  Зокиржон аканинг этагида намоз ўқиб туришибди.  То ҳануз улар Зокиржон аканинг этагини қўйиб юборишгани йўқ.
Адолат арбобларининг ҳали яна бир тоифаси бор. Улар кетганида ҳам чапак аллақачон тайёр.
Лекин Мустафоев кутилмаганда Президент орбитасидан кетганда ҳамма баб баравар қарсак чалди десак  адолатдан бўлмаса керак. У кутилмаганда  Олий суд раислигидан туширилганда,  бу сафар ачинишлар тарозиси устунроқ келди.
Ўзбекистондаги  ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларида  раҳбар бўлган аксарият мулозимлар ишдан олинганида одатда чапак чалишни хуш кўрадиган кенг жамоатчилик оммаси бу гал нега Мустафоев истеъфосини бир қадар норозилик билан кутиб олди?
Адолат идораларининг арбоблари одатда отдан тушганда афкор омманинг афсусланиши камдан кам ҳодиса саналади. Юқорида айтганимиздек, чапак чалувчилар доимо кўпроқ бўлади.
Бироқ  кузатишлар шуни кўрсатдики, сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари арбобларининг саҳнадан кетишида  афсусланишлар бармоқ билан санарли бўлди…
Ўзбекистон сиёсий саҳнасида адолат арбоби бўлиб яхши ном қолдирган олий суд раиси Убайдулла Мингбоев ва махсус хизмат генерали Бахтиёр Ҳисомович Ғуломовларнинг ҳам истеъфоси ўз вақтида халқ  томонидан ва айни пайтда ўз соҳасининг профессионаллари томонидан  ҳам  худди шундай нисбатан афсус ва норозилик билан кутиб олинган эди.
Шу ерда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим: халқ фикри ҳар доим ҳам ҳақиқатни акс эттиравермайди. Халқ фикри одатда шамолдай тебранувчи бўлади. Лекин профессионал омманинг фикри – бу жуда камёб ҳодиса…
 10.
Шу ўринда адолат ҳаққи ҳурмати айтиб ўтишимиз керак:  марҳум академик Хадича Сулаймонова то ҳануз ўзбек юристларининг онахони деб эътироф этиб келинади. Ўзбек юристларининг отахони ўриндиғи эса узоқ вақт бўм буш турди.
Ва ниҳоят мустақиллик йилларида Ўзбекистон Олий суди раиси вазифасини фидойилик билан бажарган ва энг муҳими оддийлиги, камтарлиги ва адолатпарварлиги билан эл назарига тушган Убайдулло Мингбоев, мана неча йилдирки, Ўзбекистон юристларининг отахони сифатида улуғланиб келинади.
У киши Олий суд раиси вазифасини анча йиллар илгари тарк этган бўлсалар-да, лекин миннатдор шогирдлари ва дўстлари даврасида ҳануз ҳурмат ва эъзозда.  Катта кичик давраларда не не вазифаларни адо этиб турган вазирлар ва улардан ҳам баландроқ мансабдорлар бир четда қолиб, ёшу қари айнан Убайдулло ака билан кўришиб, саломлашишга навбат кутиб турганини кўп бор кўрганмиз.
Ҳолбуки, Олий вазифада кўп ва узоқ ишлашнинг ўзигина бундай яхши ном қолдириш учун кифоя эмас.
Ҳайдар Яҳёев – МВД да қарийб йигирма йил ўтирди. СНБ да ҳам одамлар йигирма йилдан бўён ўтирибди. Ўз вақтида Нўъмон Бўрихўжаев ҳам уч муддат – ўн беш (15) йил Ўзбекистон прокурорларининг етакчиси  бўлди. Мамлакат Восиқова ҳам  Ўзбекистон юстиция министри бўлиб ўн беш (15) йил ўтирди.
Лекин улардан ҳеч ким узоқ ишлагани билан бу соҳанинг на “Отахони” ва на “Онахони” бўлолмади.
Шу ерда яна бир гапни айтиб ўтишимиз керак. Арбобларнинг ўз соҳасида  “отахон” ёки “онахон” бўлишлари учун халқнинг олқиши шубҳасиз керак.  Ва айни пайтда уларга соҳа профессионаллари ҳам тан бериши шарт ва зарур экан. Бундай ноёб ҳодисалар, афсуски, камдан кам бўлади.
Масалан, Яҳёев Ҳайдар Холиқович ўзининг дилбар қўшиқлари билан халқ ҳофизларининг оташин нафаси қанотида эл-улус  қалбини забт этмоқчи бўлди. Бироқ пировард натижа у кутгандай бўлмади. Ички Ишлар вазирининг шоирлигини яхши қабул қилган халқ, миршаббошининг одамлар қўлига  гоҳ қонуний, гоҳ қонунсиз кишан солишини ҳазм қилолмади…
Худди шунингдек  Мамлакат  Восиқова ҳам ўзининг ғоятда қўли тозалиги ва профессионал мутахиссислиги – ҳуқуқ доктори бўлганлиги билан ҳам ўз соҳасида чуқур из қолдирганлиги бежиз эмас. Жумладан Рашидов оиласига қудалиги ҳам унинг обрў эътиборини оширса оширдики, сира камайтирмади.
Ўзбекистон прокурорларининг бошчиси Нўъмон Бўрихўжаев ҳақида эса унинг ниҳоятда эҳтиёткорлиги ва одамшавандалиги ҳақида афсоналар юради. Мен унинг Тоҳир исмли ўғли билан саксонинчи йилларда Москвада бирга ўқиганман. У ҳеч қачон отаси юқори мансабдор эканини намойиш қилмаган,  одобли, маданиятли ва энг муҳими –  ниҳоятда камтарин йигит эди.
Унинг Бош прокурор бўлган отаси ҳақида ҳам шунга ўхшаш илиқ ва иссиқ гап сўзларни кўп эшитганман.
Лекин булардан қатьий назар, бу раҳбарлар арбоблик саҳнасида узоқ турсалар-да, бироқ халқ қалбидан абадий жой ололмадилар.
Демак,” отахони” ва “онахони” бўлиш учун халқ олқиши билан бирга – профессионаллар  эътирофи ҳам шарт экан…
11.
Ўзбекистон сиёсий саҳнидаги адолат арбоблари ҳақида гапирганда ўзбек халқининг садоқатли фарзанди Йўлдош Охунбобоевнинг суюкли набираси  – Муҳаммад Бобир Маликовни ҳам четлаб ўтиш мумкин эмас.
Адолат билан айтганда Муҳаммад Бобир Маликов  Олий суд раиси ва юстиция вазири бўлганда ҳали навқирон ва истиқболли  йигит эди.  Илк норасмий партияларни Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказиш, “Пахта иши”   бўйича ноҳақ қамалган ватандошларимизни ёппасига оқлаш компанияси ҳам, гарчи у Ислом Каримов ташаббуси билан амалга ошган бўлса-да, лекин биз истаймизми, йўқми – Муҳаммад Бобир Маликов номи билан чамбарчас боғлиқ. У ҳуқуқ соҳаларида ўзидан ёмон из қолдирмади. У ўшандаёқ халқ дилига кириб улгурган эди.
Шу боис ўзбек дипломатияси учун ниҳоятда зарур бир пайтда бу салоҳиятли қонунчилик арбобини Ўзбекистоннинг АҚШдаги биринчи элчиси қилиб тайинладилар.  Балки атай сиёсий саҳнадан узоқлаштирган бўлишлари ҳам мумкин.
Чунки  у юқорида айтганимиздек, Ўзбекистон тарихидаги яна бир буюк арбоб – Йўлдош Охунбобоевнинг набираси ҳамдир.  Хушомадни ёқтирмаслиги, Президентга ҳам ўз фикрини очиқ- ойдин айта олиш жасорати ва энг муҳими – демократик жараёнлар томон юз ўгираётган Ўзбекистонда биринчи раҳбар бўлиш эҳтимоли ҳам  – унинг бошига етган бўлиши мумкин деган тахминлар ҳам йўқ эмас.
Эҳтимол шунинг учун бўлса керак, кейинги сиёсий воқеалар унинг ҳаётини тамомила ағдар тўнтар қилиб юборди.  У Мустақил Ўзбекистоннинг АҚШ даги биринчи фавқулодда ва мухтор элчиси эди.  Ҳаёти учун  кутилмаган   хавф-хатар  пайдо бўлган қалтис бир вазиятда у ноилож ўзи элчи бўлган мамлакатдан  сиёсий бошпана сўрашга мажбур бўлди.
Бу ёғи энди алоҳида мавзу бўлади…
12.
Ўзбекистондаги  адолат арбоблари ҳақида гапирганда Саъдулла Пўлатхўжаевнинг ҳам муборак номини эсламаслик сира мумкин эмас.
Етмишинчи йилларда – қирчиллама қирқ ёшида Олий суд раиси бўлган Саъдулло Пўлатхўжаев ниҳоятда гўзал ва барно қиёфага эга бўлиш билан бир қаторда,   Профессионаллар ўртасида катта обрў эътиборга ҳам сазовор эди.
Бироқ унинг халқ меҳрига бўлган йўлини ҳукумат кесиб ташлади. Бу ҳам етмагандек, унинг қўлига ноҳақ кишан солишди. Ҳозиргача соҳа профессионаллари уни алоҳида меҳр билан эслашади. У ўз вақтида ҳукумат ўйинларининг ноҳақ қурбони бўлганди…
 13.
Ўзбекистон Олий суд маҳкамаси тарихида адолатли сўзи ва фикри учун олқиш ва мукофот ўрнига “қатли ом”га учраганлар ҳам, афсуски, оз эмас.
Саксонинчи йиллар ўрталарида Рашидовнинг бевақт ўлимидан сўнг Ўзбекистон рус десантчилари томонидан иккинчи бор ишғол қилинган даҳшатли йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Бюро йиғилиши борар эди. Уни расман Марказқўмнинг биринчи котиби Усмонхўжаев бошқараётган бўлса-да, у аслида Москва десантчиларининг қўмондони бўлган иккинчи котиб Владимир Анишчевнинг қош қовоғига қараб турарди.
Ана шундай даҳшатли Бюро мажлисларининг бирида бўлиб ўтган қизиқ бир воқеа журналистлар эътиборини ўзига тортиб келади. Лекин у ҳалигача матбуотда ўзининг бадиий инъикосини топганича йўқ. Чунки, унинг ижодкорлари ҳануз юқори чўққида – худди ўша Бюро мажлиси ўтган бинонинг олтинчи қаватида айнан Владимир Петровичнинг кабинетида “ижод” қилишяпти.  (Биз бу масалага “Зелемхон Ҳайдаровнинг  сиёсий портретига шарҳлар” номли бобда қисман тўхтаталиб ўтганмиз)
Шароф Рашидовга ўз вақтида “ўзига хос” равишда қарши борган қашқадарёлик политехникум ўқитувчиси Рўзиқул Дилмуродовнинг ноҳақ жазоланиб, қамалиши  билан боғлиқ муносабат юзасидан республика Прокурори Бўрихўжаевдан тортиб – унша бағишланган “Қора юрак”  фелъетони муаллифи  Убайдуллаевга қадар жами 32 киши бир Бюро йиғилишида ишдан олинган эдилар. Мазкур тарихий Бюро мажлиси  1985-йилнинг 30-декабрь куни бўлиб ўтган эди.
Бюро мажлисининг лойиҳаси юзасидан Иномжон Усмонхўжаев одатдагича расмий тусда: “Бу қарор юзасидан кимда қандай таклиф бор!” – деган саволни ўртага ташлар экан, одатда бундай   қарорларга эътироз билдиришга ҳожат  йўқлигини унинг ўзи ҳам яхши биларди. Декин ўша куни – партиявий жараёнда кутилмаган воқеа юз беради.
Мажлис залининг бир четидан новча бўйли, алп қоматли, қиличдек хушбичим ва чаққон бир одам дадил қўл кўтариб, “Менда фикр бор!” деганча ўрнидан сапчиб турди. Усмонхўжаев қарорни маъқуллаб гапиради деб ўйлади, шекилли: “Марҳамат , Содиқжон, бу киши Олий суд раиси Йигиталиев бўладилар” деб уни залга таништирди.
Ва зум ўтмай унга сўз берганига афсусланган бўлса ажаб эмас.
Минбарга чиққан Олий суд раиси Содиқжон Йигиталиев: “Мен қонун юзасидан бугун шу нарсага Сизларнинг эътиборингизни қаратишга мажбурман. Бу ерда Марказқўм қарори билан ишдан олинаётган бандни чиқариб ташлаш керак. Чунки партия қарорини бажараётган одам жазоланиши мумкин эмас. Партиянинг қарори муқаддаслигини сизларга эслатиб ўтириш шарт бўлмаса керак.  Агар эртага журналист Убайдуллаев бугунги қарордан шикоят қилиб Олий судга мурожаат қилса, биз уни ўз вазифасига – “Тошкент оқшоми ва “Вечерний Ташкент” газеталари Бош муҳаррири вазифасига қайта  тиклашга мажбур бўламиз” –  деди.
Яқингинада ўзи шу лавозимга тайинлаган  арбобдан бу гапни кутмаган Усмонхўжаев,  Содиқжон Йигиталиевни  жеркиб ташлайди. Лекин адолат арбобининг адолатли сўзи адолатсиз Бюро мажлисида аллақачон янграган ва тарихда қолган эди.
Хуллас, Олий суд  маҳкамаларида турли даврларда кўпгина жасоратли судьялар бўлган. Бундан кўз юмиш мумкин эмас. Бироқ, Марказий Комитетнинг энг олий мажлисларида бундай қалтис ўйинларни бошлаш ва партияга қарши адолатли сўз айтишга журъат этиш – ўз даври учун ноёб ҳодиса эди.
Табиийки, Содиқжон Йигиталиев Олий суд раиси бўлиб узоқ ишлай олмади. Лекин унинг ўша жасорати – Ўзбекистон ҳуқуқшуносларининг кенг доирасида ҳали ҳануз бетимсол жасорат намунаси бўлиб тилга олинади.
Мана шундай фидойи инсонларнинг ҳаёти  ва ибратли фаолияти – бўлажак ҳуқуқшуносларни тайёрлаётган олий даргоҳларнинг ўқув дарсликларига киритиш ҳақида ўйлаб кўрадиган пайти етмадимикан?
Биз бу масалага ҳам алоҳида қайтиш пайти келади деб ўйлаймиз.
 14.
Фарруха Муҳиддинова Олий Суд раиси лавозимига тайинлангунга қадар Ўзбекистон Олий Сенати раисининг ўринбосари эди.  У Олий судга, агар хотирам мени алдамаса, Убайдулла  Мингбоевдан кейин раис бўлган эди.
У интизомини кўтариш мақсадида бўлса  керак, олий суд аппаратини террор қила бошлади. Ҳар куни кабинетма кабинет юриб, кимнинг нима билан машғуллигини текшира бошлаган. Олий суд маҳкамасини  катта бир тергов аппаратига айлантиришга уринди. Тез орада обрўсизланиб, фаолияти узоққа бормай, соҳадан четлатилди.
Узоқни кўра билмайдиган, нопрофессионал шундай одам ҳам шу олий чўққида ўтирганлигини ҳали ҳануз афсус билан эслашади…
15.
Бўритош Мустафоев ҳақида гапирганда, вақти келди,  яна бир воқеани айтиб ўтиш керак бўлади.
Бу бевосита Ўзбекистон диний идора раҳбари, халқ ноиби муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад   Юсуф номи билан боғлиқ.
1993-йилнинг  15-февралида Ўзбекистон Бош прокурори Бўритош  Мустафоевнинг ЎзТАГ мухбири билан “Мусулмонлар идорасининг  молиявий кирдикорлари” хусусидаги  шошилинч суҳбати фавқулодда барча республика  ахборот тизимларига тарқатилди.
Ўз ТВ ва Радиода ўқилди. Ҳукуматнинг “Халқ сўзи” ва “Правда Востока” номли Бош газеталарида босилди.
Бироқ , бу мақола ўша йиллари Президент газетаси саналган – “Ўзбекистон Овози”да негадир босилмай қолди. Газетада таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев Бош муҳаррир эди.
Бу билан ҳукуматга тегишли ўта “муҳим” ҳужжатни газетада чоп этмаганлиги учун  муҳаррирни муқаррар  жазодан ҳам сақлаб қолган Бош прокурор Мустафоев бўлди.
Ҳолбуки: “Эртага қўлига кишан солинади” –  деб Шароф Убайдуллаевга  ишора қилган одам ҳам – Бош прокурорнинг шахсан ўзи эди.
Бу билан Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов ва  Шароф Убайдуллаевлар таниқли муфтийни  муқаррар ҳибсдан асраб қолишга сабабчи бўлишди.
Муфтий  ўша куни шошилинч “тиббий ёрдам” баҳонасида Москвага учди ва у ердан кейин Жиддага кетганини эшитдим.
Уни Тошкент аэропортидан  кузатиб қўйган Ислом университети ректори Баҳодирхон Мақсудхон ҳожи ўғли бу воқеаларни хали ҳануз ажиб бир ҳаяжон билан энтикиб эслайди…
Бу – Бўритош Мустафоев жасоратидан бир муждамиди ё бу ерда бошқа сир борми, билмадим. Бу сир ҳалигача ечилмаган…
16. 
Суд, прокуратура ва миллий хавфсизлик тизимида ишлаган бу адолат арбобларидан фарқли ўлароқ, ички ишлар тизими (милиция) да раҳбар бўлган  мулозимларни (генерал Турсунхон Худойберганов бундан мустасно, албатта)  бугун оддий халқ  “Шу одам ҳалол ва адолатли эди” деб ҳурмат билан тилга олмайди, эсламайди. Нега?
Бунинг боиси нимада?
Ростини айтишим керак, ўз вазифасини одамларнинг қўлига фақат кишан солишдан иборат деб биладиган  бу соҳа раҳбарлари ҳеч қачон халқ меҳрини қозонолмайди. “Олтин” топиши мумкин, лекин олқиш ололмайди.
Масалан, Зокиржон Алматов Ички Ишлар вазири бўлганида мени ҳар кўрганда икки букилиб, қуюқ сўрашарди. Мендан ўн ёш катта бўлса ҳам – “Исмат ака” деб мулозамат қиларди.
Ҳатто бир гал ҳузурига маслаҳатли иш билан борганимда, соҳадан урилган бир танишимни ички ишлар тизимига ўша заҳотиёқ тиклашга буйруқ қилиш билан кифояланмай,  менга маҳбуслар “зона”да қўлдан ясаган – дастаси суякдан ишланган бежирим бир ханжар ҳам совға қилган эди.
Кейин орадан кўп ўтмай, Президент мени ишдан олганидан сўнг, ўша  Зокир аканинг йигитлари қўлимга кишан солиб,  МВД нинг етти қаватли ер остидаги “бункери”га олиб тушиб,  “Мен Зокиржон аканинг дўсти бўламан!” – дейишимга қарамай роса савалашганди.
“Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг ишдан олиниб, ҳибс этилишимга бағишланган навбатдаги – учинчи китобида булар ҳақида батафсил ҳикоя қилинади…
17.
Мен юқорида номи тилга олинган Мингбоев, Мустафоев, Ғуломов ва Худойбергановларнинг  тўрталасини ҳам яхши ва яқиндан билганим учун айтишим мумкинки, улар ўз вақтида Президентнинг  мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги  бир талай баҳс ва мунозарали Қонун ва Қарорларини, тўғри ва нотўғри  Фармон ва Фармойишларини  ҳамиша пардозлаб, андазалаб, қонуний тарзда ифода этиб келишди.
Уларнинг тўрталаси ҳам – давлат раҳбарининг энг оғир кунларида унинг ёнида мардларча елка тутиб туришди.  Айтган топшириқларини қулоқ қоқмай адо этишди.
Шу билан бирга, профессионал касб нуқтаи назаридан – одамларнинг тақдирини ҳал қилишда улар энг биринчи ўринга – адолат ва диёнат тарозисини қўйишди, шахсий манфаатни эмас.
Буни бугун Ислом аканинг ўзлари ҳам яхши билсалар керак. Шунинг учун ҳам адолат ва тартибот соҳасидагилар, ҳатто улардан ўз вақтида қонуний жазо олган собиқ “маҳбус”лар ҳам – уларнинг учаласини то ҳануз ҳурмат ва эҳтиром билан билан тилга олишади.
Бу соҳада уларнинг учаласи каби ҳалол ва виждонан ишлаган бошқа арбоб  Ўзбекистонда бормикан?
18.  
Адолат арбоблари ҳаётида камдан кам учрайдиган бу ғаройиб ҳолга баҳо бериш учун эса,  уларининг ижтимоий келиб чиқишига бир қўр назар солишга тўғри келади.
Убайдулла Мингбоев, Бўритош Мустафоев, Бахтиёр Ҳисомович Ғуломов, Турсунхон Худойбергановларнинг тўрталаси ҳам  вилоятларда туғилган, оддий оиланинг фарзанлари эди. Улар ёшлигидан жамият ва ҳаётдаги ижтимоий  адолатсизликларни кўриб, баъзан ўз танасида ҳис қилиб ўсиб – улғайишган, катта бўлишган.
Шунинг учун ҳам  улар одамлар орасида адолатпарварлиги,  камтар ва камсуқумлиги билан доим ажралиб туришган. Уларнинг тўрталовини ҳам яхши билган кишилар менинг гапларимга  қўшилсалар керак деб ўйлайман.
Баъзилар ишдан кетса, одамлар назаридан тезда қолади. Мен юқорида номини ҳурмат билан тилга олган адолат арбоблари ишдан кетганларидан кейин ҳам халқ меҳри уларга нисбатан доим жўшиб туришининг боиси нима деб доим ўйлайман.
Убайдулла  Мингбоев Олий суд раиси бўлганида ҳеч кимни қамамаган, одамларнинг пешонасини силаб,  ёппасига оқлаган деганлар хато қилади.
Кичкина жуссали бу камтар ва жасоратли одам ўзининг раислик курсида ниҳоятда катта қудратга эга эди. У кишининг кўзларидан ўт ва олов чақнаган мустақилликнинг дастлабки ўша суронли йилларини яхши эслайман.
Мен ҳатто Мингбоев томонидан қамоққа ҳукм этилганлар ҳам қамоқ муддатидан кейин уни бир кўриб саломлашиб,  “қози буваси” дуосини олишга келганлиги ҳақидаги ривоятомуз ҳангомаларни  кўп бор эшитганман…
19. 
Ўттиз олти ёшида махсус хизмат генерали погонига эга бўлган Ғуломов ҳақида ҳам то ҳануз миллий хавфсизлик тизимининг адолатли ва фидойи байроқдори эди деган яхши таассуротлар мавжуд. Ўз вақтида МХХнинг энг ёш генералларидан бири бўлган Бахтиёр Ҳисомович шу даражада камтар ва камсуқим йигитки, у ҳануз давлат уйи – “дом”да туради.
Олий раҳбариятда ишлаганида ҳам, Президентнинг ёнида туриб, МХХ ни назорат қилганида ҳам у ҳамиша “дом”да яшаган. Йўқса, истаганида, ҳовли-жойни ихтиёр этганида –  унинг амрига, бир оғиз имо-ишорасига маҳтал ва майлиё бўлиб турган не-не мулозимлар бор эди қўл остида.
Унинг ижтимоий келиб чиқишини ҳам камдан кам одам билади. Уни янада машҳур қилиши мумкин бўлган яна бир сирли тарих борки, бу энди алоҳида мавзу бўлишга арзийди.
Гап шундаки, унинг онаси ниҳоятда гўзал ва барно Шаҳриҳон ая – ўз вақтида Шароф Рашидовнинг етишолмаган биринчи муҳаббати бўлгани билан ҳам Жиззахда маълум ва машҳур  эди.
Бунинг қисқача таърифи шуки, Рашидовдан ўз пайтида ҳатто совчи ҳам келган. Лекин аянинг оталари – жиззахнинг оққўрғонлик маҳалла оқсоқоли Имомназар бува икки кўча наридаги совунгарлик маҳалла аравакаши Рашид буванинг совчиларига: “Мен аравакашнинг ўғлига қизимни бермайман!” –  деб рад жавоб қилган…
Биз бу ажойиб ва ғаройиб, лекин, минг афсуски, амалга ошмаган буюк севги достони тафсилотларини  бир кун албатта элга ошкор этамиз.
Шаҳрихон ая яқинда 86 ёшларида вафот этдилар. Энди бу муҳаббат достони ҳақида, вақти соати келди, ёзсак бўлади.
Бу энди алоҳида ва унутилмас ажойиб бир тарих бўлади.
Бахтиёр Ғуломов – Президент командасида фидойилик билан ишлади. Президентнинг Давлат маслаҳатчиси сифатида МХХ ва куч ишлатар тизимларини назорат қилди. Сўнг ноҳақлик ва  адолатсизлик билан, ўз вазифасидан четлаштирилди.
Лекин шунга қарамай Бахтиёр ака ҳозир ҳам Ўзбекистон сиёсий саҳнасида ўз ўрни ва нуфузига эга бўлган салоҳиятли арбобдир.
20.
Бу рўйхатга яна кимларнидир қўшишга жудаям истак ва хоҳишим бор…
Масалан, Абдусамад Полвонзода Ўзбекистоннинг оғир ва бурилиш йилларида пахта ишлари бўйича  оқлов комиссиясининг етакчиси бўлди.
Минглаб  ноҳақ қамалган одамларнинг оқланиши ҳақидаги ҳукмларга  комиссия  раиси Жўрабеков билан бирга имзо чекди. Бу хайрли ва савобли  ишларнинг бошида албатта Президентнинг ўзи турган эди.
Бунинг эвазига Абдусамад Полвонзода Ўзбекистон республикаси Юстиция вазири бўлди. Вазирликнинг обрў-нуфузини кучайтириб юборди деб дадил айтишимиз мумкин. Бироқ, чўнтакни ҳам унутмади, уни ҳам кенгайтириб юборди…
Ўзи адолат арбоби бўла туриб, катта катта ёғ- мой заводларини  уялмай нетмай бемалол сотиб олди. Алишер Усмонов билан жуда яқин эди. Ўзбек олигархларининг сафидан ҳам жой олишдан чўчимади.
Тарихдан маълум: икки нафсини тиймаган одам халқ меҳрини қозонолмайди.
Бунга эса мисоллар жуда кўп…
Ундан кейин Юстиция вазирлигига келган Равшан Муҳиддинов ҳам шу жарликка қулади.
У мансабга тез кўтарилди ва тез урилди…
Олдин хотини қамалди, кейин ўзи қамалди. Жамики хатсиз молу мулкларни хотини номига расмийлаштириб, аввал хотинининг қамалишига сабабчи бўлди.
Кейин ўзи ҳам қамалиб кетди…
Ажабки, унинг урилиши ва ҳибсга олиниши вазирлигида эмас, балки Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлган шонли ва суронли онларидан кейин юз берди…
Худди шундай аянчли қисмат олдин юстиция вазири, сўнг Президентнинг давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган Фозилжон Отахоновга ҳам насиб этди.
Мен табиатан  камтар ва камсуқум бўлган бу ажойиб инсонни яхши  танирдим. У киши катта лавозимларда ишлаш билан бирга, талабаларга хўжалик ҳуқуқидан дарс ҳам берарди.
Президентнинг  давлат маслаҳатчиси этиб тайинланганидан кейин ўрни керак бўлиб қолди шекилли, уни қўли эгриликда айблашнинг уддасидан чиқа олмагач, айни айблов шамолида ишдан четлатишди.
Унга тайинли айбнома қўйишолмаса-да, номини қоралаб улгуришди. Бироқ, ҳақиқат эгилади-ю,  лекин синмайди дейдилар.
Фозилжон ака халқ ва эл олдида ёруғ юз билан юрибдилар деб бемалол айта оламан…
21. 
Бўритош Мустафоевдан кейин сурункасига уч муддат – 15 йил Рашиджон Қодиров Ўзбекистон Бош прокурори бўлиб келяпти.
Бу давр – прокуратурадаги энг  адолатсиз, порахўрлик ва коррупция авжига чиққан шармандали давр сифатида тарихга кирса ажаб эмас.
Бу давр – прокуратура намоёндалари ҳамма чизиқ ва чегаралардан тамомила чиқиб кетган бемаъни бир давр бўлди.
Биз бу масалага ҳали  бафуржа қайтиш ниятидамиз.
22.
Ўзбекистон адолат арбоблари ҳақида сўз борганда, яна бир улуғ инсон, қозоқ фарзанди, бутун онгли ҳаётини милиция ишига бағишлаган Турсунхон Худойбергановни четлаб ўтиш мумкин эмас.
У милициянинг энг оғир участкаси – жиноий қидирув бўлимларига, аввал Тошкент шаҳрига, кейин республикага, энг оғир йилларда бош изқувар бўлди.
Маълумки, совет тузумининг парчаланиш арафасида мамлакатни уюшган жиноятчилик лашкарлари эгаллади. Бу офат нисбатан тинч бўлган Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Ўзбекистонда ҳам уюшган жиноятчилик – қотиллик, бандитизм, ўғирлик, контрабандага қарши кураш тажрибаси – мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ собиқ иттифоқда кўпчиликнинг ҳавасини келтиргани сир эмас.
Ҳатто Россиянинг Дума мажлисида Владимир Жириновский жаноблари: «Уюшган жиноятчиликка қарши курашни Каримовдан ўрганиш керак. Ўзбекистонда автомобилни олиб қочганга ўн йил қамоқ жазоси белгиланди ва автомобил ўғирлиги барҳам топди…» деган эди.
Тўғри, уюшган жиноятчиликка қарши курашда Ўзбекистон раҳбарининг хизмати беқиёс. У турли хил «Лашкарбошиларга» шафқат қилиб ўтирмади. Унинг бевосита ташаббуси билан Ўзбекистонда уюшган жиноятчиликка қарши ўт очилди дейиш мумкин. Лекин бунда фақат қонунларгина иш берди десак, адолатдан бўлмас.
Чунки, маълумотларга қараганда Ўзбекистон қонунчилик палатаси  мустақиллик йилларида икки мингдан ортиқ қонун ва қонун даражасидаги олий фармонларни тахлаб ташлади. Лекин кўпгина ашаддий қонунбузарликлар, жумладан, коррупция авж олгандан авж олди. Ва ҳатто сўнгги йилларда «Одам савдоси» деган ақл бовар қилмайдиган, таъбир жойиз бўлса, қулдорлик жамиятини эслатадиган жиноий офат кенг қулоч ёйди.
Лекин биз тилга олган қонунлар нафақат унинг олдини олиш, балки унга қарши курашишда ҳам асқотмаяпти.
Тўқсонинчи йиллар бошида Ўзбекистонда одам савдоси деган иборанинг ўзи йўқ эди. Аксинча, Ўзбекистонга атрофдан – бошқа республикалардан одам оқиб келиш муаммоси хавф соларди. Ўзбекистонда жиноий қидирув соҳаси юксак даражага кўтарилган давр бевосита Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги Жиноий қидирув Бош бошқармаси бошлиғи, полковник Турсунхон Худойберганов номи билан чамбарчас боғлиқ эканини унинг ҳамкасблари юксак қадрлайдилар.
Кейинчалик Турсунхон ака  Хоразмда Ички ишлар бошқармаси Бошлиғи бўлди. Уни бу диёрга «тартиб ўрнатиш» учун юборишган эди. У киши Хоразмдан жуда катта обрў эътибор билан қайтди. Ўзбекистонда демократик жараёнларнинг энг олдинги сафига кўтарилган Хоразмда биронта одамнинг ноҳақ бурнини қонатмади. Ва тез орада бунинг «мукофотини» ҳам олди: Генерал унвонига сазовор бўлди. Ўзбекистон республикаси Президентининг ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва маъмурий органларни назорат қилувчи Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди.
Энди у Ўзбекистоннинг барча куч ишлатар тизимларига бевосита таъсир ўтказа олар эди. Милициядан чиққан генерал табиийки, куч ишлатар тизимларининг «Шер ва юлбарслари» бўлган МХХ ва прокуратурага хуш келмаслиги тайин эди.
Лекин шунга қарамай, бу қирқ қулоқлик катта қозондан Турсунхон ака қайнаб ва янада чиниқиб чиқди. Президент девонининг кадрлар билан ишлаш бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлган Темур Алимовнинг ҳам ҳақиқий афти башарасини очишда унинг хизматлари беқиёс. Бу мавзуни биз ўша даврнинг тадқиқотчиларига қолдирамиз.
Ўзбекистон кадрлар қирғини сабабчиси Алимов ўн йиллик тахтидан қулагач, бу ўринга ҳақли равишда ўша пайтнинг энг обрўли адолат арбоби – Турсунхон Худойберганов лойиқ топилди.
Тез орада кадрлар билан ишлаш бўйича Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов ва қишлоқ хўжалиги бўйича Давлат маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков Президентнинг энг яқин маслаҳатгўйларига айландилар.  Ўзбекистонда мустақиллик йилларида йўл қўйлган баъзи адолатсизликлар тикланишига шулар бир қадар сабабчи бўлишди. Бироқ, афсуски бу узоққа чўзилмади.
Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимлари «Шербаччалари ва юлбарслари» уларнинг ҳар иккаласини ҳам Президент қанотидан узоқлаштиришга муяссар бўлдилар.
Исмоил Жўрабеков пенсияга кузатилган бўлса-да, Турсунхон Худойбергановни улар фаол ҳаётдан узиб қўйишолмади. У ўша йилларда Ўш воқеаларидан кейин нисбатан нотинчлик региони саналган Фарғонага – Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи этиб юборилди. Аслида  нотинч регион бўлиб қолган водийни тинчлантириб, Қирғиз – Ўзбек муносабатларини нормаллаштириш бўйича «Фавқулодда комиссар» этиб жўнатилди.
Турсунхон аканинг шогирди бўлган Аҳмаджон Усмонов эса, Худойберганов тавсияси билан Наманган милицияси бошлиқлигидан – Андижон ҳокими этиб тайинланди.
Хуллас, «Фавқулодда комиссар»нинг Фарғона сургуни кўпга чўзилмади. Яна бир оғир синовдан муваффақиятли ўтган милиция генерали мана қарийб ўн йилдирки, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ишлаб келмоқда.
Адолат билан айтганда Турсунхон акага қадар Ўзбекистонда Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги борлигини кўпгина ҳушёр кишилар ҳам пайқамасди, билмасди. Вазирлик бугунги кунда Ўзбекистондаги хавфли вазиятлар билан курашишдан кўра кўпроқ унинг олдини олиш билан шуғулланмоқда ва бунга эришмоқда деб дадил айтиш мумкин.
Турсунхон аканинг Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсий ҳаётидаги фаол хизмати билан бир қаторда унинг яна бир буюк намуна мактаби бор. Бу унинг меҳнаткаш ва оқил фарзандларидир. Унинг уч ўғли бор: Аслбек, Ортиқжон ва Алишер. Уларнинг ҳаммаси олий маълумотли.
Улардан битта Ортиқжон отанинг касбида – Тошкент шаҳар жиноий қидирув бўлимида фаолият кўрсатаётганига ҳам йигирма йил бўлиб қолди. Бу орада ота генерал бўлди, икки бор Давлат маслаҳатчиси бўлди, Милиция Бош Бошқармаларини бошқарди. Бироқ Ортиқжоннинг погонида ва амалида бирор бир ортиқча сакраш ва кўтарилиш юз бермади. У ҳамон Тошкент шаҳрининг эътироф этилган энг яхши изқуварларидан бири эди ва шундайлигича турибди.
Қолган икки ўғил – Асилбек ва Алишербек мана неча йилларки, Чиноз туманига қарашли Эшонобод гузарида хўжалик раҳбари Кенбой оғага қанот бўлиб, Эшонободнинг янада обод бўлишига катта ҳисса қўшмоқдалар. Айни пайтда чорвачилик билан шуғулланиб, элнинг маъмурчилигини таъминлашда ҳам жонбозлик кўрсатишмоқда.
Хуллас улар боболарининг удумини давом эттиришяпти. Уларнинг самарали меҳнати туфайли бугунги Эшонобод – обод гузарга айланди. Фарзандларига балиқ ейишни эмас,  балки балиқ тутишни ўргатган Турсунхон ака менинг назаримда уларнинг бахтли келажаги  пойдеворини аллақачон яратиб қўйган. Энг муҳими уларни бахт – меҳнатнинг меваси эканлигига ишонтира билган.
Шундай ажойиб фарзандлар етиштира олган, ўз кичик ватани – қишлоғи учун кўприклар ва мачитлар солган одамнинг номи ҳеч қачон ўчмаса керак.
Қолаверса у кишининг Ўзбекистон адолат арбоблари сафидан аллақачон жой олиб улгурганини ҳисобга олсак, Ўзбекистонда туғилиб ўсган ва ўзини Ўзбекистон фарзанди деб билган қозоқ фарзанди Турсунхон Худойберганов ўзбек қозоқ дўстлигини мустаҳкамлашдаги хизматларига биз ҳали алоҳида қайтиш ниятидамиз.
Бу буюк хизматни у туғилганидан бўён –  мана етмиш йилдирки, фидойилик билан бажариб келяпти…
23. 
Бўритош Мустафоевнинг  Олий раҳбариятдаги 25 йиллик мулозимлик ҳаёти йўлларига  разм солиш баҳонасида биз бугун Ўзбекистон адолат соҳаси тизимида яхши ном қолдирган арбобларни   алоҳида эсладик.
Ҳар қалай Бўритош  ака  ҳам йиллар ўтиб  – ишдан кетса ҳам, эл ардоғидаги ҳамкасблари ва сафдошлари сафига кириши мумкин деган милтиллаб турган кичик бир умид бор манда.
Ўз касбига, вазифасига улар доим  ҳалоллик нигоҳи билан қарашган, манфаат кўзи билан эмас.     Одамни ўзига оҳанграбодай тортадиган бир жозиба бор эди уларда. Уларнинг  ҳатто  ўша оддий инсоний жозибасида ҳам – аллақандай сир бор эди.
Қаҳрамонларимизнинг биз билган ва билмаган бу ажойиб ва сирли фазилатларини, уларни яқиндан билган дўстлари ва ҳамкасблари  янада тўлдирарлар деган умиддаман.
СЎНГ СЎЗ ЎРНИДА:
Олий мансаб табиийки, одамни ўзгартиради. “Одамнинг кимлигини биламан десанг – унга мансаб бериб кўр” деган афоризмни Шароф Рашидов бежиз хуш кўрмаган. Шу боисдан мансабдорлар ҳаёти ҳамма учун қизиқ ва жозибали кўринади.
Бироқ, олий мансаблар ичра яна шундай мансаблар борки, бу алоҳида жозиба ва масъулиятга эга. Куч ишлатар тизими ва адолат раҳбарлари ана шу тоифага кўпроқ мансубдирлар. Шу боисдан бу соҳанинг раҳбарлари  алоҳида халқ назорати остида бўладилар десам янглишмасам керак.
Бироқ, улар мансаб чўққисига кўтарилганда, одатда узоқ узоқларга назар ташлашга одатлансалар-да, лекин минг афсуски, баъзан,  ўз оёқлари остини кўрмай қоладилар.
Бугун Бўритош Мустафоевнинг умр йўлларига назар ташлашдан ҳам мақсадимиз шу эди.
Бу мансабда ўтирганлар наҳоятда эҳтиёт бўлишлари керак. Хизмат ваколати боис – бутун бир мамлакат устидан ҳукм ўқиб турган бу арбобларнинг ўзлари ҳам ногоҳонда ана шу ҳукм остига тушиб қолишлари мумкин.
Мен ноҳақлик қурбони бўлиб, Ўзбекистоннинг  бир қанча ер ости зиндонларини кўрган бир ижодкор  сифатида шуни ишонч билан айтаманки, адолат арбоблари ана шундай ҳақ ва ноҳақ ҳукмлар остига тушишдан олдин  у ёки бу чўққида ўтирган пайтларида ўзларини бир лаҳза бўлса-да, ўша зиндонларда нажотсиз ётган маҳбуслар ўрнида қўйиб кўришсалар ёмон бўлмасди.
Бир сўз билан айтганда: “Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга” деганлар. Шу жиҳатдан юқорида эслаган ва “Адолат арбоби” деб  Ўзбекистон халқи томонидан эътироф этилган генераллар  кўп жиҳатдан ўз соҳасининг арбобларига ибратли ва аччиқ сабоқ қолдирдилар.
Бу дунёда  ҳар ким  ҳаётдан ўзича  сабоқ олади. “Оқилликни аҳмоқдан ўргандим” деган гап бежиз айтилмаган. Бугун у ёки бу чўққининг устида турган амалдорлар эртага унинг пойига қулаганда одамларнинг кўзига тик боқа олиш бахтига муяссар бўлсалар – бу ҳақиқий бахт бўлади.
Шу жаҳатдан Бўритош Мустафоевнинг бундан кейинги ҳаёти  кимга боғлиқ бўлишидан қатьий назар – у хоҳ шоҳ қўлида қоладими ё бошқа вазифаларда бўладими, бундан қатьий назар, унинг юқорида биз эслаган оқсоқол  Мингбоев ва ё генерал Ғуломовлар сингари халқ орасида ёруғ юз билан, бош кўтариб юра олишига ишонгим келади.
Биз адолат арбобларининг жўшқин ва сермазмун ҳаётига бир назар ташладик, холос. Бундан ошиғига ҳаққимиз ҳам йўқ. Чунки, биз улар ҳаётининг сув бетида турган қисминигина кўра оламиз, холос.
Бироқ улар билан бирга яшаган,  бирга нафас олган дўстлари, ҳамкасблари бизнинг фикр ва мулоҳазаларимизни тўлдирарлар деб умид қиламиз. Токи, бу “ҳукмимиз” бошқаларга аччиқ сабоқ бўлсин.
Яна бир бор таъкидлаб ўтишни истардим: одатда адолат ва куч ишлатар соҳаларида  яхши ном қолдириш осон эмас. Ушбу арбоблар шунга эришган экан, уларнинг ҳаёт йўлларида жуда кўп сир- синоатлар ётибди. Бир қараганда бунинг ҳаммасини илғаб олиш осон эмас, албатта.
Бизнинг бугунги таҳлилимиз ана шу катта йўлнинг дебочасидир.
Улар ҳукумат тахтидан тушдилар. Аслида “Ҳукумат тахти” – мансаб – вақтинчалик.  Бироқ фарқ шундаки, бу тахтда биров озроқ, биров кўпроқ ўтиради.
Зукколик шундаки, оқил кишилар шу тахтда ўтирганда келажакни унутмайди, халқ назаридан жой излайдилар.
Жоҳил ва нодонлар эса бу тахтга чиққанда оёғи остини кўрмай қолиб, халқни унутадилар.  Оқибати маълум – халқ ҳам уларни тезда унутади.
Ҳар қандай раҳбар эртами кечми тахтдан тушади. Агар улар халқ олқишини олган экан, улар эл қалбидан ўчмайдилар.
“Ҳукумат тахти” ўткинчи  –  “Халқ тахти” абадийдир! У авлоддан авлодга кўчиб юради.
Адолат арбоблари “ҳукумат тахти”дан тушсалар ҳам, “халқ тахтидан” тушмайдилар…
Исмат Хушев
Торонто шаҳри. Канада.
15 сентябрь, 2014 йил.

Бош прокурор билан

Суратда: Ўзбекистон Бош прокурори Бўритош Мустафоев (ўртада), Адлия вазири Алишер Мардиев (чапдан биринчи), Бош вазир ўринбосари Тўлқин Мирёқубов, Тошкент вилоят прокурори Абдурашид Маннонов, Бош муҳаррир Исмат Хушев, Бош прокурор Бўритош Мустафоев, Ўзбекистон Олий Кенгаши раиси ўринбосари Р.Ешембетова, Божхона Давлат Қўмитаси раиси, генерал Ўрайимжон Абдуғаниев, Тошкент тумани ҳокими Рустам Акбаров ва бошқалар.
R.S. Исмат Хушевнинг шахсий альбомидан олинган бу суратлар матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

1 шарҳ

  1. Исмат ака, таҳлилий мақола учун катта раҳмат!

2 комментария к «Исмат ХУШЕВ: АДОЛАТ АРБОБЛАРИ ТАХТДАН ТУШАДИЛАРМИ?»
  1. Жуда хам кизикарлик макола булиш билан бир каторда, билдирилган ижобий ва салбий фикрларнинг тасдигини суровчи тарихий бир асар булибди!
    Сизга катта рахмат, Исмат ака. Ута холис фикрлар учун албатта!
    АДОЛАТ АРБОБЛАРИ УЗЛАРИ ХИМОЯ КИЛИШЛАРИ ШАРТ БУЛГАН КОНУНЛАРНИ ОЁК ОСТИ КИЛИШГАН ОНЛАРИДАЁК ХАЛК ТАХТИДАН ТУШИШАДИ ВА УНГА КАЙТА ЭРИША ОЛИШМАЙДИ!
    КЕЙИНГИ БУЛАДИГАН МУОМАЛАЛАРНИНГ БАРЧАСИ ХУЖА КУРСИН УЧУН КИЛИНАДИГАН МУЛОЗАМАТЛАРДИР!

    ОБРУЛАРИДА КОЛИШЛАРИНИ, БУЗГУНЧИЛИКЛАР ВА НОХАКЛИКЛАР КИЛИШГАН ЯКИНЛАРИНИ УЗЛАРИ ТАНОБИНИ ТОРТИБ, ХАЛК ВА ДУНЁ ХАМЖАМИЯТИ ОЛДИДА УЗИНИНГ УШБУ ИШЛАРДА МУТЛАК АЛОКАСИ ЙУКЛИГИНИ ИСБОТЛАШИНИ КУТИБ КЕЛАЯПМАН ВА УМИДИМ ХАЛИ СУНГАНИ ЭМАС!
    ОДНОКЛАССНИКДАН ЁЗГАН СМСНИ 20 МАЙ КУНИ УКИГАН ЭКАНЛАР, БИРОН БИР АЙБЛАРИ БОРДИРКИ, ШУ КУНЛАРГАЧА ЖИМ ЮРИБДИЛАР!
    ХАТТОКИ ЁШ БОЛА ХАМ УЗ ХАКЛИГИ УЧУН ИСЁН КУТАРАДИ!
    МИНГ АФСУСЛАР БУЛСИНКИ БУГУНГИ КУНЛАРИМИЗДА АДОЛАТ АНКОНИНГ УРУГИ БУЛДИ.

    1. Sharhingizda kichik harflar bilan yozilgan joylarini ham o’qisa bo’lyapti, katta harflarni isrof qilib qilmasangiz adolatdan bo’lsa kerak!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *