“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррирининг АҚШга навбатдаги сафари тўғрисида
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев шу йилнинг 18-25 август кунлари бир ҳафталик ижодий сафар билан Америка Қўшма Штатларида бўлади. Журналист бу гал ҳам одатдагидек сафари давомида кўрган кечирганларини ўз ўқувчилари билан ўртоқлашиш ниятида.
Яқингинада ниҳоясига етган Бирлашган Араб Амирликлари (Дубай, Шаржа, Абу Даби) ва Туркия (Анталия, Истанбул) га бўлган, нашримизда эълон қилинаётган қизиқарли сафар таассуротлари тугамай туриб, журналистни бу галги кутилмаган АҚШ сафарига нима мажбур қилди?
Яна бир неча соатлардан сўнг Исмат Хушевнинг АҚШ сафари таассуротларини эълон қила бошлаймиз.
Нашримизни кузатиб боринг.
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири Абдулла Ориповни йўқлаб Хьюстон (АҚШ)га келди
«Дунё ўзбеклари»дан:
Шу кунларда Хьюстон (АҚШ)да даволанаётган улуғ шоиримизни йўқлаб, у кишининг саломатликлари билан қизиқиб нашримизга кейинги бир ойда юздан зиёд хат ва хабарлар келди, СМС ва телефон қўнғироқлари бўлди.
Шоир мухлислари ўзлари ихлос қўйган улуғ шоир тақдирига бефарқ эмасликлари тушунарли, албатта.
Қаршидан Зилола, Бухородан Ойдин, Шахрисабздан Акмалжон, Китобдан Собир, Косоннинг Некўз қишлоғидаги бир гуруҳ мактаб ўқувчилари, Олтиариқдан Бегали, Қўқондан Сулув, Учкўприкдан Одилжон, Хоразмдан Шоҳсанам ва Фарҳод, Жиззахнинг Бўстонидан таниқли ёзувчи Абулқосим Мамарасулов, Самарқанддан Гуландом, Навоийдан Султонмурод, Андижондан Шавкатбек ва Моҳигул, шоир Суҳайлий, Тошкентдан таниқли табиб Абдуқодир Сатторов, шоир Ҳамроқул Асқар, Дилором, Азиза, Муниса, Бобир, Шуҳрат, Камолиддинлар, АҚШнинг Хьюстон шаҳрида яшовчи наманганлик Дилбар, Манчестердан Гулбаҳор, Кентуки штатидан шоир Юсуф Жума оила аъолари, Канаданинг Монтералидан Лариса, Жумагул ва Баҳодирлар, Торонто шаҳридан Умида Турсунова, Олмониядан Нафиса Қодировна, Дубайдан Салтанат, Зулайҳо, Франциядан Эргаш Тўхтабоев, Буюк Британиядан профессор Аҳмад Ҳожи Хоразмий, Швециядан ака ука Билолиддин, Шарофиддин ва Камолиддинлар, Норвегиянинг Осло шаҳридан Отабек Тошев, Туркиядан Замира Одилова ва Муҳаммаджон Калоновлар оиласи, Шотландиядан Отабек ва Наргизалар, Қозоқистондан Лайло, Гулмира, Абдужаббор ва Шарофатлар, Бразилиядан Марат, Дурбеклар ҳам «Дунё ўзбеклари»га мактуб йўллаб, Абдулла Орипов ва унинг сиҳат саломатлиги билан жиддий қизиқишган эдилар.
Бу ҳали қўл остимизда тўпланиб қолган хат ва хабарларнинг бир қисми, холос. Худди шу мазмундаги яна ўнлаб хатлар борки, бу — халқимизнинг улуғ шоир тақдирига бефарқ эмаслигидан далолат беради.
Ана шуларни ҳисобга олиб, «Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири 18-25 август кунлари бир ҳафталик ижодий сафар билан Америка Қўшма Штатларининг Хьюстон шаҳрида бўлишни режалади.
Абдулла Ориповнинг сиҳат саломатлиги, у кишининг бугунги кайфияти ва умуман улуғ ўзбек шоири билан боғлиқ барча савол жавобларга Исмат Хушев яна бир неча соатлардан сўнг эълон қилинажак ўз сафар таассуротларида баҳоли қудрат жавоб беришга ҳаракат қилади.
Нашримизни кузатиб боринг.
Суратда: «Дунё ўзбеклари Бош муҳаррири Исмат Хушев улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов билан Хьюстон (АҚШ)да, 18-25 август, 2015 йил, Техас.
Исмат Хушев:
Абдулла Ориповнинг «Америка дафтари»
Сафар таассуротлари
(7-қисм)
1.
Абдулла Орипов билан Хьюстон (АҚШ)да бир ҳафта бирга бўлган бўлсак, мен у кишининг ички дунёси ва руҳиятини, кайфияти ва сиҳатини обдон кузатдим.
Ҳар бир гапнинг оҳангини, шоир дил сўзларининг рангини англашга ҳаракат қилдим.
Яширмайман, Абдулла Орипов билан АҚШда ўтган бир ҳафта — менинг учун минг йиллик азоб уқубат, ғам кулфат ва ҳасрат ҳафтаси бўлиб хотирамда, шууримда мангу яшаб қолса ажабланмайман.
Шоир зоти асли инжиқ ва нозик таъб бўлишини олдиндан билардим. Абдулла Орипов каби ўзбек шеъриятининг даҳо шоири, буюк ижодкори атрофида кейинги пайтларда яратилган носоғлом ва ноинсоний вазият у кишининг кайфиятига ҳам жиддий таъсир қилганини ёзаётган шеърларидан ҳам сезиб юрардим. АҚШга келиб, у киши билан учрашиб, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
Умуман, мен бутун онгли ҳаётим давомида Абдулла Орипов билан бирга эдим. У кишини яхши биламан деб ўйлардим. Лекин АҚШда Абдулла Орипов билан ўтган бир ҳафта давомида шунга ишонч ҳосил қилдимки, мен у кишини ҳали яхши билмас эканман…
2.
Тошкентда — “Вуз городок”даги шеърият кечаларида, Москва университети ётоқхоналари ва Кремлга туташ “Россия” меҳмонхоналарида, СССР Ёзувчилар уюшмасининг Барвиха ва Переделкинодаги ижодкорларнинг дам олиш уйларида, ҳатто Склифасофский касалхонасида ҳам – доим Абдулла Орипов билан бирга эдим.
Орадан йиллар ўтиб, тақдир тақозоси билан Канада давлатидан қўним топиб, устоз билан жисмим айро тушганда ҳам, лекин руҳан бирга эдим. Орадан ўн йил ўтиб, Ўзбекистонга илк бор сафар қилганимда ҳам, даставвал менга кўп яхшиликлар қилган азиз ва қадрдон устозим, улуғ инсон, буюк ва бетакрор шоир Абдулла Ориповни зиёрат қилдим.
Ўшанда Абдулла ака давлат ва жамоат арбоби — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, сенатор ва яна бир қанча матбуот нашрлари – газета ва журналлар таҳрир ҳайъатининг аъзоси ҳам эдилар.
Абдулла акамнинг ўшандаги кўркамлигидан, самимий ва улуғвор кулгуларидан, бардамлигидан, табиий ва миннатдор туйғуларидан энди нишон ҳам қолмаган.
Шу мўъжаз ҳаётим давомида Абдулла ака билан туташган умр йўлларини сарҳисоб қиладиган бўлсак, у жуда катта даврни қамраб олади.
Хуллас, мен у кишини яхши биламан деб ўйлардим.
Лекин АҚШнинг Хьюстон шаҳрида дили хаста ва кўнгли шикаста шоирни учратиб, шу нарсани англадимки, барибир ҳали у кишини билмаган жойларим ҳам жуда кўп экан…
3.
Абдулла Орипов — шундай бир сирли ва синоатли хазина эканки, унинг ўрганилмаган тилсимлари ҳали жуда кўп экан. Олмос қирраларини ҳали узоқ йиллар давомида кашф этаверамиз.
Бу маънавий хазина бойликларини қайсидир маънода келажак авлодларга етказиш учун қўйилган кичик бир қадамдир менинг бу ёзганларим.
Майли, мавзудан чалғимайлик.
Хуллас, Абдулла Ориповни кейинги йилларда яқиндан кузатмаган эдим. Ўша Тошкентдаги бундан икки-уч йил муқаддам бўлиб ўтган учрашувлар бундан мустасно, албатта.
Ҳолбуки, Абдулла Ориповдек буюк зот ва даҳо шоир билан ҳамсуҳбат бўлишни орзу қилувчилар бу дунёда жуда кўп. Бу табиий, албатта. Лекин бу орзу ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бу ҳам табиий бўлса керак.
Бунинг устига бу улуғ шоир ўз юртида айрим ўз оёғи остини кўролмай қолган корчалонлар томонидан камситилган ва яккаланган, ранжитилган ва ҳақоратланган бўлса, унинг зада ва пажмурда юрагига йўл топиш ва суҳбатлашиш жуда қийин бўлади.
Абдулла Ориповнинг бугунги кундаги кайфияти ва руҳиятини унинг ҳаётидаги мана шу драматик ҳолатлар асносида баҳоласак, мақсадга мувофиқ бўлса керак…
4.
Биринчидан, Абдулла ака Ўзбекистонда ҳаммани – каттадан то кичикка қадар ўзига душман деб билади.
Иккинчидан, “Озодлик” радиосидаги “провакация”дан сўнг унинг ҳаёти тамомила заҳарга айланганини яшириб ўтирмади.
Учинчидан, энди ҳаётда яшашнинг қизиғи қолмаганини, умр жуда тез ўтиб кетганини, лекин яшаш барибир завқли ва ширин эканини чексиз бир армон ва афсус билан сўзлаганида, менинг кўзларимда ёш пайдо бўлди.
Ҳатто, ўз умрининг якуни ҳақида гапираркан, улуғ шоир: — Ука, ўлиб, нетиб қолсам, сенга ўхшаган яқинларимни жанозамга ҳам йўлатишмайди. Мени шу куйга солганлар эгаллайди таъзиянинг энг олд сафини. Менга алам қиладигани ҳам шу. – деди…
Менинг ҳайрат ва ҳасрат билан термулиб турган ёшли ва ўксик нигоҳларимга боқиб, раҳми келди, шекилли: — Яна икки йиллар яшасак керак… – деб қўшиб ҳам қўяди.
Сўнг чуқур “Уҳ” тортиб, давом этади:
– Юрагимда асраб юрган энг нодир сўзларимни ҳам айтолмаяпман, Исматжон. Одам боласи ўлаётганда ёки умри поёнига етаётганда, бола чақасини ўйласа, мен бола чақамдан ҳам кўпроқ шу она халқимга, шеърият мухлисларига айтолмаган сўзларимни ўйлайман десам, ишон, Исматжон. Жуда кўп гапларим бўғзимда турибди, ука. Уларни сенга ҳам айтолмайман. Айтсам тилим куяди, айтмаса дилим…
Мен ҳали тирик устознинг ўзи ҳақида айтаётган бу даҳшатли гап-сўзларини тинглаб, юрагим сиқилади, ўксиб ўксиб йиғлагим келади.
Абдулла Ориповнинг бу ўта мискин кайфияти кейинги пайтда ёзилаётган аксар шеърларида ҳам мана-ман деб, яққол бўй кўрсатиб турибди:
Тафаккур чиқажак охири ғолиб,
Ўрин қолмагайдир нозга, фироққа.
Фақат, тушунганлар йўргаклаб олиб,
Фақат, тушунганлар қўйсин тупроққа…
Энди ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг, мана шундай тушкун кайфиятдаги улуғ бир инсон билан кечаю кундуз бирга бўлиш, унинг дарду ҳасратини тинглаш, надомат ва маломатларига қулоқ тутиш осонми?
Мен унинг яқинларини — оила аъзоларини назарда тутяпман…
5.
Шу маънода мен биринчи ўринда ўзи хаста ва дили шикаста шоирнинг ёнидаги қаровчиси – мунис ва заҳматкаш оиласи Ҳанифа янгамнинг сабру тоқатига, бардош ва матонатига қойил қолганимни айтиб ўтишим керак.
Буни Абдулла аканинг ўзлари ҳам яхши билади, шекилли, “Қалқон” номли шеърида қуйидаги ўлмас сатрларни битганлар:
Ҳаётда беморнинг ўзидан кўра,
Унинг боқувчиси тортгай кўп азоб.
Буни рафиқамдан яхшиси сўра,
Бунга ҳамшира қиз бергайдир жавоб…
Ҳа, Ҳанифа янгамнинг бошидан ўтганини унинг ўзидан бўлак ҳеч ким билмаса ва англамаса ҳам керак.
Абдулла Ориповнинг Хьюстонда истиқомат қилувчи қизи Мавлуда ва унинг куёви Аҳмаджон ҳақида, уларнинг Абдулла Ориповга бўлган чексиз муҳаббат ва садоқатлари ҳақида ҳам икки оғиз сўз айтишим шарт.
Агар шундай қилмасам, адолат ва ҳақиқат олдида хиёнат қилган бўламан…
6.
Бу дунёда Абдулла Орипов учун азиз ва қадрли бўлган яна бир меҳрибон инсон борки, унинг шоирга бўлган кейинги қирқ йиллик меҳру муҳаббати ва сеҳру мурувватидан ўзим шахсан хабардорман, тирик гувоҳман. Бу – Абдулла Ориповнинг яккаю ягона синглиси Бувсара Ориповадир.
Бувсара опа билан ўша — Абдулла Орипов биринчи маротаба инфаркт бўлган давр – Москвадаги Склифасофский касалхонасидаги учрашувдан бўён танишмиз. Ўшанда Бувсара опа Ҳанифа янгам билан то Абдулла ака соғайиб, оёққа туриб кетгунига қадар Москвада биз билан бирга бўлди.
Кейинчалик у кишининг турмуш ўртоқлари Бобоқул ака билан ҳам танишиб, ака-укадек қадрдон бўлиб кетдик. Уларнинг икаласи ҳам – Самарқанддаги “Ожоговый центр”да шифокорлик қилишади. Бундан қирқ йил олдин ҳам ўша ерда ишлашарди, ҳозир ҳам ўша ерда ишлашаркан…
Бу дунёда Абдулла аканинг бошидан неки хасталик ва ёлғизлик ўтган бўлса, Бувсара опа Ҳанифа янга билан доим шоирнинг ёнида парвона. Ҳатто Хьюстонга ҳам мени аслида янга билан Бувсара опа таклиф қилишди, келиб акангизнинг кўнглини кўтариб кетмасангиз бўлмайди, деб…
Хуллас, Бувсара опа ҳам, Янгам ҳам, Мавлуда ва Аҳмаджонлар ҳам Абдулла Ориповни қўлларидан келганича авайлаб асраб юришибди. Бунинг учун уларга минг раҳмат, албатта.
Уларнинг бу заҳматли меҳнатлари – улуғ ва бетакрор шоирга бўлган бу улкан муҳаббатлари ўзбек адабиёти ва тарихида бугун бўлмаса эртага ўз қадр қимматини топишига мен шак шубҳасиз ишонаман.
Менинг бу ёзганларимни ўқиб, кимдир: “Эри ва акаси учун, отаси ва қайнотаси учун қўлидан келганини қилиши керак-да” — деб ўйлаши ҳам мумкин, эҳтимол.
Бу ҳам тўғри.
Лекин Абдулла Орипов бугун оила бошлиғи, ота ва қайнота даражасидан-да улуғроқ ва юксакроқ, илоҳий бир маъно касб этдики, унинг билан ҳамнафас ва ҳамсуҳбат бўлиш, унинг ҳётига шериклик ва дахлдорликнинг ўзи ҳам энди олий бир шараф, муборак бир саодатдир.
Шу билан бирга тақдирнинг уларга юборган очиқ ва аламли, аччиқ ва ситамли сабоғи ҳамдир.
Яратган Эгамнинг улуғ шоир яқинларига инъом этган синов ва суннати, марҳамат ва неъматидир бу!
7.
Дарвоқе, Мавлуда ва Аҳмаджонлар ҳақида.
Мавлуда Абдулла аканинг энг суюкли ва эрка қизи. Куёви Аҳмаджон билан АҚШнинг Хьюстон шаҳрида яшаётганларига ҳам беш — ўн йил бўлиб қолди. Икаласи ҳам Америка таълим тизимида меҳнат қилишади. Мактабда инглиз тилидан дарс беришади. Бири биридан ширин уч нафар гўзал ва бебаҳо қизлари бор. Энг каттаси — ўн тўртда, энг кенжаси — тўрт ёшда.
Аҳмаджон Хьюстондан 50-60 километр узоқда ишлайди. Ҳар куни эрталаб ишга бориб, кечқурун уйга қайтиш керак. Американинг кенг ва равон хайвей йўлларида бу масофага қатнаш қийин эмас.
-Болаларимизнинг мактаби, яшаш жойимиз ва Мавлуданинг иши бир жойда. Шунинг учун мен узоқроқда бўлса ҳам, шунга рози бўлдим, – дейди ўта камтар ва хушмуомила Аҳмаджон.
Оилада тинчлик ва тотувлик бўлса, эр хотин доим бир бирини тушунса, бундан бошқа яна нима керак. Мавлуданинг Аҳмаджонга бўлган ҳурмат иззати, ота онаси ва қизларига бўлган меҳру муҳаббатини мен ҳар лаҳза ва ҳар дамда сезиб, билиб, кузатиб турдим. Айниқса, Аҳмаджоннинг қайнотаси Абдулла Ориповга бўлган юксак ҳурмати, ишонч ва садоқати мени тамомила лол этди.
Уларнинг ўзъаро муносабатини кўрган ва кузатган одам уларни қайнота куёв эмас, балки ҳақиқий ота бола деб ўйлайди.
Буни Абдулла ака шеърларида ҳам эътироф этадилар:
Эзгу дийдор учун айтаман рахмат,
Мавжларга қўшилиб кетади сўзим.
Тутган бир қўлимдан куёвим Аҳмад,
Бир қўлимдан эса Мавлуда қизим…
— Куёвимдан мингдан минг розиман, — дейди бу ҳақда Абдулла аканинг ўзлари ҳам. Туркияда ҳам шулар менинг жонимга оро киришди. Икки қаватли виллани ихтиёримизга бериб қўйишди. Шуларнинг хизмати ва туркиялик шифокорларнинг ҳиммати билан бир ўлимдан қолдим, ука…
8.
Дарвоқе, Абдулла Ориповнинг Туркиядаги хасталиги ҳақида.
Бу ҳақда турли туман миш мишлар кўп урчиди. Ҳатто маҳаллий матбуотда баъзи иғвогарона руҳдаги матнлар ҳам чиқиб кетди.
Биз ўшанда Туркияга бориб, бу масалаларга бугунгидек ойдинлик киритолмадик. Бугун энди ўша воқеаларга ҳам изоҳ бериб ўтсак, бўлади.
Абдулла Орипов ўшанда Туркияда икки уч ой даволанди. Унинг ўшандаги даволаниши ҳақида ҳам Ўзбекистонда турли туман гап сўз ва иғволар тарқатилди.
Бу бизнинг қонимизга сингиб кетган одат экан.
Ким билади дейсиз, агар биз АҚШга бориб, Абдулла Ориповнинг Хьюстонга шахсан Ўзбекистон Президенти томонидан юборилганини, унинг бу сафари ва даволаниш харажатлари Бош вазир томонидан молияланганини элга ошкор қилмаганимизда, АҚШдаги хаста шоир ҳақидаги иғволар Ўзбекистонда яна урчиб кетган бўлармиди…
9.
Модомики, Абдулла Ориповнинг Туркиядаги даволаниши ҳақида гап кетган экан, шу ўринда яна бир гапни айтиб ўтиш мавруди келди, шекилли.
Туркиядаги узоқ давом этган даволанишдан сўнг Ўзбекистонга қайтган Абдулла Ориповни кўриб, уни зиёрат қилиш учун шахсан Ислом Каримовнинг топшириғи билан Бош вазир ўринбосари Икромов бошчилигидаги бир гуруҳ — вазир ва мулозимлар Дўрмонга – шоирнинг уйига боришган.
Ўзбекистон Президентининг улуғ ўзбек шоирига бўлган бу ғамхўрлигини, бетакрор ва даҳо ижодкорга бўлган бу — оталарча меҳру муҳаббатини мен бугун элга ошкор қилиш имконига эга бўлганимдан бағоятда бахтиёрман.
Ислом Каримов билан Абдулла Орипов орасига нифоқ солишни истаган бир гуруҳ ғаламислар билиб қўйиши учун айтаяпман ва ёзаяпман мен бу аччиқ ҳақиқатларни…
Ўшанда Бош вазир ўринбосари Икромов зиёратдан сўнг, кетар пайти Абдулла Ориповга бир дуо қилинг энди деб илтимос қилган экан. Шунда Абдулла ака: “Илоҳо омин, хориждагилар ҳам Ўзбекистонга келиб даволанадиган нурафшон кунларга етайлик”, — деб…
— Мана энди ўзим Ўзбекистондан шифо истаб Америка тупроғида сарсон кезиб юрибман… – дейди ўша дуосини эслаб Абдулла Орипов…
10.
Бутун онгли умри жонажон халқи билан чамбарчас боғлиқ бўлган ижодкор одам учун АҚШда тинч ва сокин даволаниш ҳам барибир мумкин эмас экан. Соғлиги ҳам кўзига кўринмаскан, шифокорларнинг бу ғамхўрлиги ҳам татимаскан…
Абдулла Орипов қариндошлари ва яқинларининг ундови ва тазйиғи билан АҚШга даволанишга келишга мажбур бўлди. Унинг она Ватандан суғирилиб кетиши осон эмас эди.
Бир ҳафталик суҳбат ва мулоқотлар чоғида бир неча бор Абдулла Ориповнинг Ўзбекистонни ёд олиб, қўмсаб, ўзбек диёридаги кўра кўзларни эслаб, кўзи намланади, бағри тилинади.
Ҳасрат оловида ёнади…
Бир умр Ватан ва халқ ардоғида бўлган улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг АҚШ тупроғида – ўз дардига шифо излаб юрган бугунги ғариб кунлари – бутун Ўзбекистон ва бутун ўзбек халқи учун аччиқ сабоқ бўлишини истардим…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
16 сентябрь, 2015 йил,
Торонто шаҳри, Канада.
Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов билан енгил машинада Хьюстон сайрида
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
(Давоми бор)
4 шарҳ
Мухаммад Юсуф бир шеърида шундай деган:
Утганларни дардин ютиб дилда пинхон
Ойбек утди, Гофур Гулом, Шукур Бурхон
Қуй йиғлатма айтиб эски ашулангни
Хеч булмаса асра энди Абдуллангни
Инсонларнинг буюклиги,унинг эл юрти олдидаги хизматлари купрок фоний дунёдан бокий дунёга кетганларида купрок эсланади. Исмат ака, Сиз, Абдулла Ориповдек аллома ва буюк шоиримизни тириклигида бир инсонга ортикчалик килмайдиган хайкалини сузларингиз билан яратиб куйдингиз. Ёзувчи ёки шоир эмасман, оддий тадбиркорман, эзгу орзуим маблаг топиб (канчалигидан каътиий назар)Амир Темур бобомизнинг Испания элчиси Клавихо тассурротлари оркали яратилган, хозирда Франциянинг Париж шахрида сакланаётган бьюстини олиб олиб келиб Тошкент музейига куйишни,унинг уз вактининг буюклардан хам буюк булганлигини ният килганман. Аммо, Абдулла Ориипов тириклигида, уз замонасида буюк булиб булган инсондир.
Қойил сизга Исмат ака! Ўзбек халқини ажойиб томонларини ўзингизда ўзлаштриб олгансиз, ўз устозига нақадар садоқатли эканлигингизни бошқалар сиздан ўрганса ёмон бўлмасди. Айниқса бугунги маънавиятимиз ҳалокат яқинига келиб қолган бир пайтда. Бутун Ўзбекистон Абдулла Орипов билан Ислом Каримов орасида ҳеч нарса ўтмаганини, аксинча, бу икки буюк инсонни бир бири билан тўқнаштирувчи кучлар борлигини сиз орқали билиб олишди. Отангизга раҳмат, Исмат ака. Умрингиз узоқ бўлсин. Абдулла аканинг сиздек жасур ва талантли шогирдлари бор экан, юки сира ерда қолмайди.
Абдулла Орипов қандай бўлса уни борлигича бутунлай олиб, ҳатто инжиқликлари камчликлари билан биргаликда қабул қилишимиз керак. Нимагаки улуғ одамни қусурлари ҳам ўзига яраша бўлади. Агарда биз фақат бир ёқлама фикр билдириб холисликдан ўзоқлшсак, табийлик йўқолади, кишилар учун қизиқарли бўлмайди. Сизга Исмат ака ҳақоний ёритганингиз туфайли буюк шоиримизни катта раҳмат!