• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

АБДУЛЛА ОРИПОВ МАКТАБИ Исмат Хушевнинг АҚШ сафари хотиралари (8 қисм)

Сен 25, 2015
Исмат Хушев Абдулла Орипов билан Хьюстон ресторанида
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррирининг АҚШга навбатдаги сафари тўғрисида
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев шу йилнинг 18-25 август кунлари бир ҳафталик ижодий сафар билан Америка Қўшма Штатларида бўлади. Журналист бу гал ҳам одатдагидек сафари давомида кўрган кечирганларини ўз ўқувчилари билан ўртоқлашиш ниятида.
Яқингинада ниҳоясига етган Бирлашган Араб Амирликлари (Дубай, Шаржа, Абу Даби) ва Туркия (Анталия, Истанбул) га бўлган, нашримизда эълон қилинаётган қизиқарли сафар таассуротлари тугамай туриб, журналистни бу галги кутилмаган АҚШ сафарига нима мажбур қилди?
Яна бир неча соатлардан сўнг Исмат Хушевнинг АҚШ сафари таассуротларини эълон қила бошлаймиз.
Нашримизни кузатиб боринг.
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири Абдулла Ориповни йўқлаб Хьюстон (АҚШ)га келди

Шоир ва АҚШ

«Дунё ўзбеклари»дан:
Шу кунларда Хьюстон (АҚШ)да даволанаётган улуғ шоиримизни йўқлаб, у кишининг саломатликлари билан қизиқиб нашримизга кейинги бир ойда юздан зиёд хат ва хабарлар келди, СМС ва телефон қўнғироқлари бўлди.
Шоир мухлислари ўзлари ихлос қўйган улуғ шоир тақдирига бефарқ эмасликлари тушунарли, албатта.
Қаршидан Зилола, Бухородан Ойдин, Шахрисабздан Акмалжон, Китобдан Собир, Косоннинг Некўз қишлоғидаги бир гуруҳ мактаб ўқувчилари, Олтиариқдан Бегали, Қўқондан Сулув, Учкўприкдан Одилжон, Хоразмдан Шоҳсанам ва Фарҳод, Жиззахнинг Бўстонидан таниқли ёзувчи Абулқосим Мамарасулов, Самарқанддан Гуландом, Навоийдан Султонмурод, Андижондан Шавкатбек ва Моҳигул, шоир Суҳайлий, Тошкентдан таниқли табиб Абдуқодир Сатторов, шоир Ҳамроқул Асқар, Дилором, Азиза, Муниса, Бобир, Шуҳрат, Камолиддинлар, АҚШнинг Хьюстон шаҳрида яшовчи наманганлик Дилбар, Манчестердан Гулбаҳор, Кентуки штатидан шоир Юсуф Жума оила аъолари, Канаданинг Монтералидан Лариса, Жумагул ва Баҳодирлар, Торонто шаҳридан Умида Турсунова, Олмониядан Нафиса Қодировна, Дубайдан Салтанат, Зулайҳо, Франциядан Эргаш Тўхтабоев, Буюк Британиядан профессор Аҳмад Ҳожи Хоразмий, Швециядан ака ука Билолиддин, Шарофиддин ва Камолиддинлар,  Норвегиянинг Осло шаҳридан Отабек Тошев, Туркиядан Замира Одилова ва Муҳаммаджон Калоновлар оиласи, Шотландиядан Отабек ва Наргизалар, Қозоқистондан Лайло, Гулмира, Абдужаббор ва Шарофатлар, Бразилиядан Марат, Дурбеклар ҳам «Дунё ўзбеклари»га мактуб йўллаб, Абдулла Орипов ва унинг сиҳат саломатлиги билан жиддий қизиқишган эдилар.
Бу ҳали қўл остимизда тўпланиб қолган хат ва хабарларнинг бир қисми, холос. Худди шу мазмундаги яна ўнлаб хатлар борки, бу — халқимизнинг улуғ шоир тақдирига бефарқ эмаслигидан далолат беради.
Ана шуларни ҳисобга олиб, «Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири 18-25 август кунлари бир ҳафталик ижодий сафар билан Америка Қўшма Штатларининг Хьюстон шаҳрида бўлишни режалади.
Абдулла Ориповнинг сиҳат саломатлиги, у кишининг бугунги кайфияти ва умуман улуғ ўзбек шоири билан боғлиқ барча савол жавобларга Исмат Хушев яна бир неча соатлардан сўнг эълон қилинажак ўз сафар таассуротларида баҳоли қудрат жавоб беришга ҳаракат қилади.
Нашримизни кузатиб боринг.
Исмат Хушев А.О. билан хьюстонда 1
Суратда: «Дунё ўзбеклари Бош муҳаррири Исмат Хушев улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов билан Хьюстон (АҚШ)да, 18-25 август, 2015 йил, Техас.
Исмат ХУШЕВ: АБДУЛЛА ОРИПОВ МАКТАБИ
АҚШ сафари хотиралари
(8 қисм)
1.
Улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов билан Хьюстон (АҚШ)да бир ҳафта бирга бўлиб, Канадага қайтиб келганимга ҳам ҳадемай бир ой бўлади.
Бир ойдан бўён деярли ҳар куни Абдулла ака билан телефонда гаплашиб турамиз. Ҳол аҳвол сўраб, соғликларини сўраганимдан сўнг суҳбат мавзуи ўз- ўзидан шеъриятга кўчади.
Янаям аниқроқ айтадиган бўлсам, деярли ҳар куни Абдулла ака “Дунё ўзбеклари”да эълон қилинган у ёки бу шеърларига ўзгартириш киритиб, у ёки бу сатрни алмаштиришни илтимос қилиб, сим қоқадилар.
Мен Абдулла Ориповнинг  шеърга, ижодга бўлган муносабатини олдин ҳам кўп кузатганман.
Лекин ҳозиргидек — шу улуғ ёшда ҳам, катта ижод тажрибаси эгаси бўлса ҳам  — ҳар бир сўз ва жумла устида бу қадар талабчанлик ва  масъулият билан ёндашишини, рости, билмаган, тасаввур ҳам қилмаган эдим.
Шунда беихтиёр бошқа ижодкорлар ҳам ўз устида – сўз устида ишлаш санъати ва машаққатини Абдулла Ориповдан ўргансалар яхши бўларди деб ўйлаб кетаман…
2.
Абдулла ака билан ҳали Америкадаёқ “Озодлик” радиоси ҳақида суҳбатлашарканмиз, бирор нарса ёзсанг, ишлатарсан, деб менга икки сатр шеър айтган эдилар:
Озодликнинг иши ўғрилик эмас,
Қилиб юрган ишинг тўғрилик эмас…
— Бор йўғи шу икки сатрми, — десам, бўлади — шу икки сатр ҳам улар учун кўплик қилади  деб  айтган эдилар.
Лекин мен Абдулла акани — бу икки сатр етарли эмас, яна икки сатр қўшиш керак деб зўрға кўндирдим.
Кейинги учрашувларимизнинг бирида у киши кутилмаганда тўрт қатор шеър айтиб қолдилар:
“Озодлик” дегани – эгрилик эмас,
Қилиб юрган ишинг тўғрилик эмас.
Ошинг ҳалол бўлса кўчада ичгин,
Мусулмоннинг иши — ўғрилик эмас.
-Майли, сан айтганча бўлақолсин, ука. Мана шу тўртлик “Озодлик”ка аталди. Шуни уларга етказарсан, — дедилар маъюслик билан.
Навбатдаги учрашувимизда эса кутилмаганда:
-“Қилиб юрган ишинг тўғрилик эмас”ни “Қилган қилмишларинг тўғрилик эмас” деб ўзгартириб қўйишимни илтимос қилдилар. “Қилиб юрган ишинг” билан “Мусулмоннинг иши” да “иши” сўзи икки марта такрорланиб қолган. Бу  шеърни қадрсизлантиради, — дедилар.
Шундай қилиб, “Озодлик” радиосига бағишланган қуйидаги тўртлик дунёга келди:
“Озодлик” дегани – эгрилик эмас,
Қилган қилмишларинг  тўғрилик эмас.
Ошинг ҳалол бўлса кўчада ичгин,
Мусулмоннинг иши — ўғрилик эмас.
Яширмайман, мана шу тўрт қатор шеърни Абдулла ака  — тўрт маротаба ўзгартириб, сўнг ниҳоят бир тўхтамга келиб, менга бердилар.
Аввал икки сатр бўлган иккилик, алал оқибат тўрт сатрга етиб, мукаммаллик касб этгунича бўлган бутун бир ижодий жараён менинг кўз ўнгимда рўй берди.
“Озодлик”ка бағишланган бу тўртликнинг қолипдан чиққанидан кейин ҳам тўрт маротаба ўзгартирилганига қойил қолиш керак.
Абдулла Ориповдан биз ҳали жуда кўп нарсаларни ўрганишимиз зарурлигини мен Америкада ҳар қадамда, у киши билан бўлган ҳар-бир  учрашувда юрак юрагимдан аниқ тиниқ ҳис этиб юрдим.
Шу тариқа “Озодлик” ҳақида ўша машҳур тўртлик пайдо бўлди.
Хуллас, “Озодлик” радиоси — Абдулла Ориповнинг машҳур  номидан фойдаланиб, ўз рейтингини ошириш йўлида қилган навбатдаги “ўйин”и унга жуда қимматга тушадиган бўлди…
3.
Якшанба кунларининг бирида тонг саҳарлаб телефон жиринглаб қолди.
Олсам, Абдулла акам одатдагидек хаста овоз билан: “Ука, 1 сентябрь куни “Дунё ўзбеклари”да эълон қилинган “Уммон бўйидаги ўйлар” номли шеърни оч” деб қолдилар. Очдим. Палон кўплетдан кейингисини ўқи дедилар. Ўқидим:
 Аллоҳ ўз аршига рухсатни бериб,
Мутакаллиф бўлса жами одамзод.
Бошқалар қатори кўксини кериб,
Ўзбек ҳам юрарди мамнун ва дилшод.
 
Сўнг ўша кўплетдаги “Мутакаллиф” номли иккинчи сатрни  “Таклиф этилсайди” деб ўзгартириш кераклигини айтдилар.  Ўзгартирдим.  Оқибатда   ўзи гўзал ёзилган шеър янада ажиб бир мукаммаллик касб этди:
Аллоҳ даргоҳига рухсатин бериб,
Таклиф этилсайди жами одамзот.
Бошқалар қатори кўксини кериб,
Ўзбек ҳам юрарди мамнун ҳамда шод.
 
 Ҳолбуки, бу шеърнинг эълон қилинганига 5-6 кун бўлган эди. Атиги биргина сўз учун устоз ўз тинчини йўқтиб, то шуни жойига қўймагунча, кўнглидаги сўзни топмагунча  тинчимаган, безовта бўлиб юрган.
 
Абдулла Ориповнинг шеърлари нега севиб ўқилиши, уларда ҳамиша катта бир фалсафа мавжудлиги, мукаммал сатрлар сири ва синоатини мана шу – ҳар бир жумлани қайта ишлаш ва устознинг сўзга бўлган масъулиятидан изласак – адолатдан бўларди…
4.
Абдулла Ориповнинг ҳар бир шеър устида қунт билан ишлаб, уни макаммал ҳолга келтирмагунча тиниб тинчимаслигини қуйидаги мисоллардан ҳам билиш мумкин.
Янги ёзилган шеърларининг бирида шундай тўртлик бор эди:
Бу қавм ҳикматдан олис мутлақо,
Лўттибоз мисоли сургайдир даврон.
Соқовнинг унвони — булбулигўё,
Салла патак бўлса — қолма ҳеч ҳайрон.
 
 Ўзи бир қараганда яхши ва мукаммал сатрлар. Лекин Абдулла аканинг назарида биринчи сатрда қандайдир мубҳамлик ва чўлтоқлик бордек туюлган.
«Бу қавм ҳикматдан олис мутлақо»ни – «Бу ғамсиз касларга ҳурмат нораво» деб ўзгартирдилар. Оқибатда боягидан ҳам гўзал ва пурмаъно сатрлар дунёга келди:
  
Бу ғамсиз касларга ҳурмат нораво,
Лўттибоз мисоли сургайлар даврон.
Соқовин атарлар булбулугўё,
Салла патак бўлса — қолма ҳеч ҳайрон.
 
Ёки бўлмасам, яна бир шеърдаги: «Наҳот ҳар қадамда қиёмат қойим»ни – «Наҳот қадамида қиёмат қойим» деб ўзгартирдилар. Бир қарашда оддий туюлган сўз янада сайқаллашиб, ажиб бир муфассаллик ва мукаммаллик касб этди…
«Нодонлар ҳақида баллада» номли шеърда ҳам баъзи бир ўзгаришлар рўй бердики, булар ҳақида ҳам адабиёт мухлисларига маълумот бериб ўтиш фойдадан холи бўлмаса керак.
 
Олдинги кўриниши: 
Амир қушбегининг кетига тепди,
Шу зум Петербургни оламан, дебди.
Олимхон бекорнинг бештасин ебди,
Бундан фақатгина қўрқмайди нодон.
Кейинги, тузатилган кўриниши:
Амир қушбегининг кетига тепди,
Шу зум Петербургни оламан, дебди.
Шаксиз у бекорнинг бештасин ебди,
Бундан фақатгина қўрқмайди нодон.
«Олимхон» исмининг ўрнига «Шаксиз у» деб ўзгартирилишига нисбатан Абдулла ака шундай изоҳ бердилар: Бу ўринда шеърга унинг амирлиги керак эди.  Унинг исмини эса шеър қабул қилмади.
Ростдан ҳам генераллик унвонини олган ҳарбий одамнинг қаричига қаранг:    Россиянинг қурол аслаҳали қўшини қаерда-ю, болта билан калтак кўтариб юрган бунинг қўшинлари қаерда.
Абдулла аканинг бу мантиқли сўзларини тинглаб, у кишининг тарихни нақадар яхши билиши, ниҳоятда ўткир хотираси ва қуввайи ҳофизаси бағоят кенглигидан ажиб ҳайратларга ошно бўламан…
 
5.
Куни кеча Абдулла ака менга яна телефон қилиб, шундай деб қолдилар:
Бир икки марта сайтинг очилмади. Телефонинг ишламади. Мен ҳайрон бўлдим. Исматни ҳам бу ерларда тўхтатиб қоладиган — буғадиган куч бормикан деб…
Ҳазил- киноя билан айтилган бу гапнинг замирида не-не маъно ва қочирим мужассамлигини англаш мумкин.
Сўнг ҳазил ҳузулдан жиддийликка ўтиб, ўтган куни эълон қилинган “Ёлғиз паноҳ” номли  шеърдаги “Тангри” сўзини “Тарих”га алмаштириш лозимлигини айтдилар.  Уни алмаштириб бўлганимдан сўнг, ўша алмаштирилган сатрларни қайта ўқиб беришимни сўрадилар:
 
Олдинги кўриниши:
 
Кўз ташлайман олис ўтмиш
           Қаърига гоҳо,
Тангри мудом ботирларнинг
             Ёнини олган.
 
Ўзгартирилганидан кейинги кўриниши:
 
Кўз ташлайман олис ўтмиш
           Қаърига гоҳо,
Тарих мудом ботирларнинг
             Ёнини олган.
 
Шеърдан кўнгли тўлган Абдулла ака энди унинг сарлавҳасини ҳам «Ёлғиз паноҳ» эмас, балки «Мангу паноҳ» деб ўзгартириб қўйиш лозимлигини айтдилар.
Сўнг бу икки ўзгартириш сабабини тушунтирдилар:
Биринчи ўзгартириш ҳақида: Бу ўринда Тангри сўзи Прометей тарихига кўра Юнон Тангриларига ишора бўлиб қолган.   Ижодда шунақа мантиққа ҳам қулоқ солиш керак гоҳида. Дейлик, Христиан динидан Толстойнинг китобини таржима қилишади.  Мантиқ бузилмаслиги керак. Толстой қаҳрамони ўз худосини «Вой, худойим» дейди. Бу нормал ҳолат. Лекин уни таржимон: « Вой, Оллоҳим» деб таржима қилса, бу эътиқодларга тўғри келмаслиги мумкин.
Иккинчи ўзгартириш ҳақида: Нега “Ёлғиз паноҳ” эмас, “Мангу паноҳ” 
Ёлғиз паноҳ тилимизда яхши жарангламади. Тумтоқроқ туюлди.  Шеърда Прометейнинг номи тилга олинган. Маълумки,  Прометей Олимрдан оловни одамлар учун ўғирлаганидан кейин уларнинг тангриси Зевс ғазабга келади ва Прометейдан ўч ола бошлайди.
Демак бу ўринда Тангри Прометейнинг душмани бўлиб чиқади. Шундай экан, шеърда Тангри сўзининг қўлланиши ўринли эмас. Тарих эса ҳамма дину- миллатларни ўз ичига олаверади…
Абдулла аканинг бу нодир фикр ва қарашлари ўзбек адабиёти билимдонлари ва тадқиқотчилари учун нақадар муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтиш ортиқча бўлса керак…
6.
Шу ўринда даҳо шоирнинг бетакрор ва  ўлмас шеърияти боис юқорида тилга олинган фикр ва хулосалардан  келиб чиқиб,  беихтиёр, Абдулла Орипов мактаби ҳақида ўйлаб кетаман.
Абдулла Орипов мактаби — унинг шеърларидек бетакрор бир мактаб.
Бутун ўзбек адабиётини бир уммон деб оладиган бўлсак, шубҳасиз, бу ерда Навоий мактаби асосий ўрин эгаллайди. Шу қатори ўзбек адабиётида бир талай шоир ва ёзувчиларнинг ўз мактаблари бўлган.  
Уларнинг бари энг аввало Навоий уммонидан баҳра олгани ҳеч кимга сир эмас.
 Биз бугун бу мактабларни инкор этмаган ҳолда, бошқа бир мактаб ҳақида гапирмоқчимиз.
Не бахтки, бизнинг авлод яна бир чашмадан баҳрамандлик бахтига муяссар бўлди.
Бу Навоийдан кейинги беш юз йилликда дунёга келган улуғ ва бетакрор шоир Абдулла Ориповнинг шеърият мактабидир…
 
7.
Абдулла Орипов мактаби ҳақида гап кетганида мен унинг ўқувчиси ва мухлиси сифатида ниҳоятда бахтли эканимни ҳам айтиб ўтишим керак бўлади.
Не тонгки, мен шу улуғ мактаб дарсхонасида — бевосита Абдулла Ориповнинг ёнида юриб, унинг ҳар бир сўз устида нечоғлиқ заргарона ишлашини туну кун шахсан кузатиш бахтига муяссар бўлдим.
Абдулла Орипов мактаби эшиклари туну кун ёпилмаслигига, унинг тафаккур олами кеча кундуз чарх уриб, зиё таратиб туришига гувоҳ бўлдим.
Адабиёт бўстонига, шеърият боғига ҳавас билан қарайдиганлар бу дунёда оз мунча эмас. Аслида ҳар бир инсон ўзича шеърият боғига ташриф буюради. Бу бўстонга ораламасликнинг ҳеч иложи йўқ.   
Инсон энг олий туйғуларини, муҳаббат ҳисларини ўзича шеър қилиб пичирлашга одатланган. Муҳаббат туйғулари эса ҳар бир инсон қалбида ўзига хос ва ўзига мос тарзда жаранглайди. Шу боис ҳар бир инсоннинг ўзи бир шоир дейишга асос бор.
Бироқ шоир сўзи нақадар улуғ ва муборак эканини ҳам унутмаслигимиз керак. Ҳар бир шеър битувчи ва айтувчи шоир бўлолмайди, албатта. Нари борса, у шеър ёзувчидир, тўқувчидир, холос.   
Гоҳида шоирман деб юрган “косиб”лардан шеърни теран англовчи мухлислар минг маротаба баландроқ турадилар.
Ҳақиқий шоир эса шеър гавҳарининг заргаридир.
Буни Абдулла Орипов ўз ижоди устида тинмай ишлаши, ҳар бир сўз ва мисрани жой-жойига қўя олиши, қолаверса, ўз мактабини яратиши билан яна бир бор исботлади…
 
8.
Улуғ бобокалон ва шеърият султони Навоий уммонидан бошланган Абдулла Орипов чашмаси ҳали жуда кўп авлдодларга битмас туганмас шеърият хазинаси бўлиш билан бир қаторда, қалбга нур ва ақлга шуур берувчи шеърият мактаби бўлиб қолажак.
Мен бунга аминман.
Бу мактаб — нафақат шеърият ихлосмандлари учун, балки Абдулла Орипов ижодидан ёстиқдай ёстиқдай китоблар ёзиб, докторлик ва   кандидатлик диссертациялари ёқлаган қатор “адабиётшунос олим” лар учун ҳам ҳақиқий ижод ва ҳаёт мактаби бўлиб қолажак.
Негаки, бу “Ориповшунос олим” дўстларимиз ҳам то ҳануз бу мактабнинг сир асрорини тўла очаолганлари ва дурдона мағзини чақа олганлари йўқ.
Шунинг учун ҳам бу борада келажак авлод ҳам ҳали анча бунча тер тўкишига тўғри келади.
Ахир Алишер Навоий бобомизни, мана неча юз йилларки, битмас туганмас хазина каби ўқиймиз ва ўрганмиз. Ва ҳануз унинг охирига етолганимиз йўқ.
Асл шеърият аслида битмас туганмас хазинадир. Уни ҳар бир қалб ўзи алоҳида кашф этади.
Абдулла Орипов мактаби ҳақида ўйлаганимда ана шу ҳақиқатлар ёдимга тушди.
Шу билан бирга ҳар қандай миллат ва халқда — ўз фарзандлари учун фахр ва ифтихор ҳисси ҳам асло сўлмаслиги керак…
 
9.
Ўзбек адабиёти ва шеърияти ҳақида гап кетганида, беихтиёр, Абдулла Орипов мактабининг бошқа мактаблардан фарқи ҳақида ўйлаб кетаман.
Адабиётимиздаги жуда кўп шеърлар – гўёки найни теша билан йўнганга ўхшаш ғалати таассурот қолдиради.  Абдулла Орипов шеърлари эса – найни пойтеша билан эмас, балки заргарона силлиқлагандек – гўзал ва жозибали, ўлмас ва бетакрор.    
Шеър зўрлаб ёзилмаслиги керак. Суюкли ёрни қучоғлагандай беихтиёр унинг оғушига кириб, шоир ўзидан кетиб қолиши керак шеър ёзганида.
Шоир ёрни бағрига босганидай — бу дунёдан айрилиб, бошқа дунёга кириши керак шеър ёзганида.
Ҳақиқий шеърни ҳис қилишга қодир инсонларнинг ҳаммаси ҳам шоирлик бахтидан баҳраманд бўлолмаслиги мумкин.
Бу ерда Оллоҳ инъом этган алоҳида сир ва синоат, сеҳр ва тилсимот ҳам  муҳим ўрин тутади.
Абдулла Орипов мактабидан баҳраманд бўлиб мен шуни юрак юрагимдан аниқ ҳис этдим…
  
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
Торонто шаҳри, Канада
23 сентябрь, 2015 йил

Исмат Хушев Абдулла ака билан машинада

Суратда: “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов билан енгил машинада Хьюстон сайрида
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
 (Давоми бор)

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *