ИСМАТ ХУШЕВ: ОҚЛАНМАГАН ИШОНЧ ҚИССАСИ (2)
ИСМАТ ХУШЕВ
Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)
Иккинчи китоб, 26-боб
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: Ўзбекистон МХХ (КГБ) раиси, генерал полковник Ғулом Алиев (ўртада) Бош вазир ўринбосари, академик Мурод Шарифхўжаев (ўнгда) ва Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов (чапда) лар билан сессия залида
(Исмат Хушевнинг шахсий архивидан олинган бу ноёб сурат матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)
ИККИНЧИ КИТОБ
26-боб
ХУФИЯ ИДОРАДА БИРИНЧИ МИЛЛИЙ РАҲБАР
(Ёки Ғулом Алиевнинг сиёсий портретига шарҳлар)
1.
Ғулом Алиев – Мустақил Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг биринчи миллий раҳбари ҳисобланади.
Мустақилликка қадар Ўзбекистон хуфия идораси раҳбарлари рус ва ё бошқа миллатга мансуб бўлиб, улар бу лавозимга Москва томонидан тайинланар эди.
Ўшанда – Ўзбекистонда эрта бир кун маҳаллий миллат вакилининг хавфсизлик хизматига раҳбар этиб тайинланишини ўзбеклар етти ухлаб тушида ҳам кўришмаган бўлса керак…
СССР Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) – 1954 йилда ташкил этилган бўлиб, у ўз фаолиятини 1991 йилга қадар давом эттириб келди.
СССР давридаги КГБ нинг асосий вазифаси – Давлат ва ҳукумат хавфсизлигини таъминлашдан иборат бўлган.
Айни пайтда разведка ва контразведка билан шуғулланиш, жиноят қидирув ишларини олиб бориш, Давлат чегаралари дахлсизлигини таъминлаш баробарида – КПСС Марказий Комитети ва ҳукумат раҳбарларини қўриқлаш, уларни ташқи хавф хатар ва тазйиқлардан ҳимоя қилиш ҳам хуфия хизматининг асосий вазифаси ҳисобланган.
Шу билан бирга махсус хизматлар – миллатчилик, ирқчилик, “ўзга фикр” соҳиблари (инакомыслие) ва совет тузуми душманларига (антисоветчики) қарши курашни ҳам ўзларининг биринчи галдаги ва энг муқаддас вазифаси деб билган…
Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин ҳам махсус хизматлар совет даври тажрибасидан унумли фойдаланиб, давлат хавфсизлиги билан бир қаторда мустақил Ўзбекистон фуқароларининг ҳукуматга мухолиф бўлган “илғор ва ҳур фикрли” қисми билан шуғулланишни ўзларининг асосий ва энг биринчи галдаги вазифаси қилиб белгилаб олишди…
2.
Ғулом Алиевга қадар Ўзбекистон хавфсизлик идораси (КГБ) га у ташкил этилганидан бўён саккиз киши раҳбарлик қилган.
Ўзбекистон КГБ сининг энг биринчи раҳбари – Бызов Алексей Петрович бўлиб, у 1954 йилдан 1960 йилга қадар ўзбек хуфия идорасини бошқарган.
Ундан кейин Наймушин Георгий Федорович (1960-1063), Киселев Сергей Иванович (1963-1969), Бесчастнов Алексей Дмитриевич (1969-1974), Нордман Эдуард Болеславович (1974-1978), Мелкумов Левон Николаевич (1978-1983), Головин Владимир Александрович (1983-1989) ва ниҳоят Моргасов Анатолий Сергеевич (1989-1991) лар турли йилларда Ўзбекистон КГБ сини бошқариб келишган…
Кўриб турганингиздек, уларнинг орасида бирорта ҳам маҳаллий миллат вакилининг муборак исми шарифини учратмайсиз.
Ниҳоят, Ўзбекистон мустақил бўлиб, ўз тақдирини ўзи ҳал қиладиган муборак кунларга етганидан сўнг – 1991 йилдан эътиборан СССР давридаги Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) – Миллий Хавфсизлик Хизматига айлантирилиб, Ғулом Алиев унинг биринчи миллий раҳбари этиб тайинланади…
3.
Ғулом Алиев қандай қилиб Ислом Каримов назарига тушиб, Ўзбекистон махсус хизматлари тарихида бу қудратли хуфия идорасининг биринчи миллий раҳбари этиб тайинланиши ҳақида ҳикоя қилишдан олдин Ўзбекистон Президентининг қуйидаги Фармон ва Низомларини ўрганиб чиқиш керак бўлади:
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ
ҲУЗУРИДАГИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК
ХИЗМАТИ ТЎҒРИСИДА
«Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, Олий Кенгашнинг «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида»ги баёнотига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 25 августдаги ва 26 сентябрдаги фармонларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон ССР иттифоқ-республика Давлат хавфсизлиги қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматига айлантирилсин (республика қўмитаси ҳуқуқида).
2. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги низом тасдиқлансин (1-илова).
3. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг тизими ва ходимлари сони тасдиқлансин (2, 3, 4-иловалар берилмайди). Собиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги қўмитасининг тугатилган алоҳида бўлинмаларини ҳисобга олган ҳолда, унинг ходимлари сони 25 фоизга қисқартирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 1992 йил учун республика бюджетининг лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматини сақлаш учун зарур бўлган харажатларни тақдим этилган ҳисоб-китобларга мувофиқ назарда тутсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт қўмитаси, Моддий-техника таъминоти давлат-кооператив қўмитаси, Нефть маҳсулотлари билан таъминлаш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1992 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати билан келишган ҳолда ҳар йили моддий-техника воситаларини ажратишни, шунингдек, чет эл валютаси ажратишни таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Алоқа ва Автомобиль транспорти вазирликлари, Ўзбекистон фуқаро авиацияси бошқармаси, Ўрта Осиё темир йўли бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматига алоқанинг барча турларини, хоналар, техник қурилмалар, транспортда юриш ҳужжатларини тақдим этсинлар ва хизмат вазифаларини бажариш учун транспортда жойларни банд қилишни амалга оширсинлар.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ижроия қўмиталари ва Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, унинг жойлардаги органлари ходимларига уй-жой, якка тартибда уй-жой ва дала ҳовли қурилиши учун ер участкаларининг биринчи навбатда ажратилишини таъминласинлар.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 2 ноябрь,
278-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 2 ноябридаги 278-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати тўғрисида
НИЗОМ
1.
Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 25 августдаги ва 26 сентябрдаги Фармонлари асосида ташкил этилган.
2.
МХХ ва унинг жойлардаги органлари хорижий давлатлар ва хорижий ташкилотлар махсус хизматларининг Ўзбекистонга қарши разведка-қўпорувчилик фаолияти билан кураш олиб борадилар, Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини, конституциявий тузумини, ҳудудий бутунлигини, иқтисодий, илмий-техникавий ва мудофаа қудратини ғайриқонуний тажовузлардан ҳимоя қилишни амалга оширади.
3.
Ўзбекистон Республикаси МХХ республика қўмитасининг ҳуқуқлари билан таъминланади ва Ўзбекистон Республикаси президентига бўйсунади.
Ўзбекистон Республикаси МХХ ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун Қорақалпоғистон Республикасида, унинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан келишган ҳолда, вилоятларда, алоҳида шаҳарлар ва ноҳияларда ўзининг органларини тузади.
4.
МХХ Ўзбекистон Республикаси ҳокимият ва бошқарув органларининг ишлашини нодўстлик кайфиятидаги давлатлар ва Конституцияга қарши ички тузилмалар махсус хизматларининг разведка-қўпорувчилик ва бошқа хил жиноий тажовузларидан самарали ҳимоя қилиш учун жавобгардир ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Кенгаши олдида мунтазам равишда ҳисоб бериб туради.
5.
Миллий хавфсизлик хизмати ва унинг жойлардаги органлари ўзларининг амалий фаолиятларида меҳнаткашлар билан яқиндан алоқада бўлишга, доимо уларнинг ёрдамига суянишга мажбурдирлар.
6.
МХХга Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тайинланадиган ва кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тасдиқланадиган Раис бошчилик қилади.
МХХ Раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон МХХ Раисининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тайинланадилар.
Миллий хавфсизлик хизматининг Раиси Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан республика вазирларига берилган ҳуқуқлардан фойдаланади.
(6-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 26 майдаги 135-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ., 2005 й., 21-сон, 154-модда
7.
Ўзбекистон Республикаси МХХ амалдаги буйруқлар ва кўрсатмаларга мувофиқ агар улар Ўзбекистон Конституцияси ва Қонунларига зид бўлмаса, оператив-қидирув ва бошқа хил хизмат фаолиятларини амалга оширади.
МХХ Раиси ва унинг ўринбосарлари ўз ҳуқуқлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, амалдаги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Олий Кенгашнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида ҳамда уларни бажариш мақсадида буйруқлар, кўрсатмалар ва йўриқномалар чиқарадилар.
Хавфсизлик органлари ишини ташкил этиш масалаларини ҳал этиш учун таркибида Хизмат Раиси – Кенгаш раиси, унинг ўринбосарлари ва Хизматнинг бошқа раҳбар ходимлари бўлган Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати Кенгаши тузилади.
Кенгаш аъзоларининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда Хизмат Раиси томонидан тасдиқланади.
МХХ Раиси Хизматни ва унинг органларини сақлаш учун ажратиладиган кредитларнинг бош бошқарувчиси ҳисобланади.
Миллий хавфсизлик хизматининг асосий вазифалари Ўзбекистон Республикаси манфаатлари йўлида разведка ва контрразведка фаолияти билан шуғулланиш ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳисобланади.
4.
Ғулом Алиев 1991 йилнинг сентябрь ойидан эътиборан МХХ раиси этиб тайинланган бўлса, бунга қадар у мазкур идора раисининг биринчи ўринбосари бўлган.
Бу лавозимга қадар эса у – Қашқадарё вилоят Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) га раҳбарлик қилган.
Бу пайтда эса Ислом Каримов – Қашқадарё обкомининг биринчи секретари эди…
Демак, ўз ўзидан равшанки, у кўплар башорат қилганидек Москванинг ёки Коржаков (Ўша пайтда Россия Президентининг Хавфсизлик Хизмати раҳбари) нинг кадри эмас, балки Ўзбекистон Президентининг ўзи танлаб Қаршидан олиб келган ўз номзоди эди.
Ғулом Алиев Ўзбекистон МХХ раиси бўлиб бор йўғи тўрт йил ишлади, холос. Кейин кутилмаганда вазифасидан олиниб, уй қамоғига ўтказилди. Расмий ҳужжатларда эса уни «Ўзбекистон президентининг Давлат маслаҳатчиси» деб расмийлаштиришди.
Генерал Ғулом Алиев президент Ислом Каримов учун нега кутилмаганда «исталмаган шахс» га айланиб қолди? Нега у ҳақдаги барча маълумотлар йўқотилди?
Ғулом Алиевнинг сиёсий портретига шарҳ ёзиш учун интернетни титкилаб, унинг бирторта ҳам суратини учратмадим, бир оғиз бўлса ҳам у ҳақдаги бирор бир маълумотга кўзим тушмади.
Унинг 1991 йил сентябридан эътиборан Ўзбекистон МХХ раиси этиб тайинлангани, унвони генерал майор бўлгани ва 1995 йилнинг июнидан эътиборан ишдан олингани ҳақидаги ахборотдан бошқа ҳеч нарса тополмадим.
Шу билан тамом. Гўё бу дунёда генерал Алиев бўлмаган, Ўзбекистондай қудратли хуфия идорасига раҳбарлик қилмаган ва ҳатто бу дунёда яшамаган ҳам…
Ўзбек ҳукумати нега у ҳақдаги барча маълумотларни интернет ва ижтимоий тармоқлар сатҳидан йўқотишга ихтиёр ва эҳтиёж сезди. Нега бундай бўлди?
Ғулом Алиев билан Ислом Каримов орасида ўшанда нима гап ўтган эди? Ғулом Алиевнинг ўринбосари бўлиб турган Рустам Иноятов Президентнинг бу «рокировка»сида қандай рол ўйнаган?
Нега Ислом ака ўзи ишониб Қаршидан олиб келган одамини тўрт йилнинг нари берисида ишдан олиб, уй қамоғига ўтказади-ю, ундан кейин тайинлаган Рустам Иноятов билан мана салкам йигирма йилдирки, бирга ишлаб келаяпти?
Бу ерда қандай сир бор?
Биз бу саволлар жавобига ҳали бафуржа қайтамиз…
5.
Бу воқеаларни яхши ва ичдан билишимнинг боиси шуки, Ғулом Алиев Қашқадарё хавфсизлик Қўмитаси раиси бўлиб ишлаганида мен Қашқадарё область комсомол комитетида, сўнг Қарши давлат педагогика институтида комсомол комитетининг райком ҳуқуқидаги секретари бўлиб ишлаганман.
«Райком ҳуқуқидаги» деганимнинг боиси шуки – биз институт комсомол Бюросида талабаларни комсомолга қабул қилиб, агар лозим топсак, ўзимиз комсомолдан ўчириш ҳуқуқига ҳам эга эдик…
Ўшанда Ғулом Алиевнинг ўғли Пединститутнинг рус тили филологияси факультети студенти эди.
«Оқланмаган ишонч қиссаси»нинг биринчи китобида – менинг Қаршидаги комсомол соҳасидаги фаолиятимга бағишланган бобларида Ғулом Алиев ва унинг ўғли билан боғлиқ маш-машалар ҳақида батафсил ҳикоя қилинган. Шунинг учун ҳам мен бу воқеаларни такрорлаб ўтиришни ортиқча деб биламан.
Фақат шуни айтишим лозимки, Ғулом Алиев билан бизнинг биринчи ва илк тўқнашувимиз Қаршида – унинг такасалтанг ва олифта ўғлини – пахтага чиқмагани учун комсомол қўмитаси Бюросида муҳокама қилганим ва жазолаганим боис юз берган эди.
Кечагина Горбачевнинг «қайта қуриш ва ҳур фикрлилик» шабадаларидан руҳланиб, Москва Давлат университетининг журналистика факультетини битириб келган ёш ва ғайратли, оташин ва адолатпарвар комсомол секретари учун қандайдир КГБ раисининг ўғлини жазолаш нима деган гап? Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди…
Тошкентда рўй берган кейинги воқеалар шуни кўрсатдики, ўша Қаршидаги ҳақиқий «комсомоллигим»ни Ғулом Алиев Ўзбекистон МХХ га раис бўлганидан кейин ҳам унутмаган экан…
6.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлганидан кўп ўтмай Ғулом Алиевни Тошкентга олиб келиб аввал КГБ раисига ўринбосар, сўнг юқорида айтганимиздек МХХ раиси этиб этиб тайинлайди.
Худди шу пайтларда мен ҳам Ислом Каримов тавсияси билан Шукрилла Мирсаидов бош бўлган Давлат план қўмитаси (“Госплан”) нашри бўлмиш “Экономика и жизнь” журналига Бош муҳаррир бўлдим.
Президентга яқин бўлганим боис республика миқёсида турли анжуман ва тантаналарда иштирок этардим. Олий доирадаги барча раҳбарлар билан, жумладан МХХ раиси Ғулом Алиев билан ҳам жуда қадрдон бўлиб кетдик.
Ўзбекистон Олий раҳбариятидагилар Президентга ким яқин бўлса, Президент кимни ўзига яқин олса – шунга қараб муомила қилишарди. Тўқсонинчи йилларнинг бошида рўй берган бир воқеа то ҳануз хотирамда сақланиб қолган.
Ислом ака у пайтларда ўзбек тилини ҳали яхши билмас, аксар йиғилишларда асосан рус тилида гапирар эди. Бир гал Вазирлар Маҳкамасида йил якунларига бағишланган бир йиғилиш бўлди. Бош вазир Шукрилла Мирсаидовдан сўз олиб, йиғилишни якунлаётган Ислом ака Қашқадарёдаги фаолияти ҳақида гапираркан, кутилмаганда менга кўзи тушиб қолиб, шундай деган эдилар:
“Вот здесь сидит Исмат, он не дасть мне соврать” (“Мана бу ерда Исмат ўтирибди, у мени тасдиқлаши мумкин, биз Қашқадарёда ундай қилардик, бундай қилардик, халқ доим бизни қўллаб қувватларди”, – деб мавзуни менга буриб юборадилар).
Ҳолбуки, Ислом ака Қашқадарё обкомининг биринчи секретари бўлиб келганида мен аллақачон Қаршидан Тошкентга кетиб қолган эдим. Биз у киши билан асосан Москвада – СССР халқ депутатларининг 1-съездида танишиб, “Россия” меҳмонхонасида туриб, ресторанда – бир дастурхон атрофида 13 кун бирга меҳмончилик қилиб, қадрдошлашиб қолган эдик. Булар ҳақида ёзилган, яна ёзилади.
Лекин бундан қатьий назар Ислом ака ҳукумат йиғилишида мени ўзига яқин олиб, Қашқадарёдаги фаолиятини тасдиқлашда мендан фойдалангани ҳам менга катта обрў келтирди.
Кечагина норасмийлар йиғилиши ва митингларида жўжахўроз бўлиб, тўполон қилиб юрган, ҳеч ким билмаган ва танимаган Китоблик олифта бир йигит кутилмаганда ҳукумат нашрига раҳбар бўлиб қолгани бежиз эмаслигини билсалар ҳам, лекин Ислом аканинг ўша кунги сўзларидан сўнг раҳбарларнинг менга бўлган муносабати кескин ўзгариб кетди.
Энди Бош прокурор Бўритош Мустафоев ҳам, Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматов ҳам менга олдингидай “Исматвой” деб эмас, балки ажиб бир такаллум ва илтифот билан “Исмат ака!” деб муомила қиладиган бўлдилар. Бошқаларни энди айтиб ўтирмаса ҳам бўлади.
Ғулом Алиев эса бусиз ҳам мени ким бу мартабага кўтарганини яхши биларди ва аввалдан шунга қараб муомила қиларди.
Ғулом Алиев асли андижонлик бўлиб, қорачадан келган, истараси иссиқ, хушмуомила одам эди. У киши МХХ раиси бўлганида ҳам ўзини жуда оддий тутар, ҳеч қачон каттамсирмас эди. Кейин билсам, бу соҳа одамлари аксар ҳолларда шунақа бўлиб, уларнинг аслида кимлигини фақат уларнинг қўлига тушганларгина яхши билиши мумкин экан…
Ғулом Алиев билан Қаршида ўғли боис орамиздан қора мушук ўтган бўлса, Тошкентда Қашқадарё вилояти ҳокимлари боис орамизда тушунмовчилик келиб чиққан эди.
Лекин ҳар икки воқеада ҳам, ростини айтишим керак, ўзимнинг қуюшқонга сиғмас енгилтак ва тутуриқсиз ҳатти харакатим сабаб бўлган.
Одатда қўрқмас ва жасур одамлар ҳақида “Отнинг калласидек юраги бор” дейишади. Бугун ўйлаб қарасам, менда ҳам худди шундай юрак бўлган экан. Демак мен ҳам ўз вақтида ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрмас бўлган эканман. Ўша кунларимни ажиб бир ҳавас билан, армон билан эслаб юраман.
Афсуски, одамнинг ёши ўтавергани сайин қўрмаслик ва жасорат ҳам секин аста чекиниб борар экан…
Бугун энди хорижнинг тинч ва сукунатли, озод ва фаровон гўшаларида яшаб, бу гапларни айтиш осон.
Майли, афсус ва пушаймонга берилмай, мавзуга қайтсак…
7.
…Қашқадарё вилоят ҳокимининг Холмурод Раҳмонов деган ўринбосари бўларди. У киши вилоят ҳокими Темур Хидировнинг энг яқин ўртоғи ҳисобланарди. Лекин одам раҳбар бўлса, баъзан энг яқин дўстларига нисбатан ҳам сиёсий лўттибозлик қилишдан ўзини тия олмайди, шекилли.
Холмурод ака ҳам республика Олий Кенгашининг депутати эди, сессияларга вилоят ҳокими билан биргаликда келиб иштирок этарди. Боя айтганимдек, маълум муддат улар жуда қалин бўлишади, кейинчалик ораларидан қора мушук ўтиб қолади. Қуйида улар қалин бўлган ва бир-бирига ёвлашиб юрган даврларга алоқадор икки воқеа тўғрисида гапириб бермоқчиман.
Маълумки, Герман Лопатин кўчасининг адоғида – театр ва рассомчилик санъати институтининг шундоққина ёнгинасида Президентнинг ёзги қароргоҳи бор. Бу ерда вилоят ҳокимлари учун махсус меҳмонхоналар ажратилган. Вилоят раҳбарлари Тошкентга келишса, шу меҳмонхонага жойлашадилар.
Бошқа пайтларда меҳмонхонадан хорижлик юқори мартабали расмий меҳмонлар қўним топишади. Менинг назаримда йил давомида меҳмонхонага вилоят бюджетидан пул тўлаб турилади. Шу боис вилоят ҳокимларининг Тошкентдаги қўнимгоҳи ҳисобланади. Улар қачон пойтахтга келишса, дарҳол бўшатиб берилади.
Меҳмонхона ниҳоятда даҳшатли ва маҳоватли эди: ҳар бир номери беш олтита хонадан иборат: бир хонаси – ётоқхона, бир хонаси – меҳмонхона, яна бир хонаси мажлисларга мўлжалланган – гурунгхона, бир хонаси – емакхона, бошқа хонада телевизорлар бор. Ўша қароргоҳда ресторан ҳам бор, столлар орасида капалакдек учиб юрувчи официанткалар овқатларни номерларга элтиб беришади. Хуллас, шароитлари аъло даражада – бу ерда раҳбарларнинг дам олиши, яшаши ва ишлаши учун барча шароитлар муҳайё.
Кунларнинг бирида Олий Кенгашнинг навбатдаги сессияси бошланди. Янглишмасам, Андижон вилоятининг янги ҳокими этиб тайинланган Қобилжон Обидов илк бора янги лавозим соҳиби сифатида сессияда қатнашади ( у илгари Андижон шаҳар ҳокими эди).
Сессиянинг биринчи иш куни якунлангач, оқшом пайтида биз Қобилжон Обидовни табриклаш учун Президентнинг ёзги қароргоҳига бордик.
Мен, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов, ўша пайтларда “Ўзбектуризм”нинг бошлиғи бўлиб ишлаётган Баҳодир Пўлатович (фамилияси адашмасам Қаюмов эди) деган бир йигит – у киши медицияна фанлари доктори, профессор (илгари Президент девонида ишларди, сўнг Мавлон аканинг хайрихоҳлиги билан “Ўзбектуризм”га бошлиқ бўлиб кетади).
Баҳодир ака Андижон вилояти ҳокими этиб тайинланган Қобилжон Обидовнинг қайноғаси экан.
Қисқаси, биз Қобилжон Обидовнинг янги лавозимини “ювиш” учун Президентнинг ёзги қароргоҳига бордик.
Қобилжон аканинг меҳмонхонасида Абдурауф Мақсудий (ўша пайтларда Президентнинг қудаси) билан Нурали Қобул ҳам бор экан.
Дастурхон тўкин. Стол устида анқонинг уруғидан бўлак ҳамма нарса муҳайё эди. Қошлари камондек соҳибжамол официанткалар хона ичра сассиз учиб юришарди.
Қобилжон аканинг кайфияти кўтаринки. Биз ҳам танишдик, табрикладик.
Менда Қобилжон ака “неординарный” таассурот қолдирди. Бу одамни биринчи бор кўрган киши уни ҳуқуқ-тартибот тизимида узоқ йиллар ишлаб, дийдаси тамом қотиб кетган сержаҳл раҳбарга ўхшатади. Ташқи қиёфаси ўта жиддий, қаттиққўл одамга ўхшаб кетади. Фақат кулиб, табассум қилсагина унга яқинлашиш мумкин экан деган хаёл ўтади дастлаб уни кўрган кишида…
8.
Хуллас, зиёфат зўр бўлди, кетма-кет қадаҳ сўзлари айтилди. Мен Президентнинг командасига алоқадор бўлган кишилар, унинг қудаси ва Давлат маслаҳатчилари даврасида қадаҳ кўтариб ўтирганимдан ниҳоятда масрур эдим.
Шу пайт эшит тақиллаб, хизмат қилиб юрган йигитлардан бири:
— Холмурод Раҳмонов Исмат Хушевни бир минутга мумкинми деб сўраяпти, – деди.
Улар менинг бу хонада ўтирганимни билишарди. Кираверишда кўришиб, сўрашиб ўтгандик. Қўшни меҳмонхонада Қашқадарё вилояти ҳокими Темур Хидиров жойлашган эди. Даврадагилардан узр сўраб ташқарига чиқдим. Мени Холмурод Раҳмонов кутиб турган экан:
— Узр, Исматжон, бемаврид безовта қилганим учун, – деди Холмурод ака.- Анави дарахтнинг остида Миллий Хавфсизлик Хизматининг раҳбари Ғулом Алиев билан Темур Хидиров анчадан бўён суришиб-тортишиб туришибди, – деб Холмурод ака мени ҳовлига бошлаб тушди. – Ғулом Алиевнинг сал кайфи ошиб қолди. Қашқадарёда бирга ишлаган пайтимиздаги алланимабалоларни сўрайвериб, ҳоли жонимизга қўймаяпти. Бизлар бир жойга шошиб турган эдик, у бўлса бизни боядан бери ушлаб турибди. Агар Сиз бориб Темур Хидировни ўша кишининг қўлидан чиқариб олмасангиз, у кетмаяпти, бизни гаранг қилаяпти, – деди…
Мана, орадан шунча йиллар ўтиб, бугун яхшилаб ўйлаб кўрсам, ўта аҳмоқ ва довдир йигит бўлган эканман ўша пайтлар. “Ака, кечирасиз, мен Ўзбекистон республикасининг Миллий Хавфсизлик Хизмати раисига ичгани учун танбеҳ берадиган ваколатга эга эмасман, мени тинч қўйинг”, – деб меҳмонхонага қайтиб кириб кетганимда олам гулистон эди.
Бунинг учун менга ҳеч ким дашном бермасди. Боз устига, кейинчалик ҳаётимда қора из қолдирган қалтис воқеалар ҳам рўй бермасди.
Йўқ, ўша тобда мен бу воқеаларни тўғри мушоҳада қилиш фаросатидан маҳрум эдим. Мен Қашқадарё вилояти раҳбарларига ўзимни кўрсатиб қўйишим керак эди. Нақадар бачкана ва нақадар арзон обрўга ўч, фаросатсиз бўлган эканман ўша пайтлар.
Бечора Ислом ака, қандай қилиб мендай ўпкаси йўқ валломатни шунча йиллар ўз ёнида олиб юрган экан деб ўйлаб кетаман баъзан. Мен бугун бу гапларни чин кўнгилдан, биринчи маротаба ошкора айтаяпман…
9.
Хуллас, тенгсиз курашга шай жўжахўроздек ташқарига чиқдим.
Дарҳақиқат, Ғулом Алиев билан Темур Хидиров бир четда тортишиб туришган эди. Мен ҳовлиқма, Холмурод ака илтимос қилаётган бўлса, демак зўр ва қудратли йигит эканман деб ўйлаган бўлсам керак.
Тўппа-тўғри уларнинг олдига бориб, қайтадан сўрашдим. Боя биз Мавлон ака билан меҳмонхонага кираётган пайтимизда ҳам улар билан енгилгина сўрашиб ўтган эдик. Ҳол-аҳволларини сўрадим:
— Нима гап, Темур ака? – дедим худди Президентнинг кадрлар бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон ака эмас, мендек. Ўпкаси йўқ бўлмасам, ҳеч жаҳонда вилоят ҳокимига шунақа дейдими киши!
Сўнг менга ажабланиб қараб турган Ғулом акага: – Ғулом ака, кеч бўлди, энди дам олиш керак, шекилли, – дедим фавқулодда бир одоб билан.
Каттакон бир давлатнинг Миллий Хавфсизлик Хизмати раисига бундай дейиш учун авваламбор кишида отнинг калласидай юрак бўлиши керак, ё умуман калласиз бўлиш керак…
Қолаверса, қудратли бир идора бошлиғига бу гапни айтиш фаросатсизлик ва ўта одобсизлик эканини, афсуски, бошим тақ этиб деворга урилганидан кейин англадим…
— Дарвоқе, кеч бўлибди, дам олиш керак, – дейди менинг бу шаккоклигимдан бир оз шошиб қолган Ғулом ака ҳам…
Товба, мана орадан шунча йиллар ўтган бўлса ҳам, ўша ҳолатни эсласам, ҳали – ҳали даҳшатга тушаман. Демак, ўзимнинг энг юқори таъсир қудратига эга бўлган пайтларим экан. Бўлмасам, ақли бор одам ёки ўзини Президентга яқин деб ўйламаган галварс бунчалик ҳаддидан ошмайди-да!
Гўё Президентнингг ёзлик қароргоҳида ҳам одамларни назорат этиб турадиган раҳбардек ҳис этдимми ёки бошқаларга ўзимни кўрсатиб қўймоқчи бўлдимми, билмайман.
— Бўпти. Бўлмасам, менинг машинам шу яқин ўртада бўлса керак. Машинамни чақиринг, – деди Ғулом ака.
Ўша пайтларда республика Миллий Хавфсизлик Хизматининг раиси “20 – 20” рақамли “ГАЗ -31” Волгасида юрарди. Мен ҳув нарида турган машинанинг ёнига бориб:
— Ака, Ғулом акани олиб кетинг, у кишининг кайфи ошиб қолибди, – дедим шофёрга.
Шофёр ёши каттароқ одам эди. У менга бир қараб қўйди-да:
— Э-э, Исмат ака, бекор қилибсиз! Ким сўраса ҳам , менга халақит бермагин, мени йўқ дегин. Каттанинг топшириғи билан мен ҳокимдан бир нарсани шу бугун аниқлаштириб олишим керак, деб айтгандилар. Ғулом ака ҳеч қачон кайф бўлмайди, – деди. – Сиз уларнинг ишига аралашиб хато қиляпсиз. Ғулом аканинг вазифаси шунақа. Ука, Сиз ёшлик қиляпсиз, – деб таъкидлади шофёр.
Мен унинг гапларига эътибор бермадим. Лекин, кейин билсам, эътибор беришим, ўзимни ўша заҳотиёқ йиғиштириб олишим керак экан. Лекин бунинг ўрнига:
— Давай, машинани ҳайданг! Гапни кўпайтирманг – деб буюрдим.
“Волга” дарахтларга яқинроқ жойга келиб тўхтади. Шунда машинанинг орқа эшигини очиб, Ғулом акани ўтирғизиб қўйдим. Ғулом ака ўтираётиб, машина эшигини ёпмасдан бир оз ушлаб турди-да:
— Кайфим ошиб қолибди-да, Исматжон, узр, – дедилар сирли оҳангда…
Ғулом аканинг бу гапига ҳам ўша пайтда унчалик эътибор бермадим. Унинг нима демоқчи бўлганини кейинчалик тушундим. Ғулом ака жўнаб кетди. Мен бўлсам, ғоз юриш қилиб Темур Хидиров билан Холмурод Раҳмоновлар ёнига яқинлашдим:
— Исматжон, бопладингиз, – дейишди улар.
Лекин менга раҳмат айтишмади. Ҳаммасини табиий ҳолдек қабул қилишди улар.
Мен яна даврага кириб кетдим. Шу воқеа, мана неча йилларки, шууримда сақланиб қолган…
10.
Орадан йиллар ўтиб, Миллий Хавфсизлик Хизматининг ертўласида ҳибсда сақланаётган кезларимда ўшанда қанчалик енгилтаклиқ қилганимни англаб етдим. Аслида, мен МХХ шуғулланадиган оғир жиноят қилганим йўқ эди. Гап бошқа ёқда эди…
Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлган Мавлон Умурзоқов ҳам кейинчалик бу қудратли идора ертўласида «меҳмон» бўлади. Ўшанда Мавлон акадан ҳам, мендан ҳам Ғулом Алиев номига ялиниб-ёлвориб, кечирим сўралган хат ёздириб олишади.
Демак, Ғулом ака Президентнинг ёзги қароргоҳидаги нохуш воқеани унутмаган экан. Мавлон аканинг эса ўшандай мазмундаги хат ёзиб беришини ҳам тушуниш мумкин.
Чунки Мавлон аканинг “Дўрмон” даги “дача”сида бўлган зиёфатларнинг бирида (Президентнинг Давлат маслаҳатчиларига “Дўрмон”даги қароргоҳ атрофидан дачалар бериларди) Ғулом ака: “Биз ҳаммани кузата оламиз”, дейди. Шунда Мавлон ака кўп ичилган ароқ таъсириданми, билмадим: “Мени кузатадиган одамнинг кўтанини суғуриб оламан!” деганди…
Ўша зиёфатда республика раҳбарларидан уч-тўрт киши бор эди. Ҳозир уларнинг кимлигини айтиб ўтирмайман. Баъзилари ҳалиям Президентнинг ёнида юрибди…
Даврада Ғулом Алиев ҳам бор эди. Албатта, бу гап Ғулом акага оғир ботади.
Ғулом Алиев Мавлон ака билан тортишиб қолгандан сўнг кейинчалик ростдан ҳам зимдан кузатув бошланади, албатта бу Ислом аканинг розилиги билан амалга оширилади, лекин бу алоҳида мавзу бўлади.
Қисқаси, Мавлон ака билан мен СНБ (МХХ) нинг подвалида ётган пайтимизда Ғулом аканинг номига ялиниб-ёлвориб хат ёзганмиз. Мавриди келса, кейинги бобларда ўша хат матнини тўлиқ келтириб ўтаман.
Ғулом Алиев билан боғлиқ нохуш бир воқеанинг қисқача тафсилоти ана шулардан иборат…
Аслида, Ғулом ака Қашқадарёда Ислом ака обком котиби бўлган пайтларда вилоят (КГБ) давлат миллий хавфсизлик хизматини бошқарган.
Биласиз, мен Қарши давлат педагогика институти комсомол ташкилоти котиби бўлган кезлар ҳам Ғулом Алиев билан унинг талаба ўғли боис йўлларимиз кесишганини биринчи китобда батафсиз ҳикоя қилгандим.
Кейинчалик, Ислом ака Ўзбекистон раҳбарлигига кўтарилиб кетганларидан кейин у кишининг қўллаб-қувватлашлари боис Ғулом Алиев ҳам Тошкентга ишга ўтади.
Темур Хидиров ҳам, Холмурод Раҳмонов ҳам Ислом Каримов томонидан бу юксак лавозимларга муносиб кўрилган ва у кишига садоқатли кишилар эди.
Ўша куни Президентнинг ёзги қароргоҳида бу уч оғайни нимани талашиб-тортишган, бу менга қоронғу…
11.
Аслида, Холмурод Раҳмонов билан бизнинг танишувимиз ҳам жуда қизиқ бўлган.
Маълумки, ўша йилларда қайси вилоят пахта тайёрлаш йиллик планини бажарса, Ўзбекистон телевидениясидан ўша вилоятга бағишланган махсус кўрсатув бериларди. Кўрсатувдан олдин миришкор пахтакорлар ва айрим маҳаллий раҳбарларнинг сўзлари, санъаткорларнинг чиқишлари телевиденияда ёзиб олинарди.
“Запис”дан кейин телевиденияда катта зиёфат уюштириларди. Зиёфатда мезбонлардан ташқари телевидениенинг ходимлари (улар асосан ўша вилоятдан бўлса) ҳам қатнашади. Зиёфатдан сўнг ҳамма уй-уйига жўнаб кетади ва кўрсатувни бола-чақаси билан томоша қилади.
Қашқадарёлик пахтакорлар ҳам пахта планини бажаргач, телевидениеда “запис” бўлади, кейин зиёфат уюштирилади. Ўша зиёфатга мени ҳам таклиф этишади.
Биз шу зиёфатда Холмурод Раҳмонов билан танишиб қолдик.
Даврада қадаҳ сўзлари айтилди, ўйин-кулги бўлди. Сўнг, биласизми-йўқми, ҳозир кўпроқ Қорақалпоқ элида сақланиб қолган битта одат бор. Яъни, азиз меҳмонлар шарафига дастурхон ёзилса, албатта қўй сўйилади. Меҳмондорчилик пайтида ўша қўйнинг калласи ҳам бутунича пиширилиб дастурхонга қўйилади. Бу каллани энг обрўли меҳмон хоҳлаган жойини кесиб олиб, хоҳлаган кишига инъом этиши ёки ўзи ейиши мумкин.
Телевидение ошхонасидаги зиёфатда ҳам негадир ўшандай одатга риоя қилиниб, битта чиройли совлиқнинг калласи ўртага қўйилади. Ҳамма ўйлайдики, бу каллани вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Холмурод Раҳмонов биринчи бўлиб бузиб беради, кейин бошқалар ҳам тановул қилади, деб.
“Сценарий” бўйича ҳам шундай бўлиши керак экан. Лекин мен ўша одатга амал қилмадим: ўртада турган каллага биринчи бўлиб ўзим қўл урдим. Ҳамма ҳайрон бўлди, ҳатто Қаршидан келган бир масьул ходим: “Исмат ака, бу каллани Холмурод ака бузиб бериши керак эди”, деб қулоғимга шивирлади. “Қўйсангиз-чи, Холмурод ака шу каллага қараб қолибдими, жўра! Қолаверса, югурганники эмас, буюрганники, деган гап бор!” дея жавоб бердим…
Шу баҳонаи сабаб туфайли Холмурод Раҳмонов мени эслаб қолади. Очиғини айтсам, у киши дастлаб мени унчалик ёқтирмайди. Сўнгра бир даврада: “Исмат Хушев ажойиб йигит экан! Унга қойил қолдим, йигит киши шунақа дадил бўлиши керак!” дейди.
Холмурод аканинг ўша гапини кимдир менга етказади. Шу гапдан сўнг у кишига муносабатим кескин ўзгаради: Холмурод аканинг “Қашқадарё ҳақиқати” вилоят газетасида босилган мақоласини “Ҳаёт ва иқтисод” журналида сурати билан эълон қилиб юбордим.
Шундан кейин биз қадрдон бўлиб кетганмиз. Борганда-келганда бир-биримизни йўқлайдиган бўлдик, у киши Тошкентга совға-саломлар билан келарди. Хуллас, биз жуда яқин бўлиб кетдик…
12.
Холмурод ака вилоят ҳокими Темур Хидиров билан оғайни бўлса ҳам, лекин доим у кишидан нолиб юрарди: менга бошқача қарайди, деб. Холмурод Раҳмонов ҳуқуқ-тартибот тизимларини назорат қилиш бўйича вилоят ҳокимининг ўринбосари ҳисобланарди. Ишлари ёмон эмасди.
Ўзи бойвачча одам, бизга ўхшаб маошга кун кўрувчиларни келганда-кетганда меҳмон қиларди, совға-салом ташлаб кетарди. Эҳтимол, бировнинг совға-саломларини очиқ-ойдин эътироф этиш тўғри эмасдир, лекин биз тўғри муносабатда эдик. Қолаверса, ҳамюртлигимиз бор.
Гапнинг қисқаси, орадан кўп ўтмасдан ҳуқуқ-тартибот тизимини назорат қилиш ваколатини бу кишидан олиб, Темур Хидиров бошқа одамга – ўринбосарига бериб юборади. Холмурод Раҳмонов ҳам вилоят ҳокимининг ўринбосари бўлиб юради-ю, лекин “портфелсиз вазир”га ўхшаб қолади.
Орада қандай келишмовчиликлар бўлгани менга қоронғу. Бу ҳақда Мавлон акага айтдим:
— Сиз бу ишларга аралашманг, – деб жавоб беради Мавлон ака.
— Хўп, – дедим.
Холмурод ака бир-икки марта менга Темир Хидировнинг устидан шикоят қилди. Ҳоким билан у киши ўртасидаги зиддиятлар кучайиб бораверди. Охири Холмурод Раҳмонов ишдан бўшатилди. Маълумки, вилоят ҳокимининг ўринбосарини ишдан бўшатиш тўғрисидаги Фармон, одатда, Президент томонидан имзоланади.
Ишдан олингандан сўнг Холмурод ака Тошкентга келиб менга учрашди:
— Исматжон, мени нима учун ишдан олишганларининг сабабини аниқладим. Гўё ҳуқуқ-тартибот тизимини назорат қиладиган одамнинг ўзи айнан шу соҳада тартиб-интизом йўқлигидан шикоят қилиб Президент номига шикоят қилган эмишман! – деди. – Менга тўҳмат қилишди!
Холмурод Раҳмонов менга шунақа деди. Боз устига у кўчада қолади. Бир иш берамиз дейишган экан, аммо ҳеч қандай иш бермайдилар. “Бу гаплардан Президент бехабар” дейди Холмурод Раҳмонов. Мавлон акага айтсам: “Президентнинг хабари бор”, – дейди.
Хуллас, бу киши ишсиз қолди. Сўнг менга қаттиқ ёпишиб олади.
Биласиз, мен кўнгилчан одамман, боз устига Холмурод акага адолатсизлик қилинди деган ўй менга тинчлик бермасди. Негадир, мен у кишига ишондим. Президент бу гаплардан хабарсиз деган фикр менга тинчлик бермай қўйганди.
Бу энди Абдураҳмон Ашуров воқеасидан кейинги иккинчи ҳолат бўляпти. Назаримда, Ашуровни Китобга ҳоким қилиб қўйганимни Холмурод ака ҳам ишончли манбалар орқали аниқлаган, шекилли…
13.
Президент девонида ишлайдиган қашқадарёлик икки-учта йигитлар Холмурод Раҳмоновнинг шогирдлари эди. Мавлон ака таъсир ўтказдими, билмадим, ҳатто ўша шогирдлари ҳам Раҳмонов билан гаплашмай қўйишади, ўзларини олиб қочиб юришади.
Бир куни Холмурод ака бизникига йиғламсираб келди:
— Исматжон, мана шунақа гаплар. Энг содиқ шогирдларим деб юрсам, улар ҳатто телефонда гаплашишни ҳам исташмаяпти, – деди у.
Шогирдларининг номларини айтди. Булар мен яхши билган Бахтиёр Рўзиқулов, Исмоил Тўхтамишев ва Неъмат Рўзиевлар эди. Бахтиёр ака Зелемхон Ҳайдаровнинг қўлида – Президент девонининг Ишлар бошқармасида, Неъмат ака билан Исмоил акалар эса Мавлон Умрзоқовнинг қўлида – кадрлар билан ишлаш сиёсати бошқармасида ишлашар эди.
Лекин менинг қўлимдан нима ҳам келарди. Мавлон акага бир-икки марта айтдим:
— Сиз у одамга яқинлашманг! Ишдан кетган кишидан доимо узоқроқ юринг, – деб маслаҳат берди Мавлон ака. – “Бита” қилинган карта бизда қайта ўйналмайди. Сиз аралашманг!
Биласиз, мен қайтмайдиган йигитман. Қолаверса, Темур Хидировни ҳам унчалик ёқтирмасдим.
Тошкентда бўлиб ўтган бир йиғилишда Президент аввал Бухорони, сўнг Қашқадарёни нима учундир қаттиқ танқид қилади. Бухоронинг оғир-босиқ ҳокими Дамир Солиҳович Ёдгоров билан муносабатларимиз яхши эди. Лекин Президент Қашқадарёни танқид қилганида, нима учундир шумлигим тутиб :”Бу вилоятда анчадан бўён тартиб йўқ, Ислом ака” деб луқма ташлаб қўйгандим.
Нима учун шундай деганимга ҳозиргача ҳайронман. Бир томондан Темур акадан ўч олмоқчи бўлган бўлсам, иккинчи томондан Президентни қўллаб қувватламоқчи бўлдим, шекилли. Лекин Ислом ака менга “ялт” этиб қараганларидан, бу луқмам ўринсиз бўлганини сезган эдим.
Кейин, танаффус пайтида Темур Хидиров ёнимга келиб: “Ука, ҳадеб жўжахўрозга ўхшаб чиранавермагин. Президент сени муҳаррир қилиб қўйган бўлса, мени каттакон бир вилоятга ҳоким қилди. Мен ҳам унга яқин одамман, нима қиласан мен билан ўчакишиб. Белинг чиқиб кетмасин тағин…” деб изза қилган эди.
Шу-шу Темур Хидировни ёмон кўриб қолган эдим. Ҳолбуки, айб ўзимдан ўтганди. Президент бировни танқид қилаётган пайтида жим ўтирсам бўларди, лекин мен ҳам бир йўла ўч олмоқчи бўлган эдим. Ўзимнинг енгилтаклигим туфайли душман орттириб олгандим.
Нима учундир Темур Хидировни ёмон кўрганимни ҳозиргача ўзим ҳам билмайман. (Кейинчалик иккаламиз ҳам вазифадан олингандан кейин биз у киши билан иноқ бўлиб, қадрдонлашиб кетдик. Бу ҳақда ҳали алоҳида ҳикоя қилинади).
Хуллас, Темур ака гўёки ноҳақ ишдан бўшаттирган Холмурод Раҳмоновга ёрдам бермоқчи бўлдим:
— Ҳақиқатдан ҳам Сизнинг қандай ишдан кетганингизни Ислом ака билмайди, – дедим. – Президентга Темур ака нотўғри ахборот берган. Шуни кўнглим сезиб турибди…
Дарҳақиқат, кейинчалик маълум бўлдики, ростдан ҳам ҳамма гапни Президентга бошқача етказишган экан.
Ўйлаб-ўйлаб Холмурод Раҳмоновнинг номидан Президентга ярим саҳифача, икки абзац келадиган бир хат ёздим. Узундан-узун хат ва шикоятларни Президент ёқтирмаслигини ва табиийки, ўқимаслигини яхши билардим:
“Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!
Шу пайтгача мен қандай лавозимларда ишлаган бўлсам, ҳаммаси Сиз туфайли бўлди. Ўзингиз мени катта вилоят раҳбарига биринчи ўринбосар этиб тайинладингиз, менга жуда катта ишонч билдирдингиз. Мен бир умр Сизга садоқатлиман ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қоламан.
Лекин қайси айбим туфайли ишдан бўшатилиб, кўчада қолганимни ҳанузгача тушунолмай юрибман. Ислом ака, шу бугун мени бир минутга қабул қилишингизни ўтиниб сўрайман. Кейин отиб юборсангиз ҳам майли.
Нима қарор қилишингиздан қатъий назар, Сиз билан бирга ишлаган, Сизнинг меҳрингизга сазовор бўлган нурли ва шукуҳли кунларимни ўлгунимча эсимдан чиқармай юраман!
Сизга бир умрлик садоқат ва эҳтиром билан,
Холмурод Раҳмонов”.
— Манави хатни ўз қўлингиз билан оқ қоғозга кўчиринг, – дедим Холмурод акага.
Холмурод Раҳмонов хатни ўқиб тўлқинланиб кетди.
— Ичимдагини қаердан билдингиз? – деди кўзлари ёшланиб. – Худо ҳаққи, кўнглимдаги гапларни ёзибсиз. Раҳмат, ука!
Биз бошқа имкониятларини ҳам кўрдик, лекин амин бўлдимки, Мавлон ака Холмурод ака масаласида (худди Ашуровнинг Китобга ҳокимлигини ҳал қилганимдек) энди мени Президентга яқинлаштирмайди, ўзи ҳам ҳаракат қилмайди.
Нажотнинг бирдан-бир йўли – сессия пайтида Президентга бу одамни учраштириб қўйишга қарор қилдим.
Хат ярим бетгина эди. Худди ўзим ноҳақликка учрагандек, юракдан ёзган эдим.
Машинкада ёзилган хатни Холмурод ака ўз қўли билан оқ қоғозга кўчирди. Яширмайман, ярим бетлик хатни кўчираётганда ҳам у киши беш-олтита имло хатоларига йўл қўйди.
Уларини тўғрилаб бердим, қайта кўчирди. Адолат ҳаққи ҳурмати шу ерда бир гапни айтиб ўтишим керак. Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги аксар мулозимларнинг саводи ўзига яраша эди. Ислом аканинг ёнидаги мана ман деган давлат ва ҳукумат арбобларининг кўпчилиги ўзбек тилида ўта нўноқ ва саводсиз эдилар. Рус тилини ку гапирмаса ҳам бўлади. Бу ҳақда ҳали бафуржа ҳикоя қилиш ниятим бор.
Хуллас, Холмурод ака қайта қайта кўчириб, хатоларни тўғрилаб, хат ниҳоят Президент ўқийдиган ҳолга келганидан сўнг икковимиз яхшилаб келишиб олдик.
Мен унга нима қилиш кераклигини тушунтирдим…
14.
— Холмурод ака, шу бугун сессияда мен Сизни биринчи қаторга олиб бориб ўтирғизиб қўяман. Соқчилар билан ўзим гаплашаман. Бугун хатни Президентга топширасиз, – дедим.
— Қандоқ бўлар экан, Исматжон… – деди у чайналиб.
Лекин ўша жума куни Холмурод ака хатни Президентга беришга журъат қилолмади, қўрқди. Биласиз, у ҳам Олий Кенгаш депутати эди, қашқадарёлик депутатлар билан бир жойда ўтирарди.
Шанба куни сессия тугайди. Хатни нима бўлса ҳам шу бугун Президентга бериш керак. Агар бугун ҳаракат қилинмаса, кейинги сессияда унинг депутатлик масаласини ҳам кўриб чиқишлари мумкин. Чунки, одатда ишдан олинган раҳбарлар узоқ муддат депутатликда қолдирилмайди:
— Менга қаранг, Холмурод ака, девонда ишлайдиган шогирдларингиз Сиздан юз ўгириб кетганини ўзингиз айтдингиз! – дедим жаҳлим чиқиб. – Агар шу бугун айтганимни қилмасангиз, бундан кейин менинг уйим Сиз учун ёпиқ! – дедим жаҳл билан.
Билардимки, мен унинг энг сўнгги нажоти эдим.
— Бўпти, нима қилай? – деди тараддудланиб
Холмурод ака жуда оғир-вазмин, андишали одам.
— Сессия бошлангандан кейин мен айтган жойга бориб ўтирасиз ва хатни ўз қўлингиз билан Президентга топширасиз! – дедим.
Cессиялар, биласиз, соат тўққиз-ўнда бошланади. Сўнг ўн иккидан биргача тушлик бўлади. Тушликка яқин орада беш-ўн дақиқалик танаффус бўлади. Ўша танаффус пайтида мен қашқадарёлик депутатлар ўтирадиган жойга бориб:
— Ўрнингиздан туринг! – дедим буйруқ оҳангида Холмурод акага.
Ҳамма бизга қараб ўтирибди. Холмурод ака ноилож ўрнидан турди. Мен уни эргаштириб бориб биринчи қаторга ўтқазиб қўйдим. Одатда, биринчи қаторда сўзга чиқадиган депутатлар ўтиришарди. Соқчи эътироз билдирмоқчи бўлди.
— У шу жойда ўтиради, – дедим соқчининг кўзларига жиддий тикилиб. Соқчи мени яхши танирди. Индай олмади…
Мен Холмурод акани биринчи қаторнинг бешинчи ўриндиғига ўтирғизиб қўйдим. Бу жой Ислом аканинг рўпараси эди. Ислом ака раёсатда ўтирса, бу жойда ўтирган одам Президентга юзма-юз ўтирарди.
— Шу ерда ўтиринг! – дедим. – Ҳозир хатни ўзига берасиз, – деб хатни қўлига тутқаздим. – Тез бўлинг, ана, келишяпти! Бу пайт ҳамма югуриб қолганди. – Ислом ака жойига келиб ўтирган заҳоти хатни қўлига топширасиз! – дедим қатьият билан.
Менинг ҳаракатларимни кўриб турган Темур Хидировнинг капалаги учиб кетди. Мен жойимга етиб бормасимдан Ислом ака залга кириб келди. Унинг ёнида ўтирсам, яна гап ўргатяпти деб ўйламасин деган мақсадда ўзим орқага ўтиб ўтирдим.
Ислом ака Президиумдаги жойига келиб ўтирди. Раис навбатдаги депутатга муҳокама учун сўз берилганини эълон қилди.
Шу пайт Холмурод ака илкис орқасига ўгирилиб менга қаради. Ўтирган ўрнидан орқасига ўгирилди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўтирган ўрнимдан бироз кўтарилиб, икки қўлим билан “ўрнингиздан туриб, олдига боринг!” деб ишора қилдим.
Оғзимни қимирлатиб, лекин товушимни чиқармасимдан: “Турсанг-чи!” деб юбордим. У худди роботга ўхшаб ўрнидан турди-ю, Ислом аканинг олдига хатни қўйиб, жойига келиб ўтирди.
Мен енгил нафас олдим. Гўё елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Жуда катта муаммони ҳал қилганимга асло шубҳа йўқ эди. Чунки мен Ислом аканинг характерини яхши ўрганганман, у кишининг бундай хатларни бефарқ қолдирмаслигини яхши билардим. Ислом ака хатни ўқиса, Холмурод аканинг янги ишга ўтишини яхши билардим.
Кўриб ўтирибман, Ислом ака икки букланган оқ қоғозни очиб хатни қайта-қайта ўқиди, сўнг секингина олдига қўйиб қўйди.
Сезиб ўтирибман, қашқадарёлик депутатлар орасида шивир-шивир бошланди. Темур Хидиров типирчилиб қолди. Сўнгра Ислом ака қўли билан Холмурод Раҳмоновга ишора қилиб: “Менга учрашасан”, деган маънони англатди…
15.
Кўп ўтмасдан танаффус эълон қилинди.
Ислом ака ўрнидан туриб Холмурод Раҳмоновни олдига чақирди. Мен ҳам дарҳол уларнинг олдига бордим. Сўнг Ислом ака Темур Хидировни ҳам чақириб олди. Шунда Ислом ака Холмурод акага қараб:
— Нима учун ишдан кетганингни ҳалиям билмайсанми? – деди.
— Йўқ, Ислом ака, билмайман, – деб Холмурод Раҳмонов қўлини кўксига қўйди.
Ислом ака Темур Хидировга тикилиб қаради. Шу ерда Темур Хидиров мулзам бўлиб, қип-қизариб кетди. Мен Темур Хидировнинг қизарганини ўшанда биринчи маротаба кўрганман. Ислом аканинг нигоҳлари ниҳоятда ўткир…
Кейин Ислом ака менга қараб:
— Мавлонни топ! – дедилар.
Мен югуриб бориб Умурзоқовни топиб келдим.
Мана шу воқеадан сўнг орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Холмурод Раҳмонов Яккабоғ туманига ҳоким этиб тайинланди…
16.
Кейинчалик билсам, Ислом акага Қашқадарё вилоятининг ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти тўғрисида Раҳмонов шикоят ёзиб юрибди деган нотўғри маълумот берилган экан.
Аслида, ўшандай шикоятларни уюштириб юрган одам бошқа экан.
Темур Хидиров ўзининг оғайнисини мана шундай йўл билан раҳбарлик тизимидан узоқлаштирмоқчи бўлган экан…
Холмурод Раҳмоновнинг ҳокимият тизимига тикланиши Темур Хидировга қаттиқ зарба бўлади. Бу зарбани мен берган эдим.
Масалан, мен бугун аниқ биламан, буни Холмурод Раҳмонов ҳам билади: агар мен ўша хатни ёзиб бермаганимда ва унга “дўқ-пўписа” қилиб, йўл-йўриқ кўрсатиб, хатни Президентга беришга “мажбур” этмаганимда у киши ҳеч нарсага эриша олмасди.
Кейин Холмурод ака бизнинг уйга келиб, келинингизни чақирди-да:
— Мен бир умр мана шу хўжайинингизнинг хизматидаман, – деди. – Мен кўчада қолиб кетган эдим. Хайрият, адолат бор экан. Биз энди ака-ука бўлдик! – деб нон-туз ҳурматини ўртага қўйиб қасам ичди.
Ўша воқеадан кейин Темур Хидиров менинг зарбам Тайсонникидан кам эмаслигимни тушуниб қолди. Иккинчи зарбадан омон қолмаслигини англаб етди. кучли рақиб эканлигимни билди.
Чунки ҳамма ишни ким қилиб юрганини ўз кўзи билан кўрган эди ўша куни.
Умуман, мен зимдан иш битиришни ёқтирмасдим, ҳар қандай рақибимга қарши очиқ-ойдин курашардим.
Бу менинг ютуғимми, камчилигимми, ўзим ҳам билмасдим. Ман ҳамма нарсани очиқ ва ошкора ҳал қилардим.
Қисқаси, Холмурод Раҳмонов Яккабоғ туманига ҳоким бўлиб кетди. Бу менинг жуда катта ғалабам эди!
Бу воқеа Ислом аканинг ҳақиқатгўй эканини яна бир бор исботлади. У киши айбсиз кадрларни кўчага чиқариб қўймасди.
Биласиз, бу пайтда Озод Пармонов Китобда ҳоким эди.
Республика прокуратурасида ишлайдиган Хуррам Холиқов деган ошнам бор. Менинг хизмат машинамда ўша йигит билан Китобга борганимизда уйда бир кун бўлиб, Яккабоғда Холмурод Раҳмоновнинг меҳмони бўлганмиз. У бизни тоғда жуда яхши меҳмон қилган. Қўй сўйилган, ароқ ичилган. Ҳокимнинг атрофида туман раҳбарлари, милиция ва прокуратура бошлиқлари хизматда эди…
Кейинчалик, бизни Мавлон ака билан қамаш зарурати туғилганидан кейин, ўша зиёфатлар батафсил ёзилиб, Президентга етказилган.
Лекин бунга ҳали анча бор. Ҳозирча, Холмурод Раҳмонов Яккабоққа ҳоким бўлиб кетди ва биз унинг зиёфатини еб келдик…
17.
…Дарвоқе, биз Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари Ғуломжон Алиев ҳақида гапираётган эдик.
Қашқадарёда Ислом Каримов билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлган Ғуломжон ака кейинчалик мустақил Ўзбекистон чекистларининг биринчи миллий раҳбарларидан бўлди.
У кишига қадар ҳали ҳеч бир маҳаллий миллат вакили бу юксак лавозимга муносиб кўрилмаган эди.
Бу биринчидан мустақиллик шарофати боис бўлса, иккинчидан Ислом Каримовнинг қатьиятли ва миллатпарвар раҳбарлигидан ҳам нишонадир.
Шу ўринда яна бир гапни айтмай кетсак бўлмас.
Биласиз, Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети саркотиби бўлиши ҳақида ҳозирга қадар турли хил гап-сўзлар бор. Мен уларнинг қайси бири ҳақиқатга яқинлигини аниқ билмайман.
Лекин у кишининг ўзлари ўқиб, кейин чоп этишга рухсат берган бир китобда ёзилишича, Ислом акани бу лавозимга Рафиқ Нишонов тавсия қилган экан. Гап бу ерда Леонид Левитиннинг Ислом Каримов ҳаёти ва сиёсий фаолиятига бағишлаб ёзилган машҳур китоби ҳақида кетаяпти.
Лекин шу билан бирга у кишининг Ўзбекистон раҳбарлигига келиб қолишига сабабчи бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам турлича қараш ва фаразлар мавжуд. Уларнинг бири бизнинг бугунги қаҳрамонимиз Ғулом Алиев номи билан боғлиқ.
Рафиқ Нишонов СССР Миллатлар Совети раислигига ўтишидан анча муқаддам Сиёсий Бюро унинг ўрнига келиши мумкин бўлган эҳтимолий номзодларни ўрганишга киришади. Бунинг учун улар икки-уч бўлажак номзод ҳақида Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Қўмитаси раиси Головиндан маълумот сўрашади.
Шунда Левон Николаевич пойтахтда ишлаётган номзодлар ҳақида жамланган маълумот (характеристика) ларни тасдиқлайди-ю, лекин Қашқадарё обкомининг биринчи секретари Ислом Каримовга характеристика ёзишни ўша ердаги вакили, Қашқадарё вилоят Давлат Хавфсизлик Бошқармаси Бошлиғи Ғулом Алиев зиммасига ва масъулиятига юклайди.
Ғуломжон ака Ислом Абдуғаниевич ҳақида рисоладагидай қилиб характеристика тайёрлайди ва у тўлалигича Москвага юборилади.
Бундан ташқари кўп йиллардан бўён Ўзбекистон ирригация ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаган ва ўшандан бери Михаил Горбачевнинг ишончини қозониб келган Сурхандарё обкомининг биринчи котиби Солижон Мамарасулов ўз номзодининг ўрнига, яхши баҳо бериб республика раҳбарлигига айнан Ислом Каримовни тавсия этади.
Алал-оқибат марказга юборилган ижобий руҳдаги характеристика иш бериб, КПСС Марказий Комитетининг Сиёсий Бюроси Ислом Каримов номзодини тасдиқлайди.
Ўз ўрнида Ислом Каримов ҳам ҳокимият арконларида мавейини мустаҳкамлагач, Ғулом Алиевни Тошкентга ишга олади. Ўзбекистон чекистларига аввал бошқарма бошлиғи, раис ўринбосари, кейинчалик эса хуфия хизматлар раиси этиб тайинлайди.
Шунингдек, аввал Андижон, Сурхондарё ва Тошкент обкомларининг биринчи секретари бўлган Солижон Мамарасулов ҳам Шароф Рашидов даврида Ўзбекистон сув ва қишлоқ хўжалиги вазири, ҳукумат раисининг ўринбосари лавозимларида узоқ йиллар самарали фаолият олиб борган бўлса, Ислом Каримов даврида ҳам кўчада қолмайди…
Бу гап сўзлар қанчалик ҳақиқатга яқин билмадим. Буни вақти соати келса, Ислом Каримов ва бошқа йирик арбоблар ўз эсдаликларида балким очиқлар…
18.
Ғуломжон ака бошчилик қилган йилларда Ўзбекистон хуфия хизмати тамомила мустақил идора сифатида миллий хавфсизлик масалаларига оид амалиётларни ўз масъулиятига олади: Разведка, контразведка, резидентура, ички ва ташқи мудофаа тизимларини мустаҳкамлаш баробарида халқаро саҳнада ҳам жаҳондаги қатор ҳамкасб хуфия хизматлари билан кенг ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликни йўлга қўяди.
Ғулом Алиев юқорида айтганимиздек, Ўзбекистонда хуфия идорасига раҳбар бўлган биринчи миллий кадр. Бу ҳам Ислом Каримовнинг жасоратидан, миллий кадрларни Москвадан мустақил равишда қўрқмай юқори мансабларга тайинлай олиш фазилати ва хислатидан далолат беради.
Ғулом ака билан мен аввал Қаршида, кейин Тошкентда бир неча маротаба учрашганман, суҳбатлашганман. У киши жуда босиқ, мулоҳазали одам эди. Андижонликларга хос бўлган ўзидан кичиг-у, катталарга эҳтиром, ширинсуханлик ва юксак маданиятли одам эди.
У киши Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги мулозимлар орасидаги энг тоза ва ҳалол раҳбар эди…
Ўзбекистон сиёсий саҳнасида рўй берган қатор воқеалар Ғуломжон ака Ўзбекистон Президентига шахсан содиқлигини, ҳар қандай нозик топшириқларни сўзсиз бажаришини амалда исботлади. У ўзига ишониб катта ва масъулиятли вазифа топширган инсонга нисбатан ёмонлик қилишни хаёлига ҳам келтирмаган.
Мен шу ўринда Ислом Каримов билан Шукрилла Мирсаидов орасидаги муносабат дарз кетган Ўзбекистон учун таҳликали дамларда Ғулом ака тутган йўл ва сиёсат ҳақида ҳам икки оғиз айтиб ўтишим керак.
Бир сўз билан айтганда Шукрилла Раҳматович тарафдорлари ўша тарихий 7 сессияда Ислом Каримовни ишдан олиб, ўрнига Мирсаидовни қўйишга қарор қилган оғир ва синовли кунларда мамлакат тақдири кўп жиҳатдан Ғулом Алиев тутган позицияга ҳам боғлиқ эди.
Айтиш мумкинки, Ғуломжон ака бу борада Ўзбекистон Президентига ва Конституцияга содиқлигини амалда исботлади. У ўзига ишониб катта ва масъулиятли вазифа топширган инсонга нисбатан хоинлик қилмади.
Фикримизнинг исботи сифатида Ғулом Алиевга бевосита боғлиқ бўлган учун ҳам Шукрилла Мирсаидовга бағишланган 20 бобда эълон қилинган мана бу фикрларни яна бир маротаба китобхонлар эътиборига ҳавола этишни лозим деб билдик.
19.
“Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг Шукрилла Мирсаидовга бағишланган 20 бобидан кўчирма:
“Хуллас, ана шундай сиёсий, ижтимоий воқеа ва ҳодисалар асносида Ислом Абдуғаниевич билан Шукрилла Раҳматовичларнинг узоқ йиллик шахсий муносабатлари ҳам инқирозга юз тута бошлайди.
Бу пайтга келиб Тошкентдаги сиёсий кучлар гуруҳларга бўлиниб, ҳокимият учун жиддий кураш бошланган эди.
Яна бир гап.
Ислом Каримов СССР да биринчи бўлиб қардош республикалар ичида ўзини Президент этиб сайлаганидан сўнг, СССР Президенти Михаил Горбачёв, табиийки, бу “сайлов”ни ғазаб билан қарши олади.
Москвадан бизга етиб келган манбалар бўйича шу кундан эътиборан у Ислом Каримовни сиёсий саҳнадан супуриб ташлашга ва унинг ўрнига, иқтисод фанлари доктори бўлган Шукрилла Мирсаидовни иқтидорга келтиришга қарор қилгани маълум бўлди.
Бизнинг бундай дейишимизга сабаб, ГКЧП мағлубиятга учраганидан кейин, Москвада гарчи ҳокимият Горбачёвдан Ельцинга ўта бошлаган бўлса ҳам, Ўзбекистонда ГКЧПни қўллаб қувватлаган Мирсаидовнинг обрў эътибори мустаҳкам, аксинча, уни ўта ҳушёрлик ва синчков нигоҳ билан кутиб олган Каримовнинг нуфузиҳаминақадар бўлиб қолганди.
Ҳатто Тошкентлик обрў эътиборли мулозимлар ҳам Ислом Каримовнинг кетиши кераклиги ҳақида очиқ ойдин гапира бошлаган эдилар. Ана шундай амалдорлардан бири Ўзбекистоннинг ўша пайтлардаги Ташки Ишлар вазири Сарвар Олимжонович Азимов эди.
Пойтахтдаги аксар ҳукумат аъзолари ва давлат мулозимлари ҳам Шукрилла Мирсаидов тарафида эканини Ислом ака яхши биларди.
Буни Ўзбекистондаги куч ишлатар тизими раҳбарлари ҳам билар ва улар ҳам икки ўт орасида қолган эдилар.
Бир сўз билан айтганда, аслида Ўзбекистон Олий Кенгашининг 1991 йилги еттинчи сессияси Ислом Каримов учунҳаёт мамот сессияси бўлиши керак эди.
Миллий Хавфсизлик Хизмати билан Президент Хавфсизлик Хизматининг хулосаси ҳам айни шу хабарларни тасдиқлаб турарди.
Хуллас, 1991 йил 30 сентябридаги Олий Кенгашнинг еттинчи сессияси Ўзбекистонда раҳбар ўзгариши мумкин бўлган Ислом Каримов даврининг энг сўнгги сессияси бўлиб тарихга киради.
Ундан кейин Ислом Каримов ўзини ўзгартириши мумкин бўлган барча куч ва воситаларни, ҳукумат ва мухолифат билан бирга таг томири билан қўпориб, тамомила тор мор этиб ташлади…
Мана, йигирма уч йилдирки, ўша еттинчи сессия берган аччиқ сабоқ Ислом Каримовни ўз тож тахтида, ҳукмдорлик салтанатида ҳануз маҳкам ва мустаҳкам ушлаб турибди…
Энди бавосита ўша сессия кун тартибига ва унда кўтарилган масалаларга ўтсак.
Шавкат Юлдошев (лақаби – қовоқари) Олий Кенгашнинг раиси эди.
Сессия одатдан ташқари тартибда бошланади. Кун тартибига қўйилган масалалар бир четда қолиб кетиб, минбарга чиққан депутатлар дафъатан Президентга ташланиб қолишади.
Масалан, пойтахтимиздаги Яккасарой туманининг Кенгаш раиси – райкомнинг биринчи секретари Шуҳрат Нусратов сўзга чиқиб:
— Ислом Абдуғаниевич, жиловланмаган характерингиз, бу феъл-атворингиз билан Сизга республика бошқарувини ишониб топшириб бўлмайди! – дейди.
Келинг, яхшиси Шуҳрат Нусратов ўша сессияда гапирган нутқнинг тўла қисмини келтириб ўтсак:
“НУСРАТОВ: Салом алайкум ўртоқ депутатлар. Манинг битта айбим бор. Замонанинг фарзандиман. Балки қурбониҳамдирман. Рус тилини ўзбек тилидан яхшироқ, пухтароқ биламан. Шунинг учун рухсат берсанглар, жуда ҳам муҳим нарсани қўймоқчиман, ўшани рус тилида гапирсам.
ЙЎЛДОШЕВ: Йўқ, кун тартиби бўйичами?
НУСРАТОВ: Кун тартиби бўйича.
(Нусратов гапининг ўзбекчаси):
Ҳурматли депутатлар, Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари 7-сессияси кун тартибига қуйидаги қўшимча масалаларни киритишни сўрайман.
1. Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26 Сентябрда Ўзбекистон Хафсизлик хизмати ташкилотини қайта тузиш борасидаги Фармонининг бу ташкилотни Олий кенгашни четлаб ўтиб тўппа-тўғри президентга бўйсундириш борасидаги қисмини бекор қилиш.
Умуман бу фармонни халққа қарши, конституцияга қарши, демократияга қарши бўлгани ва диктаторона бўлгани учун бекор қилиш. Шу фармоннинг 2-моддасини ўқиб бермоқчиман. Миллий Хавфсизлик хизмати тўпа-тўгри президентга бўйсундирилсин, дейилади бу моддада ва бундай ҳол бирор демократик давлатда юз бермайди. Ҳатто бирор тоталитар давлатда ҳам бунчаликка борилмайди. Мамлакатнинг разведка, контрразведка бошқармалари барча техник асослари ва барча эски ишлари билан бирга Олий Кенгаш назоратидан чиқарилиб, бир кишининг қўлига берилмоқда. Бу тасаввур қилиш ва бунга йўл қўйиш мумкин бўлмаган нарса. Ёки бизни 30-40 йиллар кутмоқдами? Оқибатларни тахмин қилиш мумкин эмас. Айниқса бизнинг президентнинг қуюшқонга ҳам сиғмайдиган характери билан.
2. Мен Рўзимуродов масаласини бошқа жиҳат билан қўймоқчиман. Қашқадарёлик депутат Рўзимуродовнинг дахлсизлик ҳаққи поймол қилингани масаласи кун тартибига киритилсин. Мен унинг айбдор ёки айбдор эмаслиги масаласини очиқ қолдираман. Агар айбдор бўлса жазосини олиши керак. Бу суднинг иши. Ҳозиргача улар бу ишни қойил мақом қилиб қўйганга ўхшайдилар. Олий кенгаш депутатини қамоққа олишни фақат Олий кенгашнинг ўзи ҳал қилади, яъни бизлар. Агар биз бу масалада ўз овозимизни бермасак, эртага бизни ҳам қамашади.
(Қарсаклар)
ИЗOҲ: Раислик қилувчи қўнғироқни чалади ва Нусратов кун тартиби белгиланишида регламент йўқлигини айтиб, сўзида давом этади.
НУСРАТОВ: Уч ойдан зиёд вақтдан бери бизнинг сафдошимиз бўлган депутат биз томондан тасдиқланмаган қарор бўйича қонунсиз равишда турмада сақланмоқда. Бу эса президент истаган пайтда бизлардан ҳар биримизни қамоққа олдириши мумкинлигини кўрсатади. Президент хохлаганини биз биламиз. Президент уни қамади. Мен бу масалани кун тартибига киритиб, Рўзимуродовни дарҳол озод қилишни ва бу ерга олиб келишни таклиф қиламан.
ИЗOҲ: Орага яна раислик қилувчи киради. Аммо партия ишида чиниққан Нусратов унга “Халақит қилманг, мен барибир сўзимни давом эттираман”, деб жавоб қилади.
НУСРАТОВ: Мен конституциявий қўмита раиси, академик Ўразаевга мурожаат қиламан.
Шавкат Закариевич, бизнинг халқимиз сизга маълумот берди, сизни академик даражасига чиқарди, сиз нимага эга бўлсангиз бунинг учун халқимиз олдида бурчлисиз. Сиз асл халқдан бўлмаганингизга қарамасдан депутатлар байналминаллик кўрсатиб, сизга Конституцияни ҳимоя қилишни ишондилар. Бу ишончни оқланг ва менинг назаримда қонунсиз бўлган бу икки ҳужжатга баҳо беринг, энди.
Конституциявий қўмита хулосаси бўлмасдан депутатлар узил-кесил қарор бера олмасликларини биласиз. Агар бу борада Конституция талаблари бузилган бўлса ва Конституциявий қўмита буни тан олса, президент кетиши керак.
Республика КГБ раиси Алиевга мурожаат қиламан. Бош прокурор Бўритош Мустафоевга, Олий кенгаш қонунчилк қўмитаси раиси Эркин Халиловга мурожаат қиламан. Эркин, ҳуқуқшунос сифатида ўз хулосангни айт.
Қолганлар ҳам ҳуқуқшунослар сифатида ўз фикрларингзини айтинглар, дарҳол, ҳозир! Сиз тўрталангиз бугун ўз танловингизни қилишингиз керак, депутатлардан менинг таклифимни қўллашларини сўрайман.
Конституциявий суд танаффусда кўриб чиқиб, Рўзимуродовни қамоққа олиш қонуний бўлганми, йўқми, айтсин.
Юқорида номлари айтилган ҳуқуқшунослар бу ерга чиқиб ўз фикрларини айтсинлар ва халқ билсин, улар ўз касбларига лойиқми, ёки йўқми?
Бугун биз бу ерда ўтирганлар ё демократияни ва ёки диктатурани танлашимиз керак. Ора йўл бўлмайди.
Ўртоқ Йўлдошев менинг таклифимни овозга қўйсангиз.
ЙЎЛДОШЕВ: Мен ҳам рус тилида айтаман. Биз ҳаммамиз очиқ эшикка ўзимизни урмоқдамиз. Биз Рўзимуродов ҳақида келишиб олдик. Сессия охирида олий суд раиси информация беради деб. Бунга бошқаларнинг ҳам номи қўшилмоқда. Хўш уларни эшитган билан нима ўзгарарди?
ИЗOҲ: Шу пайт Нусратов яна ўрнидан туриб масалани овозга қўйишни талаб қилади. Залда шовқин кўтарилади…”
Ееттинчи сессия стенограммасининг Шуҳрат Нусратовга оид қисми шу ерда тугайди.
Шуҳрат Туҳфатович ўшанда аксарият нотиқлар каби рус тилида сўзлаган эди. Унинг русчада айтган ғазабнок ва ўткир сўзлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб турибди:
(“С вашим необузданным характером нельзя Вам доверять руль республики!»)
Ундан кейин сўзга чиққан Конституцион суднинг раиси Шавкат Ўразаев Шуҳрат Нусратов ҳақида:
Мен бу йигитга дарс берган ва унга ишонган эдим. Афсуски, унга яхши сабоқ беролмаган, унга ишониб хатоқилган эканман, – деган эди.
Ҳар ҳолда менинг хотирамда қолгани шулар.
Яна уч-тўртта одам сўзга чиқиб, биттаси Каримовни ёмонласа, бошқаси Ислом аканинг ёнини олади.
Жаҳонгир ҳам ўшанда сўзга чиқиб, ўзининг қуйидаги нутқини ирод этган эди:
— Ўзбекистон Сизнинг онангизнинг маҳрига тушган эмас! Ахир мен мажбур бўлдим чет элга кетиш учун ариза ёзишга. Нега мени қувғин қиласиз? – деганди у ўшанда.
Булар ўтган йигирма уч йил давомида менинг хотирамда қолган сўзлар эди.
Биз Шукрилла Мирсаидов тарафдорлари Президентга қарши бош кўтарган еттинчи сессия ҳақида гапираётган эдик.
Залга қараб бир нарсани сездимки, олдинги қаторларда Тошкент шаҳридан сайланган ва Мирсаидовга тарафдор бўлган депутатлар ўтиришган эди.
Улар нотиқларга хайрихоҳ нигоҳларини қадаб, дам-бадам гулдурос қарсаклар чалиб ўтиришарди.
Тошкентлик депутатлар Президентга қарши гапираётган нотиқларга хайрихоҳ эканини бир қарашда сезиш мумкин эди.
Ўша сессияда Ислом ака ниҳоятда ёлғизланиб қолганди. У кишининг шумшайиб ўтиришини кўриб, кишининг раҳми келарди.
Айниқса Шуҳрат Нусратов сўзга чиқиб, Президентга унинг бежилов ҳатти ҳаракати боис республика раҳбарлигини ишониб топшириш мумкин эмас деган ўт-олов сўзларидан кейин Ислом ака бир сиқим бўлиб қолди.
Президиумда боягина каттакон бир мамлакат раҳбарига хос шижоат ва салобат билан қўр тўкиб ўтирган Ислом акадан энди асар ҳам қолмаганди.
Энди мажлис Президиумида бир сониядаёқ кичрайиб қолган ожиз ва нотавон, кучсиз ва кимсасиз, беҳол ва бемадор, ёлғиз ва бечора бир киши мўнғайиб ўтирарди…
Ўшанда депутатлар худди ўз отамни ҳақорат қилишаётгандек бўлган, мен эса, ўз яқин одамимнинг мулзам ва ночор бўлиб ўтиришига тилсиз-забонсиз гувоҳ эдим. Шу нарса ҳеч эсимдан чиқмайди.
Ислом ака ҳануз довдираганча, мажлислар залининг учинчи ё тўртинчи қаторида ўтирган КГБ раиси Ғулом Алиевга “Бу ёғи энди нима бўлади, оғайни?” дегандек умидвор нигоҳларини боққанча, ғариб бир ҳолатда маъюсгина термулиб ўтирар эди…
Мана, сал кам йигирма уч йилдирки, у кишининг ўша маҳзун ва мағлуб ҳолати кўз ўнгимда худди кино лентасидек абадул абад муҳрланиб қолган…
Бу ажиб ҳолат назаримда ўша тарихий еттинчи сессияда иштирок этган 500 нафар Олий Кенгаш депутатларинингҳам ёдида то ҳануз сақланиб қолганлигига мен бунга шубҳа қилмайман…
Айнан яна кимлар нима деганини номма-ном ёки сўзма-сўз эслолмайман, чунки биров қўққисдан юзимга тарсаки тортиб юборгандек гангиб қолгандим. Бировнинг гапи қулоғимга кирса, бировнинг гапи қулоғимга кирмасди.
“Товба!” дейман ҳозир ўша воқеаларни эслаб. Одам шунчалик ҳам меҳр қўйиши мумкинми давлат раҳбарига дейман ўзимга ўзим.
Ислом ака нима билан бизни ўзига бу қадар мафтун этиб олган эди?
Ундаги соддалик ва самимият, меҳр ва оқибат шу қадар кучлимиди?
У одамларни ўзига шу қадар ишонтириб, садоқатли тарафдор қила олган бўлса, деамак у ростдан ҳам кучли сиёсатчи экан-да…
Лекин нега энди шундай кучли ва қудратли сиёсатчи кейинчалик ўзининг аксар мухлис ва тарафдорларини бу ишонч ва садоқатлари учун хориж ва ҳибсга, йўқлик ва қулликка, ишсизлик ва эрксизликка маҳкум этди?
Сиёсатнинг бевафолиги, у аксар ҳолларда фоҳиша хотиндек хиёнаткор ва юзсиз бўлишининг сабаблари нимада?
Кимлар ва қандай характер ҳамда феъл атворли инсонлар бу мураккаб ва қалтис вазиятларда мутлақғолибликни қўлга киритишлари мумкин?
Ҳалол ва диёнатли, оқил ва шижоатли, тўғри сўз ва садоқатли одамлар аксар ҳолларда ғолиб кела олмасликларини ҳам тарих кўп бор исбот этди…
Демак, давлат раҳбарларининг ҳаммасини ҳам ҳақ ва одил деб ўйлаш нотўғри эканда унда…”
20.
Хўш, унда биз Ислом Каримовга, унинг 25-30 йиллик сиёсий фаолиятига баҳо берганда қайси меъзонларни қўйиб, баҳо беришимиз керак бўлади?
Уни оғир ва таҳликали дамларда мутлақо ва шак шубҳасиз қўллаб қувватлаган, унга садоқат билан хизмат қилган Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари Ғулом Алиевга-чи?
Юқоридаги воқеа ва ҳодисалар Ғулом Алиевнинг Ўзбекистон давлати ташкил топаётган тўқсонинчи йилларда Ислом Каримовнинг ёнида туриб, мамлакат сиёсий ҳаётида ўз мустаҳкам позициясига эга бўлганидан далолат беради.
Ғулом Алиев Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритган, ўзбек давлати шаклланаётган энг масъулиятли ва оғир дамларда республиканинг энг нуфузли (хуфия) идорасига раҳбарлик қилди.
Президент, Мустақиллик ва давлатчилик шаклланиб, оёққа дадил туриб олишида, истаймизми йўқми, у кишининг муносиб ўрни бор.
Одатда, хуфия идораси раҳбарлари пенсияга чиқарилмайди деган гап бор.
Шунинг учунми, билмадим, Ғуломжон Алиев ҳам тўқсонинчи йилларнинг ўрталарига келиб Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбарлигидан Президентнинг Давлат маслаҳатчиси лавозимига ўтказилди.
Лекин Президент девонида уни ҳеч ким учратмади. Баъзи манбаларнинг гувоҳлик беришича, у уйдан чиқмаслик шарти билан Андижондаги ҳовлисига бадарға қилинган.
Кейин секин-аста у кишининг номи расмий хабарларда кўринмай қолди…
21.
Энди бир икки оғиз нега шундай бўлгани ҳақидаги ўз мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашсак.
Авваломбор, Ислом акада атрофидагиларга нисбатан — ўта ҳушёрлик ва синчковлик билан бирга — ишончсизлик ҳам жуда кучли.
Кейинчалик, Мирсаидов тарафдорлари бирма бир ишдан олиниб, йўқ қилинаётган пайтда кимдир: «Бу исёндан нариги идора ҳам хабардор эди» деган, шекилли, Ислом ака Ғулом Алиевни алмаштиришни қарор қилади.
Ҳолбуки, Ғулом ака ниҳоятда адолатли, ҳалол ва тоза одам эди. Одатда хуфия идораларига бундай фазилатли кишининг келиши жуда камдан кам учрайдиган ноёб ҳодисадир.
Андропов каби адолатпарвар раҳбарлар ҳокимиятга ҳар доим ҳам келавермайди…
22.
1995 йилдан эътиборан Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматини — Ғулом Алиевнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётган Рустам Иноятов бошқара бошлади.
Биз Рустам Расуловичнинг кейинги йигирма йиллик фаолиятига у кишининг сиёсий портретига бағишланган навбатдаги бобларнинг бирида батафсил тўхталамиз.
Ҳозирча Ғулом Алиев ҳақидаги суҳбатимизни якунласак.
Орадан йиллар ўтди…
23.
Мавлон Умурзоқовнинг умр йўлдоши, истеъдодли шоира Ҳалима Худойбердиева ҳикоя қилади:
— Андижонлик шоира Қурбоной Убайдуллаева билан ижодий сафарда эдик.
Андижонликлар бизни жуда кўтаринки руҳ билан кутиб олишди. Улар шеъриятга жуда чанқоқ, меҳри дарё халқ.
Адабиёт кунларининг якунида бизни Ғуломжон Алиев йўқлаганини айтиб қолишди. Бордик.
Анвойи гуллар билан ўралган ҳовлининг тўридаги мўъжаз бир хонада шипга термулганча ғариб бир ҳолатда ётган одамни олдинига таний олмадим. Ғуломжон аканинг кўздан қолган пайтлари экан:
— Ҳалимахон, Мавлон ҳам, Сиз ҳам мени кечиринглар. Хизмат, вазифа деб кўп ранжитдим Сизларни…. Андижонга келганингизни эшитиб, Сизга шу гапларни айтиб қолай дегандим…
— Қўйсангиз-чи, бу гапларни Ғуломжон ака. Ҳали соғайиб, яхши бўлиб кетасиз. Сиз узр сўраманг. Биз Сизни тўғри тушунамиз. Умрингиз узоқ бўлсин, илоҳим…
24.
Ҳалима опанинг шу гапларидан сўнг, йўлим тушиб Андижонга борганимда Ғуломжон акадан ўша — Президентнинг ёзги қароргоҳидаги шаккоклигим учун узр сўраш ниятида у кишини сўраб суриштирдим.
— Анча бўлди, вафот этганларига… – деб жавоб беришди.
Ажаб, нега бу ҳақда расмий хабар берилмади. Менга ҳанузгача шу савол тинчлик бермайди…
Ғуломжон ака қорачадан келган, юзларидан нур ёғилиб турган, истараси иссиқ инсон эдилар. Вафот этганларини эшитиб, юрагимда исмсиз бир оғриқ пайдо бўлди.
Президентнинг ёзги резиденциясида шаккоклик қилиб айтган: “Кайфингиз ошибди. Кеч бўлиб қолди. Энди дам олиш керак, шекилли” деган беандиша сўзларим учун у кишидан юзма-юз бўлиб, узр сўрай олмадим.
Вафот этганларида Ғуломжон ака саксонларни қоралаб қолган эдилар…
25.
Биз бугун Мустақил Ўзбекистоннинг кўзга кўринган атоқли арбобларидан бири — Ғулом Алиевнинг ҳаёт йўлига қисқача назар ташлаб ўтдик. Махсус хизматларга бағишланган сирли ва синоатли ҳаётни тўла тўкис баён қилиш имкони йўқ бизда. Бу табиий, албатта…
Лекин шунга қарамай, мустақилликнинг дастлабки йилларида собитқадамлик билан ўз ўрнида тура олган Ғулом Алиев мустақил Ўзбекистон учун эсда қоларлик самарали ишларни амалга ошира олди.
Бугунги Ўзбекистон хуфия хизматидаги кадрларнинг асосий ядросини у оёққа қўйди. Миллий Хавфсизлик қўмитасининг шаклланиши ҳам бевосита унинг номи билан боғлиқ. Лекин негадир бугунги хуфия хизмати раҳбарлари буни тан олишни исташмаяпти…
Майли, ВАҚТ ҳамма нарсага энг одил ҳакам деган яхши ва ҳикматли гап бор.
Энг муҳими Ғулом Алиев хуфия хизмати ходимлари учун — ўзининг камтарона ҳаёт тарзи билан катта ва улкан сабоқ мактабини яратиб кетди.
Афсуски, бугун куч ишлатар тизимларида ишлаган ва ишлаётган айрим жилови бўш «арбоб»ларнинг тез тез қуюшқондан чиқиб ўзларини у ёқдан бу ёққа уришларини кўрганда, баъзан Ғулом акадай камтар ва камсуқум, узоқни кўзлаган ва кўра билган арбобларни қўймсайди киши.
Ҳар ҳолда Ғулом Алиев ўз соҳасида камдан кам учрайдиган билимли, тажрибали, ва энг муҳими — инсоф диёнатли раҳбар эди. У ҳамкасблари ва замондошлари ёдида ана шундай яхши инсоний сиймоси ва ибратли фаолияти билан доим яшаб қолишига ишонгим келади.
Ғулом Алиев хуфия хизматидек ғоятда муҳим республика идорасига — тарихда биринчи марта бош бўлган миллий кадр сифатида ҳам ёдимизда абадий қолади.
Шу билан бирга бугун Ўзбекистон МХХ таркибида Рустам Расулович Иноятов, Бахтиёр Ҳисомович Ғуломов, Юлбарс Шералиевдек ҳалол ва инсофли – Ғулом Алиев мактабининг ҳар томонлама муносиб кадрлари борки, улар ҳамон шу улуғ мактаб байроғини баланд кўтариб келишяпти дейиш мумкин.
МХХ нинг биринчи миллий раҳбари Ғулом Алиевнинг сиёсий портретига шарҳ берилган ушбу бобни якунларканмиз, унинг ҳаёт йўлини биздан-да яхшироқ ва мукаммалроқ биладиган ҳамкасблари, дўстлари ва шогирдлари келажакда бизнинг фикрларимизни янада тўлдирадилар деган умиддамиз.
Исмат Хушев,
4 декабрь, 2014 йил
Торонто шаҳри, Канада.
ISMAT. SEN KURIB-BILA TURIB YANA SHU ILIMSIZ XOLMUROD RAXMONOVNI BIR KOTTA TUMAN HOKIMI BULISHIGA KUMAK BERDINGMI. U IMLOLI XATO QILGAN BULSA, UQISH, HISOB-KITOBDA, ISH YURITISH QUL OSTIDAGILARGA MUOMLADA QANDAE BULISHINI UYLAB KURDINGMI? TUMAN XALQI ULIB KETSA HAM SENDAQALARGA BARIBIR.
Хар қандай хокимятни куч қудрати яширин сир асрорларда яъни хуфёна хизматнинг фаолиятида. Муҳими хафсизлик хизмати мамлакат миллий манфаатларига хизмат қилиши, қонун доирасидан чиқмаслиги керак.
Raxmat Ismat aka.Ushbu xotiralaringizni uqib kup xaqiqatlardan voqif boldik va xamshaxarimiz Gulom Alievga bolgan xurmatimiz yanada yuksaldi. . Xaqiqatda yaxshi inson,yaxshi raxbar edilar..Afsuslar bolsinki Uzbek davlat mulozimlari orasida bunday kishilarni topish xozir juda qiyin..