“Адабиётдаги ахлоқсизликлар” номли баҳс мақола эълон қилинганидан сўнгги суҳбатларнинг бирида Муҳаммад Солиҳ “Адабиётимиздаги бугунги воқеалардан дунё ўзбекларини хабардор қилиб туришингиз яхши иш”, деб қолди.
“Баҳсда Хуршидга қараганда Баҳромнинг позицияси мустаҳкамроқ экан”, деб ўз муносабатини ҳам билдириб ўтди.
Шунда мен: “Хуршид ака халқ шоири бўлгани учун ҳам шунақа фикр билдирган..” дедим.
“Йўқ, Хуршид тоза йигит, кўнглида борини айтадиган шоир”, деди Муҳаммад Солиҳ. Сўнг: “Нега унинг унвонини ёзмадингиз?” деб сўраб қолди.
Дарвоқе, мен бу мақолани олган манбада Хуршид Даврон “Ўзбекистон халқ шоири” деб ёзилган эди. Лекин мен танқидга ўч хориж ўқувчилари “унвони борлиги учун ҳам давлат томонини олибди” , деб ўйламасин деб уни олиб қўйган эдим.
– Уни унвони билан бериш керак, – деди Муҳаммад Солиҳ ,- унвон, барибир, унвон…
Бу билан у яна нимадир демоқчи бўлганини сездим…
…1976 йил Хуршид Дўстмуҳаммаднинг уйида биз етти-саккиз дўст йиғилиб, бу “бу мустамлака давлатдан мукофот олган эркак эмас!” деб онт ичган эдик, – деб ўз ҳикоясини бошлади шоир.
– Кимлар эди улар?
– Агар янглишмасам, Рауф Парфи, Хуршид Дўстмуҳаммад, Иброҳим Ҳаққул, Эркин Аъзам, Усмон Азим, Аҳмад Аъзам, Хуршид Даврон, Олим Отахон ва камина…
– Бу қасамни биринчи бўлиб Эркин бузди. Сaксонинчи йиллар бошида унга Москвадан телефон қилиб, нохуш гапирганим, ранжитганим ёдимда. У пайтлар дипломат эмасдим, унинг кўнглини инжитганимдан бугун пушаймонман…
– Эркин ака менга кўп яхшиликлар қилган одам…
– Эркин яхши инсон, тўғри инсон. Умуман, менинг дўстларимнинг ҳаммаси яхши инсонлар. Уларнинг ичида ёмони йўқ. Камчиликлари бор, аммо охир оқибатда бировга яхшилиги тегса тегадики, лекин ёмонлик қилмайдиган инсонлар…
Муҳаммад Солиҳ билан гаплашиб бўлгандан сўнг иккинчи қаватдаги ижодхонам деразасидан тунги Торонтонинг сирли ва сукунатли оқшомига тикилганча ўйга чўмдим.
Етмишинчи йилларда адабиётга шиддат билан кириб келган бу тўлқиннинг етти истеъдодли аъзоси – ўзбек адабиётининг бугунги етти устуни ҳақидаги ўйлар банд этган эди менинг паришон хаёлларимни.
Муҳаммад Солиҳнинг бу маҳзунли ва мунгли ҳикоясидан сўнг Рауф Парпи ўзига берилган давлат мукофотини нима учун қайтариб берганининг сабабини тушунгандай бўлдим…
Узоқ йиллар президентнинг матбуот котиби бўлиб ишлаган Мурод Муҳаммад Дўстнинг бундан икки йиллар муқаддам ББС радиосига берган интервьюсида Муҳаммад Солиҳ билан дўст эканлигидан ҳануз тонмаслигини айтганидаги журьат ва эҳтиром сабаблари энди бир оз равшанлашгандай бўлди…
Яқинда Карим Баҳриев билан суҳбатлашганимда у бир гапни айтиб қолди: “Исмат ака, сиёсат ҳам, ёзилган мақолалар ҳам ўтиб кетаркан. Яхши ёзилган шеър ва бадиий асарларгина яшаб қоларкан, холос. Қаранг, тўқсонинчи қилларда иккаламиз адабиёт газетасида қанча гўзал мақолалар эълон қилгандик. Бугун уларни ҳеч ким эсламайди…”
Ўйлаб қарасам, Карим ҳақ. Шу маънода Муҳаммад Солиҳ билан бугун мажбуран узоқлаштирилган унинг Ўзбекистондаги ижодкор дўстлари катта адабиёт яратишяпти. Уни яратиш учун ҳамма Ватанда бўлиши шарт эмас. Кимдир хорижда, кимдир юртида яратади адабиётни.
Муҳаммад Солиҳ юқорида тилган олган воқеа энди рамзий маъно касб этиши мумкин, холос.
Бугун мухолифатдаги шоирнинг дўстларидан ранжишига ўрин йўқ. Чунки улар мукофотни 1976 йилда келишганларидай, мустамлака ва тоталитар тузумдан эмас, мустақил Ўзбекистон давлатидан ва унинг биринчи президенти Ислом Каримов қўлидан олишган.
Қасамни бузиш учун баҳона қидириш ҳам эркакнинг иши эмас!