Адҳамбек Фозилбековнинг соғлиғи яхши эмас…
Суратда: Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков, Тошкент шаҳар ҳокими Адҳамбек Фозилбеков (ўртада), «Ҳаёт ва иқтисод» — Жизнь и экономика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушевлар Ҳукумат уйида…
Исмат Хушев
Адҳамбек аканинг саломатлиги кейинги пайтларда анча панд бераётгани ҳақида эшитгандим.
Етмиш ёшни қоралаб қолган одамларда учрайдиган одатий ҳол деб эътибор бермаган эдим.
Лекин бугун Тошкентдан келган нохуш хабар менинг маҳзун хаёлларимни тамомила паришон қилиб қўйди…
Адҳамбек ака ҳали Компартия пайтидаёқ Ўзбекистоннинг Москвадаги вакили (постпред) и эдилар.
Ислом Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб сайлангандан кейин “Госплан” раиси – ҳукумат раисининг ўринбосари этиб тайинланган Шукрилла Мирсаидовнинг таклифи билан у киши Тошкентга чақиртирилиб, Тошкент шаҳар партия комитетининг биринчи секретари этиб сайланган эдилар.
Шукрилла Раҳматович Ислом Каримов билан келишаолмай, ўзининг барча лавозимларидан истеъфо берганидан кейин ҳам анча пайтга қадар Адҳамбек Фозилбеков пойтахт ҳокими бўлиб ишлади…
Истеъфога кетганидан кейин то бугунга қадар у киши ҳақида бирор ерда бирор оғиз гап сўз бўлганини эслай олмайман.
Табиатан оғир, босиқ, ниҳоятда вазмин Адҳамбек ака Ислом Каримовнинг ҳам ишончини қозонган раҳбарлардан эди.
Биз Ўзбекистон мустақиллиги ва давлатчилиги ташкил топган давр тамал тошини қўйганлардан бири, ажойиб ва ватанпарвар инсон Адҳамбек Фозилбековнинг тезроқ шифо топиб, ўз оиласи, фарзандлари, набиралари ва дўстлари даврасига қайтишини Оллоҳдан сўраб қоламиз!
Суратда: Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Ислом Каримов Ленинград шаҳри ҳокими Анатолий Собчакни Тошкент аэропортида кутиб олаётган пайт.
Кейинги планда Ўзбекистон Министрлар Совети раиси Шукрилла Мирсаидов, Тошкент шаҳар ҳокими Адҳамбек Фозилбеков ва Анатолий Собчакнинг ташқи иқтисодий алоқалар бўйича ўринбосари, Россиянинг бугунги Президенти Владимир Путин…
Тошкент шаҳри ҳокими Адҳамбек Фозилбеков вафот этган…
Исмат Хушев
Бизга ҳозиргина етиб келган хабарга кўра Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Адҳамбек Фозилбеков Шукрилла Мирсаидов вафотидан бир ҳафта ўтиб, Тошкент шаҳрида вафот этган.
Олдин Собир Раҳимов райкомининг, сўнг Тошкент шаҳар партия комитетининг биринчи секретари бўлиб ишлаган Адҳамбек Фозилбеков Тошкент шаҳрининг биринчи ҳокими эди.
Шукрилла Мирсаидов тавсияси ва Ислом Каримов розилиги билан бу юксак лавозимларга муносиб кўрилган Адҳамбек ака ҳамиша ҳалол ва виждонли бўлишга, ўзига билдирилган бу юксак ишончни ўз меҳнати ва шижоати билан оқлашга ҳаракат қилди.
У ҳеч қачон бизга ўхшаб раҳбарликнинг ҳою-ҳавосига берилмади, қаерда ва қайси лавозимда ишламасин, ҳамиша халқига ва виждонига содиқ қолди.
Мустақил Ўзбекистон давлатчилиги шаклланган долғали ва муборак йиллар солномаси ёзилганда бошқалар қатори Адҳамбек Фозилбековнинг ҳам муносиб ўрни бўлишига мен бугун шубҳа қилмайман.
Адҳамбек ака пойтахт раҳбарлигидан кейин то пенсия ёшига етгунча қадар Тошкент шаҳридаги “Миконд” заводига раҳбарлик қилди.
У киши билан бирга ишлаган, у кишини билган ва ҳурмат иқлган кишилар қалбида Адҳамбек Фозилбеков ҳамиша камтар ва камсуқум, ўз эли ва юртига содиқ, фидойи ва олийжаноб инсон сифатида ном қолдирган.
Адҳамбек акани кўрган ва билган кишилар қалбида у киши ҳамиша яхши ва ёруғ хотиралар билан яшаб қолажак!
“Дунё ўзбеклари”дан:
Бундан роппа роса икки йил муқаддам – 2012 йилнинг 9 ноябрь куни Тошкент шаҳри ҳокими бўлиб ишлаган Адҳамбек Фозилбеков вафот этган эди.
Мен Адҳамбек ака билан жуда яхши ва яқин алоқада эдим.
Адҳамбек ака ниҳоятда камтар ва ажойиб инсон эдилар. У кишини бу лавозимга Шукрилла Мирсаидов тасия қилган эди. Ўшанда Адҳамбек ака Ўзбекистоннинг Москвадаги “постпред”и – ваколатхонаси раҳбари эди.
Адҳамбек ака олдин Собир Раҳимов райкомида биринчи секретарь бўлган.
Рашидов вафотидан сўнг Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг ташкилий партиявий бўлимида қисқа муддат ишлаб, сўнг Тошкент шаҳар партия комитетининг иккинчи секретари этиб тайинланади.
Шукрилла Мирсаидов охир оқибат Президент ғазабига учраб, тазйиқ ва таъқиб нишонига айланганида, унинг кўплаб сафдошларидан фарқли ўлароқ, Адҳамбек Фозилбеков аксинча, ўз лавозимида мустаҳкам ўрнашиб қолди.
У Тошкент шаҳри ҳокимлигидан кўплар ўйлаганчалик Мирсаидов туфайли эмас, балки кейинги пайтда ниҳоятда яқин бўлиб қолган Президентнинг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов туфайли четлатилади.
Сиёсат майдонида анча кўпни кўришга улгурган Фозилбеков Мавлон Умрзоқов билан алоқани аллақачон мустаҳкамлашга улгурган эди. Мана шу икки арбоб дўстлиги самараси ўлароқ – Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги Давлат Котиби бўлган ажойиб инсон Раҳим Ражабов бир кунда сирли равишда ишдан кетади…
Ва ниҳоят 1994 йилнинг май ойида Умрзоқовнинг ҳам тагига сув кетди.
Умрзоқовнинг ишдан олиниши – унинг ўзидан кейин жуда кўп кадрларнинг ноҳақ ишдан олиниши ва ҳатто қамалишига ҳам сабаб бўлди. Шахсан Исмат Хушев ҳам айнан ана шу иғво бўронининг остида қолди. Бу энди алоҳида мавзу бўлади.
Мавлон Умрзоқовдан кейин унинг ўрнига келган Темур Алимов Умрзоқов атрфоидаги кадрларга нисбатан беаёв ўт очди. Ҳа, бу сиёсий рақибидан номардларча ўч олишнинг ўзи эди.
Жумладан, Адҳамбек Фозилбековнинг ҳам бошига айнан Темур Алимов етади.
Тақдирни қарангки, ҳаётда бир пайтлар яқин дўст ва сафдош бўлган Шукрилла Мирсаидов ва Адҳамбек Фозилбековларнинг ўлими ҳам бирин кетин — бир ҳафтанинг нари берисида юз беради.
2012 йилнинг 2 ноябрида Шукрилла Мирсаидов минг бир ҳасрат ва маломат билан, хорлик ва зорликда вафот этган бўлса, орадан бир ҳафта ўтар ўтмас, Адҳамбек Фозилбеков ҳам номард ва омадсиз тақдирига лаънатлар айтиб, бу ёруғ дунёни тарк этган эди. У умрининг сўнгги йилларини ёлғизлик ва аросатда ўтказди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигидан уни шахсан Ислом Каримов катта ваъдалар бериб озод қилган бўлса, тинч омон ишлаб келаётган “Миконд” заводи раҳбарлигидан ҳеч бир изоҳ ва сабабсиз ишдан олиб, кўчада қолдиришади.
Бу пайтда унинг оиласида ҳам муаммолар пайдо бўлиб, умрининг сўнгги йилларида Адҳамбек ака тамомила ёлғиз қолади.
Биз бугун олис Канада давлатидан туриб, Адҳамбек аканинг дўсту биродарларига, яқинларига ўз ҳамдардлигимизни яна бир бор изҳор этарканмиз, Адҳам Фозилбеков каби ҳалол ва фидойи инсонлар ёди уни билганлар хотирасидан ҳеч қачон ўчмайди деб ишонч билан айта оламиз.
Жойингиз жаннатдан бўлсин, Адҳамбек ака.
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” бош муҳаррири.