Ўлим нима – бу бир сирли сайр, она
Ўғлинг қаро ерга кетди хайр, она…
(Муҳаммад Юсуф)
Муқаддима
Ҳаётда шундай кишилар бўладики, улар яшаб ўтган умр, амалга оширган хайрли ва эзгу ишлар, қутлуғ режалар улар бу фоний дунёни тарк этганларидан сўнггина биз ғофил бандаларга янада яққолроқ ва ёрқинроқ намоён бўлиб бораркан.
Истеъдодли олим, ғамхўр ва меҳрибон дўст, ажойиб инсон, бир сўз билан айтганда – ўзбек халқининг асл фарзанди Абдуманноб Пўлат ана шундай бетакрор ва улуғ бир инсон эди.
Лекин, минг афсуски, унинг айнан шундайлигини Ватанида билишмади, тириклигида унинг қадрига етишмади.
Бугун мен Ўзбекистондан жуда олисда, Абдуманноб ака ҳақида, унинг уммон ортида ниҳоясига етган қисқа ва сермазмун умри ҳақида ўйлайман. Электрон почтамда қолган у кишининг сон-саноқсиз хат ва ёзишмаларини қайта ва қайта ўқирканман, юрагимни ўксик бир дард, сирли бир оғриқ эгаллаб олаверади.
Нега бу ҳаёт бунчалар бешафқат?! Нега унинг зулми айниқса муҳожирлар учун бунчалар оғир ва аянчли? Эртадан кечгача ёлғиз бир умид – Ватанга қайтиш орзуси билан яшасанг-у, лекин бу Ватан сени қабул қилмаса, қадрингга етмаса ва охир оқибат бу фоний дунёни тарк этганингдан сўнг ҳам у сени бир оғиз яхши сўз билан эслаб, хотирламаса?
Майли, Ватанни-ку қўятурайлик. Ҳатто ўз сафдошларинг, сени яқиндан билган дўстларинг – дарддошларинг, шунча йилдан бўён сен билан бирга муҳожирликнинг аччиқ нонини бирга еб юрган қисматдошларинг ҳам сени жуда тез унутишса!? Ёки эслашса-да, шунда ҳам ўзларининг ғараз ва ифлос ниятлари, машъум ва азалий иғволарини яна бир бор амалга ошириш ва яна бир бор сенинг номинг билан ўз рақибларидан ўч олиш учун хотирлашса.
Нима учун яшаган эди Абдуманноб ака муҳожирлик ва мухолифатнинг ёлғон ва бўҳтонлардан иборат бу сарсон ва саргардон дунёсида ўн етти йил?
Нималарга интилган эди-ю, нималарни орзу қилган эди?
1. Бетакрор ва улуғ инсон.
Абдуманноб ака билан мен қайта қуриш йилларида, “Бирлик” халқ ҳаракати эндигина оёққа туриб, ўз фаолиятини бошлаётган шонли ва суронли пайтларда танишган эдим. Тошкентнинг Қизил Майдон ва Чуқурсойидаги митинглар бизни бир-биримизга янада яқинлаштириб қўйган эди.
Кейин Муҳаммад Солиҳнинг номзоди СССР Халқ депутатлигига кўрсатилганда Абдуманноб ака билан жудаям иноқлашиб кетдик. Негаки, у киши Муҳаммад Солиҳни ҳимоя қилувчи штаб раҳбари сифатида, мен эса “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг махсус мухбири сифатида биргалашиб фаолият олиб боришимизга тўғри келган эди.
Абдуманноб ака, мен ва Шуҳрат Исматиллаев учаламиз деярли барча сайлов участкаларига бирга бориб, йўл қўйилган хатолар – ҳукумат мулозимларининг Муҳаммад Солиҳ номзодига қарши олиб борган қатор лўттибозликларини текшириб, факт ва далиллар йиққанмиз, сайловчилар билан учрашиб, гувоҳлар фикрини таҳлил қилганмиз.
Мен ўшанда Абдуманноб аканинг ўта мулоҳазали, оғир-босиқ, бағри кенглигига гувоҳ бўлиб қойил қолгандим. У киши суҳбатдошининг фикрини бўлмай, охиригача тинглай олар, кўнглини оғритмай одоб билан ўз муносабатини билдира оларди.
Охир-оқибат, Абдуманноб ака билан биргаликда олиб борилган бу суриштирув натижалари асосида Муҳаммад Солиҳни ҳимоя қилиб, “Ошкоралик учун ошкора кураш” номли танқидий мақола ёзгандим. Мақолани ҳукумат газетасида эълон қилишга рухсат беришмади. Уни Абдуманноб ака ва Нодира Рашидовалар рус тилига таржима қилиб, “Бирлик” газетасида чоп этишганди. Бу пайт Ўзбекистонда ҳали Рафиқ Нишоновнинг раҳбарлик даври эди.
1989-йилнинг 23-июнь куни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг навбатдан ташқари Пленумида Рафиқ Нишонов ўрнига Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келганидан сўнг мен ҳукумат тарафига, Абдуманноб Пўлатов мухолифат сафларига ўтиб кетдик.
2. Истеъдодли олим.
Абдуманноб ака Тошкент Давлат университетида домла эди. Ёш ва истеъдодли бу йигитни дорилфунун раҳбарияти ҳам, талаба ёшлар ҳам ҳурмат қилишарди. Мен у кишининг “Вуз городок”да – Нукус кинотеатри атрофида жойлашган кўп қаватли “дом”даги хонадонларида бир неча маротаба бўлганман.
Студентлар шаҳарчасидаги ўша машҳур қўзғолондан сўнг у кишини ҳам ҳукумат таъқибга олди. “Президентни ҳақорат қилди” деган айб билан Абдуманноб акани Бишкекдаги халқаро анжумандан ўғирлаб келган ўзбек махсус хизмат ходимлари у кишини маҳкамага тортишади.
Ҳибсдаги Абдуманноб Пўлатов, айтиш мумкинки, ўша йилларда Ўзбекистон ва дунё ҳамжамиятининг энг катта сиёсий воқеасига айланади. Америка Қўшма Штатлари бошчилигида бутун дунё жамоатчилиги у кишини қамоқдан озод қилиш ҳаракатини бошлайди.
Бу пайтда ҳали Ўзбек ҳукумати мустақилликдан сўнг эндигина қаддини тиклаб келаётган ва дунё фикрига одоб ва эҳтиром билан қулоқ тутаётган тинч ва ажойиб дамлар эди.
Кўп ўтмай катта ва кучли давлатлар босими билан қамоқдан озод қилинган Абдуманноб Пўлатов ўз юртида илк бора инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатига асос солади. Бугун юртимизда Абдуманноб аканинг элга машҳур ўнлаб шогирдлари бор.
Ҳали вақти келиб, Ўзбекистонда Абдуманноб Пўлатов бир пайтлар тамал тошини қўйган ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ дорилфунунлари яратилишига ва унга ҳақли равишда бу азиз инсоннинг муборак номи берилишига мен бугун шубҳа қилмайман.
Кейин орадан йиллар ўтиб Абдуманноб Пўлатов Америка Қўшма Штатларидан сиёсий бошпана олади. Вашингтон шаҳри атрофидаги Виржинияда жойлашган у кишининг мўъжаз ва файзли хонадонига дунёнинг жуда кўп таниқли кишилари меҳмон бўлишган.
1996-йил Абдуманноб аканинг оталари вафот этганларида у киши Тошкентга борганди. Биз шунда таъзияда кўришдик. Кейин, 2004-йилдан кузидан эътиборан, тақдир тақозоси билан мен ҳам уммон ортидаги олис диёрларга бош олиб кетдим…
3. Ҳақиқий мухолифат фаоли, бағри кенг ва донишманд инсон!
Унинг ҳар бир бобини эълон қилишдан олдин мен аввал Абдуманноб акага жўнатардим. У киши ўқиб, сана ва муддатларга оид баъзи камчиликларни киритиб, фикр ва мулоҳазаларини билдирганларидан сўнггина мен бу бобни эълон қилардим.
Айтиш мумкинки, Абдуманноб ака китобимнинг биринчи ҳам сиёсий, ҳам бадиий муҳаррири эдилар.
Китобда номи эсланган ўзбек ҳукумати ва мухолифатининг баъзи намоёндалари ҳақидаги фикрларимни ўқиб, Абдуманноб ака менга доимо танганинг икки томони бўлишини эслатардилар. Ҳеч бир киши ҳақида мутлақо ёмон ва ё аксинча, мутлақо яхши фикр бўлиши мумкин эмаслигини айтиб, ўз баҳо ва қарашларимда одиллик ва адолатга амал қилишим муҳим ва шартлигигини маслаҳат берардилар.
Мен ўз фикр ва хулосаларимдан келиб чиқиб , шахсий муносабатларим асосида у ёки бу шахсга баҳо берганимда ҳам ҳамиша виждон ва адолат тарафида туришимни қайта ва қайта таъкидлар эдилар.
Масалан, у киши Ислом Каримов, Шукрилла Мирсаидов, Зелемхон Ҳайдаров, Гергий Крайнов, Мавлон Умурзоқов, Ғулом Алиев, Рустам Иноятов, Бўритош Мустафоев, Зокиржон Алматов, Исмоил Жўрабеков, Темур Алиев, Муҳаммад Солиҳ, Абдураҳим Пўлатов шахси ҳақида менинг илиқ ва ижобий фикрларим билан бирга уларнинг ҳаёт ва сиёсатда йўқ қўйган хато ва камчиликлари ҳам албатта ўз субьектив баҳосини олиши лозимлигини айтардилар.
“Чунки улар ўша пайтларда Ўзбекистон давлати ва ҳукуматидаги ҳал қилувчи муҳим соҳаларни бошқарганлар, сиёсий партия ва ҳаракатларга асос солганлар. Уларнинг тутган позицияси мамлакатдаги ижтимоий ва сиёсий муҳит йўналишини белгилар эди” дердилар. Ва Абдуманноб аканинг бу фикрлари мутлақо тўғри эди.
Жумладан, ўз акалари ҳақида ҳам фикр билдириб, “БИ-БИ-СИ”, “Озодлик” ва “Америка овози” билан ҳамкорлик қилмасликлари акамнинг энг катта хатоси” деб рўй-рост айтардилар. Муҳаммад Солиҳ эса, аксинча, бу радиостанциялар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиб, жуда тўғри қилади. Ҳақиқий сиёсатчи ана шундай бўлиши керак” деб ҳисоблардилар.
Навбатдаги суҳбатларимизнинг бирида Абдуманноб ака: “Исматжон, истаймизми, йўқми, йўл қўйган хато ва камчиликларига қарамай, акам барибир истеъдодли одам, кучли ва иродали сиёсатчи. Худо ҳаққи, мен бу гапни у киши менинг акам бўлгани учун эмас, йўқ, ҳақиқат ҳаққи ҳурмати аслида ҳам шундай бўлгани учун айтаяпман. Мен аслида у кишини жуда кўп танқид қиламан. Шунинг учун мендан ранжиб юрсалар керак. Лекин бу гапларни Сизга бугун биринчи маротаба айтаяпман. Сиз у кишини ҳали яхши билмайсиз”, деб қолдилар.
Шунда беихтиёр бир йил муқаддам Швецияга борганимда танишганим наманганлик Ҳайитбой Қўзиевнинг гапларини эсладим. У киши Абдураҳим Пўлатовни ўта юксак истеъдод соҳиби ва кучли нотиқ деб таърифлаган эди. “Шахсан шу одам учун мен “Бирлик”ка кирганман ва шу одам учун ўла- ўлгунимча унинг сафларида бўламан!” деб айтганида мен бу одам бир оз маҳоват қилди-ёв деб ўйлаган эдим.
Лекин мен учун одамларга баҳо бришда холислик ва мукаммаллик тимсоли бўлган Абдуманноб аканинг фикрларидан сўнг Ҳайитбой Қўзиевнинг ўша айтган гапларига мен энди жиддий қарайдиган бўлдим. Ва китобимдаги Абдураҳим Пўлатов ҳақида ёзилган ва ёзилажак гап сўзларни яна бир маротаба адолат тарозусига қўйиб кўришим лозимлигини англаб етдим.
Жумладан, Жаҳонгир Маматов ҳақидаги фикрларимни ҳам Абдуманноб ака танқид остига олгандилар: “Бу сизнинг шахсий муносабатингиздан келиб чиққан носоғлом фикрлар. Лекин китобхонда нима айб. Нега у сизнинг худбин қарашларингиз қурбони бўлиб қолиши керак”, деганди у киши.
“Шахсан менга ҳам унинг жуда кўп одат ва қилиқлари ёқмайди. Масалан, биз “Демократик Конгресс”ни бирга тузгандик. Кейинчалик ажралиб кетдик. Лекин бунинг учун уни ёзаётган китобимда мутлақо салбий томондан таърифласам, адолатдан бўлмайди-ку!” – деб менга танбеҳ бергандилар.
Бугун ўйлаб қарасам, Абдуманноб ака том маънода донишманд, бағри кенг ва кечирувчан инсон эканлар. У кишининг вафотларидан сўнг кейинги пайтларда кирмай қўйганим ўша “Демконгресс” сайтига кириб, булар нима ёзишдийкин деб атай қизиқдим. Икки оғиз қуруқ таъзиядан бошқа нарсани кўрмадим…
Ўз навбатида Абдуманноб ака ўзбек мухолифатининг таниқли икки лидери Муҳаммад Солиҳ ва Абдураҳим Пўлатовлар ўзъаро гина-кудуратларни унутиб, конструктив ва яқин ҳамкор бўлишларини, бир-бирлари билан яхши ва самимий муносабат ўрнатишларини чин дилдан орзу қиларди…
Баъзан Абдуманноб ака менга “Исматжон, ҳукумат мухолифатчи деб биздан чўчийди, мухолифат эса бизни “хоин” деб билади. Ҳукуматни тинмай ёмонлаб турсанг мухолифатчисан. Мухолифатнинг камчиликларини айтсанг – хоинсан! Бу нотўғри тушунча!” деб айтардилар. Ва у киши тамомила ҳақ эдилар.
Бугун Абдуманноб ака орамизда йўқ. Мен у кишининг бу гаплари нечоғли тўғри бўлганини, у кишининг вафотларидан сўнг англаб етдим. На ўзбек ҳукумати ва на мамлакат ичкари ва ташқарсидаги ўзбек мухолифати (“Янги дунё”, “Фергана.ру”, “Узнюс.нет” ва “Бирлик” сайтлари бундан мустасно, албатта)– ҳеч ким астойдил қайғурмади буюк бир инсоннинг бу вафотидан.
Ҳолбуки, Абдуманноб ака ўзини мухолифатчиман деб юрган не-не суллоҳлардан-да кўпроқ заҳмат чеккан эди мухолифат учун…
4. Ғамхўр ва меҳрибон дўст!
Абдуманноб ака ҳеч кимнинг кўнглини оғритмайдиган, дилкаш ва самимий бир инсон эди.
Канадага келган дастлабки кунимиздан биринчи бўлиб у киши бизга ёрдам қўлини чўзди. Деярли ҳар куни хат ёзиб, муҳожирликнинг бошланиши қийин бўлишини айтиб, маслаҳат берар, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади деб кўнглимизни кўтарарди.
Бугун худди у киши башорат қилганларидай, ҳаммаси жойига тушиб кетди, биз Канадага кўникдик, айтиш мумкинки, ўргандик.
Ҳамма ишларимиз жойида. Фақат, фақат энди бу дунёда Абдуманноб ака йўқ…
Биз Абдуманноб ака билан жуда кўп гаплашардик, ёзишардик, лекин учрашолмасдик. У киши ҳар гал баҳор ва ёз келиши билан Канадага ўтишга ваъда берар, лекин бу ваъда бажарилмай қолиб кетарди. У кишининг ишлари жуда кўп, вақтлари жуда тиғиз эди.
Абдуманноб ака ҳам журналист, ҳам сиёсий шарҳловчи, ҳам мустақил таҳлилчи эдилар. Шу билан бирга АҚШдан бошпана мақомини олувчи ватандошларимизга ҳуқуқбонлик ҳам қилардилар.
Гоҳ Вашингтон, гоҳ Арзанкас ва гоҳ Нью-Йоркдаги маҳкамаларда иштирок этиб, поезд ва вокзалллардан, самолёт ва аэропортлардан менга қўнғироқ қилиб, қувонч ва ҳаяжон билан маҳкама жараёнлари ҳақида ҳикоя қилиб берардилар.
Кўпинча Абдуманноб акани ёлғиз хаёл суриб машинада кетаётганда ўзим телефонда топардим. Бирор маротаба у киши, қандай кайфиятда бўлишларидан қатьий назар, “ҳозир вақтим йўқ”, “кейинроқ гаплашайлик” демасдилар, ҳамиша одатдагидай тинч ва сокин, самимий ва дилкаш бир ҳолатда гаплашардилар.
Лекин барибир Америкага боришни, Абдуманноб акани зиёрат қилишни истардим. Америкага виза олиш ҳаракатини бошладим. Кимдир Торонтадан эмас, балки узоқроқ шаҳардан, масалан, Ванкувердан виза олиш осонроқ деб қолди. Торонтадан Ванкувергача самолётда беш соат учиш керак экан. Масофаси – 5000 километр. Боз устига анчадан бўён дунёга маълум ва машҳур бу шаҳарни кўриш орзусида эдим.
Компьютер орқали Америка консуллигига буюртма бериб, белгиланган кунда Ванкуверга учиб бордим. Аэропортда Ғайратжон деган йигит кутиб олди. Биз у билан олдин телефон ва интернетда гаплашган эсак-да, лекин ҳали кўришмаган эдик. Ғайратжон жуда дилкаш ва ажойиб экан. Бир кун уникида меҳмон бўлиб, эртаси куни тонг саҳарлаб комил ишонч билан консулликка виза олиш учун бордим.
Лекин ўша куни менга виза беришмади. “Энг катта консуллигимиз Торонтада-ку, нега ўша ердан виза сўрамай шунча масофа босиб, бу ерга келдингиз?” деб шубҳа билан савол беришди.
Ўн кун Ванкуверда қолиб кетдим. Паромда Виктория шаҳарчасига бориб, сайр қилиб юрганимда Абдуманноб ака қўлимга телефон қилиб, виза олган ва ё олмаганимни сўрадилар. Бўлган воқеани айтиб берганимдан сўнг, кулиб: “Майли, хафа бўлманг, ўзим Сизга таклифнома жўнатаман” деб ваъда бериб, кўнглимни кўтардилар.
Кўп ўтмай таклифнома юбордилар ҳам. Уни олиб оила аъзоларимиз билан Канаданинг пойтахтини саёҳат қилиш баҳонасида энди Оттава консуллигига боришга қарор қилдик. Лекин ҳануз кўнгилда бир иштибоҳ ҳоким эди: Яна беришмаса-чи деган. Оттава Торонтадан атиги 450-500 километр масофада экан. Тушдан сўнг машинада йўлга чиқиб, кечга яқин манзилга етдик.
Меҳмонхонада тунаб, эртаси куни соат 9.00да элчихона биносига етиб бордик. Ванкуверга “виза оламан” деб комил ишонч билан борган бўлсам, Оттавага ишонқирамай боргандим. Негаки, Америка дипломатлари маълум воқеалардан сўнг мусулмон давлатлари вакилларига нисбатан виза бериш тартиб қоидаларини анча кучайтирганлигидан энди хабардор эдим.
“Таваккал” деб бордик. Биздан олдин навбатда турган Покистон ва Эронлик уч оилани қайтаришди. Биз ҳам тамом умидимизни узгандик. Навбат бизга келганда эллик ёшлар атрофидаги, истараси иссиқ америкалик жаноб паспортларимизга кўз югуртираркан, соф ўзбек тилида “Ўзбекистоннинг қаеридан сизлар?” деб сўраб қолди.
Биз кутилмаганда бу азиз каломни эшитиб, ўзимизни деярли йўқотиб қўйдик. Кўзларимиз қувончдан ёшланиб, қуёшдек порлаб кетди.
Лекин бизнинг нима мақсадда Америкага бориш учун виза олишимиз лозимлиги ҳақидаги иддаоларимиз уни қониқтирмаганини одоб билан бизга тушунтираркан, кутилмаганда Абдуманноб ака жўнатган таклифнома остидаги имзони кўриб: “Бу кишини қаердан танийсиз?” деб сўраб қолди.
Маълум бўлишича, у 1990-1996- йиллари АҚШнинг Ўзбекистон элчихонаси котиби бўлиб ишлаган, сўнгра фаолиятини Москва элчихонасида давом эттирган экан.
Ўшанда Абдуманноб Пўлатов ва унинг акаси Абдураҳим Пўлатовлар Ўзбекистонда жуда машҳур бўлганини ва у бу таклифномани қаноатлантирмаслик бугунги ўзбек мухолифати раҳбарларига нисбатан одобсизлик бўлишини айтиб қолди.
Ҳа, худди шундай деди: “Мен Пўлатовлар имзосини эътиборсиз қолдиролмайман!”
Паспортларимизни элчихонада қолдириб, қувонч билан ташқарига чиқарканмиз, Абдуманноб акага телефон қилиб, бўлган воқеани айтиб бердим. Ўшанда бизнинг қувонч ва ҳаяжонимиз у кишига ҳам кўчиб, жуда хурсанд бўлган эдилар.
Бугун бизнинг оила аъзоларимиз Абдуманноб ака туфайли Америкага бемалол бориш ҳуқуқига эга. Лекин, афсуски, Америкада энди Абдуманноб ака йўқ…
5. Ўзбек халқининг асл фарзанди.
Абдуманноб Пўлатовнинг бу ҳаётдан орзулари ҳали кўп эди. У яқин орада Ўзбекистонда сиёсий ўзгаришлар бўлишига ишонмаса-да, лекин ич-ичидан буни истарди. Озод ва ҳур Ватанига бориб, яна олдингидай қайноқ сиёсий жараёнларда иштирок этишни орзу қиларди.
Ўзбекистондаги ҳар бир сиёсий воқеа, хусусан кадрлар алмашинуви ҳақидаги хабарлардан сўнг биз албатта у киши билан боғланиб, узоқ суҳбатлашардик, баҳслашардик.
У кишининг сиёсий чиқишларини, мантиқли ва мазмунли таҳлилларини дунёнинг энг машҳур газета ва журналларида ўқиб, радио тўлқинлари орқали эшитиб турардик.
Агар Абдуманноб ака мухолифатга ўтмай, менга ўхшаб Ислом Каримов тарафида турганда эди, Ўзбекистоннинг жуда катта ва мартабали мулозими бўлиши мумкин эди.
Мен-ку, ўз енгилтаклигим ва худбинлигим боис давлат ва ҳукумат ишончини йўқотган бўлсам, Абдуманноп ака ўта оғир ва босиқлиги, ҳамиша “олтин ўрта” ақидасига амал қилиши ва камтарлиги билан, аксинча, жуда катта мансаб ваколатларига эришиши, Президентнинг энг яқин ва ишончли маслаҳатчиларидан бирига айланиши мумкин эди.
Камида Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатларидаги элчиси ёки Ташқи Ишлар вазири бўлишига мен бугун шубҳа қилмасдим.
Агар олимлигини давом эттирганида фан арбоби, академик, жуда бўлмаганда ўзи ишлаган Тошкент Давлат университетининг ректори бўлиши аниқ эди.
Абдуманноб акага ўхшаш иймон ва эътиқодли, ҳақиқий маънода элим ва юртим деб яшайдиган бетакрор ва бебаҳо инсон юз йилларда бир маротаба туғилса керак деб ўйлаб қоламан баъзан.
Америка визасини олганимдан сўнг, 2010-йилнинг январь ойида Вашингтонга борадиган бўлдим. Абдуманноб ака билан боғланиб, учрашувга келишиб олдик. Белгиланган пайтда у киши меҳмонхонага келолмадилар ва мени Вержиниядаги уйларига таклиф қилдилар.
Совуқ ва рутубатли январнинг сокин ва мунаввар оқшомларининг бирида ниҳоят биз Абдуманноб ака билан унинг шинам ва файзли хонадонида учрашдик. У киши мени оила-аъзолари билан таништираркан: “Бу ўша машҳур Исмат Хушев!” деб қўшиб қўйдилар.
Сершовқин ва гавжум шаҳардан анча узоқда, шовуллаб турган ўрмон ва қайинзорлар орасида жойлашган Абдуманноб аканинг тинч ва сокин, камтарона хонадонидаги ўша суҳбатимиз то тонггача давом этди.
То тонггача биз Абдуманноб аканинг қайта қуриш йилларидаги сиёсий фаолиятидан тортиб муҳожирликда кечган ўн етти йиллик серзаҳмат умр саҳифаларини бирма-бир варағлаб чиқдик.
Мен шу пайтга қадар дунёнинг жуда кўп бурчакларида жуда кўп инсонлар билан учрашганман, давра қуриб, ҳамсуҳбат бўлганман. Лекин Абдуманноб ака билан ўтказган ўша оқшомги суҳбат, ўша машварат ва ўша мушоира умр бўйи хотирамда сақланиб қолса керак.
Мен Абдуманноб аканинг қатор инсоний фазилатларидан яхши хабардор эдим, у кишининг истеъдодли сиёсатчи, зукко олим эканини яхши билардим. Лекин шеъриятга ўчлигидан, ҳақиқий шеър мухлиси эканидан мутлақо бехабар эканман.
У киши мендан Абдулла Ориповнинг “Муҳаббат” шеърини ўқиб беришимни илтимос қиларкан, мен ҳали Абдуманноб аканинг бу шеърни тамомила ёд билишидан бехабар эдим.
Ҳаёт мендан аямади неъматларини,
Не истасам берди доим, ҳеч бир тонмайман.
Фақатгина бир ғам ўртар юракларимни,
Мен муҳаббат тақдиримдан мақтанолмайман…
Мен одатда шеърни завқ-шавқ билан, эҳтирос билан ўқишни яхши кўрардим. Уч-тўрт қатор ўқиганимдан сўнг, у киши ҳам ҳаяжон билан менга қўшиларкан, биз иккимизнинг худи мактаб саҳнасидаги ёш болалардек бу ажиб ҳолатимиздан янгам ва болалар ҳам ажиб ҳайратга тушишган эди.
Сергей Есениннинг Эркин Воҳидов таржимасидаги мана бу шеъри ҳам Абдуманноб ака яхши кўрган шеърлардан бири экан:
Хуросонда бир дарвоза бор,
Остонаси гулга кўмилган.
Унда яшар бир пари рухсор,
Хуросонда бир давоза бор,
Ҳайҳот, уни очолмадим ман…
Кейин биз ҳар-бир парчаси “Ўзбекистон – Ватаним маним!” деб якунланадиган шеърни айта бошладик. Абдуманноп ака бу шеърни ҳам тўлиқ ёд биларкан.
Юртим, сенга шеър битдим бу кун,
Қиёсингни топмадим асло.
Шоирлар бор, ўз юртин бутун
Олам аро атамиш танҳо.
Улар шеъри учди кўп йироқ,
Қанотида кумуш диёри.
Бир ўлка бор дунёда, бироқ
Битилмаган достондир бори.
Фақат ожиз қаламим маним,
Ўзбекистон – Ватаним маним!
Тасаввур қилаяпсизми? Ўзбекистондан неча ўн минглаб масофа узоқликда, шоир айтмоқчи, уммон ортидаги ўша сеҳрли ва машҳур диёрда, биз – Абдуманноб Пўлатов ва Исмат Хушевлар дилда ҳаяжон-у, кўзда ёш билан ўзимиз қачонлардир тарк этган, энди эса боролмай доғда қолган Ватан ҳақида жўшиб, ҳайқириб шеър айтар эдик.
Мен Абдулла Ориповнинг бу шеърини Ўзбекистонда яшаб юрган йилларда ўқиганимда бу қадар ҳис ва ҳаяжонга берилмас эдим.
Бу ўлмас ва бетакрор шеърнинг ҳақиқий мазмун ва моҳиятини хорижда, муҳожирликда, уммон ортидаги сарсон ва сагардон юртлардагина том маънода англаб етгандек бўлдим.
Назаримда, Абдуманноб аканинг ҳам кўнгил туйғулари меникига яқин эди. Биз ўша оқшом, шеъриятни жуда ҳам соғиниб кетган эканмиз, шекилли, Абдуманноб аканинг оила-аъзоларини ҳайрон-у, лол қолдириб роса шеър ўқидик, роса ҳайқирдик.
Сўнг ётишдан олдин “бир айланиб келайлик” деб ярим кечада ташқарига чиқдик. Салқин ва сукунатли, қорли ва аёзли тун қўйнида, бир соатга яқин кўча айландик…
…Қирқ кундирки, ҳануз ўзимга келолмайман. Бу ҳаёт нега бунча бешафқат?
Бир умр Ватанига талпиниб, унинг дийдорига етолмай, Ватан ташқарисида абадул абад қолиб кетган ватанпарвар ва буюк бир инсон – Абдуманноб Пўлатовнинг безовта руҳи ҳануз менга тинчлик бермайди.
Абдуманноб аканинг менга ёзган энг сўнгги мактублари 2010 йилнинг 30 октябрь санаси билан электрон почтамга келиб тушди.