• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исмат Хушев: Қўними йўқ вазирлар (Бош вазир ўринбосари Б.Ҳодиев диққатига)

Дек 5, 2015
Яхши-суъратим“Дунё ўзбеклари”дан: 
Биз бу мақоланинг биринчи қисмини ўтган йилнинг 27 октябрь куни эълон қилган эдик. Шу пайтга қадар унинг уч қисмини чоп этдик.
Мақолани шошилмай, хотиржам ёзганимизнинг боиси – Тошкентдаги ишончли манбаларимиз Маданият вазирлиги анча пайт вакант туришини айтишган эди.
Куни кеча Олий раҳбарият Маданият вазирлигига номзодларни ўрганишга киришганини эшитдик.
Шуни ҳисобга олиб, биз ҳам бу борадаги ўз фикр-мулоҳазаларимизни якунлашга қарор қилдик.
Маданият арбоблари ўз фикрлари билан ушбу суҳбатимизни бойитадилар, биз айтолмаган оғриқ нуқталарни улар айтадилар деб умид қиламиз.
17 февраль, 2015 йил.
ҚЎНИМИ ЙЎҚ ВАЗИРЛАР ЁХУД МАДАНИЯТ ВАЗИРИ НЕГА ҚУРБОН ҚИЛИНДИ?

Маданият арбоблари 
 маданият вазирлиги остонасидан нега бадарға қилинганлар.
Маданият вазирлигидаги маданиятсизликлар
Маданият вазирлигидаги “қип- қизил аҳмоқчилик” нималардан иборат?
Моҳира Асадова ва Муссар Раззоқовалар учун телевидения ва театр эшиклари нега ёпиб қўйилган?
Маданият ва санъат  арбобларининг энг талантли намоёндаларига нега бугун Ўзбекистонда кун йўқ?
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи
 1.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда маданият вазири бўлиб ишлаш –  жамиятнинг энг хавфли ва фожеали мансабларидан бири бўлиб қолди.
Бундай дейишимизга эса асослар бор – мисоллар бисёр.
Кечагина Ўзбекистон Президенти бу юксак лавозимга ўзининг энг ишонган кадрларидан бири Алишер Азизхўжаевни тайинлаган эди. Лекин у кўп ўтмай вафот этди.
Гарчанд унинг кутилмаган сирли ўлими ҳақида ҳар хил башоратлар бўлса-да, ундан кейинги вазирларнинг ҳам фожеали ва аянчли қисмати  – Азизхўжаев вафоти ҳақидаги турли туман тахминларни яна кун тартибига чиқара бошлади…
 2. 
Алишер Азизхўжаевдан кейин бу палакат лавозимга Анвар Жабборов тайинланган эди. Бетакрор ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг қудаси бўлмиш таниқли ижодкор Жуманиёз Жабборовнинг ўғли бўлган  Анвар – умидли ва истиқболли олим  эди.
Лекин, минг афсуски, унинг вазирлик курсидаги умри кутилмаганда фожеа билан якун топди.
Анвар Жабборов – вазирлик тизимидаги ноқонуний даромад ва коррупциянинг фожеали  қурбони бўлгани ҳақидаги шов шувлар ҳануз тинмаган.
Ҳолбуки у  ҳалол ва виждонли, ориятли ва ўта камтар йигит эди…
3. 
Анвар Жабборовдан кейин бу соҳага– академик Турсунали Қўзиев вазир этиб тайинланди.
У жуда истеъдодли ижодкор бўлиш билан бирга ўз соҳасининг тан олинган профессионали, Академия раҳбари эди.
Маданият вазири бўлиб, ҳаммасидан жудо бўлди – обрўсизлантирилиб, кўчага улоқтирилди…
 4.
Ниҳоят, ундан кейин бу қўнимсиз жойга тайинланган Минҳожиддин Мирзо ҳам Маданият вазири бўлиб  кўп ишлайолмади.
Бир йилнинг нари берисида – унинг ҳам ишдан олинганини эшитдик.
Агар олдинги сафдошларининг фожеали қисматини назарда тутсак, унинг тинч омон бошқа ишга ўтиб кетиши ҳам ҳали даргумонга ўхшайди…
5. 
Хўш, нега бундай бўляпти? Бу ерда қандай сир бор?
Авваломбор,  бир нарсани аниқлаб олсак – Маданият вазирлигининг асосий мақсад ва вазифаси нимадан иборат?
Бу саволга жавобни эса унинг номидан бошлашимиз: «Маданият ва спорт вазирлиги» деган жумлани таҳлил қилишимиз керак бўлади.
Шунда ўз ўзидан савол ҳам туғилади – нега маданият ва спорт  – бир вазирлик байроғи остида бирлаштирилган?
Назаримда, маданият билан спортни бир бирига қўшиб – Ўзбекистон Олий раҳбарияти катта хато қилган.
Спорт – ҳамиша ташвиш ва тўполон, уруш ва ғалаёнларнинг ўчоғи бўлиб келган. Бу соҳани маданият ва санъатдек нафис ва гўзал соҳа билан бирлаштириб, нотўғри қилишган…
Биз бу билан спортни ерга уриб, уни камситмоқчи эмасмиз, асло. Унинг ҳар бир давлат ижтимоий сиёсий ҳаётида ўз муносиб ўрни бор. Ер юзидаги у ёки бу давлат асосан спортдаги ютуқ ва муваффақиятлари билан дунёга танилаётгани ҳам сир эмас.
Қолаверса, бугун санъат ва спорт элчилари бутун дунёда халқнинг рейтингини белгилайди. Биргина Чингиз Айтматов нафақат қирғизларни, балки бутун Ўрта Осиёни дунёга танитди. Руфат Риқсиев, Руслан Чагаев ва Абдуқодир Абдуллаевлар Бокс бўйича, Рустам Қосимжонов шахмат бўйича, Сайфиддин Ҳодиев кураш бўйича турли миқёсдаги чемпионликларни қўлга киритиб, Ўзбекистон нуфузини оламга ёйганларини  яхши биламиз.
Барча давлат ва мамлакат бошлиқлари ўз юртида спортнинг норасмий раҳбарлари деб аталиши ҳам эҳтимол шундандир.
Россиянинг 2018 йилги Футбол олимпиадаси ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритгани унинг Президенти Владимир Путин обрў эътиборини дунё бўйлаб нақадар юклалтиргани ҳам фикримиз далилидир.
Шундан келиб чииқб демоқчимизки, «Спорт ва жисмоний тарбия вазирлиги» Ўзбекистонда алоҳида вазирлик сифатида таъсис этилиши керак. Уни маданиятдан ажратиб,  энг  баланд ва юқори мақом берилса, нур устига аъло нур бўлурди.
Шу баҳонада шаҳар ва қишлоқларда худди хориждагидек, чиниқиш иншоотлари, бадан тарбия билан шуғулланадиган улкан мажмуалар –  спорт  заллари ва «Фитнес клуб»лари қурилишини йўлга қўйиш керак…
6. 
Майли, ширин орзу-умидлар билан хаёлларни паришон қилмай, мавзуга қайтайлик.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда Маданият вазири бўлганларнинг узоқ ишлай олмай, бирор бир фалокат ва ё ҳалокат гирдобига ғарқ бўлаётганининг боиси нимада?
Маданият вазирлигидаги бу обрўсизлик ва қўнимсизлик учун ким жавоб беради?
Вазирлик бу улуғ даргоҳ. Ўзбекистондай маърифатли ва санъатсевар мамлакатда жуда катта қудратга эга бу вазирлик. Ва табиийки, жуда катта обрў-эътиборга ҳам эга бўлиши керак эди аслида.
Лекин минг афсуски ундай эмас. Нега?
Нега бугун шу қадар обрўсиз бу вазирлик?  Ҳатто сартарошлар бошқармасидан ҳам обрўсиз. Нега?
Авваламбор, маданият вазирлигида коррупция жуда авж олган. Ҳар бир машҳур ва номашҳур артистларнинг тепасига бир неча раҳбар оёғини осилтириб миниб олган. Уларни санъатдан мутлақо узоқ бўлган одамлар бошқармоқчи бўлишади. Охир оқибатда бугун Ўзбекистонда маданият арбоблари ва санъаткорлар даражасида дарбадар ва тумтароқ бўлган бошқа бир ташкилотни кўрмайсиз.
Маданият Вазирлиги атрофида талантсиз ва қобилиятсиз “санъаткорлар” санъати авж олгандан авж олиб бораяпти. Бунда ЎзТВ нинг ҳам яхшигина ҳиссаси бор. Санъатдан узоқ бўлган ва нари борса бир икки бор рубоб чертиб, чилдирма қоқишни ўрганган созандаю хонанда ва айниқса бели ингичкароқ раққосаларнинг омади кулган давр келди.
Телевидения экранлари улардан бўшамайди. Маданият вазирлиги уларни олқишлашдан чарчамайди. Унвонлар ҳам уларнинг кўксини тинимсиз безаб турибди…
7. 
Бироқ, “унча бунчасини” қўя туринг, эл севган ва ардоқлаган буюк санъаткорлар Шерали Жўраев,  Фаррух Зокиров, Дадахон Хасан, Юлдуз Усмонова, Севара Назархон, Моҳира Асадоваларнинг маданият вазирлиги остонасидан қувилиб, расмий санъат саҳнасидан бадарға этилганига ҳам бир неча йиллар бўлди.  Айримларининг “бадарғалик” стажи – мустақиллик ёши билан баравар дейиш мумкин.
Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида бўлгани каби – санъаткорларнинг кекса авлодига кўрсатилган ҳурматсизлик эса, тарихда бўлмаган.
Масалан, Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов, Таваккал Қодиров, Фахриддин Умаров, Олмахон Ҳайитова каби марҳум санъаткорларнинг ўзлари тугул, овозлари ёзилган лента ва касеталари ҳам қўйилмайди.
Олмахон ора эса бир неча йил ТВ юзини кўрмай, армонда кетди. Марҳумлар-ку эсланмайди. Тирик буюклар учун ҳам маданият вазирлигининг  эшиклари аллақачон ёпиб қўйилган.
Хоразмлик Бобормурод Ҳамдамов, самарқандлик Насиба Абдуллаева, Нуриддин Ҳамроқулов, Аҳмаджон Шукуровлар бугун барҳаёт, уларнинг   ҳаммаси халқ артислари. Лекин ўз халқидан жудо қилинган. Улар анчадан бўён  телевидения ва радиода кўринмайди. Халқ уларни, нари борса, ўз уйида эшитиши мумкин, холос.
Ҳолбуки, уларнинг  қўшиқлари ёзилган тасмалар халқ орасида қўлма қўл. Чунончи Юлдуз Усмоновнинг 50 ёшлик  юбилей тасмаси мамлакатда нодир санъат асарига айланиб кетди. Уни барча савдо расталарида прилавка остидан палон пулга сотадилар.
Шерали Жўраев, Дадахон Хасан ва Севара Назархон  тасмалари ҳам шунақа.
Раҳматли Муҳриддин Холиқовнинг миллион миллион мухлислари унинг юбилей тасмаларини   тўтиёдек кўзларига суртишади.
Лекин ҳақиқий санъатнинг ўлмаслиги маданият вазирлиги ва ҳатто ундан юқорироқда турган маҳкамалар учун номаълумга ўхшайди.
Уларни бадарға қилиш мумкин, лекин халқ меҳридан жудо қилиш мумкин эмаслигини наҳот маданият вазирлигидаги маданиятсиз мулозимлар тушунмаса?
 8.
Бизда яна бир бемаъни одам бор.
Ўзбекистонда гўё Ғуломжон Ёқубов, Озодбек Назарбеков ва Гулсанам Мамазоҳитовадан бошқа  санъаткор йўқдек.  ЎзТВ улардан бўшамайди. Кун чиқса ҳам, ой чиқса ҳам шуларга бўлиб қолди.
Каттакон бир мамлакатнинг санъат боғи – бир нечтагина гулсафсар ва булбулдан иборат бўлмайди ахир?
Биз уларнинг истеъдоди ва иқтидорини инкор этмаймиз, албатта. Лекин улар билан бирга давлатнинг яшил чироқ ёнган  “рўйхатлари”га киритилмаган бошқа санъаткорларга ҳам эътибор берилиши, уларнинг ҳам эътироф этилиши тарафдоримиз.
Хуллас, Маданият вазирлиги эшиклари ортида сир асрорлар билан бир қаторда муаммолар ҳам бисёрлиги аниқ.
Буни ҳар йили ҳайит ва байрамлар арафасидаги тантанали концертлар ортидан маданият вазирининг қурбон қилишиниши биз билган ва билмаган яна кўп нарсалардан аломат ва дарак беради…
9. 
Ўзбекистон маданият вазирлиги аслида беқиёс куч ва таъсир қудратига эга.
Мамлакатнинг  маърифат ва маданият салоҳиятини ўзида мужассамлаштирган,  маънавий куч қудрати жиҳатидан балки юртимиздаги барча куч ишлатар тизимларининг  мужассам қудратидан баландроқ турадиган, керак бўлса, миллатнинг миллатлигини ва бутун бир тарихини ўзида акс эттира оладиган муҳим ва ғоятда юқори даражали вазирлик, афсуски, мана неча йилларки, бир гуруҳ корчалонлар оёғи остида балчиққа чапланиб ётибди.
Бу вазирликка баъзан ҳеч бир санъаткор яхшироқ танимайдиган, ҳатто у ёки бу соҳадан қувилган тасодифий шахслар ҳам вазир бўлди.
Бундай вазирлар одатда ўзидан ҳам рейтингги паст, санъатни фақат олиб сотишдан иборат деб билган гуруҳни атрофига  тўплай бошлайди.
Ва оқибатда мамлакатдаги мавжуд ўнлаб, юзлаб театрлар, саҳна майдонлари, радио эфирлари ва телевидения экранлари  уларнинг дала чарбоғига айланади.
Бир сўз билан айтганда – Ўзбекистонда маданият вазирлигининг бугунги манзараси мана шундай.
Бу манзарани ўзгартириш вақти  келмадимикан?
Токайгача вазирлар устига вазирлар қурбонликка келтирилаверади?
10. 
Дарвоқе, Маданият вазирларининг  муносиблик даражаси, нуфузи ва обрў эътибори хусусида.
Бир пайтлар Ўзбекистонда Маданият вазири бўлиб ишлаган Сарвар Азимов, Зуҳра Раҳимбобоева, Ўлмас Умарбековлар юртимиздаги маданият арбобларини ҳақиқий ва том маънодаги миллат арбобларига айлантирган эдилар.
Юнус Ражабий, Мухтор Ашрафий, Карим Зокиров, Олим Хўжаев, Аброр Ҳидоятов, Сора Эшонтўраев, Шукур Бурҳонов, Раззоқ Ҳамроев, Комил Ёрматов, Малик Қаюмов ва бошқа эл суйган бетакрор санъаткорлар шулар жумласидандир.
Юқорида номи тилга олинган вазирларнинг  нафақат ўзлари, ҳатто ўринбосарлари ҳам ўз соҳасининг обрў эътиборли одамлари эди. Зотан, маданият вазири агар узоқни кўзлай олса, бу масъулиятли ва муборак жойга санъатни тушунадиган одамни олиб келиши керак.
Масалан, етмишинчи йилларда Ўзбекистон маданият вазирининг Камолиддинов деган ўринбосари бўларди. Ажойиб журналист ва шоира Эътибор Охунованинг турмуш ўртоғи бўлган бу фидойи инсон санъатимиз ривожи ва равнақи учун жуда кўп иш қилди. У санъаткорлар орасида жуда обрўли бўлиб, барча маданият вакиллари уни ҳурмат қилар, янаям аниқроқ айтсак, масъулият сезиб, ундан чўчиб ҳам турарди.
Саксонинчи йилларда Фаррух Зокиров маданият вазирининг ўринбосари бўлиб ишлади. У вазирликдаги ўз йўналишида амалга оширган хайрли ва савобли ишларни санъаткорлар ҳанузгача ажиб бир армон билан эслаб юришади.
Тўқсонинчи йилларда “Йўлчи” роли билан ёдимизда қолган Теша Мўминов вазир ўринбосари эди. Ниҳоятда содда ва самимий, лекин сўзсиз истеъдодли актёр бўлган Теша ака вазирликда ишлаган йилларда биз  яхши ва яқин муносабатда эдик.
Мамлакатимизга ташриф буюрган чет эл раҳбарлари шарафига Президент томонидан уюштириладиган расмий зиёфатларда у киши билан бирга иштирок этардик.
Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулноранинг турмушга чиқиши муносабати билан “Дўрмон” резиденциясида ўтказилган тор доирадаги зиёфатда ҳам Теша ака даврани олиб борган эдилар…
11. 
Мустақиллик йилларида Фаррух Зокиров ва Теша Мўминовдан кейин Маданият вазирлигида бирорта ўз соҳасида кўзга кўринган одам ўринбосар этиб тайинланмади.
Вазирларни-ку, айтиб ўтирмаса ҳам бўлади.
Совет даврида вазирлар Ўзбекистон ҳукумати ичида маданият вазирлиги байроғини баланд кўтаришган. Вазирлик обрў эътибори ниҳоятда баланд бўлиб,  вазирнинг нуфузи эса ҳукумат раҳбари даражасидан кам эмас эди.
Қайси милиционер ёки қайси молия вазирлиги корчалони минг минг одамни ўзига қарата олади? Ҳеч қайсиси!
Бугунги – демократик принциплар қарор топаётган, озод ва ҳур фикр ривожланаётган, эркин сайловлар яқинлашаётган  муборак бир жараёнда маданият вазирлиги роли янада ошиши керак эмасми?
Халқ хоҳиш иродасини намоён қилувчи сайловлар, турли туман баҳс ва мунозаралар, одамлар билан тўғридан тўғри мулоқот шароитида маданият ва санъат арбобларининг  ролини ҳеч нарса билан ўлчаб ва баҳолаб бўлмайди.
Лекин шу билан бирга санъаткорларни  –  у ёки бу йиғинларда уларнинг бўйнига миниб олинган ҳўтикка айтантиришни истайдган арбоблар ҳануз бор.
Ваҳоланки, санъаткорларга бундай феодалларча муносабат замонлари аллқачон ўтиб кетди. Энди санъаткорлар билан анчайин эҳтиёт бўлиб, ҳурмат ва муҳаббат мезонлари орқали алоқа ўрнатиш даври келмадимикан?
Токи шундай муносабат ўрнатилмас экан, жаноб вазирлар, атрофингизда санъатдан йироқ ва хушомадгўй, истеъдодсиз ва лўттибозлар тўпланаверади.  Ҳақиқий санъат дарғалари эса Сиздан тобора узоқлашаверади.
Бунга мисол излаб ўтириш бугун шарт бўлмаса керак…
12.
Архитекторлардан Тўлқиной Қодирова, Собир Одилов, Фарҳод Турсунов, композиторлардан Шермат Ёрматов, Дилором Омонуллаева, Руслан Шарипов, рассомлардан Ўрол Тансиқбоев, Раҳим Аҳмедов, Баҳодир Жалолов, Рўзи Чориев, Жавлон Умарбеков, Турсунали Қўзиев, театр ва кино намоёндалари Ёқуб Аҳмедов, Рихси Иброҳимова, Эркин Комилов, Муҳаммадали Абдуқундузов, хонанда-ю, ҳофизлар Юлдуз Усмонова, Муножот Йўлчиева, Насиба Абдуллаева, Ўлмас Саиджонов  каби обрў эътиборли, бетакрор истеъдод соҳибларини ҳақиқий маданият арбоблари даражасига кўтариш пайти келмадими?
Бунинг учун уларда халқ меҳри бор, лекин ҳукумат этибори йўқ. Уларни ҳар қадамда камситиб, оёғидан чалиб туриш бор, холос…
Бу гапимиз ёзувчи ва шоирларимизга ҳам бирдек ва бевосита тааллуқли.
Устоз  Шукрулло обрў эътиборидан  мустақилликнинг дастлабки йилларида  яхшигина фойдаландик. Уни ўша пайтларда Президент Кенгашига аъзо ҳам қилдик. Йиллар ўтиб, ўзбек халқи ва миллатига фидойи бўлган бу улуғ ва донишманд инсон давлат ва ҳукумат эътиборидан мутлақо четда қолди.
Сал кам юз ёшга яқинлашиб қолган бўлса ҳам ҳали тетик ва бақувват бу ажойиб ва бетакрор  ёзувчини тириклигида қадрлаш ва ҳурматини жойига қўйиш ҳақида, афсуски, олий раҳбариятдагилар ўйлаб ҳам кўришмайди.
Ўзбекистон тарихида ҳали ҳеч қачон маданият ва санъат арбобларига нисбатан бу қадар чексиз ҳурматсизлик ва шаккоклик бўлган эмас эди. Бизни нима бало урди, билмадим.
Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодиров ўзбек адабиётида  Ғофур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон ва Абдулла Қаҳҳорлардан кейинги улкан сиймолар эди. Биз уларни тириклигида ҳам қадрлай билмадик. Бугун эса уларнинг номи ва хотирасини ҳам деярли унутиш даражасига олиб келдик.
Мустақиллик қаддини ростлаб олганидан кейин уларни ҳам, ҳатто ўз вақтида Ўзбекистон Қаҳрамони бўлган Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева ҳамда Омон Матжон каби фидойиларни ҳам тезда унутдик…
 13.
Бу ўринда ижодий уюшма раҳбарлари ва Маданият вазирлиги зиммасида катта масъулият борлигини унутмаслик керак. Уларнинг халқ билан бевосита учрашувларини, ижодий кечаларини ўтказиш одат тусига айланиши лозим.
Мен ўтган йили Тошкентга борганимда дўстим Карим Баҳриев билан Шукрилло домланинг уйига бориб, у кишини зиёрат қилиб, дуосини олиш бахтига муяссар бўлдим.
шукрилло домла билан исмат
Суратда“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев Шукрилло домланинг уйида. Карим Баҳриев олган сурат, 2013 йил, Тошкент. 
Домланинг маънили ва мантиқли сўзларини тинглаб, шундай улуғ ва донишманд одам учун Ўзбекистон телевиденияси эшиклари нега ёпиб қўйилгани ҳақида кўп ўйладим.
Ахир бундай бетакрор ва донишманд одамнинг шу ёшда ҳам тириклиги, сафимизда борлиги ўзбек халқининг бахти эмасми?
Шу маънода Россия бизга яхши ўрнак бўлиши лозим.
Россияда Никита Михалков алоҳида эшиттириш олиб  боради. Бизда эса халқ Ёқуб Аҳмедовнинг чеҳрасини кўрамаганига ҳам анча бўлди. Уни “Ҳамза” театрига раҳбар қилиб, директор Ёқуб Аҳмедовни топдигу, лекин ижодкор Ёқуб Аҳмедовни йўқотдик. У бизга Алишер Навоий образини худди ўзидай қилиб яратиб берган бетакрор санъаткор эди…
Худди шунингдек Ўлмас Саиджоновни ҳам “Ўзбекнаво”га директор этиб тайинлаб, анча вақт унинг бошида қора булутлар айланиб юришини томошо қилиб турдик.  Ижод ва истеъдоди лат еди.
Бизда бир ёмон одат бор. Истеъдодли деб, катта ишга қўямизу, лекин истеъдодсиз санъаткорлар ҳамласи ва иғвосидан уларни ҳимоя қилиб, асрай билмаймиз ёки атай асрашни истамаймиз…
14. 
Ҳолбуки, Маданият вазирлиги аслида талантли кадрларни ҳимоя қилиш билан бирга, янги янги истеъдодларни кашф этиши, уларни катта санъат ва маданият саҳналарига олиб чиқиши керак.
Етмишинчи  йилларнинг охирларида пахтакорларнинг  қурултойида иштирок этиш ва уларни қутлаш учун Шароф Рашидов Андижонга келади.
Андижоннинг ўша даврдаги биринчи раҳбари Иномжон Усмонхўжаев республика раҳбари олдида  қувонч билан маърўза қилган Қурултойдан сўнг вилоят филармонияси залида катта байрам концерти бўлади.
Ўшанда концертда маҳорат билан қўшиқ айтган мактаб ўқувчиси Санобар Раҳмонованинг  жарангдор овозидан ҳайратланган Шароф Рашидов ўша ердан туриб Маданият вазирлиги билан телевидения раҳбариятига Санобар ҳақида яхши бир фильм яратишга кўрсатма беради.
Ўшанда оддий бир чўпоннинг қизи бўлган Санобар олтинчи синфда ўқиркан.
Шароф ака водийни бир айланиб келгунича кино тайёр бўлади ва у Ўзбекистон телевиденияси орқали намойиш этилади.
Кейинчалик жуда машҳур бўлиб, эл оғзига тушган “Куйла, Санобар” номли ҳужжатли фильм ана шу тариқа дунёга келган эди…
15. 
Ислом Каримов Қашқадарёда раҳбар бўлганида – Ўлмас Саиджонов кашф этилган.
Қаршига хизмат сафари билан келган республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Исмоил Жўрабеков Ўлмаснинг овозини эшитиб:
-Шу кичик ва нозик жуссангга шундай катта ва  қудратли овоз қандай сиғди экан, – деб ўз ҳайратини яширмаган.
Ўшанда Ўлмас Саиджонов – республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Қарши филиалида оддий техник ходим бўлиб ишларди.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлиб Тошкентга келганидан сўнг кўп ўтмай Ўлмас Саиджоновни “Ўзбекнаво” концерт Бирлашмасига Бош директор этиб тайинлайди.
Шу ўринда қизиқ бир ҳолат бор.
Ўлмас Саиджонов бу санъат даргоҳида кўп ишламади. Артистлар оламининг ўзига хос бўлган мураккаб ва зиддиятли қирралари кўп экан.
Ажаб, орқасида Ислом акадек қудратли одами бўлган Ўлмас Саиджонов ҳам артистлар дунёсини бошқара олмади.
Ҳозир у буюк қўшиқчи – машҳур  ҳофиз.
У ўзбек халқининг қалбида абадий кўмилган Маъмуржон Узоқовнинг тирик намунаси.
Ўлмас аканинг дажаси шу қадар…
16.
Таниқли ҳофиз – Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамовнинг ҳам ижод майдонига кириб келиши ўзига хос тарихга эга.
Олтмишинчи йилларнинг бошида Урганчдаги қурилиш майдонларининг бирида –  16 метрлик баландликдаги қурилиш крани (строительная башня) остида оломоннинг “кўчма” концерти одат тусига киради.
Отаси ўрнига қурилиш башнясида ишлашни ҳавас қилган ёшгина ўспирин  йигитча – осмону фалакда кран бошқариш ҳавосини олган ҳолда беихтиёр Комилжон Отаниёзов қўшиқларини куйлар, башня остида эса одам тўплангандан тўпланарди.
Унинг  ширали овозига маҳлиё бўлганлар ашулани мароқ билан эшитиб,  ҳар пауза орасида “Яша, Бобомурод” деган ҳайқириқлар янграб, қарсак садолари билан қутлар эдилар.
Худди ана шундай кўчма концерт бўлиб турган қурилиш майдонига Хоразм обкомининг ўша пайтдаги биринчи секретари   Мадиёр Худойберганов  келиб қолади.
Мана шу аснода Бобомурод Ҳамдамовнинг ҳақиқий ижод парвози бошланади…
17. 
Мустақиллик йилларида Маданият  вазирлиги кашф этган қай бир бир истеъдод соҳибини биламиз?
Аксинча, бор истеъдодларни ҳам у ёки бу баҳонаи сабаб билан санъат даргоҳидан узоқлаштириб, асоссиз иғво ва бўҳтонлар билан радио ва телевидения эшикларини улар учун ёпиб қўйдик.
Мен бугун ана шундай ноёб истеъдодлардан бири, таниқли эстрада хонандаси Моҳира Асадова ҳақида тўхталиб ўтишни истардим. У Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Темур Алимов кўрсатмаси билан ноҳақ тўҳмат қурбони бўлган.
Моҳира учун бугун телевидения ва радио эшиклари ёпиб қўйилганига роппа роса 20 йил бўлди.
Мен Темур Алимов нега Моҳирани Ўзбекистоннинг расмий саҳнасидан олиб ташлаганини яхши биламан.
Истеъдодли ва очиқ кўнгил, ҳалол ва покиза бир қиз – ҳасадгўй ва бахил, кўнгли кир ва тасодифий бир мулозимнинг пастлиги ва калтабинлиги оқибатида йигирма йилдан бўён телевиденияда кўринмай, маломатли ва шикаста қалб билан яшаб юрибди.
Майли, ортиқча ҳис ҳаяжонга берилмай, бўлган воқеани бир бошдан ҳикоя қилсак, ким ҳақ ва ким ноҳақ эканини зукко ўқувчиларимиз ўзлари ажрим қилиб олишар…
18. 
Тўқсонинчи йилларнинг бошида ўз бетакрор овози билан санъат оламида анчагина танилиб қолган Моҳирани Президентнинг қудаси Абдурауф Мақсудий ва Олий раҳбариятнинг баъзи мулозимлари ўз давралари ва ўтиришларига – тор доирадаги зиёфатларига таклиф қилиб туришарди.
Раҳбарлар ҳам одам, улар учун ҳам оддий инсоний қувончлар бегона эмас, ахир.
Моҳира бундай ўтиришларда ўз санъатини намойиш этиб, кўпчиликнинг олқишини оларди.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир гал Абдурауф Мақсудийнинг “Дўрмон” резиденциясига туташ коттежида ўтириш бўлди. Биз – Президентнинг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов, Ўзбекистон халқ депутати Нурали Қобул ва мен зиёфатда бирга эдик.
Ўша ерда Моҳира ашула айтди. Жуда ширин давра бўлди. Маданият ва санъат ҳақида, адабиёт ҳақида суҳбатлашдик.
Сиёсатни эсламадик…
19. 
Кейинги гал Моҳира Мавлон Умрзоқов даврасида ҳам бир икки марта ашула айтди.
Раҳбарлар уни ҳурмат қилишар, обрў эътиборини жойига қўйишарди. Чунки Моҳиранинг ўзи асли камтар ва камсуқум қиз. У ҳеч қачон беҳаёлик ва беодоблик қилмаган, аксинча, ҳамиша ўзини ва ҳурматини биларди.
Бу давраларда Моҳирадан ташқари Насиба Сатторова ва Аҳмаджон Дадаев каби санъаткорларни ҳам тез-тез учратиш мумкин эди.
1994 йилнинг 26 июль куни мени, кейин Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов дохил яна беш олти Олий раҳбарият мулозимларини ҳибсга олишди. Олти ой ўтиб, Ўзбекистон Олий маҳкамаси бизни суд қилди.
Судга қадар эса терговчилар мендан ҳатто Моҳирани Умрзоқовнинг ўйнаши деб ёзиб беришимни бир неча бор талаб қилишган лекин мен Моҳирадай ҳалол ва покиза қизга тўҳмат қилолмаслигимни уларга қайта ва қайта айтишга мажбур бўлган эдим.
Қолаверса, Мавлон ака ҳам Моҳирани ўз синглисидай кўрарди. Уларнинг орасида ҳеч гап бўлмаганини мен яхши билардим.
Мазкур маҳкама жараёнида Моҳира Асадова ҳам иштирок этиб, Олий Суднинг ўзи учун ноқулай бўлган жуда кўп асоссиз ва бемаъни саволларига жавоб берган эди.
Мавлон Умрзоқов ҳибсга олинганидан кейин унинг ўрнига Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган Темур Алимов терговчиларга – Моҳирадан Умрзоқов ўйнаши образини яратишни талаб қилганини биз яхши билардик.
Мавлон Умрзоқовни кўп нарсада айблаш мумкин. Лекин Моҳира Асадова масаласидаги гап сўзлар бўҳтондан бошқа нарса эмас…
 20.
Менинг ушбу хотираларимни ўқиган ўқувчи ўйлаши мумкин: Хўш, Умрзоқов билан Моҳира орасида ҳеч гап бўлмаса, нега бундай гап сўз ўрмалаб қолди деб.
Ҳар бир инсонда бир қусур бўлади. Мавлон аканинг санъатсевар табиати бор. Унинг оқкўнгиллиги шунгача бориб етдики, пойтахтдаги Юнус Обод туман ҳокимига Моҳирани квартира билан таъминлаш топшириғини беради.
Ана шу беминнат оқкўнгиллик Умрзоқовга панд берди. Худди шу масала – улар орасидаги шубҳали алоқаларнинг манбаи бўлиб қолди…
Ҳоким Рустам Калонов судда иштирок этиб, давлат маслаҳатчиси Умрзоқов топшириғи асосида Моҳирага уй бериш ҳақида топшириқ олганини, лекин бу масала ҳали ҳал бўлмаганини айтса ҳам, суд буни эътиборга олмади.
Чунки бу ишни назоратда ушлаб турган Давлат маслаҳатчиси Тимур Алимовга айнан шу гап керак эди. Моҳирадан Умрзоқов ўйнаши образини яратиш ва буни зудлик билан президентга етказиш учун бу олий мартабали юзсизлар ҳеч нарсадан қайтишмади.
Уйнинг ўзи тугул, калитини ҳам қўлига олмаган Моҳира мана 20 йилдирки, “емаган сомса учун пул тўлаб”, санъат саҳнасидан  мосуво бўлиб юрибди.
Телевидения эшиклари унинг учун ёпиб қўйилган.
Бу иғво ва тўҳматни уюштирган Тимур Алимов ўлиб кетди ҳамки, унинг ифлос фитнасини Президентга айтиб, Моҳиранинг ҳалол ва пок номини тиклаб, уни зангори экранга ва катта санъат саҳнасига  қайтариш ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўрмайди…
21. 
Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтиб ўтишни истардик.
Моҳира жуда чиройли, гўзал қиз. Бунинг устига истеъдодли хонанда. Санъат даргоҳида эса чиройли ва истеъдодли қизларнинг дўсти билан бир қаторда, ғаними ҳам кўп бўлади. Табиийки, улар ҳақида турли туман миш мишлар ҳам доим бўлган.
Одатда, санъат дргоҳидаги нозанин ва санамлар ҳақида аксар ҳолларда салбий гаплар кўп айтилади. Уларни “ҳамма билан юради” деб башорат қилишади.
Мен бугун олис Канададан туриб, санъаткорлар ҳақидаги ана шу  бемаъни гап-сўзларга зарба беришни истардим.
Ўзим шахсан таниган ва билган, дўст ва ҳамсуҳбат бўлган санъат оламидаги Замира Суюнова, Моҳира Асадова, Зулайҳо Бойхонова, Мавлуда Асалхўжаева, Юлдуз Усмонова, Малика Аҳмедоваларнинг ҳар бири ҳақида – уларнинг ҳалол ва покизалиги, нафақат қалбан, балки  маънан ҳам гўзал ва иффатли экани ҳақида тўлиб тошиб ҳикоя қилишим мумкин.
Уларнинг ҳар бири – ўзбек санъати боғидаги гул ғунчадир. Уларнинг ҳаё ва ибоси – юрагида тугунчадир. Бу тугунни улай булай одам, минг уринса ҳам, минг каромат кўрсатса ҳам –  ечолмаслиги мумкин…
Шу ўринда яна бир гап.
Санъаткорнинг ҳаётини афсуски, ҳамма ҳам тушунавермайди. Улар истайсизми – йўқми,   халқ кўзи олдида оммавий саҳналарда ўз санъатини намойиш қилишга мажбур.
Санъат эса аксар ҳолларда қурбонсиз бўлмайди. У баъзан санъаткорни ўзидан воз кечишга ҳам мажбур қилади. Санъат ва саҳна ҳаққи ҳурмати – санъаткор кулиши, йиғлаши ва баъзан жилва-ю, мақом ҳам қилиши мумкин. Булар санъат учун ман қилинмаган.
Санъаткор жилва қилса, кимдир уни нотўғри тушуниши ва бемаъни хаёлларга ҳам бориши табиий.
Ҳолбуки, санъаткор қиз саҳнада туриб, минглаб мана ман деган эркакларнинг ўтли ва оловли нигоҳига, интим туйғуларига сазовор бўлиши мумкин. Лекин айни пайтда, у бундай олиймақом томошаларга киролмайдиган оддий ва камбағал йигитнинг биргина нигоҳига зор бўлиб яшаб юрган бўлиши ҳам мумкин.
Уларнинг дунёси шунақа сирли тилсимлардан иборат.  Ҳамма ҳам тушуниб, англаб етавермайди…
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. Мабодо, Моҳира бировга кўнгил қўйди ҳам дейлик. Бу унинг шахсий иши эмас-ми?
У  тарки дунё қилиб, монастрга кириб олган, монашка эмас-ку.
Санъаткорларнинг ўзи тугул, уларнинг интим туйғуларини ҳам назорат қилишга нега бунча ўч бўлмаса бизнинг жамият…
22. 
Умрзоқовнинг ўрнига Давлат маслаҳатчиси бўлиб келган нопок кимсалар унинг номини   қора қилиш учун Мавлон аканинг тўшагини титиб, миш миш ва ўйдирмадан иборат   тўҳматномани унга ёпиштирмоқчи бўлишди.
Моҳира Олий суднинг ҳамма саволларига ёруғ юз билан, кўзларига тик қараб,  мардонавор туриб жавоб берди. У ўзига  қўйилган барча бемаъни ва тутуруқсиз айбловларни инкор этди.
Лекин маҳкама барибир ўз фикрида қолди. Ўзбекистонда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Бизда суд – ҳамиша ҳақ, судланувчи ва ё гумондор эса – доим айбдор бўлади.
Бугун орадан йигирма йил ўтиб кетса ҳам, Анҳор бўйидаги Олий суд маҳкамаси жойлашган бино полларини каблукаси билан чертиб: “тақ туқ”, “ тақ туқ” этиб,  маҳкама рўпарасида ҳозир бўлган Моҳиранинг минг бир ҳайрат ва ҳасрат билан бизга – панжара ичида мўлтираб ўтирган собиқ мулозимларга боққан маъюс ва зирқираган нигоҳлари кўз ўнгимда муҳрланиб қолган.
Ўшандан бўён Моҳира санъат саҳнасидан мосуво қилинди. Гулдай тоза ва покиза бир қиз ноҳақ тўҳмат ва бўҳтонлар қурбонига айланди.
Йигирма йилдирки, Ўзбекистон Олий раҳбариятидан бирор киши бу хатони тўғрилаш устида бош қотирмайди. Ҳолбуки, уларнинг кўпчилиги Моҳира ноҳақ тўҳматга қолганини яхши билади.
Лекин ҳеч ким бу адолатсизликка барҳам бериш ва йигирма йилдан кейин бўлса ҳам – адолатни тиклаш ҳақида ўйлаб кўрмайди…
 23.
Ёки худо берган овоз соҳибаси, арея саҳнаси булбули  Муяссар Раззоқовага нисбатан сўнгги йилларда олиб борилаётган тазйиқ ва тўсиқларни қандай баҳолаш мумкин?
Муяссарнинг овозини бугун бутун дунё билади. У ҳақли равишда ўзбек опера санъатининг маликаси деб тан олинган. У  Италия, Германия, Австрия, Латвия, Венгрия, Туркия, Шимолий Корея ва Қоҳира каби халқаро опера санъати анжуманларида ғолибликни қўлга киритиб, Ўзбекистон санъати довруғини оламга ёйган эди.
Муяссар кейинги йигирма беш йил – Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театрида фаолият олиб борди. Бугун эса унинг учун таеатр эшиклари ёпиб қўйилди. Нега бундай бўлди?
Умуман, театр директорининг вазифаси ўзи нима?
Театрларда талантлар ўзъаро келишмаса, уларни муросада ушлаб турадиган одам – бу директор. У санъаткорларнинг бошини қовуштириб, таеатр фаолиятини йўлга қўядиган администратор одам ҳисобланади.
Унинг асосий вазифаси мана шундан иборат.
Театр директорлари келаверади ва кетаверади. Лекин Муяссарлар ягона, ёлғиз.
Навоий театрини кўтариб турган Муяссар каби таниқли санъаткорлар илгари ҳеч қачон бадарға қилинмаган.
Қолаверса, бу каби истеъдодлар ҳар ёмғирда ўсиб чиқадиган қўзиқорин эмас. Улар юз йилда бир марта туғилади. Бунинг қадрига етиш керак.
Яқинларгача Марказий Осиёдаги ягона опера санъати маркази бўлган Навоий театрини кейинги пайтда кўплаб таниқли қўшиқчилар тарк этаётгани Маданият вазирлиги мутасаддилари ва мамлакат Олий раҳбариятида мазкур соҳага алоқадор арбобларни нега ташвишлантирмай қўйди?
Ахир Ўзбекистон саънат саҳнаси – қайсидир давлат арбобининг катта холасидан қолган шахсий чорбоғи эмас-ку, бу боғда истаган номаъқулчилигини қилаверса. Бунга чек қўйиш пайти келмадимикан?
24. 
“Театр раҳбарлари келаверади ва кетаверади” деган гапимиз баробарида яна бир ҳақиқатни ҳам айтиб ўтишимиз керак.
Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театри раҳбарининг нуфузи асалида – Маданият вазири нуфузидан баланд бўлса борки, лекин кам эмас.
Илгариги даврда Навоий театри директори бўлиб ишлаган Мухтор Ашрафий ва Бернора Қориеваларни  Шароф Рашидов шахсан тайинлаган.  Галия Измайлова каби истеъдодлар – республика фахри ҳисобланган. Театр фаолиятини ҳам Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари шахсан назорат қилган. Ана шундай олий мақомга эга бўлган бу театр.
Шу билан бирга Навоий Академик театрининг халқаро аҳамияти борлигини ҳам айтиб ўтишни истардим. У , агар таъбир жоиз бўлса, бизнинг маданиятимиз даражасини дунё миқёсида кўрсатиб турадиган олтин мезондир.
Москвадаги Большой театр бошқарув ҳаёъати ва раҳбарини Россия Президенти шахсан тайинлагани каби, Навоий номли Академик катта театр раҳбариятини ҳам Ўзбекистон президенти ўзи тайинлаб, ўзи назоратга олиши керак…
25. 
Ижодий уюшмалар ичида сиёсатга фидойилик билан  энг кўп хизмат қилиб, охир оқибат унинг оёғи остида хор бўладиган яна бир шўрпешона уюшма бор. Бу – журналистлар уюшмасидир.
Кейинги йилларда иш ва ижоддан дарак бўлмаса-да, лекин турли байрам ва тантаналар арафасида отнинг калласидек мукофотлар улашиш бу уюшманинг энг асосий ва Бош вазифсига айланиб қолган.
Мукофотларнинг номи ҳам ваҳимали ва ҳайратли. Улардан бири – “Олтин қалам” деб аталади.  Мустақиллик давридан бўён “Олтин қалам” ушлаганлар ҳам уч юз (300) га бориб қолди. Лекин бирорта “Олтин қалам”дан каромат кўрмади халқ, улардан бирортасини танимайди ҳам. Ўтган қатор йилларда гуруҳ гуруҳ “Олтин қалам” соҳиблари мукофот олишди.
Умрида оддий бир қаламни ҳам ушлаб кўрмаган Шерзод Ғуломов уюшма атрофидаги қарсакбозлардан иборат бўлган ўзининг садоқатли мухлисларига “Олтин қалам” улашиб чиқди.
Бизда ўз фаолиятини туппа тузук олиб бораётган ҳар қандай ижодий  уюшма ҳам, худо кўрсатмасин, сиёсатга аралашган заҳоти – тегирмон тошининг остига тушган ундай майдаланиб кетади.
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ҳам ана шу тоталитар сиёсатнинг қурбони бўлди.
Совет замонида озми кўпми қадр қиммат топган журналистлар йўқ эмас эди. Лекин мустақиллик даврида бирорта ҳам журналистга – елкасига тўн ёпилиб, эсон омон пенсияга чиқиб, кексалик гаштини суриш насиб этмади
Ваҳоланки, совет даврида шаклланиб, мустақиллик йилларида ўзбек матбуоти байроғини собиқ иттифоқ миқёсида баланд кўтара олган Аҳмаджон Мухторовдек бетакрор журналист –  ўзбек журналистикаси тарихида йўқ эди. У тутириқсиз ўзбек сиёсатининг қурбони бўлди.
У Ўзбекистон журналистлар союзига кўп йиллар раҳбарлик қилган, ўз салоҳиятига кўра  СССР Олий Совети депутатлигига сайланган, истеъдодли арбоб эди.
Ўзбекистонда илк бор мустақил ўзбек матбуоти бешикларидан бири – “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарини очган ва уларнинг биринчи Бош муҳаррири бўлган Аҳмаджон Мухторов  ўзининг бетакрор таланти ва қобилиятига яраша иззат ҳурмат кўрмай, хорликда вафот этди.
Бу ҳам етмагандек, марҳум журналист бугун ҳукумат томонидан тамомила унутилди…
26. 
Бизда айрим журналист ва хонандаларнинг  жуда нархи паст. Ижодий уюшмалар сиёсатнинг қулига айланиб қолганини афсус ва надоматлар билан эслаймиз. Ленин ҳақидаги ролларни қанчадан қача актёрлар маҳорат билан ўйнади.  Лекин на Ленин ва на актёрлардан бугунга келиб ҳеч нарса қолмади.
Олим Хўжаев билан Шукур Бурҳоновлар ҳам Ленини ўйнашди. Бу ролни ўйнаш шу қадар мароқли ва фахрли эди. Лекин уларнинг ҳеч биридан на Ленин чиқди, на уларнинг истеъдоди ва меҳнати рўёбга чиқди.
Зикир Муҳаммаджонов “Малая земля”да Брежнев ролини ўйнади. Ўзбек саҳнаси ўз тарихида не не кўргиликларни бошидан ўтказмади дейсиз. Томошабинни театрга молдай ҳайдаб келишарди. Рашидов бир гал ҳатто Брежневнинг ўзини ҳам театрга олиб келган.  Зикир Муҳаммаджонов ўшанда айнан Брежнев келганда қўпол хато қилиб, Рашидовни хижолатга қўйган эди.
Лекин бағри кенг Брежнев ҳам, Рашидов ҳам дакки беришмади, аксинча, санъаткорнинг елкасига қоқиб, унга янги омадлар тилаб хайрлашишди. Бу ҳақда кейинчалик Зикир Муҳаммаджонов Рашидовни хотирлаб ёзган китобларида мароқ билан ҳикоя қилган…
Мустақиллик даврида “Куйла Санобар” фильмида кашф этилгани каби бирорта ҳам санъаткор кашф этилмади.
Совет даврида Зулфия мукофотини олганлар юздан ошди, лекин улардан бирорта ҳам на Зулфия, на Мукаррама Турғунбоева ва на Ҳалима Носировалар чиқмади…
27.
Бизда умуман санъат ва маданият  арбоблари фақат ўз соҳалари билан ўралашиб  қолган. Ваҳоланки, ўтмишга назар солсак, Навоий ҳаммага бирдек таъриф бериб, барча қатлам вакилларини хон ва сарой атрофида бирлаштиришдек улуғ ва муборак ишга қўл урганини кўрамиз. Навоий, таъбир жоиз бўлса – шоҳ ёнида туриб, ҳамжиҳатлик ва иттифоқлик ғоясига хизмат қилган.
Навоий қанотида, масалан, Камолддин Беҳзод ўсиб чиқди.
Навоийдан кейин бу вазифани қисман Усмон Юсупов ва асосан Шароф Рашидовлар амалга ошириб, юксак поғонага кўтаришди.
Маълум бир давр – адабиёт, санъат ва маданият арбобларига Ислом ака ҳам яқин эди. Лекин кейинги даврда ўртада қандайдир қора ботирлар пайдо бўлди.
Ҳозирга қадар Ўзбекистон Олий раҳбариятида адабиёт ва санъат намоёндаларини Президентдан узоқлаштириш тенденцияси тобора авж олиб бормоқда. Бунга мисоллар тўлиб тошиб ётибди.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг талантли ва бетакрор истеъдод соҳиблари, маданият арбоблари ҳатто қувғин ва таъқиб даражасида эканлигини қандай баҳолаш мумкин?
Ўз даврида Озод Шарофуддиновга олий мукофот берилгани давлат ва ҳукуматнинг адабиёт аҳлига – зиёлиларга бўлган эътибори ва ғамхўрлигидан дарак эди. Лекин адабиёт битта Озод акадан иборат эмас-ку. Қолганлар умуман эсланмади ва баҳоланмади ҳам.
Ҳатто Озод акага устозлик даражасида бўлган Ҳамид Сулаймон, Азиз Қаюмов, Абдуқодир Ҳайитметов, Матёқуб Қўшчонов, Фозила Сулаймонова, Тўра Мирзолар мустақиллик йилларида умуман эсланмади. Эътибордан четда қолди. Ҳолбуки улар – Ўзбекистон маданият ва санъатининг эл тан олган ҳақиқий арбоблари  даражасига чиқадиган сиймолар эди.
Маданий ҳаётимиздаги ана шу адолатсизликлар ҳақида ўйлаганимда, беихтиёр Матёқуб Қўшчоновнинг “Ҳаёт бошқа, хаёл бошқа” деб номланган машҳур бир асари ёдимга тушади.
Узоқни кўра билиб, нақадар донишмандлик билан айтилган сўзлар…
28. 
Совет даври халқ тан олган маданият арбобларидан фойдаланишни ҳам, уларнинг номини улуғлашни ҳам яхши биларди. Мухтор Ашрафий ва Юнус Ражабий кўчаси, Шукур Бурҳонов ва Олим Хўжаев маҳалласи бор эди.
Лекин бугун қайси маданият ва санъат арбобининг номи абадийлаштириш даражасигача етади деб ўйлаш мумкин. Уларнинг аксарияти – тириги – кўчада, хор ва зорлик гирдобида қолиб кетишди.
Ниҳоятда камтар ва камсуқум инсон бўлган Жуманиёз Жабборовлар бир умр ишлаб, умрининг охирги йилларида кўчага улоқтирилди. Ҳолбуки у – “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби”, таниқли шоир эди.
Шукрилло умрининг энг гуллаган даврини совет турмаларида ўтказди. Қайтиб келиб, энди қаерга боришини ҳам билмайди. Телевидения эшиклари ёпиқ.  Юқорида айтдик, яна айтамиз:  унинг обрўсидан мустақиллик йилларининг бошларида роса фойдаландик. Президент советига аъзо ҳам қилдик. Энди уй турмасида ўтирибди…
Одил Ёқубов умрининг сўнгги йилларини таҳқир ва таъқибда ўтказди. “Ўзбекистон Қаҳрамони” бўлиши лозим ва шарт бўлган улуғ ёзувчининг қадрига етмадик.
Тоғай Мурод, Рауф Парфи, Шукур Холмирзаевлар хор-зор бўлиб ўлиб кетишди…
29. 
Мени бугун олис Канадада ҳам бир савол мудом қийнаб келади:
Маданият ва санъат  арбобларининг энг талантли намоёндаларига нега бугун Ўзбекистонда кун йўқ?
Сиёсий арбобларга бизда кун йўқлигини яхши билардик. Бунга қайсидир маънода кўникиб ҳам қолгандик. Чунончи, чорак аср бирорта ҳам сиёсий арбоб етишиб чиқишига йўл қўймадик.  Бунга мисоллар жуда кўп.
Биргина Шукрилла Мирсаидовнинг аламли ва фожеали тақдири – фикримизнинг исботи учун етарли бўлса керак. Бошқаларни гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Лекин биз давлатнинг бу бемаъни ва тутуриқсиз, зарарли ва ҳалокатли сиёсатига аллақачон кўникдик.
Ҳолбуки, ёлғиз бир дарахтдан – ўрмон пайдо бўлмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз…
30. 
Нима, маданият ва санъат арбобларига ҳам худди шундай қонун ва қоида тадбиқ этилганми?
Ўзбекистоннинг бирорта Маданият вазирини – унинг думини ва патини юлмасдан пенсияга эсон омон чиқара оламизми?
Нима, бизда маданият арбоби бўладиган муносиб кишилар йўқми?
Кейинги уч-тўрт йилда беш олти вазир алмашганини қандай изоҳлаш мумкин?
Файласуф олим Наим Ғойибов ўз даврида Маданият вазири бўлган.  У киши бу соҳага жуда муносиб, яхши одам эди.  Кўчага улоқтирилди. Милиция академиясига бориб дарс бериб юрди.
Ундан кейин Эркин Ҳайитбоев вазир бўлди. У бу соҳага Ўзбекистон телевидения раҳбарлигидан келган эди.  Маданият вазирлигидан у ҳам кўчага улоқтирилди.
Ундан кейин Қурбонов бўлди. У бир пайтлар Тошкент горкомида “орг отдел” мудири эди. Қурбоновдан  кейин Турсунали Қўзиев тайинланди. Уларнинг ҳам вазирлиги кўпга бормади.
Кейинги Маданият вазирлари  Алишер Азизхўжаев, Анвар Жабборовларнинг қисмати эса аламли ва фожеали якун топди…
31. 
Бугун Ўзбекистондаги мавжуд давлатчилик тизимига кўра маданият соҳаси алоҳида вазирлик билан бошқарилади. Қолаверса, вазирлик устида яна бир олий маҳкама – Вазирлар Маҳкамаси (КабМин) дек ваҳимали бир идора турибди. Унда Бош вазирнинг ўринбосарларидан бири – маданият вазирлиги билан алоҳида шуғулланади.
Агар давлатчилик тизимининг янада юқорироқ поғонасига қарасангиз, бош вазирнинг ўзи ҳам бу вазифага масъул. Энди шу билан тугади деб ўйламанг.  Бу мамлакатда Маданият вазирлиги билан бевосита шуғулланадиган яна бир кўринмас қудрат бор.  Бу қудрат соҳиблари – Президентнинг давлат маслаҳатчиларидир. Улар республикадаги жамики соҳа муваффақиятини “менинг хизматим” деб довруғ солишади. Лекин ўзлари масул бўлган соҳанинг чўкиб кетган томонларини эса фақат бошқаларнинг елкасига ортиш билан овора бўлишади.
Бугун Ўзбекистондаги қай бир санъаткор кўксига у ёки бу унвонни тақишдан тортиб, уни ойнаи жаҳонга чиқариш, тантана ва концертда иштирок этишига қадар – давлат маслаҳатчиси Хайриддиннинг ижозатисиз бирор бир зот, ҳаттоки вазир ҳам “пешка” эканлигини ҳамма ҳам билавермайди.
(Биз Хайриддин масаласига алоҳида ва бафуржа яна қайтамиз)
Бироқ, жамики ютуқлар давлат маслаҳатчисиники бўлгани каб, барча “хатоликлар” вазирнинг елкасига келиб тушади. Охир оқибат ҳар йили байрамга етар етмас ёки байрамдан ўтар ўтмас вазир қурбонликка келтирилаверади…
Бу гал ҳам шундай бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас…
32.
Ўзбекистондаги қўнимсиз вазирликлар ҳақида гапирганда  фақат маданият вазирлигини тилга олиш адолатдан эмас.
Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳам ўта қўнимсиз вазирлик. Биз бу вазирлик фаолиятига ҳали қайтамиз.
Лекин  Маданият вазирлигига бу қадар катта эътибор қаратганимизда ҳам аслида жон бор.
Негаки,  маданият вазирлиги бошқа давлатларда катта нуфузга эга. Ҳали Брежнев  давридаёқ катта санъат даргоҳига кириб келган Алла Пугачева ва Иосиф Кобзонлар ҳануз Россияда (жумладан дунёда ҳам)  маълум ва машҳур.
Бу орада беш – олти давлат раҳбарлари сиёсат саҳнига келиб кетди. Лекин уларнинг ҳаммаси, ким бўлишидан қатъий назар, Пугачева билан Кобзоннинг оғзига қараб туришди.
Бу борада Биринчи Россия Президенти айтган гап жуда  аҳамиятлидир: “Борис Ельцинни эслашганда “Пугачева давридаги раҳбар” деб эслашади…
33. 
Энди бевосита Ўзбекистонда – Маданият вазирлиги даражасидаги яна бир қўнимсиз вазирлик – Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қайтсак.
Масалан, Норбек Қаюмов – “Дўстлик” районида ҳоким эди. Бирдан министр бўлиб, бир йил ишлади.   Мен у кишини яхши танирдим. Оғир, босиқ, мулоҳазали ва донишманд одам эди.
Фарғона обкомининг биринчи секретари Муҳиддинов икки ой ишлади, холос. Кучли одам эди. Деҳқончиликни яхши биларди.
Лекин бизда ўз соҳасини яхши билган, профессионаллар эмас, балки “хўжаси”нинг  кўнглини топа оладиган мошенниклар керак шекилли, Қаюмов ҳам, муҳиддинов ҳам вазир бўлиб кўп ишлай олишмади. Аниқроғи ишлагани қўйишмади…
Аслини олганда, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигини – Ўзбекистон учун вилоят ҳокимлари етиштириб берадиган “инкубатор”га қиёслаш мумкин.
Мустақиллик йилларида бу вазирлик курсисига 20-30 одам келиб кетди. Буларнинг ичида академик Расулмат Хусанов ва Эркин Турдиевич Шайхов  каби ўз соҳасининг етук ва билимдон мутахассислари ҳам йўқ бўлиб кетишди. Бир сўз билан айтганда улар ўз ўрнидаги вазирлар эди.
Ваҳоланки, совет даврида – Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги билимдони ва мутахассиси сифатида   Нормуҳаммад Жўраевич Худойбердиев,   Эркин Турдиевич Шайхов ва Карим Қодирович Уркинбоевларнинг номи бутун иттифоққа маълум эди…
34. 
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларининг қурултойи деган деҳқонларнинг байрами бор эди.
Қурултой – янги йилнинг режаларини тузиб берарди. Бу анжуманда айтилган гап мамлакат деҳқонлари учун қонун эди.
Ҳали ҳануз ажиб бир армон билан эслаб юраман. Саксонинчи йилларнинг охири – тўқсонинчи йиллар бошида биз журналистлар ҳам Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларининг Қурултойини сабрсизлик билан кутардик.
Ҳеч эсимдан чиқмайди: Анжуман иштирокчилари ва меҳмонлари учун махсус талон бериларди. Биз бу талон билан ҳукумат қошидаги махсус магазинларга бориб, энг арзон нархдаги ноёб ва тансиқ молларни харид қилардик.
Мустақиллик йилларида биз нафақат таниқли арбобларни, балки чуқур анъана ва қадриятга эга бўлган азалий маросим ва байрамларни ҳам таг-туги билан қўпориб ташладик.
Жумладан, юқоррида армон билан тилга олган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илғорларининг қурултойини ҳам йўқ қилдик. Бу деҳқонларнинг энг олий йиғилиши, муборак анжумани эди. Шуларни йўқ қилдик.
Пахта, пилла, қора кўл ва бошқа ер ости қазилма бойликларига оид  ажбурият ва план деган муқаддас тушунчалар бор эди.
Бундай мажбуририятлар қурултойда кўрилиб, қонун даражасини кашф этарди…
35. 
Бугун мустақиллик даврига келиб  бизда планлаштириш рад этилган деймизу, бироқ, ҳукмдорлик асосида ҳамма соҳанинг ҳам ўз “план ва мажбурияти” бор. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Фақат бу план ким томонидан ва қандай белгиланганини англаш қийин, холос.
Ҳатто, унинг бажарилиш жараёни ҳам худди шундай сансалор бўлади.
Биргина мисол,  Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда пахта тайёрлаш плани 3,5 миллион тонна атрофида белгиланган эди. Уни бажариш эса йилдан йилга қийинлашиб бораяпти. Пахта сафарбарлигини эса айтиб ўтирмаса ҳам бўлади.
Бу сафарбарлик – Улуғ Ватан уруши  давридаги сафарбарлик даражасига қадар кўтарилган. Унинг баъзи мажбурий қирралари эса – ҳатто  уруш даражасидан ҳам ошиб тушяпти. Чунончи, мана иккинчи йилдирки, мактабларнинг ўқувчиси – мактабда, ўқитувчиси – пахта даласида.
Бу умуман ҳеч бир рамкага тушмайди. Қолаверса, уруш йилларида ҳам мактуб ўқитувчиси урушдан озод этилиш ордерига эга бўлган. Ўқитувчига шахсан Сталин томонидан ана шунда йимтиёз берилган. Бугун эса ўқитувчи пахта даласидан чиқмай қолди…
Қаерда қандай  сафарбарлик бўлса, тегирмон тоши биринчи навбатда ўқитувчининг бошида айланади…
36.  
Совет даврида туппа тузук ишлаб турган айрим вазирликлар мустақиллик даврида умуман тугатилиб юборилди. Бугун қишлоқдаги оддий ковушни ҳам шаҳарга олиб бориб ясаб келишади.
Усмон Юсупов даврида ташкил этилган ва Ўзбекистон аҳолисининг жонига оро кирган Республика маҳаллий саноат вазирлиги ҳам тугатиб юборилди. Бу умуман нотўғри бўлган.
Одамларнинг уйларида гилам цехлари бор эди. Тоғли районларда гилам цехлари ривожланган эди. Ғаллаорол ва Жиззахда тўқилган қолин гиламлар донғи Европага етиб борарди. Уларни фақат валютада сотиш мумкин эди.
Ҳозир бу гиламлар ҳам, цехлар ҳам йўқ. Қишлоқдаги ғишт заводлари, нонвойхоналар бор эди. Энди улардан ҳам асар қолмади.
Биз бугун қишлоқларни ишсизлик муаммосига мубтало қилдик. Тарихда бу вазирликка асос солиниши –  собиқ Минстрлар совети раиси Усмон Юсупов ва Абдужаббор Абдураҳмоновлар номи билан боғлиқ.
Маҳаллик саноат вазирлиги ўз даврида агропромларга жуда қўл келди.  Сариосио ва Попдаги рўмоллар фабрикаси Оренбург рўмоллари билан баҳслаша бошлади. Улар Ўзбекистонда фақат ЦКнинг магазинларида бўларди.
Бу ноёб рўмолларни Қурултой иштирокчилари ва меҳмонларига тансиқ совға сифатида тарқатишарди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш ҳам маҳаллик саноат вазирлигига қарарди. Қуритиш ва қадоқлаш катта йўлга қўйилаётган эди. Бу катта истиқболга эга вазирлик эди. Ўйлаб нетмай уни тугатиб юборишди. Бу жуда катта хато бўлди…
37. 
Пахтани одатда қишлоқ йиғиштиради. Уни йиғиб-териб, пахта заводларига бериш учун шаҳарга борамиз. Нега қишлоқдаги пахта пунктлари қошида очиш мумкин эмас шу заводларни.
Мустақиллик йилларида тилга тушган бирорта қишлоқ корхонасини айтиш мумкинми?
Бугун ҳам Ўзбекистоннинг асосий маҳсулоти – пахта бўлса, ҳануз унинг 80 фойизини чет элга сотамиз. Тола сотиш бўйича дунёда биринчи ўриндамиз.
Бу бемаъни биринчилик – токайгача шўрлик ўзбекнинг пешонасига ёзиб қўйилган. Агар шу толанинг  50 фойизини ўзимиз қайта ишлаб пировард маҳсулот даражасига етказа олсак, бутун қишлоқларимиз аҳолисини – юз фойиз иш билан таъминлай олган бўлардик.
Пахтадан бичилган бир туркий кўйлаги Тошкент отчопарада 150 минг сўмга қадар баҳоланиб турганлигини қандай тушуниш мумкин?
Ваҳоланки, бир дона кўйлакка атиги 80-70 грамм пахта толаси керак. Ҳатто 100 грамма ҳам эмас. Бир кило пахта толасидан – 15 та эркаклар кўйлаги ишлаб чиқариш мумкин…
Мустақиллик даврига келиб Виктор Чжен бу соҳани юқори даражага кўтарди. Бу меҳнатлари эвазига Бош вазир ўринбосари бўлди.
Лекин кўп ўтмай вазирлик соҳа поҳаси билан йўқ қилиб юборилди…
38. 
Майли, Ўзбекистондаги қўнимсиз вазирликлар хусусида гапираман десак гап кўп. Бугунги ўз мавзуимиз – Маданият вазирлигига қайта қолайлик.
Яқинда Ўзбекистонда Парламент ва Сенат таркиби ўзгарди. Лекин минг афсуски, элимизнинг таниқли ва ардоқли санъаткорлари юртимизнинг Олий сайлов идораларида кўринмайди.
Бугун Сенатда бир иккита санъаткор ўтирса бўлмасмиди?
Гулчеҳра Жамилова, Ўлмас Алихўжаевларни биз ҳануз “Ўтган кунлар” фильмидаги бетакрор роллари орқали биламиз ва яхши кўрамиз. Ўтган қатор йиллар давомида Кумуш ва Отабекдан бошқа муносиб ва дуруст рол бўлмагани учун улар бошқа бирор жойга бош суқишмади.
Жавлон Умарбеков билан Баҳодир Жалоловни маданият ва санъат арбоби қилиб кўтариш мумкин-ку.
Ўз даврида Раҳим Аҳмедов Ўзбекистонда тирик арбоблар галареясини яратган эди. Уларни бутун халқ танирди. Улар ўзбек маданияти ва санъатининг ўлмас мактабини яратишган эди.
Биз эса мактаб пойдеворини қурмай, борини ҳам бузиш билан оворамиз…
39. 
Нега бугун “Куйла, Санобар!” ҳужжатли фильми каби кашфиётларимиз йўқ. Мустақил Ўзбекистонда Санобарлар бугун йўқ деб ўйлайсизми?
Бор, албатта. Фақат уларни кўриш учун маданият ва санъат мулозимларида дид ва фаросат, профессионал бурч ва масъулият бўлиши керак.
Совет даври ҳам бу борада хато ва нухсонлардан холи эмас эди.
Шароф Рашидов муайян даврда – Комилжон Отаниёзов, Фахриддин Умаров ва Олмахон Ҳайитовалар шахсига нисбатан қилинган ноҳақликлар учун афсусланган.
Умр йўлдоши Хурсандой опанинг гувоҳлик беришича, Рашидов умрининг охирида саъат соҳасидаги бу адолатсизликлар учун қаттиқ азият чеккан экан…
Умуман, маданият ва санъат намоёндаларини қўллаб қувватлаш, уларни турли бало қазо ва иғволардан авайлаб асраш кўп жиҳатдан мамлакатнинг биринчи шахсига бориб тақалади.
Вазирлар келади кетади. Уларнинг аксарияти Маданият ва Санъат арбобларининг бурнини қонатиб, кетаяпти.   Улардан қолаётган шалтоқ  –  мамлакат раҳбари шаънига доғ бўлиб тушяпти.
Ўз ўрнига таниш билишчилик туфайли тасодифий келиб қолган маданият вазирларининг  санъат вакилларига қилаётган бу адолатсизлик ва ноҳақликлари  алал оқибат – Биринчи шахс елкасида қоладиган энг катта ва кечирилмас маломатдир…
 40.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.
Фарруҳ, Юлдуз, Шерали, Севара – бутун миллатнинг гултожи бўлса-ю, маданият вазирлиги эшигини улар учун тақа тақ ёпиб қўйсак. Мен учун мутлақо сирли жумбоқ бу.
Маданият вазирлиги сон жиҳатидан кичик бир идора эмас. Бу соҳада юз минглаб корчалонлар ишлайди. Вазирлик орбитасида миллион миллион пул айланади.
Лекин, мабодо, Ўзбекистон маданият вазирлигининг ярим миллионлик мулозимлар армиясини, масалан, дейлик,  “Пахтакор” стадионига жамлаб, кўрсат санъатингни десак, уни томошо қилгани бирор дона томошабин келармикан?
Ёки бошқасини қўя тураверинг, Маданият вазирининг ўзи билан бирор театрда учрашув уюштирилса,  у билан учрашиш орзусида  бирор бир тмошобин теартга бош суқармикан?
Афсуски, маданият вазирлиги каби бошқа кўпгина вазирликлар ҳам ўзларининг асосий куч ва қудартини вазирлик корчалонлари ва мулозимларида деб билишади.
Ваҳоланки, ҳар қандай маҳкаманинг обрў эътибори ва куч-қудратини унинг  корчалонлари эмас, балки олиб бораётган йўналиши ва хайрли ишлари белгилайди.
Масалан, Маданият вазирлигининг куч қудратини – маданият ва санъат арбоблари белгилайди. Корчалон ва мулозимларнинг вазифаси эса –  уларнинг санъатини халққа етказишда, халқ билан мустаҳкам алоқасини ўрнатишда кўпроқ аҳамият касб этади.
Афсуски, бугунги маданият вазирлиги корчалонлари эса  санъат арбоблари билан  ҳуда беҳуда жанжал чиқариб, муаммо ясаш ва кўринган кўприқларни бузишдан нарига ўтишмаяпти.
Бундан эса биринчи навбатда санъат мухлислари ва халқимиз азият чекаяпти, қақшаяпти. Ва энг ачинариси – миллатнинг буюк бойлиги бўлган – санъатимиз азият чекаяпти.
Бугунги космик замонда санъаткорнинг овозини ўчираман дейиш Президент ибораси билан айтган – қип қизил аҳмоқликдан бошқа нарса эмас.
Лекин негадир Президентнинг ўзи ҳам баъзан бу оддий ҳақиқатни унутиб қўяётгандай таассурот қолади…
41. 
Санъат ва спорт элчилари, одатда,  халқнинг рейтингини белгилайди.
Биргина Чингиз Айтматов нафақат қирғизларни, балки бутун Ўрта Осиёни дунёга танитди. Ўзбекистоннинг бир асрлик тарихидаги миллион миллион Маданият вазирлиги корчалонларини бир жойга тўплаганда ҳам улардан битта Чингиз Айтматов чиқмайди!
Шу маънода Расул Гамзатовнинг яхши бир шеъри бор. У ёшликда сеган қизига мурожаат қилиб айтади:
“Эй, гўзал, мен сенинг ёшликдаги биринчи муҳаббатим бўлганлигингдан топмайман. Ва ҳануз сенинг ишқинг сеҳри билан яшайман. Сен эса мудом Расул Гамзатовни мен шоир қилганман дейсан. Мен сенинг бу давоингга қўшилмайман.  Мана сен бугун  милиционер арбобнинг  маъшуқасисан. Қани сен ўша милицияни ҳам бир шоир қилиб кўрчи. У шоир бўлиш тугул, бирор оғиз яхши сўз айтиб, сени лол қолдира олармикан?! ”
Мен  узоқ Канададан туриб, Ўзбекистонда бўладиган бу савдоларни кўриб, эшитиб, қадимдан    маданият бешиги бўлиб келган бу улуғ ва бебаҳо мамлакатда бугун санъат сеҳрини тушунадиган бирорта арбоб қолдимикан ўзи деб ўйлаб қоламан.
Ҳар ҳолда Ўзбекистонда яқин келажд акда маданият вазирлиги обрў эътиборини тиклаш осон бўлмаса керак…
42. 
Маданият вазирлиги тахти равонига келиб кетган арбоблар орасида бу мансабга лойиқ ва муносиб арбоблар озмунча эмас эди. Биз юқорида Сарвар Азимов, Зуҳра Раҳимбобоева ва Ўлмас Умарбековлар номини бежиз тилга олмадик.
Лекин Мустақиллик дврида тайинланган вазирларнинг аксарияти негадир вазирликнинг оғир юкига дош беришолмади.
Яшириб нима қиламиз, одатда мамлакат қанчалик ривож топган бўлса, интеллектуал ривожланиш қанчалик баланд бўлса – маданият вазирлигининг обрў эътибори ва рейтингги ҳам шунчалик баланд бўлади.
Ўзбекистонда эса бу барометр қай даражада эканлиги ўз ўзидан аён. Эҳтимол шунинг учун бўлса керак, Маданият вазирлигига ҳали ҳануз паст назар билан қараб келадилар. Баъзан, бу соҳани яхши билмаган, ҳатто, “урилган, сурилган” арбобларни ҳам пенсияга кузатиш арафасида мадният вазири қилиб қўйиш одат тусига кирди.
Ваҳоланки, мамлакатни дунёга танитишда Маданият вазирлиги олдига тушадиган яна қандай вазирлик бор экан?
Ҳар бир мамлакатнинг маданият вазирлиги, агар таъбир жойиз бўлса, ўша давлатнинг  жаҳон аренасидаги олий мартабали ташриф қоғозидир.
Шундай улуғ ва муқаддас даргоҳда кимнинг етакчи бўлиб туриши – бу мамлакатнинг бахти ва обрўсидир.
43. 
Бу борада собиқ СССР миқёсида Маданият вазирлигини узоқ йиллар бошқарган  Екатерина Алексеевна Фурцева ва Петр Нилович Демичевлар бунга мисол бўла олади.  
СССР миқёсида милиция вазири ёки Бош прокурор тарихда политбюро таркибига кирмаган. Бироқ Фурцева ва Демичевлар Политбюро аъзоси ва Аъзоликка номзод  эдилар. Шу боисдан ҳам СССРда Маданият соҳаси арбобларининг йўлини унча бунча одам кесиб ўта олмасди.
Аслида шундай бўлиши керак эмасми? Погонли арбоблар – генераллар келиб кетаверади. Бироқ бутун СССР ҳудудида Людмила Зикина, Аркадий Райкин, Муслим Магамаев каби буюк талантлар қайси миллатга мансублигидан қатъий назар, дунё халқларининг вакиллари бўлиб маданият ва санъат осмонида яшаб қолдилар.
Шу нуқтаи назардан қараганда Ўзбекистонда ҳам дунё миқёсида фахрланса арзийдиган маданият арбоблари озмунча эдими?
Афсуски, бу буюк талантларнинг  бошини бириктириши ва дунё миқёсига олиб чиқиши лозим бўлган вазирликнинг обрў эътибори  ҳаминқадар экани – ҳар бир  зиёли одамнинг юрагига ханжар бўлиб ботишини, битмас туганмас азоб беришини айтмаслик мумкинми?
Ушбу мақоламизнинг дунёга келишига ҳам сабабчи аслида ана шу оғриқ эмасми?
44.
Токи Маданият вазирлигининг ва айни пайтда бу идора билан қўлни қўлга бериб ишлаши лозим бўлган ижодий уюшмалар – Ёзувчилар, Композиторлар, Рассомлар, Журналистлар, Театр арбоблари, Киночилар ва бошқа санъат уюшмаларининг обрў эътиборини жойига қўймас эканмиз, Ўзбекистонда ҳеч қачон  маънавият ва санъат ривожланмайди.
Мамлакатнинг қадр қиммати ва нуфузини – на олтинлари-ю, на осмон ўпар пахта хирмонлари белгилай олмайди. Олтин ва пахта Африкада ҳам етарли.
Токи мамлакатнинг Олий мартабали Маҳкамаларида бу масала жиддий қилиб кун тартибига қўйилмас экан,  юртимиз  дунё рейтингининг энг охирги поғонасида қолиб келаверади. Халқ тили билан қўпол қилиб айтганда: Итнинг охирги оёғи бўлиб тураверади.
Шунга эришишимиз керакки, токи, маданият вазирлиги эшигини қароқчи ва босмачилар истаган  пайтда тепиб кириб чиқавермаслиги керак.
Бу  муқаддас маҳкама сохта ва сунъий санъаткорларнинг карвонсаройи эмас,  балки  халқнинг энг олий ҳурмат  ва эътиборига сазовор бўлган муборак ва табаррук маскан бўлиши керак.
Шу маънода, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўз муносиб ўрнини эгаллашини орзу қилар эканмиз,  биринчи навбатда Маданият вазирлигига шон шараф тожини қайтаришимиз зарур!
R.S.
Қўлга қалам олишимизга ҳам аслида ана шу эзгу истак турки бўлди.
Маданият арбоблари ўз фикрлари билан ушбу суҳбатимизни бойитадилар, биз айтолмаган оғриқ нуқталарни улар айтадилар деб умид қиламиз.
Зеро, бу оғриқ,  бу оғир дард – фақат бир одамнинг ҳасрати билан енгиллашмаса керак…
 
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
27 октябрь  2014 йил – 17 февраль, 2015 йил
Торонто шаҳри, Канада
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

3 шарҳ

  1. Ismatjon. O`zbekiston madaniyati sohasidai muammolar ko`lamidan yaxshi habardor ekansiz. Juda kuchli va mukammal tahlil qilibsiz. Sizdek iste`dodli jurnalist O`zbekiston ijtimoiy siyosiy hayotida ko`p foydali ishlar qilishi mumkin edi. Lekin ming afsuski bugun O`zbekistonda bunday sharoit yo`q…
    Ajoyib maqola uchun ming rahmat. Bu maqolangiz O`zbekiston madaniy hayotida katta voqea ekanini soha mutahassislari yahshi bilishadi. Qo`lingiz dard ko`rmasin, Ismatjon.

  2. Хакикат

    Исмат ака барака топинг, хакикий жонкуяр инсонлигингиз ушбу макола оркали янада купрок сезилди. Рахмат Сизга, келгусида хам шундай долзарб мавзуларни кутиб коламиз.

  3. Muhlis

    Базибир шунака одамлар булади амал тегса оёги ердан узилиб колади. Турабек Тураев деган журналист буларди даврдан чикиб турарди, бир икки мартта мажлисларида катнашиб уни кимлиги асл башараси, мансабни кутара олмаслигини билдим. Адлия вазирлигини матбуот котиби экан халиям, шижоати вазирникидан баланд талабаларни жеркиб ташлайди эсимда 2011-йил Самаркандда одамларни роса пастга урганди, патхалим одамми гашини келтириб рахбарларни мактаб ялогланади иккита гапида хурматли Р Мухиддинов дейди хар мажлис охирида бир шери бор мажлисларида катнашганлар бу шерни яхши билади. Мухиддинов кетди Тураевхам бирдан учди хозирам шунака катта гапирармикан кизик.

2 комментария к «Исмат Хушев: Қўними йўқ вазирлар (Бош вазир ўринбосари Б.Ҳодиев диққатига)»
  1. Исмат ака жуда туғри фикр билдирибсиз Чингиз Айтматов хақида хақиқатдан бу буюк ёзувчини номи купгина халқларда намаён. Сиз айтгандек Урта Осиёни фахри хисобланарди.

  2. Бўлди Тамбалга ватан Фарғона,
    Қилди Фарғонани тамбалхона…(Бобурномадан)

    Бўлди Каримовга ватан Ўзбекистон,
    Ҳамманинг рангини айлади сомон (Мирзономадан)

    Яъни, бу мақолада айтилган фикрлар фақат Маданият Вазирлигига оид эмаску. Бугун Ўзбекистонда ҳамма соҳа вайрон бўлган. Иқтисод ҳам, таълим ҳам, соғлиқ соҳаси ҳам, матбуот ҳам…Демак, масала бирор соҳани бошқараётганларда эмас, бутун Ўзбекистонни бошқараётган шахсда. Балиқ бошидан сасиган…Бошқа гапга эҳтиёж борми?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *